Фаррухбек Олим. Жомийнинг фарзандлари

9Шарқда камтарлик, фаросат, одоб юзасидан ва бошқа сабаблар туфайли ижодкорлар ўз таржимаи ҳолларини баён этишмаган. Турли шоирлар ҳаётига бағишланган биографик асарлар, жумладан, тазкираларда ҳам асосий диққат-эътибор соҳиби қаламнинг маҳоратига қаратилган, унинг шахсий ҳаёти, асарларига таъсир этган омиллар иккинчи даражага тушиб қолган. Ҳолбуки, қалам аҳли қалбини ўртаган дард, ўй-кечинмаларни англаш, шу инсон шахсиятини чуқурроқ ўрганиш, тушуниш учун унинг ҳаёт йўлини яхши билишга тўғри келади. Албатта, бу ўринда биринчи навбатда ижодкорнинг ўзи ҳақида ёзганларига, иккинчи навбатда эса у ҳақда битилган тазкира, маноқиб ва бошқа манбаларга таянамиз.

Шарқ мумтоз адабиётининг йирик вакили Абдураҳмон Жомий таржимаи ҳолини ўрганишда шоирни кўрган, яқиндан билган инсонларнинг маълумотлари – биз учун жуда қимматли. Жомий ҳақида ана шундай ноёб маълумотларни ёзиб қолдирган қалам соҳибларидан бири Фахриддин Али Сафий эди. У Абдураҳмон Жомийнинг замондошларидан, XV асрда Ҳиротда яшаган йирик олим, шоир ва нотиқ Мавлоно Ҳусайн Воиз Кошифийнинг ўғли. Фахриддин Али Сафий “Рашаҳоту айн ил-ҳаёт”[1] (“Обиҳаёт томчилари”) асарини 1503 йили ёзиб тугатади.

Бу асар, асосан, Хожа Аҳрор Валий ҳаётига бағишланган бўлса ҳам, унда бошқа шайхлар таржимаи ҳоли ҳам берилади. Чунки муаллиф Хожа Аҳрор тилга олган ҳар бир шайх ҳақида алоҳида маноқиб ёзишни мақсад қилади. Асарда Жомийга ҳам алоҳида ўрин ажратилган. Саккизта бобда шоирнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ кўп қимматли маълумотлар берилади. Муаллиф бу зот ҳақидаги ўзи кўрган, билган, эшитган маълумотларининг барчасини қатъий кетма-кетлик билан батафсил ёзади. Али Сафий охирги, яъни 8-фаслда Жомийнинг оиласи, фарзандлари ҳақида тўхталади. Унинг ёзишича, шоир ўз пирининг невараси, яъни Саъдиддин Кошғарийнинг катта ўғли Хожа Калоннинг қизига уйланган. Демак, Жомий Саъдиддин Кошғарийга тўғридан-тўғри эмас, балки невара-куёв бўлган.

Жомий умри давомида тўрт ўғил фарзанд кўрган. Аммо улардан фақат учинчиси – Зиёуддин Юсуфгина яшаб қолган. Жомийнинг биринчи фарзанди бир кунгина умр кўради. Унга исм қўйишга ҳам улгуришмайди. Иккинчи фарзанд Сафиуддин Муҳаммад эса бир ёшлигида вафот этади. Али Сафий Жомийнинг бу мусибатдан анча ўксинганини алоҳида таъкидлайди. Шунингдек, муаллиф Жомий девонига киритилган марсияни келтиради:

Фарзанди Сафий(ид)дин Муҳаммад ки жаҳон
Шуд зинда ба ў чунон ки тан зинда ба жон
Чун шуд бавужуд ў жаҳон фахру кунон
Шуд соли валодати вай аз “Фахр” аён[2].

Таржимаси:

Фарзанд(им) Сафиуддин Муҳаммад билан
Жаҳон худди тан жон билан тирилгандек тирилди.
Унинг вужуди жаҳонга фахр бўлгани каби,
Унинг туғилган йили “Фахр” сўзидан аён бўлди.

Демак, Сафиуддин Муҳаммаднинг таваллуд йили абжад ҳисобида “фахр” сўзидан келиб чиқади. Али Сафий шу ўринда ўз исмининг Фахриддинлигига ҳам ишора қилади ва Жомийнинг айнан унинг исмига, яъни “фахр” сўзидан келиб чиқадиган таърих ёзганлигини, марҳум ўғлининг номи “Сафий”ни эса Фахриддинга тахаллус қилиб берганини маҳорат билан ифодалайди. Ана шу маълумотдан Жомийнинг Фахриддин Али Сафийни ўғли қаторида кўргани англашилади.

Асарда Алишер Навоийнинг ҳам бу воқеага “Бақойи ҳаёти шумо бодо” деб таърих битиб, Жомийга юборгани қайд этилади. Аммо бошқа манбадан Навоий устозига бу таърихни ёзиб жўнатмагани, балки таъзияхонанинг ўзида кўнгил сўраш асносида қоғозга тушириб берганини билиб оламиз. Жомийнинг шогирди, муриди ва ҳаммаслаги Алишер Навоий ўзининг устозига бағишлаб ёзган маноқиби – “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да айнан шу таърих билан боғлиқ воқеани ҳикоя қилиб беради. Жомий вафотидан икки йил кейин, яъни 1494 йили ёзилган бу асарнинг “Аввалги мақолот”ида муаллиф ўзи ва устози орасида бўлиб ўтган ажойиб воқеаларни қаламга олади. “Аввалги мақолот”нинг 15-ҳикояти Фахриддин Али Сафий келтирган маълумотга аниқлик киритади. Жумладан, Навоий Сафиуддин Муҳаммад вафотини эшитиб, таъзия билдириш учун устозиникига кетаётганида йўлда Шайхим Суҳайлий ва Мавлоно Сониийлар дуч келишади. Улар ҳам Навоийга қўшилиб, азахонага бирга боришади. Навоийдек улуғ шоир, давлат арбоби ҳам у ерда йиғилган одамларнинг “рутбаси шавкатидин ва мажлис савлатидин” ўзини ноқулай ҳис этиб, устозига тузукроқ таъзия билдира олмайди. Ҳамроҳлари ҳам унга тобе тутиниб борганлари учун бирор сўз айта олишмайди. Бироз муддат шу ҳолат давом этиб, кўнгил сўраш фурсати ўтиб кетади. Бундан хижолат чеккан шоир таърих ёзиш тараддудига тушади. “Бақойи ҳаёти шумо бодо” сўзларини қайта ҳисоблаб чиққанидан сўнг, қоғозу қалам сўраб, сўзлар устига рақамларини ҳам тушириб ёзиб устозига узатади. Жомий бу таърихни назмга солишини айтади. “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да Жомийнинг шу муносабат билан ёзган шеъри ҳам келтирилган:

Гули бўстони латофат Сафи
Чу шуд сўи жаннат зи боғи фано,
Азизе паи пурси таърих гуфт,
Ки “бодо бақои ҳаёти шумо”[3] 

Таржимаси:

Латофат бўстонининг гули (бўлмиш) Сафи
Фонийлик боғидан жаннат томон кетганда,
Бир азиз одам кўнгил сўраб,
“Бодо бақои ҳаёти шумо” деб таърих туширган эди.

“Бодо бақои ҳаёти шумо” бирикмаси “умрингиз боқий бўлсин” деган маънони билдиради. Шу билан бирга, абжад ҳисоби бўйича бу сўзлардан 880 рақами келиб чиқади. Демак, Сафиуддин Муҳаммад ҳижрий 880, милодий 1475 йили оламдан ўтган. Жомий бу пайтда 61да, Навоий эса 34 ёшда эди. Иккинчи фарзанднинг ҳам бевақт нобуд бўлгани кексайиб бораётган Жомийга қаттиқ таъсир қилгани аниқ. Бошига оғир мусибат тушган устозига ҳамдардлик билдириш, фожиали кунда унинг кўнглини кўтариш Навоийдек улуғ бир сўз устаси учун ҳам анча мушкул эди. Шоир ўта нозик вазиятда нотабиий ёки носамимий бирор сўз айтиб қўймаслик мақсадида қоғозга қўл уради.

Жомийнинг учинчи фарзанди Хожа Зиёуддин Юсуф эди. Али Сафий Зиёуддиннинг таваллудини Жомийнинг ўзидан иқтибос келтириб: “Фарзанди аржуманд Зиёуддин Юсуф анбатаҳуллоҳу наботан ҳасаннинг валодати шаввол ойининг тўққизлончиси чаҳоршанба кечаси эрди, нисфи охири сана саккиз юз саксон иккида эрди”[4], – деб ёзади. Бу милодий 1477 йилга тўғри келади. “Рашаҳоту айн ил-ҳаёт”нинг муаллифи яна шу ўринда Жомийнинг тушида Хожа Аҳрор Валий Зиёуддин Юсуфга иноят айлаганини ва бу воқеа Жомийнинг “Хирадномайи Искандарий” асари дебочасида батафсил ҳикоя қилинганини айтади.

Зиёуддин Юсуф Жомийнинг тирик қолган ягона фарзанди эди. Навоий “Хамсат ул-мутаҳаййирин”да Жомий ҳаётининг сўнгги дақиқаларида Зиёуддин Юсуф отасининг бошида турганини, вафотидан кейин эса таъзияга келган Ҳусайн Бойқаро Зиёуддиннинг бошидан қучиб йиғлаганларини ёзади.

Абдулҳай ибн Абдулфатҳ ал-Ҳусайнийнинг “Ҳазрати Хожа Аҳрори Валий насабномаси”да[5] Зиёуддин Юсуфнинг ўғли Хожа Низомиддин ҳақида сўз боради[6]. Хожа Низомиддин ота тарафдан Абдураҳмон Жомийнинг, она тарафдан эса Хожа Абдулкаримнинг набираси ҳисобланади. Хожа Абдулкарим Хожа Аҳрор Валийнинг жияни, яъни синглисининг ўғли эди. Бундан ташқари, биз бу манбадан Хожа Низомиддиннинг бир ўғли ва бир қизи бўлганини ҳам билиб оламиз. Демак, шу тариқа Жомийнинг авлодлари давом этган.

Али Сафийнинг ёзишича, Жомийнинг тўртинчи фарзанди Заҳириддин Исо Зиёуддин Юсуф туғилишидан тўққиз йил кейин дунёга келган. Шу ўринда муаллиф яна иқтибос келтиради: “Фарзанди аржуманд панжшанба кунининг вақт зуҳурининг васатида сана саккиз юз тўқсон бирда эрди – анбаталлоҳу наботан ҳасанан ва разақаҳу саъодатаддорайни би Муҳаммадин ва олиҳит-таййибийнат-тоҳирийн”[7]. Милодий ҳисоб бўйича 1486 йили таваллуд топган Заҳириддин Исо бир ойдан зиёдроқ яшайди, холос. Али Сафий Заҳириддин Исо ҳақида Жомий ёзган икки қитъани ҳам келтириб ўтади:

Фарзанд Заҳириддин панжум зи муҳаррам
Дар мунтасифи зуҳр шуд ороми дили мо.
Жуз золика Исо нашуд аз ғайб ишорат,
Жустем чу номаш зи рақам номаи асмо.
Малфуз зи Исо чу шуморанд на мактуб,
Тарихи валодат будаш “Золика Исо”[8].

Таржимаси:

Фарзанд Заҳириддин муҳаррам ойининг
Пешин вақтида дилимизнинг ороми бўлди (туғилди)
Исмларнинг рақамлари бўйича унинг номини қидирган эдик,
Ғайбдан “Золика Исо” деган ишорат бўлди.
Агар “Исо” сўзининг ҳарфларини санасалар,
Унинг таваллуд йили “Золика Исо” бўлади.

Иккинчи қитъа:

Нури дийда Заҳириддин, ки фитод,
Додану бурдонаш баҳам наздик.
Буд барқе зи осмоне карам,
Зодану мурдонаш баҳам наздик[9].

Таржимаси:

Кўзимиз нури Заҳириддинким,
Берилишию олиниши бир-бирига яқин бўлди.
У карам осмонининг бир чақмоғи эди,
Туғилиши ва ўлиши бир-бирига яқин бўлди.

Фахриддин Али Сафийнинг ана шу маълумотларига таяниб, Жомий тўрт ўғил фарзанд кўрган, деб айта оламиз:

  1. Жомийнинг бир кунгина умр кўрган биринчи фарзанди. Унга ном қўйишга ҳам улгуришмаган.
  2. Сафиуддин Муҳаммад. Ҳижрий 880, милодий 1475 йили бир ёшида оламдан ўтган.
  3. Зиёуддин Юсуф. Ҳижрий 882, милодий 1477 йили таваллуд топган.
  4. Заҳириддин Исо. Ҳижрий 891, милодий 1486 йили туғилиб, бир ойдан зиёдроқ яшаган.

Мазкур далилларга асосланиб, Жомий оталик бахтига бироз кечроқ мушарраф бўлганини кўришимиз мумкин. Шоир иккинчи фарзанди дунёга келганида 60 ёшларда, сўнгги фарзанди туғилганида эса 72 ёшда бўлган.

Хулоса қилиб айтганда, Абдураҳмон Жомий ижодини ўрганишда унинг шахсий ҳаёти ҳақидаги қўшимча маълумотларга эга бўлиш ҳеч қачон фойдадан холи бўлмайди. Чунки шундагина маълум бир қаламкашнинг ижодини чуқурроқ таҳлил этиш, унга яхлит баҳо бериш имконияти пайдо бўлади. Жомийнинг фарзандлари ҳақида билганларимизни тарихий асарлар, маноқибу тазкиралар ва бошқа манбалар орқали янада бойитиш мумкин.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 2-сон

–––––––––––––––

[1] Форс-тожик тилида ёзилган бу асар XIX асрда Хоразмда Худойберган ибн Бекмуҳаммад томонидан эски ўзбек тилига таржима қилинган. Мазкур таржима Маҳмуд Ҳасаний ҳамда Баҳриддин Умрзоқ томонидан нашрга тайёрланиб, 2004 йили “Абу Али ибн Сино” нашриётида чоп этилди.

[2] Ўша асар. 212-бет.

[3] Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 жилдли. 15-­жилд. Хамсат ул-мутаҳаййирин. −Т.: “Фан” нашриёти, 1999. 27-­бет.

[4] Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айн ил-ҳаёт. −Т.: “Абу Али ибн Сино” нашриёти, 2004. 213-бет.

[5] Абдулҳай ибн Абдулфатҳ ал-Ҳусайний. Ҳазрати Хожа Аҳрори Валий насабномаси. –Т.: “Янги аср авлоди” нашриёти, 2004.

[6] Шу асар. 53-бет.

[7] Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айн ил-ҳаёт. −Т.: “Абу Али ибн Сино” нашриёти, 2004. 213-бет.

[8] Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айн ил-ҳаёт. −Т.: “Абу Али ибн Сино” нашриёти, 2004. 214-бет.

[9] Ўша асар. 214-бет.