Фаррух Атаев. Дунё ва туркий тил

Писанд қилмас олимлар бизни айтғон туркини,
Маънисиға етғонлар бошдан олар бўркини.

Аҳмад Яссавий

Одам бу оламда онгли мавжудот бўлиб яралибдики, у ҳамиша ўзининг яралиш тарихини, борлиқнинг моҳиятини англашга интилади. Табиийки, бунда одамнинг икки асосий қуроли бўлмиш ақл ва тил унга холис ёрдамчи бўлади. Аҳамият беринг, арабча “ақл”, “оқил”, “нақл”, “мақол” сўзлари ўзаро ўзакдош бўлиб, улар “уқил” ё “ўқил” маъносида, туркий “уқ” ва “ўқи” сўзлари билан ҳамоҳанг, балки ўзакдошдир. Зеро, туркий тилдаги -ил, -л қўшимчалари феълнинг мажҳул нисбатини ясаш учун қўлланади. Бундан ташқари, туркий халқлардаги “оқин” сўзи “бахши, достон айтувчи” маъносида ишлатилиб, аввал-бошда “ўқин”, яъни “достон ўқувчи” (худди “бўғин”, “сотқин”, “тўсин” сўзлари каби) бўлса, эҳтимол. Шу нарса аниқки, олам ҳақидаги чексиз билимни саноқли (бир, юз, минг ва ҳоказо) авлодлар уқиб-ўзлаштириши амалда мумкин эмас. Демак, ҳар бир авлод онг билан уқиб, тўплаган билимларни кейинги авлодга қолдириши, кейинги авлод у билимларни таҳлил қилиб-бойитиб, ўзидан кейинги авлодга етказиши лозим. Бу жараёнда, албатта, тил ва адабиётнинг аҳамияти ақл ва онг каби муҳим ва ҳал қилувчидир. Диний манбаларда “Аввал сўз бўлган”, деб бежиз айтилмаган. Тўғри, тил ҳам худди одамнинг беш сезгиси каби онгга бўйсунади. Лекин тил маълум маънода онгдан ҳам қудратлироқ бўлиши мумкин. Масалан, тилда осонгина ўннинг юзинчи даражаси (инглиз тилида бу сон “гугл” дейилади) катталикни ёки триллиондан бир қисм кичикликни айтиб-ифодалашимиз мумкин, лекин буни онг билан англаш жуда қийин. Диний манбаларда айтилишича, Тангри Таоло борлиқни биргина “бўл” (русча “будь”, инглизча “be [би]”) сўзи билан яратган. Қизиғи шундаки, бу қадим туркий сўз икки феълни англатади. Бири “юз бермоқ, амалга ошмоқ”, иккинчиси “синдириб, қирқиб, ёриб ва бошқа йўл билан бутунни қисмларга ажратмоқ”. XX асрнинг бошларида олимлар борлиқ “катта портлаш”дан яралганини, коинот борган сари кенгаяётганини илмий исботладилар. Буни қарангки, “бўл” сўзи ҳар икки маъносида ҳам Яратганнинг хоҳишини ифодалаяпти… Сўзнинг, тилнинг қудратини кўрсатувчи бундай мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Маълумки, табиатдаги барча жонли ва жонсиз мавжудотлар жуфт-жуфт яратилган. Ибтидоий даврдан бошлаб табиатдаги нарса ва ҳодисалар ҳақида тўплана бошланган билимлар авлоддан-авлодга ўтиб келади. Бу жараёнда эркак билан аёл ўзига хос мажбурият ва имкониятларга эга. Улар, авваламбор, ҳар бир уруғнинг, жамоанинг, жамиятнинг энг кичик асоси – оилада намоён бўлади. Аёл ва эркакнинг оиладаги ўрни ва вазифалари уларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий-руҳий имкониятларидан келиб чиқади. Яъни, ота ҳам, она ҳам оиланинг бошқарувчиси бўлиб, “қарс икки қўлдан чиқади” дегандек, бу борада ҳар бирининг ҳиссаси муҳим. Турли даврларда, турли шароит ва вазиятларда ота ёки онанинг бошқарувчилик ваколати, имконияти, қолаверса, маънавий ҳақи бироз ошиши ёки камайиши мумкин. Бундан қатъи назар, фарзандларга ҳар иккиси ҳам бошлиқ, ҳар иккиси ҳам таълим ва тарбия беришга масъул ва мажбурдирлар.

Агар ота-она фарзанд таълим-тарбиясига масъул бўлса, у ҳолда улар ўз билим ва кўникмаларини болаларига қай шаклда беради, ота ва она оилада бу вазифаларни қандай бўлишиб олишган, деган саволга тўхталайлик. Қисқа жавоб берадиган бўлсак, она боланинг тилини чиқаришга, ота эса унинг нутқини ривожлантиришга хизмат қилади. Бошқача айтганда, бола онадан она тилини, отадан адабни ўрганади. Шу ўринда арабча “адаб” сўзи “ада”, яъни “ота” сўзидан ясалган, дея фараз қилсак, мантиқан тўғри бўлади. Маълумки, баъзи ҳарфлар алмашиниб туради. Масалан, б, п, м ҳарфлари: “бундай” – “мундай”, “туб” – “туп”. Худди шундай, “адам” – “адаб”. Зеро, “адабиёт” сўзини “адамият”, яъни “одамийлик” дея тушунса ҳам бўлади. “Одам” сўзининг туб маъноси ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар фикрича “одам” сўзи “адим” – “рўйи замин пўсти” сўзидан, баъзилар “одама” – “буғдой рангли” деган сўздан олинган[1]. Юнонча “дидактик”, “академик”, лотинча “educate [эдю’кейт], education [эдю’ке’йшн] (таълим бермоқ, таълим)”, “advice [эдва’йс] (маслаҳат, ўгит)”, “адвокат” сўзлари ҳам “ада”, “адам” сўзлари билан боғлиқ бўлса керак. Умуман олганда, тилшунослик ҳам, адабиёт ҳам ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, бир-бирисиз яшай олмайди ва бир-бирини тўлдиради. Вазифасига кўра ҳам улар ҳамиша ёнма-ён: тилшунослик тилнинг сўз ясалиши, сўз туркумларию гап бўлакларининг қоидаларини ўрганиш билан шуғулланса, адабиёт сўзнинг ифода қудрати, воқеликни турли шаклларда тасвирлаш, тилнинг инсонга таъсирини кучайтириш йўллари, инсоннинг туйғуларини қўзғаш, хатти-ҳаракатларини бирор йўналишга солиш усуллари билан шуғулланади. Яна шуни таъкидлаш керакки, агар оилада эр ва хотин турли миллат вакиллари бўлса (масалан, она рус, ота ўзбек ёки аксинча), у ҳолда бундай оиладаги фарзандлар аксарият ҳолларда, ота қанчалик қаршилик қилмасин, онасининг тилини ўрганади. Лекин она қанчалик ҳаракат қилмасин, аксарият ҳолларда, фарзандлар кўпроқ отасининг дунёқарашини, адаб-одобини қонига сингдиради.

Маълумки, тил инсоннинг онгидаги фикрлари ва кўнглидаги туйғуларини ифодалаш воситасидир. Аёллар табиатан эркакларга нисбатан таъсирчанроқ, юмшоқроқ, кўнгилчанроқ бўлишлари, эркакларнинг эса, аксинча, қаттиққўл, бардошли, қатъиятли бўлишлари улар тилида ўз ифодасини топади. Яъни, аёллар аксарият ҳолларда онгга нисбатан қалбларига кўпроқ қулоқ тутсалар, эркаклар қалбдан кўра онгга кўпроқ таянадилар. Гап қайси бири яхши ёки тўғрилигида эмас, албатта. Бу муайян вазиятга боғлиқ. Баъзида аёлларнинг, баъзида эркакларнинг қарори кутилган натижаларни бериши мумкин. Яна шуниси ҳам борки, худди оилада эр ва хотиннинг бир-бирини тушуниши оиланинг мустаҳкамлиги ва хотиржамлигини таъминлаганидек, тилда ифодаланган фикр ва туйғуларнинг қай даражада ўзаро мос-мувофиқлиги ҳам инсоннинг бутунлиги ва хотиржамлигини таъминлайди. Акс ҳолда, ўзаро келишолмаган эр ва хотин ажралгани ва оила пароканда бўлгани каби, ўзаро келишолмаган онг ва кўнгил, ақл ва туйғу инсонни турли фожиаларга олиб келиши мумкин.

Инглиз (лотин) тилида “она тили” ибораси “language [лэ’нгвиж]” ёки “mother tongue [ма’зер танг]” ва “адабиёт” сўзи “literature [ли’теритче]” дейилади. Этимологик луғатлар ва тарихий манбаларда лотин тилидаги сўзлар, жумладан, “literature [ли’теритче]” сўзи ҳам, қадимги Этрускан (Etruscan) тили ва маданиятидан ўзлаштирилгани қайд қилинган[2]. Этрускан маданияти ҳозирги Италиянинг шимолий қисмида эрамиздан аввалги 900-396 йилларда мавжуд бўлган. Машҳур Рим империяси эса эрамиздан аввалги 500-300 йиллар ҳукмронлик қилган[3]. Этрускан тили ҳарфлари билан лотин тили ҳарфлари ўзаро зид бўлган. Масалан, лотинча “B”, “C”, “D”, “E”, “F”, “K”, “L”, “R”, “S” ҳарфлар этрускан алифбосида тескари томонга қараб ёзилган. Қолаверса, этрускан алифбоси қадимги юнон алифбоси билан деярли бир хилда бўлган. Баъзи манбаларда этрускан тили ва маданияти асли қадимги турк тили ва маданиятига яқинлиги айтилади. Бунга бироз аниқлик киритиш мақсадида этрускан тилидан лотин тилига ўтган айрим сўзларни таҳлил қилиб кўрайлик. Маълумки, лотин (итальян ва инглиз) тилларида баъзи ҳарфлар (“c”, “g”, “i”, “u”) икки-уч хил талаффуз қилинади. Масалан, “cinema” ([си’нема] кинотеатр), “cousin” ([казн] жиян), “cello” ([че’лло] виоленчел), “go” ([гоу] бормоқ), “gentleman” ([же’нтлмен] соҳиб, жентлмен), “finish” ([финиш] тугаш, тамом бўлиш), “finite” ([фа’йнайт] чекли, тугалланган), “put” ([пут] қўймоқ), “cut” ([кат] кесмоқ), “tube” ([тю’б] қувур) ва ҳоказо. Агар ушбу ҳарфларни мослаб талаффуз қилинса, лотин ва турк тилларининг уйғунлигини пайқаш мумкин. Масалан, “cow” ([кау] сигир) сўзини “сау” тарзида талаффуз қилинса, “сигир” сўзи “соғир”, яъни “соғ” ўзагидан ясалганлиги билан яқин бўлади. Қолаверса, аҳамият беринг, лотин тилидаги “language”, “lang”, “lingua” сўзлари “tongue [танг]” (лотинчада “тил (тана аъзоси)”ни англатади) сўзидан ясалган[4]. Бироқ “т” ҳарфи “л” ҳарфига ўзгариши эҳтимоли жуда кам. Ўйлашимча, лотин тилидаги “language [лэ’нгвиж]”, “lang [лэ’нг]”, “lingua [ли’нгуа]” сўзлари туркий “билиг”, “билги”, “билга”, “билгич-билгинж” сўзларидан келиб чиққан. Ўз навбатида, “tongue” сўзи туркча “танглай” (оғиз бўшлиғининг бурун бўшлиғига туташган юқори қисми сўзига мос келади[5]. Лотинча “literature” (адабиёт) сўзи “letter [ле’ттер]” (хат, нома) сўзидан олинган бўлиб, бу туркча “тил” (қуйида лотин ва турк сўзлари ўзаро тескари бўлиб қолгани ҳақида фикр юритамиз) ўзагига мос келади. Қолаверса, итальянча “leggera” ([легге’ра] ўрганмоқ, билмоқ), “college” ([ко’ллидж] билим юрти), “legal” ([ли’гл] қонуний, билигли) сўзлари туркча “(би)лиг” ўзагига қурилган. Шуни ҳисобга олиш керакки, итальян (лотин) тилидаги “leggere” сўзидаги “ere” қўшимча бўлиб, ўзбекча “билмоқ” феълининг -моқ қўшимчасига мос келади. Яна бир мисол: итальянча (лотинча) “tegere”, “tangere” сўзлари “тегмоқ, ўраб олмоқ” маъноларини англатади. Бу турк тилидаги “тег”, “танғи” ўзак сўзларига айнан мос келади. Ҳозирда халқаро (аксарияти лотин тилидан олинган) сўзлар дея эътироф этилаётган кўпгина сўзлар асли туркча ўзак сўзлар эканлигига амин бўлиш мумкин. Масалан, инглизча “тангенс (тегма, уринма)”, “интеграция (тег, тегранинг бирлашиши)” ва ҳоказо. Бундан ташқари, “филология” сўзи ҳам асли “тил” ва “билиг” сўзларидан келиб чиққан бўлса керак. Сабаби, юнонча “фил – яхши кўрмоқ” сўзидаги “ф” ҳарфи лотин алифбосида уч хил – “ph”, “f” ва “th” ҳарфлари орқали ифодаланади (масалан, phone [фо’ун] телефон, fax [факс], Athena [аси’на] Афина. Лотин ҳарфлари бўлган “f” ва “t” ўзаро бир-бири билан алмашиб қолиши мумкин. Масалан, лотинча “four – тўрт”, “fashion – ташин”, “fantasy – танти, дандайси”, “fang – танг(лай)”, “ferrum – темир”, “finish – тиниш” ва ҳоказо. Юнонча “логос – фан, билим” сўзидаги “ос” шунчаки қўшимча бўлиб, “лог” ўзаги “(би)лиг”, “(би)лоғ(он)” сўзларига мос келади.

Ана энди, келинг, тилнинг пайдо бўлишини яхшироқ англаш учун одамзод яралган илк даврни тасаввур қилиб кўрайлик. Одамзод ер юзида бир-бири билан илк алоқа қила бошлаганда узун-узун сўзларни ишлатмаганлиги табиий, албатта. Фараз қилиш мумкинки, улар қисқа сўзлар, яъни икки, уч, тўрт товуш (ҳарф)дан иборат сўзларни қўллаб, ўз фикрларини англатишган. Масалан, “ав”, “ас”, “ат”, “ий”, “ма”, “ой”, “ол”, “ос”, “ув”, “уй”, “уз”, “ул”, “ут”, “эй”, “эр”, “эш”, “аба”, “ава”, “ада”, “айа”, “ака”, “ала”, “ама”, “ана”, “апа”, “ата”, “ача”, “аға”, “афа”, “бер”, “бир”, “бор”, “бур”, “таш”, “теш”, “тиш”, “тош”, “тўш”, “баба”, “бубу”, “бўбў”, “дада”, “куку”, “мама”, “папа” ва ҳоказо. Шундай экан, Одам Ато ва Момо Ҳаво исмлари асли “ада” ва “ава” бўлгандир. Шунинг учун лотин ва рус тилларида улар “Adam” (Адам) ва “Eve” (Ева) деб талаффуз қилинади. Араб тилидаги “ҳаво” сўзи туркий “ава” (“авайламоқ” феълининг ўзаги) сўзи олдига “ҳ” товуши (ҳарфи) қўшилиб ясалган. Қолаверса, туркий “ава” сўзи билан “айа” (“аямоқ” феълининг буйруқ майли) сўзи ўзаро синонимдир. Арабча “аёл” сўзининг ўзаги ҳам “айа” бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Сабаби, “-л” қўшимча бўлиб, у феълнинг мажҳул нисбатини англатади. Умуман, араб, форс ва рус тилларидаги кўпгина сўзлар асли туркий сўзлардир. Масалан, “луғат-(би)лиг”, “аврат-авра, ўра”, “башара-бош-ора”, “бурқа-бурка(моқ)”, “мутлақ-тўлиқ”, “таранг-тара(моқ)”, “чунки-тушунки”, “карашма-қарашма”, “оташ-ўт”, “билет-билит (билдир)”, “ванна-ювин”, “конкурс-қўш кураш”, “коса, косилка-кесмоқ”, “ступня-тўпиқ”, “тоска-тушкун”, “чучело-чўчит”, “кочевник-кўчманчи” ва ҳоказо. Араб тили билан турк тилининг узвий алоқадорлигига доир яна бир мисол: ислом динида чақалоқ туғилганда унинг қулоғига азон айтилиб, “Оллоҳу Акбар, Муҳаммадур расулуллоҳ” дейилади. Туркий ва бир қатор бошқа халқлардаги онанинг ўз чақалоғига алла (эътибор беринг, “Оллоҳ”га оҳангдош) айтиши унинг ўз боласига ўзига хос азони, Оллоҳни танитиши, дейиш мумкин. “Алла” сўзи инглиз тилида “lullaby [ла’лыбай]” дейилади. Аҳамият беринг: инглизчада “goodbye [гуд’бай] хайр, яхши қолинг, худо ёр бўлсин” сўзи асли “God by (you) [Год бай ю] Худо сиз билан” деган иборадан келиб чиққан. Яъни, “lullaby” сўзи ҳам “Allah by you – Оллоҳ сен билан” иборасидан олинган бўлса, эҳтимол. Шу ўринда яна бир фикр: туркий халқлар худони Тангри деб атайди. Манбаларда бу сўзнинг келиб чиқиши хусусида турлича қарашлар мавжуд: 1) “денгиз” (мўғулча “тенгиз”) сўзидан; 2) туркча “тонг” ва миср тилидаги “ра (қуёш)”, яъни “тонгдаги қуёш” сўзларидан; 3) туркча “тенг”, яъни “барчага тенг қаровчи”дан келиб чиққан. Менинг ўйлашимча, “Тангри” сўзи бутунлай бошқа икки сўздан келиб чиққан бўлиши мантиқан асослироқ. Булардан бири туркий “танғи” сўзи, иккинчиси туркий “тўғри” сўзи. Сабаби, туркий тилда -р, -ар, -ир қўшимчалари от, сифат ва феъл ясашда ишлатилади. Масалан, “отбоқ(ар) – отбоқувчи”, “тур(ар) – турадиган”, “чанди(р) – гўштнинг қаттиқ пай қисми, яъни чандийдиган, зич қилиб бирлаштирувчи”, “чиғир – юқорига сув чиқарадиган, яъни чиғайдиган қурилма”. Худди шундай, “танғир”, “танғири” сўзлари “танғийдиган”, “ўрайдиган” деган маънони англатади. Дарҳақиқат, Тангри бутун оламни яратиб, уни ўраб туради. Тангри борлиқнинг ҳар бир заррасида мавжуд деб қараш кенг тарқалган. Шунинг учун ҳам Тангри ҳар бир жойда ҳозиру нозир, барча нарсани кўргувчи ва билгувчи, дея улуғланади. Туркий халқларда қуёшни, осмонни Тангрига қиёслашнинг сабаби, худди Тангри каби қуёш ҳам, осмон (кўк) ҳам дунёни ўраб, чулғаб, қамраб туради. Ўтмишда туркий халқларда кенг тарқалган оташпарастлик, ўтга сиғинишнинг сабаби олов қуёшнинг ердаги кўриниши, иссиқлик, ёруғлик манбаи бўлиб, нарсаларни ёритиб, чулғаб туради. Тарихда бутун Шарқу Ғарбда ҳукм сурган уч Хун (олимларнинг таъкидлашича, бу сўз асли “кун” сўзидан келиб чиққан, менинг фаразимга кўра, бу сўз, аслида, Нуҳ пайғамбар исми билан боғлиқ бўлиши мумкин) империясию ҳар икки Турк (Кўк ва Осмонли) империяси ҳам ўзларига Тангрининг кун, кўк, осмон каби сифатларини қўллаган…

Иккинчи сўз – “тўғри”га келсак, Тангри Таолонинг энг бирламчи сифати, арабча айтганда “Ҳақ, Жаноби Ҳақ”дир. Туркчада эса бу ўз-ўзидан “Тўғри” бўлади. Сабаби, тилшуносликдан маълумки, “г” ва “ғ” товушлари “нг” ва “нғ” дифтонг (қўшалоқ) товушлари билан, “ў” ҳарфи “о” ва “а” ҳарфлари билан алмашиш ҳоллари кўп учрайди. Масалан, “вағирла-ванғирла”, “зиғирча-зинғирча”, “ўт-оташ”. Аслини олганда, “тўғри” ва “эгри”, “тўғри” ва “ўғри” тушунчалари ҳар қандай диннинг асосини ташкил қилиб, жуда қадим замонларга бориб тақалади. Ўйлашимча, яҳудий динининг муқаддас китоби арабча “Таврот”, ибронийча “Тўра, Тора” ҳам асли “тўғри (тўри, туври, туйри)” сўзидан келиб чиққан. Сабаби, бу муқаддас китоб, асосан, тўғрилик ҳақида хабар беради. Сирасини олганда, яҳудийлик дини энг қадимий дин ҳисобланган зардуштийлик дини билан уйғун бўлиб, ҳар иккисида ҳам “тўғри” ва “эгри” тушунчалари етакчи ўринни эгаллайди. (Буни қуйида батафсил таҳлил қиламиз). Инглиз тилида “тўғри” сўзи “true [тру]” бўлиб, инглиз парламентида қадимдан иккита қараш – тори (консерватив, ўнг қараш) ва уиг (либерал, сўл қараш) мавжуд бўлиб келган. “Тори” ва “уиг” сўзларининг ҳам ўзаклари “тўғри (тўри)” ва “эгри” бўлиб, маълумки, консерватив қарашли кишилар анъаналарга содиқ қолиш, тўғри келаётган йўлдан оғмаслик тарафдори бўлса, либерал қарашли кишилар ислоҳот ва ўзгартириш, тўғри келаётган йўлдан оғиб, эгри йўлларни синаб кўриш тарафдорлари бўлади. Ҳатто, ўйлашимча, инглизча “God [год]” ва форсча “худо” сўзлари ҳам туркча “тўғри” сўзи билан ўзакдошдир. Чунки “тўғри” сўзини тескарисига ўқисангиз, инглизча “right [райт]” (тўғри, ҳақ, ўнг) сўзи ҳосил бўлади. Бу сўздан эса “Got, God (худо), good (яхши)” сўзлари келиб чиққан. Қолаверса, “right” сўзи “ўнг” деган маънони ҳам англатади. “Сўл” сўзини аксига ўқисангиз эса, инглизча “paralysis [пэре’лисис] паралич, фалаж” сўзидан келиб чиққан “left [лефт] чап” сўзи ҳосил бўлади.

Туркий тилларнинг, хусусан, ўзбек тилининг пайдо бўлиши жуда қадим замонларга, борингки, ибтидоий даврга бориб тақалиши келтирилган фикрлардан бир қадар англашилиб турибди. Юқорида биз турк тилининг жаҳондаги энг қадимги тиллардан бири, дея эътироф этилувчи лотин тилига узвий алоқадорлигини кўриб чиқдик. Қуйида ўзбек тилидаги баъзи сўзларнинг туб маъноларини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. “Ота” ва “она” сўзларидан кейин, табиийки, “бола”, “ўғил”, “қиз” сўзлари келади. “Бола” сўзи “гўдак, фарзанд, қадимги туркий тилда ҳам шу маънони англатган бу от асли ба:ла тарзида талаффуз қилинган”[6]. “Ўғил” сўзи эса “эр жинсидаги фарзанд, қадимги туркий тилдаги “пайдо қил” маъносини англатган оғ феълидан –(у)л қўшимчаси билан ясалган. Дастлаб “фарзанд” маъносини англатган, кейинчалик маънода торайиш юз бериб, фақат “эр жинсидаги фарзанд”ни англата бошлаган”[7]. Менинг фикримча, “бола” сўзи ҳам, “ўғил” сўзи ҳам асли “боғла” сўзидан келиб чиққан. Маълумки, “ўғил” сўзи “ул”, “ули” тарзида ҳам қўлланади. Ўз навбатида, “ул”, “ула” сўзлари “боғла” сўзига маънодошдир. Сабаби, “бола”нинг, хусусан, “ўғил”нинг бош вазифаси отани онага, аждодни авлодга боғлаш – улашдан иборат. Инглиз тилида ўғил бола “boy [бой]” дейилади, яъни бу сўз “бойла”нинг қисқарган шакли бўлиши мумкин. Бундан ташқари, “боғла” сўзини “боғ бўл, ўзингдан кўпай” тарзида ҳам тушуниш мумкин. Ундан кейин, бола “бешик”ка “бела”нади. “Бела” сўзи “бешикка оёқбоғ, қўлбоғ билан боғлаб ётқиз”[8]. “Бешик” сўзи “чақалоқни белаб ухлатиш учун ясалган, тебратишга мосланган рўзғор буюми, бу от қадимги туркий тилда мавжуд бўлиб, “йўргак” маъносини англатган бе отига –ши қўшимчаси қўшиб ясалган феълдан –к қўшимчаси билан ясалган”[9]. Назаримда, “бела”, “бешик” сўзлари “боғла” сўзидан “боғла-бойла-бейла-бела”, “боғлаш(ик)-белаш(ик)-бешик” тарзида келиб чиққан.

Энди тилларнинг қандай ривожланиш ва қай тарзда ўлик ёхуд халқаро тилга айланиш шартларини таҳлил қилайлик. Авваламбор, диний ва илмий манбаларда кўрсатилишича, қадимда (тахминан эрамиздан аввалги учинчи минг йилликда) дунё тўфони бўлган[10]. Бу тўфондан фақат саноқли одамлар, яъни Нуҳ пайғамбар, унинг уч ўғли Хом, Сом, Ёфас ва уларнинг хотинлари омон қолгани, булардан ҳозирги барча одамлар тарқагани айтилади. Қолаверса, илмий манбаларда бутун башарият уч ирққа (негроид, европоид ва монголоид) ажратилиб кўрсатилади. Бу ирқларнинг айни шундай номланиши шартли, албатта. Диний ва илмий манбаларга таяниб ўзимизча фараз қилишимиз мумкинки, уч ирқ уч ўғилдан тарқаган. Ана шу уч ўғилнинг (илмийлик учун уларнинг исмларини вақтинча Хом, Сом, Ёфас демаймиз) исмларини бизгача етиб келган турли манбалар (халқ оғзаки ижоди, битиклар, ер ости-ер усти қолдиқлари ва ҳоказо)дан излаб кўрайлик.

Юқорида таъкидлаганимиздек, сўз ясалиши илк даврда содда бўлган деган фикрга (аксиомага) таяниб, дунёдаги қайси тилларда содда сўзлар сақланиб қолганини тадқиқ қилиб кўрсак айни муддао бўлади. Ўзим ўзбек, рус ва инглиз тилларини чуқур билганим ҳолда, турк, араб, форс-тожик ва бошқа тиллардан ҳам бир қадар хабардорман. Дунёдаги тиллар уч гуруҳга – флектив (рус, инглиз ва ҳоказо), агглютинатив (олтой оиласидаги тиллар ва бошқа), аморфга (хитой, бирма ва бошқа) бўлинади. Флектив тилларда бирдан ортиқ грамматик маъно биргина кўрсаткич орқали ифодаланади. Масалан, “я читаю книгу” гапидаги “читаю” сўзидаги “ю” қўшимчаси майл, замон ва шахс-сон маъноларини ифодалайди. Агглютинатив тилларда ҳар бир грамматик маъно алоҳида қўшимча (аффикс) билан ифодаланади. Масалан, “мен китоб ўқияпман” гапидаги “ўқи+яп+ман” сўзида аффикслар (қўшимчалар) замон ва шахс-сон маъноларини ифодалайди. Аморф тилларда гапда сўзлар бир-бири билан тўғридан-тўғри бирикиб келади. Масалан, хитойчада “мен ҳозир китоб ўқиш/ўқимоқ” гапидаги “ўқиш/ўқимоқ” сўзи умумий бўлиб, гап мазмунига қараб унинг мос маъноси англашилади. (Д.А.Муҳамедова, Д.Шодмоқулова) Негроид ва европоид тиллари, асосан, флектив, монголоид тиллари эса агглютинатив ва аморф эканлигини таъкидлашимиз мумкин. Масалан, туркий тиллар агглютинатив бўлса, хитой тили аморф турга мансуб. Бу уч ирқнинг тиллари орасида негроид ва европоид тилларида икки, уч ё тўрт ҳарфдан иборат ўзак сўзлар кўп эмаслиги, монголоид тилларда эса, бундай ихчам ўзак сўзлар аксарият кўплигини ҳисобга олсак, монголоид тиллари башариятнинг энг бошланғич даврига бориб тақалади, деб хулоса қилиш мумкин.

Энди юқорида айтилган ўша уч ўғил оталари Нуҳ алайҳиссалом билан бирга ягона оила бўлиб яшаганларида уларнинг тиллари умумий бўлган. Ўз шахсий ҳаётларини қуриб алоҳида яшай бошлаганларида ҳам маълум муддат уларнинг тиллари умумий бўлган. Лекин ўн йиллар, асрлар ўтгани сайин аста-секин уларнинг тиллари фарқлана борган. Ҳаттоки, сўз ва гап ясаш қоидалари ҳам ўзгарган, дейиш мумкин. Ана шунда икки ака-ука (негроид ва европоид) флектив усулни, учинчи ўғил (монголоид) агглютинатив усулни танлаган бўлса эҳтимол. Маълумки, кўп тилларда “ада” ва “дада” сўзлари “ота” маъносида бўлиб, ўзбек тилида қариндошлар шунга оҳангдош қилиб айтилади. Масалан, “ата”, “айа”, “ака”, “апа”, “аға”, “ама” ва ҳоказо. Ўхшаш нарсаларни оҳангдош сўзлар билан номлаш унумли ва қулай-да. Ана шундай уч ҳарф-товушдан иборат ўзак сўзлар монголоид тиллари бўлган ўзбек, хитой, корейс, япон ва бошқа тилларда аксарият кўпчиликни ташкил қилиши маълум.

Европадаги тиллар асосан роман-герман тиллари оилаларига мансуб. Хусусан, инг­лиз тили герман тиллари оиласига киради. Қадимги инглиз тили замонавий инглиз тилидан кескин фарқ қилиб, олмон тилига жуда яқин бўлган. Назаримда, роман тиллари ҳам, герман тиллари ҳам, туркий тиллар ҳам аввал-бошда бир бўлиб, умумий ёзув – руник ёзувни қўллаган. Ҳозирда Европада 5000 дан ортиқ руник ёзувдаги битиклар топилган. Шулардан 3000 – Швециядан, 500 – Даниядан, 600 – Норвегиядан, 140 – Британия оролларидан, 60 – Гренландиядан, 70 – Исландиядан, бир қанчаси – Россия, Латвия, Украина, Германия, Австрия, Франция, Греция, Руминия, Туркия, Нидерландиядан топилган. Айни чоғда, маълумки, Осиёдан топилган Ўрхун-Энасой, Тўнюқуқ, Култегин ва бошқа кўплаб битиклар ҳам руник ёзувда бўлган. Бироқ кейинчалик лотин, ундан сўнг кирилл ёзуви яратилиб, роман-герман ва турк тиллари бир-биридан узоқлаша бошлаган. Шу даражада узоқлашган, балки атайин узоқлаштирилганки, натижада, роман-герман тилларидаги кўпгина сўзлар туркий тиллардаги сўзларни тескарисига ўқиш ва ёзиш орқали ҳосил қилинган. Бу жараённинг сабабларидан бирини қуйидагича тушунтириш мумкин. Маълумки, IX-XII асрлар Шарқ уйғониш даври, IX-XII асрлар Ғарб уйғониш даври сифатида эътироф этилади. Ғарб уйғониш даврида ҳинд, араб, турк, хитой тилларидаги кўпгина асарлар лотин тилига таржима қилинган. Таржима қилинаётган асарларнинг барчаси ўша даврнинг фан тили бўлган араб тилида яратилган, дейиш тўғри эмас. Сабаби, турк тилида, бироқ араб ёзувида битилган асарлар ҳам кўп бўлган. Баъзи таржимонлар айрим сўзларни атайин тескарисига “таржима қилишган”. Масалан, инглиз тилидаги “right” ([райт] тўғри) сўзи “р”, “г” ва “т” ҳарфларидан тузилган. Инглиз тилида “ғ” ҳарфи йўқ бўлгани сабабли, у “gh” орқали ифодаланган.

Туркий ва инглиз тилларининг синтаксиси ва морфологиясидаги ўхшашликларни таҳлил қилсак, уларнинг бир-бирига қанчалик яқин эканлигига амин бўламиз. Маълумки, феълнинг учта замони мавжуд. Туркий тилда феълнинг ўтган замонини ясаш учун сўзга “-ди”, “-ган” қўшимчалари қўшилса, инглиз тилида “-ид”, “-ан” қўшимчалари қўшилади. Масалан, “play” [плей] ўйнамоқ, ўтган замон: “played” [плейд] ўйнади; “give” [гив] бермоқ, ўтган тугалланган замон: “given” [гивн] берган. Туркий тилда сифат ва равиш ясаш учун “-ли”, “-иш, -ғиш”, “-ал, -л”, “-ий” қўшимчалари ишлатилса, инглиз тилида ҳам шундай. Масалан, “day” [дей] кун, daily [дейли] кунли(к), ҳар кунги; easy [и’зи] осон, easily [и’зили] осонли; “red” [ред] қизил, blue [блу] кўк, “reddish” [ре’диш] қизғиш, [блу’иш] кўкиш; finish [фи’ниш] тугаш, тугамоқ, final [fа’йнл] тугал, охирги; center [се’нтр] марказ, central [се’нтрл] марказий. Туркий тилда “сиз” бўлишсизлик қўшимчаси бўлса, инглиз тилида “-лесс” (худди “ли+сиз” қисқаргандек) қўшимчаси ишлатилади. Масалан, “pain” [пе’йн] оғриқ, “painless” [пе’йнлесс] оғриқсиз. Туркий тилда “-ин”, “-чи” от ясовчи қўшимчалар бўлса, инглиз тилида “-инг”, “-чиан, -шиан” худди шундай. Масалан, “dance” [де’нс] ўйнамоқ, рақсга тушмоқ, “dancing” [де’нсинг] ўйин, рақс; music [мю’зик] мусиқа, musician [мюзи’шн] мусиқачи.

Турли манбаларда ёзув эрамиздан аввалги XII асрда кашф қилинган дейилади. Баъзи бир манбаларда эса, ундан ҳам аввал кашф қилингани айтилади. Масалан, эрамиздан 2 минг йил аввал яшаган шумерларнинг олтмишлик саноқ тизимидаги математик қоидалар ёзиб қолдирган тахтачалари топилган. Бундай ёзма манбалардан қатъи назар, халқ оғзаки ижоди одамзод тўплаган билимларни авлоддан авлодга ўтказишда ҳамиша энг ишончли ва унумли восита бўлган. Шундай экан, келинг, халқ оғзаки ижодига мурожаат қилиб, ундаги айрим адабий қаҳрамонлар номларини ёзма манбаларда келтирилган маълумотларга қиёсий таҳлил қилишга уриниб кўрамиз. Маълумки, Хўжа Насриддин Афанди ўзбек халқи ва, умуман, барча туркий халқларнинг энг умрибоқий адабий қаҳрамонларидан бири ҳисобланади. Энг бирламчи исми Афанди. Кейинчалик араблар таъсирида у Насриддин, деб атала бошлангач, Афанди оти ўз-ўзидан сифатга айланган. Худди шундай 1999 йилда Ўзбекистонда 1000 йиллиги кенг нишонланган ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси – “Алпомиш” достони ҳам араблар таъсирида қайта яратилган. Назаримда, диний-ёзма манбаларда келган Нуҳ пайғамбар – иккинчи Одам Атонинг учинчи ўғли Ёфас асли исми “Афа” бўлган. Сабаби Нуҳ пайғамбар ўз ўғлига Одам Атонинг исмига (“Ада”, “Адам”) оҳангдош қилиб исм берган, қолаверса, аввалги икки ўғлига ҳам “Аха” ва “Аса” деб исм қўйган бўлса керак. Туркий тилдаги “-м” қўшимчаси ўзликни англатиб, “Ахам”, “Асам” ва “Афам” тарзида талаффуз қилина бошланган. “Ахамоний”, “Ассам”, “Афанасий” (шу ўринда рус киноусталари яратган “Афоня” бадиий фильмида бош қаҳрамон Афандиларча содда қилиб тасвирлангани бежиз эмас) сўзларининг ўзаклари ҳам юқоридаги уч исмга бориб тақалади. Хитойларнинг Конфуций (Кунфуций) (эрамиздан аввал VI асрда яшаган файласуф) исми ҳам “Кун Афас” сўзларидан тузилган бўлиши мумкин. Шунинг учун хитойлар унинг насиҳатларини худди ота ўгити сифатида қабул қилишади. Шу ўринда, панд-насиҳат, турли маслаҳат ва донишмандликлар “афоризм” дейилиши бежиз эмаслигини ҳам айтиш керак. Афандининг лофчилиги ва латифачилиги ҳам тасодиф эмас, албатта. Хитой кураш санъати “Кунфу”, худди Афанди латифаларидек, яшаш учун, адолат учун кураш усули сифатида талқин қилинади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да[11] Афанди сўзи юнон тилидан олинганлиги қайд этилган. Бунга қуйидагича изоҳ бериш мумкин. Ҳинд маърифатпарвари Жаваҳарлъал Неру ўзининг уч оламшумул асаридан бирида ёзишича[12], қадимда Юнонистон ва Ҳиндистонга шимолдан орийлар бостириб келишган. Натижада, Юнонистонда Афина, Спарта ва бошқа машҳур шаҳарлар вужудга келган. Ҳиндистонда эса орийлар санскрит тилини; Ведалар, Упанишадлар, “Рамаяна” ва “Маҳобҳорат” асарларини яратганлар[13]. АҚШда 2000 йилда чоп этилган йилномада[14] шу фикрлар яна бир карра тасдиқланиб, “Милоддан аввалги 1500 йилларда Ҳиндистонни шимолий-ғарбдан келган орийлар истило қилишади, улар бу юртга санскрит тили ва ҳинду динига туртки бўлган ведик динини олиб киришади”, деб ёзилган. Тарихдан маълумки, милоддан аввал 1500 йилда буюк Хун империяси вужудга келган ва у бутун Ғарб билан Шарқда ҳукмронлик қилган. Хунларнинг туркий бўлганлиги турли манбаларда қайд қилинган.

Яна шу нарса ҳам маълумки, оташпарастлик-зардуштийлик (зороастризм, юнон тилида “астрон” сўзи “юлдуз” дегани) дини ҳам эрамиздан аввалги XIV-XII асрларда пайдо (ёки мавжуд) бўлгани расмий манбаларда қайд қилинган. Эътибор беринг: эрамиздан аввалги XIV асрда бутун Ғарбу Шарқда буюк Хун империяси ҳукмронлик қилган. XIII асрда Мусо алайҳиссалом ўз халқини Фиръавн зулмидан озодликка олиб чиққан… Зардуштийлик дини ҳақида фундаментал тадқиқотлар муаллифи инглиз Мэри Бойс унинг бундан 3500 йиллар илгари Осиё чўлларида пайдо бўлгани, бошқа динларнинг шаклланиши ва ривожланишига кучли таъсир кўрсатгани, чунки ўз табиатига кўра ғоят олижаноб, инсонпарвар дин эканлигини таъкидлайди. Ҳозирда олимлар зардуштийлик динини ҳам самовий динлар қаторига қўшиб, уни монотеистик, яъни яккахудоликка асосланган дин сифатида эътироф этмоқдалар. Бироқ ҳозирга қадар бу диннинг муқаддас китоби ҳисобланган “Авесто” қайси тилда ёзилгани номаълум бўлиб, тарихий маълумотларга қараганда, эрамиздан аввалги VII-VI асрларда у форс тилига ўгирилгани, эрамизнинг XI асрига келиб эса, у эски форс тилидан янги форс тилига ўгирилгани айтилади. Назаримда, худди ислом дини пайдо бўлганида форслар шиа мазҳабига асос солганидек, зардуштийлик дини яратилганида форслар ўзларининг дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда уни ўзларига мослаштирган. “Авесто” сўзи қадимий маздапарастларнинг ўзигагина мансуб бўлиб, “а” артикули ва “виста” феълидан иборат. “Виста” сўзининг ўзаги “вид”, “ванд” бўлиб, маъноси “танимоқ”, “билмоқ”, “топилмоқ”, “кўринмоқ” кабидир. Ҳиндларнинг энг қадимий “Видо” (Веда) китобининг номи билан илдизи бир. Шу маънода “Авесто”ни “Огоҳнома” ё “Донишнома” маъносида тушуниш мумкин. Эҳтимол, зардуштийлик динининг муқаддас китоби ҳисобланган “Авесто” ҳам асли “Афасота”, “Афасато” деб номлангандир. Турли тарихий манбаларда Ёфас алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлгани эътироф этилган[15]. “Авесто”да эзгулик ва ёвузлик, тўғрилик ва эгрилик ҳақида, одам ва олам тарихи, табиат ва жамият тузилиши ҳақида маълумотлар берилган. Китобда эзгулик ва ёвузлик тимсоллари авеста тилида “Ормузд” ва “Ангра Майню”, паҳлавий тилида “Аҳура Мазда” ва “Ахриман” шаклида қайд қилинган. Ўйлашимча, авеста тилидагиси “Тангри (тўғри)” ва “Ангри (эгри)” маъносида, паҳлавий тилидагиси “Ах (Оҳ) ур, маза” ва “Ах (Оҳ) ур, ёмон” сўзларидан тузилган. Оташпарастлик динига кўра одамлар ўт-оловга сиғинишади, дея таъкидланади. Буни шундай тушуниш мумкин. Юқорида айтганимиздек, “Тангри” сўзи “танғири”, яъни “танғувчи, ўровчи, чулғаб олувчи” маъносида ишлатилади. Қуёш, осмон ана шу сифатга эга бўлгани учун қадимда туркий халқлар ва хитой халқи офтобни, кунни алоҳида қадрлашган. Шунинг учун “кун” сўзи “Тангри каби азиз ва мукаррам” деган маънода ишлатилган. Туркий тилда “кўкай” деган сўз одамнинг руҳини англатади. Худди осмон кўк дейилгани каби, одам кўкрагидаги руҳ, қалб, кўнгил қадим туркий тилимизда “кўкай” деб аталган. Бугун ҳам тилимизда қўлланувчи “Кўкайидан урди” деган ибора “юрагидан урди”, “яхши кўриб қолди” деган маънони англатади. Ўзбек тилидаги “кўнгил” сўзи, баъзиларнинг фикрича, икки сўздан (кўн+гил) ясалган. Яъни Тангри Таоло одамни гилдан яратгач, ўз руҳини гилга киришга ундайди, “гилга киришга кўн”, яъни “кўнгил” дейди, буни жозибали куй ёрдамида амалга оширади. Менинг ўйлашимча, кўнгил аввал-бошда “кунгил”, яъни “гилдаги кун”, “гил ичидаги зиё, ёруғлик, нур” маъносида қўлланган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмасдир.

Маълумки, Ёфас исми юнон ва лотин тилларида “Яфет, Яфит” дея талаффуз қилинади. Эрамизнинг IV-V асрларида, яъни буюк Турк ҳоқонлиги ташкил топишидан бир муддат аввал Марказий Осиёда қудратли эфталитлар давлати ҳукмронлик қилган. Бу давлат ҳатто Хитойга ҳарбий юришлар уюштирган. “Эфталит” сўзи “Яфет эли” деган маънога эга бўлиши мумкин. Бундан ташқари, “Италия” сўзи ҳам айни шу ўзакка қурилиб, аввал-бошда “Яф+итэли” бўлгандир, балки. Шунинг учун ҳам тарихда насроний динининг маркази бўлган Италия, қадимий Рим империяси Ёфас авлодлари ва туркий халқлар билан чамбарчас боғлиқ.

Турк халқининг ҳинд халқи ва Европа халқлари билан ўзаро алоқалари Нуҳ пайғамбар даврига бориб тақалиши табиий. Бунга яна қуйидаги далилларни ҳам келтирамиз. Ҳиндлар бирор кишига ҳурмат билан мурожаат қилганда “пандит”, поляклар “пан” дейди. Бу “афанди” сўзига мос, айни сўзнинг бироз ўзгарган шаклигина. Маълумки, “п” ва “ф” ҳарфлари ўзаро алмашинувчи ҳисобланади. Масалан, форс тилидаги “падар”, “пари” сўзлари инглиз тилидаги “father [фа’зер]”, “fary [фе’йри]” сўзларига мос келади. Қолаверса, баъзида “афанди” сўзи тилимизда “апанди” дея талаффуз қилинишини яхши биламиз. Форс-тожик тилидан олинган “панд” сўзи “ўгит, насиҳат” маъносини билдиради[16], яъни “афанди-пандитнинг сўзи, ўгити” демакдир. Бундан ташқари, маълумки, Шарқда ота сўзи исмдан сўнг айтилади, масалан, “Олма ота”, “Чўлпон ота”, “Одам Ота” ва ҳоказо. Ғарбда эса, аксинча, масалан, “ота Горацио”, “ота Филипп”, “Эдисон (Ада+сан, яъни Ота+ули) ва ҳоказо. Фаразимча, афсонавий “Эдип” (Шоҳ Эдип) сўзи “Ада+Апас”, яъни, “Ада+Ёфас” сўзидан келиб чиққан…

Маълумки, турк, хусусан ўзбек тилидаги феълларнинг аксарияти 2-3 товуш (ҳарф)дан иборат. Масалан, “ос, эс, ўс”, “оз, эз, ўз”, “ил, ол, юл, ўл”, “от, ют, ўт”, “теш, тош, туш”, “сот, сит, сўт”, “қир, қор, қур, қўр”, “қич, қоч, қуч” ва ҳоказо. Тўрт ва ундан ортиқ товуш (ҳарф)дан иборат феълларнинг аксарияти 2-3 ҳарфли феъллардан ясалган. Масалан, “йирт – йир”, “керт – кер”, “кўник – кўн”, “сина – син”, “сурка – сур”, “сўра – сўр”, “узай, узат, узан – уз”, “чайқа, чайна – чай”, “қизар, қизған – қиз”, “қирқ, қиртишла, қирчи – қир”, “қисқар, қиста – қис” ва ҳоказо. Энди ҳисоблайлик. Ўзбек тилининг лотин алифбосида жами 29 ҳарф бўлиб, икки ҳарфдан жами 400 га яқин сўз ҳосил қилиш мумкин. Шулардан ҳозирда атиги 100 га яқини, яъни 25 фоизи амалда фаол қўлланади. Худди шундай, уч ҳарфдан жами 4000 га яқин сўз ҳосил қилиш мумкин. Шулардан ҳозирда атиги 600 га яқини, яъни 15 фоизи амалда фаол қўлланади. Демоқчимизки, янги ўзак сўзлар яратиш орқали (бунда қадим туркий тилдаги ўзак сўзларни тиклаш ҳам назарда тутилади) ҳам тилнинг бойишига, ҳам тилни чет тилларидан кириб келаётган сўзлардан муҳофаза қилишга эришамиз. Масалан, “чат”, “чет”, “чит”, “чот”, “чўт” сўзлари фаол қўлланилади, худди шундай, “чут” сўзига ҳам бирор маъно юкласа бўлади.

Хуллас, ҳар бир инсон ўзлигини, ўтмишини, ҳаётдан мақсадини доимо англаши, ёдида тутиши керак. Бунда, табиийки, инсон онги ва ақлининг, хусусан, она тили ва адабиётнинг ўрни беқиёс. Зеро она тили ва адабиёт инсоният маънавиятининг кўзгуси ва уни шакл­лантирувчи восита бўлиб хизмат қилади. Худди жамиятда ҳар бир оиланинг равнақи ота ва онага боғлиқ бўлганидек, инсоният онгининг равнақи ҳам она тили ва адабиётга боғлиқ. Шундай экан, барчага тилни бузғувчилар, айирувчилар, йўқотувчилардан эмас, балки, аксинча, уни сақловчилар, бойитувчилар, уюштирувчилардан бўлишни тилаймиз.

 

Таҳририятдан

Фаррух Атаев – математик. Лекин тил ва адабиёт масалаларига қизиқади. Бадиий адабиёт таржимаси билан шуғулланади. Шекспирнинг “Макбет”, “Қирол Лир”, “Юлий Цезарь”, “Венециялик савдогар”, “Жанжалкашнинг тийилиши”, “Бўрон” драмаларини инглиз тилидан ўзбек тилига, ёзувчи Отаулининг “Туркистон ҳақида афсона” асарини ўзбекчадан инглизчага таржима қилган. Бу – илмий-ижодий ишларнинг барчаси унинг учун кўнгил иши: шундан завқланади, қалби ҳузур қилади…

Яқинда Фаррух Атаев таҳририятимизга каттагина бир мақола билан кириб келди. Унинг бир қисми адабиёт, яна бир қисми тил ҳақида. Унда дунё тилларининг пайдо бўлиш омиллари, уларнинг муштарак жиҳатлари, бир қатор туркий сўзларнинг бошқа тиллардаги сўзларга асос бўлгани ҳақидаги мулоҳазалар илгари сурилган. Мақолада сўзларнинг этимологияси билан боғлиқ баҳслашадиган ўринлар анчагина. Шу боис ҳам, таҳририят мутахассисларга мурожаат қилди. Профессор Қозоқбой Маҳмудов Фаррух Атаев “ҳавас ва интилиш”ларини қўллаб-қувватлади ва мақолани нашрга тавсия қилди. Профессор Боқижон Тўхлиев эса унга муносабатини таҳририят электрон почтаси орқали жўнатди: “Фаррух Атаевнинг мақоласи билан танишиб чиқдим. Мақолада янги ва яхши фикрлар анча. У журъатли таклифлари билан эътиборли. Фақат муаллифнинг филология соҳасидаги профессионал билимларининг етарли эмаслиги кўриниб қолган.

Мақолани жиддий тарзда таҳрир қилиб, қисқартирган ҳолда чоп этишни ўйлаб кўриш мумкин”.

Ниҳоят, таҳририят бироз “ўйлаб кўриш”лардан кейин ушбу мақолани қисқартирган ҳолда чоп этишга жазм этди. Лекин, бу дегани, Фаррух Атаевнинг кузатувларига тўла қўшилиш мумкин, дегани эмас. Мақолада баҳсталаб ўринлар кўп. Биз айнан шунинг учун ҳам уни эълон қилаяпмиз. Мақсад – журналхонларимизни мунозарага чорлаш. Ҳақиқат эса баҳсу мунозараларда қарор топади.

 

ҲАВАС ВА ИНТИЛИШ

Фаррух Атаевнинг ушбу мақоласи умуминсоний тараққиётдаги тарихий жараён, тил тараққиёти ва адабиётнинг инсон тарбияси ҳақидаги ўрни тўғрисида ҳаваскорлик асосида яратилган. Жумладан, туркий халқларнинг тарихига бағишланган фикрлар баён қилинган. Туркий халқлар тарихида этрусларнинг узоқ даврдаги тарихий жараёнларига ҳамда тилига бағишланган мулоҳазалар айтиб ўтилган. Тарихий адабиётларда этрусларга бағишланган асарлар кам учрайди. Заки Валидий Тўғоннинг қизи Валидева этруслар ҳақида илмий маълумотлар эълон қилган. Бу мақола муаллифи Атаев ҳозирги кундан уч минг йил аввал этруслар шимолий Италияга ўрнашгани ҳақида маълумот берган. Этруслар ўрнашган регионни “Этрускан” деб атаганлар. “Этрускан” сўзининг охиридаги иккита грамматик кўрсаткич, яъни, “этрус” сўзининг охиридаги “с” товуши, аслида, қадимги туркий тилларга хос кўплик кўрсаткичидир. “С” ундоши, аслида, “з” бўлган. “З” ундоши эса туркий халқларнинг аждоди сак халқларида кўплик кўрсатувчи грамматик белгидир. Сўз охиридаги -кан қўшимчаси жўғрофий ном ясовчи қўшимчадир. Буни исботловчи туркий халқлар ўлкаларидаги шаҳарлар: Абакан, Ўтикан, Ўзган, Наманган, Антикан (Андижон), Чимган (Чимён), Таркан (Тошкент), Шибирған (Афғон), Талқон каби топонимлар “этрускан” сўзига нисбатан этруслар туркий қавмга мансуб эканлигини исботлайди.

Муаллиф этруслар тилидан лотин тилига лингвист, лэнжвиж, литература каби сўзлар ўзлашган, деб кўрсатади. Бу каби лексик қатламни лотин тилига ўзлашганини исботлаш учун чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш талаб қилинади.

Тарихан туркий тилларда очиқ-ёпиқ бир бўғинли сўзлар ёрдамида жумла тузганлар…

Ушбу мақолада ҳавас ва интилиш билан ижтимоий ҳаётга оид кўп масалаларни олдинга сурган. Унда кўрсатилган кўпчилик ғоялар инсониятнинг манфаати учун хизмат қилади деб, қараймиз. Ва ҳаваскор ёш олим мазкур мақола орқали ўз ғояларини жамоатчиликка етказишни истайди. Шунга кўра, мақола нашр қилинса, жамоатчилик орасида ижобий мулоҳазалар уйғотади, деб ўйлаймиз.

Қозоқбой Маҳмудов,

филология фанлари доктори, профессор

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил, 2-сон.

—————-

[1] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – Т.: “Чўлпон”, 1994. 17-бет.

[2] The American Heritage College Dictionary. Houghton Mifflin Company. USA.: 1997. P. 779-792.

[3] Time Almanac 2000 with Information Pleace. Boston. USA.: 2000. P.: 120.

[4] The American Heritage College Dictionary. Houghton Mifflin Company. USA.: 1997. P. 763.

[5] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2 томлик. Москва, “Русский язык”, 1981. 117-бет.

[6] Ш.Раҳматуллаев. Ўзбек тилининг этимологик луғати. – Т.: “Университет”, 2000. 57-бет.

[7] Ўша асар. 449-бет.

[8] Ўша асар. 45-бет.

[9] Ўша асар. 47-бет.

[10] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – т.: “Чўлпон”,1994. 30-бет.

[11] Джавахирлал Неру. Взгляд на всемирную историю: – М.: “Прогресс”,1989. С. 52-53.

[12] Ўша асар. 61-62-бетлар.

[13] Time Almanac 2000 with Information Pleace. Boston. USA.: 2000. P.: 232-233.

[14] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – т.: “Чўлпон”,1994. 34-35-бетлар.

[15] Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. – т.: “Чўлпон”,1994. 34-35-бетлар.       

[16] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 2 томлик. М.: “Русский язык”, 1981. 570-бет.