Шоир Тавалло — Тўлаган Хўжамёров ХХ аср бошида Тошкентда етишган, халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган истеъдодлардан. Ойбек “Болалик”да шундай ёзган эди: “Айвонда мук тушиб, Таваллонинг шеърларини ўқишга киришаман. Ўқийман, диққат билан, берилиб, узоқ ўқийман… Шеърлар рангдор, жонли, тили ўзига хос, равон…”
Бўлажак шоир 1883 йили Кўкча даҳа Оби Назир маҳалласида ўзига тўқ Хўжамёр Жиянбоев оиласида дунёга келди. (Шоирнинг таржимаи ҳолини ёритишда унинг Республика МХХ архивида 32592-рақам остида сақланаётган “Тўлаган Хўжамёров иши” (119 саҳифа) материалларидан фойдаланилди — Б.Қ.) Эски мактабда савод чиқарди. “Бекларбеги” мадрасасида, рус-тузем мактабида ўқиди. 10-йиллардан вақтли матбуотда “Тавалло” тахаллуси билан шеър ва мақолалари босила бошлади.
1914 йил 30 августда Мунавварқори, Авлоний, М.Подшохўжаев, Ҳусанхўжа Дадахўжа ўғли (ёзувчи Саид Аҳмаднинг отаси), Саидабдулло Саидкарим ўғли Саидазимбоев, Комилбек Норбеков (жами 12 киши)лар билан биргаликда Тошкентда «Нашриёт» ширкатини тузиб, китоб чиқаришни йўлга қўядилар. 1915 йилда эса Авлонийлар ташаббуси билан тузилган “Турон” жамиятида фаолият кўрсата бошлайди.
Адибнинг “Жиноий иши”да сақланган “Меҳнат дафтарчаси”дан маълум бўлишича, у шу йиллари турли идораларда (ижроқўм, ревтрибунал, касаба уюшмаси, савдо, саноат-қурилиш соҳаларида) масъул лавозимларда ишлаган.
Суд-тергов қоидаларига кўра, айбланувчининг қилмишларигина эмас, ташқи кўриниши, ажратиб турадиган хусусиятлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилар эди. Тавалло “Жиноий иши”да ҳам шу хил маълумотлар учрайди. Чунончи, “Анкета маълумотлари”да ёзилишича, унинг «Ташқи кўриниши: ўрта бўй, бўйи 1 метру 56 см., кўзи — қўй кўз, сочи — қора». Дарвоқе, “айбланувчи”нинг яна бир жиҳати махсус таъкидланган: «керагича нотиқ».
1937 йил 14 августда Тавалло «аксилинқилобий» “Турон”, “Шўройи ислом”, “Иттиҳоди тараққий”, “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол” ташкилотларининг аъзоси”, “Миллионернинг ўғли”, “шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган”ликда айбланиб, қамоққа олинади.
Бу пайтда оилада беш киши бўлган: ўзи — 54 ёшда, хотини Зуҳра Миёрова — 40 ёшда, ўғли Мақсуд Миёров — 16 ёшда, қизи Санобар Миёрова — 11 ёшда. 1913 йили туғилган Раҳбар исмли қизи 1936 йили турмушга чиққан бўлиб, Бухорода яшар эди.
Агентура материалларидан: “Т.Х. миллий республикани «мустамлака» деб айтди. Кўпчилик орасида “Ўзбек халқи ўзаро нифоқ ва қўрқоқлик орқасидан хор-зор, қизилларга тутқун бўлди. Сабр косаси бир кун тўлади ва халқ совет ҳукуматига қарши қўзғалишга мажбур бўлади. Агар мен инқилобнинг шундай кунларга олиб келишини билсам эди, бутун вужудим билан унга қарши курашар эдим”, деди.
Тўлаган Хўжамёровнинг тергов ишлари тезлашиб кетди. Ўзбекистон ички ишлар халқ комиссари муовини Леонов имзолаган “Айблов хулосаси” 1937 йил 9 сентябрда 25 кунда тайёр бўлди. Унда Таваллонинг 1919 йилги Осипов қўзғолонида “қатнашгани”гача “тасдиқлатиб” олинди ва бир қатор “айб”лар билан учлик ҳукмига ҳавола этилди. Шу йилнинг 19 октябрида НКВД қошидаги учлик мажлисида Тавалло отиб ўлдиришга ҳукм қилинди. Ҳукм ўша йил 10 ноябрда ижро этилди.
Адабиётшуносликда унинг вафот йили 1939 деб кўрсатиб келинарди. Адиб 1968 йил 18 октябрда оқланди.
Таваллонинг Бухородаги қизи Расулова Раҳбарнинг ДХҚ идораларига 1968 йили ёзган хатлари мазмунидан англашилишича, бу пайтда, шоир оиласида ундан бошқа ҳеч ким қолмаган.
Тавалло асарларининг қайта нашри ва у ҳақдаги маълумотларнинг берилиши ҳам 1968 йилга тўғри келади. Марҳум М.Зокирий ва атоқли адабиётшунос-танқидчи О.Шарафиддиновлар ғайрат ва ташаббуси билан дунёга келган ва зарарли китоб сифатида дарҳол йиғиштириб олинган “Тирик сатрлар”даги шоир ижодидан намуналар бу борадаги дастлабки қадамлардан эди. Унинг ягона шеърий тўплами “Равнақ ул- ислом” алоҳида ҳолда 1993 йилдагина нашр қилинди.
Бугун бу номни фақат бизда эмас, четда ҳам биладилар. Германиядаги Бамберг университети туркология бўлимида 1997-1998 йилларда Таваллонинг “Равнақ ул- ислом”и бўйича ихтисослик курси ўқилгани маълум.
Таваллонинг ижодкор сифатида шаклланишида Тошкент адабий муҳитининг роли катта бўлди. Унга Юсуф Сарёмий устозлик қилди. 1916 йили “Равнақ ул-ислом” номи билан чоп этилган шеърий тўплами унинг ҳаётлик даврида босилган биттаю битта китобидир. Мақолалари тўпланган эмас. 20-йилларда “Муштум” ҳажвий журналининг фаолларидан эди. Мазкур журнал саҳифаларида “Мағзава” имзоси билан ўнлаб ҳажвий шеърлари чоп этилган, улар ҳам йиғилган, ўрганилган эмас.
Шоир ижодини баҳолашда асосий манба “Равнақ ул-ислом” бўлиб турибди. Тўплам ҳажман унча катта эмас, 70 тача шеър киритилган. Вазн ва оҳанг анъанавий — арузда. Бироқ мазмун тамом янги. Туркистонни қоплаган жаҳолат ва нодонлик, тутқунлик ва турғунлик ҳақида. Унинг ҳам бошқа ривожланган, тараққий топган миллатлар қаторида фаровон ва бахтли яшашга бўлган ҳаққи-ҳуқуқи тўғрисида.
Шоир, биринчи навбатда, замон ҳодисаларидан илҳом ва таъсир олади. Кўпгина шеърлари ҳаётдаги конкрет янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида. Шунингдек, унинг сўнгги давр турк, татар, озарбайжон шоирларининг шеърлари билан ҳам яхши таниш эканлиги билинади. Чунончи, 1913 йили Абдулла Тўқай вафотидан қаттиқ қайғуради. Матбуотда чиқади. “Шеърларидан кўп баҳралар олғонлиғи”ни, турмуши ҳам Тўқайнинг “таржимаи ҳолига ниҳоятда ўхшаб кетганлиги”ни (у ҳам етим ўсган эди) ёзади. «Тотор қардошларимизнинг машҳур шоири марҳум Абдулла Афанди Тўқаевнинг шеърина тазмин» номи билан унинг “Жумла фикрим кеча-кундуз Сизга оид миллатим”, —деб бошланадиган шеърига назирасини эълон қилади. Марҳум шоирнинг маслаку муддаосини, жумладан, миллат йўлида жонини фидо этмоқни ўзи учун муқаддас бурч ҳисоблайди.
“Миллат”, “Миллият” тушунчаларига Авлоний ва Таваллоларга қадар шеъриятимизда бунчалик кўп эътибор берилган эмас эди. Хусусан, Таваллода ҳар бир шеър миллат, унинг шу кундаги аҳволи, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни, тарихи ва тақдирига келиб боғланади. Шоир жаҳоннинг, чунончи Оврупо ва Америка халқларининг тараққиёт асридаги ҳаётига назар ташлайди. Бир томонда илм-фан, техника янгиликларини турмушга жорий этиб, оғирини енгил, ҳаётини фаровон қилаётган миллатлар, иккинчи томонда, аллақачон эскириб ишдан чиққан ишлаб чиқариш усули ва воситаларига маҳкам ёпишиб, шуни сўнгги мўъжизадек ушлаб олган Туркистон. Шоир ҳар иккисини муқояса қилади. Бу муқояса, ҳажвий мазмун ташийди, албатта.
Масалан, шундай шеърларидан бири “Ёвруполилар ҳунари бирлан бизларни(нг) ҳунарларимизнинг фарқи” деб сарлавҳаланган. Шеър бошдан-охиригача кесатиқ-қочириқлар, истеҳзо асосига қурилган. Шоир шеърни ҳатто ўз миллатига эмас, “Ёврупо аҳлига” мурожаат билан бошлайди. “Ёврупо аҳли”ни баҳсга, мубоҳасага чорлайди. Шу аснода “занбурак” — “сопқон”, “афтомобил” — “хўқанд ароба”, “айрипилон” — “варварак”, “зобут” — “товар” — «бўйра-бордон» муқоясалари оддий мазах-кулгидан вазиятга фожиавий мазмун берувчи заҳарли истеҳзога айланади.
Мантиқан шундай хулоса чиқади: наҳотки бу ўша довруғи жаҳон Туркистон? Наҳотки бу шўринг қурғурлар дунёга қанчадан-қанча даҳоларни етказиб берган, Амир Темурдай жаҳоний зотлари билан ярим дунёга эгалик қилган, инсониятга инсонларча яшашни ўргатган, асрлар давомида куч-қудрат, ақл-шижоат тимсоли бўлиб келган юртнинг фарзандларидирлар? Аслида, шоир демоқчи бўлган гап ҳам шу.
Тавалло Ватан мавзуига алоҳида эътибор беради. Шеърларидан бири “Суюкли Ватан ҳақинда” деб аталган. Унинг шеърларида “Турон”, “Туркистон” атамалари, табиийки, кўп учрайди:
Деюр астағфурулло, дафъатан шундоғму Туронлиғ…
(“Уёнмаз эрса миллат” шеъридан.)
Ёш-қари қадрини бил, Турон элин меҳмонидур…
(“Мухаммаси Тавалло бар ғазали
Мавлавий Юсуф Сарёмий” шеъридан.)
Айни пайтда, Ватанни «Туркистон» шаклида англаш ҳам, табиийки, кўп учрайди:
Шунча Туркистон элинда нодон аҳли кўб вале,
Носиҳ ўлмаз эрсалар, ақли расолардин насуд?!
(“Халқға фойдаси тегмаганлар ҳақинда” шеъридан.)
Десам, дунёда биздек ортда қолғон борму миллатдан,
Бу Туркистон элидин тобмадим иқрор, йўх, йўх, йўх.
(“Жаҳон айвонида…” шеъридан.)
Шоир тарих ҳақида сўз очганда, яна бир калимани тилга олади. Бу — Мовароуннаҳр. Жумладан, “Суюкли Ватан ҳақинда” шеъри шундай сатрлар билан бошланади:
Мовароуннаҳрдур тарихда бизларга Ватан,
Арзиғай бизлар санга хизматда бўлсак, жону тан
Бу жуғрофий атамалар бир-бирига яқин. Бири хиёл кенгроқ, бири торроқ, фарқи шунда, холос. Иккинчидан, дастлабки байтнинг ўзиданоқ унинг қадри-қиммати ҳақидаги гап ўртага тушади: “Арзиғай бизлар санга хизматда бўлсак, жону тан”, — деб ёзади шоир ва “Ватан”га “жону тан”ни қофия қилади. Ватан қадри ҳақидаги бу таърифий фикр, мисрама-мисра, байтма-байт тараққий топиб боради ва ғазал мақтаида:
Кеч гуноҳини Таваллони, Ватан, эзгу Ватан.
Билди аслинг, қилди васфинг, бу ватандандур бадан, —
деб тугалланади. Бошқача айтганда, Ватан ва унинг сарҳадлари бизнинг баданимиз каби тану жонимизга туташдир. Ватанга дахл танга дахлдир, жонга дахлдир. У шу қадар тан билан жонга қўшилиб кетган. Учинчидан, Ватан ўлик жисм эмас, жонли тандир. Ва у ушбу тупроқда яшовчи ҳар бир ватандош тану жонига пайваста бўлмоғи лозим.
Нима учун шоир мақтаъда Ватандан гуноҳини кечмоқни сўрамоқда?! Матлаъда ҳар бир Ватан фарзандининг унинг олдидаги бурчини белгилаб берган эди. Сўнгида узр сўраяпти. Чунки шоир ўзини унга муносиб хизмат қила олмадим, деб ҳисоблайди. Унингча, биринчи вазифа миллатни уйғотмоқ эди, — у, иншоолло, уйғонди (“уйқудан бош кўтарди”). Навбатдаги иш миллатни тарбияламоқ ва унга юртнинг чинакам эгаси мақомини олиб бермоқ эди. “Зағон” (“қарғалар”)ни хижолатга солиб, боғдан “жўнатиш” — мустамлакачилардан халос бўлмоқ эди. Афсуски, буларни амалга ошириб бўлмаётир. Шоир узрининг сабаби шунда. Лекин у мутлақо ишонади: “Бундоқча кунлар бор экан”, дейдиган кунлар, албатта келади. Бу шоир тасаллисининг бош сабабидир.
Замонасининг жуда кўп шоирлари каби Тавалло шеърларида ҳам кенг ўринни Миллат ва Ватанга хизмат ҳисси ва шу муносабат билан ўз-ўзига ҳисоб эгаллайди. У бир шеърида “ҳаволансин, ғизолансин, билинг, бу бир ҳумо, миллат!..” деб ёзади. Ундаги мантиқ шундай: миллатнинг равнақи учун, биринчи навбатда, ақл ва ғайрат керак. Ғайрат эса иштиёқдан, меҳр-муҳаббатдан туғилади. Ақл ва ғайрат ишончни, ишонч ҳаракатни юзага келтиради. Миллат унга мансуб ҳар бир кишининг жони-жаҳони, бахти-саодати. Бинобарин, ҳумо қуши. У кўкларга парвоз этмоғи лозим. Бунинг учун унга руҳ керак, мадад керак.
Шоир шеърларидан бири “Ўз виждон-вужудима хитоб” деб номланган. Мухаммас шаклида ёзилган ушбу шеърнинг ҳар банди “Чиқ ичимдан, жоним эй, сан манга ҳамдамлашмасанг” сатри билан якунланади. Жонга хитоб ҳар банднинг якунловчиси бўлганлигидан унгача шоир ўз вужудининг ҳар бир аъзосига шарт қўйиб чиқади. Бу шартлар Ватан ва Миллат манфаати йўлидаги хизматга қаратилган. Чунончи, миллатга ёрдамлашмаган, унинг оғирини енгил қилмаган қўлнинг “пул тут”ишга ҳаққи йўқ, миллат ғамини емаган дил “хушнуд” бўлмаслиги керак. Бу ғамдан ёш тўкмаган кўзнинг очилмагани яхши. Миллатга суянчиқ бўла олмаган ақл ва фикрнинг боридан йўғи. Миллат ғамидан бошқа сўзни сўзлайдиган тил лол бўлгани маъқул ва ҳоказо.
Саккиз бандлик ушбу мухаммаснинг биринчи ва сўнгги бандларини келтирамиз:
Эй қўлум, пул тутма ҳеч, миллатга ёрдамлашмасанг,
Бўлма хушнуд, эй дилим, миллат ғамин ғамлашмасанг,
Равшан ўлма, эй кўзум, ёшинг тўкуб намлашмасанг,
Фикрим, очилма, агар шеъринг ёзиб, хамлашмасанг,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг…
Дейдилар, бас қил, Тавалло, шеърлар манзур эмас,
Миллатинг маҳв ўлса, парво қилмаюрлар, ғам емас,
Бунларинг шўрбо-палов, норин ебон, чой ичса, бас,
Сўнгра икки елкасига тепсалар ҳам индамас,
Чиқ ичимдан, жоним, эй, сан манга ҳамдамлашмасанг.
Шеър бир қадар маҳзун оҳангда якунланмоқда. Бу — умидсизлик, нажотсизлик оҳанги. Асорат ва залолат ўз ишини қилган. Миллат аллақачон, Авлоний айтганидек, тирик мурда («мадфун зинда»)га айланган. Унинг қорин қайғусидан бошқа қайғуси йўқ. Шаън-шукуҳ, ор-номус, ўзликдан нишон қолган эмас. Шоир миллатининг очиқ кўзли фарзанди сифатида бундай фожиага чидай олмайди. Шеърни шеър қилган дард — шу.
Тавалло халқ ҳаётини рўй-рост кўрсатишда шеър, шоир зиммасига катта масъулият юклайди. Чунончи, “Қаламга хитоб” шеърида унинг “ҳасрату андуҳ”дан, “меҳнат”дан ёзишини”, “тўғри ёз”ишини талаб қилади. Унингча, қаламнинг вазифаси виждонни уйғотмоқдир. Шоирлик — бир умр уйғоқ виждон билан яшамоқ. Шам мисоли ўзи ёниб, атрофни ёритмоқдир. Йўқ-йўқ, халқ, Ватан ҳаётидаги ҳар бир ташвишу қувончдан чақмоқдек чақилмоқ, момақалдироқдек борлиқни ларзага солмоқдир… Унинг биргина қуроли бор. У ҳам бўлса, ҳақ сўз. Ундан чекиниш қаламга ҳам, виждонга ҳам хиёнатдир.
Шеърият — бу кураш. Ўзининг омонат фароғати эмас, кўпнинг манфаати учун адолат ва адолатсизлик, яхшилик ва ёмонлик, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш. Бас, шундай экан:
Кел Тавалло, бўл мусаввир, ол қаламни қўлға сан,
Чек фронтлар сувратин, кўрсун ҳама наққошлар.
Шоир “ҳақиқат сўз”ни, дилбанд диёри дардларини айтиш билан кифояланмайди. Уни тузатишга диққатни қаратади:
Камчиликни назму таҳрири Тавалло қилмасанг,
Кел бу кун манзур эмас, ёзма бўлак ашъор ҳеч!
“Томошабоғ хусусида” шеърида эса, ўзини миллатнинг “отхонасида хизмат эт”ишга, “миллатнинг шалтоғи”ни тозалашга сафарбар қилади. Бундай ҳол адабиётимизда илгари кўрилмаган.
Шоирнинг севимли мавзуларидан бири ҳуррият эди. У инсон эркини ҳар нарсадан устун қўйди. Унинг талқинидаги эркнинг маъноси ғоят кенг. Бу эрк сиёсий, иқтисодий мустақилликдан тортиб нафсга, ҳузур-ҳаловатга, қулликдан озод бўлишгача қамраб олди. У хотин-қизлар ҳурриятига кенг эътибор берди. Масалан, “Қариндош ва ҳамшираларимиз мазлума қизлар тилиндан” шеърида қизлар оталарига мурожаат қилишиб, уларни ҳам ўқитишни, уларга ҳам инсоний муносабатда бўлишни сўрайдилар. Шоирнинг бир қатор шеърлари давр янгиликлари, кундалик воқеалар ҳақида. Масалан, “Ойна” (муҳаррири Беҳбудий) журналининг (1913), “Садойи Туркистон” (муҳаррири Убайдуллохон Асатуллахўжаев) газетасининг (1914) чиқишлари Исмоилбек вафоти (1914), Қарс (Туркия)даги зилзила (1914), айниқса, Биринчи жаҳон уруши ва у билан боғлиқ ҳодисалар Тавалло диққатидан четда қолган эмас. Ўзбек театрининг майдонга келиш воқеаларига бағишланган бир эмас тўрт шеъри бор. Шулардан бири бевосита илк ўзбек театри томошаси 1914 йил 27 февралда Тошкентдаги «Колизей» театрида Авлоний труппаси томонидан Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси қўйилишига бағишланган. Шунда машҳур маърифатчи Мунавварқори Абдурашидхонов театр ҳақида нутқ сўзлаган эди. Шеър ҳам шу воқеани ҳикоя қилишдан, “Чўқ мунаввар этди оламни Мунавварқоримиз”, деб бошланар эди. Иккинчиси эса театрнинг аҳамиятини таъкидлаб кўрсатди. Шоир фикрича, ёшларнинг театр ўйнаши, миллатнинг ҳаёт асари кўринганидан — тириклигидан нишонадир, “тараққийнинг хабари”дир.
Шоир бармоқ вазнига 20-йилларда, ҳажвияларида мурожаат қилди ва ўзбек ҳажвий шеъриятининг эсда қоладиган намуналарини яратди. Бироқ совет даврида ёзилган шеърларини на ғоявий, на бадиий жиҳатдан 10-йиллардаги шеърларига қиёслаб бўлмайди. Улар енгил-елпи ёзилгандек, кўнгли тўлиб турган кишининг истеҳзосидек таассурот қолдиради.
Бунинг сабаби, бизнингча, иккита:
1. Ижтимоий. Шоир камбағалпарварлик шиорлари билан авом халқни ўзига оғдириб олган болшевиклар сиёсатининг ғайриахлоқий ва ғайриинсоний моҳиятини тобора англаб боради. Миллат ва Ватаннинг тубсиз гирдобга кетаётганидан, ҳалокатнинг муқаррарлигидан, нажотнинг йўқлигидан изтироб чекади. Шўро идораларида, ҳатто унинг ҳуқуқ-муҳофазасида ишлаётганидан қийналади. Кўнглини борлигича оча олмайди.
2. Шахсий. Гувоҳ М.Х.Ҳусанбоев маълумотига кўра, тахминан 1931 йили ўғли Маҳмуд вафот этади. Бу ҳол шоирга қаттиқ таъсир қилади, ичкиликка берилади. Хуллас, Тавалло ҳаётининг сўнгги йигирма йили жуда кўп замондошлариники каби изтиробли, лекин деярли самарасиз кечди.
Тавалло адабиётимиз тарихида кўпроқ 10-йиллардаги миллатни эрк ва адолатга уйғотган жўшқин эҳтиросли шеърлари билан қолди. Бу шеърлар янги ўзбек шеъриятининг майдонга келишида муҳим бир босқич бўлиб тарихга кирди. Хусусан, Чўлпон шеъриятининг юзага чиқишида маънавий омиллардан бўлди. Ойбекнинг шоир шеърларини алоҳида бир самимият билан эсга олиши сабаби шунда.
Бугун унинг ҳаёти ва ижоди мутахассислар томонидан кенг кўламда ўрганилмоқда, ЎзМУ «Университет» нашриётида «Миллий уйғониш адабиёти манбалари», «Маънавият» нашриётида «Истиқлол қаҳрамонлари» рукнларида шоир асарларидан намуналар нашрга тайёрланмоқда.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 49-сонидан олинди.