СОФ ЎЗБЕКЧА СЎЗ
Биз университетнинг биринчи босқичида таҳсил олаётганимизда Озод Шарафиддинов аспирантурани эндигина тугатиб, дарс бера бошлаган ёш домла эди. Қардош халқлар адабиётидан бир туркум маъруза ўқиган Озод ака Низомий Ганжавийнинг “Хусрав ва Ширин” достонидаги лавҳани шундай баён қилган эди:
— Фарҳод сеҳрли тешаси билан тоғни кесиб, водийга сув очди. Ширин эрта тонгда қараса тоғдан шарқираб сув оқиб ётибди. Малика ҳайрат ва ҳаяжон ичида: “Ничего себе!”, деди.
Талабалик йиллари пахта теримида қишгача қолиб кетардик. Ётар жойимиз молхона, тўшагимиз похол, ташнобимиз очиқ дала. Ҳаммомни тушда кўрардик. Арқон билан қор тўкиб пахта териш ҳам, ҳўл тўнкаларни ёриб овқат тайёрлаш ҳам азоб эди.
Шундай вақтларда Озод ака ёнимизда бўлиб маъноли суҳбатлари билан руҳий мадад берарди.
Бир кун домламиз тўнка ёришни бизга ўргатиб қўймоқчи бўлиб қўлимиздан болтани олдилар. Ҳўл ўрик ғўласи чайир экан, устозимизни қийнаб қўйди. Ўн карра болта уриб, ўн карра “чёрт побери” десалар ҳам тўнка ёрилмади. Шунда қишлоқда ўсган бир курсдошимиз Озод акадан болтани олиб шундай деган эди:
— Тўнка — тўнка-да, домла! Ақли йўқ. Бўлмаса ҳурматингиз учун ҳам ёрилиши керак эди. Бу ишни бизга қўйинг, сиз “чёрт побери” деб туринг, биз болта урайлик. Русчага тилимиз келишмайди.
Бу икки воқеани дўстлар даврасида айтиб берсам, Озод ака сира бўйнига олмас, мен бундай демаганман, ҳеч қачон ўзбек тилига ўрусчани аралаштирган эмасман, аралаштирмайман! “Ни в коем случае!”, дердилар.
Домланинг ўша биринчи дарсию тўнка ёриш воқеаси билан сўнгги суҳбатимиз орасида роппа-роса эллик йил вақт ўтибди. Ярим аср! Бутун бошли умр! Бунча замон ичида орадаги ёш фарқи ҳам унут бўлар, устозу шогирд ака-укага, ҳазилкаш дўстларга айланиб қолар экан. Озод аканинг одамохунлиги, ўз номига муносиб озод муҳит ярата олганлиги учун биз ҳам ўзимизни устоз олдида ўз номимизга яраша эркин тутардик, очиқ-сочиқ латифалар айтиб, қалтис аскиялар қилишга журъат этардик.
Лекин ҳар қанча ҳазил-ҳузул қилмайлик, устоз — устоз мақомида бўлган. Мен ҳам домланинг русча сўзларини ҳикоя қилганда бир гапни қўшардим:
— Мана, эллик йилки, шеър ёзсак Озод Шарафиддиновга ёқармикан, дея ҳаяжонда юрамиз. Домланинг сўзлари ўша-ўша: ёқса “ничего себе”, дейдилар, ёқмаса — “чёрт побери”! Лекин ёзганимизни эътиборсиз қолдириш йўқ. “Ни в коем случае!”
Шеър ёзганда юрак сўзидан Бошқа сўзни уққан эмасмиз. Нозирларнинг қаттол кўзидан, Ғазабидан қўрққан эмасмиз. Фақат шеър росмона тиниб Етилмаса, хом чиқса бехос, Устоз Озод Шарафиддинов Қовоғидан қўрққанмиз, холос.Шундай улкан истеъдод соҳиби, ҳақгўй инсон, одил мунаққид билан замондош бўлганимдан фахрланаман.
КЎНГИЛЧАНЛИК
Миртемир домла ўта кўнгилчан инсон эдилар. Бир куни нашриётнинг узун йўлагидан бир одам домлага қараб, “э, бормисиз, сизни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку”, дея қучоқ очиб кела бошлади. Домла у билан хуш кайфиятда қадрдонларча қучоқлашиб кўришдилар. Обдон чақчақлашиб бўлишгач, яна қучоқлашиб хайрлашдилар. Эшиккача кузатиб қайтгач, биздан сўрадилар:
— У одам ким?
Ҳаммамиз ҳайрон бўлдик:
— Ажабо, ўзингиз қучоқлашиб кўришдингиз, узоқ отамлашдингиз. Қадрдонингиз эмасми?
— Умримда кўрган бўлсам, ўлай.
— Унда нега энди…
— Ай, бўталарим-а! Узоқдан қучоқ очиб келган одамга, кимсан, деб бўладими? Андиша бор-ку, ўзбекмиз-ку! — дея бироз сукут қилгач, қўшиб қўйдилар: — Бир элнинг болалари туғишган бўладилар. Оғамдир, инимдир, битта қадрдоним кўпайса кўпайибди-да!
Етмишинчи йилларда шеърият ҳам, отахон шоиримиз Ғафур Ғулом номи билан аталган нашриёт ҳам гуркираган, лекин ана шу нашриётнинг айни шеърият бўлимида ишлар пачава эди. Бўлимда Миртемир домла, Абдулла Ориф ва камина ишлар эдик. Домла шогирдлардан, Абдуллажон мухлислардан, мен шахматдан ортмас эдик. Қўлёзмалар вақтида топширилмаган, корректуралар ўқилмаган, план бажарилмаган, ҳамма иш ўлда-жўлда. Нашриёт директори бир мажлисда зарда билан, шеърият бўлимини ёпиш, тарқатиш керак, деган. Ўшанда эўр жавоб айтилган эди:
— Тарқатиш учун аввал йиғиш керак. Уч ходимни тўплаб бўлмаса, қандай тарқатасиз?
— Тўплайман, тарқатаман, — деди, директор ва айтганини қилди. Яъни учовимизни ўз хонасида йиғди.
Ажойиб инсон эди директоримиз Тўлқин Рустамов. Миртемир домла билан тенгдош, эски қадрдон, сенсирашиб гаплашадиган ўртоқ эди.
Раҳбар узоқ гапирди. Партия сиёсати, давлат олдидаги масъулият, нашриёт плани, интизом нима эканини бизга яхшилаб уқтирди. Миртемир домла унинг ҳар гапига бош ирғаб маъқуллаб ўтирдилар. Охири маълум бўлдики, бирор сўз домланинг том битган қулоғига кирмабди. Директор:
— Миртемир, қани айт, гапларим тўғрими? — деганда устоз:
— Тўғри айтасан, Тўлқин, библиотекани тартибга солмаса бўлмайди, — дедилар.
Ташқарига чиққач, домлани ўртага олдик. Устоз:
— Ўлай агар, бир оғиз сўзини ҳам эшитмадим, уят бўлди, жуда уят бўлди, — дердилар.
— Қаттиқроқ гапир, десангиз бўлмасмиди, ахир ўз қадрдонингиз-ку!
— Ошнам бўлса ҳам хўжайиним. Раҳбарга индаб бўладими! Каттаконнинг гапини бўлиш одобдан эмас, бўталарим.
Биз Миртемир домлага айтардик:
– Биз ёшлар давлат хизматини қилишга мажбурмиз. Сиз улуғ шоирсиз. Шу арзимас ойликнинг баҳридан ўтиб, ҳар йил бир китоб чиқарсангиз, кўнглингиз хотиржам, қулоғингиз тинч, чўнтагингиз ўн карра бақувват бўлади-ку.
Домла жавоб берар эдилар:
— Шундайликка шундай. Лекин мен кетаман, десам директоринг хафа бўлади-да. Дўстимни ранжитсам бўлмас.
Биз устознинг бу сўзини директорга айтиб, домлага рухсат беринг, пенсия ёшидалар, чарчаганлар, десак, директор: “Домланг ўзи сўрамаса, ариза бермаса, мен қандай қилиб кет, дейман”, дерди.
Бу ўзаро кўнгилчанлик яна бир йилча давом этди. Сўнг олдинма-кейин учовлон ҳам “ўз аризамизга кўра” нашриётни тарк этдик. Манас, Данте, Гёте мушкулимизни осон қилди. Уч буюк шоҳ асар таржимасини зиммамизга олиб нашриёт билан хайрлашдик.
ИНДАМАС ДИРЕКТОРНИНГ БАШОРАТЛИ ҲАЗИЛИ
Мен университетни тугатган йилим Тошкентда янги нашриёт таъсис этилиб, ходимлар танлаш бошланган эди. Табиийки, мен ҳам ҳужжат топширдим. Ишга илиниб олсам шаҳарда қолганим, бўлмаса тақсимот бўйича Сурхондарёга мактаб ўқитувчиси бўлиб кетишим керак. Тошкентдаги адабий муҳит, ёзувчилар уюшмасидаги учрашув ва суҳбатлар, Миртемир домла семинаридан бенасиб қолишим тайин бўлади.
Белгиланган кун директор ҳузурига кирдим. Бўйи икки метрдан кам бўлмаган дароз бошлиқ менга қайрилиб ҳам қарамади. Саломга алик ҳам, ўтиришга таклиф ҳам, нега келдинг, деб сўраш ҳам йўқ. Тик турганча турибман. Агар тақдирим шу индамас, ғўдайган раҳбарга боғлиқ бўлмаганда, Сурхондарё ваҳимаси турмаганда, бор-ей, деб шартта бурилиб чиқиб кетардим.
Иложсизликдан тишни тишга қўйиб туравердим. Ниҳоят бошлиқ қоғоздан бош кўтариб менга қаради ва кўзи билан стулга ишора қилди. Ўтирдим. Яна жимлик. Директор бир даста қаламни муштида тутганча менга тикилиб ўтирибди. Ўша дамда кўнглимга, бу одам соқов эмасмикин, деган хаёл ҳам келди. Йўғ-ей, дедим яна ичимда, шундай катта лавозимга соқовни ўтқазиб қўйишмас.
Жим ўтирсам ўтираверадиганман. Ноилож ўзим гап бошладим. Университетни битирганим, ишга кириш ниятим борлигини қисқа қилиб айтдим. Яна жимлик. Шеърлар ёзиб туришимни, матбуотда, радиода қатнашиб туришимни билдирдим. Садо йўқ. Яқинда “Шарқ юлдузи” журналида достоним босилганини, шоир Тўроб Тўла газетада катта мақола ёзиб мени мақтаганини ҳам айтдим. Ноқулай бўлса ҳам айтишга мажбур бўлдим. Хаёлимда, жим турсам, паттам қўлимга тегадиган. Нашриётга китоб топширганим, қизил дипломим, пахта теримида олган фахрий ёрлиғим ҳам қолмади, боримни дастурхонга тўкдим. Гапим тугади. Ҳамон сукунат. Узоқ жимликдан сўнг раҳбар шундай деди:
— Нашриётга директор тайинланган. Бош муҳаррир ҳам олганмиз. Сизга лойиқ лавозимни қандай топамиз?
Шунда ўзимга ортиқча баҳо бериб юборганимни сездим. Менда айб йўқ эди. Бошлиқнинг индамай ўтирганини кароматингни кўрсат, нимага қодирсан, деган маънода тушундим-да!
— Менга энг кичик лавозимни берсангиз ҳам майли. Иш ўрганишим керак, — дедим энди бироз ўзимни босиб. Бу гап бошлиққа ёқди шекилли, кичик муҳаррир вазифасига тайинландим.
“Ёш гвардия” деб номланган нашриётнинг биринчи директори Сотиболди Йўлдошев билан бирга ишлаб бу камгап, етти ўлчаб, бир кесадиган, ўз ишига пухта раҳбарнинг кўп фазилатларини билдим. Давраларнинг гули бўлиб ўтирганини ҳам кўрдим. Нашриёт муҳити менга катта мактаб бўлди. Ёшлар нашриёти, сўнг бадиий адабиёт нашриётида ўттиз йилга яқин ишладим. Бош муҳаррир бўлдим, директор ҳам бўлдим. Сотиболди Йўлдошевнинг ҳазил билан айтган сўзлари башорат бўлиб чиқди.
Ўшанда мен икки йўл ўртасида турган эдим. Бундай лаҳзаларни унутиб бўладими?
БЕРЛИНГА ҚАНЧА ЙЎЛ
1975 йилнинг ёз ойлари эди. “Фауст” таржимони сифатида Германияга борадиган бўлдим. У замонда чет элга фақат Москва орқали чиқиларди. Ҳозирги Тошкент – Франкфурт, Тошкент – Париж рейслари тушимизга ҳам кирмаган эди.
“Украина” меҳмонхонаси йўлакларида кунни қандай ўтказишни билмай у ёқдан бу ёққа юрар эдим. Эртага Москва – Берлин поeзди билан йўлга чиқишимиз керак. Гёте ватанини кўриш иштиёқи кўнглимга тинчлик бермайди. Бундай пайтда кимгадир ҳаяжонларингни айтгинг келади. Ёлғизлик азоб беради, вақт ўтиши қийин бўлади.
Шундай ҳолатда меҳмонхонада муҳтарам адиб Иброҳим Раҳимни учратиб қолдим. Иброҳим ака ҳажвий журналларнинг бош муҳаррирлари йиғинига келган эканлар. Ўша куни кечгача сайр этиб, суҳбатлашдик.
Кўпни кўрган адиб, қарийб ярим асрлик адабий жараён ичида яшаб ижод қилган, жаҳон урушининг бошдан охиригача зобит аскар бўлиб, жанговар мухбир бўлиб хизмат қилган, неча бор ажал домидан омон чиққан ёзувчининг ҳикоялари нақадар мароқли эди.
Гап айланиб 60-йилларнинг ўртаси, Иброҳим Раҳим раҳбарлик қилган “Гулистон” журналининг энг гуллаган вақтларига бориб тақалди.
— “Темур тузуклари”ни нашр этиб дашномлар эшитганим учун заррача ҳам ўкинмайман. Агар бу табаррук асарни босиб чиқара олмасам, ўзимни кечирмасдим, умр бўйи виждоним азоб чекарди, — деди ўшанда Иброҳим Раҳим.
Дарҳақиқат, “Гулистон” журнали у йилларда онг ва шууримизни тарбиялаган, халқимиз кўксини кўтарган нашр эди. Унинг таҳририяти ижодкор ёшлар учун табаррук даргоҳ ҳисобланарди. Менинг ҳам бир туркум ғазалларим, “Ўзбегим” қасидаси шу журналда босилган. Айниқса Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” асари анча шов-шувларга сабаб бўлганди. Журналнинг уч-тўрт сонида босилгач, “юқори”нинг буйруғи билан тўхтатиб қўйилди. Миллий ҳис уйғотувчи асарларнинг турли элатларга ёйилиши у замон мафкурасига зид эди.
— Фашистнинг ўқидан қўрқмаган, майда амалдорнинг дўқидан қўрқаманми? — жасоратли муҳаррирнинг бу сўзлари қулоғимдан кетмайди
Ҳамма газета-журнал раҳбарияти “редактор”, “редколлегия” деб аталганда биргина “Гулистон”да “муҳаррир”, “таҳрир ҳайъати” дея ёзиларди. Бу ҳам бошқаларнинг ғашини келтирар, очиқ айтолмасалар-да пана-панадан, “бу нима олифтагарчилик” деб юрардилар.
Москвадаги тасодифий учрашув мен учун қисматнинг совғасидай бўлган. Ўшанда кўнглимга тугиб юрган кўп саволларимга жавоб олгандим. Охирги саволим шундай бўлди:
— Эртага поезд билан Германияга жўнашимиз керак, билмайсизми, Берлинга неча кунлик йўл?
Жангчи адиб жавоб берди:
— Поезд қанча юришини билмайман, лекин биз борганда Берлин тўрт йиллик йўл эди…
КЕЧИККАН ҚАҲҚАҲА
Бу воқеага ҳам, қарангки, қирқ йилдан ошибди. Ёзувчилар анжуманида содир бўлгани учун у тезда тилдан тилга, китобдан китобга кўчиб шуҳрат топди ва эшитмаган одам деярли қолмади. Биласизларки, адиблар тўқимага уста бўладилар. Битта рост гапга ўнта ёлғонни қўшиб, оддий воқеани латифага айлантириб ҳикоя қиладилар. Қизиқ бўлсин деб туппа-тузук инсонларни гўл, далли-девона қилиб тасвирлайдилар.
Аслида воқеа бундай бўлган:
Ёзувчилар уюшмасининг йиллик ижодий ҳисобот йиғинида ўша вақтда ёш мунаққид бўлган Салоҳиддин Мамажонов ёш ёзувчи Юсуф Шомансурнинг “Қора марварид” романини таҳлил қилиб, роса пўстагини қоқди. Яроқсиз асарга чиқарди. Унга жавобан Юсуф Шомансур сўз олиб, танқидчини нохолисликда айблади:
— Мамажоновнинг менда қасди бор, — деди у. — Уюшма боғида биллиард ўйнаб, унинг мазасини қочирган эдим. Аламини оляпти.
Залда қаҳқаҳа кўтарилди.
Мажлисда ўтирган Миртемир домланинг қулоғи оғир эмасми, танқидни ҳам, жавобни ҳам эшитмади. У то ён атрофдагилардан кулгининг сабабини сўраб билгунча Юсуф аллақачон гапини тугатиб бўлган, минбарда академик Воҳид Зоҳидов ижодкорнинг замон олдидаги, инсоният олдидаги бурчи тўғрисида чуқур фалсафий фикрларни баён қилиб турар эди. Анжуман аҳли улкан файласуфнинг сеҳрли овозига маҳлиё бўлиб жим эшитарди.
Шу вақт залда бирданига Миртемир домланинг кучли қаҳқаҳаси янграб кетди:
— Оббо тентагей, оббо жиннивоей! Топган гапини кўринг!
Домла завқдан ўзини тўхтатолмас, минбарга қарамай кулишда давом этарди. Ҳамма ҳайрон. Академик олим минбарда қотиб қолган. Унинг кўнглидан ўша лаҳзада нималар кечди экан?
Вазиятни Носир Фозилов енгиллаштирди.
— Домла ўтиб кетган гапга куляпти. Юсуф Шомансурнинг жавоби нашъа қилди.
Залда яна кулгу кўтарилди. Бу галги қаҳқаҳа аввалгисидан ҳам қаттиқ ва узоқ бўлди.
УЧ СОҚОВНИНГ САРГУЗАШТИ
Бугун ёшларимизнинг чет тилларда булбулдай сайрашларини кўриб, ҳам ҳавас қиламиз, ҳам ўзимизнинг “тилсизлик” туфайли бошимизга тушган кунларни эслаб ўкинамиз.
1989 йили икки биродарлашган шаҳар Тошкент ва Сиэтл ҳақида ҳужжатли фильм тайёрлаш топшириғи билан уч муаллиф — режиссёр, сувратга олувчи ва камина – филм матнини ёзувчи АҚШга жўнаб кетдик.
Нью Йоркда бизни, келишилганидек, қўлида номларимиз ёзиғлиқ тахтача ушлаган аёл кутиб олди. Сиэтлга учадиган тайёрагача кузатиб хайрлашди. Уч соатга яқин парвоз тугаб тайёрамиз ерга қўнганда, манзилга етиб келдик, деб юкхонага шошилдик. Лекин юклар оқими ичида бизнинг чамадонлар ҳам, ташқарида бирор кутиб олувчи ҳам кўринмас эди. Анчагина турдик. Ҳеч ким ёнимизга келмади, кимсан, нима қилиб турибсан, демади. Вақт ўтган сари хотиржамлик безовталикка, безовталик ваҳимага айланди. Бегона қитъа, бегона шаҳар. Оғизда забон, чўнтакда пул йўқ. Ўз юртида тили бир қарич бўлган биз уч олифтанинг нотавон аҳволини кўринг!
Жон кўзга кўринганда нималар ҳам қилмайсан киши. Учовлон тайёра билетларимизни қўлга олиб, биринчи учраган аэропорт хизматчисининг йўлини тўсдик. “Кечирасиз, бизга ёрдам беринг”, дейдиган тил қани? Хизматчи аёл аввалига чўчиди, сўнг ночор ҳолатимизга қараб вазиятни тушунди. Ҳолатимиз эса бундоқ эди: учов қўлда чипта ушлаганча елка қисган, ҳайронлик аломатида қотиб турган бамисоли уч ҳайкал эдик.
Хизматчи чипталаримизни кўриб қўл соатига қаради ва юзида ҳаяжон аломати пайдо бўлди. Тезда чўнтагидан қалам олиб, чипта устига катта қилиб 14 рақамини ёзди ва йўлаклардан бирини кўрсатиб, югуриш ишорасини қилди. Биз ўша томонга қараб югурдик. Англадикки, ҳали манзилга келмабмиз. Аэропорт дарвозалари кўрсаткиларига қараб чопганча охири 14 рақами олдида тўхтадик ва хизматчига чипталарни узатдик. Хизматчи бошини сарак-сарак қилиб тепамизда турган соатни кўрсатди ва чипталарга тамға уриб, бизни ичкари киритди. Тайёра салони тўла одам, фақат ўрталарида уч ўрин бўш эди. Ўтирдигу тайёра худди бизни кутиб тургандай қўзғалиб, учиш майдонига йўл олди.
Ўша куни Оллоҳ бизни шармандали хор-зорликдан омон сақлаб қолди. Биз йўлини тўсиб чиққан аёл — аэропорт хизматчиси бизга ғойибдан келган нажот фариштаси бўлди. Унинг меҳрибон ва ташвишли нигоҳи кўз олдимдан кетмайди.
Ким билсин, у бизни кар-соқовлар деб ўйлагандир. ҳар қалай, унинг астойдил ҳаракатисиз ҳолимиз ёмон эди.
Сафардан олганим ўша аччиқ сабоқ бўлди. Инглиз тилини ўрганишга қатъий аҳд қилдим ва аҳдимни андаккина бўлса-да бажардим. Ўша “андак” олис йўлларда кунимга яради. Дудуқ бўлсам-да, соқов бўлмадим. Бугунги ёшларга энди тил ўрганинг десам, худди сув ичинг, нафас олиб туринг, дегандек бўламан. Тил билиш ҳаётий заруратга айланди.
ЁРДОНГА КЕЛГАН ИОРДАН
Бир вақтлар булғор ёзувчиси Иордан Милев Ўзбекистонга келганда уни Фарғонага олиб бордик, Шоҳимардонни кўрсатдик. Гўзал тоғ қишлоғи Ёрдонга келганимизда таниқли адиб Ўлмас Умарбеков дўстига ҳазиллашиб деди:
— Сен бу қишлоққа келган биринчи чет эллик ёзувчисан. Кеча оқсоқоллар кенгаши қарор чиқарди. Қишлоқ сенинг номинг билан аталадиган бўлди.
Биз ҳаммамиз буни тасдиқладик. Атрофда юрганларни чақириб бир-бир қишлоқнинг номини сўрадик. “Ёрдон” сўзини эшитиб, меҳмонимиз яйраб кетди. Уни боплаб алдадик, деб биз ҳам хурсанд. Кечки зиёфат вақтида Иордан сўз олиб шундай деди:
— Бу ажойиб сўлим масканга менинг номим берилгани учун бошим осмонга етди. Араблар бир замон катта дарёсини Иордан деб, бир мамлакатни Иордания деб атаган эдилар. Мана, улар ёнига қишлоқ ҳам қўшилди. Булғорияда биров таниб, биров танимаган бир ёзувчига дунёда шунча иззат, эътибор! Араб дўстларимга раҳмат, лекин уларнинг дарёси ҳам, мамлакати ҳам менга керак эмас. Булбуллар сайраган, сойлари шарқираган, жаннат шамоли эсиб турган бу қишлоққа оламни алишмайман!
Иордан Милев Ўзбекистонга кўп бор келди. Ҳар келганда биринчи саволи шундай бўларди:
— Қишлоғимга қачон борамиз?
МИЛЛИАРДЕРНИНГ ЎҒЛИ
Нью-Йоркнинг марказий мавзеси Манхеттенда сайр қилиб юрганимизда шунчаки томоша учун гилам дўконига кирдик. Дўкон эгаси ўрта ёшли туркман экан. Бизни кўриб, худди қариндошини учратгандай суюниб кетди. Ичкарига, чоғроқ хонага таклиф қилди, чой, қаҳва буюрди. Юртини соғинган экан, биз билан яйраб гаплашди. Махтумқули шеърларидан ўқиб, Комилжон Отаниёзовни эслаб гурунглашдик.
Чамаси ўн беш-ўн олти ёшли қоп-қора негр бола дастёр бўлиб бизга хизмат қилди. Мезбон менга имо билан, бу болага бир қараб қўйинг, гаплашинг, деган ишорани қилди. Мен боладан исмини, қаерда ўқишини сўрадим. У коллежни тугатиб, университетга кирмоқчи эканини айтди. Бола чиқиб кетгач, мезбонимиз бу йигитчанинг отаси Американинг олдинги қатордаги миллиардери эканини, мол-мулки етти пушти эмас, етмиш пуштига етишини, лекин бу юрт одати бўйича ўғил бола ўқиш учун, уйланиш учун ўзи пул топиши кераклигини айтиб берди. Шунинг учун катта бойларнинг болалари ҳам газета сотиб, машина ювиб пул топишга мажбур бўлар эканлар.
Гиламфуруш мезбонимиз бу бола тўғрисида қизиқ бир ҳикоя айтиб берди.
— Қачонки ёмғир ёға бошласа, мендан ярим соатга рухсат сўраб, кўчага югурадиган одати бор. Бир куни бола қаёққа бораркин деб орқасидан чиқдим. Ёнимиздаги дўкондан бир даста ёмғирпўш олиб, метро бекатига югурди, бир зумда пуллаб қайтди ва яна дўконга кириб кетди. Мен боланинг тадбиркорлигига тан бердим. Ҳисоб қилсам, ҳар ёмғир ёққанда кундалик маошидан икки баробари чўнтагига тушар экан. Нью-Йоркда нима кўп ёмғир кўп… Отасининг боласи, — деб шуни айтадилар.
Орадан ўн йилча ўтиб йўлимиз яна ўша кўчага тушди ва гилам дўконига кириб, эски танишимизни яна бир кўриб кетгимиз келди. Туркман оғайнимиз аввалгидан ҳам хурсанд бўлиб кетди. Суҳбат орасида мен миллиардернинг ўғлини сўрадим. У университетни битириб компютер ишлаб чиқариш соҳасининг корчалонларидан бўлиб етишибди. Ҳиндистон, Малайзияда концерн ва компаниялари бор экан.
— Ҳадемай отасини йўлда қолдириб кетади, — деди мезбонимиз ва ҳазиллашиб қўйди, — дуомизни олган-да!
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 52-сон