Омонулла Файзуллаев. Ёзувчининг илмий фантазияси

(Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” романи ҳақида)

ДАСТЛАБКИ МУЛОҚОТ ТААССУРОТЛАРИ

Амстердам аэропортидан Тошкентга жўновчи самолётга чиқдим. Чиптамдаги жой рақамига қараб менга тегишли ўриндиқни топдим ва ўтирдим. Қўшним кўзимга жуда иссиқ кўринди. Ё ажаб: Бу Чингиз Айтматов-ку, дедим ўзимга ўзим, ҳаяжонланиб. Миямда икки хил ҳис пайдо бўла бошлади. Бир томондан, шундай буюк шахс билан саккиз соат ёнма-ён ўтириб суҳбат қуриш ниҳоятда оғир ва маълум маънода жавобгарлик эканини борган сари кўпроқ сеза бошладим. Иккинчи томондан, менга бу кишини худо берди, аста-секин суҳбатлашиб борамиз, натижада албатта хурсанд бўлсам керак, деб хаёлимдан ўтаётувдиямки, иккаламиз самолётда, одатда бўладигандек, дарров апоқ-чапоқ, саломлашиб, ҳол-аҳвол сўраб кетдик. Ҳалиги ҳаяжон мен сезмаган ҳолда кўтарилди-қўйди.

Суҳбатимиз асосан адабиётдан бошланди. Ҳозирги замондаги Марказий Осиё халқлари адабиётлари ҳақида фикр алмашиб олдик. Сўнгра Шарқ адабиётига ўтдик. Ва ниҳоят жаҳон адабиёти ҳақида сўз борди. Турган гап, у кишининг бу соҳада жуда катта билимдонлиги суҳбат давомида сезилиб турар эди.

Икки-уч соатдан кейин Марказий Осиё фани, унинг тарихи ва ҳозирги замон ютуқлари ҳақида гап кетди. Суҳбатнинг асоси Шарқ фани ва Ғарб фани орасидаги муносабат бўлди. Мен Шарқ илмининг жаҳон тамаддуни тарихидаги мавқеини сал ошириб юборганлигимни у кишининг кўзлари менга тикилиб қолганиданоқ сездим.

Чингиз Айтматов: – Гапингиз умуман тўғри, бизнинг ҳудудларда маънавий билимлар, табиатшунослик кўп ривож топган. Лекин техникавий ва технологик фанлар назарияси ва амалиёти-чи? – Масалан, буғ машиналари, паровозлар, электр станциялар, автомобиллар, самолётлар, радио-телевидение ва бошқалар қаерда яратилган. Яхши, алгебрани, геодезияни, фармакогнозияни, стереография назариясини Шарқ берган, деяпсиз. Бу – тўғри гап, уни жаҳон олимлари тан олган, лекин, дастлаб “Физика” рисоласи, Архимед қонуни, мумтоз механика, оптика, нисбийлик назарияси, эволюция назарияси, кимёвий элементлар жадвалларининг ватанлари қаерда? Сиз хронологик жиҳатдан маълум маънода ҳақлисиз. Шунинг билан бирга таъкидлаб ўтиш керакки, Ғарбда ҳам кўпинча оврўпоцентризм деб аталувчи хато ва зарарли қарашлар кўп учрайди. Улар Ғарб илмининг аҳамиятини мутлоқлаштирмоқчи бўладилар, Шарқнинг жаҳон фанига қўшган ҳиссасини тан олгилари келмайди. Бу – нотўғри, албатта. Шарқ ва Ғарб деганда макон замонсиз тасаввур қилинади-ку, ахир. Шунинг учун менинг таклифим ва тавсиям: бир бутун жаҳонни иккига бўлиб, бир томонлама мутлақлаштириш тўғри бўлмайди. Жаҳон тамаддуни поғоналари дунёнинг ҳар хил жойида, умуман, ҳар хил замонда пайдо бўлган ва умум ҳолда ривожланган. Шу билан бирга айтиш керакки, Шарқнинг жаҳон фани ривожидаги роли, аҳамияти ҳануз тўла-тўкис очиб берилгани йўқ, бизда ҳам, бутун дунёда ҳам1 . Бу вазифа фақат тарихнавис олимларга эмас, балки турли соҳада бугунги фанни ривожлантираётган мутахассисларга ҳам тааллуқлидир. Яна уч нарсага эътибор бериш масалани янада ойдинлаштиришга ёрдам беради; биринчиси – Шарққа Япония ҳам киради, Ғарбга Америка ҳам киради; иккинчиси – Ғарб фани Шарқ фанига қараганда тезроқ ва юқори даражада ривожланган; учинчиси – Шарқ фани тарихини ўрганиш Ғарб фани тарихини ўрганишдан орқада қолмоқда. Улар бизга қараганда жуда кўп иш қилишди; чуқур ва кенг тадқиқотлар ўтказишди, кўплаб китоблар ва журналлар нашр этишмоқда. Борингки, Космосни ўрганишда улардан ташқари, тарихан бизларнинг ҳам ҳиссамиз катта-ку. Вазифа битта – бизлар маънавий бойлигимизни етарли савияда ўрганайлик-да, деб ўзининг бу соҳадаги мулоҳазаларини тугатди Чингиз Айтматов.

Мен: Космос ҳақида гап кетар экан, бир нарса эсимга тушиб қолди, “Кассандра тамғаси” романингиздаги космонавт Филофей Ердаги кўп одамлар­нинг фикрини ўзгартириб юборди. Баъзилар Сизнинг космонавтингиздан хурсанд, баъзилар хафа. Баъзилар энди хавфдан қутулдик, дейди, бошқалар эса хавфга тутилдик, дейди. Романда баён этилган жаҳоннинг кўп мамлакатларида бўлиб ўтган қарама-қарши митинглардаги тортишувлар, баҳслар, муштлашишлар космонавтнинг тарқатган хабаридан, албатта.

Чингиз Айтматов: Бу романнинг сюжети менинг фантазиям. Замонамизнинг, шу билан бирга, илм-фанимизнинг зиддиятлиги ҳар хил мамлакатларда, ҳар хил одамлар тафаккурларида намоён бўлади-да, ахир.

“Кассандра тамғаси” романи ҳақида суҳбатлашишга энди ўтаман деб, гапни нимадан бошласам экан, деб турсам, стюардесса қиз: Тошкент аэропортига қўнишни бошладик, деб юборди. Қаранг, 8 соатлик суҳбатимиз ҳам бир зумдек ўтиб кетибди.

Тошкентга қўндик. Аэропорт вокзалида Марказий Осиё маданияти жамиятининг раҳбарлари Одил Ёқубов, Пўлат Ҳабибуллаев ва бошқалар кутиб олишди Чингиз Айтматовни (у шу жамиятнинг раиси-да).

“КАССАНДРА ТАМҒАСИ” РОМАНИ ҲАҚИДА

Тошкент аэропортидан уйга келиб, ўша завқли таассурот билан романни яна бир бор синчиклаб ўқиб чиқдим, мутолаа қилдим ва ўз фикримни ёза бошладим.

Ҳар қандай романнинг моҳиятини, асл мазмунини ҳар ким ҳар хил тушуниши ва ифодалаши мумкин. Мен ушбу романнинг моҳиятини илмий фантазия деб тушундим.

Агар илмий қонунлар, назариялар, тамойиллар, аксиомалар, теоремалар – олимнинг иши бўлса, фантазия билан эса олимлардан ташқари, ёзувчилар ҳам шуғулланишлари мумкин. Чингиз Айтматов ушбу романи билан мана шундай ёзувчиларга бир намуна. Илмий тадқиқотлар олимлар аниқлаган далиллар ва кашф этган қонун-қоидалар муносабатига кескин риоя қилар экан, фантазия эса бундан озодроқ бўлиши, масалан, фазо ва вақт билан чегараланмаслиги мумкин, лекин илмий маънога эга бўлиши ва фанга зид бўлмаслиги шарт.

Энди романнинг моҳияти ва мазмунини таҳлил қилишга ўтамиз.

Одам зўрлаб мажбур қилинишни ёқтирмайди. Одам табиатнинг бир қисми сифатида пайдо бўлган. Лекин у меҳнатсиз яшай олмайди. Меҳнат эса табиатнинг маълум объектларини, шунингдек, бошқа нарсаларни ҳам ўзгартиришдан иборатдир. Ўзгартириш эса маълум меъёрда бўлмоғи лозим. Одам билан табиат орасидаги муносабат мана шу қонуният доирасидан ташқарига чиқишининг иложи йўқ. Табиатнинг ўзи ва ҳодисалари чексиз бўлганидан уни бўлиш жараёни ҳам бениҳоя, аммо одамнинг табиатга таъсири жиловланган бўлиши лозим. Агар одам табиатга ҳаддан ташқари ўз ҳукмини ўтказаверса, бу тажовуз тусини олиши мумкин. Муаллифнинг айтишича, роман одамнинг табиатга шафқатсиз куч ишлатиб зўравонлик қилишнинг асл моҳиятига бағишланадики, бу нарса жаҳоннинг ҳалокатига олиб келиши мумкин. Бу хулоса мавҳум мулоҳазаларда эмас, балки аниқ ҳаётий мисолда баён этилади. Романда одамзоднинг пайдо бўлиши, турмуш тарзи ва ривожланиши ниҳоятда зиддий хусусиятга эга эканлиги тасвирланади. Ҳаётнинг мағзини чақиш, моҳиятини тўла англаш – ҳозиргача ҳеч кимга муяссар бўлмаганлиги таъкидлаб ўтилади. Шунинг учун бу муаммога олимларни ҳам, санъаткору ёзувчиларни ҳам астойдил жалб этишни замон талаб қилади.

Романдаги илмий фантазиянинг мазмуни. Космосдаги монах Филофей Ерга маълум қилади: шундай хулосага келдимки, она қорнидаги ҳомила, яъни эмбрион биринчи ҳафтадаёқ келгусида ўзининг тақдири қандай бўлишини билади ва билдира олади. Агар ҳомиланинг ўз келажагига муносабати салбий бўлса, эмбрионларда туғилишга, яъни ёруғ дунёга келишга қаршилик кўрсатади. Мен, дейди Филофей космосдан, эмбрион ўзининг туғилишига салбий муносабатда эканлигини ифодаловчи белги-сигнал борлигини аниқладим. Шундай ҳомиласи бор аёлнинг пешанасидаги пигмент доғлари мана шу белги-сигналдир. Мен бу доғни Кассандра тамғаси, салбий сигнал узатувчи эмбрионни Кассандра – эмбрион деб атадим.

Бу фантазиянинг марказий ўзаги одам организмининг туғилгунига қадар ҳам фикрлаш қобилиятига эгалигига – келажакда бўладиган воқеаларга ўзининг муносабатини билдириш ва она қорнидаги ҳаётининг дастлабки ҳафталаридаёқ фалокат сигналини узатиш қобилияти борлигидир. Сўнгра бу қобилият сўнади, эмбрион аста-секин бўладиган воқеаларга кўникиб боради. Шундай қилиб, бир соатдан кейин нима бўлади, бу – номаълум, лекин бу номаълумлик ҳомиладор аёлнинг пешанасида яққол кўриниб турибди, дейилади романда.

Шундай қилиб, эмбрион ҳали туғилганича йўқ, лекин у маълум фикрлаш қобилиятига эга. Улар:

– фикрлаш ва тақдирини олдиндан билиш;

– ўз муносабатларини моддий ва руҳан билдириш;

– яхши ва ёмон, эзгулик ва ёвузликларнинг фарқига бориш;

– танлаш;

– қаршилик кўрсатиш;

– вақт ўтиши билан кўникиш;

– маълумлик ва номаълумликни ажратиш.

Эмбрионнинг, яъни ҳали туғилмаган одамларнинг бу қобилияти наслдан-наслга ўтиб бораверади. Китобда айтилишича, бу қобилият одамзод генларида компьютердаги хотиралар каби узоқ вақт йиғилиб, тўпланган. Эзгулик ва ёвузлик ҳаммавақт биргаликда, гоҳо ё униси, ё буниси ғалаба қозонади. Ёвузлик қилган одам ўлганида у зиддият ўлмайди, белгиланган вақти келганда портлайдиган минага ўхшайди. Шундай қилиб одамзод ирсиятдаги ёвузлик хусусиятига қарши доимо курашиб бормоғи керак. Романда шундай кураш одам ҳали туғилмасиданоқ бошланади. Бу – яхши одамнинг эмбрионлик давридаги ижобий фазилати, ижтимоий жавобгарликни ҳис этиш туйғусидир.

“Туғилсаммикан, туғилмасаммикан?” – Романдаги асосий масала шундай қўйилган. Муртак – эмбрион она қорнидаги дастлабки ҳаёт ҳафталарида ёруғ дунёдан келаётган ахборотларни илғаб олиш қобилияти туфайли, уларни қиёс қилиб келгусида, туғилса нимага дуч келади, бу савол жуда қизиқтиради. Ёруғ дунёдан онаси организми орқали келаётган ахборотларни икки хил – қарама-қарши эканлигига эътибор беради: баъзилари яхши, бошқалари ёмон.

Яхшилари: ёруғ дунёда фақат роҳат, гўзаллик, меҳр-муҳаббат, маза қилиш, адолат, бойлик, эзгулик, яхшилик, қаноатланиш, дўстлик, ўзаро ёрдам, хурсандчилик ва шу кабилар.

Буларни билиб олган эмбрион: туғиламан, дейди. Лекин, бу фазилатлар дунё, олам деб аталувчи медалнинг бир томони эканлигини, бинобарин, иккинчи, салбий томони ҳам борлигини англайди, у.

Ёмонлари: эмбрионга етиб келган хабарларга қараганда, ёруғ дунё ёмон дунёдир: очлик, харобалик, касалликлар (жумладан, СПИД), урушлар, иқтисодий таназзул, ижтимоий пўртана, жиноятчилик, фоҳишабозлик, наркомания ва наркомафия, этник қирғинчилик, ирқчилик, экологик ва энергетик ҳалокатлар, ядро синовлари, қора ўпқонлар ва бошқалар, дейди Чингиз Айтматов.

“Бу ва бошқалар”га қуйидагиларни ҳам киритиш мумкин: қашшоқлик, ёвузлик, нуқсон-иллат, азоб-уқубат, камситиш-хўрлаш, адолатсизлик, ичкиликбозлик, ифлосгарчилик, қурғоқчилик, ёнғин, тўфон, ҳалокатлар, самовий жисмлар тўқнашуви, сув танқислиги, ўлиш азоблари…

Агар эмбрион-ҳомила ташқи дунёдан ҳеч қандай ахборот олмаганда эди, ёки фақат яхши ахборот олганда эди, туғилишга тўппа-тўғри йўл олган бўлур эди. Лекин, ёмон-салбий азоб-уқубат кутилаётгани ҳақидаги ахборотлар бундай қарорга келмасликка сабабдир. Китобда айтилади: Кассандра тамғаси – ҳали она қорнида яшаб охирги замонни безовта бўлиб кутаётган эмбрионнинг ичкаридан бераётган акс садосидир. Бу эса уни табиий ҳаётга интилишини йўққа чиқаришга ундайди. Мабодо бундай салбий ўйлаган эмбрион охир-натижада туғилса, бу фақат мажбур этиш оқибатида туғилишдир, дейилади романда. У туғилганидан сўнг мажбур этилганига жавобан ўзи куч ишлатишга мойил бўлади. Дунёдаги савдойи-восвосалар, жаллодлар, жиноятчилар, ўғрилар, текинхўрлар, ишёқмаслар, зўравонлар, сталингитлер ёки гитлерсталинлар мана шу тарзда туғиладилар.

Ёзувчи мана шундай ёмонликни камайтириш, бинобарин, яхшиликни кўпайтириш ҳақидаги масалани ўзининг ишлатган гиперболик усули билан ифодалайди. Яна чуқурроқ мулоҳаза қилсак, барча ёмонликларни бошланишиданоқ йўқотиш, ҳамма ёмон имкониятларни амалга оширишга йўл қўймасликни роман ўзига асосий вазифа деб қўйган.

Фикрлаш ва хатти-ҳаракат. Бу муаммо ҳозирги замонда долзарбдир. Ч.Айтматов давом этади: одамзод бу янги муаммоларнинг маъносини тушуниб олиб, ўзининг келгусидаги фожеали ўлими имкониятини англашининг ўзи кифоя қилмайди, балки бу англаш омон қолишнинг янги усулларини яратишга ҳамда келажакда ривожланишнинг янги йўллари ва шаклларини қидиришга қаратилмоғи ниҳоятда муҳимдир. Бу эса, ўз навбатида, янги турмуш тарзига, янгича фикрлашга олиб келиши керак.

Демак, олдин англаш, сўнгра ҳаракат қилмоқ. Натижада келажагимиз мазмунига янги турмуш тарзи, янги тафаккур услублари киради.

Омон қолишнинг муҳим муаммосини яхшилик ва ёмонлик орасидаги кураш тарзида қараш мумкин. Муаллиф ёзади: одамзодга олдиндан берилган эзгулик ва ёвузлик энергияларини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Улар баб-баробар миқдорлардир. Лекин инсонга ақл имтиёзи берилганки, у тугамас адабийлик характерига эга. Агарда одам омон қолишни истаса, тамаддун чўққиларини эгалламоқчи бўлса, у ўзидаги ёвузлик устидан ғалаба қозониши керак. Ахир, одамларнинг ҳаёти шунга тинимсиз интилиш билан ўтади-ку. Бу эса бизнинг бош мақсадимиз. Одамнинг бу мўлжали потенциал ҳолда мавжуд. Уни амалга ошириш мумкин, агар қийин ва мураккаб ҳолатдан чиқишнинг оқилона йўли топилса. Бу ерда биринчи галда билиш ва хатти-ҳаракат қилиш илмий усулларини танлаш ва аниқлаш лозим. Одамзод бусиз ўз тарихида кўп нарсаларни йўқотган.

Асарда айтилади: одамзод қандай ривожланиш ва роҳат-фароғат имкониятларидан жудо бўлган, бунинг натижасида қанча дард-аламларга дуч келган, қанча бахтсизликни бошланишиданоқ йўқотиши, четлаб ўтиши мумкин эди, буни ҳеч ким билмайди. одамлар олдиндан билиш усуллари билан қуролланиб, Кассандра тамғаси орқали сигнал берувчи кассандра-эмбрионларни қандай йўқотганликлари тарихда бизга номаълум. Одамзод ўзининг генетик тизимида нима борлигини, афсуски, анча кеч билди. Ҳарҳолда ҳали ҳам кеч эмас.

Мулоҳазанинг иккинчи томони ҳам бор. Чингиз Айтматов ёзади: ким билади, эҳтимол келгусида Гитлер ёки Сталин бўлиб етишадиган эмбрионлар туғилишга қаршилик кўрсатгандирлар, бахтсиз бу эмбрионлар бутун дунёга, аввало ҳомиладор оналарга мажбуран туғилаётганликларини маълум қилмаганмиканлар. Ҳа, улар – Гитлер ва Сталин. Бу иккиси тутинган ака-укалар миллионлаб одамларни ўзаро тўқнаштирди ва оқибатда, одамзод ўзи билан ўзи уришди, ўша замон сайёрасининг аҳолиси ўзини ўзи йўқ қилмоқчи, Ер юзидан ўзини ўзи ўчириб ташламоқчи бўлдилар, бинобарин, одамзод одамзодни кўролмасликка олиб келмоқчи бўлинди, аслида.

Ҳозир-чи? Уларга ўхшаганлар йўқми, дейди муаллиф.

Бор, албатта. Романдаги фикрлар бадиий образлардан кўра ҳозир яшаётган одамларнинг, даҳшатли инсонларнинг борлиги ўқувчини кўпроқ хавотирга солади. Бу мавжудотлар одамзодга бахтсизлик, азоб-уқубат келтириши мумкинлиги ҳақида гап кетяпти.

Чингиз Айтматов ўзининг бадиий изланишида ҳозирги замон молекуляр генетика ютуқларига асосланади, шу билан бирга, ташқи муҳитнинг таъсирини ҳам инобатга олади. Асарда айтилади, қани энди, бу кассандр-болалар туғилганидан кейин яхши муҳитда тарбия олса, унинг салбий генетик хусусиятлари ўз кучини йўқотармиди.

Романда Филофей, Бори, Жесси ва бошқа қаҳрамонлар хатти-ҳаракатлари ҳар хил табиий, ижтимоий ва руҳий ҳоллар шароитида боради. Бу ерда космос ва космонавтика, геофизика ва география, электроника ва информатика, тиббиёт ва генетика, табиатшунослик ва жамиятшунослик, психология ва руҳият, моддийлик ва илоҳийлик бир-бири билан мужассамлашиб кетган. Агар барча бу соҳаларни бир пирамидада жойлаштирсак, унинг чўққисида маънавият, ахлоқ, руҳ ётади.

Чингиз Айтматов фантазияси илмий ва диний дунёқарашлар тизимида. Боланинг ҳаёти туғилгунича бошланиб, туғилганидан кейин давом этади. Бу икки палла ҳақидаги таълимотнинг ривожланиши ҳақида озроқ гапириб ўтамиз.

Романда ёзилганини эслаб ўтамиз: ҳомила она қорнида дастлабки ҳафталардаёқ туғилганидан кейин ёруғ дунёда нима бўлишлигини интуктив равишда олдиндан билиб олиш ва унга ўз муносабатини билдириш қобилиятига эга.

Бу фикр аслида фантазия, гипотеза, нуқтаи назар. У маълум маънога эга. Агар одамнинг туғилгунигача бўлган ҳаёти ҳақидаги таълимот тарихига назар ташлар эканмиз, қараб чиқаётган фантазиямизнинг бошқа фантазиялар орасидаги ўрнини топиш қизиқарли масаладир. Гап эмбриологиянинг яратилиши ва ривожланишига бориб тақалади.

Унинг асосий даврлари: 1) Аристотель (эрамиздан олдинги IV аср) “эмбрион” тушунчасини аёлнинг менструация қони зарраси сифатида фанга киритади; 2) XVII асрда Аристотелнинг бу қарашлари четлаштирилди ва “эмбрион” деб аёлнинг эмас, балки эркак моддаси бўлган сперматозоид ҳисоблана бошлади. Мана шу моддада микроскопик ўлчамдаги одамзодликнинг дастлабки аломатлари жойлашган. Бу нарса микроскоп ёрдамида кўрсатилди ва исботланди; 3) 1973 йили О’Рохилли ҳомила-муртакнинг она қорнидаги ҳаёти даврларининг классификациясини берди. Айтилишича, биринчи ҳафтада ҳомила пайдо бўлади, иккинчи ҳафтада эса муртакнинг мияси ҳосил бўлади; 4) эмбрион ҳақида ҳозирги замон таълимоти маълум ўринни эгаллайди.

XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Моллу Стритер ва бошқаларнинг асарлари, сўнгра молекуляр генетика ютуқлари эмбриологияни янада ривожлантирди. Аборт муаммоси ижтимоий жиҳатдан муҳим бир масалани кўндаланг қўймоқда: ҳомилани аборт қилиб олиб ташлаш қайси давригача қотиллик ҳисобланмайди? Муртак иккинчи ойда эмбрионга айланади ва бош мия ҳам орқа мия пайдо бўлади. Бешинчи ойда – эшитади, қўрқади, жаҳли чиқади, қўрқитади. Олтинчи ойда одам шахси шаклланади; онанинг ҳаяжонланиши, сезиши қорнидаги болага ўтади. Туғилишидан бошлаб нафас олаверади.

Машҳур муҳаддис Абдулла ибн Масъуднинг қуйидаги сўзлари хронологик жиҳатдан эмас, балки мантиқий нуқтаи назардан маълум аҳамиятга эга: ҳар бир одамнинг таркибини ташкил қилувчи нарсалар она қорнида бўлганининг 40-куни мужассам этилади, кейин бахтли бўладими ёки бахтсиз бўладими, пешонасига ёзилади, сўнгра нафас пуфланади, шунда жон киради. К.Мур, А.Зиндани, А.Аҳмад ўз асарларида бу фикрга алоҳида урғу берадилар. Шундай қилиб, Чингиз Айтматов ва Абдулла ибн Масъудларнинг “пешонага ёзилган” тамойиллари минг йилдан кейин бир-бирини топди.

Чингиз Айтматов ўз романида “муртак (зародыш)” ва “эмбрион” тушунчаларини ишлатган. Бу тушунчалар “ген” ва “ДНК” тушунчалари билан бевосита боғлиқ. Ген – наслнинг ҳозирча энг кичик бирлиги. Одамнинг индивидуал хусусиятлари мана шу генларда мужассам этилган. Характер, касалликлар, мойилликлар генларда кодлаштирилган. Кейинги вақтларда хотира гени, тажовуз гени, қўрқинч гени, жанжалкашлик гени ва бошқалар топилди. Қизиғи шундаки, ота гени боладаги ҳиссиёт ва инстинктга, она гени эса ақл ва фикрлаш мантиқига жавоб берар экан. Улар ўзаро одамни бошқарувда кўпроқ иштирок этиш ҳуқуқи учун рақобатлашади. Бунинг натижасида туғилган бола кўпроқ ё ҳиссиётли, ёки кўпроқ ақлли бўлиб туғилади. Мободо генетик код тўла очилса, одамни машинадек конструкция қилиш имконига эга бўламиз. У ҳолда одам сунъий конструкция қилиниши натижасида табиий фазилатлардан (масалан, истеъдод, иродадан) маҳрум бўлиб қолмасмикан? Агар, актив муҳитдаги мавжуд тизимнинг ўз-ўзидан ташкил топиши ҳақидаги фан бўлмиш синергетика бу ишга аралашса, одамнинг ривожланиши жамият истаганича бўлур эди.

Романнинг асосий қаҳрамони бўлган ҳомиланинг “туғилсаммикан, туғилмасаммикан?” деган саволини эсласак, бундай саволни, албатта одамгина бера олади, бу ерда ҳали туғилмаган одам. У, бинобарин, яшайди ва фикр юритади. Фикрлаш эса маънавий дунё таркибига кириб, жоннинг олий маҳсулидир. Шу билан бирга жон фикрлашдан кенгроқ. Чингиз Айтматов жон билан фикрлашни биргаликда қарайди. Бу эса ёзувчининг абстракцияси. Мазкур усул одам, одамзод ҳаётининг ҳозирги замондаги космик, экологик, илмий-техникавий ва ижтимоий-психологик муаммоларини ечиш учун тўғри йўлдир.

Жон ва ҳаёт. Уларнинг ўзаро муносабатлари қандай? Чингиз Айтматов асарида одамнинг жони ва жамият ҳаёти орасидаги муносабатлар ниҳоятда мураккаб эканлиги ҳақида гап боради. Жоншунослик билан жамиятшуносликнинг узвий боғлиқлиги бадиий шаклда баён этилади.

Ҳозирги замон фани уқтирадики, жон ва ҳаёт тушунчалари орасида фарқ бор. Лекин, уларнинг табиати бизга ҳануз сирли. Дарҳақиқат, табиатшунослик ва жамиятшунослик одам ҳаёти, жамият ҳаётини ўрганиш соҳасида катта ютуқларга эришди. Айни пайтда “жон” тушунчаси ҳозирча фалсафий категория бўлиб, табиатшуносликда илгари ҳам, ҳозир ҳам етарли ўрганилмаган.

Жон муаммоси соҳасида Анаксагор, Аниксимандр, Аниксимен, Гераклит, Фалес, Эмпедокл ва бошқа машҳур олимлар бош қотирганлар. Уларнинг баъзилари жонни субстанция, бошқалари – акциденция, бирлари – ҳаракатга келтирувчи, иккинчилари – олов дейишган. Шунингдек, жон – бу жисм, сон, нафс, қон деювчилар ҳам бўлган. Ибн Сино уларнинг таълимотларини танқидий равишда ўрганган, баъзиларини хато деб тушунган. Ибн Сино фикрича, тирик мавжудотнинг ҳаммасининг ҳаёт моҳияти умумий – овқатланиш, ривожланиш, кўпайиш. Ҳайвонлар, улардан ташқари, ўз хоҳиши билан фазода ҳаракат қилади, одам эса, унга қўшимча, ақл билан иш кўради. У айтади: одам ўз мақсади билан яшайди, у жамиятсиз яшай олмайди, нарсаларни тежаш учун ўзини чеклайди. Агар ўзидан бошқа ҳеч ким бўлмаса, у ҳалок бўлади. Барча биологик мавжудотлар эмас, фақат одамга мансуб умумий номоддий ғоя абстракция қилиш имкониятига эга, дейди Ибн Сино. Бу фикр биологик ҳаёт ва одамнинг маънавий лаёқати орасидаги тафовут ҳақида кетяпти. Бу ерда туғилишгача ва туғилгандан сўнг ўтадиган вақт ҳақида гапирилмаган. Чингиз Айтматов эса, жон ва ҳаёт ҳақида гапирганида туғилгунча ва туғилгандан кейинги даврларни эътиборга олади.

Ҳа, “қурилиш материаллари” бўлган сперматозоид ва тухумҳужайра жонли моддалардир. Уларнинг бирлашишидан кейин муртак, эмбрион, ҳомила ҳосил бўлади. Шу пайтдан бошлаб жон, маънавий дунё, тафаккур, масалаларнинг таърифлари ва уларнинг ечими пайдо бўлади. Бу гапларнинг ҳаммаси романдаги фикрларда ўз изоҳини топган. Гапнинг пўст калласи асар одамнинг теварак муҳитга муносабати ҳақида. Бу эса, биринчи галда – фалсафа, фалсафий мушоҳада. Агар ҳар бир одам файласуфдир, дейилса, биринчи фалсафий мулоҳаза, бу – ҳомиланинг она қорнидаги пайтидаёқ, “туғилсаммикан, туғилмасаммикан” деган саволининг қўйилиши ва унинг ечимидир.

Ҳомиланинг мулоҳазалари жаҳон аҳли мунозарасида. Бу эса “Кассандра тамғаси” романидаги фантазиянинг ижтимоий натижасидир. Халқ нима гаплигини билишни хоҳлайди ва талаб қилади. Баъзи ҳомиладор аёлларнинг пешонасидаги тамғага қараб туғилажак инсон халққа зарар етказишини космик монах Филофей кашф этган экан, одамзоднинг келажаги нима бўлади? Олдини олиш мумкинми? Эҳтимол ёлғон гапдир? Бундай зарарли ҳомилалар туғилмаслиги учун, ёки туғилиб қолса, нима қилиш керак? Эҳтимол у туғилмаслиги учун жаҳоннинг ҳамма мамлакатларида аборт қилиш керакдир? Масаланинг бундай қўйилишини жаҳон аҳолиси, айниқса, аёллар маъқул топармикан? Чингиз Айтматов ёзганидек, дилемма пайдо бўлди: ё бизлар қандай яшаган бўлсак, шундай яшаймиз, бепарволик билан ўзимизни ўзимиз овутиб-алдаб, ёки кассандра-эмбрионларнинг кўпайиш сабабларини англаб, унинг олдини олиш, “охирги замон”дан қутулиш йўлини қидириш керак? Мана шундай ечимни танлов жаҳон халқлари олдида кўндаланг турибди.

Мана шу саволга жавоб бериш мақсадида, дилеммага ўз муносабатини билдириш учун жаҳоннинг кўп мамлакатларида аҳоли митингларга чиқдилар. Ҳатто митинглар ҳам икки маслакка, икки гуруҳбозликка ажралиб кетди. Бирлари – ҳа, бошқалари – йўқ, дегандай бўлди. Нью Йоркда БМТ биноси олдида, Москвада – Қизил майдонда, Оврўпо мамлакатларида, Хитой, Ҳиндистонда ва бошқа мамлакатларда бўлиб ўтган митинглар бир-бирига қарама-қарши шиорлар, ҳис-туйғулар билан, бақирув-чақирувлар билан ўтди. Бир сўз билан айтганда ёмон-ёвузликнинг кашф этилиши жаҳон аҳлини уйғотди. Бу гаплар худога шукрки, ҳаётда эмас, романда ифодаланди.

Бу масалалар техникавий эмас, космик эмас, ҳатто биологиявий, тиббий эмас, аввало маънавият-ахлоқий моҳиятга эга.

Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” романининг илмий-бадиий, ижтимоий-драматик моҳияти, асосан, шулардан иборат.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 6-сон