Эрнест Миллер Хемингуэй – ХХ аср АҚШ адабиётининг ёрқин намояндаси. Нобел мукофоти соҳиби, дунё тилларига энг кўп таржима қилинган ва эътироф этилган «Фиеста», «Алвидо, қурол!», «Бонг кимни чорламоқда?», «Чол ва денгиз» асарлари муаллифи.
ХХ аср 30 – 60-йиллари авлодининг ҳаёт ва жамият, севги ва муҳаббат, адабиёт ва санъат ҳақидаги тушунчаларига, умуман, эътиқод ва дунёқарашига мазкур адиб шунчалик катта таъсир кўрсатдики, ижодига, асарларининг қаҳрамонларига, яшаш, гапириш ва сўз ишлатиш усулига бу даражада оммавий тақлид қилинган бошқа бир шахсни дунё адабиётида учратиш қийин. Бошқача айтганда, 30 – 60-йиллардаги зиёлилар, файласуфлар, оддий талабалар суҳбати Хемингуэй билан бошланиб, Хемингуэй билан тугарди. Шу сабабли уни Ғарбда образли қилиб «Бутун бошли авлоднинг чўқинтирган отаси» деб ҳам аташади. Адибнинг яшаш тарзи, уруш майдонларидаги, Куба чангалзорлари ва Африка чакалакларидаги саргузаштлари, ўзи яшаётган тузумга ва сиёсатга муносабати, матонат, ирода, ўзининг шахс, инсон сифатидаги мавжудлигини исботлаш, адабиётда ўз ўрнини топиш, оламшумул эътирофга эришиш йўлидаги мардонавор курашлари асарларидан ҳам кўра кўпроқ машҳур эди.
Бу адиб дунё адабиётида Жойс, Кафка, Камю каби адабий тасаввур чегараларини бузганлиги, услуби ёки жамият ва инсон моҳиятига қўйган янгича ташхиси билан эмас, услубининг оддий ва соддалиги, барча образларида уруш авлодининг ўй-кечинмаларини ҳаётий тарзда акс эттиргани, қаҳрамонлари ўз даврининг бадиий тимсоллари даражасига кўтарила олгани билан ажралиб туради. Унинг ижодий лабораторияси ёш ёзувчиларнинг ижод, адабиёт ва ҳаёт ҳақидаги тасаввурларини қувватлантирди, куч ва имконият бағишлади.
Америкалик адиб Эрнест Миллер Хемингуэй 1899 йил 21 июлда Иллинойс штатининг Чикаго яқинидаги Оук-Парк шаҳарчасида шифокор оиласида дунёга келди. Эндигина эсини таний бошлаганида отаси унга қармоқ совға қилади ва ўғлини ўзи билан бирга балиқ овига олиб чиқади. Шу тариқа балиқ ови Хемингуэйнинг бир умрлик эрмагига айланди. У машҳур адиб бўлиб танилганда ҳам дунё ғала-ғовурларидан қочиб денгиз ва дарё бўйларига кетиб қоларди. Адиб 1939 йилдан 1960 йилгача ХХ аср талотумларидан ўзини ва қалбини асраш ниятида Кубанинг овлоқ гўшасида умрини асар ёзиб, балиқ овлаб ўтказди. У чексиз уммонга қараб туриб ҳаёт ва тириклик ҳақида хаёл сурган, бепоён уммондан тирикликнинг моҳиятини англашга уринган ва топган ҳам.
Отаси Кларенц ва бобосининг таъсирида Эрни табиат ошуфтаси, саргузаштталаб йигит бўлиб вояга етди. Эрни нафақат уста балиқ овчиси эди, балки ўрмондаги ҳар бир дарахтни, гиёҳни, ҳиндулар ва атрофидаги турли соҳа одамларини, камбағаллар, деҳқонлар, чорвадорлар ҳаётини яхши биларди. Отаси унга табиатни томоша қилишни эмас, ўқишни, табиат билан инсон уйғунлигини ҳис этишни ҳам ўргатганди. Кейинчалик Эрнестнинг кўплаб ҳикояларига қаҳрамон бўлган Ник Адамс образи, аслида, отасининг прототипи эди. Бевақт ўлимидан сўнг ҳам Эрнест Хемингуэй адабий қаҳрамони Ник Адамс қиёфасида отасини бир умр ўзи билан бирга олиб юрди, у билан суҳбат қурди, у билан маслаҳатлашди, у билан ҳаёт ҳақида мунозараларга киришди. Бир сўз билан айтганда, Ник адибнинг адабий отасига айланди.
Табиат қўйнида ва отасининг ундови билан бокс спортида чиниқиб улғайган Эрнест мактабни ёзувчи бўлиш ҳақидаги қатъий қарор билан тугатди. Унинг дунёга айтадиган гаплари кўп эди. Шу сабабли ота-онаси қанчалик талаб этмасин, университетга ўқишга кирмай, ўз омадини репортёр-журналист сифатида синаб кўришга қарор қилди. Канзас-Ситига бориб маҳаллий «The Kansas City Star» газетасига ишга кирди. Газета уни қисқа, лўнда, аниқ ёзишга ўргатди. Бу эса кейинчалик унинг ижодида бутун умр асқотди.
Бу пайтда Европада уруш кетарди. Саргузаштталаб ёш Эрнест урушга худди спорт мусобақасига кетаётгандай интиларди. «Мен ғирт аҳмоқ эдим. Ўша пайтда урушаётган иккита томонни иккита спорт жамоаси деб тасаввур қилардим ва шу ўй билан урушга отландим», – деб ёзганди анча йиллардан кейин. Ўзи айтганидек, «ғирт аҳмоқлик пайтида» урушга бориш учун ариза берди. Аммо кўриш қобилияти пастлиги боис аризаси инобатга олинмади. У бундан ўзини камситилгандай ҳис этди, биринчи марта шахс ва инсон сифатида таҳқирлангандай сезди. Айнан ана шу таҳқир туйғуси унга ўзини кўрсатиш учун куч ва қувват бағишлади. Қандай қилиб бўлса ҳам урушда иштирок этиш, ўзининг бошқалардан каммаслигини исботлаш истаги унга тинчлик бермасди. Ниҳоят, у Қизил хоч жамиятига кўнгилли бўлиб ишга киради ва ҳайдовчи сифатида Италияга – Биринчи жаҳон уруши аланга олган мамлакатга жўнаб кетади. У урушни кўриб ўзи фикр қилганидек «спорт ўйини» эмас, балки бошида турганлар ва ўйлаб топганларнинг мудҳиш жинояти эканига амин бўлди. Унинг алданган тасаввури бу ҳақиқатни бутун инсониятга етказиш ниятини пайдо қилди. Уруш қаҳрамонлик майдони эмас, балки инсонни хўрлайдиган, уни тубанлаштирадиган, дунёдаги жамики эзгуликка қарши қаратилган энг қабиҳ ҳаракатдир. Бу унинг ҳаётдаги биринчи сабоғи эди. Айни шу сабоғи дастлабки иккита йирик романи яратилишига туртки берди. Бу асарларида урушга бўлган бор нафратини баён қилди.
У уруш асоратининг нафақат руҳий азобларини, балки жисмоний оғриқларини ҳам бошдан кечирди. Ярадор италян аскарини қутқараман деб минага дуч келди ва нақ 227 жойидан жароҳат олди. Бу ҳақда яқинларига йўллаган хатида: «…танамга худди 227 та иблис тирноғи ботиб тургандай…» – деб ёзганди. Шифокорлар унинг танасидан 22 та ўқ парчасини териб олишади. Аммо уларнинг яна бир қанчаси қолиб кетди ва адибга бутун умр азоб бериб ўтди. Ёш Эрнининг уруш ҳақидаги тасаввури ана шу тариқа ўзгарди: энди уруш унинг тасаввуридаги иблисга айланади ва бир умр бу иблисни асарлари орқали фош қилиш билан шуғулланади.
Биринчи жаҳон уруши ва ундан кейинги йилларда ўзи бошидан кечирган, ўзини ларзага солган туйғуларини, кечинмаларини изма-из босилиб чиққан иккита романига сингдиради. Дастлаб «Фиеста» романи «Қуёш барибир чиқаверади» номи остида босилди. Бу асар журналист Хемингуэй номини бутун Америкага машҳур қилиб юборди. Кейинги «Алвидо, қурол» романи эса адибни Европага ҳам танитди.
«Фиеста» асарига Гертруда Стейннинг «Сизлар завол топган авлодсиз!» деган машҳур ибораси эпиграф қилиб олинган, асарда ҳам айни шу «завол топган авлод»нинг ботиний дунёси ҳақида ҳикоя қилинади. Адиб унда урушга ўрганган ва урушсиз яшай олмай қолган авлоднинг урушсиз дунёда ўзлигини топиш машаққатларини акс эттиради.
Уруш бу авлоднинг барча нарсасини: муҳаббати, туйғулари, инсоний қиёфаси, кўнгли, маслаги ва эътиқодини тортиб олди. Мазкур фазилат ва хислатлардан маҳрум авлод энди урушсиз, тинч ва осуда ҳаётда ўзини топа оладими? Асарда ана шу саволга жавоб қидирилади ва барча эзгу фазилату хислатлардан маҳрум авлод руҳиятининг аянчли манзаралари ғоят таъсирчан усулда кўрсатиб берилади.
Завол топган авлод бу – уруш туфайли сўнган умидларини қайта тиклолмаган, урушдан кейин ҳаётдан мазмун, қувонч тополмаган, эртанги кунини қайта яратолмаган авлод.
Асар қаҳрамонларининг деярли барчаси урушда иштирок этган ва унинг асоратларини кўнгилларида асраб юрибди. Бошқача айтганда, уруш ҳали ҳам уларнинг кўнглини ва ҳаётини бошқаришда давом этяпти. Асарда ичкилик, кўнгилхушлик билан боғлиқ саҳналар жуда кўп учрайди. Чунки бу авлод уруш асорати ва ваҳимасини маишат, ичкилик, кўнгилхушлик билан енгишга уринади. Аммо ичларига кириб олган Иблис уларни тарк этмайди. Чунки мажруҳ кўнгиллари ичларидаги бу иблисни енгишга ожиз. Бу авлоднинг ахлоқий қарашлари ҳам путурдан кета бошлаган. Қаҳрамонлардан бири Майкл севган аёлининг хиёнатига ҳам ота-боболари каби муносабат билдирмайди. Аксинча, хиёнат қилган маҳбубасини тушунишга, унинг хиёнатларини оқлашга уринади. Уруш бу авлоднинг нафақат инсоний шаънига, ғурурига, ахлоқий тушунчаларига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Роман айни шу маънода Ғарб маънавий оламининг тубанликка, йўқликка юз тутаётганини, путурдан кетган ахлоқ, шаън, ғурурни реал воқеликда аниқ тасвирлаб берган дастлабки асарлардан эди.
«Фиеста» урушнинг маънавий асоратлари ботқоғига ботган авлод ҳақида бўлса, 1929 йили босилиб чиққан «Алвидо, қурол!» романи бевосита урушнинг ўзи тўғрисида. Асарда уруш ва муҳаббат қарама-қарши қўйилади. Аслида, ёзилиш вақтига кўра эмас, маъно ва моҳиятига кўра «Алвидо, қурол!» романи «Фиеста» асарининг бошланиши, муқаддимаси эди. «Фиеста» романидаги воқеалар «Алвидо, қурол» романининг давомидай таассурот қолдиради.
Асар қаҳрамони Фред Генри уруш даҳшатларидан, уруш қабиҳликларидан қочиб ўзини севган қизи Кэтрин Баркли қалбига яширади. Бошқача айтганда, уруш жароҳатлаган, майиб қилган қалбини Кэтринга бўлган муҳаббати билан даволайди. У ана шу яширинган муҳаббат ва севги маконида ўзини ҳақиқий одамдай ҳис этади, инсоний туйғуларни бошдан кечиради. Адиб бу билан муҳаббатгина уруш зада қилган, ўлдирган қалбни тирилтиради, инсонга куч ва завқ бағишлайди дейди. Асарда ХХ аср одамининг қисматини белгилайдиган иккита қутб бор: уруш ва муҳаббат. Қайси бирини танлаш одамнинг ўз қўлида. Фақат муҳаббатгина инсоннинг қўлидан қуролни тушириши, уни умумбашарий уйғунликка, умумбашарий яхлитликка ва бирдамликка олиб келиши мумкин. Фақат муҳаббатгина бугунги уруш билан ўзини кўрсатаётган, уруш билан мавжудлигини исботлаётган, уруш билан зада қилинган, алам ва нафратга тўла, лойқаланган, саёзлашган кўнгилни иситиб, уни яна ҳаётга, илоҳий уйғунликка қайтара олади. Бир томондан уруш манзаралари, иккинчи томондан муҳаббат саҳналари, кечинмалари тасвирлангани асарда бу икки қутбни бир-бири билан қиёслаш имконини беради. Асарда уруш очиқчасига, ошкора лаънатланмайди, Хемингуэйга хос услубда, тагматнда уруш фожиаси ва муҳаббат тараннуми қиёсланади. Адиб бу билан хулосани ўқувчининг ўзига қолдиради.
Уруш урушлигини қилди, Генридан муҳаббатини ҳам тортиб олди. Яъни Кэтрин вафот этди. Оқибатда бу дунёда Генри беркинадиган, уни уруш ваҳимасидан омон сақлайдиган, жароҳатланган қалбини даволаб, қутқариб қоладиган бошқа куч, ўзга макон қолмайди. Уруш муҳаббатни ўлдиради. Уруш завол топган авлод вакилини енгади. Бу роман қаҳрамонларининг руҳий-маънавий кечинмалари, гарчи исм-шарифлари бошқа бўлса-да, олдинроқ чоп этилган «Фиеста» романида давом этади. Бу икки асар Эрнест Хемингуэйни дунё миқёсидаги адиб даражасига олиб чиқди.
Отаси Эрнининг кўнглида ов билан бирга боксга ҳам қизиқиш уйғота олганди. Шу боис бокс ҳам унинг доимий машғулотига айланади. Кубада яшаган йиллари бу мамлакатдаги барча номдор боксчилар билан рингда жанг қилди. Ўзининг ибораси билан айтганда, адабиёт ҳам унинг учун бокс майдони эди. Адибнинг фикрича, бу рингда ҳам ё ғолиб, ё мағлуб бўлиб майдондан чиқиларди. Умуман, адиб учун ҳаётнинг ўзи ринг эди. У кейинчалик шундай ёзганди: «Мен жаноб Тургеневни бир неча уринишда йиқитдим. Кейин жаноб Мопассанни ҳам, анча қийин кечган бўлса-да, барибир таслим қилдим. Жаноб Стендал билан икки марта дуранг бўлдик, бироқ сўнгги раундда очколар ҳисобига мен ғолиб чиқдим. Жаноб Толстой билан эса рингга чиқишни хаёлимга ҳам келтирмадим».
Хемингуэй ўз замондошлари бўлган Кафка, Жойс, Пруст билан ҳам рингга чиқишга уринган. Бироқ у адабиётга кириб келган ва айни кучга тўлган пайтда бу адиблар адабиёт рингининг қироллари сифатида тан олинган, уларнинг кураш услублари ҳам бўлакча эди. Шу сабабли Эрнест мазкур адибларни рингга чақириб ўтирмади. Бироқ замондоши ва дўсти Скотт Фитсджеральд билан ҳар китобида очиқчасига адабий рингга чиқиб турган. Буни Фитсджеральдга ёзган хатлари ҳам тасдиқлайди. 20 – 30-йилларда бу икки адиб Америка адабиётида дўст, айни пайтда, рақиблар сифатида баҳоланарди.
Эрнест Хемингуэй сўз рингида ҳамиша ғолиб бўлишга интилди, бироқ баъзида ўзини енгилган деб ҳисоблар, тушкунликка тушиб ҳаммасини бошқатдан бошлаш учун ўзини янгидан-янги эрмаклар, машғулотлар, хатарли ўйинлар ва саргузаштларга урарди.
Хемингуэйнинг қисқа ифода этиш ва баён қилиш, маънони матн остига яшириш усули «телеграф услуб» деб атала бошланди ва бу адабиётда янги услуб сифатида эътироф этилди. Аммо бу эътирофга эришгунча адиб машаққатли йўлни босиб ўтди, ёзиш заҳмати ва уқубатини бошдан кечирди, шу билан бирга, бир умр ўзининг истеъдоди ва маҳоратига ўзи шубҳа қилиб яшади. Фолькнер у ҳақда: «Мағлубиятлардан пайдо бўлган адиб», – деганди. Чунки Хемингуэй машҳурлик ва эътирофга, шуҳрат ва эътиборга ўз иродаси билан эришган. Унинг ёзганлари ўзининг ҳис этганлари, кўрган-кечирганлари, ҳаёт ва олам ҳақидаги қарашларининг ифодаси эди. У кўрмаган, ўзи гувоҳ бўлмаган воқеалар, ҳодисалар ҳақида ёзолмасди. Барча асарларида битта нарсани – ўзи кўрган-кечирганлари, гувоҳ бўлганларини, ўз кўнглининг тарихини, ўзининг шахс сифатидаги ботиний таржимаи ҳолини тасвирлаб берарди. Шу сабабли Эрнест Хемингуэй асарлари, аслида, адибнинг бадиийлашган автобиографиясидир. Ҳатто маълум маънода фантастик унсурлар аралашган, романтик руҳ уфуриб турган, адибни Нобел мукофоти шоҳсупасига чиқарган «Чол ва денгиз» қиссаси ҳам ўзининг бир пайтлар ов маҳали қармоғи акула жиғилдонига тушиб қолиб, адибни қайиғи билан қўшиб бир неча милга судраб кетган, акулани отаман деб оёғига жароҳат етказган воқеанинг таъсирида дунёга келганди. Нима бўлган тақдирда ҳам, асарлари Хемингуэйни фақат адиб сифатида эмас, шахс сифатида шаклланишига-да туртки берди. Бошқача айтганда, Хемингуэй қиёфасида шахс ва адиб бир пайтда шакллана бошлади.
«Фиеста» ва «Алвидо, қурол!» романлари билан Хемингуэйнинг кўнгил захираси ҳам тугаганди гўё. Унга ўзини ларзага солиш, мудраётган қобилиятини ҳушёр торттириш, бутун шуурини янги асарга сарфлаш учун янги саргузашт керак эди. Шу боис адиб ўзидаги мудраб қолган ижодий кучни уйғотиш учун Африканинг Сафарисини кезиб чиқади, Испаниядаги фуқаролар урушида иштирок этади. Машаққатли сафар, бир неча марта ўлим билан юзма-юз келишлар, ниҳоят, унинг илҳом қувватини уйғотди. Натижада 30-йилларга келиб унинг кетма-кет иккита романи босилиб чиқди. Испаниядаги урушга бағишланган «Бонг кимни чорламоқда?» романи бошқа асарларига ўхшамаган, адиб ижодининг янги қирраларини намоён қилган асардир. Бу романда адиб онгости кечинмалари услубини ўзининг телеграф услуби билан бирлаштиради ва янги тасвир имкониятига эришади.
Эрнест Хемингуэй номи ҳамиша модернистлар сафида саналмаган, унинг ўзи ҳам адабиётда модернист бўлишни истамаган. Америка модернистларининг бекаси Гертруда Стейн хоним Хемингуэй ҳақида: «У қанчалик замонавий бўлишга интилмасин, ёзганларидан музей ҳиди келади», – деганди. Аслида, Хемингуэй шакл ёки адабий услублар яратиш учун асар ёзмаган, балки инсон дарди ва қалбини баён қилиш мақсадида ўзига хос янги шакллар излаган. «Бонг кимни чорламоқда?» романи бу борада таҳлил ва талқинлар учун бой. Бу ерда онгости кечинмалари ҳам, оддий баён ҳам, адибга хос тагматну телеграф усули ҳам қоришиқ келади.
Хемингуэй бир умр асарлари орқали ўзи йўқотган ҳисларни, орзуларни, туйғуларни ва маънони излади. Чунки ўзининг ҳаёти ҳам асарларида ёзган, тасвирлаган, тараннум этган матонат ва қаҳрамонликка тўла эди. Туғма шапкўрлиги, Биринчи жаҳон урушида орттирган саноқсиз жароҳат ва чандиқлари унинг руҳини синдиролмади. Бу фалокатлар охиргиси ҳам эмасди. У хатларидан бирида: «Танам оғриб турмаса, ўзимни одамдай ҳис қилмайман», – деб ёзган. У ўз танасига оғриқ бериб, азоблаб ҳаётнинг, қисматнинг азобини ҳис этар ва бу оғриқлари янги асарлар қиёфасида пайдо бўларди. Гўё адиб ўзини азоб-уқубатга, оғриқларга буркаш орқали вужуди конларидан адабий куч ва тимсоллар қазиб олаётгандай эди. Хемингуэй ҳаётидан ва руҳий дунёсидан хабардор бўлган кишида у ўзини онгли равишда жароҳатларга гирифтор айлаш орқали танасини адабиётга қурбон қилгандек таассурот уйғотади. Унинг таржимаи ҳоли шундай хулосага тўлиқ асос беради.
Навбатдаги асарини ёзиб бўлиши билан яна саргузаштга, сайёҳатга йўл оларди. Жароҳатлар, ҳалокатлар, касалликлар уни чўчитолмасди. Танаси ҳар жароҳат олганда у янги саргузаштларни ўйлаб топарди.
1930 йили ўз автомобилида юк машинаси билан тўқнашиши оқибатида чап қўлининг суяклари майдаланиб кетади. Натижада ўн марта жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлади. 1944 йили эса Англияда ҳарбий мухбир бўлиб ишлаб юрганида машинаси сув тўла бочка билан тўқнашади ва адибнинг юзини ойна тилимлаб ташлайди. 1945 йили ҳарбий аэродромда яна автоҳалокатга учрайди. Бу сафар боши дарахтга урилиб, мияси чайқалишидан анча пайтгача азият чекиб юради. 1949 йили балиқ овида чап кўзини жароҳатлаб олади, докторлар унга бу кўзи бошқа кўрмаслигини айтишади. 1954 йили эса хотини Мэри билан Африка чакалакзорида авиаҳалокатга учраб йиртқич ҳайвонлар орасида қолиб кетади. Бу пайтда бутун дунёга Нобел мукофоти соҳиби ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқалиб улгурганди. Шифохонада ўзи ҳақидаги турли таъзияномаларни ўқиб Хемингуэй шундай деганди: «Мен ҳам бу даражада қойилмақом қилиб ёзолмайман!»
Умуман, адиб ҳаётлиги пайтида унинг ўлгани ҳақида икки марта хабар тарқалган. Ҳар иккала хабарни ҳам адиб ҳазил-мутойиба билан қарши олади.
1951 йили дунёга келган «Чол ва денгиз» асари адибни дунё адабиётининг улкан намояндаларидан бирига айлантирди. Ҳажман кичиккина қиссада бутун бир асрга татигулик инсон ҳаёти, матонати, кураши, мағлубияти ва иродаси бадиий тараннум қилинганди. Адиб дастлаб асар қаҳрамонлари билан кўплаб образлар иштирок этадиган, кўплаб воқеалар юз берадиган йирик роман ёзиш ниятида эди. Аммо кейинчалик бу фикридан қайтди. Асарни ҳикмат-қиссага – ҳаёт ҳақидаги ҳикматга, ҳикмат-тимсолга айлантиришга уринди, бунинг уддасидан чиқди ҳам. Асар чинакам ҳикматга айланди. Асар сюжети «Библия» ҳикматлари билан ҳамоҳанг. Балиқчига шогирд тушган боланинг исми – Манолин. Бу исм «Библия»даги Эммануэл, яъни Исо пайғамбар исмининг қисқарган ва замонавийлашган шаклидир. Сантяьго исми эса ўз тақдирини яратишга киришган ва шу сабабли ўз пешонасига битилганларга қарши исён қилган «Библия»даги Яковнинг испанча номланишидир. Қария овга чиқадиган уммон – маънавий, руҳий дунёнинг, қолаверса, инсоният яшаётган ва ўз ризқи ҳамда ўрнини топишга уринаётган бепоён оламнинг тимсоли. Ана шу улкан бўшлиқ ва кенглик ичида одам ўзини, ўзлигини топиши, тақдирини яратиши, орзусига эришиши, бу кенгликни ўзига бўйсундириши, шу ёввойилик, хаос, бўшлиқ, умидсизлик ичида Яратганнинг руҳини, Тангрининг тажассумини топа олиши ва уни ўзиники қилиши керак. Балиқ образи биринчи қарашда фақат балиқ, аммо ҳикмат нуқтаи назаридан олинса, бу образ инсоннинг ичида бўй кўрсатадиган Яратганнинг қиёфаси, Худога бўлган ишонч ва эътиқод тимсолидир. Агар инсон тириклик кенглиги ва уммонида ўзини тополмаса, унда яшашдан ва ҳаётдан ҳеч қандай маъно йўқ. Инсон ана шу бўшлиқдан, ана шу ёввойи қонунлар ҳукм сурадиган уммондан ўз улушини ажратиб олиши, беадад кенглик ва ёввойиликдан маънан, руҳан устун бўлиши, уммонни ўзининг матонати билан енгиши керак. Сантьягони бошқалар каби майда-чуйда, фақат қорин тўйғизадиган балиқлар – кичкина улушлар қизиқтирмайди. У улкан балиқни, улкан улушни кўзлаб овга чиққан. Парчаланган шахс бўлишни истамайди, бутун шахс бўлиш ниятида. Шунинг учун бошқалар ҳали тутолмаган балиқни тутишга интилади. Асарнинг моҳияти ҳам шунда. Катта шахс бўлиш истаги ва машаққати ҳақида. Ўз кучи, матонати билангина катта балиққа – катта шахс, катта инсонга хос улушга эга бўлиш мумкинлиги тўғрисида. Улуш маънавий уйғониш, эътиқоддаги адашишлар ва узоқ курашишлар, акула қиёфасидаги шайтоний юҳолардан сўнг, шунда ҳам фақат устухон кўринишида Сантья-
го, яъни инсон ҳаётида бўй кўрсатади. Асар бошида Сантьяго Яратганга ишонмаслигини билдиради, аммо чексиз океанда, йиртқичлар қуршовида қолганида беихтиёр муқаддас китобдан олинган дуони ўқийди, яъни имон келтиради. Сантьяго балиқнинг фақат устухонини қирғоққа олиб келади. Бироқ одамларни Яратганга ишонтириш учун шунинг ўзи етарли эди. Балиқ устухонини кўрган Манолин, яъни асардаги Исо образи энди Сантьяго билан уммондан ўзликни топиш учун овга бирга чиқишини билдиради. Муҳими ҳам шу – одамнинг ўзига ва Яратганга ишончи эди. Сантьяго рўёлар уммонидан ўша ишончни, улкан балиқни овлаб келганди. Бу ёғига энди янги давр бошланади. Океанда янги балиқлар пайдо бўлади, уларни овлаш учун янги авлод келади. Бу янги даврни бола Манолин бошлаб беради. Шу тариқа асарда инсониятнинг кечмиши, эътиқоди, ҳаёти ва вазифаси ҳикматга, тимсолга айланади. «Чол ва денгиз» асари кўплаб шарҳларга, талқинларга изн беради. Бироқ, энг муҳими, унинг бадиий кашфиёт ва маънавий ҳикмат-асар эканлигидадир.
Иккита жаҳон уруши, қирғинлар, бутун дунёни ларзага солган зулм ва зўрликлар, турғунликлар, оммавий қирғин қуроллари, инсон эркини кишанлаб ётган қамоқхоналар, лагерлар – барчаси инсонни хўрлашга, уни букишга, ундан барча нарсани тортиб олишга киришган пайтда инсон иродасига ишонч билан суғорилган бу асар чоп этилди. Бир неча ойда дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинди ҳамда ХХ асрнинг нодир бадиий намунаси сифатида эътироф этилди.
Гарчи адибнинг ўзи: «Мен оддий балиқ, оддий денгиз, оддий балиқчи ва оддий бола ҳақида ёздим», – деган бўлса-да, асарни турли даврларда, ҳар хил давраларда турлича шарҳлаш бошланди. Сантьяго, балиқ, бола, акула тимсоллари янгидан-янги талқинларга туртки берди.
1952 йили айни шу асар учун Эрнест Хемингуэйга Нобел мукофоти тақдим этилди. «Чол ва денгиз» қиссасидан сўнг адиб бор-йўғи битта асар яратган.
У Америкада туғилди, бироқ умрининг кўп вақтини Кубада, Испанияда, Парижда ўтказди. Адиб табиатан ирқларни, диний бўлинишларни, давлатлар ўртасидаги чегараларни маънавий нуқтаи назардан тан олмайдиган эркин одам эди. АҚШнинг энг катта душманлари билан ҳам самимий дўст бўлиб кетаверарди. Табақа, синфлар, сиёсий қарашларнинг унга алоқаси йўқ эди. Инсонийлик, ҳалоллик, самимийлик ва ҳаққонийлик адиб учун ҳурмат қилишга, эҳтиром кўрсатишга, дўст-биродор бўлишга арзийдиган фазилатлар эди. Кимки шу хислатларга эга бўлса, у адибнинг яқини ва маслакдошига айланарди. Барчадан ана шу фазилатларни талаб қиларди.
Умрининг охирги йилларида, айниқса, Кубадаги сиёсий ўзгаришлардан сўнг Эрнест Хемингуэй АҚШ сиёсий қарашларига зид равишда янги тузум билан дўстона алоқа ўрнатди. Бу эса АҚШ ҳукуматига ёқмади.
Айнан шу йилларда Хемингуэй ўзини кимлардир кузатаётганидан шикоят қила бошлади. Бу жуда ғайритабиий эди. Эрнест Хемингуэйнинг бировдан яширинча ҳаёти йўқ, бирон сиёсий оқимга ҳам мансуб эмас. Шу сабабли уни кимнингдир кузатишига ҳожат йўқ эди. Аммо адиб барибир тез-тез хавотирини баён қила бошлади. Унинг бу шубҳасини руҳий касалликнинг бошланиши деб ҳисоблашди ва уни АҚШга олиб бориб шифохонага даволаниш учун ётқизишди. Хемингуэй она юртида ҳам тинчлик топмади. Унинг хавотир ва ваҳима касаллиги тузалмади. Эрнест Хемингуэй ўзини МРБ (Марказий разведка бошқармаси) кузатаётгани ҳақида қайта-қайта таъкидлай бошлади. Натижада адибга руҳий касал деган аниқ ташхис қўйилди.
Умуман, дунё адабиётида ҳам адиб, ҳам шахс сифатида унинг ўрни ўзгача. Чунки кетма-кет авто ва авиаҳалокатларга йўлиққан, иккита жаҳон урушини кўрган ва уларда ҳам сон-саноқсиз жароҳат олган, уч марта бурнини кесиб қайта тиклатган, бир неча марта мияси чайқалиши натижасида уқубатлар чеккан, инсон ва ҳаёт моҳиятини излаб гоҳ Американи, гоҳ Европани, гоҳ Африкани, гоҳида ўз жонини гаровга қўйиб океанларни, ёввойи чангалзорларни, жазирама саҳроларни кезиб чиққан, йиртқич ва ваҳший ҳайвонлар билан юзма-юз келган, улар билан олишган, Африка ва Кубанинг ўта хавфли юқумли касалликларини бошдан кечирган, хафақон ва диабет касалликларидан азоб тортган, бир сўз билан айтганда, ҳамиша ҳаёти қил устида турган, бир умр фалокат, ўлим, оғриқ, жароҳат билан олишиб, шундан завқ олиб яшаган, бу завқларини инсон матонатини куйлаган бадиий қасидаларга айлантира олган бошқа бир адиб жаҳон адабиётида учрамайди.
Хемингуэйнинг ҳаёти ҳам худди бадиий асар каби якун топди. Эрнест 12 ёшга етганда бобоси унга 20-калибрли милтиқ совға қилганди. Милтиқ ўшанда болаликка, беғубор тасаввурларга чек қўйган. Эрни милтиқ билан бирга бирдан катта бўлиб қолганди. Милтиқ Хемингуэй номли асарга олиб кирилганди. Кейинчалик эса милтиқ адибнинг ҳаётига ҳам чек қўйди. Бу ерда Чеховнинг машҳур иборасини эслашнинг ўзи кифоя: «Пьеса бошида милтиқ кўриндими, асар охирида албатта отилиши керак!» Эрнест Хемингуэй Чеховнинг бадиий детал ҳақидаги фикрини ўз ҳаёти билан тасдиқлади. 1961 йил 2 июлда – 62 ёшга киришига 19 кун қолганда Эрнест Хемингуэй АҚШда ўз уйида вафот этди.
Ўтган асрнинг 80-йилларида МРБ (Марказий разведка бошқармаси) архивидаги маълумотлар ошкор қилинганда ҳақиқатан ҳам махсус хизмат ходимлари Эрнест Хемингуэйни узоқ йиллар кузатиб юргани, унинг ҳар бир қадами, ҳаракати, телефонлари ҳатто касалхонада ётганда ҳам текширилиб, эшитилиб тургани маълум бўлди. Буюк адиб эса буни ўз вақтида доҳиёна иқтидори билан ҳис этганди. Аммо унга ишонишмаган…
Назар Эшонқул