Антуан де Сент-Экзюперининг асарлари аллақачон ХХ аср француз адабиёти классикасига айланган. Адибнинг адабиётда ўхшаши кам учрайдиган, романтик руҳ, поэзия, нозик лиризм, фалсафий мушоҳадалар ва инсонларга муҳаббат руҳи билан йўғрилган асарлари жаҳоннинг жуда кўплаб тилларига таржима қилиниб, ўз ўқувчиларини топган.
Антуан де Сент-Экзюпери 1900 йилнинг 29 июнида Лион шаҳрида анча қашшоқлашиб қолган зодагонлар оиласида туғилди. Унинг ўз болалик йилларига бўлган муносабати кишини ҳайратга солади. “Бизнинг болалик дунёмиз, сўзлашувимиз, ўйинларимиз олами менга бошқа нарсадан кўра ҳеч қачон туганмас борлиқдай туюлади,” – дейди у онасига ёзган мактубларидан бирида.
Сент-Экзюпери дунёда, хусусан, Ўзбекистонда аввало “Кичкина шаҳзода” нақл-эртагининг муаллифи сифатида маълум ва машҳур. Ҳаётдан кўз юмганига 70 йилга яқин вақт бўлганига қарамай, унинг ижодий мероси ҳамон адабиётшунослар ва ўқувчилар эътиборида. Сент-Экзюпери асарларини, унинг асосий касби – учувчиликдан айро ҳолда қабул қилиш мумкин эмас, албатта. У ўзини ҳеч қачон профессионал ёзувчи деб ҳисобламаган.
Сент-Экзюпери ўн икки ёшга тўлганда биринчи бор ҳавога кўтарилди: ўша даврнинг машҳур француз ёзувчиси Ведрен уни самолётида бирга олиб учади. Ана шу лаҳзадан бошлаб парвоз ишқи ёш Антуаннинг ҳаётидаги асосий, бир умрлик мақсадига айланган бўлиши мумкин.
1921 йили у кўнгилли равишда ҳарбий хизматга отланди. Ҳарбий қирувчилар авиаполкида зўр иштиёқ билан учувчилик сирларини ўрганди ва француз армиясининг лейтенанти унвонига эга бўлди. У 1927 йилдан бошлаб Франция жанубини Африка билан боғловчи почта йўналишида учувчи бўлиб ишлайди. Иккинчи жаҳон уруши пайтида ҳарбий разведка қисмларида хизмат қилди ва Франция мағлубиятидан сўнг АҚШга кетишга мажбур бўлди. Сент-Экзюпери томонидан билдирилган қатъий сўровлар натижасида у ҳаракатдаги армия сафига қайтарилган. 1944 йилнинг 30 июнида Франция жанубида разведка ишларини олиб бориш учун АҚШ ҳаво кучларига қарашли ҳаво кемасида парвоз қилган Сент-Экзюпери самолёти уриб туширилди. Олтмиш йилдан сўнг–2004 йили Ўртаер денгизида унинг сомолёти қолдиқлари топилди.
Сент-Экзюпери учун авиация энг аввало дунёни ўрганиш, уни кашф этиш, инсондаги нодир фазилатларни тарбиялаш, инсонлар ва мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликка, биродарликка йўл очиш воситаси эди. Бундан ташқари, самода парвоз қилувчи, юқоридан туриб ерни кузатувчи инсон бошқаларга нисбатан ўзгача дунёқарашга эга бўлади. Бир қарашда сезилавермайдиган, лекин самолёт кабинасида туриб ниҳоятда нозик ва ҳимоясиз бўлиб кўринадиган она заминимизда инсонлар нақадар ёлғиз, бир-бирини тушунишга ожиз эканликлари учувчи Сент-Экзюперини ҳамиша ташвишга солган. Умрнинг қисқалиги, инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаббат, бир-бирларини тушуниб яшашга бўлган интилишларнинг тириклик мазмунини ташкил этиши Экзюпери яратган деярли ҳар бир асарнинг бош ғояси эди.
Сент-Экзюпери авиация мавзусини адабиётга олиб кириб XX асрдаги янги соҳа кишиларининг фаолияти ҳақида илк бор ҳикоя қилди. Шу билан бирга, у ўз касбини цивилизация, жамият келажаги ва инсонлар тақдири ҳақидаги фалсафий мушоҳадалар манбаига айлантира олди. Натижада, ёзувчи жаҳон адабиётида биринчилардан бўлиб учувчиликни маънавий-ахлоқий ҳодиса сифатида талқин этди.
Ёзувчи воқеа ва ҳодисаларни ҳикоя қилишни эмас, балки ана шу воқелар туфайли пайдо бўлган мулоҳазаларни баён этишни муҳим деб ҳисоблаган.
Сент-Экзюпери ижодидаги муҳим асарлардан бири бўлган ва ёзувчи номини бутун дунёга машҳур қилган “Кичкина шаҳзода” фалсафий эртаги 1942 йилда, ёзувчи Нью-Йоркда яшаган пайтида ёзилди. Ушбу асар жанр ва композицияси билан аввалгилардан фарқ қилади. У дунёнинг юздан ортиқ тилларига таржима қилинган ва энг кўп нашр этилган асарлардандир. Адабиётшунос Р.Грачёвнинг таъкидлашича, “Кичкина шаҳзода” инсон ўзини поэтик жиҳатдан ҳис қилишининг ишончли тажассуми бўлиб қолди. У ёзувчининг бошқа асарларига нур таратиб туради ва уларни ушбу эртаксиз англаб етиш мумкин эмас.
Асар мотивлари, аниқроғи, болакай тимсолининг пайдо бўлиши 1927–1929 йилларга бориб тақалади. Бу даврда Кап-Жуби (Марокаш) аэродромининг бошлиғи бўлган Сент-Экзюпери самолёти Саҳрои-Кабирда аварияга учраганлиги ва шу куни саҳрода тунашга мажбур бўлган учувчи тушига қандайдир митти одам киргани ҳақида маълумотлар бор. Муаллиф анча вақтгача ана шу туш таассуроти билан юрганлигини унинг томонидан турли йилларда чизилган қанотли болакай суратлари тасдиқлайди. Эртакнинг дастлабки чизгилари ана шу воқеа таъсирида пайдо бўлган бўлиши мумкин. Лекин ана шу чизгиларнинг мукаммал бир асар тусини олишида асосий туртки бўлган воқеа – Иккинчи жаҳон уруши ва унинг ёзувчи руҳий оламига кўрсатган таъсири ҳисобланади. Ёзувчи 1943 йил март ойида фашистларга қарши ҳарбий ҳаракатда қатнашиш учун шимолий Африкага келади. Эртак эса апрель ойида Америкада босилиб чиқади. Асардаги Шаҳзода эртак ниҳоясида ўзи ўстириб парваришлаган атиргулга масъул эканлигини ҳис қилади. Адабиётшунослар ана шу Атиргул образи ортида ёзувчининг умр йўлдоши Консуэло тимсоли назарда тутилган бўлса керак, деб тахмин қиладилар. Бу фикрни инкор этиб бўлмайди. Нозик жуссали, қувноқ, абжир, яна ажойиб фантазиячи ва кези келганда эксцентрик феъл-атворга эга бўлган бу аёлнинг Сент-Экзюпери ҳаёти ва ижодида ўз ўрни, таъсири бор. Уларнинг ҳаётидаги номутаносибликлар ва тез-тез бўлиб турувчи айрилиқ онлари “Кичкина шаҳзода”даги қаҳрамоннинг нозик ва инжиқ Атиргулни ташлаб саёҳатга кетиши, кейинчалик фикру-зикри ана шу гулида бўлиши, бошқа ҳеч қандай гул ўзи ўстирган Атиргулга ўхшамаслигини ҳис қилиши орқали ифодаланган дейиш мумкин.
Ҳаёти давомида вақти-вақти билан болаликка қайтиб яшашни тарғиб қилиб келган Сент-Экзюпери “Кичкина шаҳзода”ни Франциядаги дўсти Леон Вертнинг болалик дамларига бағишлагани, асарнинг бош қаҳрамони қилиб болани танлагани ҳам бежиз бўлмаса керак. Сент-Экзюпери “Кичкина шаҳзода”дан ташқари “Маҳбусга мактуб” (1943) асарини ҳам Леон Вертга (1879–1955) бағишлаган. Ёзувчи ва адабиётшунос бўлган бу инсон Сент-Экзюперининг дўстигина эмас, балки уни тушунувчи ягона киши бўлган. Уруш туфайли у инсонларда содир бўлаётган тарқоқлик, маънавий тубанлашиш сингари кўринишлар ҳақида 1939–1944 йилларда дўстига ёзган хатларида жуда кўп маротаба таъкидлайди.
Сент-Экзюпери ўз қаҳрамонига 5-6 ёшдаги бола руҳиятига хос хусусиятларни ато этган. Асар давомида болалик дунёси катталар дунёсига қарама-қарши қўйилади. Катталарнинг ҳаётни безаб турувчи романтика ва гўзалликни ҳис қилиш каби туйғулардан йироқ эканлиги болани ҳайратга солади. Шунинг учун ҳам катталар шаҳзода чизган филни тириклай ютиб юборган бўғма илон расмини “шляпа” деб атайдилар. Бола эса ўша катталар кўра олмайдиган қутича ичидаги қўзичоқни кўра олади. Умуман, шаҳзода ҳали катталар қадами етмаган софлик сайёрасининг соҳибидир. Бош қаҳрамоннинг “Кичкина шаҳзода” деб аталиши ҳам шундан.
Шаҳзода қизиқувчан ва ишонувчан бўлиб, барча жонли мавжудод уни ҳайратга солади.
Антуан де Сент-Экзюпери ҳайрат ҳиссини инсонга ато этилган ажойиб неъматлардан бири деб билади. Фақат қалби пок, беғубор кишигина ҳаёт гўзалликларидан чинакамига ҳайратга тушиши мумкин. Лекин инсон улғайган сари ҳаёт ҳодисаларидан, гўзалликларидан ҳайратланиш йўқолиб боради. Ҳайрат ҳиссининг йўқолиши эса инсонни дағаллашишга олиб келади, уни фикрловчи механизмга айлантириб қўяди.
“Кичкина шаҳзода”да катталарнинг ҳаётни безаб турувчи романтика ва гўзалликни ҳис қилиш каби ҳислардан йироқ эканлиги болани ҳайратга солади. Муаллиф болаларга мос кузатувчанлик билан катталарга баҳо беради: “Катталар рақамларни жуда яхши кўришади. Агар уларга янги дўст орттирганингиз хусусида айтиб қолсангиз, улар ҳеч қачон асосий нарса ҳақида сўрамайдилар. Улар: “Унинг овози қанақа? Нечта оға-иниси бор? Оғирлиги қанча экан? Отаси қанча мояна олади?” –деб сўрай кетадилар. Сўнг шу тариқа ўзларича одамларни яхши билиб олган бўладилар”.
“Кичкина шаҳзода”нинг бошқа асарларига ўхшамайдиган яна бир оригинал жиҳати бор. Бу асарнинг муаллиф томонидан эртак сюжетига чизилган суратлар билан берилишидир. Бу суратлар ёзувчи ҳикоясига шарҳ бериш вазифасидан ташқари, сўзда ифодалаб бўлмайдиган нозиклик, соддаликни ҳам китобхонга етказиб берганки, бу жаҳон адабиётида жуда кам учрайдиган услуб ҳисобланади.
Сент-Экзюперининг софлик сайёрасининг соҳиби бўлган қаҳрамони аллақачонлар ўзбек ўқувчилари қалбини ҳам забт этган. Эртак ўзбек тилида дастлаб 1963 йили нашр этилди (М.Умаров таржимасида).
Асарнинг Хайриддин Султонов томонидан қилинган таржима варианти “Ёшлик” журналининг 1985 йилдаги 6-сонида эълон қилинган. Кейинги йили “Кичкина шаҳзода”, “Тунги учиш” (Аҳмад Аъзам таржимасида) асарлари ва “Башар сайёраси” китобидан парча (Хайриддин Султонов таржимасида) алоҳида китоб ҳолида босмадан чиқди. 2003 йилга келиб, “Кичкина шаҳзода” асари лотин ёзувида алоҳида нашр этилди.
Сент-Экзюперининг ижодий мероси “Учувчи” новелласи (1926), “Жанубий почтачи” (1928), “Тунги учиш” (1931), “Башар сайёраси”(1939) қиссалари, Испаниядаги уруш ҳақидаги очерклари, 1942 йилда чоп этилган “Ҳарбий учувчи” ва “Кичкина шаҳзода” асарлари ҳамда 1936 йилдан вафотигача ёзиб борилган, лекин якунланмаган “Истеҳком”асарларидан иборат. Ёзувчи дастлабки асарлариданоқ ўзига хос услуби билан шуҳрат қозонди. 1931 йили “Тунги учиш” асари учун нуфузли “Фемина” адабий мукофотига, 1939 йили эса “Башар сайёраси” учун Франция Академиясининг роман учун бериладиган катта мукофотига сазовор бўлган.
Умуман олганда, Сент-Экзюпери асарлари инсонларни доимо ягона мақсад йўлида – инсонийликни сақлаб қолиш учун бирлашишга чақириши билан ҳеч қачон ўз аҳамиятини ва долзарблигини йўқотмайди.
Абдуғопир Қосимов, филология фанлари доктори
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 6-сон