Баҳодир Карим. “Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен”

http://n.ziyouz.com/images/bahodir_karimov.JPGОдамни турмушдаги турли ҳолатлар, қувончли ҳодисалар, кўргиликлар шоир қилади, ёзувчига айлантиради. Ҳақиқий санъат асарлари дард, гўзал ҳис-туйғулар маҳсули. Адабиётшунослар ҳам дардли ва туйғун одамлар, бадиий ижод аҳлининг ҳамдардлари…

Муайян бир соҳага, дейлик, адабиётга қизиқиш ҳар кимда турлича кечади. Кимдир устозига эргашади, бошқаси китоблар билан ошно тутинади. Кундалик ҳаётнинг ўзи бир дунё.

Болаликдан бир шингил… Иккинчи жаҳон уруши биздан анча йироқ. Бироқ уруш даҳшати, унинг азиятини буви-энамдан кўп эшитдим. Карим бувам урушдан қайтмаган. Тўрт боласи билан йигирма уч ёшида энам бева қолади. Бошқа турмуш қилмайди. Урушнинг юракни ўртагани, оила таянчидан, бир қанотидан ажратгани шу. Етти ёшида етим қолган отамнинг хотирлашича, яқинлари энамни “ҳали ёшсан” деб мажбуран қайта турмушга бермоқчи бўлганларида, иложсизликдан ҳатто ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган эканлар. Аллоҳнинг марҳамати билан тирик қолади. Шундан сўнг яна олтмиш йил умр кўриб, саксон уч ёшида бандалик қилди. Бувимизнинг сўзи қатъий, суҳбати ширин эди. Айтаётган воқеалари бири иккинчисига занжирдек уланиб кетаверарди. Бундай ўйлаб топилмаган ҳикояларнинг “сюжет”ига, тугуни ва ечимларига ҳали-ҳалигача ҳайратланиб юраман. Энамнинг кўз ёшини деярлик кўрган эмасман. Тақдир ҳукмига бўйин эгган, дийдаси қотган, кунлик ибодатда қойим эдилар, раҳматлик. Муаммоларни жуда осон ҳал қиларди. Гаплари қисқа, кескир, буйруқли, мазмунли, мақолли ёки бир-икки сатр шеърий ҳикматли бўларди: “Тинмасанг тинарсан, тинсанг тинмассан”, “Истаганинг эмгак бўлса, икки кўзинг кўмгак бўлар”, “Йиғлаганни сўрама – ўлгани бордир, кулганни сўрама – билгани бордир”. Агар кайфи чоғ бўлса, баъзан қўшиқ айтиб қоларди: “Тахта кўпир устидан, Тойиб тушдим ёр-ёр” ёки ўзи тўқиган “Қора киши қора телпак киярми? Бизни қўйиб тул … суярми?” тарзда. Бу қўшиқлар унча кўп эмас, саноқли, доим такрорланадиган. Эртак, чўпчакларни ёқтирмас эдилар. Сўралса, жавоби бир оғиз сўз: “Билмайман”. Ёки “Карим бувамизга турмушга чиққанингиздан сўзлаб беринг”, деган илтимосларга, ҳаё-ибо қилганиданми, ҳар тугул “Унинг нимасини сўзлайман. Совчи келди. Тўй бўлди. Бир туя арава юк билан келдим. Манглайимга сиғмаган экан, буванг кетди, мен қолдим” деб жавоб берарди. Энамнинг бошидан ўтган воқеалар шундай ҳазин, шу даражада қисқа, аниқ ва аксар ҳолатларда деталлаштирилган бўларди. Балки шулар изҳори мени сўз йўлига бошлагандир.

Адолатсизлик, тенгсизлик, туҳматлар, камситишлар, ҳақоратлар, кўра-била туриб бировнинг кўзига чўп тиқиш – булар одамни руҳан толиқтиради. Кичик бир мактаб жамоасида, зиёлилар муҳитида ҳақиқат, тўғрилик, адолат учун якка ўзи туриб, кўкрак кериб мардона сўз айтган отам ноҳақликка, туҳматга учрагани – болалик хотирамдан ўчмайдиган ҳодиса. Мактабдаги отам парваришлаган боғнинг меваларини еб, қолдиқ ва тошдек данакларини унинг ўзига қараб отишган. Бу ҳодиса энамнинг сочини оқартирган. Беш ёшларимда бир маҳкамага мен билан бирга кириб: “Боламни ерга урдинглар-а!” деб алам ва нафрат билан қўрқмай гапиргани ҳали-ҳали қулоғим остида жаранглаб турибди. Онам раҳматли тиббиёт ҳамшираси бўлганлар. Бизга билдирмасдан онамнинг (Аллоҳ раҳмат қилсин, жойлари жаннатда бўлсин) йиғлаб олганларини бутун вужудим билан, юрак-юракдан ҳис қилган паллаларим бўлган. Эсимни танигандан бери билардим: қишлоқ аҳлига ёрдамини аямадилар. Уйи­миз гўё дорихона – ҳар вақт беморга дори-дармон биздан. Кечасими-кундузи – фарқи йўқ. Ярим тунда деразани кимдир чертади ёки дарвоза тақиллайди: “Чечамни дард-тўлғоқ тутиб қолди, Зиёда опа, ёрдамингиз керак”. Бориб энагалик этиб, тонг ёришганда уйга қайтадилар. Бундай ҳодисалар кўп бўлган. Аммо бирор марта қош чимирганини ёки оғринганини эслай олмайман. Бугун ўша мурувватларни тафаккур тарозисига солиб тортаман…

Шу хотираларнинг ўзи қизиқарли тарих, реалистик адабиёт. Ҳаёт одамни ижодкор қилади, кўнглида эзгуликни уйғотади. Балки шундай ҳодисалар боис йўлим Сўз томон бурилгандир. Яхши сўздан кўнгил ўсади, ёмонидан чўкади.

Қолаверса, адабиёт билан шуғулланишимга мак­табдаги адабиёт муаллимларим Худойберган Бек­чанов, Олим Тўраевлар баробарида кўпроқ отам сабабчи бўлганлар. Ўзи физика-математика ўқи­тув­чиси бўлсалар ҳам, адабиётни, шеъриятни яхши кўрар эди. Оиладаги суҳбатларда, мактабдаги дарс маҳалларида бирор бир формула ёки теорема ёнига беихтиёр Алишер Навоий, Махтумқули, Ҳамид Олимжон, Маяковс­кий ёки бошқа бир шоирнинг мисраларини мисол қилиб келтирар эди. Бу физика дарсидаги лирик чекиниш бизга завқ бағишларди. Физика, математикани яхши ўқиганман. Ҳозир ҳам шу соҳа мутахассисларининг суҳбатларини эшитиб қолсам, завқланиб кетаман. Бир ҳасадим ҳам келади. Агар филолог бўлмасам, физика ёки математика муаллими бўлармидим, деб ўйлаб қўяман. Чунки мактабда шу соҳага тегишли маълумотларни кичкина ён дафтарчамга ёзиб юрар эдим. Олимпиадаларга ҳам шу йўналиш бўйича қатнашиб, ўринлар ҳам олган эдим. Аммо ҳозир ҳам ўша аниқ фанларни соғиниб қолсам, болаликни қўмсаб баъзан адабиёт дарсларида уларга мурожаат қиламан. Университетда математик, физик ўртоқларим бор. Уларнинг мен тушунмайдиган рақамлар устидаги баҳсларидан завқланаман, аммо суҳбатларига аралаша билмайман. Адабиётшуносликда ҳам шундай мураккаб нуқталар бор. Бу руҳият ва эстетик дид масаласи. Шуни англамаслик ва шу диднинг шаклланмаслиги бадиий адабиёт кушандаси деб ҳисоблайман.

Университет ёки таҳсил… Миллий университетнинг ўзбек филологияси факультетида ўқидим. Бир соат дарс берган ҳар қандай муаллимдан миннатдорман, қарздорман. Устоз улуғ инсон, сўзи, маслаҳати табаррук. У зотлар сабоғидан баҳрамандлик, тавсия этган китобларини ўз вақтида ўқиш биз талабаларни ўстирди. Университетда катта авлодга мансуб адабиётшунос, тилшунос устозлардан филология илмининг сир-синоатлари бўйича маърузалар эшитдим; кейинчалик бошқа улуғ олимлар, кўплаб ижодкорлар суҳбатларидан баҳраманд бўлдим… Дарвоқе, ўқиган йилларимиз факультетда ёш, талантли мунаққид Раҳмон Қўчқоров “Ёш танқидчи” тўгарагини бошқарар эди. Баҳс-мунозара, ҳатто деворий газетада чиққан мақолалар муҳокамаси, сўнгра “Ёшлик”нинг анкета саволларига жавоблар, дастлабки қадамлар – буларни эслаш мароқли. Бир пайт шу тўгарак анжуманида маъруза қилдим. Бадиий асар тили тўғрисида. Маъқул келиб, матнни Раҳмон ака “Шарқ юлдузи” журналига тавсия этди. Юракда ишонч улғайди. Орадан анча вақт ўтиб, талабаликнинг охирги йили шу “Насрдаги назокат” мақолам чиқди. Биринчи чиқишлар гашти бошқача. Қайта-қайта ёзганингга қарайсан, қувонасан, умидланасан, орзуларга бериласан…

Негадир биринчи чиқиш, биринчи китоб ёки умуман китоб чиқаришнинг кейинги даврларга келиб юки анча енгиллашиб қолди. Бунда ҳам гашт бормикин?

Тўқилмаган латифа: Бизнинг ўқув даргоҳимиз би­­­лан Лейпциг университети орасида шартнома бор эди. Улардан талабалар бизнинг университетга келар, ёз­да биздан ўн-ўн беш нафар талаба у томонга борар эди.        

1989 йил ёзи. Талаба эдик. Университет талабалари билан поездда Москва, Брест, Польша орқали Германияга бордик. Тунда Берлин вокзалига бориб тушилди. Очиққан эдик. Беш-олтитадан тамадди қилиш ниятида атрофга тарқалдик. Қоронғу тушган, шаҳар аҳолиси ширин уйқуда. Биз эса ошхона излаймиз. Бир оз юргач, ёш боласини елкалаб келаётган бир кишига дуч келдик. Энди хорижга чиққан киши тил билиши лозим. Талабаларимиздан ҳар ким қайсидир тилни билади. Нозим инглиз тилида, Неъмат француз, мен эса немис тилида шу атрофда ошхона борми, деган мазмунда чайналиб сўраймиз. Аммо қаршимиздаги кимсадан садо чиқмайди. Елка қисади. Жим. Шунда умуман бирор чет тилини билмайдиган Фаррух қўлини оғзига олиб бориб: “Ҳям-ҳям, ням-ням”, деди. Рўпарадаги кимсага жон кирди: “Наверно там, там, ребята”, деди қўли билан ишора қилиб. Шарақлаган кулгу кўтарилди, Берлин шоҳбекати ёнида. Чунки ҳаммамиз рус тилини билар эдик. Ҳалиги киши ҳам бизга ўхшаб энди поезддан тушган ва навбатдаги рейсни кутиб, айланиб юрган экан. У замонлар Германияда рус тили кенг қулоч ёйган эди. Шу-шу сабоқ бўлдики, бир ой давомида олмон юртида юриб бирор нотаниш кимсадан аввал: “Шпреҳензи руссиш?” дея сўрайдиган бўлдик.

Ҳаётда бир умрга эсдан чиқмас воқеалар, ота­дек мўътабар инсонлар, табаррук масканлар бўлади. Шахсан мен учун Ўзбекистон Миллий университети – бешикдек табаррук маскан. Бу даргоҳдаги устозлар ўгити бир умрлик сабоқ; топган қадрдонларим кўнгил дўстларим. Инсон жисми заминнинг қайси бир гўшасида бунёд бўлиши, туғилиши мумкин, аммо чин маънодаги маънавият масканларида руҳан таваллуд топади; фикри етилади; мева беради. Ўзбекистон Миллий университети муаллими сифатида хорижда ўтадиган анжуманларда қатнашиш ҳам кўнгилга сурур бағишлайди. Лейпциг, Берлин, Истанбул, Анқара, Қрим­га бордим. Айниқса, истеъдодли математик, фи­­зика-математика фанлари доктори, профессор Р.Р.Ашуров билан бирга 2005 йил баҳорида Пекиндаги Мил­латлар Марказий университети раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик, ўша университетда ўзбек тили бўлимини очиш масаласи бўйича ЎзМУ номидан музокаралар олиб борган эдик…

Китобли хотиралар… Болаликда ўқилган яхши китоблар таъсирли бўлади, эсдан чиқмайди: “Робинзон Крузо”, “Том тоғанинг кулбаси”… – суратлари билан ҳа­ли-ҳали ҳам кўз ўнгимда. Инсоният тафаккурининг энг бебаҳо, тенгсиз кашфиёти китоб. Китоб ёлғизга ошно, беморга дардкаш, муҳтожга маслаҳатчи, йўлсизга дар­ға; маънавий касалликларга дармондори…

Баъзан хотираларда китоб жонланади. Талабалик йилларида “Йиллар армони” китобининг қайта нашрига Хиёбон биқинида жойлашган Ёзувчилар уюшмаси остонасида туриб, Абдулла Орипов менга биринчи дастхат, ёнимдаги курсдошим, шоир дўстим Бобомурод Эралига “Дастхат №2” деб тилаклар ёзиб бергани, ноширлар китобини қайта чиқаришда шоир сувратини “ёдларидан чиқариб қолдирган”лари хусусидаги бир оғиз гапларини эслайман.

Ўша талабаликнинг беғубор паллаларида бошқа ижодкорлардан ҳам дастхатлар олганмиз. Улар бе­ғараз, самимий, биз интилиб, излаб, ютоқиб, қувониб олинган дастхатлар. Қадрли, қадрдон, кўзга суртиладиган табаррук ва беғараз имзолар. Даврлар ўтгани сари дастхатларнинг мазмуни ҳам, одамига тақаладиган рост-ёлғон, самимий-носамимий, чин кўнгилдан-тил учида каби сифат кўринишларига ҳам ажралиб боравераркан. Адабиётчи хонадонида китоб бўлади. Китоб жавонимдаги дастхатли китоблар бир дунё. Уларда ҳам ҳикмат бор. Китоблар мазмунига қараб эъзозланади. Улар ҳам одамга ўхшайди. Кўнглинг тиламаган, жининг олишмаган, ёқимсиз бирор кимсага рўбарў келиш, суҳбатлашиш кайфиятни туширади. Жавондаги китоблар ичида бебаҳолари руҳиятни кўтаради, уларни ўқиш, бамаъниликдан баҳрамандлик, завқланиш ва ҳайратланиш муаллифи билан ҳамсуҳбат бўлиш демакдир.         

Талабалик йилларимиз “Йиллар армони”, “Му­ҳаббатнома”, “Сабр дарахти”, “Сени яхши кўраман”, “Дарс”, “Уйғоқ тоғлар”, “Болаликнинг овози”, “Ухлаётган қиз” каби шеърий китобларни ўқиб чиндан завқландик, намуналар ёд олган эдик. Негадир кейинги давр китобларидан бундай завқни топиш қийин кечмоқда. Ё қалб қотиб бораётирми, мулоҳазакор бўлиб қолдикми, манфаатпарастликка йўлиқдикми, майдалашдикми ёки шеъ­ру достонлар аҳволи ночорми? Билмадим, билол­мадим. Сабаби об-ҳавоми ёки нарх-наво? Билол­май ҳай­ронман.

Ёшлик йиллари катта орзулар денгизида сузасан. Имкондан улкан орзу-ниятлар. Ўзинг истаб, китоб ўқиш сурури – бошқача завқ. Мажбурият учун, имтиҳон топ­шириш ёки машғулотлар ўтказиш учун ўқилган китоб билан кўнглинг тусаб ўқилган китоб ўртасида фарқ бўлади.

Ҳозир баъзан соҳамиз, касбимиз тақозосига кў­ра китобларнинг қўлёзмаларини ёки янги нашрга тақ­риз ёзиш учун ўқишга ҳам тўғри келади. Тўғриси, кўп ҳолларда тугай қолса эди, деган илинжда, охирги саҳи­фаларини қўмсаб, зерикиб, оғриниб, малолланиб, кинна киргандек тинимсиз эснаб, уйқусираб, ғижиниб, кўнгил айниб ўқийди одам.

Нима демоқчиман? Ёзаётган одам ўз асаридан ўзи завқланмаса, бировнинг қалбида туйғулар туғ­ё­нини кутиш керакмас. Ўз ёзганига ижодкорнинг ўзи ҳайратланмаса, бировдан ҳайрат кутиш тўғри эмас.

“Нима учун ёзасан? Ёзганинг кимга керак? Ёзмасанг бўлмайдими? Шу дарак гапларнинг эга-кесимини алмаштириб “шеър қилиб” ёздинг нимаю, ёзмасанг нима?” Ёш, бошловчи ижодкорни шундай саволлар ҳамиша безовта этсин.

Ёзиш… Ҳар ким ўзининг манглайига битилган тақ­дири ёзуви измида ҳаёт кечиради. Ҳар кимнинг ишлаш тарзи ҳар хил. Интизом асосида ишлангани яхши. Ҳозир вақт ва жой танлашга вақт йўқ. Адабиётчи учун фикр муҳим. Янгича қарашлар, янгича таҳлиллар, қиёслар… Фикр вақт ва жой танламайди, энг ёмони тутқич бермайди. Келади-кетади. Шунда “меҳмон”нинг иззатини ўз вақтида жойига қўйиб, бир парча қоғозга нимадир қайд қиламан. Сўнг ҳаммаси хаёлда юрган мулоҳазалар секин-аста тизилади, шаклланади. Режалар тузилади, манбалар жамланади: ёзиб ўчирилади, ўчириб ёзилади. Шаклланаётган фикрни аниқ бир изга солиш, ора-орада иборалар ёки ўхшатишларни қўллашни яхши кўраман. “Устоз, ёзишни қандай ўр­ганса бўлади?” Ёдимдан чиқмайди – бир вақтлар журналистика факультетини битирган йигит шу саволни берган эди. У радиода гапиришга ихтисослашган, шекилли. Аввалига ҳайрон қолдим, сўнгра тушундим. Нима дейман? Ёзишни фақатгина ёзиб ўрганилади! Ўхшамаган девор қайта қурилади, парчаланади, таъмирланади. Ҳофизларга ҳам, нотиқларга ҳам, рассомларга ҳам – умуман ҳар қандай соҳада истеъдодли одамнинг машқлари оқибатда улкан тажриба ва санъат мақомига чиқади.

Баъзан ёзадиганларим режаларда, сарлавҳалар­да узоқ қолиб кетади. Масалан, бир мақола учун “Тақриз нима? Тақризчи ким?” сарлавҳасини қўйиб, бир-икки жумла ёзганимга бир неча йил бўлди. Дейлик, унда ажойиб шоиримиз Нодир Жонузоқнинг: ёшлигида ўз асарларига ўзи яширин тақризлар ёзган “устозим””, деган фикридан ҳам фойдаланишни мўлжаллаган эдим. Орадан анча вақтлар ўтди, лекин ҳалигача шу мақола ёзилгани йўқ. Эҳтимол, кўнгил тўладиган яхши бир мақола бўлар, балки шу ҳолича охиригача ёзилмасдан қолиб кетиши ҳам мумкин. Шунга ўхшаб йиллаб навбат кутганлари, ҳалигача кутиб турганлари бор. Бундан ўзим ҳам хурсандман. Баъзан фикрни синовдан ўтказиш-апробация учун талабаларни аудиториясига олиб кираман. Кўзлар чақнаса, саволлар ёзилса, манбаларни суриштириш бошланиб, қизиқиш ортса, демак, бунда бир ҳикмат бор, об-ҳаводан баҳор нафаси келади.

Ижод сурури, завқи бутунлай бошқа нарса. Уни бошидан ўтказган ҳис қилади. Бугун негадир ижод деганлари ямоқчиликка ўхшаб қолди. Айрим ёзадиганлар китоблардан, бировларнинг мақолаларидан ки­тоблар ясаш йўлига ўтиб олди. Бунга рукн топиб қўйдим: “Кўрганларимдан кўчирганларим” деб.

Аслида ёзиш ҳар кимда ҳар хил кечади. Бу ижод ишининг ҳаммага татбиқ қилинадиган, ҳамма учун мос келадиган аниқ бир формуласи йўқ. Ҳар куни тинимсиз ёзиб, ҳар ойда битта китоб чоп эттирадиган ёзувчилар ҳам бор. Бундай асарнинг тез ёзилгани учун қиймати тушиб кетмаганидек, бир неча ўн йиллаб ёзилган асар узоқ давр мобайнида ёзилгани учун қадри ошиб ҳам кетмайди. Гап асарнинг тез ёки секин ёзилганида эмас, ҳамма гап унинг ҳақиқий санъат намунаси сифатида яшаб қолишида, инсон руҳий-маънавий дунёсига озуқа беришидадир.

Одам табиатан насиҳатга, маслаҳатга, ўзи амал қилмайдиган гапларни айтишга уста. Аммо амал қи­лиш, сўзи устидан чиқиш – бу қийин гап. Мен ижодкорнинг сўзи ўзига, ўзи сўзига ўхшаши тарафдориман. “Ҳайҳот, мен тоза телба” деб ёзган шоирнинг “товламачи” эканини билиб қолиб, ёмон хафа бўлдим.   

Ижодкорга аҳамият бу муҳим тамойил, жамиятнинг маданий, маърифий даражасини намоён қилади. Аммо аҳамият деганлари бу доимий опичлаб, етаклаб юриш, тувакдаги гулдек парваришлаш эмас, албатта. Бу аҳамият бир сониялик, бир соатлик, бир кунлик бўлиши мумкин. Аммо ана шу руҳий, маънавий, моддий қувватнинг инерцияси асарларга таъсир этади; асрларга етади.

Назаримда, “Ўз ишимдин бул ажаброқ достоне топмадим” ёки “Бошимни зўр ишга бериб қўйибмен” каби тамойил ҳақиқий ижодкорга хосдир. Ўз ишини билиш, унга муҳаббат, ўз ижодидан таажжубланиш ва ундан қониқмаслик – бу муҳим туйғу ҳаракат манбаидир. Бирор ишни қойилмақом қилиб қўйдим, деган шоир, адиб, адабиётчи адашади. Чунки табиатан инсон заиф қилиб яратилган, унинг ижодида, китоби ёки мақоласида ҳам­­ма вақт номукаммал ўринлар, баҳс-мунозарали маса­лалар, очиқ нуқталар, бўшлиқлар бўлади. Баъзан менга улкан, дабдабали илмий унвонлар билимсизлик юзига тутилган пардага ўхшаб кўринади.

Эҳтимол аввал ҳам айтгандирман. Ижодкорларнинг болалиги беғубор. Энди ижод майдонига биринчи асарлари билан кириб келган ҳар қандай ижодкор ўз ижодий биографиясининг гўдаклик даврини бошидан кечираётган бўлади. Ёш боланинг, энди дунё юзини кўрган чақалоқнинг кўзларига ҳеч қараганмисиз? Чақалоқ кўзида беғуборлик, тозалик, ҳали дунёнинг турфа ўйинларига рўбарў келмаган бир покиза кўн­гилнинг, ҳали ёзилмаган оппоқ қоғоздек тозаликнинг инъикоси бордир. Манфаатлар, унвонларга, мукофотларга, шуҳратга, ўзини тарғиб-ташвиқ қилишга ўчлик ижодкор кўнгли ва кўзини кўр қилади.

Узоқ тарихда шундай ижодкорлар бўлганки, уларнинг жисми аллақачон фоний дунёга юз тутган. Аммо асарлари ҳамон тирикдир. Бу асарлар ҳар куни одамлар билан мулоқотга киришади; ишқи, дарди, армони одамларнинг юрагига ўрлайди; юрагини ўртайди.

Яқин тарихда шундай ижодкорлар ўтганки, жилд-жилд асарлар ёзган ва улар ўз вақтида кўп минг нусхада босилган ҳам. Бироқ улардан ёлғиз “ёзғувчи” номининг ўзигина мерос қолгандек; ўзлари ҳам, асарлари ҳам раҳматли бўлиб кетгандек таассурот қолдиради.

Адабий жараёнда, ён-атрофимизда шундай истеъдодли ижодкорлар борки, уларнинг ўзлари ҳам, асарлари ҳам тирик. Ҳозирда жисман ва руҳан тетик. Улар ўзини, ўзлигини, кимлигини, “мен”лигини, даражасини, ўрнини қайсидир маънода жуда яхши англайди. Руҳи жонидан асарлари умрбоқийлик қувватини олади; тириклик сувини ичади. Мабодо бу тоифа ижод­корлар ажали етиб, фано диёрига йўл олсалар ҳам, асарлари узоқ умр кўрадиганга; кўркам ҳақ сўзи учун қалам эгаларига раҳмат эшигидан савоби етиб ту­радиганга ўхшайди.

Ижодкор учун ёзганини биров ўқимаганидан кат­тароқ фалокат ва фожиа бўлиши мумкинми? “Ўзим учун ёзаман”, деган камтарлик ортида манманлик ва худбинлик борга ўхшайди. “Танқидга эътибор бермайман”, деган ижодкор гапида ғайритабиийлик ва аразлаш борга ўхшайди. Бадиий асар адабий танқид воситасида адабиёт тарихида яшаб қолиш васиқасига эга бўлолмаслигига ХХ аср гувоҳ. Бадиий асарни адабий танқид соҳаси яшаттирмайди, балки адабий-танқидий мақолани бадиий асар яшаттиради. Дунёдаги энг машҳур адабиётшуносларнинг барчаси бетакрор истеъдод ва улкан қалб эгалари бўлган адибларнинг хизматлари эвазига ном қозонганлар; нонини топиб еганлар. Бу ҳам ҳақиқат.

Йўллар… Бугунги бизнинг адабиётшуносликда таҳ­­лил ва талқин методлари янгиланиши керак. Жа­­ҳон­даги янгича адабиётшунослик мактаблари ва тал­қин услуб­­лари жиддий ўрганилиши лозим деб ҳисоблайман. Ба­диий асар сюжетини қайта сўзлаш, бадиий асарнинг бир қатор фазилатларини муаллиф кўнгли учун мақтаб, “жузъий камчиликлари бор” тарзидаги анъанавий қолиплар ўзини оқламайди. Бу шаклдаги адабий мақолаларни асарни ўқимасдан ҳам ёзиш ва ўша типдаги ёпинчиқ мақолаларни исталган бир асарнинг устига ёпиш мумкин. Адабиётшунос бадиий асардаги бировлар кўрмаган нуқталарини топсин, фазилатини, индивидуал хусусиятини очиб берсин.

Бир даврлар бўлдики, ҳамма адабиётшунослар ёппасига жадидшунос бўлиб қолди. Ҳозирги кунда шу ёпирилишнинг ҳовури пасайди. Шахсан мен адабиётшуносликда шу соҳадаги кенг қамровли, қиёсий-типологик тадқиқотлар давом этиши лозим деб ҳи­соблайман. Чунки ўша миллий уйғониш даври адабий манбаларининг табдилларида, ҳатто қайта нашр­ларида ўнлаб хатолар кузатилмоқда. Қайта нашрларда, бировлар ҳозирлаган манбани ўзлаштирмасдан, тайёр изоҳларини стилистик тарафдан ўз номига хатламасдан, зарур бўлса, асл манбанинг ўзини айнан кўриб, ўқиб ва шу асосда адабий матнлар билан мулоқотга киришган одам илм адабининг олтин калитини қўлида тутган бўлади.

Бадиий асарлар тўғрисида иншолар ёзилганда “фалон-фалон асар менда унга нисбатан наф­рат, ҳаётга нисбатан муҳаббат уйғотди”, деган бос­мақолипли (стереотип) фикрлар баён этилади. Аслида инсон ҳаётсевар, умидли бўлиши; ичкарисини такомиллаштириши керак. Бу жараён истайсизми-йўқми бир ҳақиқатни тан олмагунча кемтик бўлиб қолади. Бу ҳақиқат – ўлим ҳодисаси. Ҳар қандай инсон бошига келадиган ўлим ҳақида ўйлаш керак. Л.Толстойнинг, ҳақиқий файласуфлар охир-оқибатда ўлим масаласини муҳокама қила бошлашади, деган мазмундаги гапи бор. Ўлим – бадиий адабиётнинг азалий ва абадий мавзуси. Дунё адабиётида ўлим билан ҳаёт чегарасини махсус тасвирлашни ўзлари учун асосий тамойил қилиб олган фалсафий йўналишлар бор. Демоқчиманки, бадиий адабиётнинг энг муҳим вазифаларидан бири инсоннинг ўлим ҳодисасига табиий муносабатини ҳам тарбиялашдан иборат. Аслида бу вазифа моҳиятида ҳам эзгулик мавжуддир.

Хонадонда туғилган фикрлар… Чинакам санъат, чин бадиий адабиёт кеча, бугун, эрта – шу уч замон чегарасидан чиқиб, абадийликка юз тутади. Ўзбек адабиётининг бугунги ҳолатига келсак, бу хусусида гапириш осон эмас. Ижод қилаётганлар, шеър, дос­тон, ҳикоя, қисса ва роман ёзаётганлар сони кўп. Китоблар, шеърий тўпламлар чиқараётганларнинг сони ҳам кўп. Аммо мазмуни, оригинал бадиий кашфиёт масаласи доим муаммо. Биз учун мумтоз адабий сиймолар ва жаҳон адабиёти мезон вазифасини ўтайди. Адабиётда оригинал бадиий кашфиётлар юзага келса, албатта, янгидан-янги адабий назариялар пайдо бўлади. Бугунги адабиётни бойитишга адабиий танқид ўз ҳиссасини қўшиши керак, деган мулоҳазалар айтилади. Бироқ адабий танқид учун адабий майдон, таҳлил ва талқин қилиши учун арзигулик бадиий асарлар керак. Чунки саксовулга ҳеч қачон мева битмаслигини, анор ё анжирга дўнмаслигини ҳамма билади. Саксовул ўтин бўлади. Сояси ҳам йўқ ҳисоби. Муҳими асар. Уйга ўхшатиб қурилган бир чайла атрофида гиргиттон бўлиб, “бино”ни Миср эҳромларига қиёслашда қандай мантиқ бор?

Маънавияти баланд, руҳи тетик, юраги кенг ижодкорларга ҳавас қиламан. Тасаввуримча, улар Сўзга хиёнат қилмайдилар. Шулар борлиги учун дунё гўзал, тинч, осойишта, файзли. Гарчанд бир қанча китоблари оммалашган бўлса ҳам, инсонийликдан тубан ва руҳан мажруҳларини кўриб ўз ҳолимга шукрона айтаман.

Бадиий адабиёт гўзаллик асосига бино бўлиши лозим. Инсон қалби нақадар гўзал, нақадар олижаноб ва холис бўлса, унинг асари шу даражада улуғворлик касб этади. Агар ижодкор ишқни тасвирламоқчи бўлса, бу бебаҳо мавзуни авайлаши, покиза юрак билан ёзгани маъқул. Ишқ-муҳаббат билан ҳирс ўртасида кат­та фарқ бор. Ҳирсий майллар баёнини айрим ёзув­чилар му­ҳаббат йўлида асар битганига алмашти­риб қўя­ди­лар. Ишқ жавҳари нафс ва ҳирс ботқоғига кўмил­масин.

Дарвоқе, маънавият хазинасидаги дурдона асар­­­­ларни китобхон тирилтиради. Асарлари абадий ўқув­чиларини топган қалби бутун ижодкордан кўра сао­датлироқ инсон бўлмаса керак.

Хонадон хотиржамлиги… Бу ижодкор учун жуда муҳим неъмат. Шукр, алҳамдулиллаҳ, оила муҳитидан шикоятим йўқ. Хотиним иқтисодчи, ҳамшира. Аммо бу соҳаларда ишламайди; уйда болаларимнинг таълим-тарбияси билан машғул. Кундалик уй вазифаларига, дарсларига ёрдамлашади. Биз учун шарт-шароитни жуда ўрнига қўяди. Қизларимнинг катталари лицейда ўқийди, кичиги мактабда. Адабиётга ҳам, бошқа соҳаларга ҳам қизиқишлари бор. Уларнинг айрим ёзганларини кўриб ёзмасликни маслаҳат бераман. Баъзиларини ўқиб қувонаман.

——————————————-

Баҳодир Карим 1966 йилда туғилган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Вадуд Маҳмуднинг 20-йиллар адабий танқидчилигидаги ўрни” мавзусида номзодлик, “ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида талқин муаммоси” (қодирийшунослик мисолида) мавзусида докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.

“ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси”, “ХХ аср ўзбек ҳикояси антологияси”, “Ўзбек адабий танқиди антологияси” китобларининг ғоя муаллифи ва тузувчиларидир бири. “Жадид мунаққиди Вадуд Маҳмуд”, “Қодирий қадри”, “Янгиланиш соғинчи”, “Абдулла Қодирий: танқид, таҳлил ва талқин”, “Адабиётшунослик методологияси” каби китоблар муаллифи.

“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 2-сон