Мураккаб тақдир эгаси Ҳожи Муин Миллий Уйғониш даври Самарқанд адабий муҳитининг самарали ижод этган истеъдодли вакилларидан эди. Исми шарифи Ҳожи Муин ибн Шукрулло бўлиб, “Меҳрий” адабий тахаллусидир. 1883 йилнинг 19 мартида Самарқанд шаҳрининг Руҳобод мавзеида дунёга келган. 1890 йили онаси, 1895 йили отаси вафот этиб, 12 ёшида бобоси Мирсаид Муҳаммадшариф қўлида тарбия топган. Эски мактабда савод чиқарган. Мадрасада Саидаҳмад Васлийдан араб наҳви(синтаксиси)ни ўрганган. Форс, турк, озарбойжон тилларида эркин сўзлаша олиш ва ёзиш салоҳиятига эга бўлган. Рус тилини, Европа маданиятини мустақил ўзлаштирган.
1901 йилдан эса ўқитувчилик фаолияти бошланади. Беҳбудий, Ажзий, Шакурийлар таъсирида фикри ўзгариб, 1903 йили ўз маҳалласида мактаб очган. Ушбу мактаб учун 1908 йили “Раҳнамои савод” номи билан алифбо нашр эттирган. 1913 йили Беҳбудийнинг “Самарқанд” газетасида ва “Ойина” журналида ишлай бошлайди. Ижодкор ва ташкилотчи сифатида Беҳбудийнинг рағбат ва ҳурматини қозонади. Масалан, 1914 йили Беҳбудий “Ойина” ишлари билан икки ойлик сафарга чиққанида журналнинг масъул мудирлигига Саидризо Ализодани, муваққат муҳаррирликка эса Ҳожи Муинни тавсия этиб, ҳукумат рухсатини олган эди.
Ҳожи Муин 10-йиллардан бошлаб ўзбек ва тожик тилларидаги шеър, мақолалари билан матбуотда кўрина бошлайди. 1914 йили “Гулдастаи адабиёт” шеърий тўплами босилиб чиқади. Нусратулла Қудратулла билан биргаликда “Тўй” пиесасини эълон қилади. Сўнг 1916 йили кетма-кет унинг “Эски мактаб — янги мактаб”, “Мазлума хотин”, “Кўкнори” саҳна асарлари дунё юзини кўради. Бу асарлар қисқа муддатда ўлканинг бир қанча шаҳарларида қўйилади. “Мазлума хотин”ни В.Я.Вяткин рус тилига таржима қилган.
1916 йили Ҳожи Муин кўплар қатори мардикорликка олиниб, ўша йили ноябрда таниқли маърифатчи Шакурий ва шоир Рожий билан биргаликда Минск губерниясининг Новоборисов шаҳри яқинидаги ўрмонларда дарахт кесиш, хандақ қазиш ишлари билан шуғулланади. 1917 йилнинг майида, Феврал ўзгаришидан сўнг, она юртига қайтади ва матбуот ишларига шўнғиб кетади. Фитратнинг “Ҳуррият” газетасида ишлайди. 1918 йилнинг 11 июнида “Меҳнаткашлар товуши” газетасини йўлга қўяди. 1920 йилнинг 1 январида унга илова сифатида “Таёқ” номли кулгили журнал чиқаради. 1922 йилдан “Зарафшон” газетасининг таҳририятида ишлайди. 1924 йилнинг 1 июнидан унга қўшимча бўлиб чиққан “Машраб” кулгили журналига асос солади. 1926 йили “Овози тожик” газетасига адабий ходим ва мусаҳҳиҳ бўлиб ишга ўтади. Шу орада адибнинг мусаҳҳиҳлик фаолияти билан боғлиқ бир техник хато юз беради-ю, унинг тақдири алғов-далғов бўлиб кетади.
Мазкур хатога сиёсий тус берилади. Мусаҳҳиҳ Ҳожи Муин ва таржимон Саидризо Ализода аксилшўравийликда айбланадилар. Ҳожи Муин Сибирнинг Канск округидаги Пугачан районига сургун қилинади.
Адиб ўз ватанига 1932 йили қайтиб келади. Яна газетада ишлайди. Жумладан, 1934-1937 йиллари “Қизил юлдуз” номли ҳарбий газетада фаолият кўрсатади. Унинг корректорлиги яна бахтсизлик олиб келади. “Отишга ҳукм этилган халқ душмани Муралов” деганнинг исм-шарифи шу йилларнинг довруқли арбоби Молотов номи билан алмашиб кетади. Ҳожи Муинни бу ишни онгли равишда қилганликда айблайдилар. “Аксилшўравий тарғибот билан шуғуллангани”, “жосуслик, бузғунчилик фаолияти”, “инглиз разведкасига хизмат этганлиги” учун 10 йилга ҳукм қилинади ва 1942 йилнинг 21 июлида Перм областининг Соликамск шаҳрида вафот этади.
Унинг покиза номи 1963 йили оқланди.
Зариф Баширнинг “26 йиллик хизмат қаҳрамони” (“Зарафшон” газетаси, 1927 йил, 19 май) мақоласида Ҳожи Муиннинг 1917 йилга қадар ўндан ортиқ газета-журналда фаол қатнашгани, 10 китоб чиқаргани қайд этилган. Муаллифнинг ўзи 1937 йили ёзган “Ижодий таржимаи ҳолим” рисоласида асарларининг тўла рўйхатини келтиради. Маълум бўлишича, унинг Беҳбудий тақдири ҳақида ёзган “Маориф қурбонлари” пиесаси ҳамда “Жувонбозлик қурбонлари, “Бой ила хизматкор”, “Қози ила муаллим” каби саҳна асарлари, икки шеърлар тўплами, “Алфози мутародифа” (арабча-форсча-туркча-ўзбекча луғат), “Тарожими аҳвол”, “Алифболар тарихчаси” каби қанчадан-қанча китоблари, тўплаган ўзбекча ва тожикча мақоллари, “Хулосаи қавоиди форсий” каби форсча, Фитратнинг “Бухоро саёҳати” асарининг ўзбекча таржималари босилмай қолиб кетган. Улар сирасига муаллифнинг тугалланмай қолган “Беҳбудийнинг таржимаи ҳолига оид материаллар”, “Тааддутоти завжод” (“Кўп хотин олиш”), “Хотираларим” каби асарларини ҳам киритсак, унинг ғоят сермаҳсул ижодкор эканлиги маълум бўлади. Юқоридаги рўйхатнинг ўзиёқ Ҳожи Муиннинг журналист, шоир, драматург, таржимон сифатида адабиётимиз ва маданиятимиз тарихида муайян мавқега эга эканлигини кўрсатиб турибди. Гап асарларининг сонидагина эмас. Бунга унинг Беҳбудий, Мунавварқори, Фитрат, Қодирий, Чўлпон билан яқин алоқалари далил. Фақат уларни ўрганиш ва баҳолаш керак.
Бугун эрк ва мустақиллик йўлида шаҳид кетган шўро тузуми қурбонларининг фожиали тақдирларини бутун тафсилотлари билан ўрганиш имкониятига эгамиз. Бу имкониятдан етарли даражада фойдаланишимиз зарур. Чунки бу истиқлолнинг аҳамиятини англашда, бугунги куннинг қадрига етишда янги авлод тарбиясининг муҳим воситаси бўла олади.
20-йиллардаги кураш икки ўзаро қарама-қарши мафкура курашидир. Бири миллатнинг ўз ерида эркин, мустақил яшашга ҳақли эканлиги билан боғлиқ фикр-қарашларни ифода қилган, иккинчиси эса сохта, Шарқ халқлари турмуш тарзига зид қизил шиорларга ўраб берилган, аслида великорус шовинизми манфаатларига хизмат қилган мафкура эди. Дунёда миллат деган тушунча бор экан, унинг манфаати деган гап ҳам, албатта, бўлади. Мамлакатлар ўз тараққиёти ва геополитик имкониятларига кўра бир хил даражада бўла олмас эканлар, мафкуравий курашнинг ҳам интиҳоси йўқдир. Шу маънода 20-йилларнинг кураш тарихи бизга ҳамиша катта сабоқ бўлиб хизмат қилади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 30-31-сонидан олинди.