Эл кўнглига чун даво Каломуллоҳ эрур…
(Алишер Навоий)
Абдураҳмон Жомийдек пири муршид (муҳиблар ҳазратни “нури хирад”, “Махдуми Нуран” деб атаганлар) нафаслари-ла “низомул миллати вад-дин” муборак унвонига молик бўлган Навоийнинг шеърий куллиётини кудсий оятлар, ҳадислар билан мунаввар шоҳбайтларсиз аниқ ва тўлиқ тасаввур этиш, унинг фикрий теранликларини, фасоҳат сирларини таҳқиқ қилиш имконсиз, албатта.
Не надоматлар бўлсинки, неча ўн йилликлар мобайнида илоҳий муқаддимот (ҳамду наът, саною муножот) матни каби уларнинг талқини, таҳлили ҳукмфармо даҳрий мафкура таъқиби ва тазйиқига учраган, таҳқирланган эди. Шунинг учун ҳам муқаддас оят, ҳадис калималари бевосита – айниятда ё билвосита – ҳарфи ўзгарган, руҳи сақланган ҳолда “сўз лавҳи” – шеърий сатрлар қатига жойланган, бири биридан зарифу дақиқ байтлар ҳақида лом-мим дейилмай (гўёки руҳоний нуктадонликлар, илоҳий оҳанглар Навоий дунёсига хос, аҳамиятли эмасдай), худрисандларча совуқ-тунд муносабат ҳукм сурди… Тангрига ҳазор шукрким, турли табақот-тариқотга мансуб шоирларнинг исломий фалсафа, ахлоқ, фасоҳат тажаллиси бўлмиш боқий сатрлари сингари, Навоий шеъриятининг самовий буржлари ҳам бугунги истиқлолият ва амният ҳавосидан эрк ва сафо топди. Бас, уларни баҳоли имкон шарҳлаб бериш, қай даражада бўлмасин, таҳқиқ ва таҳлил қилиш ишини ортиқ пайсалга солиш ҳам гуноҳ…
Шарҳ аввалида, мантиқан, Навоийнинг насрий-илмий мушоҳадаларидан намуналар келтириш жоиз. Чунончи, улуғ мураббий “Мезон ул-авзон” муқаддимасида ёзадилар: “Андоқки, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг “Каломи мажид”ида кўп ерда назм воқеъ бўлубтурки, аруз қавоиди (қоидалари) била ростдур. Ул жумладин бири оятдурким: “Лан таналул-бирра хата илан” (хуш кўрган нарсаларингиздан сарф этмагунингизча яхшиликка эриша олмайсиз)дур, рамали мусаддаси маҳзуб (баҳрида) воқеъ бўлубтур. Ва яна будурким: “Вал-мурсалати урфан, фал-асифати асфан” (эзгу амаллар буюрилган (фаришталар номига қасам, кучли эсган шамолларга қасам)дур, вазни мафъулу фоъилотун фоъилотундур, ахраб (баҳрида) воқеъ бўлубтур… Ва “Каломуллоҳ”да кўп ерда бу навъ воқеъдур. Ва расул саллаллаҳу алайҳи вас-салам аҳодиси (ҳадислари)да ҳам дағи бу тариқ тушубтур”.
Бу табаррук кўчирмадан, фикри ожизимча, икки жиҳатни ажратиб кўрсатиш эҳтиёжи бор. Биринчидан, “Каломуллоҳ” оятлари, ҳадис сўзларидан “кўп ерда назм воқеъ” бўлган, хусусан, улар “аруз қовоиди била рост” экан, демак, чиндан-да исломиятнинг Навоийдек аркону аҳкомларидан бири шаҳодат беришича, бунда ғаройиб ҳол яшириндир. Илло, Муҳаммад Мустафога нозил бўлган оятларда, у зоти шарифнинг ҳадисларида аруздек махсус ва мураккаб шеърий илм қоидаларига тўғри келадиган мисраларнинг мавжудлиги шундан далолат берадики, асли араб заминида кашф этилган аруз вазни ҳам шеърий истеъдод каби тангри илоҳийнинг инъом-эҳсонидир (не ажабки, ҳазрати Расулуллоҳ на умумий илмий таҳсил, на махсус шеърий-адабий маърифат кўрганлар). Зотан, улуғ жафокаш олим Дмитрий Лихачевнинг фикрича, гўзаллик қонунлари илоҳий моҳиятга эга…
Иккинчидан, туркийзабон шеърият мулкининг соҳибқирони Навоий ўз асарларини, шак-шубҳасиз, муқаддас оят ва ҳадислардек каломи фасиҳнинг теран мантиқий фикр, бадиий ифода (хусусан, мусиқий уйғунлик, таносиб) меъёрларида, баравж пардаларда яратишга қодир даҳосини жумлаи оламга аён этди: “Сўзунг бир авж уза чекти алам (байроқ)ни, Ки сурдунг арш лавҳига қаламни. Агарчи ахтаре (юлдуз)дур ҳар сўзунг пок, Ки эврулур онинг бошига афлок”. Улуғ шоирнинг маънавий жиҳатдан тўла ҳақдор фахрия-байтларидан яна бири: “Навоий сеҳр эмас, гўё Каломуллоҳ асосидур. Бу мўьжизларки зоҳир ўлди килки нуктапошингда”. Биз Навоий шеърий даҳосининг руҳий илдизларини бир қадар таҳқиқ этишга, аниқроғи, исломий фалсафа, ахлоқ ва фасоҳатга дохил шоҳбайтлар шарҳига уруниб кўрамиз. Даставвал, муқаддас калималар-ла музайян байтларни кузатайлик. Бежизмаски, Навоийнинг асосий рубобий куллиёти “Хазойин ул-маоний”нинг биринчи девони, биринчи ғазалининг матлаъи – аввалги байти Ҳақни танимоқнинг тўғри йўли – “ҳидоят нурлари” билан мунаввар этилган:
Ашрақат мин акси шамси-каъси анворул-ҳудо,
Ёр аксин майда кўр деб жомдин чиқди садо.
Шоҳбайт шарҳидан аввал биринчи мисранинг маъносини билиб олайлик: қуёш косасининг акси – инъикосидан ҳидоят нурлари (“анворул – ҳудо”) таралди. Бу бошариф тамсил-лавҳанинг фазовий миқёси қанчалар кенг, сарбаланд! Иккинчи мисрадаги “жом”, “май” рамзлари-ла боғлиқ, бадиий мантиқ тақозосига кўра, субҳидам уфқидан аста кўрина бошлаган қуёшнинг шакл-шамойили гулгун май тўла косага муқояса этилиши ўзиёқ (кун уфқдан юксала борганда на унинг аниқ доира-чизиғини илғаб бўлади, на гулфом рангини!) мазкур байт мансуб бўлган ғазал шоирнинг бошқа ошиқона, риндона шеърларидан ўзгача эканлигига ишорадир. Демак, шоҳбайт (ғазал ҳам) моҳиятан орифона, тўғрироғи, илоҳиёна тимсоллар силсиласини ташкил қилади: зоҳирдан (мажозан) риндтабиат ошиқ қўлидаги жом ва май мўъжиз кўзгуга айланади, кўзгу бўлганда ҳам, бамисоли доир – айланувчи дунё – муаззам миръот сифатида ўзида тангри илоҳийни тажалли этади. Бас, Навоий талқинида мўъжизакор жом – ваҳдат жоми, яъни мавжуд оламнинг тангри илоҳий билан бирлиги, воҳидлиги рамзи, май – бу фоний дунёнинг барча аччиқ ва ширин маъноларини, ибратомиз синов-сабоқларини озми-кўпми идрок қилиш, чуқурроқ таҳкиқ этганда, бу – Навоий англаб етган ҳақиқий (илоҳий) ишқ маҳмурлиги, бунинг хос руҳоний бокира кайфияти-ла ўзлик кишанларидан халос бўлмоқлик (“менда қўйма, ёраб, “мен”ликдин нишон…”) Шу тариқа, ҳақиқат моҳиятини идрок этиш йўли Ҳақ васлига етишмоқ тадоригининг ўзгача тажассуми… Ана энди байтнинг хос маъносини кузатилган мақсадга яқин иборалар-ла шарҳлаб бериш мумкин: “ёр (моҳиятда яратувчи) аксин майда кўр”моқдек ғаройиб бир ҳол ишқ йўлининг мажоз кўпригидан ҳақиқат (“ал-мажозу қантарат ул-ҳақиқат” – “Хамсат ул-мутаҳаййирин”) манзилига ўтиш жараёнида, ҳажрнинг турфа ситамлари сўзонида жисму нафсу ҳавонинг шайтоний худкомликларини ўлдириб, руҳни поклантирган, фазлу камол мақомини эгаллаган зот – Ҳақнинг чин ошиғигагина мушарраф бўлиши мумкин… Хуллас, Навоий талқинича, жом, шубҳасиз, ваҳдати жоми (моддий ва руҳий оламнинг бирлиги рамзи), май – “васли мумкуни йўқ” ишқ фидойиси учун боқий ҳидоят ва иноят майидир. Зотан, бундай мўъжиз аломати қуёшнинг ҳар субҳ оламга таратган, Ҳақ йўлини ёритувчи пурхайр иши – аъмолига тенг… Бу анъанавий мажознинг фазовий талқини, маҳбуб тимсолида илоҳий гўзаллик тажаллисини кўриш, “ёр аксини” ўзгача сувратлаш санъатидир.
Мана “Каломуллоҳ асоси”ла тартиб ва сайқал берилган бошқа бир байт:
Ҳар ён, Навоий, сунма қўл, не келса Ҳақдин рози бўл,
Мен ожизу ҳокимдур ул, ал фажру лак, ал ҳукми лаҳ.
“Ал фажру лак” тонг ёришуви – сенинг уйғонмоғинг, янги кундан воқифлигинг, унинг насиба-неъматидан баҳравир бўлмоғинг учун; “ал ҳукми лаҳ” сўнг нимаики воқеъ бўлса – илоҳнинг ҳукмида. Шоҳбайтнинг тўлиқ маъноси: одамзод умрнинг ҳар бир куни Аллоҳ етказганига шукр келтириши – боридан ҳаволаниб, нафс кўйига кирмаслиги (“Қачон нафс ўз кони этти ҳаво, Қилур элни кўп нафъдин бенаво”) ва аксинча, йўғига ё камига ношукр бўлмаслиги, мушкул соатларда ҳам ғамгинлик умидсизликка тушмаслиги керак (“ўзингизни меҳнат куни овутинг, не ғам келса даврондан осон тутинг”), кенг маънода, мусулмони комилнинг босган қадами, борингки эзгу ният йўлида кўрсатган жасорати, топган эътибору мартабаси Яратувчининг хоҳиш иноятига, ҳидоят ва ҳимоятига муҳтождир.
Навоийнинг соҳир қалами – хомаси-ла “зоҳир ўлған мўъжизлар” ҳақида янада ёрқинроқ тасаввур туғилиши учун “кўнгул лавҳи”га чизилган дунё – шеърий тимсоллардан айрим намуналарини кузатамиз. Табиийки, бу гал ҳам ўзига хос муқаддимотга зарурат сезилади: Аллоҳ “…инсоннинг сойири махлуқотдин мумтоз ва мажмуъ офариниш (яратилиш)ка сарвар ва сарафроз қилдиким, оят: “Ва лақад каррамно бани одама” (одам авлодини азизу мукаррам қилиб яратдик) анга мушъир (огоҳ этувчи)дир…” Чин инсонликни фақат кўнгил гавҳари мезони билан баҳолаш мумкин. “Ҳадиси шариф”дан: “Инсон жисмида бир парча эт бор, агар у тузалса, аъзоларнинг барчаси тузалгай, агар у бузулса, аъзоларнинг барчаси бузулгайки, бу – унинг қалби, юраги”. Навоий шарҳи: “Кўнгул бадан мулкининг подшоҳидур, анга сиҳҳат – мунга ҳам сиҳҳат, анга табоҳи (шикаст) мунга ҳам табоҳи. Бас, улким, кўнгул мулкининг соҳиб жоҳи бўлгай – шоҳлар шоҳи бўлгай”.
Байт:
Мулк учун солим керактур ҳасрати кишвар паноҳ,
Тан учун ул узв (аъзо) ким, бўлди бадан мулкида шоҳ.
Ва ниҳоят, улуғ валиуллоҳ шоир кўнгил ва кўз васфида “бир неча паришон байт” (ҳақирона камтарлик мисоли!) тартиб бергани ҳақида шундай дейди: “Аммо “ал-маъмуру маъзурун” (буюрилган иш маъзур тутилмоғи лозим) ҳукми била ўтлуқ оҳи дудидин ашкбор кўз суви бирла мураккаб қилиб, кўнгул оташингезлиги била кўз ашкрезлиғи шарҳида бир неча паришон байт мураттаб қилилди”. (“Муншаот”дан). “Маҳбуб ул-қулуб”да тил ва кўнгил таърифи узвий берилади: “Масиҳоким, нафас била ўлукка жон берди, гўё бу жиҳатдин эрди. Аҳли саодатлар руҳбахш зулолиға манба ҳам – тил. Тилиға иқтидорлиғ – ҳакими хирадманд. Тилки, фасиҳ ва дилназир бўлғай – хўброқ бўлғай, агар кўнгул била бир бўлғай…” “Дардлиғ кўнгул – шуълалиғ чароғ… Тили ариғ ва кўнгли ариғ (бокира)ни мусулмон деса бўлур”, дейилади ўша китобда.
Мана кўнгил тимсоли муқаддас оят-ла йўғрилган шоҳбайтлардан бири:
Халқдин навмидлик еткурди роҳат кўнглума,
Эй Навоий, билдим: “Иҳдар роҳатайн” эрканин яъс.
“Иҳдар роҳатайн”: икки роҳатнинг бири. Яъс – навмидлик дегани; энди байт шарҳига ўтсак бўлади. Ҳаёт отлиғ азалий хилқат шунчалар мураккабдирки, ёлғиз киши – айрим шахснинг бутун халқ жамоаси билан муносабати ҳар доим ҳам одилона меъёрда бўлиши қийин. Халқ деганда табиий, ижтимоий, руҳий-маънавий бир кудратнинг тимсоли мужассами намоён бўладики, (“Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир. Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир..? – Чўлпон) унинг шаънига баъзан ранжу аламлар сўзонида марғуб-номарғуб мулоҳазалар билдириш алалоқибат беҳуда, ҳатто мантиқсиз бўлиб чиқиши мумкин. Начора, ҳазрати Навоийнинг ўзлари бежиз айтмаганлар: “Халқдин ҳар ярамас келса, хуш ул ким, Ҳақға деса бўлмас: “Менинг учун яна бир халқ ярот”. Бас, муқаддас оят билан далилланган юқоридаги байт моҳиятида ҳаёт ва қисматнинг турли озору шафқатсизликларига қарамай, инсон сабри билан улуғдир, деган пурмаъно, боумид (“навмидлик”ка зид) ақида зуҳур этади. Айниқса, сабр-қаноат, сабот, андиша, кечириш, тийиқлилик туйғулари билан кучли чин мусулмон учун тан бермаслик, кўникмаслик имконсиздай туюлган бир ҳол гўё осонлик билан (“Ишга неча саъблиқ имкон эрур, Ким ани осон тутар – осон эрур”) – камоли кўнгил равшанлиги, табъ равонлиги, руҳ енгиллиги билан ифодаланади: “Халқдин навмидлик еткурди роҳат кўнглума”. Тўғри, халқимизда энг чорасиз – нажотсиз дақиқаларда ҳам “ноумид шайтон” дейилгувчи доно нақл бор. Лекин халқона таскин сўзи билан Навоий сатри замиридаги сўнгсиз дарду фидойилик ўртасида каттагина масофа ётади. Бу, эҳтимол, валийсийрат зотларгагина мушарраф бўладиган хос руҳий қудрат тимсолидир: навмидлик азоби туғёнга келган, ақл чироғи сўниб, кўнгил пораланган кезларда ҳам бундайин фожеъ ҳолни… роҳат ўрнида қабул қилиш ҳар қандоқ иродали кишига муяссар бўлавермаса керак…
Навоий қаламининг мўъжизавий кучи шундаки, муқаддас калималарга эҳтиёж туғилганда улар беихтиёр дунёвий мазмун касб этиши – инсонпарварлик, услубпарварлик ғоялари учун хизмат қилиши мумкин:
Ҳақ ким, йўқ нафъ ичинда поёни анинг,
Бўлгуси қиёматқача жавлони анинг.
Шубҳасиз, “нафъ ичинда” иборати жамики жонли-жонсиз махлуқоту мавжудотга тааллуқли. Лекин моҳиятда уларни яратиш ва паноҳида асрашдан мурод – инсон, унинг эҳтиёжи, манфаати. Бундай саховат, иноят манбаи асло камайиш билмайди. Илло, Ҳақнинг лутфу карами – кенг, “ҳидоят нурлари” офтобдай барчага баробардир. Бежиз эмаски, улуғ шоир ҳатто болалик даври машқлари – илк шеърларидаёқ сахий табиатдан лола уруғию пилла қуртини муқояса учун олиб инсон меҳнатига нисбат берган эди: “Тухм ерга кириб чечак бўлди, Қурт жондин кечиб ипак бўлди. Лола тухмича ғайратинг йўқму? Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?” Бошқа бир байтда “ипак” ташбеҳи, “бол” тимсоли билан уйғун берилади: “Ҳар кимсаки, айламас ошуқмоғни хаёл, Япроғни ипак қилур, чечак баргини бол”. Ҳадисмонанд “Арбаин”да: “Яхшироқ бил они улус ароким, Етса кўпрак улусқа нафъ андин” дейди раиятпарвар шоир. Эл-улус қайғуси бошқа бир шеърда анчайин беаёв оҳангда ифодаланади: “Ҳар кишиким, улусқа раҳм этмас, Анга раҳм айламас Раҳиму карим”. Илоҳий калом ила дунёвий сўз уйғунлиги қанчалик табиий ва самимий руҳда, ҳаққоний ва одилона талқин этилган!..
Навоий илоҳий қудратга хоҳ бевосита – муқаддас оят сўзлари орқали, хоҳ билвосита – бадиий тимсоллар, рамзу мажозлар тилида муносабат билдирганда баъзан исломий ақоид сарҳадидан ўтади – қадимий фалсафа, умумбашарий тафаккур меъёрларида мубоҳаса юритади:
Азал ҳам – Сен, Адаб ҳам – Сен, не аввал бирла охирким,
Анга йўқ – ибтидо пайдо, мунга йўқ – интиҳо пайдо.
Бу мисралар қатида қанча оламлару турфа меъзонларни, робитаю усулларни ўзида жобажо этган моддий ва руҳий хилқат ҳайратомуз мухтасар шаклда ифодаланган. Чиндан ҳам шеърий нисбатлар миқёс – самовот буржлари қадар теранлиги – уммонларга тенг: не ажабки: на “азал-аввал”нинг ибтидоси, на “абад-охир”нинг интиҳоси бор! Янада чуқурроқ ўйлаб, яхшироқ идрок этиб кўрганда, бу оламнинг “ҳайъати” – қиёфаси, “вазъи” – тузилиши (“Назар айла бу коргаҳ вазъиғаки, ортар тамошасида ҳайратим”) ақл “боши айланар” даражада сирли-сеҳрли эмасми?! Надоматлар бўлсинки, биз неча ўн йилликлар мобайнида даҳриёна моддиюн фалсафаси исканжасида гумроҳликда, ғофилликда, куфрона-шаккок “ёлғон даъво” (Яссавий) алдовларига койим-маҳлиё бўлиб, ўзимиз англаб-англамай айюҳаннос солиб, жаҳонга кулгу-шармсор бўлган эдик…
Беназир сўз даҳоси “ирсолул масал” бадиий санъати (халқнинг доно удумларини, пурҳикмат мақолу маталларини бадиий ўзлаштириш усули) орқали уларни хоҳ аслиятда, хоҳ ўзгарган шаклда келтириб байтга бошкача зийнат беради. Мана шулардан бири:
Кўнгул жон бирла бўлди, ҳамраҳингмен, дард ила юрдум,
Сенга жон бирла кўнглумни, сени – Тангрига топширдум!
Одатда ҳаётнинг иссиқ-совуғини кечириб, аччиқ-чучугини тотиб кўрган дўст-душман, яхши ва ёмон билан синашиб маълум даражада сабоқ олган кўзи очиқ, эҳтиёткор, айни чоғда, боумид одамлар аксарият яқинларидан кимнидир сафарга кузатаркан ё ўзлари йўлга чиқиш олдидан яхши истак-тилаклари ўзгача меҳр билан, дил-дилдан тавалло қилиб, “Худога омонат, паноҳига топширдим” қабилида самимий муножот сўзларила изҳор этадилар, иймон нури билан йўғрилган, Яратувчига ҳамду саною илтижо мақомидаги бундай халқона оқ фотиҳа калималари, аввало, ўша хайрбод тилаклар тилагувчи мўътабар зот (ота-она ё устоз, меҳрибон дўст ё ғамгусор жигарбанд)нинг шахсияти ҳар кандай таъмаю миннатдан холи, пок хилқатидан далолат беради. Қолаверса, бундан қутлуғ иборатлар ҳар икки тараф (сафарга отланувчи ё кузатиб қолувчи)нинг кўнглида, фикру хаёлида ажаб бир ёруғлик – умид, ишонч-эътиқод, шукрона, миннатдорлик, меҳру вафо, ғурур-ифтихор, фидойилик, эҳтимол, ўкинч-армон, тазарру эзгу ҳислар уйғотади, руҳни поклантиради… Навоий халқимизнинг ана шу олийжаноб удуми тажассуми – “топширдим” сўзининг бениҳоя гўзал, зариф, истиоравий қирраларидан фойдаланиб (бир яқин одам тақдирини бошқа бир яхши одамга мутлақ ишониб, дахлсиз омонат ўрнида “топшириш” ўша омонат тимсоли ва унга жавобгар – соҳиби хонадон ё раҳнома йўлдошини ҳам Тангри ҳимоясига “топшириш” замирида қанчалар инсонийлик зуҳур этади!), муҳаббат оламининг зоҳиран фожиъ қисмати (“жонни топширмоқ”) – “ишқи мажоз”га кутилмаган ҳолда боқий-ўлмас маъно бахш этади, “ишқи ҳақикат” мақомини беради… Не ажаб, маҳбуба дардида ошиқ кўнгил шайдолиги шу даражага етиб бордики, ҳатто кимга мансублигини, ўзлигини унутди, оқибатда фақат “кўнгул жон бирла бўлди”, ошиқ эса бамисоли сояга – жонсиз, кўнгилсиз вужуд – суратга айланди. Лекин (водариғ!) бундай фожиъ қисмат учун ҳасрат шикоят эмас, розилик, илтижо, тавалло сўзлари изҳор этилади! Илло, ошиқнинг бу алдамчи дунёдаги сўнгги тилаги ҳам шу: муҳаббат қисматида “жон бирла кўнгилни” яккаю ягона умидвори, ҳалоскори, маҳбубага, маҳбубани – “Тангрига топшириш” не чоғлиқ андуҳли бўлмасин, бу – чин мурод – абадий ишқ бахтига эришмоқнинг пурмаъно ва зарифона ифодаси эмасми?! Зотан, бундай талқин Навоийнинг васлсиз – илоҳий ишқ идеали билан уйғун-ҳамоҳанг: “Ошиқки, муроди ком ўлғай – ошиқлиқ анга ҳаром ўлғай”…
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 1-сон