Рус драматурги Николай Погодин Абдулла Қаҳҳорнинг “Янги ер” (“Шоҳи сўзана”) драмасини “талантли комедия” деб атаган эди. Бу баҳода катта ҳақиқат бор. Кичик ҳикоялари билан шуҳрат қозониб, “ўзбек Чехови” деган номга муяссар бўлган, романчиликда ҳам машҳур Абдулла Қаҳҳор адабиётнинг қийин жанрида катта ютуқларга эришган эди.
Шу комедия туфайли адибнинг номи бутун мамлакат ва жаҳонга тарала бошлади. “Янги ер” Давлат мукофоти (1951) билан тақдирланди, юзга яқин театрларнинг саҳнасини безади, чет эллардаги катта театрларда саҳнага қўйилди.
“Янги ер”нинг муваффақияти Абдулла Қаҳҳорга янги-янги драматик асарлар ёзишга илҳомлантирди. Изланиш, жанрнинг ўзига хос томонларини ўрганиш, бадиий маҳоратни янада ошириш туфайли яна учта саҳна асари – “Оғриқ тишлар” (1954), “Сўнгги нусхалар” (“Тобутдан товуш”) (1962), “Аяжонларим” (1967)ни ёзди. Шундай қилиб у Ҳамза, Яшин, Мақсуд Шайхзода, Уйғунлар қаторида ўзбек адабиётини драматик асарлари билан бойитди.
Адиб драма жанрида биринчи марта “Ташвиш” комедияси орқали (1939) қаламини синаб кўрган эди. Аммо бу асар охирига етказилмади, чунки муаллиф ундан қониқмади.
Абдулла Қаҳҳор ўз ҳикояларида кулгидан маҳорат билан фойдаланиб, катта муваффақият қозонгани маълум. Кулги, юмор, ҳажв руҳи у яратган саҳна асарларининг бағрига чуқур сингиб кетган. Кулги унинг драмалари сюжетига, воқеалар оқимига, қаҳрамонлар характерига, конфликтларнинг моҳиятига катта маҳорат билан едириб юборилган.
А.Қаҳҳор “Аттор ўқиса ҳам, бир жойда кўп ўтириб зерикиб, керишиб уйқу босган” кишилар ўқиса ҳам куладиган асарлар яратишга катта эътибор берган.
“Янги ер” комедиясида кишиларнинг бўз ва қўриқ ерларни ўзлаштиришда кўрсатган фидокорликлари тасвирланади.
Бу комедия ўзига хос оригиналлиги, услуби билан ажралиб туради. У қўриқ ерларни ўзлаштириш, қишлоқ ҳаётидаги ўзгаришларни акс эттириш, катта ишларнинг маъно ва мағзини чақиб бериш борасида ўзбек адабиётига янги ҳаётий мазмун, мавзу олиб кирди.
Адиб 1948 йилда Мирзачўлга кўчиб келиб, узоқ вақт шу ерда туради, замондошларининг меҳнат қаҳрамонликларини завқ билан кузатади, табиатни ўзгартириб, ўзига бўйсундираётган, сувсизликни енгаётган, чўл-даштларни серҳосил пахтазорларга, боғу бўстонларга айлантираётган фидокорлар тимсолини яратиш учун кўп ҳаётий материаллар тўплайди. У ўз асарининг яратилиш тарихи тўғрисида бундай ёзади: “Табиатни ўзгартириш, янги ерлар очиш мавзуи мени жуда қизиқтирди, обод қишлоқларда юриб, бўлаётган бу улуғвор ишларни ўз кўзим билан кўрдим. Менда шу ишларни қилаётган одамларни кўрсатиш орзуси туғилди. Шунинг натижасида “Шоҳи сўзана” пьесаси майдонга келди”.
А..Қаҳҳор Мирзачўлдаги фидойилар тўғрисида йирик асар ёзишдан аввал ишни кичик жанрдан бошлайди. Адиб “Мирзачўлда куз” очеркида бир хўжаликда 18 йил ичида юз берган катта ўзгаришлар — деҳқонлар онгида содир бўлаётган юксалишлар орқали қишлоқнинг ҳар томонлама ободлашиб бораётганини кўрсатади. Адиб уларнинг меҳнатдаги фидокорликлари манбаини очиб бундай деб ёзади: “…бу одамларда чексиз ғайрат, бу ерларга оташин муҳаббат, порлоқ келажакка комил ишонч бор. Шунинг учун ёшу қари, эркак-аёл, ҳамма ҳар ишга ўн қўллаб ёпишади” (“Қизил Ўзбекистон” 1948 йил 21 ноябрь.) Бунинг натижасида режа ошириб бажарилади, давлатга бир қанча тонна ошиқча пахта топширилади. Шу билан бирга очеркда пахтакорларнинг бой тажрибаси ҳам ёритиб берилган.
“Сўз Ёанишерга” (“Қизил Ўзбекистон” 1948 йил 11 декабрь) очеркида эса, қишлоқдаги айрим нуқсонлар танқид қилиниб, ҳозирги вақтда бахшиларнинг достонига, қўшиқларига тушадиган ишлар бўлаётганлиги, Мирзачўлни Мирзагулбоққа айлантиришга ҳаракат қилинаётганлиги зўр эҳтирос билан куйланади.
Бу очерклар “Янги ер” комедиясининг ижодий мағзи бўлиб хизмат қилди. Муаллиф комедиясида очеркларидаги айрим далиллардан, баъзи вазиятлардан фойдаланди ва уларни ривожлантирди.
Драманинг яхши чиқишига яна бир асосий сабаб ҳаётдаги характерли конфликтларни танлаб, уларни умумлаштира олишдадир. А.Қаҳҳор камчиликларни, олдинга силжишимизга тўсқинлик қиладиган нарсаларни дадиллик билан кескин танқид остига олиб, уларни кулги ёрдами билиб очиб ташлайди.
Ёзувчи Мирзачўлни гулистонга айлантиришга отланганларнинг жиддий қарама-қаршиликларга учрашларини ва бундай қарама-қаршиликларнинг келиб чиқиш сабабларини ёритади.
Тўқнашиш ва конфликтларга олиб борган асосий нарсалар айрим кишилар онгида сақланиб келаётган эскилик сарқитлари эди.
Бундай сарқитлар Ҳамробуви, Холнисо ва Мавлон образларида яққол намоён бўлади. Ҳар бири ўзига хос характерга эга бўлган бу кишилар жамиятимизда юз бераётган катта воқеалар, улуғ ишлар моҳиятини тездан тушуна олмайдилар. Натижада, хато ва нуқсонларга йўл қўядилар, олдинга кетишимизга тўсқинлик қиладилар.
Аслида девордармиён қўшни, қадрдон дўст Ҳамробуви ва Холнисолар қуда бўлишга аҳдлашганлар. Уларнинг фарзандлари ҳам бир-бирига мойил. Бироқ Мирзачўлга ёшларнинг кетиши, икки кампирни дастлаб саросимага солиб қўяди.
Холнисо ўз фазилатлари билан Ҳамробувидан фарқ қилади. У ўз хатосини Ҳамробувига нисбатан тезроқ сезиб олади ва уни енгишга, тузатишга ҳаракат қилади. У ўғлининг Мирзачўлга кетишига хайрихоҳлик қилади ва Ҳамробувини ҳам қизини Мирзачўлга юборишга кўндиради. Холнисо фикрида қатъий, қарорида мустаҳкам туради. Кўнгли анча юмшоқ бўлган Ҳамробуви эса, турмушда юз бераётган ўзгаришларни узоқ вақтгача пайқаб ололмайди, фикри ўзгариб туради.
Икки кампир ўртасидаги келишмовчилик, баҳс-мунозаралар, улар орасидаги муносабатларнинг ёмонлашиши ва узилиши, ширин сўзларнинг кучли кесатиқларга, аччиқ-аччиқ кинояларга айланиши драмада ниҳоятда ҳаётий ва жозибали тасвирланган.
А.Қаҳҳор курашда ва тўқнашувда қаҳрамонларнинг онгида, психологиясида юз бераётган ўсиш-ўзгаришларни, руҳий кечинмалар шиддатини ўқувчи ва томошабинларга катта маҳорат билан етказа олган.
Драматург ўз қаҳрамонлари ички дунёсида рўй бераётган ўзгаришларни, такомил жараёнини жамиятдаги воқеалар билан, халқимизнинг умумий кураш йўли билан боғлаб акс эттиради.
Холнисо ва Ҳамробуви характери муаллиф томонидан ўта жонли ва жозибадор тарзда гавдалантирилади, чунки бу образлар бошқа персонажларга нисбатан кўпроқ зиддиятлар орқали ифодаланади. А.Қаҳҳор бу шахслар характеридаги заиф ва кучли томонларни асар ғоясига мос келадиган кулгили вазиятлар, бадиий воситалар билан очиб беради.
Деҳқонбой ва Ҳафиза дастлабки кучли қаршиликларни енггандан кейин Мирзачўлга келиб, иккинчи жиддий тўқнашувга дуч келадилар. Бунга Ҳафизанинг тоғаси бригадир Мавлон сабабчи бўлади.
Нима учун муаллиф янги конфликтнинг юзага келишини Мавлон фаолияти билан боғлайди?
Мавлон — чўл ўзлаштиришдаги катта хизматлари билан шуҳрат қозонган илғор бригадир. Пахтадан мўл ҳосил олиб, донг таратган. Аммо бу ютуқлар уни эсанкиратади, ўз кучига ортиқча баҳо беришга олиб боради, мағрурлантириб юборади. У эришилган муваффақиятлар билан кифояланиб қолиб, янги ерларни ўзлаштириш, ҳосилни яна ҳам ошириш тўғрисида ғамхўрлик қилмай қўяди. У олдинга, келажакдаги вазифаларга қараб эмас, балки ўтмишда қилган хизматларига суяниб мақтанади ва кибрланади. Мавлон жамиятнинг ўсишидан, ҳаёт тараққиёти ва илғор кишилардан орқада қола бошлайди.
Мавлон бутун жамоа, бутун туман бўйича пахта режасини бажаришга ҳаракат қилиш ўрнига фақат ўз бригадаси ва ўз шуҳратини ошириш, бошқа бригадалар ичида “кўзга яққолроқ” кўриниш учун курашади. У, “ўз бригадамни ҳаммадан олдин юксакликка олиб чиқаман” деб мақтанади.
Бу ҳол икки куч, яъни янгилик билан эскиликнинг тўқнашуви кучли ҳаётий зиддиятни юзага келтиради. Эски қарашлар ўз ўрнини янги тамойилларга осонликча бўшатиб беришни истамайди, аксинча, янги кучларга қарши курашга киришади. Мавлоннинг қуйидаги гапи бутун ички дунёсини очиб берадиган калитга айланади. У: “Занглаган мих, мени суғуриб ташла, деб калласини омбирга тиқмайди”, – дейди. Мавлон эски кучлар тимсоли сифатида жон сақлаб қолишга, йўқолиб бораётган мавқеини тутиш ва мустаҳкамлашга зўр бериб уринади.
“Янги ер” пьесасида, эскилик тарафдорлари бўлган Ҳамробуви, Мавлон ва Холнисонинг камчиликларини йўқотиш учун Деҳқонбой ва Ҳафиза каби илғор ёшлар кўп ҳаракат қилади.
Деҳқонбой — фронтда мардларча жанг қилиб, урушдан сўнг ўз қишлоғига қайтгач, ақл-фаросати, ишчанлиги билан тез кунда деҳқонларнинг “кўрки” бўлиб танилган йигит.
Ҳафиза ҳам меҳнатда ўсган фаол қиз. Уруш вақтида фронтга кетган деҳқонларнинг ўрнини босиш учун минглаб хотин-қизлар каби, Ҳафиза ҳам далага чиқиб, ўз меҳнати билан ғалабамизни тезлаштиришга ҳисса қўшган ёш пахтакор.
Деҳқонбой ва Ҳафизалар халқ оммасининг чўлни ўзлаштириш тўғрисидаги чақириғига жавобан олдинги маррада, энг қийин жабҳада бўлишни истайдилар. Мирзачўлга юриш бошланиши билан бу ҳаракатга биринчи бўлиб қўшиладилар. Чунки Мирзачўлда давлатга, халққа яна ҳам кўпроқ фойда етказишларини яхши англайдилар.
Мирзачўлни гулистонга айлантириш мақсадида бўлган Деҳқонбой ва Ҳафиза у ерга бориб, дашту биёбонларни кўриб қўрқиб кетмайдилар, қийинчиликлар олдида довдираб ҳам қолмайдилар. Улар бор кучлари билан ғайрат қилиб, пахта режасини бажарадилар, зовурларни қазиш ва тозалаш, бўз ва қўриқ ерларни ўзлаштириш ташаббуси билан яшайдилар.
Деҳқонбой, Ҳафиза сингари илғор кишилар янгиликни тез сезадилар ва дарҳол қабул қиладилар. Шунинг учун ҳам улар доим олдинги маррага интиладилар.
А.Қаҳҳор пьесаси чуқур мазмуни, характерларнинг ёрқинлиги, тилининг ширалилиги, сербўёқлиги, юморнинг ўткирлиги билан мафтун қилади.
Санъаткор “Оғриқ тишлар”да ўзининг қадрдон жанри – сатирага яна қайтади.
Маълумки, Иккинчи жаҳон урушидан кейин баъзи адабиётчилар конфликтсизлик “назария”сини зўр бериб тарғиб қилдилар. Улар ҳаётимизга доғ тушираётган иллатларни, камчиликларни танқид қилишни тақиқладилар, буларни типик ҳодисалар эмас, деб адабиётга чалкашлик олиб кирдилар.
Ҳолбуки, ҳаётда ижобий нарсалар билан бир қаторда салбий ҳодисалар ҳам ҳамиша мавжуд бўлади, кўпинча гуллар билан бирга чақиртиканаклар ҳам ўсиб чиқади.
Сатиранинг ўткир қуролидан фойдаланмай туриб, бундай чақиртиканакларни йўқотиш мумкин эмас эди. Шунинг учун ҳам, сатирик асарлар яратиш адабиёт олдидаги муқаддас вазифалардан бирига айланди. Ҳаётни ҳаққоний тасвирлашга интилган ўзбек адабиёти бу соҳада ҳам жиддий ютуқларни қўлга киритди.
Адиб бу соҳада, айниқса, самарали ижодий меҳнат қилди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, гарчи “Янги ер” ва “Оғриқ тишлар” комедия жанрида яратилганига қарамай, уларда фош этиш характери, кулгининг йўналиши ва мазмуни бир хилда эмас. “Янги ер” ҳаётбахш юмор билан суғорилган бўлса, “Оғриқ тишлар” асосида фош қилувчи ўткир сатира ётади.
Абдулла Қаҳҳор “Оғриқ тишлар”да турмушда ҳар доим учраб турадиган реал воқеаларни, кишилар онгида яшаб келаётган қолоқ тушунчаларни ярамас қилмишларни қамрай олди ва умумлаштирди. Ҳаёт А.Қаҳҳорни эски мавзуни янгича тарзда, янги воқеалар асосида ёритишга даъват қилди. “Оғриқ тишлар”да сатира тиғи ниҳоятда ўткир. Ёзувчи бошқа асарларида кишилардаги нуқсонлар, ҳаётда учраган иллатларни “Оғриқ тишлар”дагидек кескин, шиддатли, жиддий, кенг очиб ташлаган эмас эди. Бу асар сатира жанрида муаллифнинг жиддий эволюцияга эришганини, камолот даражасини ҳам кўрсатади.
Оилавий муносабатларда илғор ахлоқнинг катта қийинчиликлар билан – эскича урф-одатларни, иллатларни енгиб, ўзига йўл очиб, ғалаба қозониши – асарнинг асосий ғоясидир.
А.Қаҳҳор қаҳрамони тилидан бундай ёзган эди: “Ёмон одамларни қаламимнинг учига санчиб, бутун мамлакатга кўрсатаман, шарманда қиламан”.
Ҳақиқатан ҳам А.Қаҳҳор ярамас кишиларни, фирибгарларни қоронғидан ёруққа, халқ ҳукмига олиб чиқиб, уларнинг жирканч қиёфаларини фош этди.
Булар Марасул, Заргаров, Фотима, Ризамат, Хуморхон каби нусхалардир. Уларнинг ўзига хос қиёфасини, хатти-ҳаракатларини чизишда драматург катта муваффақиятга эришди. Иллатларни бир киши қиёфасида мужассамлаштиришда Ҳамза, Ёафур Ёуломларга хос йўлдан борди. Биринчи устози Н.Гоголнинг қуйидаги сўзлари унга ҳамиша ҳамроҳ бўлди. “Кулги – улуғ иш. У кишини на ҳаётидан, на мулкидан маҳрум қилади. Лекин унинг олдида айбдор ўзини худди боғланган қуёндек ҳис қилади”.
А.Қаҳҳорнинг ҳар бир ҳажвий тимсоли худди шу йўсинда яратилди. Кулгининг кучини салбий персонажлар доим сезиб турадилар, ундан ҳайиқадилар, чап беришга уринадилар.
Гапни “Оғриқ тишлар”даги Марасул Ҳузуржоновдан бошлайлик. У ким ўзи?
Марасул — муттаҳам, ёлғончи, айёр кимса. Муаллиф буни тўйдан кейин “ваъдалари”ни қандай бажарганлиги мисолида аниқ кўрсатади. У хотини Насибанинг ўқишини “жувонмарг” қилади, илмли бўлишига қарши чиқади, паст назар билан қарайди, инсонга хос ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум қилади, уйдан чиқармай қўяди, чўрига айлантиради. Насиба болали бўлганидан сўнг баттар камситилади. Марасулнинг бутун қони ва онги эскилик сарқитлари билан суғорилган. Булар унинг эскича тўй қилишида, ахлоқий жиҳатдан бузуқлигида кўринади. Марасул Насибани олгандан кейин ҳам Хуморхон билан ўйнашишдан тийилмайди, хотинини қўйиб, бошқа қизга уйланмоқчи бўлганидан кейингина қиёфаси тўла очилади.
Марасул ўзга оилаларни бузишдан, эр-хотин ўртасида жанжал чиқаришдан тап тортмайди. У Заргаров Оқилани қўйиб, Хуморхонга уйланишига ёрдам беради. Унинг асосий мақсади кам ишлаб, кўп пул топишдан иборат. Асар қаҳрамонларидан бири: “Бир кўзинг одамларнинг тишида, бир кўзинг чўнтагида” деб уни тўғри тавсифлайди. Марасулнинг фаолиятидаги бу ярамасликларни муаллиф қаттиқ сатира тиғига олиб, жамоатчилик танқидига, “катта омбир”га рўпара қилади.
“Катта омбир”сираб қолганлардан яна бири — қўшхотинли Аҳаджон Заргаровдир.
“Бурунги вақтда, – деб ёзади А.Қаҳҳор “Мушкул” фельетонида, – “Эшак минганнинг оёғи тинмайди, икки хотинликнинг қулоғи тинмайди” дейишар эди. Демак, у вақтларда икки хотинли киши кундошларнинг машмашаси-ю, бир-бирининг устидан қиладиган арз-шикоятидан бошқа ташвишни билмас экан. Унинг қулоғигагина эмас, оёғига ҳам, тилига ҳам, дилига ҳам тиним йўқ. Буни удда қилиш учун қирқоёқнинг оёғи, қуённинг қулоғи, илоннинг тилига эга бўлган эр керак. Адиб асар қаҳрамонларидан бири Заргаров ва унга ўхшаганлар тўғрисида тўхталиб, уларнинг ҳақиқий қиёфасини шундай очиб ташлайди.
“…Ҳозирги Худоёрхонлар шляпа ҳам кияр экан, папка кўтариб ҳам юрар экан, қонунларга чап бериш, жамоатни чалғитиш учун мана бунақа жойларда минбарга чиқиб маст туядай оғзидан кўпиклар ҳам сочар экан”. Заргаровнинг гапи билан иши бошқа. Айтганини қилмайди, қилганини айтмайди. Заргаров минбардан туриб, оилани, кишиларимизнинг юқори ахлоқи, хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуққа эга эканлиги тўғрисида вайсайди-ю, турмушда айтганларига зид иш қилади. Уч боласини ташлаб, “жуда ҳалол, меҳнаткаш; фарзандларига жуда меҳрибон… баҳоси йўқ хотин”дан воз кечиб, енгилоёқ Хуморхон билан ҳаётини боғлашнинг ўзи қай даражада тубанлигини кўрсатади. Ўхшатмай учратмас, дегандай Заргаров ҳаётда Марасул, Хуморхонларга ўхшаш тутуруқсиз, бетайин одамларни ўз атрофига тўплайди, улар билан дўстлашади. Заргаровнинг ёрдами билан Насиба қонунсиз равишда ЗАГС дан ўтказилади, “мактабдан юлиб” олинади. “Насибанинг оёқ-қўлини” боғлашда Ҳузуржоновга Заргаров “арқон эшиб” беради. У хотин-қизларга енгилтаклик билан қаровчи ва уларни ҳақорат қилувчи махлуқ. Дўпписи тор келганда, иккинчи хотин Хуморхонга: “Мени ўйнашим дегин” деб маслаҳат бериш даражасигача боради.
Заргаров туман ижроия комитетининг раиси ўринбосари, аммо онги, билим доираси жуда паст. У ҳатто, маъруза матнини ҳам ўзи туза олмайди. Мана унинг билим даражаси:
“Марасул – Ўртоқ Чернишевский ҳозир қаерда ишлайдилар?
Заргаров (ўйлаб) – Тилимнинг учида турибди-я! Хайр, майли кейин айтаман..”
Шуни айтиш лозимки, А.Қаҳҳор қаҳрамонлардаги иллатларни фош қилишда, улар устидан кулишда, уларнинг фаолиятини тадрижий кўрсатишда мумтоз санъаткорлар ижодидан илҳомлангани, ўқиб-ўргангани яққол сезилади.
Адибнинг ҳажвий қаламини чархлашда улуғ рус ёзувчиси Н.В.Гоголь асарларининг роли катта бўлган. Бу жиҳатдан Н.Гоголнинг “Иван Иванович ва Иван Никифорович ораларида бўлиб ўтган низолар ҳикояси” қиссаси ҳақида билдирган фикри диққатга сазовор.
“Бу китоб менга, бир томондан, рус тилини ўрганишда биринчи дарслик бўлган бўлса, иккинчи томондан, мени янги бир оламга, китобга эмас, ҳаёт, одамларнинг товуши эшитилиб, қиёфаси яққол кўриниб турган, уларнинг ички дунёсини ойнадай акс эттирган адабиёт оламига етаклади”. Шу билан бирга А.Қаҳҳор “Ревизор” ва “Уйланиш” каби саҳна асарларини таржима қилиш асносида устозидан сабоқ олди. Бу ҳол А.Қаҳҳор сатирасининг ўзига хос йўналишида ўз аксини топган. Шу билан бирга адиб Ҳамза ижодини четлаб ўтмади. Аммо Ҳамза кулгиси билан А.Қаҳҳор кулгиси мазмунан бир хил эмас, албатта. Замон ўзгариши, жамият тараққий этиши билан бирга, инсонлар ўзгариб, характерлари ҳам такомиллаша боради. Демак, сатира, кулгининг ҳам моҳияти ўзгаради, ривожланади, у янги мазмун билан бойийди.
Агар Ҳамза салбий персонажлар – Қози, Мулларўзи, Ҳидоятхон (“Майсаранинг иши”), Имом домла, Султон (“Туҳматчилар жазоси”)га нисбатан яксон қилувчи кулгини ишлатган бўлса, А.Қаҳҳор кулги ёрдами билан салбий образни фош қилади, шу воситада унинг хатоларини, иллатларини очиб беради ва тўғри йўлга тушишини, қайта тарбияланишини кўрсатади.
Марасул, Заргаровларнинг кирдикорларини қоралаш ҳаётда уларни оёққа турғизиш ғояси билан уланиб кетади. Бу ўринда Заргаровнинг сўнгги пушаймони характерлидир. У, асар охирида қилмишлари ҳақида бундай дейди: “Қани энди шуларнинг ҳаммаси тушим бўлса-ю, уйғониб кетсам… Қадамимни билиб босар эдим: шу вақтгача калла деб жун чиққан қовоқни кўтариб юрган эканман. Жун чиққан қовоқни”.
“Оғриқ тишлар”да ижобий қаҳрамонларнинг юксак фазилатлари салбий персонажларнинг кирдикорларини очиб ташлашда, уларга қарши фаол курашда намоён бўлади. Насиба, Оқила, Зуҳра, Роҳилаларнинг онги тўқнашувда, зиддиятларда ўсиб боради. Бу жиҳатдан Насиба тимсоли диққатга сазовордир. У оилавий турмуш нималигини билмасдан, Марасул ваъдаларининг қурбони бўлади. Тажрибасизлиги орқали алданганлигини сезмай қолади, бокира қиз: “чумчуқ бола илоннинг оғзига” тушади. Насиба Марасул таъсирида қолиб, эрининг бойлиги билан мақтанчоқлик ҳам қилади. У жамоани алдаб, касалман деб, қалбаки ҳужжат тўғрилаттиради. Лекин ақлли, зийрак Насибанинг кўзи мудҳиш оилада тезда очилади. У ўзи келин бўлиб тушган хонадондаги ифлос ишларни кўриб, ундан нафратланади. “Қоқилган” Насиба дўстларининг ёрдами билан “йиқилишгача” бориб етмасдан, оёққа туриб олади.
“Эски онг, эски урфу одат, – деб ёзган эди А.Қаҳҳор мақолаларидан бирида, – оила учун бир офат. Бу офат, олди олинмаса, шумғиядай, оилани қуритади, ҳатто ғунчалигида хазон қилади”. Адиб иллатлар қандай қилиб Насиба турмушини хазон қилганлигини бадиий шаклда, ишонарли қилиб очиб берди. Эскича, ярамас сарқитларга, улар билан онги заҳарланган кишиларга қарши курашишга чорлади.
“Оғриқ тишлар” комедияси бетайин, ёлғончи, муттаҳам, онги эскилик сарқитлари билан суғорилган кишиларнинг “чириб, ириб” кетмасликлари учун, уларни “шамоллатиб” туриш, тарбиялашда катта хизмат қилди.
А.Қаҳҳор диққат-эътиборини порахўрликни фош қилишга қаратиши ҳам бежиз эмас. Чунки порахўрлик кейинги вақтларда янада жирканч, янада ёвуз қирралари билан намоён бўлмоқда. Шунинг учун ҳам А.Қаҳҳор порахўрни саҳнага олиб чиқиб, ҳақиқий башарасини кўрсатиб, сатира қамчиси билан савалаб, жамоатчиликнинг қаҳрини янада оширишни ният қилиб олди. Бунинг оқибати ўлароқ “Тобутдан товуш”, — “Сўнгги нусхалар” ҳажвий комедияси майдонга келди.
Асарнинг номидан ҳам билиниб турибдики, муаллиф ҳаётимизга доғ солиб, соддадил инсонларни қақшатиб, соф ҳавомизни булғаётган, сўнгги нафасларини олаётган, умрларини чўзиш учун жон-жаҳдлари билан курашаётган разил кимсаларни қаттиқ савалайди. У бундай кимсаларнинг пухта тимсоларини яратиб, порахўрликнинг туб илдизини очиб ташлайди. Бу ўринда, айниқса, Нусрат Сухсуров тимсоли кўзга яққол ташланади.
Сухсуровда Марасул қилмишларининг давоми ва ривожини кўрамиз. Булар гарчи турли қиёфада бўлсалар-да, моҳият жиҳатидан эгизак, жамият танасига қурт бўлиб ёпишиб олган кимсалардир.
Сухсуров муттаҳамликда Марасулдан ўтади. Уни бир чўқишда қочиради. У — учига чиққан порахўр.
Янги даврда порахўрларни биринчи бўлиб Ҳамза қаламга олган эди. У порахўрни гапиртириб қўйиб, ички оламини очади:
Сўзда қуруқ қонун, дилда поралар,
Пора бермаганлар бўлур қоралар.
Шунинг учун кўкрагумдур ёралар,
Олғон червонларим ёдимга тушди.
Зиёфатга айтса иши тўғридур,
Қуруқ сўзли киши шаксиз ўғридур.
Томоғим ёғланса ҳукмим жоридур.
Бу ёлғон қарорим ёдимга тушди.
Сухсуров тимсолида Ҳамза тасвирлаган порахўр билан ҳамоҳанглик бор. Сухсуров ҳам у каби порахўр, текин бойлик топиш билан кун кўради. “Аждаҳодек порага” оғиз очиши, илтимосларни “порасиз ўтмас”лиги, “ер остидан қўлга” қараши, “пора бермаганлар”нинг қора бўлиши, “тўғри сўзли киши”нинг ўғри қилиниши каби иллатлар Сухсуровда ҳам кенг палак отган.
Сухсуров – янги либос ва янги ниқобга ўралган ўша эски “таниш” тимсол. Янги даврдаги муттаҳамда порахўрликнинг оқибатлари чуқурроқ очилди ва янада шафқатсиз фош қилинди. “Ҳеч бир жиноятни порахўрликка тенг кўриб бўлмайди. Ўғри кечаси йўлингизни тўсиб, чўнтагингизга қўл солади, пулингизни олади, оладию, қочади-кетади. Порахўрлар куппа-кундуз куни, яна ҳукумат идорасида ўтириб, чўнтагингизга қўл солади-да, пулингизни олади-ю, қочиб кетмайди, жиноятига сизни шерик қилади. Порахўр… корхона, муассаса эшигида йўлимизни тўсиб пора сўрайди”, — деб ёзганди адиб.
Сухсуровнинг порахўрликда суяги йўқ, порани “қилдек суғуриб, иликдек” ютади. Қаҳрамонлардан бири унга бундай таъриф беради: “Жонини олгани келган Азроилдан ҳам пора сўрайди. Порахўр деган найча қўйиб сўрар эди, бу муттаҳам ўттиз икки тишини баравар ботиради”. У ўз ходими Юсуфдан порани оқизиб олади, акаси қамалган. Шобаротни эса ёрдам бераман, деб тоза талайди. Пора унинг миясига, суягига, бутун вужудига сингиб кетган. “Нафсимга қозиқ қоқиб, арралаб ташлайман” деб лоф уради, лекин нафс балоси, пора “ақлини ялаб”, “виждонининг кўзини кўр, қулоғини кар” қилиб қўйган. Сухсуров пора, ҳаромлик йўли билан бир неча данғиллама участка, енгил машиналар, мол-дунё орттиради, булардан оққан мойни эса Нетайхон ва Қорилар итдек ялайдилар.
Нетайхоннинг бу ҳаром мол-дунёлар ичида онги, мияси, дили ва ҳаттоки танаси чириди. Унинг ҳам бирдан-бир маслаги дунё орттириш, маишат. Нетайхон ўқиш ва меҳнатнинг кўчасидан ўтмаган, шахсий тор манфаатлари йўлида фарзанд кўришдан ҳам воз кечиб, балиқсиз кўл, кийиксиз чўлга айланган. Ахлоқий бузуқликда эса Хуморхонлардан ҳам ўтиб кетган.
А. Қаҳҳор порахўрлик билан ахлоқий бузуқчиликнинг эгизак эканлигини, пора қаерга тумшуғини тиқса, у ерга ўзи билан бирга бузуқчиликни олиб киришини драмада чуқур тасвирлади.
Янги ҳаётимизнинг “сўнгги нусхалари” бўлган Сухсуров, Нетайхон, Қорилар ўзларининг қабиҳ қилмишлари билан аллақачон ўлимга маҳкумдир деган ғоя асарга сингиб кетган.
Уларга гўр қазиганлардан бири Нетайхоннинг ўгай укаси, фронтчи Обиджондир. Баъзи адабиётшунослар, адабий танқидчилар сатирада ижобий қаҳрамон бўлмаса ҳам бўлаверади деган фикрларни билдиришган. А.Қаҳҳор эса ўз ижодида ижобий қаҳрамонга катта аҳамият берган. У иложи борича, бундай тимсолларни ёрқин тасвирлашга уринган.
А.Қаҳҳор драмада, ижобий қаҳрамон Обиджонга кенг ўрин берган. Муаллиф бу қаҳрамонни шундай гапиртирадики, унинг ҳар бир сўзи Нетайхон, Қори, Сухсуровлар қалбига заҳарли ўқдай отилади. Обиджоннинг Нетайхонга жавобларини тинглайлик. “Ҳа, айтгандай, пул ширин деган эдингиз, пул ширин бўлса нега ишламайсиз? Ё ишлаб топилган пул тахирроқ бўладими?”. Гап ўгай деган сўз устида кетганда, Обиджон шундай жавоб беради. “… бу сўз ўлганини билар эдим-у, қаерга кўмилганини билмас эдим. Энди билсам, сизнинг кўксингизга кўмилган экан!”. Участка ҳақида гап кетганда Обиджон: “Сиз-чи, участка бериб, мени ириб-чириб кетган ҳаётингизга қопқоқ қилмоқчисиз-ку!” Ҳожарни қораламоқчи бўлган Нетайхонга: “Ие, ўзингиз улгуржи қилиб, унга чаканани ўргатибсиз-да”…
А.Қаҳҳорнинг саҳна асарлари шунга ўхшаш ўткир ибораларга бой. Бу мисолларни келтиришдан мақсад, А.Қаҳҳор сатирада ижобий қаҳрамонни инкор этмоқчи бўлганларга зарба бериб, бу борада ҳам пухта қаҳрамон яратиш мумкинлигини исбот қилган.
Сухсуров устомон бўлишига қарамасдан, унда нодонлик хислати ҳам йўқ эмас. У Норқўзи (“Майиз емаган хотин”)га ўхшаш хотинининг “поклиги”га тариқча ҳам шак-шубҳа қилмайди. Нетайхон уста, муғамбир, эрини Ҳожар билан ўйнашади, деган ёлғон гапни маҳкам ушлаб олиб, уни пуфлаб шиширишидан мақсади ҳам сирини ёпиб турган ниқобнинг ичига чуқурроқ кириш эди.
Қори бўлса, фирибгарлик ва қабиҳликда Сухсуровни ҳам, Нетайхонни ҳам бир чўқишда қочиради. У ҳар иккаловининг тумшуғидан ип боғлаб, ўз манфаатлари йўлига қараб тортади. Булардан яққол кўринадики, ҳар бир образ бир-биридан индивидуал хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу образлар моҳиятига кўра А.Қаҳҳорнинг бошқа персонажлари – Марасул, Заргаров, Хуморхонларга ўхшамайди. А.Қаҳҳор ижодида жуда кўп ранг-баранг ҳажвий образларни учратамиз. Ҳаттоки, у бир хил турдаги шахсларга ҳам ўзига хос либос бичди, характерларига турлича мазмун берди, образларнинг индивидуаллигини таъминлади.
А.Қаҳҳор сўнгги комедияси “Аяжонларим”да ҳам кулгини катта кучга айлантира олган.
Асар қаҳрамони, олий маълумотли, маданиятли Каримжон учун турмуш қуришдаги асосий омил – севги. Бўстон буви эса ўзига хизмат қиладиган келин олиш пайида, келинни она танлаши, ёқтириши кифоя. Унингча ўғил, бу масалада ҳам онанинг чизган чизиғидан чиқмаслиги, айтган гапини қонун сифатида қабул қилиши шарт.
Она-бола ўртасида чиққан бундай зиддият қисман “Янги ер”даги тўқнашувни эсга туширади. Олдинги асарда Холнисо ва Ҳамробибилар ёшларнинг Мирзачўлга кетишига қарши чиққан бўлса, кейингисида она ўғлининг бошқа қизга уйланишига рози бўлмай, оёғини тираб туриб олади. Ҳар икки асарда ҳам ечим – ёшларнинг ғалабаси, ўз ниятларига етишиши билан ҳал қилинади.
Турмушга янгича илғор ахлоқ талабларидан келиб чиққан, ҳозирги қишлоқ кишиларининг ибратли фазилатларини ўзларида мужассамлаштирган янги типдаги ёшлар Каримжон ва Умида образлари орқали берилади.
А.Қаҳҳор барча саҳна асарларини замонавий мавзуда ёзди, ҳаётдаги долзарб масалаларни кўтарди, ижобий идеалларни кенг тарғиб қилди. Бу нарса адиб драмаларининг истиқболини белгилаб берди. “Янги ер”, “Оғриқ тишлар”, “Сўнгги нусхалар” ва “Аяжонларим” деярли ярим асрдан бери кишиларни эзгулик, олижанобликка чорлаб, иллатларни фош қилиб келмоқда.
А.Қаҳҳорнинг драмалари ҳам, насрий асарлари ҳам халқ орасига чуқур сингиб кетди, қаҳрамонларининг номи севимли исмларга айланди.
Ўзбекистонда Деҳқонбой, Ҳафиза исмлари кенг тарқалган. Жаҳолат, эскилик сарқитларидан қутула олмаган кимсалар кўп суҳбатларда Марасул, Заргаровга, порахўрлар Сухсуровга қиёсланади. Айрим ёзувчилар А.Қаҳҳор қаҳрамонлари ёки драмалари номидан фойдаланиб, асар ғоясини кучайтиришга интилганлар. Бу жиҳатдан С.Зуннунованинг “Оғриқ тишлар” ҳикояси диққатга сазовор. Муаллиф хотинини камситиб, чўрига айлантиришга уринган Марасулга ўхшаган Усмонов типини чизиб берган. Ҳикоя номи “Оғриқ тишлар” деб қўйилиши ҳам бежиз эмас. Усмонов Марасул, Заргаров каби ҳаётдаги “Оғриқ тишлар”дан биридир. Адиба худди А.Қаҳҳор сингари бундай кишининг жазоси омбир, деган хулосани чиқаради. Усмоновнинг “Оғриқ тиши”ни суғуриб ташлаш учун А.Қаҳҳор асари ёрдамга чақирилади.
С.Зуннунова ҳикояда туш воситасидан фойдаланиб, “Оғриқ тишлар” комедиясининг ҳаётдаги муҳим ролига урғу беради.
“Радиода “Оғриқ тишлар” пьесаси эшиттирилаётган эди. – Тавба, – деди Усмонов, – зап ёзувчилар бор-да, шу ҳам гап бўлдими? Ёзувчи бу билан нима демоқчи? Ҳаётимизда ўзи тушунган бўла туриб, аёлларни ҳурмат қилмайдиган, уларнинг меҳнатини қадрламайдиган эркаклар ҳам бор демоқчими? Энди бир камимиз хотинларни бошимизга кўтариб юриш қолди, шекилли. Урмасанг, сўкмасанг, куни кўчада ўтса, ишласа… Бундан ортиқ нима керак бу хотинларга? Ёзувчилар ҳам ёзаверар экан-да.
Усмонов жаҳл билан приёмникни ўчириб қўйди. Анчадан кейин унинг кўзларига қум сепилгандай бўлди… Унинг тушига ўша ёзувчи кирди. Унинг қўлида каттакон омбир. Усмоновнинг ярмини қурт еб сарғайтириб юборган жағ тишини суғуриб олаётганмиш. Усмонов, ўзига қараб оғзини очиб келаётган ҳайбатли омбирни ушлаб қолай деса, қўллари ишламас, бутун вужуди чириган тишга айланиб қолган эмиш… У алахсираб уйғониб кетди”.
Ҳаётда “Оғриқ тишлар” асари эскилик сарқитларига қарши ўткир тиғ сифатида ишлатилганлигини кўрсатувчи бошқа мисоллар ҳам келтириш мумкин. Бу ўринда “Муштум” журналида босилган бир латифани эслатиш билан кифояланамиз.
Ўз вазифасига масъулиятсизлик билан қараб, иш вақтида чой ичиб ўтирган, адабиётдан хабарсиз китоб дўконидаги сотувчи “Оғриқ тишлар” ёрдами билан танқид қилинади. Буни сотувчи билан харидор ўртасидаги суҳбатда кўрамиз:
— “Оғриқ тишлар” борми?
— Кечирасиз, синглим, 32 та тишим ҳам соппа-соғ”.
А.Қаҳҳор пьесасининг ханжардай тиғи фақат оиладаги ярамас кишилар – “Оғриқ тишлар”гагина эмас, шунингдек, халқ хўжалигининг ҳар бир соҳасидаги жароҳатларга, қолоқларга, нуқсонларга қарши қаратилгандир. Шунга ўхшаш, “Янги ер”нинг ҳам ғоявий йўналиши фақат қишлоқда учраган нуқсонларни йўқотишгагина қаратилиб қолмай, фош қилиш қуввати билан кенг кўлам касб этган. “Тобутдан товуш” комедиясининг қиймати борган сари ошиб бормоқда. Мазкур асар порахўрларга қарши отилган ўқдай хизмат қилмоқда. Бу эса А.Қаҳҳор драматургиясининг катта бадиий кучи, образларининг ҳаётийлиги ва ҳаққонийлигидан далолатдир.
Устоз санъаткор А.Қаҳҳор драмалари жасорат ва бадиий маҳорат мактаби сифатида ҳамиша замон хизматидадир. Улар умрбоқий асарлардир.
Ҳафиз Абдусаматов, филология фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2007 йил, 9-сон