Дунёнинг буюк романлари: Мурасаки Сикибу. Гэндзи – Моногатари

РОМАННИНГ АСОСИЙ ИШТИРОКЧИЛАРИ

Иштирокчилар билан таништиришдан олдин қуйидаги изоҳларни қайд этиб ўтишни жоиз кўрдик. Асарнинг рус тилидаги нашри (Москва, “Наука” нашриётининг шарқ адабиёти Бош таҳририяти, 1991 – 1992 йиллар) беш жилддан ташкил топган бўлиб, дастлабки 4 жилди 54 бобли асар матнидан, 5-жилд эса шарҳлардан иборат. Асар бош қаҳрамон шаҳзода Гендзининг туғилишидан то вафотигача, ундан кейин авлодларининг ҳукмронлик йиллари тўғрисида ҳикоя қилади. Асарда иштирок қилувчи персонажлар сони 300 нафардан ошади. Уларнинг унвони ёки саройдаги даражаси ўша давр тамойилига биноан баъзан иштирокчи номи билан бир қаторда, баъзан иштирокчиларнинг номи ўрнида ишлатилади, шунга кўра, хизмат даражаси ўсгани сайин ҳар бобда персонажларнинг аталиши ҳам ўзгариб туради. Шулар ичида энг асосийларини келтириб ўтамиз.

Шаҳзода Гэндзи – император Кирицубо ва Павлоний гуллари хобгоҳи соҳибасининг фарзанди. Асарда Ёш жаноб, Тюдзё, Сайсё-но Тюдзё, Дай-сё, Дайногон, Гон-Дайногон номлари билан иштирок қилади.

Император Кирицубо – Гэндзининг отаси, мамлакат ҳукмдори.

Павлоний гуллари хобгоҳининг соҳибаси – Гэндзининг онаси, Императорнинг жорияси.

Азети-но дойнагон – унинг отаси, императорнинг қайнотаси.

Сахий мукофотлар қасри соҳибаси – Ўнг вазирнинг қизи, императорнинг жорияси, бўлажак Император-она.

Биринчи шаҳзода – Баҳорги хобгоҳ шаҳзодаси, бўлажак император Судзаку. Император Кирицубо ва унинг жорияси Кокидэнларнинг биринчи фарзанди.

Тўртинчи малика-қиз – Глициний гуллари хобгоҳининг маликаси, жория, бўлажак император-хоним Фудзицубо.

Шаҳзода Хебукё – Сикибукё, Фудзицубонинг акаси.

Сўл вазир – Гэндзининг қайнотаси.

Аои – Сўл вазирнинг қизи, Гэндзининг расмий рафиқаси.

Куродо-но сёсё – сўл вазирнинг ўғли, Аоининг акаси.

Рокудзё-но Миясудокоро – саройдаги олтинчи қатор уйнинг хоними, Гэндзининг маҳбубаси.

Дайни – Гэндзининг энагаси, эмизган онаси.

Корэмицу – энага Дайнининг ўғли, Гэндзининг кўкалдоши ва дўсти.

Роҳиб Адзари – энага Дайнининг ўғли.

Сёси бекач – энага Дайнининг қизи.

Сўл вазир уйидаги ёш хоним – Аои (21 ёшда), сўл вазирнинг қизи, Гэндзининг расмий рафиқаси.

“Кечқурунги чеҳра” гуллари очилган уйнинг бекаси – Югао, 19 яшар, Гэндзи севган аёл.

Куродо-но бэн – Сўл вазирнинг ўғли, Аоининг укаси.

Ёсикиё – Гэндзининг дўсти.

Монах Содзу – Мурасаки (Гэндзи тарбиялаган қиз)нинг бувисининг акаси.

Роҳиба – Мурасакининг бувиси, 40 ёшларда.

Қизалоқ – Мурасаки, 10 ёшда.

Сёнагон – Мурасакини эмизган аёл.

Адзети-но дайногон – Мурасакининг бобоси.

Омёбу хоним – Фудзицубонинг хизматкори.

Бэн – хизматкор ходима, Фудзицубони эмизган аёлнинг қизи.

Оомия хоним – Сўл вазирнинг рафиқаси.

Инуки – Мурасакининг хизматкори.

Кичик шаҳзода – бўлажак император Рэйдзэй, Фудзицубонинг ўғли.

Гэн-найси-но сукэ – император саройидаги хоним.

Сахий мукофотлар саройининг қизи – “Хира булутлар орасидаги ой” (Оборадзукиё), Ўнг вазирнинг қизи, жория Кокидэннинг синглиси, Гэндзининг хуфёна маҳбубаси.

Амалдаги император (Сидзаку) – собиқ император Кирицубонинг жория Кокидэндан бўлган ўғли.

Император-она – собиқ императорнинг жорияси, амалдаги императорнинг онаси.

Акиконому – Исэ ибодатхонаси коҳини, бўлажак император-хоним, 13-14 ёшларда, Рокудзё билан шаҳзода Дзембонинг қизи.

“Тонгги чеҳра” хоним – Асагао хоним, шаҳзода Сикибукёнинг қизи.

Сўл вазир уйидаги ёш жаноб – Югири, 1-2 ёшларда, Гэндзи билан Аоининг ўғли.

Ғарбий қатордаги уйнинг ёш хоними – Мурасаки, 13-14 ёшларда, Гэндзи тарбиясидаги қиз, кейинроқ бориб унинг рафиқаси.

Сайсё – шаҳзода Югирининг энагаси.

Шаҳзода Соти (Хотару) – собиқ император Кирицубонинг ўғли, Гэндзининг укаси.

Нёго Рэйкэйдэн – собиқ императорнинг жорияси.

Гул тўкилган боғ соҳибаси – Ханатирусато, Гэндзининг янги маҳбубаси.

 

РОМАН ВОҚЕАЛАРИ

(I жилд)

Императорнинг саройида чиройли хонимлар, бекаю канизаклар кўп. Улар ичида бир қиз энг чиройлиси бўлиб, унинг исми Кирицубо (“Кирицубо” – “уйи атрофида гул ўсган” деган маънода). У ўзининг гўзаллиги, малоҳати билан ҳукмдорни ҳам ҳайратга соларди. Император уни шу қадар ёқтирар эдики, ёнидан бир қадам ҳам жилмас, ҳатто давлат ишларига қайрилиб қарамасди. Бу аҳволдан ҳасади қўзиган императорнинг бошқа хотинлари ва жориялари Кирицубони кўргани кўзи йўқ. Айниқса, шоҳнинг расмий рафиқаси – Шимолий хобгоҳ соҳибаси Кокидэн Нёго бу қизни ўлгудай ёмон кўрарди. Тақдирдош дугоналарининг ҳийла-найранглари, рақибасини йўқотиш учун қурган тузоқлари сабабли соҳибжамол Кирицубо кўп изтироб чекади, соғлиғи ҳам ёмонлаша бошлайди.

Вақти-соати келиб Кирицубо осмондаги ойдай порлоқ юзли бир ўғил фарзанд туғади ва кўп ўтмай қаттиқ касалга чалиниб, ёруғ дунёни тарк этади. Император беадоқ қайғу ичида. Бола 6 ёшга тўлганда унга Хикару – порлоқ (ёрқин) деб ном беришади. Боланинг чиройидан ва ақл-фаросатидан ҳамма ҳайратланади.

“Саройда шоҳ расмий хотини Кокидэн Нёгодан туғилган ўғлини четлаб, Хикаруни валиаҳд қилиб тайинламоқчи эмиш”, деган гап тарқалади. Бу орада император севимли фарзандининг келгусидаги тақдиридан ташвишланиб, валиаҳдлик унвони унинг учун хавф туғдиришини сезади-да, бу беқиёс норасида гўдак ҳимоясиз (кимсасиз-қариндошсиз) қолмасин учун, энди унга оддий одамларга хос Гэндзи деган ном беради.

Гэндзи 11 ёшга тўлганида Чап вазирнинг қизи – малика Аоига уйланади. Аои Гэндзидан 4 ёш катта, чиройли, меҳрибон ва қатъиятли қиз эди. Гендзи онда-сонда бўлсаям хотинининг ёнида бўлиб, саройда кўпроқ кўнгилочар ўйинлар билан вақт ўтказиб юради.

Саройда бу пайтда яна бир соҳибжамол пайдо бўлган, у шоҳнинг аввалги маҳбубаси Кирицубога ўхшаб кетар, исми эса Фудзицубо Нёго эди. Бу жория аста-секин қайғудаги шоҳнинг кўнглини ром қила бошлайди. У саройдаги Кирицубонинг ўрнини эгаллайди ва маликаи Порлоқ Қуёш деган ном ҳам олади. Онасини жуда соғиниб, ичикиб юрган Гэндзи бу канизакнинг ёнидан кетмай қолади, доим у билан бирга бўлгиси келади.

Кунларнинг бирида Гэндзи ва унинг уч дўсти (уларнинг ичида Гэндзидан ажралмайдиган То-но Тюдзё ҳам бор) саройнинг хос хоналаридан бирига кириб олиб, аёллар ҳақида суҳбатлашади. Йигитчаларнинг ҳар бири аёлларга бўлган муносабати, бу борадаги ўзларининг тажрибалари ҳақида гапириб беради. Охири бу тўрт йигитча “хотинлар ўзи қизиқ, улар ичидан умр йўлдоши қилиб сайлаб оладигани саройда йўқ, уларнинг ҳеч бири бунга арзимайди”, деган хулосага келадилар. Бирови – яхши рафиқаю, аммо эрининг қўлини тишлаб олишдан ҳам тоймайдиган рашкчи, иккинчиси – чиройли, аммо бевафо, учинчиси – ҳаддан ташқари камтарин, индамас, писмиқ, тўртинчисининг эса дарди китоб, фақат китоб ўқийди, бошқа иш қилмайди, эмиш. Бу суҳбатда Гэндзи ора-чора гапга қўшилиб, кўпинча эса жим ўтиради.

Бошқа бир куни Гэндзи саройдаги чекка бир уйларнинг бирида чиройли, сулув қизни кўриб қолади – бу қиз Гэндзининг жонажон дўсти То-но Тюдзёнинг маҳбубаси бўлиб чиқади. Қизнинг айтиб берган қайғули муҳаббат қиссаси Гэндзини изтиробга солади. Тюдзёнинг қонуний хотини бу қизни чиқиштиравермагач, бечора Югао мана шу чекка бир кулбада яшириниб яшаётган экан. Гэндзини унинг ҳусни, ақли-фаросати маҳлиё қилиб, хонадонга тез-тез келадиган бўлиб қолади. Дастлабки кунларда у юзига ниқоб тортиб, ўзини танитмай, исмини айтмай келади. Қиз билан қанча кўп суҳбатлашгани сайин, Гэндзи унга шунчалик боғланиб қолади. Аста-аста улар ўртасида кучли муҳаббат пайдо бўлади. Гендзи қизга бошқа уй топишни, шунда улар ҳеч бир тўсиқсиз, тез-тез учрашиб туришлари мумкинлигини айтади. Шундай кунларнинг бирида у тунда уйғониб кетиб, ёнидаги Югоанинг ўлиб ётганини кўради. Бу бечора соҳибжамолни Гэндзининг аввалги маҳбубасининг руҳи келиб ўлдириб кетган эди (Гэндзи Югаодан аввал йирик бир амалдорнинг беваси билан вақти хушлик қилиб юрар, бу хотиннинг исми Рохудзё бўлиб, у топталган номуси учун Гэндзидан ўч олиш мақсадида Югаога қасд қилган эди).

Гэндзи саросимада, касалланиб, бир неча кун тўшак тортиб ётиб қолади.

Югаонинг канизаги (ходимаси) Укондан Гэндзи қизнинг қисмати ҳақидаги ҳикояни эшитади, Югао бечора Тюдзёдан бир қиз фарзанд ҳам кўрган, сўнг бу қизалоқни йўқотиб қўйган экан.

Югаонинг дафн маросими ўтгач, Гэндзи ўз касалининг давосини излаб тоғ тепасидаги ибодатхонага чиқиб кетади. Тоғнинг бир ёнбағридаги кулбада Гэндзи ўзининг ўгай онаси Фудзицубога жуда ўхшаб кетадиган бир сулувгина қизалоқни учратади. Шаҳзода бу қизалоқни ўзи билан саройга олиб келади ва саройдан унга хона ажратиб, қизни парваришлаб, тарбиялай бошлайди, бўш вақтини шу қизалоқнинг тарбиясига бағишлайди, қизалоқ ҳам унга жуда ўрганиб қолади.

Кунларнинг бирида эрта баҳорда саройда олча гулларидан баҳра олиш байрамида Гэндзи Обородзукиё (“булутли тундаги ой”) исмли қиз билан танишиб қолади. Обородзукиё Кокидэн Нёгонинг синглиси бўлиб, валиаҳд шаҳзодага жория қилиб бириктирилган эди. Гэндзининг отаси – амалдаги император тахтидан воз кечгач, унинг ўрнига ўғли – валиаҳд шаҳзода Судзаку (императорнинг Кокидэн Нёгодан туғилган ўғли) тахтга чиқади. Бу маросимда одам гавжум, кўчалар ҳам араваларга тўлиб кетган эди. Кўчада Аои ва Рокудзё минган аравалар тиқилинчда тўқнашиб кетади ва Рокудзёнинг ҳақоратланган безовта руҳи Аоига азоб бериш қасдига тушади. Аои Гэндзидан ҳомиладор эди, гўдак туғилгач, она дунёдан кўз юмади. Гэндзи ўғлига Югири деб ном беради, ўзи эса рафиқасининг вафотидан қаттиқ изтиробда.

Узоқ вақт касалланиб қолган Рокудзё қизи билан Исэ вилоятидаги ибодатхонага жўнаб кетади. Шу йили Гэндзининг отаси (собиқ император) вафот этади ва Гендзи мансуб бўлган қабила шоҳ мурувватидан четда қолиб кетади. Кокидэн Нёго (янги императорнинг онаси) вазиятдан фойдаланиб, Гэндзини йўқотиш пайига тушади. Гендзи эса бу пайтда саройда хизмат қилаётган Обородзукиё билан қалин дўст бўлиб олган эди. Бундан хабар топган шоҳ онаси Кокидэн Нёго (бош малика) жанжал кўтаради. Собиқ императорнинг иккинчи беваси Фудзицубо Нёго ҳам ўзининг сирлари фош бўлиб қолишидан қўрқиб, сочини тақир қилиб олдиради ва роҳибаликка жўнаб кетади. Гэндзи ҳам эндиликда ўгай онасидан яхшилик кўрмаслигига кўзи етиб, пойтахтни тарк этишга ва вақтинчалик Сума оролида яшаб туришга аҳд қилади. У жўнаб кетиши олдидан Аоининг ота уйига бориб, ўғли Югири билан учрашади. Фудзицубо яшаётган ибодатхонага бориб, у билан ҳам хайрлашади.

Сумада Гэндзи ёлғиз ва одамови ҳолда ҳаёт кечиради, ўзининг беҳуда умр кўрганлиги, беқарор хулқ-атворидан ўкинади. Фудзицубо, Рокудзё, Мурасакилар билан ўтказган суҳбатларини эслайди, улар билан хат ёзишиб-олишади. Шу тариқа сургуннинг иккинчи йилида у тушида отасини кўради. Марҳум император ўғлини огоҳлантириб, бу оролни тезда тарк этишни айтади. Гэндзи эртасигаёқ оролга келган дарвиш-роҳиблар билан бир кемага тушиб, Акасига – муқаддас руҳлар манзилига жўнайди, шу манзилда яшаб, император томонидан чиқариладиган авф қарорини кутиб вақт ўтказади. Бу ерда Гэндзи шу ҳудуд ҳокимининг қизи (бу қизнинг ҳам исми Акаси) билан илакишиб қолади. Гэндзи пойтахтга кетаётиб бу қизга кото (япон мусиқа асбоби) совға қилиб кетади.

Пойтахтда Гэндзи зўр шоду хуррамлик, тантаналар билан кутиб олинади. Келаси йили Акаси қиз фарзанд кўради, бу Гэндзининг учинчи фарзанди эди. Сарой мунажжимларининг башоратларига кўра, Гэндзининг 3 нафар фарзандидан 2 нафари императорлик шарафига эришмоғи керак. Бинобарин Гэндзи қизининг давлат маликаси даражасига эришишига ишониб, Акасида қолган жигарбандларини (маҳбубаси ва қизини) пойтахтга чорлаб, қизини Мурасакига тарбиялаш учун бериш ҳаракатида. Шу йўл билан қизини олий табақа зурриёдлари учун зарур илму маърифат манбалари, шарт-шароитлар ила сийламоқчи. Аммо Гэндзининг юксак мартаба, асъаса-ю дабдабаларини узоқдан кўриб, ўзининг паст табақадан эканлигидан уялган она Акаси қайғуга чўмади-да, ўзи ва қизини четга тортиб, одамларга кўринмай қўя қолади. Бу пайтга келиб, Гэндзининг саройдаги мавқеи анча мустаҳкамланган, император Судзаку истеъфога чиқиб, унинг ўрнига Гэндзининг Фудзицубодан бўлган фарзанди Рёдзэн тахтга чиққан эди.

Гэндзи барибир Акасида қолиб кетган маҳбубаси ва қизи учун қаср қурдиради, уларни шу ерга – ўзига яқин жойга олдирмоқчи…

 

ШАРҲЛАР

Бундан қарийб 900 йиллар муқаддам – XII асрда яратилган дастлабки япон адабиётшунослик рисоласи “Мумёдзоси” (“Номаълум битиклар”) асарида шундай ёзувлар бор: “Одамлар қўшиқ тўқийдилар, шеър яратадилар, уларни ёзиб бўлгач, остларига ўз номларини қистириб қўядилар. Шундай қилиб юз йил, минг йил ўтади, ушбу битикларни бошқа бир одамлар ўқийди ва шундай туйғуни ҳис қиладиларки, гўё ўша ижодкорнинг ўзи билан суҳбатлашаётгандай туюлади. Дарҳақиқат, мана шунинг ўзи ғоят мутаассирона бир ҳолатдир!..” Бу сўзларни бундан роппа-роса минг йил муқаддам яратилган “Гэндзи-моногатари” асари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Шу ўринда “моногатари” туркумидаги асарлар ҳақида ҳам гапириб ўтиш жоиз. “Моногатари” – японча “қисса”, “нима ҳақидадир гапирмоқ” деган маъноларни англатади. Адабий жанрда эса бу сўз ҳар қандай роман ёки эпопеяга нисбатан ишлатилиши мумкин. Бинобарин, “Гэндзи-моногатари” сўзи ҳам “Гэндзи ҳақида қисса”, “Гэндзининг бошдан кечирганлари” деган маъноларни билдиради.

“Гэндзи-моногатари” романи – япон мумтоз адабиётининг энг йирик, муҳташам обидаларидан бири. Унинг дунёга келиши X-XI асрлардаги Хэйан маданиятидаги энг юксак чўққи-воқеалардан ҳисобланади. Асар ўша замонлардаёқ сарой аъёнлари орасида, кейинроқ эса оддий ҳалқ ичида ҳам кўп ўқилган, кўп кўчирилган, ҳар бир оила ўз уйида ҳам бу асардан бир нусха бўлиши учун ҳаракат қилган.

Роман воқеалари 70 йиллик даврни қамраб олади. Асар марказида императорнинг фарзанди – шаҳзода Гэндзининг ҳаёти, ишқий саргузаштлари ўрин тутади. Туғилган пайтиданоқ ўзининг гўзал чеҳраси ва бошқа ажойиб хислатлари ила кўзни қувонтирган Гэндзи ҳамманинг ардоғида эди. Асар муаллифи Мурасаки Сикибу хоним бевосита саройда, император рафиқасига хизмат қилувчи ходима бўлганлиги сабабли ҳам, сарой шароитида ўтказиладиган бирорта байрам ёки маросимни, урф-одатларни, воқеаларни ўтказиб юбормай, уларни синчиклаб ўрганган ва ўз асарида ёритиб бера олган. Шунинг учун бу асарнинг япон давлатчилик тарихида, ўша давр халқ ҳаётини ўрганишда аҳамияти жуда катта. Ўша замон япон халқи ҳаётини, сарой аҳлининг турмуш тарзини, қалб кечинмаларини бениҳоя сергаклик ила, бутун икир-чикирлари билан батафсил тасвирлаб берган асар, муаллифнинг теран билими, эрудициясини, ақл-заковатини, иқтидори ва салоҳиятини дунёга кўз-кўзлаб келаётган муҳташам асар ана шу тариқа яратилди. Унгача эса, Европа мезонларига кўра, асар воқеаларини ёрқин тасвирлаган роман жаҳон адабиётида ҳали дунёга келмаган эди.

“Хэйан даврида гўзалликни идрок қилиш анъаналари эндигина шаклланиб келмоқда эди, – деб ёзади машҳур адиб Ясунари Кавабата ўз тадқиқотларида. – Бу анъаналар ундан кейинги саккиз-тўққиз аср мобайнида яратилган адабиёт намуналарига таъсир кўрсатибгина қолмай, балки бу адабиётнинг моҳиятини, характерини ҳам белгилаб берди”. Кавабатанинг фикрича, мана шундай миллий тафаккур анъаналарига тўйинган асарнинг эндиликда адабиёт мўъжизаси сифатида дунёда тан олиниши бежиз эмас эди.

 

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА

Адибанинг ҳақиқий исми номаълум. Мурасаки – адибанинг тахаллуси, сикибу – унинг эрининг саройдаги унвони, бу лавозимий унвон атамаси кўпинча шахс исмига қўшиб айтилган. Мурасакининг таржимаи ҳоли баён этилган кўплаб биографик ёзувлар битиб қолдирилган бўлишига қарамай, унинг бевосита ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар деярли йўқ. Тадқиқотчилар бу муаллифнинг таржимаи ҳолини ёритишда асосан адиба қаламига мансуб асари – “Кундаликлар”ига ва унинг шеърий асарлари сақланиб қолган “Мурасаки Сикибу-сю” баёзига суянадилар. Адибанинг энг машҳур ва асосий асари “Гэндзи-моногатари” романидаги муҳим ғоявий-эстетик, руҳий вазиятларни таҳлил ва тадқиқ қилишда юқорида тилга олинган асарларнинг, айниқса, “Кундаликлар”нинг аҳамияти жуда беқиёсдир.

Мурасаки Сикибу тахминан 978 йили туғилади (японларнинг “Эйга моногатари” –“Тонг қиссалари” тўпламида айнан шу сана келтирилган). Тадқиқотчи Ока Кадзуо бу борада 973 санасини келтиради, аммо булардан бошқа саналарни келтирган тадқиқотчилар ҳам йўқ эмас. Адиба Япония тарихида, сиёсатида, давлатчиликнинг ташкил бўлишида жуда улкан ўрин тутган аслзода Фудзиваралар сулоласига мансуб аёлдир. Унинг отаси Тамэтоки фаолияти бошларида аввалига пойтахтда турли лавозимларда хизмат қилиб юради, кейинчалик эса Этидзен музофотининг, сўнг шимолдаги Этиго музофотининг ҳокими бўлиб хизмат қилади. У ҳоким бўлишига қарамай, адабиёт ва фалсафа фанларига жуда қизиққан, ҳатто хитой тилини мукаммал ўрганган, ўзини атоқли олим ва хаттот Сугавара Фумитокининг (809-981) шогирди деб билган, хитой тилида шеърлар ҳам ижод қилган.

Бўлажак адибанинг онаси – ҳукмдорнинг ўнг томон отхонасининг бошқарувчиси Фудзивара Тамэнобунинг қизи – Мурасаки ҳали жуда ёш пайтидаёқ вафот этади.

Мурасакининг таржимаи ҳоли ҳақида ёзган биографларнинг таъкидлашларича, қизалоқ адабиёт, илм-фан муҳитида, санъат муҳиблари доирасида камолга етган. Бу сулоланинг шажаравий манзарасида ота ва она томонидан ҳам бир неча истеъдодли инсонлар етишиб чиққанлигини кузатиш мумкин. Мурасаки Сикибу аждодларидан фақат адабий истеъдоднигина қабул қилиб олмасдан, китоб мутолаа қилиш қобилиятини ҳам олган, япон ва хитой мумтоз адабиёти намуналаридан ҳам, буддизм ва конфуцийлик таълимотидан ҳам аъло даражада хабардор бўлган, мусиқа таълими, тасвирий санъатни севган, като асбобини яхши чалган, гулларни жойлаштириш (икэбана) санъатини ҳам пухта эгаллаган.

Болалиги ўтган муҳитни эслар экан, Мурасаки ўз кундаликларда шундай бир қизиқарли воқеани ёзиб қолдирган: “Акам Нобунори (у ҳозир Ўнг департаментда хизмат қилади) ҳали бола пайтларида, унинг хитой адабиётини яхши билган олим бўлиб етишишини жуда қаттиқ истаган отам кўпинча акам дарс тайёрлаётган пайтида овоз чиқариб ўқишини эшитиш учун ёнига келиб ўтириб оларди. Акамнинг овоз чиқариб ўқишини эшитавериб, мен хитой тилини тез ўзлаштириб олдим-да, энди у қийналиб қолган пайтларида ўзим унга ёрдамлашиб юборардим. Шунда отам афсусланиб : “Эҳ, сенинг ўғил бола бўлиб туғилмаганингни қарая…” дерди. Кўп вақт ўтмай, мен бу истеъдодимдан афсус чека бошладим, негаки менинг билағонлигимдан хавфсираган одамлар китоб ўқишга ҳаддан ташқари берилган қизлар кўпам рағбатлантирилавермаслигини айтиб, мени ваҳимага сола бошладилар. Мендақа билағон қизларнинг аҳволи ғоятда мушкул бўлиб, жамиятда ўз ўрнини тополмас эмиш. Бунақа гапларни эшитавергач, ўзимнинг китобсеварлик истеъдодимни яширадиган, ҳатто “битта иероглифни ҳам ўқиёлмайман”, деб туриб оладиган бўлдим”.

996 йилда Мурасаки отаси билан Этиго музофотига жўнайди. Бу ерда икки йил яшагач, Киотога қайтиб келади ва тез орада сарой ходими – император қўшинининг лейтенанти (сарбози) Фудзивара Нобутака билан турмуш қуради. Манбаларнинг бирида уларнинг турмуш қурган йил 999 деб, иккинчисида 994 – 998 йиллар оралиғи деб кўрсатилган. Тадқиқотчилар Икэда Кикан ва Акияма Кэнларнинг фикрича, Мурасакининг киборлар оламига кириб боришига мана шу никоҳ асосий сабаб бўлган. Бошқа бир тадқиқотчиларнинг ёзишича, эрининг саройда эгаллаган лавозими отасининг лавозими билан тенг эди (адибанинг отаси ҳам бир пайтлар император хизматида бўлган, Тикудзэн ва Баттю музофотларини бошқарган), бинобарин Мурасакининг император саройига яқинлашишида эри ёки отаси эгаллаган лавозимнинг ҳеч қанақа роли йўқ, буларнинг бари адибанинг ақл-фаросати, зукколиги, билими билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам кўпчилик тадқиқотчилар Мурасаки ўзининг истеъдоди туфайлигина бош ҳукмдор – императорнинг илтифотига сазовор бўлган, деб ҳисоблайдилар.

Адибанинг эри ўзидан 25 ёш катта бўлганлиги, улар турмуш қурганларида Мурасаки 21 ёшда эканлиги ҳам манбаларда қайд этилади. Мурасаки Нобутаканинг ягона хотини эмас эди, лекин тадқиқотчилар адибанинг кундаликларидаги шеърий сатрларга кўра, унинг бахтли ҳаёт кечирганликларини таъкидлашади.

1000 йили оилада қиз фарзанд туғилади, унга Кэнси деб ном беришади. Япон адабиётшуносларининг фикрича, Кэнси адабиёт тарихида таниқли бўлган “Сагоромо Никки (моноготари)” кундалик дафтар-романнинг муаллифи бўлиши мумкин, бироқ кейинги пайтларда бу тахминга шубҳа билан қаралмоқда.

Мурасаки эрта есир қолади, эри Нобутака ҳаётдан кўз юмганда (1001 йил) адиба бор йўғи 26 ёшларда эди. Мурасакининг шеърий асарларидаги кайфият шулардан дарак берадики, ёш аёл бу мусибатдан жуда қаттиқ қайғуга ботади, ҳатто сочини тақир қилиб қирдириб, роҳибаликни ихтиёр қилмоқчи бўлади. У ўзининг “Кундалик”ларида эрининг ўлимидан кейинги ҳаётини “бахтсиз йиллар, беҳуш йилларим” деб ҳам атаган. Тадқиқотчилардан бири эса (Моррис) Мурасакининг эрига вафодор бўлганига, унинг ўлимидан қайғуга ботганига ҳам шубҳа билан қарайди ва ўз тахминларининг исботи сифатида адибанинг кундаликларида эри Нобутаканинг исми бирон ўринда ҳам учрамаслигини қистириб ўтади. Нима бўлмасин, Мурасаки эри вафотидан кейин ота уйида беш йил мобайнида зоҳидона умр кечиради, унинг ҳамроҳи фақат китоб эди, бир четда япон ва хитой мумтоз шоирларининг асарларини ўқиб кунни кеч қилади (буни қарангки, эридан жуда кўп китоб мерос бўлиб қолган эди) .

Отаси уни ўзи билан Этидзен музофотига олиб кетишга унамайди, бу эса Мурасаки учун иккинчи марта таг-тугли аслзода куёв топишга монеълик деган гап эди. Бунинг ўрнига, Тамэтоки (отаси) ўзининг дасти дароз бир қариндошидан – Фудзивара Митинагадан илтимос қилиб, қизининг ишга жойлашишида ёрдам беришини сўрайди. Фудзивара Митинага Мурасакини ўзининг қизи Акикога ходима қилиб белгилайди. Бу вақтда Акико пайт етиб императорга рафиқа (ҳозирги тил билан айтганда, мамлакатда биринчи хоним) бўлиб кетишини ким ҳам туш кўрибди дейсиз?! Митинага Такэтокига авваллари ҳам ёрдам бериб юрган эди, масалан, Тамэтоки номзод бўлган ҳокимлик лавозими баъзи одамлар ғийбати оқибатида бошқа бировга ўтиб кетай, деб турганда, мана шу Митинага орага тушиб, бу лавозимни унга олиб берган эди. Шундай қилиб “сабаб билан сават аравага чиқибди” деганларидай, 1005 – 1007 йиллар оралиғида Мурасаки Сикибу ҳам император саройида ходима сифатида кўрина бошлайди. (Бу саналар баъзи манбаларда бошқача берилган.)

Бу пайтда, То Сикибу номи билан танилган эди. Шундан кейин у император Итидзёнинг лутфан номлашига кўра “Нихонги хоним” деб ҳам аталиб юрган. Мурасаки ўз кундаликларида шундай деб ёзади: Император “Гэндзи-моногатари” асаримни ўқишни буюрди, ҳамма диққат билан эшита бошлади. Ўқиш тугаганида подшоҳ “Бу хоним “Нихонги” асарини мутолаа қилган экан-да, жуда билимдон эканлиги кўриниб турибди. Ҳақиқий истеъдод экан”, деди. Бу мақтовларни айтиб бўлгач, ёнидаги аъёнларига қараб, яна “ноёб истеъдод” деб такрорлади. Шу-шу ҳамма мени “Нихонги-но мицубанэ” деб атай бошлади”. (“Нихонги хоним” асаридан.) “Мурасаки” деган тахаллус унга анча кейин – “Гэндзи -моногатари” асари жуда машҳур бўлиб кетганидан сўнг берилади.

Бўлажак адиба сарой қонун-қоидаларига кўра, энди ўз вақтини гоҳ император саройида, гоҳ эса Митинаганинг шаҳар четидаги қасрида ўтказа бошлайди, бунга сабаб малика Акико эди – Акико кўпроқ ота уйида бўларди. Акико 16 ёшлардаги малика-келин бўлиб, у ҳақида Мурасаки ўз “Кундалик”ларида шундай ёзади: “Маликани қуршаган ходималарга маълумки, у ҳеч қандай манманликни, ноз-истиғнони билмайдиган камтар, олижаноб қиз эди. Саройда эркак зоти кўрингудай бўлса, маликанинг бизларга муносабати ўзгариб қолмаслиги учун яхшиси хонамизга беркиниб олар эдик… Кийинишда ва ясан-тусанда ҳам биз ўта эҳтиёткор эдик, негаки, қай биримиз бу борада салгина эҳтиётсизлик қилсак, шунинг ўзи маликамиз шаънига ҳурматсизлик бўлишини яхши тушунардик… Агар қайси биримиз дид ёки муомала борасида салгина хатога йўл қўйсак, малика (Акико) шу кундан бошлаб айбдор ходимага худди ғалати бир жонворга қарагандай қарайверарди.”

Мурасаки отасидан, ўзини император аммасининг ҳовлисига ишга жойлаштирмагани учун ўпкаланади. Сабаби, императорнинг аммаси малика Сэнси ўз даврининг кўзга кўринган фозила аёлларидан эди, Камо ибодатхонасига қаторасига 5 маротаба раҳбар қилиб сайланган, шунга яраша “буюк тақводор” деган мавқеига ҳам эришган эди. Адиба “агар Сэнсихоним хизматида бўлсам эди, Акико хизматидагидай турли зиёфату маросимларга кўпам чақирилавермасдим”, дейди. Акикони эса тез-тез маросимларга, йиғинларга чақиришар, шунинг учун унинг хизматидагилар тиним билмас, нуқул “Император хонимни олий ҳазратлари чорлаяптилар, уни кузатиб боришга тайёрланинглар!” ёки “Жаноби бош вазир келяптилар, кутиб олиш учун пешвоз чиқинглар!” каби буйруқлар тез-тез такрорланарди. “Сэнси хоним хизматидагилар бизларга ўхшаб тўсатдан бошланаётган ташрифлардан, бостириб келишлардан изтироб чекмайдилар”, деб ёзади Мурасаки. Шуниси қизиқки, Мурасаки ана шундай армонлар билан юрган бир пайтда император хоним Акико ҳам яширин бир орзу-армонда эди – у хитой тилини ўрганиш иштиёқига тушиб қолган эди. Мана шу орзу Мурасакига жуда ўнг келиб қолди, негаки у, аввал айтганимиздек, хитой тилини яхши биларди. Мурасаки ўзининг бу борадаги билимини ҳарчанд яширмасин, ҳақиқат барибир очилиб қолган эди. Шундай қилиб, 1008 йилнинг ёз мавсумида Мурасаки ёш император хоним билан бир овлоқда, киши кўзи тушмайдиган жойда машҳур хитой мумтоз шоири Бо Цзюйининг 2 жилдлик “Қўшиқлар” китобини мутолаа қила бошлайди. Мурасакининг хилватнишин бўлиб олишига сабаб кўп эди, булар ичида энг даҳшатлиси – қариндоши Митинаганинг ҳозиру нозирлиги, ҳар хил гаплар айта бошлагани. Митинага Фузивара – малика Акиконинг отаси (императорнинг қайнотаси) бу пайтда қирчиллама 42 ёшида, салтанатда биринчи вазир эди (у бу лавозимда 14 йил фаолият юритган). Шу одам Мурасакининг йўлини тўсгани-тўсган эди. Мурасаки ўз кундалик дафтарларида бу каби шилқим жазманлари ҳақида ҳам рўйи-рост, ҳам назокат билан шаъма қилиб ўтади.

Биографлар Мурасакининг жиддий, очиқкўнгил, зийрак, камгап, хаёлпарастликка мойил, нозик табиатли аёл бўлганлигини, даврадошларнинг муғомбирликлари, ғийбатлари борасида ҳам енгил киноя билан ёзиб ўтганлигини тилга оладилар.

Япон тадқиқотчиси Ока Кадзуонинг фикрича, Мурасаки Сикибунинг саройдаги хизматлари 1013 йилда тугайди. Аммо унинг 1025 йилда ҳам Акиконинг ёнида ходима бўлиб ишлагани, шу йили бўлажак император Го Рёдзэннинг дунёга келиши муносабати билан маросимда иштирок этганлиги ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд. 1011 йилда адибанинг отаси Этиго музофоти ҳокими этиб тайинланади. Отаси билан акаси Набунори Этигога жўнаб кетади. Аммо кўп ўтмай Набунори шу ерда вафот этади. Акасининг вафотидан сўнг Мурасаки Сикибу ҳам кўп яшамайди. Ока Кадзуо адибанинг вафотини 1014 йил деб кўрсатади. Баъзи тахминларга кўра эса, Мурасаки 1025 – 1031 йиллар оралиғида вафот этган бўлиши мумкин. Ёсано Акико тадқиқотларига кўра, Мурасаки Сикибу ё 1015 йилнинг охирида, ё 1016 йилнинг бошида вафот этган бўлиши керак.

“Мурасаки Сикибунинг ижодий фаолияти қачон бошланган?” деган савол кўпчиликни, қизиқтирса керак. Унинг ижоди шеърий машқлардан бошланганига шубҳа йўқ. Унинг қаламига мансуб шеърларнинг асосий қисми “Мурасаки Сикибу-сю” дафтарида жамланган. Шеърларининг аксарияти “Гэндзи-моногатари” китобида ҳам бор. “Кундалик”ларида шеърлар нисбатан оз.

“Гэндзи-моногатари” романини Мурасаки эри вафотидан сўнг, ота уйида айрилиқ азобини унутиш ниятида ёза бошлаган бўлиши эҳтимолга яқин. Кўпчилик тадқиқотчилар қайд этиб ўтган тахминга кўра, роман 3 йил ичида (жуда борса 4 йилда) – эри вафотидан сўнг то малика Акико хизматига борган вақт ичида қоғозга тушган. Шу билан бирга, роман сарой хизматига кирган пайтдан бошланиб, 1008 йилнинг қиш ойлари оралиғида ёзилган, деган тахмин ҳам бор. Хуллас, роман қачон ёзиб тугатилган бўлмасин, Мурасаки Сикибу малика Акико хизматига кирганидаёқ истеъдодли адиба сифатида довруғ қозонган эди. Маликага ҳамроҳлик қилувчи ходима бўлиб хизмат этаркан, Мурасаки Сикибу ҳам романни ёзишда давом этган, ҳам шеърлар битган, ҳам “Кундалик”ларини ёзган. Энг сўнгги тахминларда 1010 йил кўпроқ тилга олинади – шу йили адиба “Гэндзи”ни ҳам, “Кундалик”ларни ҳам ёзиб тугатади ва бу ҳақдаги ўзининг ёзувларида саройдаги байрам томошаларини, урф-одатларни, маросимларни, малика Акико теварагидаги ходималарнинг феъл-сажияларидаги эътиборга лойиқ жиҳатларини ҳам қайд этиб ўтади. Аммо адибанинг номини жаҳон адабиёти саҳифаларига мангу ўчмас қилиб ёзган асари – бу “Гэндзи-моногатари” романи бўлди.

Музаффар Аҳмад тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон