Гёте ва Шиллер… Хўш, бу икки буюк зотнинг муносабатлари қандай бўлган? Айрим адабиётларда қайд этилганидай жуда силлиқ кечганми ёки…
Икки йиллик Италия сафаридан қайтгач, санъатнинг барча соҳаларида кескин ўзгаришлар ясаш ниятини кўнглига туккан Гёте ҳали Германиядаги шароитнинг қандайлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Бу давр мобайнида аллақачон янги бадиий ижод намуналари дунёга келган ва улар омманинг, айниқса, ёшларнинг онгига ўз таъсирини ўтказиб бўлган эди. Шоир шулардан бири сифатида Шиллернинг “Қароқчилар” пьесасини тилга олади. “Бу асар менинг нафратимни шунинг учун ҳам қўзғаган эдики, – деб ёзади у, – улкан, аммо ҳали пишиб етилмаган талант эгаси ўз ватани бошига ахлоқий ва саҳнавий парадоксларнинг шундай оқимини ёғдирдики, мен бундай таъсирлардан сақланишга ҳаракат қилардим”. Аввалбошданоқ уларнинг дунёқарашлари, айрим масалаларга нисбатан нуқтаи назарлари, характер-хусусиятлари, яшаш ва ишлаш тарзлари, одатлари бир-бирига зид бўлган. Улар дастлаб Ваймарда қўшни бўлиб яшаб ҳам мулоқотда бўлишмаган, Гёте мудом Шиллердан ўзини олиб қочган. Ёр-дўстлар уларни яқинлаштиришга қанчалик уринишмасин, фойдаси бўлмаган. Шунга қарамасдан, уларни руҳан ва қалбан бир-бирига яқинлаштирган нарса – ҳар биридаги ўзига бўлган қатъий ишонч ва ҳар биридаги улкан заковатдир.
Шиллер билан қандай тил топишиб, дўст бўлиб кетишгани ҳақида Гёте кейинчалик “Бахтли ҳодиса” номли эсдаликларини ёзган ва буни қисман шундай баён қилган: “… Шиллер Йенага кўчиб кетди, у ерда ҳам мен у билан учрашмай юрдим. Ўша пайтда ботаник олим Батш фавқулодда ҳаракатчанлиги туфайли табиатшунослар жамиятини ташкил қилди, Жамият аъло даражадаги коллекция ҳамда энг янги аппаратурага эга эди. Мен одатда уларнинг йиғинларида қатнашиб юрардим. Бир куни у ерда Шиллерни учратиб қолдим, нима бўлди-ю, икковимиз бир вақтда чиқдик, гапимиз қовушиб кетди. Афтидан, Шиллер маърузага қизиқиб қолган, шекилли, хийла оқилона мулоҳазалар билдирди, унинг фикрлари менга маъқул бўлди. Унингча, табиатга бу тахлит бўлак-бўлак ҳолда муносабатда бўлиш ҳаваскор табиатшуносни, у буни ҳар қанча хоҳламасин, ўзига жалб қилолмайди.
Бундай қараш мутахассисга ҳам маъқул келмайди, дедим мен, ахир табиатга бошқача муносабат зарур, яъни унинг айрим қисмларини эмас, балки уни тирик, ҳаракатда тасаввур қилиб, бир бутунликдан бўлакларга томон бориш лозим. Шиллер буни янаям аниқроқ тушунтиришимни истади, ўз шубҳасини яширмади ва мен ўз тажрибаларимга асосланиб бу хулосага келганимга ишонгиси келмади.
Унинг уйига етиб келдик, суҳбатга қизиқиб ичкарига кирдим. Унга ўсимликлар метаморфозаси ҳақидаги қарашларимни дарҳол баён қилдим ва рамзий ўсимликни характерли белгиларда чизиб кўрсатдим. У чизмаларимни диққат билан кузатди, гапларимни жон қулоғи билан тинглади, бироқ мен гапиришдан тўхтагач, бошини чайқади-да: “Бу тажриба эмас, бу ғоя!” деди. Мен довдираб қолдим, кўнглим бироз хижил бўлди, негаки бизни ажратиб турган нуқта шу ерда яққол намоён бўлган эди. Эски ғазабим яна ниш ура бошлади, лекин ўзимни қўлга олдим-да, дедим: “Ўзим ҳатто хаёлимга келтирмаган ғояларим борлигидан ва ҳатто уни ўз кўзларим билан кўриб турганимдан беҳад мамнунман”.
Менга нисбатан анча мулоҳазалироқ ва вазминроқ бўлган Шиллер, ўзидан нари итаришдан кўра, энди чиқариш ниятида бўлган “Ҳорен” журналига мени ҳам жалб қилиш мақсадида ўта билимдон кантчидек жавоб қайтарди ва мен ўз реализмимда қатъий туриб олганим қизғин баҳсларга сабаб бўлди, ҳеч биримиз ўзимизни ғолиб ҳисоблаёлмасдик, чунки бизни енгиб бўлмаслигига ҳар биримизнинг ишончимиз комил эди… Объект ва субъект ўртасидаги ҳеч қачон барҳам топмайдиган баҳсга қарамасдан биз бутун умримиз бўйи давом этган, ўзимизга ҳам, бошқаларга ҳам кўп фойда келтирган иттифоқни туздик.
Гёте хатларида, кундаликларида, эсдаликларида Шиллернинг ўз ижодий фаолиятида тутган ўрни ва хизматларига юксак баҳо беради. Айниқса, “Фауст” фожиасини ёзишни маълум муддатга тўхтатиб қўйганида Шиллер асарни тезроқ тугатишга ундагани, унинг таҳрири ва таҳлили устида катта ишлар қилганини алоҳида таъкидлайди. Гёте унинг қистови билан асар устидаги ишни тезлаштириб, уни ниҳоясига етказади. Улар 1794 йилдан то Шиллер вафотигача, яъни 1805 йилгача ҳамкор, ҳамфикр бўлиб қолишади. Шиллер вафот этгач, бу аччиқ йўқотиш Гёте руҳиятига қаттиқ таъсир қилади ва бу жудолик изларини у ҳар қадамда, ҳаётининг ҳар бир сониясида ҳис этиб туради.
Гёте Шиллер билан алоқалари яхши изга тушганини баҳорга қиёслаб, рамзий маънода шундай ифодалайди: “Мен учун бу мутлақо янги баҳордир, ҳамма куртаклар қувонч-ла кўз очди, янги шохчалар униб чиқа бошлади, Бизнинг ёзишмаларимиз бунинг энг ёрқин, энг мукаммал исботидир!”
Таржимондан
ГЁТЕ ШИЛЛЕРГА
Ваймар, 1797 йилнинг 27 июни
“Поликрат узуги” балладаси жуда яхши чиққан. Қиролнинг дўсти ҳамда тингловчи кўзи ўнгида кечаётган ҳамма воқеалар, рўёбга чиқиши ҳали мавҳум бўлган хотима ҳам – барча-барчаси жуда зўр тасвирланган. “Фауст” ҳақидаги мулоҳазаларингиз мени беҳад қувонтирди. Улар менинг ният ва режаларимга монанд, шундай бўлиши шубҳасиз, фақат бу ҳадсиз-ҳудудсиз композицияни ихчамлаштиришимни хоҳлагансиз. Шу тариқа ақл-идрок ва заковат икки мунозарачи янглиғ, кечқурунлари осойишта ҳордиқ чиқариш мақсадида беаёв олишадилар. Мен қисмларнинг ёқимли ва қизиқарли бўлишини таъминлашга, бутун асарда эпик шеърнинг янги назарияси менга қўл келишини ўйлаб кўришга ҳаракат қиламан.
Барометр ўйнаб турибди, бу фаслда барқарор об-ҳаво бўлмайди, шекилли. Одам очиқ ҳавода эмин-эркин яшашга эҳтиёж сезмагунча бу ноқулайликни ҳис этмайди, куз биз учун энг яхши фасл.
Соғ-саломат бўлинг, альманахингизни рўёбга чиқаришда давом этаверинг. Мен “Фауст”нинг вазн-қофиясини келиштириб бўлсам, тағин у-бу нарса жўнатарман. Кўрамиз, даҳонинг кемаси қайси соҳилда лангар ташларкан.
“Узук”ни чоршанба куни курьер орқали жўнатаман.
Гёте
ШИЛЛЕР ГЁТЕГА
Йена, 1797 йилнинг 27 июни
Кеча альманахга келган иккита шеърни Сизга юбораяпман. Қараб чиқиб, улар ҳақида, муаллиф ҳақида фикрингиз қандай, икки оғиз сўзда баён қилсангиз. Бу тахлит қораламалар ҳақида ўзим аниқ бир ҳукм чиқаролмайман. Уларнинг қандайлигини айнан тасаввур қилишни истайман, негаки, менинг маслаҳат ва кўрсатмаларим муаллиф учун муҳимдир.
Соғ бўлинг. Бизда об-ҳаво чатоқ, ёмғир ёғаяпти.
Шиллер
ГЁТЕ ШИЛЛЕРГА
Ваймар, 1797 йилнинг 28 июни
Менга юборилган иккита шеърни қайтариб жўнатаяпман, улар ҳақидаги фикрим унчалик ёмон эмас, улар босилса, ўз мухлисларини топади. Тўғри, Африка саҳроси ва Шимолий Қутб на ҳиссий, на руҳий кузатувлар орқали тасвирланган, уларга кўпроқ салбий муносабат билдирилган, асл мақсад уларни ёқимли, хушманзара немис табиатига қарама-қарши қўйиш бўлгану, аммо бу амалга ошмай қолган. Шунингдек, иккинчи шеър ҳам шоироналикдан кўра кўпроқ табиий-илмий кўринишга эга, у барча ҳайвонларнинг жаннатда Одам Ато атрофида тўплангани тасвирланган картинага ўхшаб қолган. Ҳар иккала шеър ҳам соддаликка йўғрилган дилбар бир интилишни ифода этади. Шоир табиат ҳақида аниқ қарашга эга, бироқ буни у бировлардан эшитиб билганга ўхшайди. Айрим жонли манзаралар кишини ажаблантиради, гўё уйғонаётган ўрмон саҳрога нисбатан зид манзара сифатида унча ўхшамагандек туюлади. Шеърий ўлчовларга тегишли айрим ўринларда бироз бош қотирилса яхши бўларди.
Муаллиф ҳақида кўп нарсаларни билмай, у бошқа шеърий шаклларни ҳам қўллайдими-йўқми, кўрмай туриб, унга қандай маслаҳат беришни ҳам билмайман. Айтишим мумкинки, иккала шеърда ҳам поэтик белгилар бор, аммо ёлғиз шуларгина шоирни шоир қилолмайди. Эҳтимол, муаллиф оддийгина идиллияни танлаб тасвирласа, маъқулмиди, ўшанда унинг санъаткорлик қудрати қандай натижа беришини кўрса бўларди. Шеърларнинг биттасини (“Само”) альманахда, иккинчисини (“Саёҳатчи”) “Ҳорен” журналида чоп этилса бўлар деб ўйлайман.
Бунақа серёмғир об-ҳавода Сизга саломатлик тилайман.
Гёте
ШИЛЛЕР ГЁТЕГА
Йена, 1797 йилнинг 30 июни
Менинг дўстим ва ҳомийлигимдаги инсонга унчалик салбий баҳо бермаганингиздан хурсандман. Ундаги танқидталаб жиҳатлар яққол кўзимга ташланган эди, бироқ менинг назаримда яхши туюлган нарса шу баҳога арзийдими-йўқми, билмайман. Очиғи, бу шеърларда ўзимнинг шахсиятимга тегишли кўп белгиларни пайқадим, муаллифнинг менга ўз-ўзимни эслатиши биринчи марта эмас. Унда ўзига хослик кучли, буни у маълум бир фалсафий тушунча ва теран фикр билан боғлайди. Ушбу янги машқларда мен, агар уларни аввалгиларига қиёслайдиган бўлсам, ижобий томонга силжиш бошланганини сезаман. Қисқаси, бу Сиз илгари менинг ҳузуримда кўрганингиз Ҳолдерлингнинг ўзи. Уни ўраб турган муҳитдан олиб чиқиш ва унинг учун фойдали ҳамда узлуксиз таъсир эшикларини очиш имконини тополсам эди, ундан сира воз кечмаган бўлардим. У ҳозир Франкфуртда, бир савдогарнинг уйида ёлланма ўқитувчи, дид ва шеърият масалаларида ўз қобиғига ўралиб қолган, бу ҳолат борган сари чуқурлашаверади…
Истагим шуки, иккимиз лаззатланган ўша беҳад гаштли икки кун мендан кўра Сизга кўпроқ самара келтирсин. Бир неча кундан бери томир тортишишим кучайган, ҳеч ухлаёлмаяпман. “Фауст” ҳақида ўйлай десам, иблис деганлари шеъриятга мутлақо йўл бермаяпти.
Сизга соғлик тилайман.
Шиллер
ГЁТЕ ШИЛЛЕРГА
Ваймар, 1797 йилнинг 19 июли
Сиз хайрлашув олдидан менга ёнимда ўтказганингиз саккиз кундан ўзга бирон-бир қувончли ва дилга малҳам бўлгувчи нарса беролмаган бўлардингиз. Бу галги учрашувимиз беҳад сермаҳсул бўлди, десам адашмаган бўламан, айни пайт учун кўп ишларни амалга оширдик ва келажак учун белгилаб олдикки, мен ғоятда қониқиш билан жўнаб кетяпман, ишонаманки, йўл бўйи кўтаринки кайфиятда бўламан ва ҳузурингизга қайтиб келганимда Сизнинг мен билан яна ҳамфикр бўлишингизга умид боғлайман. Агар биз шу тахлит хилма-хил ишларни ўз вақтида таҳлил қилиб, каттароқларини секин-аста олдинга силжитсак-да, кичикроқлари орқали руҳлантириб, қўллаб-қувватлашда давом этсак, кўп нарсаларга эришиш мумкин.
“Поликрат узуги”ни қайтариб юбораяпман. “Ивик турналари” балладаси тез орада менга етиб келади деган умиддаман, шанба куни менинг жўнаб кетишим ҳақидаги аниқ хабарни оласиз. Сизга саломатлик тилайман, рафиқангизга менинг самимий саломимни етказинг. Шлегелга бугун мактуб жўнатдим.
Гёте
ШИЛЛЕР ГЁТЕГА
Йена, 1797 йилнинг 21 июли
Қалбимда бирон-бир туйғу томир отмай туриб мен Сиздан нари кетолмайман. Сиз менга бахш этган жуда кўп нарсалар учун Сизни ва бутун ички оламингизни тўлқинлантира олиш истаги менга қувонч бағишлайди. Бир-биримизни маънавий юксалтиришга қаратилган бундай муносабат ҳамиша бардавом бўлиши ва тобора серқирралик касб эта бориши лозим. Икковимиз ҳамма масалаларда аста-секин бир-биримизни тушунишимизга ишонаман, буни сезиб турибман, табиатига кўра тушуниш қийин бўлган ҳолатларга эса, биз ҳис-туйғу билан ёндошамиз.
Сиз билан ўзаро мулоқотларимиздан фойдаланишим ва уни ўзлаштиришимнинг энг яхши ва энг самарали усули шуки, мен уларни бевосита ҳозирги фаолиятимда қўллайман, айни чоғда улардан унумли фойдаланаман.
“Валленштайн” драмам ҳам, келгусида яратадиган аҳамиятга молик асарларим ҳам бизнинг алоқаларимиз жараёнида менинг борлиғимга айланиб кетадиган нарсанинг бутун бир тизими эканлигини яққол кўрсатиши ва ўзида мужассам этиши зарур… “Ивик турналари” устида ишлаш ниятим бор, сентябрдан бошлаб фожиага киришаман.
Сиздан келадиган хабарлар менинг ҳозирги ғарибона ҳолатимга жўшқинлик олиб киради ва Сиз етказиб бераётган янги нарсалардан ташқари биз ўзаро таҳлил қилган эскилари менга қайтадан илҳом бағишлайди.
Соғ-саломат бўлинг ва дўстимиз Мейер билан бирга ҳамишагидек мени ҳам эсланг.
Шиллер
Олмон тилидан Янглиш Эгамова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 11-сон