Е. Э. Бертельс. Зулф ва юз

Евгений Эдуардович Бертельс (1890-1957)

Тасаввуф шеъриятини ўрганиш жараёнида, сўфий шоирлар фойдаланадиган тимсоллар (образлар) унча кўп бўлмаганини билиб олиш қийин эмас. Бу тимсоллар қисқа иборалар (формулалар)дан ташкил топган бўлиб, бир неча турлардан иборатдир. Улар шеърнинг яратилишида бир бошланғич нуқта вазифасини ўтар экан, деярли ўзгаришлар, шунчаки, ўзаро ўрин алмашган ҳолда, шоирнинг фикрини маълум бир йўлга солиб боради.

Агар бу тимсоллар сўзнинг ўз маъносида тушуниладиган бўлса, бундай тушунча шоир фикрининг ночорлигини ва унинг ўз ижоди доирасига янги мазмун киритишга хуши йўқлигини ифодалаган бўларди. Аммо сўфийлар шеъриятида аҳвол бутунлай бошқача. Унда тимсолнинг ўзи мустақил қимматга мутлақо эга эмас; унинг вазифаси – ҳақиқий фалсафий маънонинг юзасига парда бўлиб турувчи иероглиф сўз – белги бўлиб хизмат қилишдир. Тасаввуф шеъриятининг асосий мавзуси аввалдан белгилаб қўйилгани ва унда тавҳид ҳамда ва ваҳдати вужуддан бошқа ҳеч нарсани мадҳ этиш мумкин бўлмагани учун, тимсолнинг ранг-баранг бўлишига эҳтиёж қолмайди. Шундай экан, фалсафий таълимотни ўрганишга киришаётган сўфий шоирга аввалдан маълум унсурлар бирикмасининг мақсадга мувофиқ таркибини кашф этиш асосий ўринга ўтади. Энди диққат маркази ўзгаради, яъни янги воситалардан фойдаланиб, янги бадиий тимсоллар яратиш эмас, мавжуд воситалардан сўфийлик фалсафаси муаммоларига аниқлик киритиш учун иложи борича яхшироқ фойдаланиш асосий вазифа бўлиб қолади.

Рефлексияни (ўз руҳий ҳолатини таҳлил қилишга мойилликни) сўфий шеъриятдаги зарурий интеграцияловчи (бирлаштирувчи) куч деб тан олганимиздагина сўфийлар шеъриятини шундай тушунишимиз мумкин бўлади. Шарқ манбаларида келтирилган маълумотлар кўпроқ бу жиҳатни инкор этишга олиб келиши мумкин: кўпинча бизга, фалон шоир ўз асарларини кучли эҳтирос жўшган пайтда ёзган, у ўз фикрларини баён этмай, балки ақли куллнинг зоҳир бўлишига воситачи бўлиб хизмат қилган, холос, дейишади. Баъзи ҳолларда шарқ адабиётшунослари албатта ҳақдирлар – Жалолиддин Румийга ўхшаган шоирларнинг лирик асарлари кучли эҳтирос натижаси, – деб тан олса арзийдиган асарлардир. Бир-бирига боғлиқ бўлмаган сўзларни ишлатиш, битта сўзни такрорлашга мойиллик, кўпинча, ҳатто маъноси бўлмаган хитоблар – буларнинг ҳаммаси гўёки шундай нуқтаи назарни тасдиқлайдиганга ўхшайди. Аммо, бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, агар шу хилдаги ижод ҳақиқатга тўғри келса, у ҳолда унга мослаб жўшқин эҳтиросли ҳолатни яратишнинг ҳам имкони бўлиши мумкин. Ғарб адабиётида “шоирона тартибсизлик” деган техник усул ҳам бор-ку! Тадқиқотчи, муаллифнинг энг нозик туйғуларини оча билиши, ижодхонасининг энг яширин ерларигача кўра билиши зарур. У шундай қилиши керак, аммо ҳозирча бундай иш унинг қўлидан келиши амри маҳол. Бу йўлда бирор ишончли мезонга эга бўлиш учун форс тасаввуф шеърияти ҳақидаги билимимиз ниҳоятда камлик қилади, шунинг учун бунга ўхшаш масалаларга туйғу билан эмас, балки мутлақо онгли ёндашувимизга ҳали анча бор. Бунинг учун аввало, ушбу асарларга сўфийлар қандай назар билан қараган бўлса, биз ҳам худди шундай назар билан қарашимиз зарур, яъни бу асарлардаги фикрлар у ёки бу даражада ёрқин анъанавий тимсолларнинг оддий алмашуви эмас, балки, тасаввуф фалсафаси талабларига асосланган фикрларнинг мантиқий силсиласи бўлиб қолиши керак. Тимсол образлар фақат тимсолларгина бўлиб қолмай, балки, маълум бир фалсафий тушунчаларга айланишлари керак, яъни маъноларни беркитиб турган (иероглифик) парда олиб ташланиши зарур.

Тимсоллар пардасини очиш билан, биз унинг ортидан тушунчаларнинг янги силсиласини – тасаввуф фалсафасининг шартли техник атамалари – истилоҳотни топамиз. Уларни идрок этиш эса янада чуқур қатламларга кириб боришимизга, тасаввуфнинг негизини топиш учун унинг фалсафий заминини излашимизга имконият беради ёки кейинги ишларда фойдаланмоқ учун, олинган натижалар билан қониқишимиз керак бўлади.

Бу тимсоллар маъносини очиш, уларни таълимот тилига айлантириш зарурлигини сўфийларнинг ўзлари ҳам сезганлар. Шеърий асарларга ёзилган беҳисоб шарҳлар шуни кўрсатади. Аслини олганда, тимсолларнинг унчалик кўп эмаслиги, уларни тартибга солиб, бир неча асосий турларга бўлиб тўплаш мумкинлиги ҳам сезилиб турар эди. Ўзига хос бир код (ихчам шартли белги) яратиш, яъни бундай истилоҳот уш-шуаро тузишга бўлган уринишлар ҳам шундан далолат беради. Афсуски, менга маълум бўлган бундай ишларнинг аксарияти сифат нуқтаи назаридан унча юқори даражада эмаслиги тан олиниши керак.

Осиё музейида қўлёзма ҳолида сақланувчи шундай луғатлардан менга маълум бўлган учтаси ҳам бир хилда тўла эмас, сўзларни тушунтириш ниҳоятда қисқа ва ҳамма вақт ҳам аниқ эмас. Уларнинг иккитасида ёзилган йиллари келтирилган, уччаласида ҳам муаллифларнинг исмлари кўрсатилмаган, шунинг учун уларнинг қиммати анчагина паст. Маҳмуд Шабистарий (вафоти 720/1320-21) ўзининг “Гулшани роз” асарида келтирган, шарҳ қилинган тимсолларнинг нисбатан унча катта бўлмаган рўйхатини энг қадимий нусхалардан бири деса бўлади.

Мир Ҳусайн Саодатнинг саволларига жавоб бериб, у қуйидаги атамаларни тушунтиради:

  1. кўз (чашм), 2. лаб, 3. зулф, 4. хат, 5. хол, 6. шароб, 7. шамъ, 8. гўзал (шоҳид), 9. харобот, 10. бут, 11. зуннор, 12. тарсо.

Рўйхат унча катта эмас, лекин барча зарурий жиҳатларни қамраб олган. Фақат тасаввуф шеъриятини мутолаа қилишда учраган барча мураккаб масалаларга жавоб топиш учун бу рўйхатга яна бироз қўшилса етарли бўлади.

Аммо бошқа бир жиддий мушкулот мавжуд. Қўлёзма XIV асрнинг бошларида ёзилган, яъни у тасаввуф назариясининг энг ривожланган даврига мансуб. Бундан аввалги давр шеъриятини таҳлил қилишда ундан фойдаланишга ҳақлимизми, йўқми?

Тимсолни таҳлил этишда асосий эътибор, аввало, бутун таркибни яхлит ҳолда кўтариб турувчи асос tertium comparationis, яъни нисбий оралиқ бўғинини топишга қаратилиши керак бўлади. Tertium comparationis мантиққа асосланиши шарт. Акс ҳолда тимсол унмайди, шеър луғатлари таомилига кириб боролмайди, ривожланмайди ва бошқа ўсмайди. Бу шарт сўфийларга ҳам таниш. Лоҳижий “Гулшани роз”га ёзган шарҳида, кўпинча у ёки бу мавзуни киритиш учун қонуний асос сифатида важҳ-и шибҳ (нисбий оралиқ бўғин)ни далил қилиб келтиради. Сўнгра, тимсолларни таҳлил қилишда, уларнинг ишлатилиши одатда ўзига хос дихотомия (бир бутун нарсани аввал иккига, сўнг уларнинг ҳар бирини яна иккига ва ҳоказо… бўлишга айтилади) шаклида юз беришини доимо эсда тутиш керак. Ижобий тимсол одатда инкори ҳисобланган тазоди билан биргаликда келади. Агар тавҳиднинг асосий маъноси бир-бирига зид бўлган иккита қийматнинг у ёки бу тарзда бирикувидан иборатлиги назарда тутилса, бундай дуализм (икки хиллилик, иккига бўлиниш. Бу ерда шу иккита зид жиҳатни баробар тан олиш демакдир – тарж.) ғалати туюлмайди. Бош зиддият, яъни вожиб-мумкин (зарурат-имконият)дан келиб чиқиб, бу иккига бўлинишни барча сўфиёна таълимотларда, руҳий оламларнинг қарама-қаршилигидан тортиб то воқиф шахснинг руҳий изтиробларигача ўтиб келишини кўрамиз ва қуйидаги жуфт ибораларни учратамиз:

ҳавф-рижо (умид)
баст (ёйилиш) – қабз (биқиқлик)
саҳв (ҳушёрлик) – сакрон (мастлик) ва ҳ.к.

Шеърият атамаларида қуйидаги жуфт сўзлар доимий қарама-қаршиликда бўлади:

габр (оташпараст) – мўмин
сарв – сунбул
дарё – қатра
зулф – ру (юз)
офтоб – моҳ (ой)
офтоб – абр (булут) ва ҳ.к.

Бу жуфт сўзларни осонгина бир тартибга келтириш ва маълум бир жадвалга солиш мумкин, бу жадвал эса айнан шу муаллифнинг ушбу асарида уларнинг ишлатилиши қанчалик қонуний эканлигини кўрсатади. Албатта, ҳеч нарсага бирикмаган, жуфти йўқ тимсоллар ҳам бўлиши керак. Бу, заруратга қараб, тавҳиддаги вазифанинг ўзидан келиб чиқади. Бунда мазкур тимсоллар хаёлот оламининг шартли бўлинишларидан юқори турувчи умумий қоидани ифода этиш учун хизмат қиладилар ва мана шу алоҳидаликни қайд этиш, ақл-идрокдан ташқари эканлигини таъкидлаш зарур бўлганда ҳамда муриднинг сўнгги мақсади – фано заминига ўтишини маълум қилиш керак бўлгандагина ишлатиладилар. Сўнгги мақсадга етишмоқлик тасаввуф шеъриятидан кўриниб турганидек, ҳаётда камдан-кам амалга ошувчи, кўпроқ интилиш, изланиш, йўқотилган нарсага дард чекиш руҳидаги ва айрим ҳоллардагина исталганни топиб шодланиш, завқланиш туйғулари руҳидаги ҳолат бўлган.

Шунинг учун, тимсолни ўрганишга киришишдан олдин уни атрофлича кўриб чиқиш, унинг кўпроқ ишлатилиши сабабларини аниқлаш, агар унга жуфт тимсол борлиги маълум бўлса, уларни бир-биридан ажратмай, биргаликда тадқиқ этиш зарур, чунки мусбат қутубнинг тузилиши манфий қутуб тузилишини тушунишга ёрдам беради, муаммони ойдинлаштиради.

Мен шундай тимсолларни таҳлил этишга бағишланган, шундай тимсолларни мантиқан асослаб, уларни онгли равишда қўллашга имконият берувчи мақолалар ёзишни мақсад қилиб қўйдим. Тадқиқот зарурат юзасидан, тарих оқимига тескари йўналишда олиб борилиши керак бўлади. Аввал, луғат тузган ва шарҳ ёзганларнинг фикрларини назарда тутиб, улар таклиф этган тимсолларнинг тузилиши ҳақидаги тушунчаларни ўрганиб, сўнгра олинган натижалардан фойдаланган ҳолда қадимий, асарларига шарҳ ёзилмаган муаллифларни тадқиқ этиш зарур. Тимсолнинг ички моҳиятини чуқур ўрганиш, шарҳ натижасида идрок этилган тушунчани янада қадимийроқ муаллифларнинг асарларига тадбиқ қилиш қонуний эканлигини аниқлашга ва шу йўл билан бизга, насрда ёзилган фалсафий асарлар етиб келмаган сўфизм даври фалсафий асосини топишга имконият беради.

Тимсолнинг генезиси (келиб чиқиши ва тараққиёти – тарж.)ни таҳлил қилишдан мен онгли равишда воз кечаман, чунки, биринчидан, қадимий замонлардан қолган мавжуд маълумотлар етарли эмаслиги ва ниҳоятда озлигидан бу ишни амалга ошириш мушкул, иккинчидан эса (бундай ёндашиш – тарж.) тарихий-адабий масалаларга эмас, балки, жуда нозик тарихий-руҳий (психологик) масалаларга олиб келган бўлар эди, бунга эса менинг куч-қувватим, имкониятим етарли даражада эмас.

Шунда тимсоллардан мен ўзим тузган узун рўйхатдан тасодифан олинган бир жуфти, яъни зулф ва унинг тазоди (зидди) бўлган юз ушбу мақолага мавзу бўлади.

* * *

Гапни Осиё музейида кўргазма шаклида сақланаётган учта тасаввуф шеъриятида атамалари луғатида берилган таърифлардан бошлайлик. Бизни қизиқтираётган атамалар уларда қуйидагича изоҳланган.

А – Nov. 29 (В 1810), в. 246б – 251а мажмуасидаги муаллифи номаълум луғат:

Зулф ғайбати ҳувиййатро гўянд ки касро бадон роҳ нист.

Мазмуни: Зулф деб асл моҳиятни яширувчини айтадилар ва у томонга ҳеч ким учун йўл йўқ.

Рух тажаллиёти маҳз ро гуянд.

Мазмуни: Юз деб холис (ҳеч нарсага аралашмаган) соф тажаллиётга (жилваланишига – тарж.) айтилади.

Б – Атторнинг ғазалига ёзилган шарҳдаги кичкинагина луғатча (ўша қўлёзманинг ўзи):

Ва чун рухсор зикр кунанд, мурод аволами мавжудот бошад.

Мазмуни: Юз деганда эса ҳақиқий мавжуд бўлган оламлар кўзда тутилади.

Ва чун зулф зикр кунанд, мурод аволами маъдумот бошад.

Мазмуни: Зулф деганда эса, ҳақиқатда мавжуд бўлмаган оламлар кўзда тутилади.

В – “Мирот ул ушшоқ” атамалар луғати:

Зулф сифоти жалоли ва тажаллиёти жамолиро гўянд, ки мужиби иститори ваҳдати жамоли мутлақ шавад.

Мазмуни: Зулф деб жамоли мутлақ (баркамол гўзаллик)нинг яхлитлигига парда бўлиб турувчи сифоти жалолий (гўзалликнинг жилваси)га айтилади.

Рух ва рухсор мазҳари ҳусни зоти ва тажаллиёти жамолиро гўянд.

Мазмуни: Юз ва рухсор деб ҳусни зотий ва тажаллиёти жамолийнинг зуҳур бўлиш жойига айтилади.

Ушбу учта манбадаги таърифлар аниқ-равшан берилган, деб бўлмаса ҳам, аммо бу уч хил таърифлардан бир хулоса чиқарса бўлади. Дарҳақиқат, “юз” уларнинг уччаласида ҳам чин ҳақиқатга, яъни, таркибий бўлмаган, яхлит, мутлақ, руҳга, “зулф” – бўлса – ҳақиқий қимматга эга бўлмаган, хаёлот аралаш тажаллиёт (жилваланишлар)га тўғри келади. Фақат, ушбу истилоҳга А манбанинг муносабати унча тушунарли эмас. Б ҳам В ҳам рухсорга ҳақиқийлик, зулфга эса мавҳумлик маъносини берадилар. А зулфни “ғийбати ҳувиййат” (“асл моҳиятни яширувчи”) деб таърифлайди, ушбу истилоҳ “олами аҳадиййат”ни, яъни иложи борича реал воқелик par exellence ни англатади.

Ушбу англашилмовчиликни аниқлаш учун Лоҳижий шарҳлаган Шабстарий матнига марожаат қиламиз.

Зулф истилоҳини тушунтириб, Шабистарий бундай дейди:

Мапўрс аз ман ҳадиси зулфи пурчин,
 Мажунбонид занжири мажонин.

(Мендан у жингалакларга тўла соч ҳақида ривоят сўрама, телбаларнинг занжирини тортиб силкитма).

Лоҳижийнинг тушунтиришича, зулф, – “тажалли жалолий” – “илоҳий қудратнинг жилваланиши”дир. Унинг натижасида мутлақ бирлик (“аҳадият”) пастлаб тушиб, нозил бўлиб, бизнинг атрофимиздаги табиий дунёнинг ҳақиқий бўлмаган, хаёлий бисёрлигини яратади. “Зулфнинг узунлиги” – бу борлиқнинг беҳад кўп шаклларда намоён бўлиши ва тайин нарсаларнинг беқиёс кўплигига ишорадир. Зулф ва тайин нарсалар (таъаййунот) ўртасидаги нисбий оралиқ бўғин tertium comparationis (важҳи шибҳ), – деб давом этади. Лоҳижий, – қуйидагича: зулф маҳбубанинг юзига тортилган парда бўлганидай, унинг ҳар бир тайин ҳолга кириши (тааййун) ва кўпликдан алоҳида ҳодиса шаклида индивидуаллашиши (ташаххус) ягона моҳият (яъни, ҳақиқат)ни яширади ва ниқоб остига олади.

Бундан юз, рухсор нимани билдириши равшанлашади, табиийки, у тажаллиёт (жилвалар) пардаси остидаги мутлақ ҳақиқатни англатади. Ушбу таърифни биз кейинроқ, юз ҳақидаги бобнинг бошланишида учратамиз. “Юз, рухсор – илоҳий зотга ишорадир” – дейди Лоҳижий.

Шундай қилиб, тимсолнинг асосий таркиби бизга бироз равшанлашди. Энди, моҳиятни чуқурроқ ўрганиб, моддий тимсолнинг ривожи фалсафий талабларга қанчалик мос келишини кўрайлик. Зулфнинг қандай хоссалари бор? Нозик жингалак сочлар гўзалнинг ҳар бир ҳаракатидан тўлғаниб, гоҳ унинг юзини беркитиб, гоҳида очиб турадилар.

 Наёбад зулфи у як лаҳза ором
 Гоҳи бом озарад, гоҳи кунад шом.

Мазмуни: Унинг зулфи бир лаҳза ҳам тиним билмайди,

Гоҳ тонг олиб келади, гоҳида шом қилади.

Мутлақлик (абсолют) – ўзгариш унинг учун ёт бўлган олам, барқарорлик олами, у ерда фақат турғунлик, ҳаракатсизлик бор. Тажаллиётнинг (жилваланишнинг) мавҳум олами бўлса, аксинча, доимо ўзгариб турувчи, беқарорлик олами, у бирор сония ҳам бир ҳолатда бўлмайди, ҳар дақиқада пайдо бўлиб яна йўқолиб туради. Демак, моддий тимсол ва фалсафа талабларида мутаносиблик, параллел (мутавозий) ҳолат, ўхшатиш мавжуд.

Яна зулфга келсак, у жингалак, эгри-бугри, эгрилик-тўғриликнинг зидди, инкори, демак, зулф моҳияти бўйича икки хил тушунчани – тўғрилик ва уни инкори – эгриликни ўзида мужассам қилган. Олами воҳидиййатда қарама-қаршилик бўлиши мумкин эмас, у ерда ҳамма нарса бир бўлиб қўшилган, у ерда “ниҳоя” “аввалига” тенг, “зоҳирий” “ботиний”га тенг. Тушунчаларнинг намоён бўлиши учун эса, аксинча, сифат (атрибут)ларнинг қарама-қарши қисмларга бўлиниши зарурати бор. Бинобарин, бу сифатларнинг гўё бир ишораси тарзида Оллоҳнинг ташқи белгиси ҳисобланган номлари пайдо бўлади. Натижада бир-бирига бутунлай қарама-қарши тасаввурлар пайдо бўлади, жумладан, музилл (йўлдан оздирувчи) ва ҳодий (тўғри йўл кўрсатувчи), зоҳир (очиқ равшан), ботин (сирли, яширин) каби. Бундай ёндашув зулфнинг эгри-бугрилигини эслатиш орқали ифодаланади. “Зулф эгрилиги – номий ва сифатий қарама-қаршиликларнинг намоён бўлишидир”, – дейди Лоҳижий.

Ҳалқа шаклидаги гажакнинг эгрилиги, ошиқона шеъриятга тааллуқли бўлган дом тимсолини эсга олади, унга маҳбубасига интилаётган ошиқнинг қалби илиниб қолади.

Чу дом фитна мишуд чанбари ў,
 Ба шўхи боз кард аз тан сари ў.

Унинг (яъни зулфнинг – Е.Б.) ҳалқаси фитна доми бўлгач, шўхлик қилиб унинг бошини танидан жудо қилади, – дейди Шабистарий.

Аммо сўфийлар тажаллиёт оламини охирги якунловчи бўғини одамда туташувчи ҳалқа сифатида тасаввуф қиладилар. Шундай қилиб, айтиш мумкинки, худога талпинаётган сўфий тубан оламлар ҳалқасига тушиб қолган ва ундан қутулишга интилиши зарур. Бу ҳолат юқорида келтирилган тимсолга тўлалигича тўғри келади. Оламнинг кўринишлари – бисёр, уларнинг ҳар бири инсонни ром этиши, тўғри йўлдан оздириши ва асосий мақсаддан чалғитиши мумкин, залф эса шунчалар серҳалқаки, уларнинг ҳар бири тажрибасиз, содда қалб учун қўйилган тузоқлардир.

 Муаллақ сад ҳазорон дил зи ҳар сў,
 Нашуд як дил бўрун аз ҳалқаи ў…
 (Шабистарий)

Мазмуни: Юз минглаб дил ҳар ерда муаллақдир,

Улардан биронтаси ҳам бу ҳалқадан чиқиб кетолмадилар.

Яъни, ушбу фантасмагорик (хаёлий) оламда ҳар бир қалб ўзга бирон нарсага шайдо бўлиб қолган, у билан занжирбанд этилган. Бу шайдолик эса унинг учун маҳбубнинг юзини беркитиб турувчи пардага айланган.

Лоҳижий номаълум бир шоирдан шундай иқтибос келтиради:

 Сухани зулфи мушавваш бигзор.
 Дил аз ин шифтатар нотавон кард.
 Ибтило нист дар ин кор маро
 Ки аз ин ҳеч хабар нотавон кард.

(Чигал сочлар ҳақидаги сўзларни қўй,
Дилни бундан ортиқ ошуфта этиб бўлмайди.
Мен бу ҳолга мубтало эмасман,
Чунки бу ҳақда гапириб бўлмайди).

Юқорида айтиб ўтилганлар инобатга олинса, бу сўзлар мутлақо тушунарли. Олам – мавҳумот, ҳақиқий эмас, у бир фантасмагория (шарпа), чигил, уни охиригача ўрганиб бўлмайди, ўрганмоқ – дилни ошуфта этмоқ, мен бу оламни билмайман, билишим ҳам керак эмас, чунки мен фақатгина яхлит ҳақиқатга интилмоқдаман.

Мутлақ оламда қарама-қаршиликлар йўқ, иймон – бизнинг номукаммал коинотимиз учун яратилган, тааййунот (ғоялар) пардасини олиб ташласанг, иймон куфрга тенг бўлиб қолади. Сўфийлар кўп қайтарадиган қуйидаги оддийгина сўзлар энди анча тушунарли бўлади:

 Иймон ва куфри ман ҳама рухсору зулфи туст,
 Дар банди куфр мондау иймонам орзуст.

Мазмуни: Менинг иймоним ва куфрим ҳаммаси сен (яъни, худо – Е.Б.)инг рухсор ва зулфингдан (иборатдир), мен куфрга банди бўлиб қолганман-у, аммо иймонни орзу қиламан.

Яъни, мен ҳақиқий моҳият, мазмун кўринмайдиган ушбу оламдаман, аммо ваҳдат оламига киришни орзу қиламан. Ёки мана бу мисол:

 Аз руйи уст ин ҳама мўмин аён шуда,
 Ва-з зулфи уст ин ҳама куффор омада.
 Он як зи руйи уст ба тасбеҳ муштағил
 В-ин як зи муйи уст ба зуннор омада.

Мазмуни:

Унинг юзи туфайли ҳамма мўминлар аён бўлдилар,
Унинг зулфи туфайли ҳамма кофирлар юзага келдилар.
Бири унинг юзи ёдида тасбеҳ билан машғул,
Бошқаси эса унинг зулфи ёдида зуннор боғлади.

Шўх гўзал баъзан ўзининг қоп-қора зулфини кесиб ташлашни ихтиёр қилиб қолади, яъни, ҳақиқий бўлмаган олам боқий эмас, мутлақлик (абсолют) уни йўқотиб юбориши ва ҳақиқий ваҳдат (бирлик) нурига ғарқ этиб юбориши мумкин. Гўзалнинг жингалак сочлари ҳамиша тун каби қора, юзи қуёшдек нурафшон; бисёрлик (ҳаддан ташқари кўплик) зулматини ёритувчи ваҳдат тажаллиётини (файзи, жилвасини) қуёшга ўхшатилиши тасаввуф шоирларининг девонларини бир марта бўлса ҳам варақлаб кўрганлар учун яхши таниш.

Бундай таққосларни давом эттириш мумкин, тимсоллар мазмуни ҳаддан ташқари теран, тасаввурлар ниҳоятда муваффақиятли топилган ва уларга фалсафий моҳият назокат билан сингдирилган. Бу масалани янада чуқурроқ таҳлил этишнинг ҳожати бўлмаса керак, чунки Лоҳижий фикрларини қувватлаш учун қилган уринишларимиз муваффақият билан якунланди. Шунинг учун зулфдан энди иккинчи мавзу – унинг моҳиятан қарама-қаршиси (антитеза) юз тўғрисида фикр юритайлик. Агар қарама-қаршиликлар бисёрлик, кўплик олами ҳақида анчагина мулоҳаза юритиш, унга турли жиҳатлардан назар ташлаш мумкин бўлса, мутлақот (абсолют)ни таърифлаб бўлмайди. Унда йўқ нарсанинг ўзи йўқ, лекин шу билан бирга, ҳеч нарса ҳам йўқ. Мен унинг ҳақида қандай сўзлар айтмайин, агар ўз фикримнинг аксини ҳам айтмасам, у ҳолда гапларим ёлғон бўлиб чиқади. Шу сабабдан юз (рухсор) тасвир тимсолининг тузилмаси оддийроқ ва бир неча асосий нуқталардангина иборатдир.

Биринчидан умумийлик:

 Рух инжо мазҳари ҳусни худоист.

(Юз бу ерда – илоҳий ҳусннинг зуҳур бўлиш ўрнидир), – дейди Шабистарий. Лоҳижий келтирган бошқа бир шоир бундай хитоб қилади:

 Эй, жумлаи жаҳон дар рухи жонбахши ту пайдо,
 В-эй, рўи ту дар ойинаи кавн ҳувайдо.

(Эй, жумлаи жаҳон сенинг жонбаш рухсорингда намоён бўлган зот, юзинг эса мавжудлик, борлиқ кўзгусида ҳувайдо (аён) бўлган зот).

Яъни, ҳамма нарса мутлақликда мужассам, аммо, мавҳум, ҳақиқий бўлмаган олам мутлақликнинг инъикоси бўлиб, у фақатгина ҳақиқий оламнинг бир соясидир, холос.

Иккинчидан, дўст жингалак сочлар – ниқобини олиб ўзининг ҳуснини ошиққа намоён қилади:

 Чун ниқоби зулфи мушкин аз жамоли худ гўшуд
 Субҳи содиқ дар шаби дайжур ногаҳ рў намуд.
 Ҳам бачашми дўст дидам чун жамолаш жилва кард,
 К-офтоб аз машриқи ҳар зарра тобон гашта буд.

(У ўзининг мушкин зулфи ниқобини жамолидан олиб ташлагач, қоронғи тунда субҳи содиқ юз кўрсатди. Дўст кўзи билан мен унинг жамоли жилвасини кўрдим ва ҳар бир зарранинг шарқидан офтоб чарақлаб чиқди.)

Борлиқнинг ҳар бир шакли мутлақликнинг инъикоси бўлганидан кейин, ваҳдати мавжудни ҳар бир заррада, гардда топса бўлади.

Ўша асрдан бошқа бир мисол:

 Сад қиёмат гашт ҳар дам ошкор.
 То жамолаш парда аз рух баргушод.
 Чун ниқоби зулф аз рух баргирифт,
 Жони ошиқ гашт восил бар мурод.
 То ба зулфаш сарфарози микунам,
 Сояи ў аз сари мо кам мабод.

(Ҳар дамда юзлаб қиёмат намоён бўлиб турди, то унинг жамоли пардани рухсоридан олгунча. У зулфининг ниқобини юзидан олганида (эса) ошиқнинг жони васл муродига етишди. Мен зулфидан то сарфароз бўлар эканман, унинг сояси менинг бошимда кам бўлмасин.)

Барча тимсоллар равшан ва тушунарли. Шеърда қуйидаги маъно бор: мен бу омонат дунёга ортиқча шайдо бўлмаслигим керак, агар мен шайдо бўлсам, бу дунё ботқоғига бутунлай ботиб, мутлақлик нури (нури илоҳий)дан баҳраманд бўлмай ўтай.

Яна бошқа мисол:

Агар якбор зулфи ёр аз рухсор бархизад,
 Ҳазорон оҳи муштоқон зи ҳар су зор бархизад.
 Агар ғамзаш камин созад дил аз жон даст бафишонад,
 Ва гар зулфаш бар ошубад зи жон зинҳор бархизад.

(Агар ёр зулфи бир зум юзидан кўтарилса (юзини тўсмаса), муштоқларнинг ҳар тарафдан қилган оҳлари эшитилади. Агар унинг ғамзаси тузоқ қўйса, дил жондан (умид узиб) қўлини ювади ва агар зулфи тўлғанса, жон ҳам шафқат сўрайди).

Яна бошқа мисол:

 Ҳар дам баёди рўяш жамъ оварам дилу жон,
 Бозам кунад паришон савдои зулфи дилбар.
 Аз рух ниқоби зулфат бардор то номонад,
 Ному нишони олам аз мўмин в-аз кофир.

(Ҳар дам юзининг ёдида дил билан жонни бир жойга қўяман, аммо дилбарнинг зулфи савдоси яна менинг ҳолимни паришон этади. Юзингдан сочинг ниқобини олиб ташла, токи бу оламда на мўмин ва на кофирдан ному нишон қолмасин.)

Бу шеърда ҳам мутлақликка интилаётган, аммо атроф-муҳит чангалидан чиқа олмаётган сўфийнинг изтироби мантиқан пишиқ ва ёрқин ифодаланган.

Худди шундай тасвир мана бу мисолда ҳам намоёндир:

Ошиқи девона чун хоҳад ки бинад рўйи ёр,
 Зулфи ў ошуфта гардад, печу тоби микунад.
 То жамоли ў аён бинанд муштоқон, агар –
 Парда бардорад зи рух, фикри савоби микунад.

(Телба ошиқ ёр юзини кўришни хоҳлаганда, унинг (ёрнинг Е.Б.) зулфи тўлғаниб-чулғанади. Муштоқлар унинг жамолини яққол кўришлари учун, у юзидаги пардани олмоқчи бўлса, савоб фикр қилинган бўлади.)

Бу ерда муштоқликнинг бошқа бир кўриниши акс эттирилган. Одатда, ҳамма сўфийлар, ташқи олам, киши ундан қўл силташга интилганида у яна-да жилваланиб намоён бўлиши ва шайдо этишидан нолийдилар. Масиҳий авлиёларнинг ҳаммага маълум бўлган васвасалари тасвири ҳам шундай изтироблар ифодасидир.

Тимсолнинг кўринишини кўриб чиқди, энди тадқиқотимиз бошида айтиб ўтганимиз таърифга анчагина ишонч билан қайтиб, уни қанчалик тўғрилигини аниқлаб олсак бўлади. Шу нарса равшанлашадики, Б ва В ўз фикрларини унча аниқ ифодаламасалар ҳам, ҳозиргина биз шарҳлагандаги каби талқин этмоқчи бўлганлари шубҳасиз. Аксинча, А янглиш таъриф беради, бу хато, ушбу ҳолда қиёслаш мумкин бўлган ягона tertium comparationis (нисбий оралиқ бўғин) – сочнинг қора ранги тасаввуридан келиб чиққан хатоликдир. Қиёслашни давом эттираверишнинг иложи йўқ, бу ўринда параллелизм ҳам имкон бермайди. Бу хатони шундан ҳам билса бўладики, А.да берилган таъриф бошқа луғатларда ҳам бор бўлиб, фақат улар бу таърифни зулфга эмас, холга нисбатан келтирадилар ва бу таъриф тимсолни тўғри ифодалайди, ўз ўрнида тўғри ишлатилади. Буни мен вақти келганда иншо этарман.

* * *

Ўқувчиларни чарчатиб қўймаслик учун мен бу тимсолларни янада чуқурроқ шарҳлашдан ўзимни тияман. Уларнинг тузилиши тўлалигича ойдинлашди ва мантиқийлиги асосланди. Энди янада батафсилроқ таҳлил қилиш мумкин ва бу таҳлил тимсолларнинг қатлам-қатлам очиб боришдан иборат бўлади, холос. Форсигўй шоирларнинг гўзал юзини (атр) гулга, зулфини сунбулга ўхшатишлари ҳаммага маълум. Сўфийлар тимсолнинг кўп қатлам бўлишидан мантиқан тўғри фойдаланадилар ва уни янада мураккаблаштирадилар, мавҳумлаштирадилар. Юзнинг мунавварлиги ва зулфнинг қоралиги тун ва кун тимсолини киритиш имконини беради, бундай ёндошликларни эса орттириб боравериш мумкин. Аммо уларни ҳам кўриб чиқиш бизни асосий мавзудан чалғитган бўлар эди. Ҳозир бизнинг олдимизда муҳимроқ масала турибди. Биз, энг қадимий шоирларнинг ушбу тимсолларга муносабатларини аниқлаб олишимиз зарур. Юқорида эътибор берганимиздек, ушбу тимсоллардан фойдаланиш мукаммал ишлаб чиқилган метафизик таълимот асосини тақозо этади. Акс ҳолда улар ўзлари ифодалаётган тасаввурга мос тушмайдилар, тимсол бўлиш ҳуқуқидан маҳрум бўладилар.

Аммо, бошқа нуқтаи назарлар ҳам мавжуд, масалан, тасаввуфнинг Ғарбдаги тадқиқотчилари (мен асосан, Р.А.Никольсон ва Э.Броунни назарда тутмоқдаман) форс тасаввуфининг биринчи даврида фақат “тариқат”нинг барқарорлашган таркибинигина кўришга, метафизик асос бўлмаган руҳий изтироблар, ҳаяжонларнинг ифодаси деб тушунишга мойилдирлар.

Дастлабки давр сўфийлари баъзан, бу фикрни қуйидаги ҳадисга асосланиб, ҳатто таъкидлаб ҳам ўтадилар:

 Ла тафаккиру фи зоти Аллоҳи ва тафаккиру фил аъихи.

(Аллоҳнинг зотини (моҳиятини) ўйламанг, унинг меҳрини, марҳаматини ўйланг).

Учта илк сўфий шоирлар девонини кўриб чиқиш Ғарб олимларининг фикри тўғрими ва ҳақиқатан ҳам қадимги форс сўфийлари метафизик мулоҳазалардан ўзларини тийганларми, йўқми, эканини аниқлашга имкон беради. Агар метафизика уларга бегона бўлса, у ҳолда уларнинг шеърий асарларига нисбатан мулоҳазаларимиз ноўрин бўлиб чиқади. Лекин, биз таъкидлаб ўтган асосий ҳолатлар уларда ҳам мавжуд бўлса, бу билан уларда ўхшаш метафизик таркибот борлиги исбот қилинади.

Бизгача тўла ҳолда етиб келган энг қадимий учта девонни тадқиқот учун энг маъқул манба сифатида танладим, булар: Бобо Кўҳий Шерозий, Саноий ва Аҳмади Жомларнинг девонларидир. Ўз-ўзидан маълумки, бу девонлардан ўша атамалар учрайдиган барча парчаларни келтиришга имконият йўқ, чунки бу парчаларнинг форсий матнининг ўзи, ҳеч қандай қўшимча ва изоҳларсиз салмоқли бир жуфт бўлур эди. Мен фақат бир неча, энг ёрқин мисоллар билан кифояланаман, шуларнинг ўзи олдимга қўйган мақсад учун етарли бўлади.

Аввало ушбу уч муаллифдан энг қадимийси сифатида Бобо Кўҳий девонини оламан. Унда биз зулф эслатилган қуйидаги байтни ўқиймиз:

 Дар хами зулфи саёҳкори ту чун дарбандам,
 Зор чун мурғи шаби тор бинолам чи ажаб.

(Қора ишлар қилувчи зулфингнинг чигалига банд бўлганимдан,
агар мен қуш каби қоронғу тунда нолалар қилсам не ажаб?)

Тимсол, биз юқорида кўрганимиз, Лоҳижий келтирган мисолга мутлақо мос келади. Ҳақиқий бўлмаган оламдаги муштоқлик, изтироб қуйидаги мисолда ҳам ўз ифодасини топган:

 Чун паришонаст зулфи ёри мо,
 Жуз паришони набошад кори мо.

Мазмуни: Бизнинг ёрнинг зулфи паришон бўлганидан, бизнинг ишимиз ҳам фақат паришонликдир.

Зулфнинг паришонлиги (чигаллиги)ни биз юқорида кўриб, нисбий тушунчалар оламининг қарама-қаршиликлари сифатида тушунтирган эдик.

Яна бошқа мисол:

 Дар шаби торик пеши зулфи ёр
 Раҳнамои ошиқон омад сабо.

Мазмуни: Ёр зулфи олдида, қоронғи тунда сабо (баҳор шаббодаси) ошиқларга раҳнамо бўлди.
Яъни илҳом – биз яшаётган оламнинг пардасини кўтарувчи шаббодадир.

Яна мисол:

 Шаб рафтаим дар сирри зулфи ту чун сабо
 Зулфат ба тоб гуфтки: дарвеш марҳабо.

(Тунда биз шаббодага ўхшаб зулфнинг орқасига кирдик, сочлар тўлғаниб “дарвеш кел, марҳабо”, – деди.)

Яъни парда, орқасига ўтишга, руҳ асрорини билишга жазм қилинганда, мавҳумот истовчини ушлаб қолишга, уни ўзига пайдо қилишга уринади.

Яна мисол:

Ба зулфи хўд баровар жонам аз тан –
 Ки, Юсуф дар таки чоҳаст имшаб.

(Зулфинг илмоғида танамдан жонимни суғуриб ол, чунки Юсуф бу тунда чоҳ тубида ётибди.)

Яъни, тан жонни, руҳни банди қилиб турибди, сен унга озод бўлишга ёрдам бер, унга тажаллиёт оламининг сирларини билиб, ундан юксакларга кўтарилишига имкон бер. Бу тимсол “Юсуф” ва “чоҳ” истилоҳларини тушунтиришни талаб этади. Аммо мен вақтни тежаш учун улар ҳақида тўхталиб ўтирмайман. Фақат, айтиб ўтишим керакки, Кўҳий чоҳга (қудуққа) сочини тушириб, у ердан Юсуфни тортиб олаётган дўстнинг тимсолини хуш кўради ва бу мазмунда сочни ҳаблул-матин (мустаҳкам арқон) сифатида тушунтиради. Бу билан у Қуръоннинг машҳур оятига ишора қилади.

Накарда сажда агар ихтиёр зулфашро
 Лаъйин дар дили Одам надид зоти худо.

Мазмуни: Агар унинг зулфига сажда қилишни ихтиёр этмаган бўлса, лаънати (яъни, шайтон-Е.Б.), одам дилида худонинг зотини кўрмаганидандир.

Шайтоннинг лаънатланиш сабаби тўғрисидаги машҳур ривоятга ишора қилинмоқда. У одамга сажда қилиши керак эди; бу ерда тенглик аломати қўйилган: инсон-зулф. Яъни одам тажаллиёт силсиласининг охирги нуқтаси ва сўнгги мақсади сифатида кўрилади.

 Манам холи сиёҳи рўйи моҳаш
 Миёни чини зулфайин мусаммо.

Мазмуни:

 Икки зулфи деб аталмиш гажаклар орасида
 Мен, ой юзининг қора холиман.

Бу ерда зулф, тасаввуф таълимотида, тажаллиёт йўли билан исмдан келиб чиққан нарсани англатувчи мусаммо ибораси билан аниқ тушунтирилади, асмоъ – худонинг номлари – яъни олам.

Муҳаммади ки ду зулфаш бувад шаби Меърож…

Мазмуни:

Икки зулфи Меърож туни бўлган Муҳаммад…

Бу, дастлабки тимсолнинг янада мураккаблаштирилишидир. Туннинг тимсолий мавзуси киритилиб, Муҳаммад – комил инсон – аҳадия-и жамъ (бисёрликдаги бирликлар) ўртасида тенглик аломати қўйилган.

Бу мисра Муҳаммад ҳақида демиург (бунёдкор куч) сифатида тасаввур ҳосил қилишни назарда тутади.

Энди рухсор ҳақидаги мулоҳазаларга ўтаман. Биз олдин тахмин қилганимиздек, рухсор анча кам эсга олинади.

Сўхтам парвонасон аз шамъи рухсори шумо.

Мазмуни: Мен парвона каби сизнинг рухсорингиз шамъидин куйдим.

Яъни, у ваҳдати мутлақда фанога эришган. Тимсол шамъ мотивини киритиш билан мураккаблаштирилган.

Дар зарра-зарра бин рухи ўро дар офтоб.

Мазмуни: Ҳар бир заррада унинг офтобдай ёрқин юзини кўр.

Яъни, бутун олам-ваҳдати мутлақнинг (абсолют бирликнинг), битта аҳадиййатнинг ифодасидир. Бу ерда офтоб тимсолий мавзуси киритилган.

 Ба ҳавои гули рухсори ту, эй сарви баланд,
 Ҳам чу булбул бачаман зор бинолам чи ажаб.

Мазмуни: Эй сарви баланд, гул рухсоринг ҳавасида агар мен чаманда булбулдай зору нола қилсам не ажаб?

Бу – гул ва булбул тимсолларини киритиш билан мураккаблаштирилган бизга таниш мавзу.

Келтирилган мисоллар, Бобо Кўҳийнинг ушбу истилоҳлардан биз юқорида келган хулосаларга тўла мос равишда фойдаланганига ҳамда унинг фалсафий қарашлари, умуман олганда, кейинги давр муаллифларининг нуқтаи назарлари билан бир хилда эканига ишонч ҳосил қилиш учун етарли бўлса керак.

Аҳмади Жом девонидан олинган мисоллар ҳам шу фикрни тасдиқлайди.

Агар аз зулфи ту як ҳалқа падидор ояд,
Эй басо пир ки аз хирқа базуннор ояд.

Мазмуни: Агар зулфингдан бир ҳалқаси намоён бўлса, Бир талай пирлар хирқасини ташлаб, зуннорга ўтадилар.

Бу юқорида айтилган фикрга бутунлай мос келади. Бу тимсолий мавзуга Аҳмади Жомнинг анчагина мойиллиги кўриниб турибди.

Ҳама хўбон ва шоҳони жаҳонро
 Зи ҳолат донау зулфи ту дом аст.

Мазмуни: Жаҳоннинг барча яхшилари ва шоҳлари учун сенинг холинг дон, зулфинг – домдир.

Жуз каманди зулфи ёрам дар жаҳон
 Ошиқонро пойбанду дом нист.

Мазмуни: Бу жаҳонда ёр зулфи сиртмоғидан бошқа, ошиқлар учун тузоқ ва дом йўқдир.

Зулфи ў доми балоу халқи олам сайди ў,
Ҳар яки жон мидиҳад то худ ки ёбад донаи.

Мазмуни: Унинг зулфи – бало доми, халқ эса унинг – ўлжаси,
Ҳар ким ҳам донни топиш учун жонини беради.
Яъни, одамлар бирликни (ваҳдатни) истаб бисёрлик (кўплик) домига илинадилар.

 Кофири жуз дар миёни тоби зулфи ёр нист,
 Габраги жуз дар бар он наргиси хунхор нист.

Мазмуни: Ёрнинг тўлғанган зулфидан бошқа ҳеч ерда кофирлик йўқ, ушбу қонхўр наргиснинг кўкрагидан бошқа ҳеч ерда мажусийлик йўқ.

Шундай изчиллик билан юз истилоҳи ҳам қўлланилади.

 Баски жонам зи таманнои рухи ёр бисўхт
 Дили ҳар сўхта бар зорие ман зор бисўхт.

Мазмуни: Ёр юзининг таманноси билан жоним шунчалар куядики, ҳар бир куйганнинг дили менинг зорланишимдан зорланиб куяди.

Бо вужуди дарди хўд дармон чикор ояд маро,
 Бе жамоли рўйи ту бўстон чикор ояд маро.

Мазмуни: Менинг дардим бор экан, дармон менга не керак?! Юзингнинг жамолисиз бўстон манга не керак?!

Бу ерда бўстон сўзи жаннат сўзининг маънодоши сифатида келтирилган. Яъни жаннат – ҳар ҳолда бисёрлик, кўплик, шунинг учун мен ундан воз кечаман ва ваҳдатни (бирликни) истайман.

Айнан шунга ўхшашлик Саноий девонида ҳам бор. Ундан бир неча мисол келтираман:

Аз фитнаи зулфи мушкбораш
 Гўйи ки ҳамиша дар хуморим.

Мазмуни: Мушкин зулфининг фитнасидан биз гўёки доим хумормиз.

Бу – тасаввуфда суқрон (хуморлик) деб аталадиган ҳолатга ишора.

Чи расмаст он ниҳодан зулф бар дўш
Намудан рўзро дар зери шаб пўш.

Мазмуни: Сочни елкага тушириш қандай расм бўлди, кунни тун чодираси остида кўрсатиш (қандай одат?!)

Фитнаро дар олами ошубу шўр
Бо сирри зулфайни ту асрорҳо.

Мазмуни: Фитнанинг, туғён ва ғалаёнли оламида сенинг икки зулфинг сирларига ўхшаш сири кўпдир.

Гарчи хўбаст багирди рухи ту зулфи дароз
Хат басе хўбтар аз зулфи дароз оварди.

Мазмуни: Юзинг атрофидаги узун сочларинг гўзал бўлса-да, аммо сен узун сочингдан ҳам гўзалроқ хатингни намоён қилдинг.

Яъни, ваҳдати мутлақ (абсолют бирлик) бу гўзал дунёдан афзалроқ.

Андар хами зулфи бутпарастат,
Ҳожат наояд барўшнойи.

Мазмуни: Сенинг бутпараст зулфинг гажаги ичра ёруғликка ҳам ҳожат қолмайди.

Яна соч гажаги билан боғлиқ куфронийликка ишорат. Юзга мисол:

Мо ошиқи рўйи он нигорим
З-он хаставу зору дилафгорим.

Мазмуни: Биз ул нигорнинг юзига ошиқмиз, шунинг учун биз бемору зору дилафгормиз.

Шу девондаги диққатга сазовор яна бир байтни келтирмай иложим йўқ. Биз кўриб чиққан истилоҳлар, Маҳмуд Ғазнавий шарафига ёзилган қасидада Саноий томонидан тасаввуфий маънода қўлланмаган. Аммо тасаввуф ғоясига яқин бўлса ҳам, бу тимсоллар юқорида белгиланган усулимизга тўла мос тушмайди.

Қиблаи худ сохта аз пойи имону куфр
Зулфи нигуни туро, рўи стони туро.

Мазмуни: Имон ва куфр ўзи учун қуйи тушган сочинг ва юқори кўтарилган юзингни қибла қилиб олди.

Парда занон рўзу шаб ҳалқаи зулфи туро.
Ғошиякаш чархи пир бахти жавони туро.

Мазмуни: Тун ва кун, зулфинг ҳалқасига парда тортиб туради, (гўё) Кўҳна чарх хизматкори сенинг навқирон бахтинг ёпинчиғини кўтариб юргандек.

Эҳтимол, бу ўринда ушбу истилоҳлар ривожининг бошланишини, дунёвий, кўпроқ халқ ишқий лирикасидан тасаввуф шоирларга ўтган деб билиш лозим бўлар.

* * *

Бу тимсолларнинг мукаммал рўйхатини тузиш ва уларнинг тузилиши, таркибини диққат билан ўрганиш ўз-ўзидан зарур вазифа. Одатдагидек, ёндашилганда фақат ташқи жиҳатдангина қабул қилинадиган ва овруполик ўқувчиларга умуман тушунарсиз бўлган мисралар бундай ўрганилганда тушунарли бўлади, муаллифнинг асл нияти равшанлашади ва унинг ҳақида тўғри мулоҳаза юритишга имконият беради. Яна бир нарсани таъкидлаб ўтишим жоиз. Мен ҳеч ҳам, юқорида ўзим ишлаб чиққан услуб ҳамма тасаввуф шоирларига мажбурий ва улар ўз фикрларини билдиришнинг бошқа имкониятларига эга бўлмаганлар, демоқчи эмасман. Айрим сиймолар, мавжуд анъанавий шаклни бузиб янги йўллар излаган бўлишлари мумкин. Албатта, анъаналарга катта аҳамият берувчи Шарқ учун бу кам учрайдиган ҳолат, аммо у ерда (Шарқда-тарж.) ҳам бундай бўлиб туради. Бундай анъаналардан онгли равишда четга чиқиш ҳолатига яхшигина қизиқарли мисол келтиришим мумкин.

Турк шоири Шаҳидий Дэдэнинг анча катта бўлмаган маснавийси бор. У, Мавлавий мазҳабига мансуб дарвеш, Ментеше номли вилоятнинг Муэлэ деган ерида туғилган. “Гулшани ваҳдат” деб аталувчи бу маснавий 927 / 1520-21 йилларда ёзиб тугатилган ва у, гўзал юзининг айрим қисмлари баҳси ҳақидаги тимсолий ҳикоятдан иборат бўлиб, мукаммал достон даражасидаги ўзига хос бир мунозарадир. Асарга ёзилган насрий сўз бошида муаллиф бу маснавийни Атторнинг машҳур “Мантиқут-тайр”и таъсирида ва унга назира сифатида ёзилганини таъкидлайди. “Мантиқут-тайр” мавзуси – турли даражадаги сўфийларнинг қиёси, уларнинг тавҳидга етишдаги йўл ва услубларининг ифодаси бўлиб келган. Шу билан бирга асарда айрим йўналишдаги сўфийлар турли қушлар сифатида мажозий тасвирланганлар. Шаҳидий ҳам ўз олдига худди шундай вазифани қўяди, фақат қушлар ўрнига гўзалнинг юзини турли қисмлари: зулф, хол ва шунга ўхшашларнинг баҳсини ёзади.

Агар анъанавий тимсоллардан одатий маъносида эмас, бошқа маънода фойдаланса, қандай мушкулотга дуч келишини Шаҳидий яхши тушунганини айтиб ўтиш даркор. Англашилмовчиликни четлаб ўтиш у ўз маснавийсига форс тилида батафсил сўз боши ёзди (маснавийнинг ўзи турк тилида ёзилган) ва унда ўз истилоҳларининг қандай маъноларда тушуниш зарурлигини айтиб ўтди. “Юз, – деб ёзади у, – сўфийларнинг мажлисини машъалдай мунаввар қилувчи маҳбубни англатади”. Зулф олдида ваҳдат асрорининг моҳияти намоён бўлган, тавҳидга интилувчи ошиқнинг тимсолидир. Бу ошиқ намоён бўлган сирни ўзида сақлаб тура олмайди ва беихтиёр худди Мансур (яъни, ал-Ҳаллож)дек “Анал-Ҳақ” (“Мен – ҳақиқатман”) – деб хитоб қилади.

Тан олиш керакки, ташбеҳ анчагина муваффақиятли танланган ва маълум бир даражагача тўғри келади. Аммо, фақат маълум даражагача, чунки биз бу ерда мукаммал мосликни топа олмаймиз ва худди шу ўринда муаллифимизнинг асрлар давомида камол топган тасаввуф анъаналари олдида ожизлиги намоён бўлади. Ҳозир мен ушбу асарни тўла таҳлил қилмайман, бундай таҳлил бизни асосий мақсадимиздан четга тортган бўлур эди.

Хулоса қилиб яна бир нарсани айтмоқчиман. Биз нисбатан озгина ишни бажардик, тасаввуф шеърияти бизнинг ихтиёримизга берган бой материалдан жуда кам қисминигина кўриб чиқдик. Шунга қарамай (бу иш) ўз мевасини берди. Биз дарҳол оёғимиз остида ишончли заминни сездик ва энди мулоҳазаларни комил ишонч билан айтишга қодирмиз. Бу ишларсиз ҳеч бир асосга эга бўлмай, ҳавода муаллақ қолиб кетган бўлардик. Бу эришилган муваффақият, бошланган ишни худди шу йўналишда давом эттиришнинг жуда зарур эканини айтиб турибди. Кейинги қўйилган ҳар бир қадам янги зафарларга олиб келади ва охир-оқибатда биз яхши ҳамда ишончли, тўғри йўл кўрсатувчи дастурга эга бўламиз. Бу дастур бизларни йўлдан адашишдан ва тасаввуф мажозлари зулматининг кўчки қумларида ҳалок бўлиб кетиш хавфидан сақлайди.

Русчадан Урфон Отажонов, Алимулла Ҳабибуллаев таржимаси.

* * *

Мумтоз шеъриятимизда шоирлар гўзалларнинг қошу кўзини, хатту хол ва зулфини, қадду рухсорини васф этиб, уларни бадиий акс эттиришда турли тимсоллардан фойдаланганлар. Бу тимсоллар баъзан ўзларининг асл маъноларидан ташқари, мажозий маъноларга ҳам эга бўлиб, маълум бир фалсафий нуқтаи назарни, руҳий ҳолатни яширинча изҳор этишга ҳам хизмат қилганлар. Бундай мажозий маънони ўзида мужассам этган тимсоллар, асосан, тасаввуф руҳидаги шеърларга мансуб бўлиб, улар орифона руҳдан ташқари, дунёвий туйғуларни ҳам ифодалаганлар. Гарчи бу тимсоллар асл маъносида тушунилганда ҳам, китобхон асардан завқланса-да, лекин унинг яширин маъносининг мағзини топганида ва ўша яширин маъно асосида асарни уққанида ўқувчи ундан беқиёс кўп завқ олади, шоирнинг маънавий дунёсини имкони даражасида кашф этади.

Сўфиёна рамз ва тимсоллар адабий меросимизга ўзининг чуқур изини босган бўлиб, доимо нафис адабиёт мухлислари ва тадқиқотчиларининг диққат марказида турган. Бунинг натижаси ўлароқ, сўфий истилоҳларининг бир қатор луғатлари ва шарҳлар ёзилган. Саййид Неъматуллонинг (вафоти 1431 й.) “Рисола дар истилоҳоти аҳли суфия” (“Тасаввуф аҳли қўллайдиган атамалар ҳақида рисола”), Абдураҳмон Аҳмад Сурнинг (XVII а.) “Кашф ул луғот ва ислоҳот” (“Сўзлар ва атамалар кашфи”), Шайх Рузбехон Бақлий Шерозийнинг (вафоти 1209 й.) “Аройис” ва “Китоб ул анвор фи кашфил асрор” (“Келинчаклар” ва “Сирларни очиш учун нурлар китоби”), Лоҳижийнинг “Шарҳи гулшани роз”, Абдураҳмон Жомийнинг “Лавомеъ” ва “Лавоеҳ” (“Ярқироқ нарсалар” ва “Равшанликлар”), булардан ташқари яна “Луғоти маслаки муттақин” (“Тақводорлар маслаги луғати”), “Миротул-ушшоқ” (“Ошиқлар кўзгуси”), “Истилоҳоти шуаро” (“Шоирлар қўллайдиган истилоҳлар”) каби луғатлар ва шарҳлар шулар жумласидандир.

Ўтмишдошларимиз маънавий муҳит жиҳатидан тасаввуф таълимотига бизга нисбатан яқинроқ турганларига қарамай, бу шеъриятни тушунишда қўшимча маълумотлар, ўзига хос “калитларга” шунчалик эҳтиёж сезганлари ҳолда, биз тасаввуф ғояларидан узоқлашиб кетган бўлсак-да, маълум муддат ушбу масала тадқиқотига жиддийроқ қарай олмадик. Фақат бир неча олимларгина бу хусусда изланишлар олиб бордилар, холос. Албатта, бунинг давр билан боғлиқ ўз сабаблари бор.

Ҳозирги кунларда бу соҳа қайта жонланган кузатувлар, аввало, юқорида зикр этилган луғат ва шарҳларга, тасаввуф фалсафаси ҳақидаги жуда кўп асарларга бориб уланиши керак бўлади ва уларни ўрганиш, таржима қилиш ҳозирги долзарб масалалардан биридир. Зиёли аждодларимиз форс тилидаги бундай асарларни жуда яхши тушунганлари учун таржимага эҳтиёж сезмаганлар. Аммо туркийда қалам сурган шоирлар ижодида ҳам тасаввуф билан боғлиқ рамз ва тимсоллар форс шеъриятидаги каби кенг қўлланилиб келган. Туркий тилда ижод қилган аксарият буюк шоирлар ўз фалсафий қарашларини, ана шу мажозий маъноларга эга бўлган тимсоллар ёрдамида бадиий ифода этганлар. Биз туб маъносини тушуниш қийин бўлган бу тимсолларни онгимиз тўғри қабул қилгандан кейингина улар воситасида мураккаб мантиқий мушоҳадалар силсиласини туза оламиз, бу хилдаги асарни давр ва муҳитни ҳисобга олган ҳолда иқтидоримиз етганича тушунамиз ва ундан завқланамиз.

Мақсадга кўчайлик. Тасаввуф атамаларига бағишланган тадқиқотларнинг салмоқлиларидан бири шарқшунос олим Е.Э.Бертельс томонидан форс-тожик адабиёти мисолида амалга оширилган илмий ишдир. Олим тасаввуф тимсолларига бағишланган бир қатор махсус мақолалар ёзишни ният қилган экан, афсуски, шу туркумдан фақатгина битта мақола ёзиб қолдиришга улгурган. Бу – зулф ва юз тимсолий сўзларига бағишланган мақола. Айтиб ўтишимиз керакки, ушбу мақола ниҳоятда мураккаб услубда ёзилган ва бу муаллифнинг ихтиёридан ташқари равишда шундай, чунки, тимсолларнинг ўзлари идрок этиш мушкул бўлган маъноларни мужассам этганлар.

Таржимани амалга оширишдан ниятимиз, ушбу мақолада шарҳланган тимсоллар туркий шеъриятдаги, жумладан, Навоий ижодидаги тасаввуф ғояларини тушунишга бироз ёрдам берар деган умиддир.

Урфон Отажонов, Алимулла Ҳабибуллаев

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон