Эркин Воҳидов. Тирик хазина ёхуд жаҳонгашта сўз

Ҳар улфатнинг ўз ҳангомаси бор, деганларидек, шоир, ёзувчилар йиғилиб қолса, баҳс-мунозара кўпинча Сўз устида кетади. Негаки, бизни бинокор деса ғиштимиз, деҳқон деса даламиз, ғаввос деса уммонимиз, учувчи деса осмонимиз — Сўз. Дунёда қанча ижодкор бўлса, шунча тафаккур тарзи, шаклланган кўзқараш бор. Айниқса, Сўздек рангин, мураккаб, серқирра мавзу устида гап кетганда фикрларнинг бир жойдан чиқиши қийин. Ҳар кимда бир нуқтаи назар ва ҳар нуқтаи назарда бир ҳақиқат бўлади.

Яқинда шундай баҳслардан бири маҳкама сўзи ҳақида бўлди. Бир томон маҳкама ҳукм чиқариладиган жой, яъни суд, эски замонда қозихона шундай аталган, деса, иккинчи томон, ҳукм сўзидан ҳокимият келиб чиққани, ҳукумат идораси маҳкама бўлишини далиллаб эътироз билдирди. Биринчи томоннинг маҳкамага бериш, маҳкамага тортиш каби далилларига ҳар ишнинг ўз маҳкамаси бор, деган ибора қарши қўйилиб, бу сўзнинг идора маъносига урғу берилди. Бу фикр кўпчиликка мақбул бўлди.
Ўша суҳбатда мен асрнинг муҳокама асри экани, баҳсу муҳокаманинг эса буюк ҳикмат эканини ўйлаб яйраб ўтирдим. Аслиятга қайтишнинг кўламли жараёнида зангин ва рангин она тилимиз фаол иштирок этаётганидан қувондим. Барча даражадаги маҳкамаларнинг фақат ҳукм чиқарувчи даргоҳ эмас, балки муҳокама даргоҳига, тафаккур ва машварат масканига айланаётгани ҳақиқатдир. Зероки, ҳокиму ҳукму ҳакаму ҳукумат муҳокамага ўзакдош, ҳикмат дарахти ҳам шу илдиздан униб чиққан.
Ижодкорлар баҳси одатда қизғин, қизиқарли кечади. Турли ҳангомалар ўртага тушади. Сўзни телва-тескари ишлатганларнинг мазаммати, таржимадаги баъзи ажабтовурликлар ҳангомаси баҳсга енгил руҳ беради. Талашиб тортишсак ҳам кулиб, яйраб қайтамиз. Лекин тилшунос олимлар билан тортишув жуда мушкул иш. Араб, форс тилларини сув қилиб ичиб юборган тадқиқотчилар сўзнинг энг чуқур илдизига етиб аслиятни маҳкам тутиб оладилар. Дунё хатога тўлиб кетганидан жонфиғон бўладилар. Риштон эмас, Рошидон; Бувайда эмас, Биби Убайда; арава эмас, ароба деб ёзиш ва айтишни талаб қиладилар. Уламолар, фузалолар дейиш саводсизлик, инсон ҳуқуқлари эмас, ҳақлари дейиш керак, чунки уламо, фузало, ҳуқуқ олим, фозил, ҳақ сўзларининг кўплиги деб қизишадилар. Айниқса, ахборотлар сўзини эшитсалар борми, сочлари тик бўлади. Ҳақиқатдан ҳам хабарнинг жамъи — ахбор. Ахборотга айланиб яна бир кўплик қўшимчаси ортди. Ахборотлар десак энди хабар учта лардан лорсиллаган бўлади.
Азалий қадриятлар тикланаётган замонда тилшунос олимларимизнинг бу жонбозликлари, айниқса, зиёлиларни “қора” халққа эргашиш эмас, балки йўлбошчи бўлишга чорлашлари адолатли нидодир.
Лекин орзулар бошқа-ю, ҳаёт бошқа экан. Мен ҳам она тилимизнинг ҳазрат Навоий замонидаги кўрки, бўй-бастига қараб ҳавас қиламан. Қани эди, буюк шоирнинг сўз бойлиги шу кунда ҳам тўлиғича тасарруфимизда истифода бўлса, дея орзулар қиламан. Не иложки, жамиятнинг ҳам, тилнинг ҳам тараққиёт қонунлари бизнинг ихтиёримизда эмас экан. Оғиздаги тилга хўжайинлик қилишимиз мумкин, лекин жамият ҳодисаси бўлган Тилга ҳукм ўтказиш иложсиз.
Устоз Абдулла Қаҳҳор драматургиянинг бир қонуни устида сўзлаб, янги пиесага киритиш учун мўлжаллаб ёзган бир дафтар жуда ёрқин ва ўткир жумлаларни бизга ўқиб берган ва афсус билан айтганди:
— Кўнгилда кўпдан сақлаб юрган бу гапларимнинг бирортасини пиесага киритолмадим. Қайси қаҳрамоннинг оғзига солсам, туфлаб ташлади.
Улуғ адибнинг бу сўзларини тўла асос билан тил қонуниятларига кўчириш мумкин.
Биз илму ижод аҳли қанча талашиб тортишмайлик, бир фикрда ҳаммамиз якдилмиз: тил ёлғиз мутахассисларнинг мулки, хусусий томорқаси эмас. Уни бойитиш, гўзал қилиш, хас-хашаклардан тозалаб бориш — умумхалқ ишидир.
Мен ҳам шу буюк хазинанинг битта баҳраманди сифатида Сўз ҳақида кўнгил сўзларимни айтиб, сиз азиз муштарийларни баҳсга чорламоқчи бўлдим.

Улғайган сўзлар

Сўз бамисоли тирик жондек ҳаёт кечирар экан. Унда ҳам туғилиш, камол топиш, қариб заволга юз тутиш бор экан.
Умр давомида инсон неча қайта ўзгаради. Болаликда бир, йигитликда ўзга, улуғ ёшга етганда яна бошқа қиёфа касб этади. Дунё кезиб баъзан ўз юртига бошқа одам бўлиб қайтади. Сўзнинг ҳам ўз қисмати, таржимаи ҳоли бўларкан. Гоҳ узоқ-яқин элларда макон тутиб, тамоман бошқа маъно олиб юртга қайтар экан.
Тилимизда истак, хоҳишни англатувчи ирода сўзи бор. Бир пиёла сув ичишни ирода қилдим, десак аслида хато бўлмайди. Лекин биз шундай демаймиз. Чунки бу сўз истак маъносидан ўсиб қалб қудратини, инсон табиатидаги мустаҳкамлик, қатъиятни англатувчи атамага айланибди. Иродали инсон энди хоҳиш эгаси эмас, балки ўз хоҳишини бошқара олган, керак бўлса, кўнгилнинг ҳою-ҳавасларига қарши тура оладиган инсондир. Сўз асл маъносидан узоқлашмаган ҳолда улғайиб, бўйига бўй, кўркига кўрк қўшилибди.
Лекин шундай сўзлар борки, вақт уларни таниб бўлмас даражада ўзгартириб юборган, асл маънодан деярли нишон қолмаган.

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.

Бу Мирзо Бобурнинг фарёди. Меҳнат сўзига эътибор беринг. Аслида азоб-уқубатни билдирган бу сўзга замон тамоман терс мазмун бағишлади, бахт-саодат омилига, шон-шараф ишига айлантирди, қонун билан ҳуқуқий мақом берди.

Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.

Ҳазрат Навоийнинг машҳури олам бўлган бу шоҳбайтидаги ҳар уч ўзак сўз — мардум, фан, ватан бизнинг замонга келиб улғайган, камол топган, асл маъно қобиғларини ёриб чиқиб, янги миқёсга кўтарилган атамалардир.
Мардум — инсон. Фан қилмоқ — аён қилмоқ, намоён этмоқ, билдирмоқ. Мардумнинг яна бир мазмуни кўзнинг гавҳари. Байтнинг маъноси — билсангиз ҳам яна қайтарай — эй, қора кўзлигим, кел, бир инсонийлик кўрсатгину кўзим қорасида гавҳар бўлиб жойлашгин. Қора кўз ва кўз қораси, мардумнинг икки маъноси, шакл ва мазмуннинг гўзал ва олижаноблиги байтни шеъриятнинг аршига кўтариб қўйган.
Мардум сўзининг кўз гавҳари маъноси бугун унут бўлди. Унинг инсон маъноси эса халқ тушунчасига айланди. Сўз кенг миқёсга чиқди, жўнгина қилиб айтадиган бўлсак, ўзидан кўпайди.
Фан сўзининг бугунги камолоти ҳайратлидир. Унинг ҳунар, санъат маънолари ҳам, фан қилмоқ шакли ҳам энди йўқ. Фан бугун билимлар мажмуига, илмий тафаккурнинг умумлашма номига айланди.
Байтнинг яна бир ўзак сўзи — ватан. Бу ерда у жой, масканни англатади.
Ҳозирда ҳам уй қурган, жой сотиб олган одамни биз ватанли бўлди, деймиз. Лекин менинг ватаним фалон кўча, фалон хонадон, деб айтмаймиз. Ҳовлисини сотган одам, мен ватанимни сотдим, демайди. Шундай деб кўрсин-чи?!
Бугунги инсон онгида Ватан муқаддас тушунчага айланди. Миллат учун у — мамлакат, инсоният учун Курраи Замин қадар юксалди.
Москва, Токио шаҳарларида буюк бобомиз ҳайкаллари очиларкан, ўша мўътабар издиҳомда туриб ҳазратнинг бу ўлмас байтларини хаёлда такрорлаган эдим. Қаранг-ки, устоз Навоий ўзлари ўзбек халқи учун ватан тимсолига айланибдилар!

Бир пас неча дақиқа?

Болаликдаги шеърий машқларимнинг бирида, шаббода, тўхта бир пас, деб ёзган эканман. Деворий газета муҳаррири, ўзбек адабий тилида бир пас деган сўз йўқ, бир нафас дейиш керак, деб ўзи қизил қалам билан тўғрилаб қўйган.
Кўп йиллар ўтиб Навоийнинг “Лайли ва Мажнун”ида шундай байтни кўрдим:

Бир пос чу тундин ўтди ул хайл,
Тушлуқ туши қилди уйқуға майл.

Луғатларга қарадим. Пос — туннинг саккиздан бири, деб шарҳланибди. Демак, тахминан бир соатга тенг тунги муддат — пос, бир соатлик тунги соқчи — посбон, русча часовой маъносидаги атама бўлиб чиқди.
Ажабки, ўз сўзимиз бўлган пос жаҳон кезиб, яна ўзимизга пост шаклида, қўриқланадиган жой, соқчининг ўрни ҳамда лавозим маъноларини олиб қайтибди.
Пос — ўзимизнинг сўз, деб хато айтмадим. Асли форсча ёки арабча ўзакка эга бўлган, асрлар давомида тилимиз таркибида яшаб бизга хизмат қилаётган сўзлар ҳам албатта ўз сўзларимиздир.
Худди шундай, рус, можар, араб, тожик ва бошқа тилларда хизмат қилаётган ўзбек сўзлари ҳам ҳозирги эгаларига буюрсин.
Биз бир пас деб ишлатадиган пос — жайдари сўзимизнинг жаҳон саҳнида топган юксак мартабаси кечаги чопқиллаб юрган бўз боланинг аскар бўлиб, ҳарбий кийимда виқор билан қайтганини эслатади.
Демак, ўзбекнинг бир паси бир соат бўлар экан. Гапимни бир пасда тугатаман, деган сўзнинг маъносини ўзингиз тушунаверинг.

Фуқаролар дейиш тўғрими?

Бамисоли уламо, фузало олиму фозилнинг кўплик шакли бўлганидек, фуқаро ҳам фақирлар, яъни камбағаллар, йўқсиллар демакдир. Қоидага кўра, фуқарога ҳам лар қўшиш хато бўлади.
Илмий, мантиқий нуқтаи назардан ҳам, шаклу мазмун жиҳатдан ҳам бу ҳуқуқий атама устида турли баҳслар юради.
Лекин замон кўзи билан қарасак, фуқаро ҳам меҳнаткаш атамаси билан қисматдош экан. Ҳар икки сўз мажруҳлик, тубанлик, бахтсизлик чоҳидан озод бўлиб, қадр-қиммат минбарига юксалибдилар.
Шундай камол топган сўзларга дуч келганимда, ўзбекнинг сўзи — ўзбекнинг ўзи, деган фикр кўнглимдан ўтади.
Қадим замонларда Миср султонлари асирликка олиб ўз мулкига айлантирган, яъни мамлук қилган аскарлар вақт келиб султонларни қулатгани, беш юз йил Мисрда ҳукм сургани тарихдан маълум.
Аслида қул маъносини англатувчи мамлук Мамлуклар салтанати бўлиб, соҳиблик мақомини олган эди.
Келиб чиқиши фақир бўлган фуқаронинг бугунги соҳиблик мақоми, юрт эгаси даражасига кўтарилгани ана шу тарихни эслатади. Фарқ шуки, фуқаро ҳозирги мақомга қадам-бақадам кўтарилган. Фақирлик — тобеликка, тобелик даражама-даража юқорилаб, аввал хожанинг фуқароси, сўнг амиру султоннинг, бора-бора мамлакатнинг фуқароси қадар етиб келган.
XIX аср бошларида Қўқонда яшаб ижод этган ўз замонининг малик уш-шуароси бўлган Фазлийнинг: “Сенга арз этар фуқароларинг”, — деган сўзлари бор. Бу ғазалга шоир Вола боғлаган мухаммас “Бозургоний” куйига солиб ҳали ҳамон айтилади. Демак, бундан икки аср аввал фуқаро амирликка тобе инсон маъносида ишлатилган ва фуқаролар шакли ҳам мавжуд бўлган.
Бугун энди фуқаро сўзи жулдур тўнини ечиб, замонавий либосда қад кўтарган. Бир қўли билан русча гражданин, иккинчи қўл билан инглизча ситизен сўзларини маҳкам ушлаб, дунё саҳнида мағрур турибди.
Зотан гражданин ҳам, ситизен ҳам ўзларининг аввалги шаҳарлик деган маъноларини аллақачон тарк этганлар.

Мадина ва маданият

Маданият арабча мадина, яъни шаҳар сўзидан олинганини биламиз. Қадим замонлардан саҳройи араблар бадавий, шаҳарликлар маданий бўлганлар. Ўзбек тилига ҳам айни маънода кириб келган. Аёнки, ҳамма давр, ҳамма эл-элатларда шаҳарлар маданият ўчоғи ҳисобланган. Биз бугун қишлоқ маданияти деганда ҳам қишлоқнинг шаҳарлашувини тушунамиз.
Мадина ва маданият ҳақидаги ўйлар мени маданият ўзи аслида нима, деган саволга рўбару қилди.
Маданият оқ кўйлак кийиб, галстук тақиш, тавозе ва мулозаматни ўхшатишдами? Ёки рисоладагидек уй тутиш, саранжом-саришталикми у?
Замон шаҳар ва шаҳарлик атамаларига ҳам, маданият тушунчасига ҳам ўзгача маъно берди.
Аввало, шаҳар билан қишлоқ ўртасидаги тафовут йўқолиб бормоқда. Қишлоқлик энди илгариги қишлоқи эмас. Кийинишда, муомалада, юриш-туриш ва рўзғор тутишда бугунги қишлоқда яшовчилар ҳеч бир шаҳарликдан кам эмаслар.
Қолаверса, маданият ҳам энди шаклий, маиший маъноларини йўқотиб, эстетик-ахлоқий тушунчага айланиб бормоқда. Маданият деганда бугун биз кўпроқ ички маданиятни кўзда тутамиз, юксак фазилатлар мажмуини тушунамиз.
Агар бугун барча инсоний фазилатлар ичида энг олий, энг қадрлиси нима, деб сўров ўтказилса, ишонаманки, ер юзи халқларининг асосий кўпчилиги меҳр-шафқатни айтади. Зотан, бу замонда одамзот энг муҳтож бўлган, лекин жуда камёб, жадал тараққиёт баробарида кўпайиш ўрнига озайиб кетаётган туйғу — меҳр-шафқатдир.
Мабодо сўровни давом эттириб, меҳр-шафқат қаерда кўп ва қаерда кам, дея сўралса, ҳамма баробар шаҳарда камроқ, қишлоқда кўпроқ, деб жавоб беради. Худбинлик ва бегоналик ошиёни бўлиб бораётган мегаполисларда истиқомат қилувчилар ўзлари шу сўзни айтадилар.
Меҳр-шафқат инсоний маданиятнинг энг олий даражаси экан ва бу ноёб туйғу қишлоқларда макон тутган экан, маданият сўзининг мадинага эгизлиги қаёқда қолди?
Шоирлар қишлоқларда туғиладилар, шаҳарларда яшаб ўтадилар, деган гап машҳур бўлиб кетган. Лекин, аслида, шаҳардан чиққан маданият ўз масканидан бош олиб қишлоққа кўчиб кетибди, десак ҳақиқатга яқин мажоз бўлар экан…

Ғариб, ғаройиб сўзлар…

Сўзнинг бошига ҳам яхши-ёмон кунлар тушар экан.
Йигит сўзи Россияга кетиб джигит бўлди, баҳодир — богатырь бўлиб қадр топди. Лекин полвон — болванга, паҳлавон — ахламонга айланиб хор-зор, шармандаи шармисор бўлдилар.
Туркиялик бир дўстимиз бор. Ўзбек адабиётининг катта билимдони, тарғиботчиси. Кўп китобларимизни туркчага таржима қилиб нашр эттирган. Исми нима денг? Ёвуз! Ёвуз Оқбинор.
Усмонли турк тилида ёвуз сўзи ботир, баҳодир маъносини билдиради. Туркия тарихида Ёвуз исмли султонлар ўтган.
Қарангки, бизнинг полвон ва паҳлавон сўзларимизга келган кўргилик қардош тилдан ўтган ёвуз сўзининг ҳам бошига тушибди.
Уста таржимонлар кўпинча қардош тиллардан таржима қилишни унча хуш кўрмайдилар, бу ишдан иложи борича қочадилар. Юзаки қарашда осон кўринган бу иш аслида жуда мураккаб экан. Негаки таниш сўзинг сени чалғитиб, уялтириб қўйиши ҳеч гап эмас.
Бундай ҳолатга мисол қилиб ўзбек муҳожирларининг бир ажиб саргузаштини ҳикоя қиладилар.
Инқилоб йилларида Туркистондан қувғин бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз Истанбулда паноҳ топган эканлар. Шаҳар волийси уларни ҳузурига чорлаб ҳурмат кўрсатибди, қандай истак-орзулари борлигини сўрабди. Шунда меҳмон ўзбекларнинг улуғи тавозе билан бундай дебди: Илтифотингиз учун ташаккур, жаноб волий, ҳар нарсамиз етарли. Фақат бекормиз, бизга корхона керак.
Бизга аждод бўлган ўша содда ўзбек қаердан билсин-ки, Туркияда бекорнинг маъноси бўйдоқ, корхонанинг маъноси эса ишратхона, исловотхона…
Ана кўринг ҳангомани! Шундай табаррук юртдан келган иззатли мусофирлар биз бўйдоқмиз, ишратхона керак деб турса, волийнинг аҳволини кўз олдингизга келтиринг.
Москванинг Воровская кўчасидаги ёзувчилар уюшмаси биноси бир вақтлар доим гавжум бўлар, пойтахтга йўли тушган ижодкорлар қўниб ўтадиган карвонсарой эди. Ҳиндистонга борадиган тошкентлик аввал Москвага бориб, ҳужжат расмийлаштириб, яна уч минг километр учиб қайтар, Тошкентга қўниб, кейин Ҳиндистонга учарди-да.
Осиё — Африка ёзувчилар бирдамлик ҳаракатининг котибияти жойлашган мўъжазгина кабинетда бўлиб ўтган бир суҳбат ҳеч ёдимдан чиқмайди.
— Мен кўп таъна эшитаман, — деганди Чингиз Айтматов ёнида ўтирган Мустай Каримга, – қирғиз тилида ёзмайсан, деб танқид қилишади. Не қилайки, ўз она тилимда ҳатто ҳақиқат маъносини билдирувчи сўз йўқ.
Улуғ ёзувчи шундай деб қўлидаги газетани машҳур шоирга узатди. Газетанинг номи “Фрунзе правдаси” эди.
— Ҳасрат қилма, азизим, — деди Мустай оға ўзига хос назокат ва маданият билан, — менинг бошқирд тилим олдида қирғиз тилини улуғ ва қудратли деса бўлади. Яқинда бир журналимизда мақола чиқди. Номи шундай: Советлар Россиясинда крестьянлар положениеси!
Суҳбатга Ибройим Юсупов қўшилди:
— Қорақалпоқнинг бош газетаси яқин-яқинларда ҳам “Қизил Қорақалпоғистон” бўлган.

Тилнинг жони бор

Ҳа, тилнинг жони бор экан. Бекорга жонли тил деб аталмас экан.
Агар тилни хазина десак, у кўмиб қўйилган ё сандиқда сақланадиган хазина эмас, балки ипак қурти каби тирик хазина экан.
Ҳозирги замонда кичкина дискеталарга сиғиб кетган юз минг сўзлик луғатлар менга гугурт қутисига жо бўлган сонсиз пилла уруғини эслатади.
Хитойдан қадимда бу уруғни ҳасса ичида яширин олиб чиққан сайёҳ ангишвонадек тешикчадан оламга битмас хазина тарқатган эди. Ўша сайёҳ ўзбек бўлганига менда шубҳа йўқ.
Ажабо, тариқдек уруғдан жонивор униб чиқиб пилла ўраши, капалакка айланиб учиши биз юқорида тилга олган ва тилга олмаган минг-минг сўзларнинг замон ва макондаги эврилишларини эслатмайдими?
Тил — хазина. Улкан адибимиз Пиримқул Қодиров ёзганидек, эл ганжинаси. Ҳеч биримиз, мен тилшунос ёки ёзувчи эмасман, деб ўзни четга олмаслигимиз керак. Бу ганж соҳиблари ҳам, посбонлари ҳам барчамиз.
Бу йил “Давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганига роппа-роса йигирма йил тўлади. Ҳам байрам, ҳам сарҳисоб санаси бу!
Мустақиллик йилларида маънавиятимизнинг узвий қисми бўлган она тилимиз ривожи учун талай амалий ишлар қилинди. Беш томли “Изоҳли луғат” улкан жамоа меҳнатининг маҳсули бўлди. Саноқсиз илмий ишлар чоп этилди, издиҳомлар ўтказилди.
Лекин қилинадиган ишлар беҳисоб.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият — енгилмас куч” номли асарида тил маданияти тўғрисида айтилган фикрлар, адолатли танқидий мулоҳазалар бизни ўйлатмоғи, сафарбар қилмоғи керак:
“Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлашимиз, уни бойитиш, нуфузини янада ошириш устида доимий ишлашимиз зарур…
Айни вақтда жамиятимизда тил маданиятини ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозимлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Айниқса, баъзан расмий мулоқотларда ҳам адабий тил қоидаларига риоя қилмаслик, фақат маълум бир ҳудуд доирасида ишлатиладиган шева элементларини қўшиб гапириш ҳолатлари учраб туриши бу масалаларнинг ҳали ҳануз долзарб бўлиб қолаётганини кўрсатади. Бу ҳақда сўз юритганда, бобомиз Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз — элга эътиборсиз” деган сўзларида нақадар чуқур ҳаётий ҳақиқат мужассам эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз”.
Бу сўзлар ёлғиз тилшунос олимлар ёки қалам аҳлига эмас, балки барча зиёлиларга, миллатнинг барча вакилларига қарата айтилган мурожаатдир.
Дарҳақиқат, тилни англаш, Сўзни идрок этиш ўзликни англашнинг узвий қисми ҳисобланади.
Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ дегандай, биз баъзан ўз она тилимиз бойликлари, назокати, ҳусну тароватини теран билиб ҳис этолмаймиз. Оғзимиздан чиққан сўзнинг тагзаминига етмаймиз. Гап кўп, кўмир оз, деб қўямиз-у, нега шундай дейишимизни чуқур ўйлаб ўтирмаймиз.
Шундай китоб ёзилишини орзу қиламан. Унинг номи Сўзнинг қисмати бўлса. Она тилимиздаги сўзларнинг узоқ босиб ўтган йўллари, бошдан кечирганлари, зафар ва мағлубиятлари, гоҳ шуҳрат топиб, гоҳ унут бўлишлари, камолу заволлари тасвир этилса… Дунёда бундан қизиқ асар бўлмасди.
У китобнинг илмий номи ҳам бор: Этимологик луғат. Ғоят мушкул ва мураккаб, юз Суқротнинг билими, минг Алпомишнинг кучини талаб қиладиган меҳнат.
Ишонаманки, ўзбекнинг шундай тафаккур паҳлавонлари бор. Саксонда ҳам тиниб тинчимаган, бундай луғат тузиш ишига астойдил бел боғлаб дастлабки залворли қадамни қўйган, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби устоз Шавкат Раҳматуллаев, “Сўз ҳақида сўз” китоби аллақачон библиографик ноёбликка айланган Алибек Рустамовдек суқротлар-у алпомишларимиз, уларнинг ғайратли ва истеъдодли шогирдлари бор.
Она тилимиз меҳри ва ғурури кўнгилларга илҳом, тоғларни талқон қилгудек куч-қувват бағишласа ажаб эмас.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 9-сонидан олинди.