Баҳодир Каримов. Ҳақ гапнинг хотиби ва котиби

ХХ аср ўзбек насридаги энг  эътиборли бурилиш нуқталардан бири Тоғай Мурод номи, унинг “Юлдузлар мангу ёнади”, “От кишнаган оқшом”, “Ойдинда юрган одамлар”, “Отамдан қолган далалар” каби бир қанча асарлари билан боғлиқ. Зотан, бадиий адабиётнинг бепоён, нафис сўз майдонида юраги бутун адиблар, чин истеъдод эгаларигина жиддий бурилиш ясайдилар.

Тоғай Мурод ўзбек ўқувчиларининг суюкли адиби. У бундай табаррук рутбага  фақатгина яхши ижод маҳсули билан эришиш мумкинлигини бир неча карра исботлади.

Гоҳида адиб номи айтилмай бирор асари эсга олинса, изидан шу асарлардаги асосий образлари ва, албатта, муаллифнинг бетакрор ижоди хаёлга келади. Зиёдулла кал, Момосулув, Деҳқонқул, Ақраб, Тарлон каби атоқли отлар ўзбек адабиёти тарихида Тоғай Мурод номи билан параллел яшаб келаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Агар бу адибга бир жумла тавсиф лозим бўлса, мен Тоғай Муродни ҳақ сўзнинг хотиби ва котиби, деган бўлар эдим. Тўғри сўзлиги боис барча билан бирдек тил топишиб, киришиб кета олмаган, айнан, кўплаб чин истеъдодларга хос ўзининг индивидуал табиати билан бошқалардан ажралиб турадиган тақдир эгаси эди Тоғай Мурод. Мен уни китоблари ичидаги ўзининг қаҳрамонлари орасида – гавжум бир муҳитда, аммо ҳаётда ҳамон  от устида ёлғиз йўл юриб кетаётган одамдек тасаввур қиламан. Асарларидаги қаҳрамонлари билан астойдил танишган одам унинг ўзини ҳам яқиндан билиб олади. Болаларча самимияту шиддат, ичикишу мардонаварлик, тўғрилигу аразлар Тоғай Мурод табиатига жуда-жуда ярашади. Шу жумладан, Зиёдулла калга ҳам.

Кўчирма: “Аламимдан аразлагим келди!

Барчага, инчунун, баковулга эшиттириб айтдим:

– Биз кетдик! Бизга қачон ҳақ берилиб эди-да, энди берилади! – дедим ўзимча, кўпкарига қўл силтаб жўнадим. Тарлонни тарс-тарс қамчиладим. – Кетдик, Тарлон, кетдик, одамлар биз сағирларга қайишмайди! – дедим.

Тўдадан олислаб бордим. Тарлонни тағин тарс-тарс қамчиладим.

– Кетдик, Тарлон, кетдик, бизнинг калламиз кал! Биз калларга ҳақ йўқ! – дедим. Кетимга қайрилиб қарадим. Узанги йўлдошларим йўлдан қайирар, дея умидландим. Тарлонни имиллатдим. Тағин ўгирилиб қарадим. Изимдан биров-да келмади!”

Яна “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасида Бўри полвон давра айланади ва хитоб қилади: “Халойиқ! Даврада ҳалол олишиб, элга томоша кўрсатайлик. Ҳақ-ноҳақни мен – ўзим ажрим қиламан. Айтганим – айтган, деганим – деган. Даврадаги Бўри полвон сўзим: тарафкашлик, ғирромлик, ошна-оғайнигарчиликка йўл қўймайман”.

Бу тўғрилик кундасига бошини қўйиб, мана, керак бўлса ол, дейдиган, бироқ ортга бир қадам тисарилиб “оҳ” демайдиган ориятли йигитларнинг шу кунгача жаранглаб турган энг нодир юрак сўзидир. Бу – Тоғай Муроднинг хитоби, бу Тоғай Муроднинг ҳақгўйлиги, ҳақиқатпарастлиги садоси. Булар – адибнинг яшаётган китобларидаги ҳикмат ва ибратлар…

Аслида ҳар қандай ёзувчи юзини иймон ва виждонининг улкан ҳақиқатлари ойнасига солиб, ўзига ўзи ҳисоботлар бериши лозим. Покиза адабиёт ва умрбоқий асарлар шундай очиқ-ойдин тафтишларни талаб қилади.

Ўзбек адабиётини дунёга олиб чиқиш учун таржима, тарғиб ва ташвиқ муҳим. Мени ҳайратлантирган янги далил шуки, ўзбек тилини биладиган хориждаги айрим мутахассислар, гарчанд олмон тилига ҳалигача таржима қилинмаган бўлса ҳам, катта авлодга мансуб ўзбек адиблари қаторида Тоғай Муродга ҳам жой беришибди. Қўлимдаги Рудолф Радлер таҳрири остида Германиянинг Мюнхен шаҳрида босилган “Киндлернинг янги адабиёт луғати” (“Kindlers Neues Literatur Lexikon”, München 1998) деган энцик­лопедик луғатнинг 22 жилдида Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” ( Der Abend, als das Pferd wicherte) асари турибди.

Энциклопедик характердаги бу луғат Европада жуда машҳур. Бунга ҳар кимнинг ҳам исм-шарифи ёзилиб, асарлари шарҳланавермайди. Луғатда Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасига яхши таъриф-тавсифлар берилибди.

Мақола муаллифи Зигрид Клайнмихел ўз фикри исботи учун қиссадан тўртта кўчирма олибди. Энциклопедик луғатлар учун бу жуда катта гап, албатта. У бир ўринда Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун” асаридаги Қоранорни Тарлонга қиёсан тилга олади. Бош­қа бир ўринда кўпкарига эскилик сарқити сифатида қараган қаҳрамон фикрлари келтирилади; кейин Абдулла Қодирий ва унинг “Улоқда” ҳикоялари эсга олинади.

Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссаси мазмунини олмонзабон ўқувчиларга таништириш учун ёзилган изоҳларида хорижлик олиманинг назари – холис, нияти – эзгу. Солиштириш асло тасодифий эмас, менимча.

Муҳтарам журналхон, яхшиси, мен ортиқча сўзлар билан вақтингизни олиб ўтирмасдан, ўша мақолани ўқишни тавсия қилганим маъқул…

Зигрид Клайнмихел

ТОҒАЙ МУРОД

1948 йили Ўзбекистон Республикаси Сурхондарё вилояти Денов тумани яқинидаги Хўжасоат қишлоғида таваллуд топган.

От кишнаган оқшом

(Der Abend, als das Pferd wicherte)

1982 йили нашр қилинган Тоғай Муроднинг “От кишнаган оқшом” қиссасида Зиёдулла кал ҳамда унинг оти Тарлон ҳаётидан эпизодлар ўта моҳирлик билан жонли тилда тасвирлаб берилади. Гарчи қисса оддий ва содда туюлса-да, ёзувчи матн бошиданоқ иккинчи бир маъно қатламини яратишга муваффақ бўлган. Чунки туркий халқлар эртак­ларида калбош (ёки қасмоқбош) ўз замондош­лари журъати етмаган умумқабул қилинган қоидаларни бузувчи ёки ҳақиқатларни очиқ айта олиш қобилиятига эга айёр ва муғомбир шахс тимсолида келади. Чўпон Зиёдулла кал асарда ўз “мен”и номидан ҳикоя қилиб, муаллиф томонидан бошқа изоҳлар бериб борилмайди.

Зиёдулла мактаб даврида битлиқилиги сабаб сочларини қирдириб олдиради ва кейинчалик ушбу ҳолатни ўзининг “мен”ига айлантириб юборади. У ҳатто бошқаларга ўзини “Зиёдулла кал” деб аташларини, унга “ўртоқ Қурбонов” деб  бошқа айтмасликни уқтиради.

Китобхон асар мутолааси жараёнида от ва кўпкари ўйинлари, қаҳрамонларнинг ўзига хос хислатлари ҳақида ҳам билиб олади. ЦҲикоячининг тушида кўриб, сўнгра унга уйланган дилбар ўртасидаги ошиқлик муносабатлари ҳам асар руҳиятига жуда мос келган:

“Момосулувга кўрган тушимни айтиб бердим. – Сен ҳам шундай туш кўриб эдингми? – дедим. – Кўриб эдим, – деди. – Чинингни айт, – дедим. – Чиним, – деди. – Лекин, таниёлмай қолиб эдим, чироқ ўчиқ эди, – деди. – Ўша мен эдим! – дедим, кўкрагимга урдим. – Сиз эканлигингизни билиб тегдим-да, – деди. – Аҳай-аҳай! – дедим. Биродарлар, Момосулув тушимда Чўлпон эди, ҳушимда Ой эди, қўйнимда Офтоб бўлди!”

Зиёдулланинг яширин муҳаббати кенжа фарзандига алла айтиш палласида ҳам яққол кўринади. Алла орқали ўқувчилар орадан йиллар ўтганини, фарзандлар дунёга келганини билади.

Ёзувчининг яна бир қиссаси “Ойдинда юрган одамлар” деб номланади. Унда фарзандсизликдан изтироб чеккан киши ғам-ғуссалари, қадриятларга бой ҳаёт тарзи ифодаланган. Қаҳрамонлар ҳаётий қийинчиликларга дуч келса-да, она-табиатдан, ўзлигидан бегоналашмайди. Муқаддас бир дунёга бошқа бир оламнинг шафқатсизларча бостириб кириши эса асар структурасини янада бойитади.

Зиёдулланинг шаҳардан келган ўқимишли, аммо ўз мақолалари қаҳрамонларининг кундалик ҳаёти ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга бўлмаган бир журналист билан учрашуви ҳам кулгили тасвирланган. Чўпон билан суҳбат жараёнида журналист эски иборалари ҳамда гаплари билан оми ва совуққон кўринишда таассурот қолдиради.

Гўшт тақчиллиги сабаб отларни гўштга топшириш тўғрисидаги топшириқ ҳам шафқатсиз эшитилади. Бу ерда Айтматовнинг “Оқ кема” асаридаги она буғунинг ҳамда “Қиёмат” асаридаги кийикларнинг қатл қилиниши сюжетларининг таъсирини кузатиш мумкин. Зиёдулланинг ўз отини халқ оғзаки ижоди қаҳрамонлари билан таққослаши, мақташи, борингки, шикоят тарзида айтган гаплари ҳам ўқувчига кутилмаган кайфият беради: “Тарлон от эмас, Жуманбулбул куйлаган “Қунтуғмиш”! Фозил Йўлдош куйлаган “Алпомиш”! Гажак-гажак бўйинлар бўйин эмас, дўмбира, дўмбира! “Кунтуғмиш”ни гўштга топшириб бўладими? “Алпомиш”ни гўшт қилиб бўладими?”

Поэтик таъкидга кўра, гўшт олувчилар миллий урф-одатларни билмаслиги ва қўполлиги билан ажралиб туради. Чунки улар уй эгасининг янги туғилган чақалоқнинг соғлиги ва уйдан зиён-заҳматларни қувиш учун меҳмон томонидан “совға” қилинган бирон нарсани исириққа қўшиб туташиш учун кийими учидан бир ип беришни сўраб қилган илтимосини кескинлик билан рад этишади. Чўпоннинг муаллиф томонидан Москвага олиб борилиши, у ерда ўз арзини айттириши ва шундан кейин отларни гўштга топшириш буйруғининг қайтиб олинишини потенциал танқидчилар учун бир муроса сифатида кўриш мумкин.

Тинч ва осуда ҳаётнинг шафқатсиз тарзда бузилишига бир гуруҳ жиноятчилар сабаб бўлишади: Зиёдулла бозорда бир киши ўғридан ўз нарсаларини қайтиб олмоқчи бўлганида аёвсиз дўппосланганининг гувоҳи бўлади. Тақирбошдан бошқа томошабинлардан ҳеч бири воқеага гувоҳ бўлишга рози бўлмайди. Аксинча, улар Зиёдулланинг ўзини аҳмоқ деб билишади:

“Шу! Ана, оқибат, қариндошингиз чалажон бўлиб, касалхонага кетди! Шу! Ҳолидан хабар олиб турибсизми? Қалай энди? – Борганим йўқ! – Ия, нега? – Мен уни танимасам, билмасам… – Ия, ҳали танимайсизми? – Эса-да. Балиқпаз юзимга энкайиб қаради. Гапим жиддийлигини билиб, тиззасига уриб кулди. – Э, ака-е, ака-е! Афанди экансиз-ку! … – Э, ака-е, э, ака-е! Қариндошингиз бўлмаса, ақалли танишингиз бўлмаса, сизга нима? Қип-қизил Афанди экансиз! Шу! Ё ундан бирон нима ундирдингизми!”

Бундай хатти-ҳаракатлар жамиятнинг барча бўғинларида одатий ҳол ҳисобланади. Кўпчиликнинг    онгида яқин кишисига шунчаки инсонийлик жиҳатидан ёрдам бериш бу аҳмоқлик ва гўлликдан бошқа нарса эмас. Асар якунида айбдорлар топилади ва жазоланади. Аммо суд залидан уйга қайтишда тақирбош жиноятчиларнинг ҳамтовоқлари томонидан ўласи қилиб дўппосланади.

Асар сўнгигача зиддиятларга бой эмас. Воқеалар кулгили ва жонли ҳикоя тарзида айтиб берилади. Ёзувчи ушбу қаҳрамон орқали қадриятларга бош­қачароқ назар ташлашга муваффақ бўлади. Бошида кулгили ва ноодатий кўринган ҳолатлар охирига бориб аслида инсоний фазилатлар бўлиб чиқади. Собиқ иттифоқ пайтида Ўзбекистондаги оддий социалистик турмуш тарзи ўқувчига тўсатдан жўн ва ақлга сиғмайдиган ҳолат бўлиб кўрина бошлайди. Бир кўпкарида давлат идораси ходимининг гапи ҳам кулгили эшитилади. Зиёдулла отдан йиқилиб тушган пайтда у худди мажлисда ўтиргандек ваъз ўқийди:

“… Мен бундан кўп йиллар муқаддам айтганман, кўпкари эскилик сарқити, саломатлик душмани, ҳаёт учун хавфли деб!..” Бундай гапларни социализмнинг барча давр­ларида турли-туман кўриниш­ларда эшитиш мумкин бўлган.

Анъанавий яшаш тарзи билан мунтазам олиб борилган сиёсий курашлар натижасида урф-одатлар амалда қисман замонавий қарашлар ортига чекинди ва бу, ўз навбатида, ушбу яшаш тарзига бўлган соғиниш ҳиссининг вужудга келишига сабаб бўлди. Тоғай Мурод ўзининг аъло даражадаги қиссаси билан мазкур соғиниш ҳиссини чин инсоний қадриятлар орқали ифодалашга муваффақ бўлган.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 2-сон