Аъзамхон Қозихўжа. “Ҳайрат-ул аброр” ҳайратлари

Қайғулиғ ўлтирмиш эрди Боязид,
Сўрди ғами кайфиятин бир мурид.

“Хамса” достонларининг биринчиси “Ҳайрат ул-аброр”даги аввалғи мақолотга бағишланган ҳикоят ана шундай бошланади. Бунда қайғу шайх Боязид ҳол тақозоси бўлиб, мурид тушиниб етмайди ва қайғунинг ўзини эмас, “ғами кайфиятин” сўрайди. Кайфият асл эмас, аразий тушинча, мақулот ул-ашара (ўнта категория)дан бири ҳисобланади. “Шарҳу Товалиъй”да, кайфият билан ҳол ўртасида фарқ борлиги, кайфият ҳолдан аввал келувчи ҳодиса эканлиги айтилган[1]. Кайфият иккига бўлинади: нафсоний (руҳий) ва жисмонийга. Соғлик, касаллик, идрок нафсоний кайфиятга кирганидан, демак, ғам ҳам руҳий кайфиятни ифодалайди. Мутакаллим фасоҳатидаги малака ҳам кайфият билан боғлиқ. Аниқроғи, малака ҳам кайфият жумласидан. Балоғат эса фасоҳатдан кўра юксакроқ босқич. Агар Навоий фасоҳат босқичида қолиб кетганда ҳам бир қадар истеъдодли шоирлар қаторидан жой олган бўлар, бироқ фақат даҳо санъаткорлар кўтариладиган сўзнинг иъжоз мақомига чиқмас эди. Чунки сўз, сўзловчи ва тингловчи ўртасида кечаётган ҳодисотлар уммонида кезаётган муаллиф ҳар бирининг ҳол тақозосини кўрибгина қолмасдан уларни муносиб ўринга қўя билиши ҳам лозим. Маъно-мақсадни фасиҳ лафз билан ифодалай олишга қодир малака фасоҳат дейилади. Ҳол тақозосига муносиб тарзда гапириш эса балоғат саналади. Бунда муқтазои ҳолга мутобиқ равишда сўзларни ўз ўрнида ишлата билишдан ташқари башарни ожиз қолдирувчи юксак мақом ҳам эътиборли. “Балоғат илми”ни жуда яхши билган Навоий бу ўринда мурид фақат кайфиятни, аслни эмас, аразни сўраши мумкинлигини эътибордан қочирмайди. Шайхнинг муқтазои ҳоли жуда юксак, қайғуси ҳам шунга яраша. Келиб кетувчи кайфиятлардан фарқли ўлароқ Боязид қайғуси моҳиятдан дарак беради. Моҳият эса малака билан ҳосил бўлмайди. Тўғри, қайсидир даражада малака ҳам аҳамиятга эга. Лекин моҳиятни англаш туғма сифат. Яна-да тўғрироғи, Яратганнинг инояти. “Уларнинг кўплари ақлини ишлатмайдилар”, “Уларнинг кўплари тушунмайдилар”, “Уларнинг кўплари фосиқдирлар”, “Уларнинг кўплари инкор қилувчидирлар”, “Улардан кўплари имон келтирмайдилар”, “Ҳақиқатда Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратдик” деган оятлар хусусида фикр қилсак Боязид қайғусини ва бу қайғуни мавзуга айлантирган Навоийни қайсидир даражада тушиниб етамиз. Ўша кўплар қаторида бўлиб қолиш Боязид қайғуси. Лекин Навоий бу фикрни шундай яланғоч тарзда айтиб қўймайди. Санъат ўз вазифасини адо этишга киришади. У образлар орқали, мулоқотда ўз ифодасини топади. Жонли мулоқот, суҳбат, баҳс инсониятнинг сўз тарихида ўзгача бир ўрин эгаллайди. Йигирманчи аср ғарб адабиётшунослари, хусусан, Михаил Бахтин “Диалог назарияси”ни янгича қарашлар билан бойитди. Унга кўра, ҳар қандай фикр, гап, сўз мулоқотда пайдо бўлади. Фикр ўзидан олдинги муносабатга жавобан дунёга келади. Бахтин қарашларини тафсилотлари билан бериш мақола имкониятидан ташқари бўлгани учун асосий мақсадга ўтамиз. Оврўпа адабиётшунослари кашфиёт ҳисоблаган ва йигирманчи асрда келинган диалог ҳақидаги тўхтамлар мусулмон шарқи учун анча аввал маълум бўлган тушунчалар эди. “Балоғат илми” олимларининг муқтазои ҳол ҳақидаги қарашлари билан танишганимизда М.Бахтин фикрлари билан типологик ўхшашликни кўришимиз мумкин.

“Балоғат илми”да Сакокий мазҳабига кўра биринчи хабар “хабардан зеҳни ҳоли мухотабга” қаратилади. Бунда мутакаллим мақомида баъзан муаллиф ўзи турса, баъзан муаллиф асар қаҳрамонларидан бирини сўзловчи мақомига лойиқ топади. Баъзан эса қаҳрамонда яшаётган муаллиф сўзлари билан қаҳрамон руҳиятининг ифодаси ўлароқ дунёга келган сўз ўртасида шундай қоришиқлик вужудга келадики, бу иккилик орасида сўз сарҳадлари ўз чегарасини йўқотади. Юқоридаги: “Қайғулиғ ўлтирмиш эрди Боязид” мисрасида айнан шундай қоришиқликни кўриш мумкин. Биринчи хабардан сўнг муридда, шу билан бирга тингловчида ҳам муайян савол пайдо бўлади. Шайхнинг муқтазои ҳолидан анча қуйи мақомда турган мурид “ғами кайфиятини” сўрайди. Жонли саволга берилган жонли жавоб эса буюк санъат асарини вужудга келтиради. Ҳақиқий гўзал санъат асарининг сюжети одатда жуда оддий. Айтарли қизиқувчан ўқувчини ўзига тортадиган воқеага арзигулик ҳеч нарса бўлмайди. Қайғули ўтирган шайхни кўриб мурид савол беради. Шайх унга жавоб қайтаради. Мурид яна саволни давом эттиради. Шайх яна жавоб айтади. Кейин савол-жавоб асносида туғилган фикрни муаллиф хулосалайди. Икки киши ўртасида кечган бир диалог ва бу диалогни бизга тақдим этаётган муаллиф қиёфаси… Авж пардаларида тор чертувчи санъаткор учун етарли ҳодиса. Ортиқча тафсилотлар ҳаммаси ташланади ва энг керакли деб билган кечинмалар ажратиб олинади. Сараланган сўзлар воситасида ўқувчи кўз ўнгида манзара чизилади. Ажратиш ва саралаш ижодкор салоҳияти неларга қодирлигидан дарак беради. Бунда воқеа-ҳодисалар босимига қарши тура олган муаллифни олмос доналарини муайян шаклга келтириш учун шаф­қатсизлик билан йўнаётган заргарга ўхшатиш мумкин. Яхши кўрган нар­садан воз кечилмагунча яхшиликка етиб бўлмайди. Нимани айтиш эмас, қандай айтиш, қандай кўрсатиш муҳим. Ҳодисалар шиддати зоҳирий шаклда эмас, моҳиятда юз беради. Мурид талабига жавобан айтилган Боязид жавоби ўзининг юксак мақоми билан ажралиб туради:

Пир тўкиб ашку чекиб ўтлуғ оҳ,
Дедиким: “Бу ғам ишим этмиш табоҳ,
Ким бу жаҳон ичраки, элдур ғулу,
Эл тўла, аммо кишидиндур хулу.
Ҳар кишига хуш кўринур ўз иши,
Бир киши йўқким, деса бўлғай киши.
Мунда киши борини билмон яқин,
Бор эса, ўтганлар аро бор экин”.

Бу жаҳон ичра эл кўп, одам кўп, лекин кишидан холи. Киши ким ўзи? Эркак маъносида келувчи, аёлнинг зидди бўлган кишими ёки бошқачароқми? Бундай саволга кейинги мисрадан бир қадар жавоб оламиз: “Ҳар кишига хуш кўринур ўз иши”. Демак, кишидан мурод, умуман, инсон. Инсонларга ҳамиша ўз ишлари хуш кўринади. Бу умуминсоний сифат. Бу ҳолат биз юқорида келтирган оятларга тўлиқ мос келади. Киши дейишга арзигулик бирор кимсанинг йўқлиги, бўлса ҳам ўтганлар аро бор эканлиги қайғу-ғамнинг сабаби. Лекин мақсад ҳали тўлиқ очилгани йўқ. Сабабнинг сабаби кўрсатилмади. Фақат ғамнинг кайфияти ҳақида сўз кетди. Моҳият мурид кўзларидан яширин. Унинг кўзларидан пардани тортиш учун яна савол керак. Бу саволга энди инкор ҳам қўшилади:

Сўрғувчиға зоҳир ўлиб изтироб,
Дедики: “Эй хуршеди олижаноб,
Элда киши йўқ демак ўлди сўзинг,
Дохил эмассенму бу элга ўзинг?

Гарчи мурид кўзларидан моҳият яширин бўлса-да, унинг муқтазои ҳоли ҳам анча юксак мақомда. Шунинг учун ҳам у пир сўзларининг инкорига киришади. Бу инкорда мутафаккирларни ўйга толдирадиган аччиқ ҳақиқат мавжуд. Пир “хуршеди олижаноб”лик мақомига кўтарилган эса-да, мана шу элнинг фарзанди, мана шу элнинг бир жузъи. Ундан айро эмас. Унинг ичидаги ҳодиса. Мурид Боязиднинг: “Эл тўла, аммо кишидиндур хулу”, деган сўзларига эътибор қаратади, лекин кейинги сўзлар моҳиятини англаб етмайди. Аслида, “Ҳар кишига хуш кўринур ўз иши” мисрасида эл ҳақида ҳамма гап айтиб қўйилган эди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳар кимга қилаётган иши чиройли кўринади. Дунё матоси учун елиб югуради. Ҳаёти-дунё алдовларига учиб, умр ўтказади. Булар ҳаммаси синов эканлигини унутиб қўяди. “Бунда киши борини билмон яқин” жумласидаги “ЯҚИН” сўзига эътибор қаратсак, Боязид асл мақсадни ҳам айтганлигини ва мурид англаб етмаганини билишимиз мумкин. “Яқин” сўзи араб тили луғатларида бизнинг ҳозирги лафзимиздаги узоқнинг зидди бўлган мазмундан фарқли ўлароқ – шак-шубҳасиз, ҳақиқий имон, ишонч маъносида келади. Демак, яқин киши, бу – шак-шубҳага берилмасдан ҳақиқий имон келтирган ин­сон. Мисранинг мазмунини эса қуйидагича шарҳлаш мумкин: бизнинг замонимизда ҳақиқий имон эгаси борлигини билмайман. Имон ва инкор ўртасида тинимсиз кураш давом этмоқда. Лаънатланган ва муҳлат берилган махлуқ ўнгу сўлимиздан, орту олдимиздан келиб, бизларни адаш­­тириб юбориш билан банд. Бу азалий курашдан ким ғолиб чиқади? Би­либ бўлмайди. Ғолиблар бу дунёда ҳали аниқланганича йўқ. Чунки дунё охи­рига етмади. Бўлса ҳам ўтганлар орасида бордир. Лекин бу ҳам бизга маълум эмас.

Табиийки, муриддаги малака ва энг асосийси, туғма иқтидор Боязид муқтазои ҳоли даражасида эмас. Бироқ ўртадаги мулоқот бир томондан мурид камолига хизмат қилса, иккинчи тарафдан асар муқтазои ҳолини иъжоз мақомига кўтариш учун керак. Муридни инкор қилувчи мақомига қўйган муаллиф “Балоғат илми” қоидаларига амал қилган ҳолда, инкорнинг инкорини Боязид тилидан давом эттиради:

Шайх деди: “Эй иши гумроҳлиқ,
 Топмағон иш сирридин огоҳлиқ.
 Мен доғи юз минг мени саргаштадек,
 Ашки боғир қониға оғуштадек.
 Бўлмаса имон била кетмак иши,
 Англаки, они деса бўлмас киши.

Моҳиятни англаб етмаслик, келиб кетувчи кайфиятлар исканжасида яшаш, имонни ҳам булар қаторида санаш гумроҳлик. Зеро имон асл ҳодиса. Имонсизлик эмас, балки имон келтиргандан кейин имонга бепарво бўлиш, ҳар бир нарса ҳодисаларга имондан келиб чиқиб назар ташламаслик гумроҳлик. Охир оқибат бу бепарволик натижасида ҳаёти дунёга берилиш, орзу ҳаваслар билан алданиб қолиш юз беради. Дунё жилвалари ҳеч бир кимсани четлаб ўтмайди. Ташқаридаги мусаффо осмонни кўриб, тоза ҳаво­дан нафас олиш учун жимжимадор нақшлар билан безалган пардалар тўсқинлик қилади. Парданинг ортида асл ҳаёт борлигини кўриш учун эса мустаҳкам имон керак. Дунёнинг сўнгги бекатида тушаётган одамда имон номли ҳужжат бўлмаса, уни киши дейиш мумкин эмас. Бу ўринда Навоий араб тилидаги “ман амана” дегандаги “ман” сўзини киши деб таржима қилади ва ундан унумли фойдаланади. Оят ва ҳадисларда келувчи бу иборани “имон келтирган киши” дея ўзбекчалаштириш мақсадга мувофиқ. Кейинги мисралар эса ушбу моҳият шарҳи ўлароқ келади:

Олам аро мунча сиғору кибор,
 Мен бўла-ю, сен бўлу ҳар кимки бор,
 Борча бу ғам тиғидин афгорбиз,
 Борча бу мотамға гирифторбиз.

Сўнгги бекатда, охирги лаҳзада бу сўзни айтишга ким қодир? Денгиз устига бостириб келаётганини кўрганда, қўрққанидан имон калимасини айтган Фираъвнни ҳам имон билан ўтди дейиш мумкинми? Бир умр амал қилиб, имон калимасини тилдан қўймай яшаган, сўнгги лаҳзада эса бу сўз­ни айта олмай қолган улуғ шайхлар-чи? Салла-ю чопон кийиб, зулмга фат­во берганларчи? Динларини бекорчи гапга айлантирганлар, яхшилик ҳақи­да сўзамоллик қилиб, яхшиликдан юз ўгирганлар хусусида нима дейиш мумкин? Улуғ шайхлар, қавм йўлбошчилари, оддий одамлар, булар орасида сен ва мен барча-барча инсонлар, қай бири ҳаётининг сўнггида имон келтирган киши мақомида дунёдан ўтади? Ҳақиқий ғам-қайғу мана шу! Ким бу ғам тиғидан қайғуга тушмаса, мотам тутмаса уни яқийн киши деб бўлмас. Табиийки, Боязиднинг муқтазои ҳоли жуда юксак. Шунинг учун ҳам у нозик бир нукта ҳақида сўзлайди:

Ким ичи бу ғуссада қон бўлмади,
 Кимсага бу нукта аён бўлмади,
 Ким чу видоъ айлагуси жон анга,
 Ҳамраҳ ўлур йўқса йўқ имон анга,
 Чунки жаҳон аҳлига бу бўлса ҳол.
 Сўздаки дебмен не маҳалли савол.

Моҳиятни англаганлар бу қайғудан қон ютади. Моҳиятни англаш бир томондан саодат сари етакласа, иккинчи тарафдан танланганлик жуда оғир юкни юклайди. Юкни сўнгги манзил сари кўтариб бориш машаққатини ҳис эттиради. Ўнгу сўлдан, орту олдиндан келиб, васвасага солувчи, муҳлат берилган шайтоннинг ҳийлаларини кўрсатади. Ҳийлалар ҳар қадамда, ҳар лаҳзада бизларни тўғри йўлдан оздиришга қаратилган. Фақат танланган солиҳ бандаларгина бу ҳийлаларга, нафс қутқуларига учмасдан охирги бекат сари секин-аста яқинлашиб боради. Бу йўлда қийинчиликлардан кейин енгилликлар билан синов бошланади. Дунё бор тароватларини намойиш этади. Обрў, амал, машҳурлик баъзан киши кўзини кўр қилиб қўяди. Қийинчиликларга сабр этганлар, кенгчилик, енгилликда сабр қилишга ожиз бўлиб қолади. Шайх Боязид қайғуси ана шундан. Зеро, муриднинг: Кей фалак авжида хироминг сенинг,\\ Арш фазоси уза гоминг сенинг,– дейишидан омманинг Боязидга қандай муносабатда эканлиги кўриниб турибди. Шайх машҳурликнинг жуда юксак палласига кўтарилган. Одамлар, кўпинча, машҳурликнинг кўр мухлислари сифатида ўзларини намоён этадилар. Илоҳий ўлчов инсоний ўлчовлардан аксар ҳолларда фарқ қилади. Баъзан одамлар тасаввуридаги буюк ишлар илоҳий тарозида арзимас, баъзан башар хаёлидаги қийматсиз нарса арш ўлчовларида жуда улуғ бўлиши мумкин. Имон ана шундай, Яратгувчи назарида энг улуғ сифат, дунёвий кимсалар наздида эса ҳеч нарса. Ҳатто имон келтирганлар ҳам ҳаёти-дунё матоси олдида ўзлигини йўқотади. Қутқу васвасаларга учади. Роббисининг огоҳлантиришларини унутади. Ким имон моҳиятини англаб, яқийн имон эгасига айланса, жон чиқар пайтида имони унга ҳамроҳ бўлади. Киши агар бундай даражага эришмас экан, имон ундан узоқлаб кетади. Сўнгги лаҳзада имон калимасини зикр этиш шунча қийинлашади.

Ниҳоят Навоий бу кичик ҳикояни икки босқичда якунлайди. Биринчиси,

Ёраб ўшал туҳфани охир нафас,
 Айла Навоий ила ҳамроҳу бас.
 Қуллиғингга маҳкам эт имонини,
 Айлагил имонидек аймонини.

Яъни, сўнгги лаҳзада айтилувчи имон туҳфасини, охир нафасда имон билан ўта олиш бахтини насиб эт. Навоийга имонини ҳамроҳ қил. Бунинг учун эса умр давомида қул қуллигини бўйнига олиб, Яратгувчидан келган буйруқ ва қайтариқларга амал қилмоғи лозим. Туҳфани уни қадрига етганлар билади. Танланганлар уни асраб-авайлаб сўнгги манзил сари олиб борадилар. Шундай замонлар бўладики, бу туҳфа мисоли бир чўққа айланади. Кўтарганларнинг қўллари куяди. Шундай замонлар бўладики, бу туҳфани кўтарганлар Иброҳим алайҳиссаломдек оловга ташланади. Яқийн имон соҳибларигина бу туҳфани охирги нафасгача сўнгги манзил сари кўтариб бора оладилар. Бу туҳфани қўлдан тушириш жаҳаннам сари етаклайди. Навоий қаҳрамонлари ҳаётнинг энг қайноқ жойидан, абадий кураш майдонидан олинади. Зеро инсон ва шайтон ўртасидаги кураш то қиёматгача давом этади. “Энди ерга тушинглар, то қиёматгача бир-бирингизга душмансиз”, – деган оят шундан хабар беради. Имон ва имонсизлик, азалий умуминсоний муаммо. Бу муммолар ечими жуда содда, айни пайтда, ҳаддан ташқари мураккаб. Ижодкор шахс, қанчалар талант соҳиби бўлишидан қатъи назар, умуминсоний муаммоларга илоҳий ечимлар билан ёндашмас экан унутилишга маҳкум. Бундай ижод, Навоий тили билан айтганда: “Худ асру беҳуда заҳмат бўлғай”. Шайх Боязид ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Лекин Навоий талқинидаги Боязид бошқа ривоятлардаги Боязиддан ўзгача бир мақоми билан ажралиб туради. Бунда Навоий мулоқотдан унумли фойдаланади ва ўзи ҳам бу мулоқот иштирокчисига айланади. Бир томондан, “Ё Рабб” дея Яратувчи билан мулоқотга киришса, иккинчи тарафдан, ўқувчи билан диалогга киришади. Инсоннинг Роббиси билан кечадиган мулоқоти, асосан, ички диалогда юз беради. Бу мулоқот матнга муҳрлангач эса ўқувчи билан мулоқот бошланади. Тингловчида ҳайрат, тушунмаслик, баҳсни вужудга келтиради. Навоийнинг ҳар бир асаридан, ҳатто ғазал ва рубоийларидан ҳам Боязид ва мурид ўртасида кечган мулоқот шаклининг ҳиди келиб туради. Албатта, Навоий бунда ўз замонидаги назарий билимларга суянган. Навоий давригача Балоғат илми Шайх Абдулқоҳир Журжоний, Сакокий, Қазвиний, Тафтазоний китобларида тўлиқ тизим сифатида шаклланиб улгурган эди.

Якунловчи икки босқичдан иккинчиси:

Соқий, ўлибмен, майи имон кетур,
 Жисмима имон майидан жон кетур.
 Қуйма бу кун жомима даврон майи,
 Жоним ол, оғзимға қуй имон майи.

Бу ўринда, мазмун ҳам Навоий ижодининг бош ғояси нимадан иборат эканлигини яққол кўрсатиб турибди: Эй Соқий, мен ҳаёти-дунё ташвишларидан, жилваларидан, васвасаларидан ўлиб бўлдим. Унинг қутқулари мени адо этди. Менга имон майини келтир ва бу имон билан ўлик танамга жон киргиз, зеро имонсиз тирикликнинг ўлимдан фарқи йўқ. Бу кун кўнглимни дунё орзу-ҳаваслари, айланиб турган даврон машҳурликлари-ю бойликлари билан эмас, имон нури билан тўлдир. Чунки даврон ўз номи билан айланиб тургувчи. У тўхтаб қолмайди, фақат ундан топилган имон лаҳзаларигина абадиятга дахлдор. Шундай экан, жон нима ўзи? Уни кўтариб юрган жисм-чи? Жисмимга имон майидин жон келтир, яъни имон билан уни тирилтир! Жонимни олар пайтингда, жоним олу оғзимга имон майини қуй! Жонсиз жисм қандай йўқликка маҳкум бўлса, имонсиз жон ҳам шундай кераксиз. Бунда зоҳиран имон калималарини айтиб, қалбида туймаганлар билан имон кўнгилдалигини билдириб, амал қилмайдиганлар ўртасида катта фарқ йўқ.

Авж пардаларига кўтарилган бу мисралар ҳол тақозосининг жуда юксаклигидан дарак беради. Муқтазои ҳолга муносиб равишда мақом ҳам жуда баланд. Айни пайтда, бу кичик ҳикоядаги якунловчи мисралар “Ҳайрат ул-аброр”нинг умумий руҳига, яна-да тўғрироғи, “Хамса” достонлари бир бутунлигига боғловчи вазифасини ўтайди. Эътибор берсак, бўлимлар сўнгида, ҳайратлар ҳадди аълосига етганда муаллиф мана шундай соқийга мурожаат услубидан фойдаланади. Мумтоз адабиётдаги “Соқий” образини шайх Сакокий мазҳабига кўра истиоратун бил-киноя дейилса, Шайх Абдулқоҳир Журжоний фикрига суянган Қазвиний талқинида эса мажози ақлий ҳисобланади. Ҳар икки ҳолда ҳам “Соқий” сўзи ўзи қўйилган маънодан бошқасига далолат қилади. Бунда Сакокийга кўра, Соқий сўзи асл фоилдан киноя воситасида ориятга олинган ва асл фоилнинг бир сифати унга берилган. Бу сифат – имон майини келтириш. Имон майини келтириш асл фоилдан, яъни Яратувчи томонидан содир бўлиши мумкин. Майхонада майхўрларга май улашувчи соқийдан эмас. Қазвиний талқинида эса, биз Яратувчига оят ва ҳадисда келган асмои сифатлардан бошқа сифатларни беришга ҳақимиз йўқ. Шунинг учун, соқий сўзини Оллоҳнинг соқийси, яъни мажози ақлий деб тушунишимиз лозим. Хулоса қилиб айтганда, Алишер Навоий бу кичик ҳикояда бутун асарларига сингдириб юборилган нозик бир нуктадан сўйлайди ва нимани қандай тасвирлаш лозимлигини иъжоз мақомида бизларга кўрсатиб беради. Аксар ҳолларда, баъзи ижодкорлар нима ҳақида гапиришни топсалар-да, уни қандай ифодалашни билмайдилар. Қандай ифодалашни билганлар эса нимани санъатнинг бош моҳиятига айлантиришни англаб етмайдилар. Навоий эса нени мавзу қилиб олишни ҳам, мавзуни гўзал санъат даражасига кўтаришни ҳам ҳайратда қолар даражада тўғри топа олган.

Шарқ юлдузи журнали, 2015 йил, 5-сон

Аъзамхон Қозихўжа 1963 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Республика матбуотида илмий ва адабий-танқидий мақолалари чоп этилган.


[1] Мухтасар ул-маъоний ҳошияси. 21-бет.