Асқар Маҳкам. Адабиёт ибодати (шоир Шавкат Раҳмон ҳаёти ва ижодига чизгилар)

Эй гулим,
Кўзларга ёшлар тўлганда
Соямиз қўшилган дамларни эсланг!
 
Шавкат Раҳмон

…У юзини терс ўгирди.

— Нимага келдингиз?

Нафаси сиқилиб, бутун вужуди бўғриққан, юз томирларигача таранглашиб, тобора қорайиб бораётган дарё тошларидек захали, ўйдим-чуқур юзи энди бурунгидек қоя тошни эслатмас; ўшлик мусаввир полотносидан боқиб турган бургут нигоҳлардан асар ҳам қолмаган; аёвсиз дард билан олишавермоқдан тинкаси батамом қуриган; кетмончиникига ўхшаш бақувват қўлларига ботган игналарнинг сон-саноқсиз излари ўрнида кўкиш-қора доғ билакларига ёйилиб, ток зангига ўхшаёзган; қадимги юнон ҳайкалтарошларининг ҳавасини келтирувчи мардонавор ва асл ўзбекона қиёфадан бир бурда эт қолган; қаттиқ ва тиғиз сочларига сўнгги пайтларда туйқусдан ёғилган оқ қировлар энди қирқ олти  ёшни қоралаган забардаст шоирни етмиш яшар мункиллаган мўйсафидга айлантирган эди. «Мўйсафид» нафас ололмасди. Кўкраги тобора сиқилиб борар, унинг бошида изиллаб турган аёлига хона ҳавосизликдан портлаб кетади-ю деразада турган ва гази чиқариб юборилган минерал сувнинг идиши қаёққадир улоқиб кетадигандек туюларди. Нафсиламрини айтганда, аёлнинг назарида ҳаво фақат хонада жон талвасасида ётган беморнинг кўксидагина эмас, бутун коинотда тугаб қолгандек, энди ўзи ҳам бу кўзга ташланмайдиган тансиқ неъматга тўймаётгандек эди.

— Нимага келдингиз?..

Мен руҳонияти чўққилардек ўктам ва қайсар, ҳеч қачон ҳеч кимнинг қошида бош эгмаган, жисмининг ҳар заррасида мардлик, ҳалоллик, тўғрилик, содиқлик, эътиқод, номус ва гўзаллик яшаган шоир айни пайтдаги ҳолатига тоқат қилолмаётганини ҳис қилардим. Бундай бўлиши мумкин эмасди. Дард номардларча уни оёқдан олганига, бир қултум ҳаво учун бутун вужудини қон қақшатаётганига чидаёлмасди. Йўқ, ўлимдан қўрқадиганлардан эмасди. У бошқача ўлимни истарди ва ҳатто  ўшандек бир ўлимни яширин орзу қиларди. Дейлик, шеърларига ўхшаш гўзал, аёвсиз, аччиқ, фожиали ва кутилмаган ўлимни… Мен ҳеч нарса демадим. Ҳаммаси кундек аён эди. Сўлғин кўзларининг тубида қотиб қолган «туркона» (бу унинг ибораси) битиклар ўзбек шеъриятининг Алп Тегини умрининг охирги лаҳзарини яшаётганини тасдиқларди. Бу битикларда миллат қисматининг бор фожеа ва мусибатлари, ташқи душманлар қутқусига учиб бир-бирини аёвсиз қирғин қилган жигарлар, Помир-Олой тизмаларида қолиб кетган беғубор болаликнинг учқур хаёллари, Ўш остонасида унинг йўлларига кўз тикавермоқдан қорачиғлари йўлларга тўкилган ва ниҳоят, довон оша Тошкентга келиб, жон талашаётган боласининг ҳолсиз вужуди ёнида Худога  нола қилаётган онаизор (қайнона) лабларининг пичир-пичирлари, самбит қоматли сулув қизларининг бўйига боқиб, уларга каҳкашондек бахт орзу қилган аёлининг маъюс хаёллари, ягона Шоҳрухнинг беғубор ва содда нигоҳлари… ва яна кўп нарсалар ифодаланаётгандек эди. «Туркона» қарашлар чўғидан кул тўкилиб борар, асл «туркона» зарбдан шукуҳ кетиб бормоқда эди. Сўз айтиш, кўнгил кўтаришдек бемаънилик хаёлимга ҳам келмади. Жим унинг нигоҳларига боқдим ва хонани тарк этдим. Қайтиб бормадим. Энди бориб бўлмасди. Ростини айтганда, ўзим ҳам уни бу ҳолда кўришни истамасдим.

Тошкентнинг Талабалар шаҳарчаси ёнбошидаги онкология маркази биноси жойлашган дарахтзор ҳовлида юрган одамларнинг қиёфасида ҳам алланечук мунг бор эди. Асосан саратон касалига чалинганлар билан шуғулланувчи духтирларнинг аҳволини тасаввур қилишга ҳаракат қилдим. Улар беморларга қандай қилиб умид бағишлашар экан? Нега чорасиз бу дард қошида ожизлигини тан олмаган табибу табобат деярли қолмади? Наҳотки, саратон ўз чангалига олган ва олаётган кишиларнинг кўз ўнгида фақат саратонда қуриб-қақшаб қолган биёбондан бошқа ҳеч нарса бўлмаса?.. Бу нарсаларга ақлим етмаслигини билардим. Мен тобора бу дунёдаги ризқи қирқилиб бораётган «ўжар шоир»нинг қисматини ўйлай бошладим. Ажал одам танламаслигига ишонсам-да, аммо бундай одамга ақалли бир оз шафқат қилиш лозим бўлган кучлар бордек туюларди. Ахир, шундай буюк қалбни яратиб, уни қандай қилиб қайтариб олиш мумкин? Унинг борлиққа ҳали қониб тўймаган нигоҳи, райҳон бўйларига бўлган гўзал соғинчи, ҳамма-ҳамма нарсага чексиз муҳаббати, қиличдек кескир орияти, ватан ва эл-юртга бўлган буюк муҳаббати ҳаққи-ҳурмати уни асрагувчи кучлар бор деб ўйлардим… Аммо ҳамма ва ҳамма нарса саратоннинг қаршисида ожиз эканлигини ошкор тан олдилар.

 Шеърни том маънода ҳар нечук тутқунликдан озод қилган, ҳар қандай зоҳирий сарҳадларни бузиб ташлаган, сўзга жон бағишлаш санъатини яратган, сафсата, қасидавозлик, маддоҳлик ва қуруқ баёнчилик, арзон панд-насиҳат, маталнамо сўзамоллик, файласуфлик, риторика ва ҳайқириқлар карнай-сурнайларини адабиёт майдонидан ҳайдаб солмоқчи бўлган, янги ўзбек шеърияти мактабини бунёд этган, жонли тилнинг бор имкониятларини амалда қўллай олган, рамзий ифоданинг қироли, мажоз танлаш, жиловсиз эҳтиросни сўз билан бўйинсундиришни илк бор жорий қилган ва яланғоч ҳақиқат туйғусига илоҳийлик либосини кийдирган  сўз сеҳргари омонсиз дард чангалида сурункасига уч юз олтмиш олти кеча-кундуз олишиб, ҳали тугалланмаган шеъридек жон таслим қилди. Балки Паганини шундай жон бергандир, балки Машраб ҳам шундай ҳолатда дор остига боргандир. Балки Лорка… Аммо улар ўз аҳволидан «хижолат» чекмаган. Дор тўшак эмас. У буни яхши биларди ва қачонлардир жангда қурбон бўлиш  ҳақида сўйлаганди. Энди эса бир қултум ҳаво ҳам йўқ, борлиқ олам гулдираб, айқириб, қутуриб нафас олиб ётибди, ҳатто унинг Аравонида, Новқат ва Сулаймон тоғларида тошлар ҳам нафас оляпти. Дарёлар шовиллаб, мирзатераклар Ўш кўчалари бўйлаб солланиб, ютоқиб нафас олмоқда, майса ва гиёҳлар, қурту қумурсқалар, илону чаёнлар ҳам нафас оляптилар. Фақат у… бир қултум нафас олиш учун бутун вужуди билан тиришиб, зўриқиб азоб чекади.

Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг,
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.             
 
Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
кўзимда бир томчи ёш,
сойлар ювса кетмайди.
 
Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
Пешонамнинг шўридан
бино бўлган бу дарё…
Осмон тўла ҳаволар
Фақат менга етмайди.
 
Нодиражон, Шоиражон,
танам қимир этмайди,
Боринг, қорли тоғларга:
бир шоир ётибди денг
Худонинг ҳовлисида…
Осмон тўла ҳаволар
Фақат менга етмайди…

У атрофида саркаш анҳорлар бўйидаги худрўй гулларга қўниб юрган ниначилардек қизларига нима демоқчи? Наҳот «осмон тўла ҳаволар» фақат уларнинг отасигагина етмайди? Нега фақат у бутун борлиқда сиқилиб ётган ҳавога тўймайди ва ҳансираб нафас олмоқчи бўлади. Ололмайди. Бўғриқади. Йўталади. Ҳаво жон бўлганда эди, ҳаво ҳаётнинг ўзи бўлганда эди, уни бермоқ осонроқ кечарди, аммо ҳаммага етган ҳаво фақат унгагина етмайди. «Худонинг ҳовлиси» қаер? Дунёми? Касалхонами? Худонинг кенг даргоҳига сиғмаётган шоир энди унинг «ҳовлиси»да ётибди. Бу даргоҳ эмас, қўрғон эмас – ҳовли. Бу ҳовлидаги дарахтлар шохидан чарсиллаб узилаётган япроқлар қисмат фаррошининг супургисига илашади ва ҳовлидан четга супурилади. Кимдир унга ўт қўяди. Бурқсиб ёнаётган баргларнинг аччиқ тутуни «Худонинг ҳовлиси»ни тарк этади. Аслида ҳаммамиз бу «фаррош» оёқлари остидаги супуриндилармиз. У бизни ўзининг аёвсиз қўллари билан улоқтириб ташлайди. Бироқ ҳаётбахш нигоҳларидан сўнмас ишқ нурлари таралган, юрак-бағри гўзалликка тўла, азалдан зил-замбил қисмат юкини ўз елкасига олиш масъулияти билан яралган, одамларга фақат яхшилик тилаган, ҳамма нарсага шафқат ва муҳаббат билан муносабатда бўлишга буюрилган,  ягона илоҳий имконият – сўз қудрати билан инсонлар ҳаётига мазмун бахш айлаган шоир шу кўйга тушадими?  Наҳотки ундан ҳавони қизғанишди? Наҳотки…

Манзура опа, бирор нафаси ҳалол дуохон бўлсайди, деди овози титраб. У кейинги кунларда қарийб эрининг аҳволига тушиб қолганга ўхшарди. Ўшандек – эти бориб суякка ёпишган, ўшандек – юз-кўзлари куюк ва дардли, ўшандек синиқ. Хаёлимдан Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ўтди. Шогирди. Даланинг одами. Нафас ололмаётган устозига Кўктош томонлардан, Рангон тоғларидан, азиз-авлиёларнинг марқаду мозорларидан, эрксевар лақай бобомиз Иброҳимбекнинг тулпорлари кишнаган дала-даштлардан устози учун тоза ҳаво олиб келади, деб ўйладим мен. Аммо…

Уч юз олтмиш олти кеча-кундуз энг аламли шеърга айланди ва, назаримда, ўтган асрнинг энг фожиали мусибати содир бўлди. Бир қучоқ устухонга айланган шоирга дунё нафас бермади. Энди қирқ олти ёшга тўлган забардаст чинорнинг улкан япроқлари бир-бир узилди ва қалқиб-қалқиб ерга тўшала бошлади.

Коридорда дуч келган Тоҳир ака «Шавкат ўтибди», деди. «Шоира кетди…»

Мен Ҳофизга қўнғироқ қилдим.

— Кўчага чиқиб туринг. – Доимий асабий овоз титради.

Кўча. Одамлар ўша-ўша шўх-шодон. Қаёққадир шошган, қаёқдандир шошиб келаётган. Кимдир редакцияларга шеър элтяпти ва энг буюк шеър жон таслим қилаётганини билмайди. Кимдир мақоласи қаҳрамони билан суҳбат қурмоқда. Мошиндан тушиб таҳририят биносига йўл олган машҳур танқидчи қатағон қилинган адиблар ҳақида мақолалар ёзади ва у ҳам қаердадир Сибир ёқда, қандайдир ГУЛАГларда эмас, бир чақирим наридаги касалхонада буюк ўзбек шоири жон узаётганини билмайди. Қаёқдан ҳам билсин!

 Есениннинг бир ҳолати эсимга тушди. 1922 йил. Берлин. Есенин Ойдинбоғда М. Горький билан учрашади. Ойдинбоғ айқириб ётибди. Одамларнинг бахтиёр кулгулари атрофни тутган. Ким музқаймоқ шимади, ким алвон пуфагининг бандидан тутиб чопади. Ошиқ-маъшуқларнинг  қайноқ бўсалари.

— Менга, – дейди М. Горький мутлақо руҳсиз Есенинга, – анови ит ҳақидаги шеърингизни айтиб берсангиз. Кучуклари нобуд бўлган ит…

Есенин «Қуёш ўйнар жавдар хирмонда…»  деб бошланувчи ва шафқатсиз соҳиби етти нафар кучугидан жудо қилган она итга бағишлаган маъюс шеърини ўқийди. Россияни ларзага солган шоир мана бу сатрларни ўқиётиб беихтиёр Горькийга назар ташлайди. Буюк пролетар адиби йиғлаётган эди.

Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
Оёқлари толди, уринди.
Том устида қалқиб турган ой
Боласига ўхшаб кўринди…
Шўрлик яна боласин сўраб,
Кўкка боқиб увлади хаста.
Янги ой ҳам аста ғилдираб,
Тушиб кетди уфқдан пастга.
Бечорага эрмаклаб, кулиб
Нон ўрнига отишгандек тош,
Ит кўзидан юлдузлар бўлиб
Қорга оқди томчи-томчи ёш…

 (Эркин Воҳидов таржимаси)

Есенин шеърни тугатиб, Горькийга юзланди:

— Нима дейсиз, шеърият, умуман, менинг шеърларим керакми? Ойдинбоғ Шиллерсиз ҳам маза қилиб яшаяпти.

Буюк пролетар адиби Есенин нималарни назарда тутаётганини биларди. Ҳали шеър таъсиридан қутулмаган адиб ҳеч нарса демади.

Машина йўл четида тўхтади. Орқа ўриндиқда чопон, ҳаракат маромини ўзгартирадиган дастак ёнида бир даста пул.

— Қутулибди, – деди Ҳофиз паришон. –  Мен ҳаётимда бунақа тўғри одамни кўрганим йўқ. Тўғрилик фақт Худога хос экан, бандага эмас…

Шавкат Раҳмоннинг ўлими ҳақида Тоҳир Маликка етиб келган хабар бемаҳал бўлиб чиқди. Ўшанда Шоира (шоирнинг ўртанча қизи)  «Робита» журналида ишлар, Тоҳир Малик журнал бош муҳаррири эди. Шоир оғирлашиб қолган кун кимдир Шоирани зудлик билан касалхонага чақирган. Эҳтимол, бояги совуқ хабарнинг тарқалишига     Шоиранинг таҳририятдан йиғлаб чиқиб кетаётгани сабаб бўлгандир…

Биз касалхонага кириб борганимизда аллақачон дўстлар ўша ерда жам эди. Мирза Кенжабек калима қайтарар, Манзура опа бутун жисмига турли хил тиббий воситалар боғлаб ташланган умр йўлдошининг бошида нима қиларини билмай жонҳалак айланар, қизлар бир бурчакда мунғайиб туришар, духтирлар, дўст-ёрлар, қариндош-уруғлар… Ҳофиз ич чўнтагидан мўъжаз Қуръонни олди ва менга узатди. Мен уни варақладим ва «Ёсин» сурасини топиб, тиловат қила бошладим. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, духтирлар беморнинг аҳволи бироз ўнгланганлигини айтишди ва иёдатга келганларга рухсат беришди. Соат кеч ўнлар эди. Биз қайтдик. Йўл-йўлакай Набижон Боқий аллақандай ноёб дори ҳақида гапира бошлади. Энди қулоқларимга на дори, на дармон кирмас, назаримда, шоир энг сўнгги нафасларини олаётгандек туюларди. Менга сакарот лаҳзалари таниш эди. Бундай пайтда одамнинг нафаси ғарғарага айланади. Жон ҳалқумга келиб, қалдирай бошлайди. Юрак уриб туради, жон томоқ остида лаҳзаларни санайди. Умр чегарасига  довур қалдираб овоз чиқаради. Руҳ танадан жудо бўлиб, мия фаолияти тўхтайди. Жон ўлчаб берилган нафас тугамагунча чиқмайди.

Эрта тонг, соат бешларда телефон жиринглади. Набижон Боқий Шавкат Раҳмоннинг оламдан ўтганлигини айтди.

Шоирнинг Қорасув даҳасидаги бешинчи қаватда жойлашган квартирасида одам гавжум эди. Хона тўрига ётқизилган шоир жасади, ниҳоят, Ҳофиз айтганидек, бу дунёнинг бор ғам-ғуссаларидан қутулиб осуда ва тинч ором оларди. Кимдир айтганидек, буюк тўфон тинганди. Энди ҳаммаси тугади. Ҳаммасига нуқта қўйилди. Бир чеккада Набижон Боқий  ва Иқбол Мирзо қон бўлиб йиғлар, бир чеккада Мирза Кенжабек шоир жисмини Тошкентга дафн этиш ёки Ўшга олиб кетиш тўғрисида баҳслашар, дераза ёнида ётган шоир гўё мана бу сатрларини ўқиётгандек, аммо ҳеч ким бу сатрларни эшитмаётгандек эди:

Айт, эй хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди гужумлар.
Оҳ, вой, мунча йўл оғир,
Булбулим…
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
Нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим – Ўшим кўринди,
Султон – Ўшим кўринди…

Бу унинг энг сўнгги васият шеъри эди. Аммо ҳозир ҳеч ким шеър ҳақида ўйламас, «Худонинг ҳовлиси»ни тарк этган бетакрор ўзбек шоирининг бемаҳал ўлими барчани эс-ҳушдан жудо қилганди.

Шоир Тошкентнинг Қорасув мавзесидаги Яланғочота мозорига дафн этилди. Бутун аҳоли кўчиб чиққандек, одамлар кўчаларга сиғмас, мошинлар саф-қатор бўлиб  Яланғочотага томон йўналди. Гўё осмон, гўё борлиқнинг ўзи мотам тутаётгандек, гўё у севган япроқ ва гиёҳлар, қушлар ва еллар, жажжи-жажжи  болалар, тупроқ ва тошлар, бутун борлиқ мотамга чулғанган, одамлар сафига ошиқаётган, жаноза намозини адо этиш учун масжид саҳнига жам бўлаётгандек туюларди. Муҳташам қабристон улкан музейни эсга солар, турли ёшда дафн этилган марҳумларнинг бюст ва ҳайкаллари, анвойи тусдаги мармарларга ўйиб солинган тасвирлари, сердарахт қабристонни марҳумлар галереясига айлантиргандек эди.

Шавкат Раҳмон оламдан ўтди. Қорасувни бошига кўтариб, «Ўғлимни Ўшга олиб кетаман!», деб йиғлаган она охир қизларнинг раъйига қарши боролмади. Рози бўлди… Не-не улуғларни бағрига олган Тошкент шоирни ўзига чорлади.

Ҳали шоир тириклигида Ёзувчилар уюшмаси ҳавоси тоза, тинч деган мақсадда Дўрмон боғидан дала-ҳовли ажратган эди. Вафотидан кейин дала-ҳовли Раиснинг кўрсатмасига биноан қандайдир вазирга бўшатиб берилди. Ниҳоят, шоир ўлимидан бир йил ўтганидан сўнг чоп этилган «Сайланма»сини тушларида кўра-кўра охират диёрига сафар қилди…

* * *

Адашмасам, 1985 йил эди. «Шарқ» матбаа уйига қарашли муҳташам бинонинг тўққизинчи ё ўнинчи қаватига адабиётимиз келажагига сидқидилдан хизмат қилган давлат раҳбари ва адиб Ш. Рашидовнинг шахсий ташаббуси билан ташкил қилинган, қисқа муддатда ўзбек матбуотининг кўзгусига айланган «Ёшлик» журнали жамланди. Илгари журнал бўлимлари ўн олти қаватли бинога сочиб юбориган эди.  Журналнинг шеърият бўлимини бошқариш ёшлар адабиётининг энг пешқадам вакили, саксонинчи йиллар шеъриятига тоза ҳаво олиб кирган ва ҳақиқатда бадиий ислоҳот дейишга лойиқ кашфиётлар яратаётган Шавкат Раҳмоннинг зиммасига юклатилди. Журнал бош муҳаррири, мумтоз ўзбек шоири Эркин Воҳидов адашмаганди. Устоз шоир ортидан келаётган навқирон авлоднинг ҳамма ҳавас қиладиган бетакрор вакилига бежиз тўхтамаганди. Журнал саҳифаларида ўша пайтда бадиий ислоҳотчилик йўлига  тушган шоирлар ижодига, жаҳон шеъриятининг энг нодир намуналари, янги сюрреалистик оқимнинг турли шакл ва услублари, умуман, янги ўзбек шеъриятига кенг ўрин берила бошлади. Француз, Болтиқбўйи адабиёти, испан ва япон шеъриятидан амалга оширилган энг охирги таржималар ҳам журнал саҳифалари орқали кенг китобхонларга етиб борди. Бугун бордию «Ёшлик» журнали бўлмаганда саксонинчи йиллар адабиёти нақадар ғариб бўлиб қолишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Тошкентга янги келган кезларимиз. Шеърдан бўлак дардимиз йўқ.  Қишлоқда қолиб кетган бола-чақа, эшик-элик, мол-ҳол, азизлар, эл-уруғ – тақдирга ҳавола қилинган. Улар нима билан яшаб, қандай кун кўраётганини Худонинг ўзи билади…

 «Ёшлик» журнали ёшлар адабиётининг меҳробига айланди. Журналнинг талаби қаттиқ. Қилни қирққа ёрадиган нуктадон муҳаррирлар, сўзни минг кўйга соладиган шоирлар, шеърият ҳақидаги мунозара ва баҳслар, давра суҳбатлари… Эҳтимол, етмишинчи-саксонинчи йиллар адабиётининг энг сара намуналари, умуман, мустақиллик учун кураш даври адабиётининг оёққа босиши, ҳеч бир қолипга тўғри келмайдиган исён тўла шеърлар, насрий асарлар ва ўнлаб истеъдодли ёшларнинг адабиётга кириб келишида ҳеч бир нашр «Ёшлик» журналичалик катта рол ўйнамагандир. Ҳамма ана шу «меҳроб»га  бош урган. Шеър ва шоирликнинг мақоми  ҳам «Ёшлик» журналининг мезони билан ўлчанади. Тожикистондан келган биз каби мусофир қаламкашларга бу қадар нуфузли журнал эшигига бориш нима эканинни тасаввур қилиш қийин эмас. Қайси эшикка бош суқсангиз,  ҳечқур бир марта «Қаердансиз?» деб сўраш, албатта, бор. «Ҳаҳ, – дейди қаерданлигингизни билган шўринг қўрғур ичида, –   ўзимизникилар етмай турганди…»  Сира эсимдан чиқмайди. Тошкентга келганимнинг тўртинчи йили эди, чамаси. Шундай тоифа адиблар пайдо бўлдиларки, улар ўзбек адабиётини, албатта, Ўзбекистонда туғилган адибларгина яратиши керак, деб даъво қила бошладилар: «Поездга осилиб келганларга йўл йўқ!» Улар ҳатто ҳазрат Навоий қаердадир Афғонистонда яшаб ўтганлиги ва Ҳирот Тошкентдан хийла узоқ бўлса-да, у зотга бутунтуркий адабиётнинг тамал тошини қўйишларига монелик қилмаганини тушуниб етишмасди. «Маҳаллий қаҳрамон»лар сирасидан, ўнлаб китоблар муаллифи бўлмиш адиблардан бири  кўзларимга тик боқди ва ашаддий душмани билан ниҳоят юзма-юз келгандек:  «Қачон кетасан?» деди нафрати ичига сиғмай. Мен «Қаёққа?» дедим унинг мақсадини сезиб турсам-да. «Ватанингга!..» деди адиб ҳеч андиша қилмай. У негадир ҳатто ижара уйи ҳам йўқ, бола-чақасини қишлоққа қийратиб ташлаб келган мендай бир нотайиннинг сиймосида гўёки унинг ўтирган ўрнини торайтириб қўяёзган оддий мусофирни эмас, нақ босқинчини кўриб тургандек эди. Бунга ўхшаш «Қачон кетасан»ларни кейинчалик яна кўплаб адиб ва шоирлардан эшитдик. Тафаккури маҳаллий доирадан тажовуз қилмаган бундай кимсаларнинг уруғ-аймоқчилиги, «ўзиники»ни кўтар-кўтар қилиб, «бегона»ларни оёқ остига олиб эзғилашлари оддий ҳол эканлигини англаб етиш учун ҳали йигирма-ўттиз йил «бегоналарча» яшаш керак эди. Ва шундай яшадик ҳам… Сут билан кирган бу мудҳиш фожиа – касалликнинг даво топишига менинг кўзим етмайди. Эҳтимол, жисму жони, руҳонияти пок, ўзлигини англаган, ақалли, ҳаммамиз бир Ота, бир Онанинг фарзанди эканлигимизни тушунадиган насллар келар, улар тили бир, наслу насаби бир, ирқи бир, аммо тарих тақозоси билан бошқа-бошқа сарҳадларда яшаётган миллатдошларини юзига тупурмас, уларнинг бетига эшикларини қарсиллатиб ёпмас, кўкрагидан итариб юбормас. Бизнинг ягона миллий фожиамиз худди ана шу – айни зиёлиларнинг маҳаллийчилиги эканлигини англаб етмагунимизча бир одим ҳам илгари босолмаслигимиз аччиқ тарихий ҳақиқатдир.

Хуллас, «Ёшлик» журнали навқирон қалам аҳли топиниб борадиган гўшага айланди. У чоқларда шеър бозори бугунгидан чандон қизғин эди. Ёзувчилар уюшмасида ўтадиган шеърият кечалари байрам тусини оларди. Афишалар, мухлислар, талабалар. Аммо, афсуски, бугун бу гўзал анъаналар йўқолиб кетди. Бугун биров уюшма идораси қаерда жойлашганини билмайди. Уюшма йилда бир мукофот тақсимлайдиган ва йилда бир қур  назр-ниёз тарқатадиган аллақандай хайрия жамғармасига айлангандек.

 Шавкат Раҳмоннинг «Ёшлик» журналига ишга келаганини эшитиб, дўппимизни осмонга отдик ва ҳеч кутдирмай, бир даста шеър билан редакция биносида ҳозир бўлдик. Бугун ўша кунларни ўйлар эканман, ёш қаламкаш учун шеър кўтариб таҳририят остонасидан ҳатлаб ўтиш нақадар машаққат эканлигига яна бир бор иқрор бўлдим. Худо ёрлақаб, остона ортида ўтирган одам шеъру шоирлик билан алоқадор бўлса ва энг муҳими, инсоф-диёнатсиз бўлмаса, хўбу хўб, бордию у шеърни тушида ҳам кўрмаган,  устига устак, ўзига қаттиқ бино қўйган ва таҳририятда ҳам «шоирона» кайфиятда ҳаммага қовоқ уйиб юрадиган тоифалардан бўлса, худо урди. Мен нега бу ҳақда сўзлаяпман? Зотан, ҳали эрта болаликдан таҳририят остонасига қоқилавермоқдан жонбезор бўлган оддий бир қаламкаш сифатида бу нарсанинг қандай машаққат эканини чуқур ҳис қиламан. Сен стол қаршисида қалтираб ўтирасан. Шеърингга истамай назар ташлаб ўтирган совуқ ва камгап одам лоқайдлик билан қоғоз устига кўз югуртириб бўлгач, чўнтагидан сигарет чиқариб лабларига қўндиради. Аммо дабдурустдан чекмайди. Бироз тамшанади. Яна қўлига олади. У ер-бу ерини текислайди, бармоқлари орасида думалатиб кўради, ҳидлайди ва ниҳоят, пов этиб гугурт ёқади ёки бўлмаса, ялтироқ ёндиргичини пориллатади-да, бир кўзини қисиб чуқур нафас олади. Бу таҳририят ходимларига хос ҳолат. Сиз ана шундай сунъий тасқараларга дуч келавермоқдан жондан тўйгансиз ва уларнинг турқини кўрганингиз заҳоти шеърдан ҳам, шоирликдан ҳам кўнгилсиз бўлгансиз. Айниқса, бадмаст шоирлар ҳузурига келган ҳаваскорларнинг аҳволига вой. Уларнинг «буюк»лиги, «бетакрор»лиги, «ягона»лиги ҳақидаги суюқ ва бемаъни даъволари ҳафсалангизни пир қилади.

Мен таҳририят эшиги қошида тин олдим ва  силлиқ ишланган эшикни секин қоқдим. «Киринг», деди ичкаридан алланечук таниш овоз. Дунёда шундай одамлар бўладики, сиз уларни илк марта кўриб турган бўлсангиз ҳам, кўҳна қадрдонлардек туюлади. Уларнинг овози, юз-кўзларидаги иссиқлик сизни ўзидан итариб ташламайди, аксинча, оҳанрабодек  тортади. Шавкат Раҳмонни билганлар уни ғалати, томоғига сирғалганнамо чиққувчи салмоқдор овозини яхши эслашади. Одатда, ўзига қатъий ишонган одамларнинг овозида шундай салмоқ бўлади. Улар овозларини баралла қўйиб, виқор ва ишонч билан гапирадилар. Табиатига кўра Шавкат Раҳмон камгап одам эди ва ҳамма билан очиқ-сочиқ гаплашавермасди. Чеҳрасидаги ажиб дилбарлик хусусида уни илк бор кўрган бошқа миллат кишиларидан ҳам кўп эшитганман.

Хуллас, «Ёшлик» журнали эшигини қоқдим. Шеърий туркумлари ёнида қуюқ сочлари текис таралган, ўткир нигоҳ, юз тузилиши ниҳоятда бежирим  ва негадир ҳамиша оппоқ кўйлак ва галстукда суратга тушгувчи гўзал шоиримни танирдим. Унинг шеърлари аллақачон ўзи ҳақидаги бор гапларни айтиб бўлган эди. Ўша йиллари чоп этилган «Уйғоқ тоғлар», «Гуллаётган тош» китобларининг муаллифи, ҳақиқий шеър устаси, қуйма сатрлар  кашшофи, шеърни ойлаб чайнамасдан бир нафасда тўкиб ташлаш мумкинлигини амалда исбот қила олган, рангнинг сувратини, ҳолат ва манзараларнинг нақшини сўзлар билан аслидагидек тасвирлайдиган, борлиқни кутилмаган, кўрилмаган, бошқа бир олам воситасида акс эттира билган, ҳар қандай ижтимоий дардни лирик фожиавийлик билан қоришиқ ҳолда акс эттирадиган, миллий ўзига хосликнинг янгича усулларини яратган, умуман, шеъриятимизга янги, кутилмаган ҳаво олиб кирган шоир ўрнидан туриб менга пешвоз чиқди. Ҳаётимда бу қадар самимий «таҳририят ходими»ни кўрмаган мендек бир қаламкаш тош қотдим. Бу Шавкат Раҳмоннинг ўзи эди. У худди суратларидаги каби самимий ва ҳаққоний эди. Негадир шундай бўлишини билардим. Одамнинг сурати алдамайди. Кўз  ҳеч нарсани яшира олмайди. Думалоқ юзлари, тиғиз қошлари, доим кулиб турувчи нигоҳи, қуюқ ва текис таралган сочлари, спортчиларникига ўхшаш кенг елкаси, чиройли гавдаси, бежирим кийинишлари, ҳатто оёқларидаги сарғиш чарм туфлиси унинг покиза ва гўзал тийнатидан дарак берарди. Уялинқираб тургувчи кўзлари, хижолатомуз жилмайишлари менга далда бўлди. Одамга елка оша қарайдиган, доҳиёна муомала қиладиган, кўришгиси келган тақдирда ҳам қўлларини шопдек чўзадиган, ўзини мутафаккир эканлигини ҳар бир ҳаракатлари билан тасдиқлаб турувчи, носамимийлиги ҳатто ҳар бир тук сочида уфуриб турган, лаб-лунжларигача кибр-ғурур билан бўялган зотларни кўравериб безор бўлган қаламкаш фавқулодда самимий ва дилкаш одамнинг қаршисида турардим. Менинг шеър олиб келганимни билгач,  қошлари хиёл чимирилди, нигоҳлари ўз-ўзидан жиддийлашди ва стулга ўтиргач:

–  Қани, олиб келган бўлсангиз кўрсатинг! –  деди.

У қораламаларимни узоқ ва ниҳоятда диққат билан ўқиди. Кейинчалик ҳам мен унинг ҳеч қачон ҳеч бир нарсага лоқайдлик билан муносабатда бўлмаслигига иқрор бўлганман. Айниқса, шеърият масаласида у ҳеч ким ва ҳеч нарса билан муроса қила олмасди. Адабиёт  унинг учун ибодатдек муқаддас эканини кейинча англаб етдим. Ниҳоят, у бошини кўтариб:

–  Қаердансиз? – деди. Негадир кўзлари остидан диққат билан тикилиб.

–  Тожикистондан…

–  Агар шеърни деб келган бўлсангиз, майли. Аммо бошқанарса учун келган бўлсангиз… сарсон бўлганингиз қолади. Мен ҳам мусофирман…

      Индамадим. Кўзларим олдида тўрт-бешта шеъримни танлаб  олди ва «Буларини чиқарамиз», деди ўша-ўша оҳангда. Ўзимда йўқ шод эдим. Наҳот, бирданига тўртта-бешта шеърни чиқариш мумкин?! Нега у шеърларнинг бадиий камчиликлари, эстетик талаблари ҳақида гапирмади деб ўйладим. Ахир, бу таомил-ку! Наҳот, эстетика ҳақида сафсата сотмайдиган шоир ҳам бўлса?! Наҳот, бир соат насиҳат қилганидан сўнг, ароқ олиб бермасанг бўлмайди, демайдиган шоирлар ҳам бор?! Наҳот, шеъларингизни ташлаб кетинг, фалон кун, фалон ойда келасиз демайдиган одамни учратиш мумкин?! Ҳайратимнинг чеки йўқ эди. Рости, ўшандан менда бу инсонга нисбатан бир одамий меҳр уйғонди. Тошкентни севиб қолдим. Шундай одамлар яшайдиган шаҳардан ҳайдаб солсалар ҳам кетмайман дедим ўзимга ўзим. На ижараларнинг ижаралиги, на очлик, на ишсизлик, на паспорт билан боғлиқ абадий муаммо, на касаллик, на мусофирлик, на болалар соғинчи, на кампир бувимнинг ташвишлари энди мени йўлдан қайтариб, Кофарниҳон соҳилларига олиб кетолмас эди. Тошкент нон шаҳригина эмас, балки тўғри  одамлар, ҳалол шоирлар яшайдиган шаҳар эди. Мен «Ёшлик» журнали таҳририятига тез-тез қатнай бошладим. Азбаройи шеърларим учун эмас, балки Шавкат Раҳмонни яна бир бор кўриш учун. Бу одатга айланди.  Паспорт билан боғлиқ муаммо ҳал бўлмагани учун ҳали ҳеч қаерда ишламасдим. Баъзан-баъзан Нурали Қобул берадиган таржималарнинг қалам ҳақи ёхуд унинг ўзи конвертга солиб тутқазадиган пул билан тирикчилик қилардим. Кутилмаганда Шерали Жўраевнинг “Оралиқ” кўчасидаги уйига кўчиб ўтдим ва ишларим бироз юришиб кетди. Мен ҳамон «Ёшлик» журналига канда қилмай бориб турардим. Кўп ўтмай журналда шеърларим чоп этилди, аммо Шавкат Раҳмон Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётининг шеърият бўлимига ўша «корхона» директори Эркин Воҳидов томонидан мудир сифатида ишга таклиф қилинди.

Шоир «Ёшлик» журналида амалга ошира бошлаган ниятларини адабиётнинг катта даргоҳида давом эттирди. Нашриётнинг шеърият бўлими ёш шоирларнинг ҳақиқий синов майдонига айланди. «Шоирнинг биринчи китоби» туркуми ташкил қилинди. Жаҳон адабиётининг янги-янги намуналарини таржима қилиб, нашр этиш йўлга қўйилди. Шавкат Раҳмон хира адабиёт намуналари, ўша даврда авжига минган халтурачилик, маҳмаданалик, кўтара минбар шеърлари, бақириқ-чақириқлар, саёз ва савиясизликка қарши ошкора уруш эълон қилди. Шеърлари ҳеч бир таҳририят дарвозасидан қайтмаган ва аллақачон классик бўлиб қолган адиб ва шоирларнинг улкан китоблари янги тузилган Бадиий кенгаш тарафидан қайта «ишлаш учун» қайтариларди,  том-том китоблар чиқарган шоирлар қўлёзмаларини ҳафсала билан ўзлари ўқишга тутиндилар. Таҳририятлар эшигини тепиб очадиган жанговар шоирлар бунга тоқат қила олмасдилар. Улар Шавкат Раҳмонга тўрт томондан ҳужум уюштира бошладилар. Дастлаб беморлик тўшагида ётган Анвар Исроилов номидан «Қишлоқ ҳақиқати» газетасида очиқ хат эълон қилинади. Негадир адабиёт газетасида эмас, қишлоқ ҳаёти билан шуғулланадиган газетада шеърият ҳақидаги мактубнинг босилиши  ғалати эди. Унда шоир инсофсизлик, нохолислик, шеърият ва шоирларни писанд қилмасликда айбланар, боз устига, мактуб узоқ йиллардан буён тўшакка михланган бемор шоир номидан уюштирилган эди. Шеърлари нашрдан қайтган шоирлар бу билан чекланиб қолишмади. Улар Шавкат Раҳмон ижодидан миллатчилик  ғояларини тусмоллаб, турли идораларга гоҳ ошкор, гоҳ яширин хатлар йўллашни авж олдирдилар. Худди шундай мақолалардан бири «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталик газетасида босилади. «Мунаққид-шоир» ўз бўҳтонномасида Шавкат Раҳмонни ошкора миллатчиликда айблар ва шу йўл билан «улуғ миллат» таҳқирланаётганлигига писанда қиларди. Шўролар қиличини қайраб турган пайт. Шавкат Раҳмон билан махсус хизмат идоралари шуғуллана бошлайди. Шоирнинг шеърлари, гўзал истиоралари чиғириқдан ўтказилади. Уни Ёзувчилар уюшмасига таклиф қилишади. Ўша даврнинг машҳур шоирларидан бири унинг «туркона ҳовлилар» иборасига тўхталиб, бу «миллатчилик руҳи»даги ибора остида нима яширинганлиги ҳақида узоқ суриштиради.

Тўрт томонга юборилаётган хатлар ва уларга жавоб ёзмоқдан чарчаган шоир кунлардан бирида шундай деди:

— Майли, нима қилсалар қилишаверсин. Бизга бир кор-ҳол бўлса, сизлар бор-ку…

Ўшанда ҳаво намчил ва туманли эди, биз Навоий кўчасидаги нашриётлар уйига кираверишда ҳайбатли устунлари остида турардик. Шоир ғамгин ва камгап эди. У одатдагидек ерга қараб юрар, аҳён-аҳён бошини кўтариб диққат билан суҳбатга қулоқ тутарди. Шавкат Раҳмоннинг мудом ерга қараб хаёл суриб юриши, энгил-бошидаги  саришталик, камгаплиги, минбарларга чиқиб мушти билан тилини барорбар ишлатиш одатлари йўқ эди. «Ириллаб шеър ўқиш» иборасини биринчи марта Шавкат Раҳмон қўллади. Ҳақиқатда, саҳнага чиқиб олгач, оламни бузиб юборадиган важоҳат билан шеър ўқувчи шоирлар ичида яшаб, фақат хомушликнигина ихтиёр қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шоир ўша сўзларни айтгач,  босиб-босиб сигарет торта бошлади. Ҳар бир сўзидан иллат қидиришга тушган кимсаларнинг кун сайин авжига минаётган тазйиқларидан толаётганлиги шундоқ юз-кўзларидан билиниб турарди.

— Сизлар тугилган муштдек бир бўлишларинг керак.      Ўзаро нифоқ, ихтилофнинг баҳридан ўтинглар. Адабиёт –  миллатнинг иши. Унда маҳаллийчилик, тасодифий ҳодисалар бўлмайди. Биргина бемаъни китобнинг зарари миллат учун юз йилларга татигувлик фожиага айланиши мумкин.

Ўшанда мен шоирнинг халтурачилик ва сохта адабиётга тиш-тирноғи билан қарши туришининг сабабини англаб етгандек бўлдим. Бугун айниқса «сариқ адабиёт» бало-қазодек бостириб келган кунларда Шавкат Раҳмоннинг ўрни шу қадар билинмоқдаки! Қаранг, адиб ва адабиётнинг чегараси қолмади. Пул, маблағи бор каслар бугун энг истеъдодли одамларни мардикорликка ёллаб ҳам китоб чиқаришмоқда. Болалари учун нон истаб юрган адиблар улар берадиган «сариқ чақа» учун адабиётимиз тарихида ҳеч қачон кузатилмаган қабоҳатга қўл урмоқдалар.

 Шавкат Раҳмон адабиёт учун ҳамма нарсани бўйнига олган шоир эди. Ғаламисларнинг таҳдид ва тазйиқларидан ортга чекинадиган, қўрқиб, талвасага тушадиганлар тоифадан эмасди. Ҳақиқий адабиёт қурбонларсиз бўлмаслигини дил-дилдан ҳис қилган шоир ортга қайтишни, муросага боришни истамасди. Зотан, ўртада миллат учун ҳамиша қисмат вазифасини ўтовчи Ватан Адабиёти турарди. Ватанга тўғри, ҳаққоний, халқ адабиёти керак эди. Шавкат Раҳмон шеърни қасидабозлик, шармандали хушомадбозлик, тамагирлик, лаганбардорлик, ўткинчи сиёсий ўйинларга қурбон келтиришлардан асраб қолишга ҳаракат қилган ва бу йўлда кўп нарсага эришган бармоқ билан санарли ўзбек шоирларидан эди. Шоир деярли мақола ёзган эмас (Ўш воқеалари муносабати билан ёзган мақоласини истисно қилганда. Бу ҳақда кейинроқ сўз юритамиз). Аммо «Ватан» газетасининг 1992 йил 14-22 июль сонида эълон қилинган суҳбатда у шундай деган эди: «Миллатимнинг яхши ўғилларини, қизларини кўрсам, кайфиятим кўтарилади. Гарчи миллатнинг оёқларига қараб эмас, миллатнинг бошига қараб фикрлашга ўрганган бўлсам ҳам, баъзан ич-ичимдан ўкинчлар, ғазаблар оқиб келадиган пайтлар бўлади. Чунки миллатпарварлик, баланд ғоялар ва бу ғоя бугунги адабиётнинг етакчи мавзусига айланмоғи, ҳар бир ватандошимизда миллатпарварлик туйғусини уйғотмоғи зарур…» Адабиёт ва адиблик масъулиятини ана шундай англаган ва бу ғояга садоқат билан хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб  билган Шавкат Раҳмон ўзидан ҳам, бошқа қаламкаш дўстларидан ҳам шуни талаб қиларди. Жаҳон адабиётининг порлоқ сиймоларидан бири Федерико Гарсиа Лорка шеърларини аслидан ўзбек тилига ўгириб, қатор-қатор бетакрор шеърий инжулар яратган шоир ҳали адабиётга етарлича хизмат қилмадик, деб ўкинар, ҳеч қачон катта даъволар қилмасди. Унинг тийнатига даъвогарлик, буюкпарастлик, шуҳратга ҳарислик батамом ёт эди. У ўз авлодининг ютуқ ва камчиликларини рўй-рост айта оларди. Миллий истиқлол учун курашнинг олдинги  сафида турган, тил ва тарихни оёқ ости бўлишдан асрашга бел боғлаган, халқимизнинг топталган  ҳақ-ҳуқуқини қайтариб беришга чоғланган, империянинг разил ўйинларини фош этиш, миллатни пахта қуллигидан халос қилиш, болалар ва аёллар ўлими, миллий қадриятларнинг камситилиши каби халқимиз бошида қилич қайраб турган муаммоларга жавоб қидирган шоир ўз авлодининг нималарга қодир ва нималарда ожиз эканлигини яшириб ўтирмасди. У ёзади: «Мен мансуб бўлган авлоднинг кучли томони дадил фикр билан чиққанида, ожиз томони эса, шу фикрни ҳимоя қилишда собитликнинг етишмаслигида бўлса керак… Мен мансуб авлод ҳали ўз вазифасини тўлиқ бажаргани йўқ…» Шоир ўз авлоди ва улардан кейин келаётган қалам аҳлининг қисматига ҳам бефарқ эмасди: «Истардимки, бу беғараз авлод ўзлари сиғинган ғояларини, байроқларини нопокларга бериб қўймасин! Акс ҳолда, ҳар қандай баланд ғоя, ҳар қандай муқаддас байроқ кирланиб, инсонларни яхши амаллар йўлида бирлаштиришдай буюк қувватдан маҳрум бўлади. Бундан эса, Худо асрасин!»

Бугун ўша саксонинчи йилларнинг охири, тўқсонинчи йилларнинг бошида мамлакатимизда содир бўлган воқеалар хусусида ўйлар экансиз, миллатимиз чинакам фожиалар домидан эсон-омон ўтиб олганини ҳис қиласиз. 1985 йилдан бошланган қатағоннинг янги оқими минг-минглаб ўзбек хонадонининг шўрини қуритишга қаратилган мустамлака сиёсати эканлиги, бу сиёсат миллат умуртқасини яна юз йилларга синдириб юборишни мақсад қилганлигини англаш қийин эмас. Миллий урф-одатларга қарши бошланган ошкора тажовуз, Масковдаги Бутирка ва Лефортово қамоқхоналарига судраб олиб кетилаётган деҳқонлар ва генераллар, парчаланиб, кунфаякун бўлаёзган шўролар давлатининг ўлим олди талвасаси эди. Ағдарилиб, мангуга йўқ бўлаётган империяни «Жез отлиқ» сувратида тасаввур қилган шоир ёзади:

Ҳамон улуғ келбат,
ҳамон боши тик,
ҳамон тоғни бўлар қиличин зарби,
қутурган бу ҳанги айғир-да тетик,
дунёга ташланар кўзи оч ҳарбий

Кўзингиз ўнгида Санкт-Петербург майдонида савлат тўкиб турган ва Осиёни буткул расво қилган, юзлаб миллатларнинг ёстиғини қуритган Биринчи Пётр жонланади. Унинг такаббурона келбати, остидаги «қутурган ҳанги айғир» қилмишлари кўламига мос. Бутун мақсади, ўй-хаёли босқинчилик бўлган «кўзи оч ҳарбий» дунёга ташланмоқда. Шоирнинг ўткир мажозий тили замирида босқинчи қутурган ит, оч қашқирдек жонланади:

Икки юз йилдирки
улашиб шўриш,
мағлублар бошида қаҳқаҳа отар,
ҳаттоки мангу эрк тимсоли бўлмиш
осмон ҳам кўникиб қолди бу зотга.

Биринчи Пётрнинг тажовузкорона юриши ХVIII асрдан, у Русияни буюк империя деб эълон қилган кунидан бошланган эди. Шимолу Шарққа қараб ўз сарҳадларини кенгайтириб борган империячилар йўлларида учраган жамийки мавжудотни зеру забар қилдилар, не-не миллатлар, ирқлар, тиллар йўқ қилинди. Бугун ҳатто отасининг исмини унутган қавмлар ўша йўқ бўлган миллатларнинг уруғ-аймоқларидир. Шоир икки юз йилдан буён дунёга ғавғо улашиб, мағлуб этилган халқлар мазори устида даҳшатли қаҳқаҳа отаётган «жез отлиқ»нинг қилмишларига «мангу эрк тимсоли» бўлган осмон ҳам бўйин товламай кўникиб қолганлигини изтироб билан баён қилади. Ғорат қилинган миллат ва халқларнинг тақдирига бефарқ бўлиб қолган осмон остида «жез отлиқ» содир қилган ваҳшониятнинг чек-чегараси йўқ. У инсоният бошига битилган ҳақиқий бало, офат.

Озми бу денгизлар,
озми бу ерлар,         
озми тожларини узатган юртлар,
ўз қонин симириб чириган эрлар,
бойланган ҳурлару таланган дурлар.
Туёқлар янчмаган нималар қолди?
Айтарми қайтадан тирилган ёдлар.
Турондай сарғаймиш от пешобидан
Самовий хитоблар,
Азиз китоблар.

Ер юзида на денгиз, на дарёлар қолди. Улар ҳамма нарсани «оналарининг маҳри»га айлантирдилар. Отлиқнинг туёғи етган ерки бор, унинг қонли тасарруфига ўтди. Отлиққа шаън-шавкатли империя керак. Империя – бу ўлим кошонаси. Унинг қўрғонлари ичида зиндонлар, дорлар, қуллар, жаллодлар ва маҳрамлар бор. Империя – бу оёқ остига йиқилган бошлар салтанати, тўшалган тожлар, тақдим қилинган «ҳурлар» ва «дурлар», ҳарамлар, канизаклар, молу дунёлар… Отлиқ дунёга ов қилгани келган. Унинг туёқлари остида нималар топталиб ётгани билан иши йўқ.

Шоирнинг аёвсиз тили энг қалтис мажозга мурожаат қилади ва дейди: отлиқ айғирининг пешоби борлиқни кўмиб ташлади. Бу қуритгувчи, қақшатгувчи ҳаром сувдан борлиқ куйиб-жизғанакка айланди ва дунёнинг илоҳий дастурлари бўлмиш муқаддас китоблар «Турондай сарғайди». Ўлимнинг ҳалокатвор тасвири, кўз ўнгингизда пешобга чўмилаётган зангор водийлар, булғанган муқаддаслар, итларга таланган ҳурлар намоён бўлади. «Жез отлиқ»нинг дастидан эллар, юртлар бедодга келган, у қаерга бормасин, қаёққа аёвсиз туёқларини ташламасин фақат ва фақат қора кунларни олиб келади. Шоир «жез отлиқ»нинг сурункасига икки юз йилдан буён давом этаётган «шўриш»и ниҳоят одам фарзандларини қаттиқ ҳолдан тойдирганини баён қиларкан, хитоб қилади:

Бас, телва сувори,
ҳаддингдан ошма,
қутурган айғирнинг жиловини торт,
икки юз йилларки эллар бошида
туёғини қайрар бу даҳшатли от…
Жез отлиқ ўзини уради ҳар ён –
Машъум салтанатнинг соҳибқирони,
Чайқалар буғилган бир баҳри фарёд,
Бўридай эргашар эл интиқоми.

Империя сўнгги онларини яшамоқда. Ҳар ненинг ниҳояси бўлганидек, жез от ва  аёвсиз суворийнинг ҳам умри саноқли. Икки юз йил қон баҳри гулдираб оқди, икки юз йил миллатлар мозористони кенгая борди. Етар.

Шоир «телба» сўзини атай «телва» тарзида қўллайди, чунки оддий туронликлар тилида «телба» «телва» шаклида истифода  қилинади. Модомики, гап оддий халқ ҳақида бораётган экан, унинг шевасида гапирган маъқулроқ туюлади. Бу ҳол, умуман, Шавкат Раҳмон шеъриятига хос ҳодиса. У кутилмаган мажозлар қатори жуда кам истифода этиладиган гавҳар сўзларни топиб, уни маҳзун сатрлари орасига киритишни суяди. Ижтимоий-сиёсий мавзу азалдан шеъриятда бор ҳодиса. Шоирлар ҳамиша даврнинг муҳим ҳодисаларига ўз муносабатларини билдирганлар. Шеърда ижтимоий мавзуни қўллашнинг турли услублари бор. Ўзбек шоирлари муайян замонларда бу мавзуга ўзига хос тарзда мурожаат қилганлар. Масалан, коллективлаштириш авжига минган ва адабиёт сиёсий ҳаётнинг ажралмас бир жузвига айланган йилларда муҳим воқеларни баланд пардаларда тараннум этиш бора-бора  адабий услубларнинг заифлашишига олиб келди. Адабиёт сиёсат арбобларининг дидига мослаша борди ва натижада ўзининг асл қиёфасидан маҳрум бўлаёзди.

 «Жез отлиқ»  мазмунан сиёсий шеър. У икки юз йилдан буён давом этиб келаётган Русиянинг мустамлака сиёсатига қарши қаратилган. Аммо бу шоирнинг шунчаки норозилик баённомаси эмас. Баённомалар билдириш адабиётнинг вазифасига кирмайди. Сиз Петербургнинг қандайдир майдонида ҳайбат солиб турган «жез отлиқ»ни тасаввур қиласиз ва кўз ўнгингизда тарихий панорама жонланади. Тулпорлар туёғининг гумбурлаши,  қиличларнинг жаранги, совут кийган лашкарлар, уларнинг ваҳший нигоҳлари. Манзара тобора кенгая бориб, ниҳоят, шундай миқёсга етадики, гўё борлиқ бу йиртқич отнинг пешобига чўмилиб ётган сап-сариқ ҳовузга айланади. Шеърий сатрларнинг қуйма оҳанги, кутилмаган ташбиҳ ва истиоралар манзарани тўлиқ тасаввур қилишингизга кўмаклашади. Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида яратилган бу шеър Шавкат Раҳмоннинг империя таназзули ҳақидаги ўзига хос башорати эди, десак муболаға бўлмайди.

 …Саҳрода кўринар тағин Тўмарис,
тағин бир қўзғатар сабр тошини,
бу сафар мешгамас,
қон денгизига
отар бу зобитнинг оғир бошини

Бу – Шавкат Раҳмоннинг шеърий башорати эди. Империя пойтахтида яшаб кўрган шоир унинг нималарга қодир эканини яхши биларди.  У миллатининг тўмарислар каби ўлмас руҳи қўзғолиб бир кун икки юз йил чўзилган бу асоратдан халос этишига ишонарди. Фақат шундай руҳгина руҳсиз жасаддангина иборат «жез отлиқ»ларни мағлуб қилишини чуқур ҳис қилган шоир унинг муқаррар ҳалокати ҳақида хабар беради. Миллатнинг тўмарисона руҳи бу «зобит»нинг тошдек зил-замбил бошини мешга эмас, балки унинг ўзи яратган сўнгги йўқ қон денгизига улоқтириб ташлайди.

Ватанга, унинг ҳар зарра тупроғига фитрий муҳаббат ва эътиқод Шавкат Раҳмон шеърларининг бош фазилати бўлиб қолди. Шоир охирги лаҳзаларигача буюк Туркистон бирлигини орзу қилиб яшади. Юқорида эслатилган суҳбатда у шундай деган эди: «Атиги беш-ўн йил илгари мафкурачилар Туркистон ғоясини ўлик ғоя деб тарғиб қилардилар. Биз бу муҳтарам акахонлар ўз халқига, ватанига шу қадар зарар бериш санъатини қаердан, қандай қилиб ўрганиб олдилар экан, деб ажабланардик. Вақт ҳар бир нарсани ўз жойига қўяди. Сунъий аралашувдан бузилган қадриятлар аслиятига қайтади. Янги иқтисодий, сиёсий шароитда қадим Туркистон ўлкасининг қариндош халқлари бир-бирларига астойдил талпина бошлади. Беш республиканинг кучли зиёлилари бошини қовуштириш орқали бошқа  соҳаларни ҳам яқинлаштиришни шароит талаб қилиб турибди. Ички ва ташқи сиёсатнинг мувофиқлаштирилиши, нарх-наво, солиқ, бож сиёсати, коммуникация, умумий чегара, бирлашган армияга доир масалалар ҳал қилинса, Туркистон ўлкасида азалдан истиқомат қилаётган халқларнинг туб манфаатларига мос келмайдими? Хитой билан Россия оралиғида пировард натижада ҳар томонлама ривожланган, ўзининг илғор, инсонпарвар сиёсати билан жаҳон ҳамжамиятига таъсир қила оладиган ягона сиёсий маконнинг барпо бўлишидан ҳаммамиз манфаатдормиз».

Буюк Турон кенгликларида
кўмилиб ётибди ҳадсиз хазина,
кўмилиб ётибди йиллар қаърида
хазинага туташ саноқсиз зина…
Адашдим,
руҳимда парокандалик
кўп сирли асрлар шабистонида
кезгандай бўламан азиз битиклар,
донишманд элларнинг қабристонида…

Ватан тушунчаси куни кечага довур шу қадар мавҳум эдики, унинг сарҳадини белгилаб олиш учун шоирлар ҳам жуғрофий атамаларни қалаштиришдан нарига ўтмасдилар: «Хадрадан Арбатгача, Ўшдан тортиб то Сибир, Бутун сайёра бўйлаб бўй таратган муаттар, Шу Ватан бизникидир, шу Ватан бизникидир…»  Асл Ватан тушунчаси ўлиб бормоқда эди. Шоир «буюк Турон кенгликларида» дафн этилган ҳад-ҳисобсиз миллий «хазина»ларни қидиради. Аммо улар шу қадар чуқурликка дафн этилганки, сон-саноқсиз зиналар билан унга томон тушилади. Бу хазина – пароканда қилиб ташланган Туроннинг шонли ўтмиши, унинг яловбардор, туғбардор халқи, дунё халқларига сабоқ берган донишмандлари, маърифати ва маданияти. Ўтмиш агар тарих нуқтаи назаридан баҳо берадиган бўлсак жуда нисбий тушунча. Биз уни оддий қоғозларга қайд қилинган «материал» сифатида қабул қилишга ўрганиб қолганмиз. Аслида, у жонли вужуд бўлиб, ҳали-ҳануз қони силқиб турибди. Уни на яшириб бўлади, на йўқотиб. Танангиздан силқиб оқиб турган қонга эътиборсиз бўлишингиз мумкинми? Худди шу жароҳатини унутган халқлар бора-бора ўз вужуди узвидан айрилади; яъни, ниҳоят, у чирий бошлайди ва кесиб ташланади. Тарихсизлик, хотирасизлик шу нуқтадан бошланади. Шоир худди мозийга бефарқлик ва лоқайдлик туфайли келиб чиққан кулфатлардан огоҳ этади:

Халқлар инжуларни ўтмишларидан
зарралаб-зарралаб терган пайтида
биз ногоҳ шамолда очилиб қолган
қанча жавоҳирни кўмдик қайтадан.
Бу қуллик белгиси
ёки кўрликми,
ё банди бўлдикми ҳирс, тамаларга,
ўзгага тутдикми жавҳар ўзликни,
қўрқдикми одамхўр маҳкамалардан?!

Мутараққий халқлар ўз тарихлари ва тарихий хотиралари туфайли инсоният тараққиётининг баланд зиналарига чиқиб олдилар. Улар ўзиникини бировга садақа қилмадилар, бировникини ўзники қилмадилар. Ўғирланган шон-шуҳрат билан узоққа бориш мумкин эмас экан. Бугун дунё хазиналарига сочилиб кетган буюк Туркистон тарихи, унинг муқаддаслари ҳақида сўз юритган тарихчилар ёқаларини тутиб қолмоқдалар. Бу тажовуз ва ўғриликнинг умумдунёвий сувратига қаранг. Бир одамнинг чўнтагига қўл тиққан киссавур умрининг фалон қисмини авахтада ўтказса-ю, бутун миллат тарихини талаб кетган ўғрилар уларни ўз сандиқларида сақласалар. Мана бу рақамларга эътибор беринг-а: Нью-Йоркдаги «Метрополитен» музейида темурийлар даврига оид қуйидаги тарихий ашёлар (уларнинг таъбири билан айтганда, экспонатлар) сақланмоқда: медальон, муҳр, пичоқ, ханжар, олтин ва кумушдан ясалган, қимматбаҳо тошлар билан безатилган қилич дастаси, бронзадан ишланган кўзачалар, олтиндан ясалган узуклар, билакузуклар. Улуғбек Кўрагоний деб ёзилган, нефритдан ишланган кўзалар ва бошқа буюмлар. Бостон музейида: патнис, қадаҳлар, вазалар, кўзалар, сиёҳдонлар ва калит. Буюк Британия музейида: инглиз қироли Генрих IVнинг Амир Темурга ва Мироншоҳга юборган мактублари нусхалари. Франциянинг Лувр музейида: Амир Темурнинг Карл IVга йўллаган икки мактуби, исфаҳонлик уста Изаиддин ибн Тожиддин ясаган бронза шамдонлар (1397). Россия, Санкт-Петербург Давлат эрмитажида:  Темурнинг ўғли Мироншоҳ  номи ёзилган узук, Шоҳрухнинг хотини – Улуғбекнинг онаси Гавҳаршодбегимнинг муҳри… Бу рўйхатни истаганча давом эттириш мумкин.

Ватаним дейман-у, бағрим қон бўлар,
Бу қандай ватанки,
Хоки бирикмас.
Буюк Турон кенгликларида
уруғлар бир-бирин еди тириклай.
Бу қандай ватанки,
шоҳизиндалар
бир ғариб элининг орини сотса,
шоирлар салтанат зиналарида
мансабу мартаба тиланиб ётса.
Эй сиз, адашганлар…
Элнинг қонида
наҳотки самовий чечаклар сўлган!
Илож қолмадими жанг майдонида
Оллоҳу акбар деб ўлишдан бўлак?..

Тарихий тарққиёт, миллий маърифат кўзларини кўр қилган ҳодиса – ихтилоф, ўзаро душманлик, туққан-туғишганларнинг адовати, танглик ва торлик, бойлик, молу дунё учун муросасиз кураш, тожу тахт, давлату сарват учун олиб борилган жангу жадаллар. Буюк Туроннинг мудҳиш фожиаси шу!.. Тақдир тақозоси билан ватанга соҳиб  чиқиб қолган шоҳу шаҳзодалар, амиру умаро, хону хоқонлар билибми-билмайми, халқ тақдирини от жиловини кенг саҳрода истаган томонга буриб солгандек ҳал қилдилар Улар учун миллат ва халқ тақдири ҳарам ва ётоқхона оралиғида ҳал қилинадиган шаҳвоний ҳодисадан ўзга нарса эмас эди. Ана шунинг учун олим ва фозиллар, шоир ва адиблар уларнинг остонасида парча нонга зор қилинди, фақат илоҳий ҳақиқатни ёзишга буюрилган қалам уларнинг оёқларини ялашга, тўпиғларини ҳидлашга бошлади. Тарихлар «фалоннома» ва «писмадоннома»лардан нарига ўтмади. Иблислар малакка, итлар қўйга, қашқирлар жайронга айлантирилди. 

Эй элим,
қачондир бир гала бедил
кўксингдан дилингни суғурган маҳал
нега шол юзингни бурдинг тескари,
нега тирик қолдинг ичмасдан заҳар?!

Эл-юрт қисмати отнинг охирги туёқлари, аслида, аз-азал итнинг кейинги оёғи эди, холос. Аммо нега бу халқнинг бошига мудом кўргиликлар тоши ёғилиши керак?  Нега у ўзиникига ҳам, ўзгага ҳам фақат қул бўлиши керак? Сабаби: «қачондир бир гала бедил» унинг кўксидан қалбини юлиб олган! Шоирнинг алам-изтироби шундан. Кўнгли суғуриб ташланган халқ билан қандай яшаш мумкин? Ахир, у тўда, гуруҳ, қабила, эмас, халқ! Хазиналари талон-тарож қилинган, ташиб кетилган, ўғриланган, топталган, маънан ва руҳан ахта қилинган. Хазиналарини топиб бориш учун ер қаърига сон-саноқсиз зиналар оша тушиши керак.

Шавкат Раҳмон ҳаётининг сўнгги лаҳзаларигача  бир жумбоқни ечишга уринди, бедаво дард оёқ-қўлларини кишанлаб, бир қултум ҳавога муҳтож қилиб қўйганда ҳам ана шу ниятидан қайтмади ва бу ечувсиз муаммони ўзи билан тупроққа олиб кетди. Муаммо – Шарқнинг бир-бирига қон-қардош халқлари ўртасидаги сунъий тўсиқлар, сунъий бегоналик эди. Ўша пайтда қўлига тушган қандайдир англаб бўлмас исм (Р. Масов: муаллиф изоҳи) соҳибининг «Болта билан каллаклаш» китобини ўқиб чиққач, маҳаллий муаллифнинг майда миллатчилигидан шу қадар изтиробга тушган эдики, хийла маҳалгача ўзига кела олмай қийналиб юрди. Тийнати пок шоир оддий қаламкашнинг тирик ва ҳаққоний фикрларидан ёш боладек қувонар, том-том китоб чиқариб, миллат ва ватан туйғусини мансаб-мартаба учун қурбон келтирадиган, бутун ижодини мукофот даъвосига тиккан, мой унадиган  воситаларнинг ҳамма нуқтасига пахта қўйиб юрадиган хоин шоирлардан жирканар, адабиётни ҳалоллик ва софлик майдони деб англар, шу ғояга ҳаётини тикканди. Шавкат Раҳмоннинг муросасизлиги, ҳар нечук пасткашлик ва мунофиқлик билан мутлақо чиқишолмаслиги унинг ҳар бир сатрида, ўша сатрларда уфуриб турган валиёна нафасида, шеърларининг гоҳ кўтарилиб, гоҳ яна шиддат билан пастга энгувчи оҳангида, гоҳ фожеий, гоҳ жанговар айқириқларида, ҳар бир бўғинида, баъзан оч, баъзан тўқ қофияларида баралла сезилиб туради. Шавкат Раҳмон шеърияти зарб шеърияти, юрак титроғи, тафаккур шуълаларидан қуйилган шеърият. Одатда, бир сатр шеърни ойлаб ёзадиган, бир сўз ё иборани ойлаб тусмоллаб қидирадиган, луғат титкилайдиган шоирлар бор. Бу ҳолни улар ўзлари  эътироф этадилар. Эҳтироси сўниб, илҳоми тош қотиб бўлганидан сўнг, орадан бир ой ўтиб, ниҳоят, топиб олган сўзини шеърга ёпиштирадиган шоирлар Шавкат Раҳмон шеърларини тушунмайдилар. Бу шеърият ҳеч муболағасиз фақат турк-ўзбек адабиётдагина эмас, жаҳон адабиётида ҳам том маънодаги янгилик эди. Аммо, афсуски, Шавкат Раҳмоннинг вафотига ўн йил тўлаёзган бўлишига қарамай (Асқар Маҳкам бу эссени 2005 йилда ёзган: муҳаррир изоҳи)  бу бетакрор шоир ижоди ҳақида на адабиётшунослик, на мунаққидлар лом-мим демадилар. Аслида ҳам Шавкат Раҳмон ижоди ҳеч кимнинг назар-эътиборига муҳтож эмас. Муҳтожлар мунаққид ҳам топадилар, адабиётшуносликни ҳам ялпи ёллай оладилар. Керак бўлса,  улар ҳақида китоблар ёзилиб, тадқиқотлар олиб борилади.

Саксонинчи йиллар шеърияти ўзбек адабиётида махсус даврни ташкил қилади. Октябр инқилоби билан бошланиб тарихни терс айлантирган ва қарийб бир аср давом этган мустамлака шароитида яшаган халқлар ўтган асрнинг сўнгги ўн йилликларидан бошлаб бу ҳолга ортиқ дош бера олмасликларини англаб етдилар. Ер куррасининг олтидан бир қисмида яратилган поёнсиз ГУЛАГнинг умр шоми яқин келмоқда эди. Ўша йиллар Масковда ўқиб келган бир гуруҳ ўзбек ижодкорлари бу ҳодисани «ичкари»да ҳамон «Ватаним СССР, гулшаним СССР» деб шеър ёзиб юрган шоирлардан кўра чуқурроқ ҳис қилардилар. Саксонинчи йиллар шеърияти ғоявий ўзгаришларни бошлаб берган давргина бўлмай, у шеърда шаклий ўзгаришлар ясаган давр бўлди. Шеърият минбардан пастга тушиб, одамларнинг бевосита ўзи билан мулоқот қилишга киришди. Кескин шаклий тажрибалар билан бирга бошланган сиёсий курашлар даврнинг энг долзарб масалаларини майдонга олиб чиқа бошлади. Худди шу даврнинг қайноқ қозонида пишиб етилган шоирларнинг тўнғич бўғинида Шавкат Раҳмоннинг ҳам номи бор эди. Шавкат Раҳмон шеъриятга нима олиб кирди? Унинг шеърлари ўз салафлари ва тенгдош шоирлар шеъридан нимаси билан фарқланарди? Шавкат Раҳмон ижодининг саксонинчи йиллар адабиётидаги мавқеи қандай эди? Шоир шеъриятининг кейинги бўғин шеъриятига таъсири нималарда кўзга ташланарди  қабилида савол қўйиладиган бўлса, унда қуйидаги манзара ҳосил бўлади: ғоявий жиҳатдан  Шавкат Раҳмон шеърияти муросасиз шеъриятдир. Бу шеърият содир бўлажак инқилобий ҳодисаларнинг худайчиси сифатида мустамлака зулми остида эзилган халқимизнинг фожиали аҳволини кескин очиб ташлади ва уни аёвсиз  танқид остига олди. Бироқ бу танқид фақат «падарингга лаънат»дан иборат бўлмай, ўта таъсирчан ва бетакрор тилда ифодаланган жонли, тирик шеърлардан иборат эди. Шавкат Раҳмон мустамлаканинг туб сабабларини очиб ташлар экан (бунга юқорида қисман гувоҳ бўлдик), тарихийлик мезонига қатъий амал қилади. Яъни, тарих саҳнасида миллат ва халқ нималарда ижобий ва нималарда ўта салбий рол ўйнади? Тарихнинг яратувчиси бўлмиш халқнинг миллий тарих олдидаги масъулияти нималардан иборат бўлиши керак эди? У, энг аввало, ана шу саволларга жавоб ахтарди. Миллат бахтсизлигининг ички омиллари нималарда эканлигини кўра билди ва уни шаффоф поэтик тил билан ифодалай олди. Шакл жиҳатидан Шавкат Раҳмон шеърияти анъанавий бўғиннинг батамом янгича кўриниши эди. Унинг шеърларида турдош ҳарфлар билан бошланувчи сатрлар, тутиқ белгиси, сатрларни синдириш ва шу билан шаклнинг таъсирчанлигини ошириш, воқеабандлик, энг муҳими, баланд, жўшқин эҳтироснинг синтези яққол кўзга ташланади. Шоирнинг бирор сатрини лоқайд ёхуд шунчаки дафтарга қайд қилиш учун ўқиб бўлмайди. Аслида ҳам Шавкат Раҳмон шеърлари оғир ўқилади. У ўта бурро тилни тақоза қилади. Силлиқ ишқий шеърларни, баландпарвоз қасидаларни ўқишга мослашган тиллар бу шеърий сатрларни талаффуз қилишда бир неча марта тилини «синдириши» лозим бўлади. Шунинг учун Шавкат Раҳмоннинг тўрт қатор шеъри ҳам на замонавий, на эстрада, на мумтоз қўшиқчилар томонидан куйга солинган эмас. Бу шеъриятга хос бастакор ва хос овоз керак. Агар Шавкат Раҳмон шеърлари асосида тасвирий санъат асари яратилса, у Сальвадор Далининг эмас, эҳтимол, Ван Гогнинг манзараларига ўхшаб кетган бўларди. Агар Шавкат Раҳмоннинг шеърияти асосида мусиқа ёзилса, у шубҳасиз Бетховен  мусиқаларига ўхшаш бўларди. Агар бордию уни ижро этиш лозим бўлганда фақат Паганини ижро этиши мумкин эди, холос. Зотан, ўта миллий шоиримиз энг гўзал умуминсоний ғояларнинг бетакрор мусаннифи эди. Сиз, агар шеърий дид ва фаросатингизга шубҳа қилмасангиз, мана бу сатрларга эътибор беринг-а:

Дунёга сиғмадим,
сиғмади дунё
ғурбатдан торайган табиатимга,
қоп-қора чечакдай сочилмиш хулё
жўмардлар кўмилган тариқатимга.

Дунёга сиғмаслик ва дунёнинг  инсон табиатига сиғмаслиги буюк руҳлар оламида кечадиган тазод ҳолат. Дунёга сиғмаслик – унинг кенг бағрида тордан-тор, майдадан-майда кимсаларнинг яшаётганлигидан, бу кимсалардан ўтиб юқорироқ ва кенгроққа назар соладиган бўлсангиз, гувоҳ бўладиган манзарангиз ундан-да даҳшатли.  Бундай дунёга сиғмаган одамнинг табиати дунёни сиғдира олмайди. Сатрлар оқимининг қуйилиб келиши тонгги шабадага, тунги дарёлар товушига, ой ва юлдузларнинг сокин сузишига менгзайди. Шеър юракдан қуйилиб келмоқда, шоир кандакордек қўлига пойтеша олиб сўзларни чопмайди, уларнинг оёқ-қўлини каллакламайди. Эҳтироснинг ўзи сатрларни ясайди, сатрлар ичида сўзлар эса ўзини ўзи топиб келади:

Майлига, 
чечаклар  қоп-қора бўлсин,
йиқитса, шу йўлда йиқитсин тақдир,
қуртлаган истаклар шуъласи сўлсин,
худойим сийлаган ҳурлигим яхши.

Шоирнинг «жўмардлар кўмилган тариқати» нима? Тариқат йўлида фақат худонинг мардлари – валийуллоҳлар юради. Тариқат аҳли мардлар, солиҳлар, сиддиқлар, поксириштлар. Бу тариқат бугун жўмардлар кўмилган қабристон. Ундан хулё қолган ва у ҳам қоп-қора чечакларга ўхшайди. Қоп-қора чечаклар ҳам Шавкат Раҳмон илк бор шеърий тил истеъмолига олиб кирган ибора. Сиз қоп-қора чечакни тасаввур қиласиз. Қаранг, қип-қизил чечаклар бор, аммо қоп-қораси нима? Афсуски, бундай чечаклар фақат одам юрагида униб, гуллайди. Дарвоқе, ёдингизга «Гуллаётган тош» тушди. Тошлар гуллайди. Улар қояларда     йўлбарс пўстинини ёпиниб керилишидан ташқари, руҳан чунон ҳам гуллайдики, тасаввурингиз яшнаб кетади. Аммо шоир «қоп-қора чечаклар»дан рози, зотан, қорами, қўнғирми, улар қабристонга сочилиб ётибди. Демак, уни иблислар сочиб кетган тақдирда ҳам бари бир чечак. Қоп-қора чечак. Иборанинг фавқулодда гўзаллигини ҳис қилаётгандирсиз. Шоир жўмардлар йўлидан боришни истайди, агар унинг сўнгида ўша сиз ҳам суйиб қолган чечаклар сочилган мазор бўлса-да. Зеро, «қуртлаган истаклар» унга керак эмас, унга бундай истаклар билан яшагандан кўра, қурбон бўлган афзал, аммо жўмардлар қаторида. Қоп-қора чечаклар ёйилиб ётган марди майдонлар сафида. Зотан, унга Худо берган, Худо «сийлаган» ҳурликдан, озодликдан ортиқ бахт йўқ.

Бичилган қулларнинг,
қулзодаларнинг
малак  сиймоларин ўйнатган дунё,
яралган лаҳзадан ҳур одамларни
иблислар тилида сўйлатган дунё.

Бу сўзлар тизими мусиқаси, залвори, оҳанги аччиқ ва оғир. Абгор мусиқачининг қўлида камонча. У – аҳли тариқат. Ана шундай даҳшатли куйни чалиб бормоқда. Дунё азалдан қуллар ва қулдорлар муносабатидан иборат. Қул ҳам одам, аммо унинг ҳеч қандай инсоний ҳақ-ҳуқуқи йўқ. Хўжаси унинг Худо берган ягона имтиёзидан ҳам маҳрум айлаган ва бичиб ташлаган. Дунё, Хайём ибораси билан айтганда, қўғирчоқбоз. Ўйнатади, ўйнатаверади. Қул ўйини ва хожа ўйини. Ахталанган қуллар ва «қулзодаларнинг малак сиймоларин» ўйнашини томоша қилинг. Хўжалик даъвосини қилганлар ўзларига қул ёллаганлар, балки сотиб олганлар. Ахир, бир замонлар одамлар қул қилиниб, очиқ-ошкор бозорда сотилган-ку. Шоир Қуръон таъкидлари замиридаги ҳақиқатга ёвуқ келади. Буюк осмоний китоб огоҳлантиради: «Эй одамлар, иблис сизнинг душманингиз! Ундан ҳазир бўлинг!..» Аммо иблисга ҳам одамни қиёматга довур минг кўйга солиш имтиёзи берилган. Хоҳлаган ишига қодир иблис ва иблисзодалар орасида қолиб кетган маъсум инсон оловдан яралган хилқатнинг макрига дош бера олмади. Уни ҳар қадамда таъқиб қилди, алдади, авради, айтганини қилдирди, хуллас, одам боласидан иблис ясади. Бу синов оламида иблис қутқусига учмаган одамлар камдан-кам топилади. Зеро, унинг ҳам чек-чегарасиз имтиёзи ва қудрати бор! Шоир тўрт ёнда авжига минган иблислар базмига дуч келади. Ҳақсизлик, ғирромлик, мунофиқлик, сотқинлик, бу ҳам етмагандек, асрий асоратлар. Дунё ана шундай макру ҳийлалар манзили:

Чиройли эрмаклар махзанидир ул,
мағизи қайғудан,
пўстлоғи зардан,
сарғарар очилмай туриб қизил гул,
тупроғи жимгина қусган заҳардан

Дунёнинг энг қисқа ва ҳаққоний таърифи – ана шу! Ялтироқ гап-сўзлар, ёлғон шиорлар билан алданиб келаётган оломон. Уни мана, неча минг йилдирки аҳмоқ қилишади. Ёлғонлар сўрғучини оғзига солиб қўйишган. Оломон тамшанади. Унинг кўзларини ўйнатиб ялтир-юлтир ашёларни кўз-кўз қилишади. Ҳамма нарса сизлар учун. Халқ бахт-саодати учун, болалар, аёллар учун дейди дунё аҳли. Улар қачондир маккор пирлари яратган йўл ва услублардан устамонлик билан фойдаланади. Қаранг, алдовнинг энг олий усули: гўё ҳамма нарса халқнинг болалари учун эмиш. Овсарлар эса бунга ишонишади ва бешик йўргаклари, ҳидланган латталарини чаяётган, йигирма ёшида қартайиб қолган хотинини ҳам ишонтиради. Ҳали ёшариб кетасан, фалончи бойнинг қизидек, дейди овсар. Дунё ўз-ўзича маккор эмас, уни маккорлар бошқаришади. Алдов, макр ва ёлғонлар билан. Зотан, бу ёлғонлар – «чиройли эрмаклар» одамнинг эсини оғдиради. Уни англашнинг ўзи муаммо. Муаммолиги боисидан одамлар уни ҳеч қачон тушунишмайди ва ҳаётнинг мураккаблигидан нолишади. Аслида, «мағизи қайғудан» ва «пўсти зардан» ясалган дунё эрмакларининг ҳақиқатини ангаб етиш мушкул савдо. Буни ҳамма ҳам англаб етолмайди. Биз овсарлар ҳаётнинг мураккабликларидан нолиганлари хусусида гапирдик. Аслида, ҳаётга асос солган Буюк Муаллим уни бир ЭР ва бир АЁЛдан яратган. Ўртада ҳеч қандай муаммо йўқ. Буюк Муаллим уларга вақти-вақти билан тўғри йўлдан чалғиб кетмасликлари учун ибодат буюрган, холос. Давлат қур, давру даврон сур, бирни қул қил, бирни босиб ўлдир, бир-бирингни ғорат қил, тала, топта, демаган. Бу мудҳиш мураккабликлар Буюк Муаллимнинг иши эмас. Бу – иблисга қўл берган одам фарзандларининг амали!

Чайқалар жаҳолат оғочларида
неча минг Машрабу
Мансури Ҳаллож…
Ҳамон юксалади йўл бошларида
одамзот қонига тўймаган жаллод.
Токай бу иблислик,
токай бу ёлғон,
токай тиғ кўтарар қора гуруҳлар,
токай бижғиб ётар ғариб аламон,
ичига тириклай кўмилган руҳлар.

Юқоридаги манзаранинг дақиқ поэтик тасвири. Жаҳолат олами ўз сирларини пинҳон сақлайди. Жоҳиллар ҳамиша этаклари кўтарилиб, фош бўлишларидан қўрқадилар. Бордию минг, миллионлар ичидан бир ҳақгўй чиқиб, уларнинг юзидаги қора шалтоқ пардани кўтарса, Худо урди. Дор оғочи тайёр. Гувоҳ ҳам бор, фатво ҳам бор. Жаллод эса тўлиб ётибди. Жаҳолатнинг қўрқинчли томони шундаки, у ҳеч кимга шафқат қилмайди. Машрабни осади ва унга шундай фатво топадики, аламон яна минг йил  дор оғочига осиб, сазойи қилиш учун янги бир Машрабни қидиради. Мусулмон Ҳаллож бир кечада минг ракат намоз ўқирди, уни беш маҳал намозни ёлчитиб ўқий олмайдиган шариат аҳли дорга осди ва шу йўл билан ҳақиқатнинг кўзини кўр қилмоқчи бўлди.  «Ғариб аламон» эса «ичига тириклай кўмилган руҳлар» билан «бижғиб» ётибди. Аччиқ истиоралар ногоҳ кўзингизни очиб юборади. Сўзларнинг кескин хуружидан довдираб қоласиз. Шоир бу «бижғиб ётган аламон»нинг нажот йўлини қидиради:

Зулфиқор руҳ керак,
керак чин ёғду,
чин ишқ ёлқинлари бағримга тўлсин,
жисмимни тобласин фақат чин оғриқ,
чечаклар қоп-қора бўлса-да бўлсин.
Бағри кенг худойим
кечириб қўяр,
йиқилсам етмай ул ҳақиқатимга,
кўмилсам, кўмилай ўлими гўзал –
жўмардлар кўмилган тариқатимга.

«Зулфиқор руҳ»  ибораси ҳам Шавкат Раҳмон мажозлари силсиласидаги энг гўзал топилдиқ. Шеър жисмини ғоят нажиб, кутилмаган, оригинал мажоз ва истиоралар билан жонлантира оладиган шоир ҳар бир шеърида камида беш-олтита  ҳеч бир шоир ҳеч қачон қўлламаган мажозни топиб, уни ўз ўрнида моҳирлик билан қўллайди. Агар бордию танқидчилик эринчоқликни бир четга йиғиштириб қўйиб, холисанилло тер тўкса, ўзбек шеъриятида чинакам ҳодиса бўлган шоирнинг ижодий сир-асрорлари олами уларга шундай ҳайратли чечакларни тақдим қиладики,  узоқ вақтгача унинг таъмини унута олмайдилар. Ноумид шайтон. Ўша кунлар ҳам келар. Юқорида назардан ўтказилган шеърнинг номи «Тариқат» эди. Тариқат – тор маънода йўл, равиш. Кенг маънода тасаввуф маъносини англатади. Аммо бизга англаниши қийин бўлган ва ҳанузгача нима эканини биров ёлчитиб исботлай олмаётган «тасаввуф»дан кўра «тариқат» яқинроқ. Шавкат Раҳмон табиатан тариқат аҳлига мансуб эди. У ҳарчанд ҳеч қачон бирор сулукка ёхуд бирор пирга қўл бермаган бўлса-да, табиатан сўфиймижоз эди.

Кунларнинг бирида Испаниядан келган бир гуруҳ меҳмонлар Шавкат Раҳмонга тариқат аҳли зикрини ўз кўзлари билан кўриш имкониятини яратиб беришни илтимос қилишади. Испанларнинг Лорка шеърларини аслиятдан таржима қилиб юрган  буюк Нақшбанд ватандошидан тариқат аҳли зикрини сўрашлари бежиз эмасди. Зеро, буюк сўфийлар ва салафлар ватани бўлмиш Бухоройи шариф дунёга донг таратган тариқат мактаби намояндаларининг хоки покидир. Шавкат Раҳмон ўша пайтда бир қур Тошкентга келиб Ҳасти Имом масжидида катта зикр ҳалқаси ташкил қилган «қодирия»  сулуки зокирларининг зикридан хабардор эди, аммо, таассуфки, бу зокирларнинг муршиди ҳазрат  Муҳаммаджон махсум (Оллоҳ раҳмат қилсин) Тожикистонда истиқомат қилардилар ва аксарият муридлари  ҳам ўша ерлик эди. Шавкат Раҳмон менга мурожаат қилди. Мен ўша заҳоти Тожикистонга бордим ва ҳазрат шайхдан зикр ҳалқаси тасвирланган видеотасмани олиб келиб бердим. Испанлар тасвирни кўришгач, жуда хурсанд бўлиб ватанларига қайтиб кетишди. Ҳақиқатда, юқорида айтганимдек, Шавкат Раҳмоннинг бирор тариқат мактаби билан махсус шуғулланганлигини билмайман, аммо Шарқ фалсафий мактабларининг катта билимдони бўлган шоирнинг тасаввуфга қизиқмаганлигига ишониш қийин. Ҳар бир сатридан жазба ва зикр уфуриб турган шоирнинг покиза тийнатида сўфийликка ботиний майл борлигига шубҳа қилмайман. Шоирнинг «Тариқат» шеъридаги сўнги сатрлар бежиз эмасди:

…кўмилсам, кўмилай ўлими гўзал –
жўмардлар кўмилган тариқатимга.

Мардларнинг ўлими ҳам гўзал бўлади. Уларнинг ҳаёти ўлимдан-да гўзал. Машрабнинг ўлими, Мансурнинг ўлими, Бағдодий ва Насимийнинг ўлими. Уларнинг ўлим ҳақидаги гўзалдан гўзал шеърий башоратлари. Агар ўлим Мансур ёхуд Машраблар сиймосида намоён бўлмаганда, у хийла тароватсиз ва даҳшатли бўлармиди…

Туркистон бирлиги ғояси Шавкат Раҳмоннинг олий армони, шеърларининг бош мавзуси эди. У ҳар доим суҳбатларда, йиғин ё анжуманларда айни ана шу нуқтага кўп урғу берарди. Геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиёнинг меҳварида жойлашган ва Туркистон халқларининг умид-орзуси бўлган ўзбекларнинг бу минтақадаги тарихий миссияси чандон улуғлигини теран англаган шоир халқларимизнинг истиқбол ҳаёти бирлик ва ягоналикда эканини яхши ҳис қиларди ва ўзининг гўзал шеърларида бу улуғвор мавзуни қаламга олмоқдан чарчамасди.

Шуҳрати сочилди бодияларга…
зарбадан бештага бўлинди андуҳ.
Йилларга ем бўлган обидаларда
тинимсиз айланар чинқираган руҳ.
Бузилди азоб-ла қурилган диллар,
илинждан ўзга бир туйғу сиғмади.
Насабин билмаган шўрлик етимлар
ғафлатда ухлади,
кимлар йиғлади.

Туркистоннинг шаън-шукуҳи буюк эди. Шоир унинг тарихий  шавкатидан қиссалар сўйламайди. Бу шавкат бодия – саҳроларга сочилиб кетди. Қум барханлари остида қолиб, гармселларга ем бўлди. Унинг Торобий ва Жалолиддинлари бор эди. Орияти қиличдек кескир, ватанига жонини ҳеч бир иккиланмасдан тикадиган жўмардлари бор эди. Бари тарихга айланди. Бироқ тарихни ҳам алдаш мумкин. Тўртта ёлғончи бир бўлиб, уни қайта ёзишлари, гарангсиб турган қорни оч халқни алдаши ҳеч гап эмас. Қорақум, Қизилқум, Урганч харобалари оралаб кезсангиз, аҳён-аҳён ушалган мақбара ё мазору марқадларга дуч келасиз, улуғвор шаҳарлардан қолган ёдгорликларга дуч келасиз. Уларнинг тили йўқ, акс ҳолда оламни ҳасратга тўлдириб қон қусган бўлардилар. Босқинчиликнинг энг аянчли кўринишини бошдан ўтказган Туркистон халқлари бу гал балойи охирзамонга гирифтор бўлган эдилар. Ҳамма нарсани йўқ қилиб юборгувчи, еб-ямлаб кетгувчи бу бало Шарқнинг жонига чанг солди, унинг қалбини ўғирлади. Тўрт томонига ўт кетгандек, беёдлик тутунлари қаърида қолган халқлар ҳамма нарсани фаромуш қилдилар.

Фитналар домида пишган зулмдан
аёвсиз босилди қўзғолган ёдлар,
ўзликни топтаган маккор илмдан
кулгига айланиб кетди фарёдлар.
Ким қолди?
Иблиснинг макрига учиб,
қирпичоқ бўлгувчи аламон қолди,
юз йиллик адоват заҳрини қусиб,
қонига ғарқ бўлган ғалаён қолди.
Ким қолур?
Ҳаттоки сўнгги лаҳзада
кўзлари тўймаган жобирлар қолур,
ўлим-ла ўйнашган назм авжида
юраги ёрилган шоирлар қолур.

Сўнгги юз, икки юз йил давомида дунё харитасини қайта тузишга бошлаган авруполиклар жанубдан Осиё халқларини,  шимол томондан руслар Шарқ халқларини мустамлакага айлантириш сиёсатини ишлаб чиқдилар. Ер юзи икки ирқ томонидан тақсимлаб олинди. Узлуксиз қирғинлар ниҳоясида 1895 йили Амударёда тўқнашган инглиз ва рус босқинчилари дунёни тенг тақсимлаб олганликларини тасдиқладилар ва олисларга чўзилган дарёни ўзлари учун чегарага айлантирдилар. «Дарёнинг нариги соҳилидаги дунё сеники, бериги соҳилидаги дунё  меники!..» Бу дарё ҳозир ҳам бор ва у ҳозир ҳам чегара. Тарих шу қадар аёвсиз синовларни бошдан кечирдики, бугун Шарқнинг қиёфаси буткул ўзгарди. Энди Амударё ўзанларига сиғмай оқар экан, юз йиллик фитнага ягона гувоҳ эканлигини яшириб ўтирмайди. Энди унинг соҳилларида қолиб кетган инглиз аскарларининг бош чаноғида қурт-қумурсқалар яшайди. Устухонлари афғон шамолларида дарё тошларидек чарсиллаб ағдарилади. Босқинчи агар минг йил мазлумни оёқлари остига олиб босиб ётса-да, бир кун шубҳасиз шармандаларча мағлуб бўлади. Қандай келган бўлса, шундай ўз инига қайтиб кетади. Шоирнинг чуқур лирик шеърларига кириб келган тарихий лавҳалар жонли ва қуюқ бўёқларда тасвирланади. Тарихий мавзуга қайрилган қалами кутилмаганда шу қадар ўткирлаша борадики, сиз энди шеър ўқимайсиз, балки ўз-ўзингиз билан талаша бошлайсиз. Ниманидир исботлайсиз, ниманидир инкор қиласиз.

Туркистон
тарихи ҳарбистонларда
тўкилиб битдими буюк қоматлар?
Руҳи дод солмасди қабристонларда
қаддини кўтарса агар номардлар.
Буюк руҳ чирқирар…
Мудҳиш саройда
зинодан тўралган неча даҳрий зот
урчитар малаклар туғилган жойда
ўзаги айниган янги махлуқот…

Амударёнинг икки соҳилида тўқнашган «биродарлар» бири Афғон чўлларига, иккинчиси Зарафшонга томон от солди. Дунё хом талош этилди. Ўзи азалдан тақсимланиб келган дунё яна тархон қилинди. Бугун ўзларини инсониятнинг гултожи деб ариллаётган авруполиклар бу қадар тўкис ва семиз ҳаётга нуқул ўғрилик ва ғоратгарлик орқали эришганларини сир сақламоқчи бўладилар ва юзингизга шу қадар ширин табассум ҳадя қиладиларки, беихтиёр куни кеча   минорадан  оппоқ саллали муллаваччани тепиб тушириб юборган мусаввир Верешчагиннинг авлодлари наҳотки шулар бўлса, деб ўйланиб қоласиз.

Бу кенгликларда бошқа авлод, бошқа наслу насаб, яъни шоир таъбири билан айтганда,  «янги махлуқот» пайдо бўлди. Бу «махлуқот» ўз илдизига болта соладиган жаллод бўлиб вояга етди ва ота-бобосининг бошига болшовой деган балони бошлаб келди. Шоир айни ана шу ватанфурушларни «малаклар туғилган жойда пайдо бўлган янги махлуқот» деб атайди.

Демак, бор,
баҳайбат зулм бор  ҳали,
ҳали бор одамни қувган овчилар,
шундан донишлари овсару далли,
ўғрига айланган доно тожирлар,
шундан чумчуқюрак подшолари гунг,
фақирлар кўниккан бало, қаҳатга,
шундан водийларда ўсиб ётар мунг,
ҳаттоки булбуллар ўхшар калхатга.
Туркистон –
тўзондай тўзган жигарлар,
жигарлар йўлинда темир тиканлар,
гадолик илмини ўргатар энди
аждод-авлоди-ла босиб шилганлар.
Бурғулар чириган…
занглаган тиғлар…
итлар томоқ ичар олтин тожидан,
мозийга тикилиб муғанний йиғлар,
шеър ёзиб ўлтирар лашкарбошилар.

Шоирнинг ўткир ва аёвсиз тили энг қалтис ташбиҳларни қидиради. Кўз ўнгингизда «баҳайбат  зулм»нинг суврати намоён бўлади. Бу баҳайбат суврат секин-аста қўлига найза илган овчига айланади. Қуриб кетгур, бу овчи буғу эмас, одам овлайди. Қачонки, овчи унинг жонини олиш учун келаверса, дарҳол  оёқларига йиқилиб, ўзининг жонини сўраб олади-да, қўшнисининг жонини сотиб юборади. Юрт ҳокимлари Худоёрхондек  қандайдир зобит ҳузурига бирров киришга изн сўрайди ва Русияга ҳайдаб солмаслигини ўтинади. Салтанатни қолдириб кетаверади. Хотин, бола-чақа ва олтмиш арава олтин-кумушлар ҳам аллақаёқларда қолиб кетади. «Тўзондек тўзиб кетган Туркистон» қоматини кўтаролмайди. Шол. Зотан, уни аждод ва авлоди билан босиб, еб ётган бало домига гирифтор. Ҳаммаси абас, ҳамма нарса фанога юз бурган. Давангир лашкарлардан қолган «бурғулар чириб, тиғлар занглаган», ҳаромхўр кўппаклар шоҳларнинг олтин тожида ароқ сипқоришади ва тахтнинг оёқларига бавл қилади. Муғаннийлар нуқул «Чўли Ироқ»ми, «Муножот»ними чаладилар ва ёвқур лашкарбошилар оёқларини сандалга тиқиб «шеър ёзиб ўлтирадилар». Шаън-шавкатли Туркистоннинг энг сўнгги манзараси шу эди. Шоир хаёлан тарих сарҳадларига боради ва кўрган-кечирганларини алам билан ҳикоя қилади. 

* * *

Шавкат Раҳмон маълум муддат республика Байналмилал маданият марказида ишлади. У мазкур марказда ўзининг энг тансиқ орзуси – Туркистон бирлиги ғоясини амалга оширишни истарди. Аммо кутилмаганда шундай ҳодиса рўй бердики, унинг бутун орзу-армонларини  кўкка совуриб юборди. Бу воқеа Шавкат Раҳмоннинг ҳаётида чинакам фожеага айланди. Ўш вилоятида қирғизлар ўзбекларни оммавий суратда қирғин қилди. Гўё соф ва беғаш осмонда момақалдироқ гумбурлаб, чақин чаққандек бўлди. Асрлар давомида бир тупроқда яшаб, бир анҳордан сув ичган икки жондош халқ бир лаҳзанинг ўзида душманга айланди ва ақл бовар қилмас ҳодисалар рўй бера бошлади. Ўша кунларда Шавкат Раҳмонни таниб бўлмасди. Унинг нигоҳлари чуқур ботган, сочлари паришон, қай эшикка бошини уришини билмас, ортидан эргашиб юрган йигирма-ўттиз чоғли ўшликлар билан Вазирлар Маҳкамаси олдида тинимсиз сигарет тортар эди. Манзура опа ҳам шу аҳволда. Ўшдан бири-биридан совуқ ва оғир хабарлар келмоқда. Ўзган, Қорасув, Аравон ёқларда содир этилган қирғинлар ҳақидаги гаплар юракларни ларзага солгудек оғир эди.

Турли идораларга сим қоққан шоир барча тоифадаги юқори доиралар диққат-эътиборини бу мудҳиш воқеага жалб қилмоқни ва тезроқ унинг олдини олиш чораларини топмоқни истарди. Аммо Тошкентда туриб буни  қандай амалга ошириш мумкин?

Кечга томон Ёзувчилар уюшмасига йўл олдик. Пушкин кўчасидаги  уюшманинг иккинчи қаватидаги муҳташам хоналарнинг бирида савлат тўкиб ўтирган ва ўша пайтда ўзини мамлакатнинг бош демократи деб эълон қилган ёш котиб бизни қабул қилди. Бошининг устига халқпарвар Чўлпоннинг қайғули портретини осиб олган  котиб кулдонга дам-бадам сигаретасининг кулини қоқаркан, Шавкат Раҳмонга шундай деди:

– Қуриб кетгур қирғизлар қуролни бошқа ёққа тўғрилашлари керак эди…

Демократ котибнинг маслаҳати ҳам, берган мадади ҳам шу бўлди. Яъни, унингча, қирғизлар аслида «қон-қардош» ўзбекларни эмас, бошқа бир миллат вакилларини сўйишлари керак эди…

«Ўшга бориш керак, – деди қатъий қилиб Шавкат Раҳмон. – Бошқа илож йўқ».

Эртаси Шавкат Раҳмон, марҳум Муҳаммад Юсуф ва мен Андижонга учдик. Андижон тўзондек тўзиб ётар, халойиқ вилоят ҳокимлиги биноси олдидаги майдонга жам бўлган эди. Улар Ўшдаги воқеаларга ўз норозиликларини билдирмоқда эдилар. Шаҳар кўчаси бўйлаб ҳокимлик идорасига борарканмиз, шу қадар кучли шамол кўтарилдики, мен Андижон чинорлари томири билан кўчаяпи, деб гумон қилдим. Вилоят ҳокимияти биносига жойлашган штабни ўша пайтдаги ҳукумат раҳбарларидан бири бошқарар, биз тўғри ўша бинога кириб бордик. Туркистон ҳарбий округининг зобитлари жамланган кенг хонада ўтирган раҳбар Қирғизистон ҳукумати вакили билан телефонда  қаердадир дахлсиз минтақада учрашишни муҳокама қилмоқда эди. У бизнинг муддаомизни эшитгач, аввалига Ўшга бориш мумкин эмаслигини қатъий таъкидлади. Аммо Шавкат Раҳмон сўзида қаттиқ туриб олди: «Бормасам бўлмайди».

– Бўпти, – деди Раҳбар ва зобитларнинг бошлиғига рус тилида мурожаат қилди. – Булар ўзбек шоирлари. Мен  улардан айрилиб қолишни истамайман. Уларни сиҳат-саломат Ўшгача кузатиб қўясиз.

Зобитлар розилик билдиришди. Биз одамлар тўлиб-тошиб митинг қилаётган майдондан ўтиб, Ўшга йўл олдик. Ўш – Андижон чегараси жанг майдонини эсга солар, танклар ва БТРлар устида ўтирган сариқ юзли аскарлар бамайлихотир сигарета тутатар, борди-келди тақа-тақ тўхтатилган. Чегарадан ўтиб яна кузатувчилар назоратида Ўш шаҳридаги штабга йўл олдик. Штаб шаҳар Ички ишлар башқармаси биносига жойлашган бўлиб, Қирғизистон Ички ишлар вазири штаб бошлиғи экан. Автомат тутган соқчилар назоратидан ўтиб, тўғри штаб бошлиғи хонасига кирдик. Генерал қисқа қилиб, асосан, қайси районларда катта талафот бўлганлиги тўғрисида ахборот берди ва деворга тираб қўйилган қўлбола қуролларни кўрсатди. Бизнинг ўша районларга бориш ҳақидаги илтимосимизга мутлақо розилик бермади. «Йўқ, – деди генерал. – У ёқлар ҳали тинчигани йўқ…»

Ўш шаҳри бирмунча осуда бўлиб, воқеалар чекка районларда содир бўлмоқда эди. Биз шаҳарда, Манзура опаларнинг ҳовлисида тўхтадик. Шавкат Раҳмоннинг Ўшдалигини эшитган жафокашлар бирин-кетин оқиб кела бошлашди. Марҳум Муҳаммад Юсуф улар шу кеча-кундузда бошидан кечирган ҳодисаларни ўз тилларидан магнит лентасига ёзиб олди. Бу гуноҳсиз одамларнинг бошига тушган воқеларни тинглаш мушкул эмасди. Тасодиф билан тирик қолган бир аёл шундай мудҳиш воқеани ҳикоя қилди: улар ҳеч нарсани билмаган ҳолда одатдагидек рўзғор юмушлари билан банд бўлишган. Туни билан маҳалла атрофига аллақаердан келтирилган ёш қирғизларга деярли эътибор беришмаган. Ким билади дейсиз, балки ҳашарчилардир, балки талабалардир. Улар, асосан, тоғ томонлардан олиб келинган ва қонли қирғинга сафарбар қилинган жиноий тўдалар эди. Туни билан ишратни авжига миндириб ароқхўрлик ва нашавандлик қилган ёшлар эрта тонгдан ўзбек оилаларига бостириб кирганлар ва бир чеккадан қатли омни бошлаб юборганлар. Одатий турмуш ташвишлари  билан банд одамлар туйқусдан ҳовлиларга бостириб кирган бадмаст кимсаларнинг қўлида нажотсиз кийик боласидек типирчилаб қолаверишган. Улар дунёдаги энг мудҳиш ва жирканч номаъқулчиликларни зиғирча  тап тортмай қилишган. Ота-оналарнинг кўзи ўнгида норасида  қизларнинг номусига тажовуз қилишган, бешикдаги болаларгача ўлдиришган, жасадларни анҳорга ташлашган, бурдалашган… Махсус жосус ва мутахассислар томонидан тоғларда тайёрланган бу қотиллар ўзбекларни оёққа турғизиб, Ўрта Осиёни яна олов ҳалқасига тортмоқчи бўлганлар. Миллатнинг энг нозик нуқталарини топтаб, жуда катта фуқаролар урушини бошлаб юборишлари керак эди. Шунинг учун асосан аёллар, қизлар ва болаларни нишонга олганлар. Бу ўта кўҳна империяча усул эди. Бу усул кейинча собиқ шўро республикаларда қайта-қайта синаб кўрилди. Баъзи ерларда ўн йилларга чўзилган фуқаролар уруши, айрим минтақаларда ҳали-ҳамон давом этаётган қонли жангларга сабаб бўлди. Ўзбеклар ва қирғизлар, тожиклар ва ўзбеклар ўртасига солинган қутқулар ҳам ўлиб кетган империянинг фитналари эди. Ёвуз ва ғаразгўй кучлар ўз муддаоларига эриша олмадилар. Маҳаллий ўзбеклар жуда катта талафот эвазига ҳам қирғизларнинг ёқасига чанг солишмади. Кўзига қон тўлган минг, икки минг ўргатилган кўппакларнинг қилмиши учун қирғиз миллати гунаҳкор эмаслигини билган маҳаллий ўзбеклар барча мусибатларга тишни тишга босиб чидадилар. Қон йиғлаб жигарбандларини Қорасув сойидан қидира-қидира бурдаланган жасадлар устида кўк кийдилар. Ўшанда Ўшга келган  Чингиз Айтматов  гувоҳ бўлган воқеаларга дош бера олмади ва телевизор орқали бу мудҳиш воқеалар сабабчиларини «ҳайвонлар» деб ҳақорат қилишга мажбур бўлди. Вазият жуда қалтис эди. Андижон томонда тўзиб ётган халқ чегара оша Ўшга кириб келиши ва натижада фуқаролар уруши  содир бўлиши мумкин эди. Аммо ҳушёр одамларнинг саъй-ҳаракатлари оқибатида Марказий Осиёнинг бошига тушиши мумкин бўлган жуда катта офатнинг олди олиб қолинди. Шоир ўша кунларда оғир ва босиқлик билан одамларнинг дард-ҳасратларига қулоқ солди, аҳоли ичида юрди, уларни сабр-бардошга чақирди. У бу қонли воқеаларнинг Бишкек ва Масковдаги дирижёрларини биларди. Узоқ ва атрофлича тайёрланган қонли драма кейинча шоирнинг «Махфия» номли мақоласида батафсил ёритилади.

Ўш воқелари  Шавкат Раҳмоннинг қоматини букиб юборди. Ҳассос қалбли шоир, табиийки, бу фожиаларга чидай олмасди. Унинг шеърлари тобора дардли, аламли, ўқилиши ҳам, ёзилиши ҳам оғирлаша бошлади, шеърларига  ўткир ва «заҳарли» (шоирнинг ибораси: м.и.) истиоралар оқими кириб келди.

Халойиқ ишонди,
кўзёшдан ийди,
айбдор болтамас,
айбдор кунда.
Қасосин олмоқдан ўзини тийди
жаллодлар ниқоби йиртилган кунда.
Қон кўлида сузар бедод салтанат,
барча тафсилотин, қани ким ёдлар?
Бу содда халойиқ бунча алданар,
пихиллаб кулади энди жаллодлар.
Ўтар ошкоралик ҳаш-паш дегунча,
келажак кўрсатар ким кулар, йиғлар,
милён айғоқчилар далил тергунча
қайрилиб турса бас,
исфаҳон тиғлар.
 
Қайдадир
булбуллар толиқиб сайрар
ҳавода учгандек милён малойик.
Бир четда жаллодлар тиғларин қайрар,
уйқуни уради шўрлик халойиқ.

Ўшанда «Независимая газета»да «Кремл картографлари қўйган бомба Ўрта Осиёни портлатиб юбориши мумкин» сарлавҳа остида ваҳимали  мақола эълон қилинди. Ошкоралик шарофати билан босилган бу мақолада Шўро мафкурачилари Ўрта Осиё халқларини ўзаро доимий  низо ва ихтилофда ушлаб туриш учун  нотўғри чегара сиёсати ўтказганликлари хусусида сўз юритиларди. Ҳақиқатда, асосан, ўзбеклар яшовчи Ўш вилоятининг Қирғизистон ҳудудига киритилиши ҳам империянинг «Тақсимлаб ташла, ҳукмронлик қил» сиёсатига тўлиқ мос эди.

Халойиқ бу найрангларни қаёқдан билсин? Унинг учун чегара муаммоси етмай турганди. У ишонади. Оғир келса, йиғлайди ва аламини кўзёшдан олади. Ниҳоят, шоир айтганидек, «ниқоблар йиртилган кунда жаллодлардан қасос олиш» фикрини хаёлига ҳам келтирмайди. «Қон кўлида қалқиб юрган салтанат» ўзини асраб қолишни истарди. Бунинг учун миллий республикалар ўртасида муросасиз низо чиқариш керак эди. Қирғизлар билан ўзбеклар, тожиклар билан ўзбекларни бир-бирига қарши қўйиш сиёсати охир-оқибат бу минтақада кучли вулқон бўлиб портлаши лозим эди. Империя бошдан кечираётган ўлим талвасасида фақат қон билангина яшаб қолишини  англаб етган сўнгги императорлар  тиғларини қайрай бошладилар. Бу тиғ ўзбекларнинг бўйнига тушди. Худди шу халқ:

Кеча ўғри бўлди,
бугун ваҳшийдир,
энди бутун дунё билар бу ҳақда.
Қандай мўмин эди,
қандай яхшийди
анқайиб жимгина терганда пахта.
Қайта қуриш ўзи чиқди қайданам?
Юксак қалъалардан боққан ўғрилар
улкан мамлакатнинг бутун айбини
содда ўзбекларга қўйди тўғрилаб.
Шунда буюк денгиз чайқалиб кетди,
майдонларни босди бир ювош зулмат.
Шоирлар уйғота олмаган элни
уйғотиб юборди маломат, туҳмат.
Кеча ўғри бўлди,
бугун ваҳшийдир,
бўҳтонга кўмилиб турар асабий.
Ўзин майдонларга сиғдира олмас,
болалар қонига ўтар ғазаби.
Яхшилик тугади, ёмонлик ҳам гоҳ,
бўлмаса озгина қўйсалар мақтаб,
бугун ҳам саҳардан қаро шомгача
жимгина илжайиб терарди пахта.

Ўзбеклар  ҳамиша империянинг томоғидаги сўнгак бўлиб келди. ХХ асрнинг  30-50-йиллардаги қатағонларда энг катта талафот ҳам ўзбеклар бошига тушди. Империя вақт-вақти билан «каллаклаб туриш сиёсати»ни ўтказаркан, миллатимизнинг ёрқин сиймоларини йўқ қилишга ҳаракат қилди. Худди шундай қатағонларнинг энг сўнггиси саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида содир этилди. Бу қатағон империя таназзулини тезлаштирди. Бутирка ва Лефортово қамоқхонларига катта суръатлар билан олиб кетилган ўзбеклар ҳали 30-йиллардаги каби авахтада жон таслим қилмай, империянинг ўзи жон бера бошлади. Бу гал ўзбекларга «босмачи», «халқ душмани» ёрлиқлари эмас, очиқдан-очиқ «ўғри» тамғаси босилди. Улар ўйлаб ҳам ўтиришмади. «Ўғри – ўғри-да!..» Хўш, ўзбеклар нимани ўғирлаган эдилар? Пахтани. Қайси валламатнинг экиб, етиштириб қўйган пахтасини? Шўрлик ўзбеклар ўз ерида ўниб-ўсган ва ўзининг жонидан бино бўлган болалари, қизлари изиллаб қора қишда йиғиштирган пахтасини «ўғирлаган» эканлар. Хайрият, дейсан, баъзан ёқа тутиб, яхшиям оқ қайинларни тунамаган эканмиз!  Шавкат Раҳмон аслида  фасоҳатли лирик шоир эди. Аммо умрининг охирги йилларида у бутун истеъдод ва иқтидорини сиёсий шеърларга қаратди. Рўй бераётган воқеа-ҳодисалар аслида гўзаллик ва нафосатнинг теран шайдоси бўлган шоир тилини аччиқ ва шафқатсиз мажозлар тилига айлантирди. Киноя, гротеск, ошкора норозилик, ўрни-ўрни билан аёвсиз ҳақорат шоир шеърларининг ижтимоий таъсирини ошириб юборди. Шоирнинг пиёз пўстидек юпқа китобларини одамлар қўлма-қўл қилиб ўқий бошладилар. Кутилмаган ташбиҳлар ижодкори саксонинчи йилларда энг оммавий шоирларимиздан бирига айланди. Баёнчилик ва қуруқ сўзамоллик шеърияти табиатига батамом ёт Шавкат Раҳмон китоблари ҳарчанд оғир, мурккаб ва воқеабандликдан   иборат бўлса-да, халқимизнинг минбари бўлиб қолди. Шоир «Баттол орзуси» номли шеърида мустабид империячиларнинг жирканч башарасини аёвсиз фош этди:

Халақит беради
ҳамиша бу вақт,
бемалол ишлашга қўймас бизларни.
Қанча чўлпонларни отувдик пақ-пақ,
зўрға яширгандик қонли изларни…
Аммо вақт очворди…
биз гумдон қилган
ҳозирча… ўттиз-қирқ милёнта мурда
содда-гўл халқларга жи-н-ндай тешилган
калла чаноқларин кўрсатиб турар.
Хўш, мунча ваҳима…
ахир сиёсат
вақти-вақти билан қон талаб қилар,
ахир ҳурфикрлик деган риёзат
ҳар қандай давлатни йиқита билар.
Инсонпарварликдан қайтганимиз йўқ,
ҳалиям тошларни кесар болтамиз.
Агар керак бўлса,
Ўқларимиз кўп,
ҳаммани бир бошдан пақ-пақ отамиз…

Аччиқ кинояли тасвирга эътибор бердингизми? Вақт ҳар нечук мустабид империядан ҳам қудратли. Унга бўйсунмайдиган кучнинг ўзи йўқ. Вақт қонхўр сиёсатлар тупроқ қаърига ташлаган тарих сўнгакларини қазиб олади ва нафақат музейларга олиб боради, балки авлодлар хотирасига жон ато этади. «Қон талаб қиладиган сиёсат»лар ҳамиша халқларни каллаклаб келган. Шоир ўткир метафоралар воситасида мустабид тузумнинг жуда пинҳон асрорларини очиб ташлади. У бир азоб билан «яширган излари»нинг вақт гирдибоди очиб ташлашидан таҳликада. Нима қипти, ахир ўттиз-қирқ милён одам отилган бўлса, отилгандир-да! Ахир, дам-бадам «сиёсат қон талаб қилиб туради». Унинг оғзига одамлар жисмини ташлаб туриш керак. Истибдод ўзбеклар бошига катта мусибатлар ёғдирган жирканч тузум бўлди. У халқ тарихини оёқости қилиб ташлади, у тирикларнинг бошига етгани етмагандек, аждодлар хокини ҳам шопириб юборди.

Чўлпон-пўлпон дейсиз,
ишимиз катта,
тарихга сиғмасдан турар ўжарлар,
жаҳолат босган тўрт асрни ҳатлаб
Бобурни олувдик энди мўлжалга.
Аммо сал кечикдик…
чала қолди иш,
вақт ҳам мудраб қолар – ҳали кўрамиз,
Навоий мулла бор, тағин Яссавий,
Нарида Кошғарий,
Бор-ку Тўмарис…

Тарихий ҳақиқат шуки, босқинчи ҳар қанча маданиятли бўлмасин, у ўзга бир маданиятлироқ халқнинг энг аввало маданиятини ва бу маданият чироғини ёқиб ўтирган шахсларни йўқ қилади. Шарқ, кўпчилик ўйлаганчалик, жаҳолат маскани эмас, балки улуғ ва бетакрор зотлар бешигидир. Буни шимолдан келган совуқпараст келгиндилар яхши билишарди. Шу мақсадда улар энг аввало халқни хотирасизлик балосига гирифтор қилишни исташарди. Шавкат Раҳмонни яқиндан билганлар унинг тарихга ва тарихий хотирага нечоғли  масъулият билан ёндашишини билишади.  Шоирнинг «Сулаймон тоғи этагида ўйлаганларим» шеъри тарихий ўтмишнинг инсон қисматида тутган ўрни ҳақида. Сулаймон тоғ – тарихнинг бир парчаси. У тошлардангина иборат тоғ эмас, балки неча минг йилдан буён шу муқаддас тупроқда юксалиб турган халқнинг ғурури, шаъни, шукуҳи:

Диёнатли, орли аждодлар
у ҳайбатли тошлар тагида
бирор лаҳза хаёл сурмаган
сохта шуҳрат, тама ҳақида.

Шоир қалбан «диёнатли, орли» аждодларига чуқур эҳтиром  сақлайди. У қачон улар ҳақида сўз юритмасин, ҳамиша мавқеини бирдек тута билади. Тарихнинг бемислу монанд қудратини чуқур ҳис қилган шоир ҳамиша шу мавзуга мурожаат қиларкан ундан ибратли хулосалар чиқаради. Аждодлар, шоир таъкидлаганидек, бизларга ўхшаб «сохта шуҳрат, тама ҳақида» ўйлаганларида бу буюк тарихнинг урвоғи ҳам  бўлмасди.

Яшарканлар юртда саргардон,
кезарканлар ғурбатда ёхуд,
Сулаймон тоғ пойида бир кун
Кўмилмакни қилганлар орзу.
Бундан не-не аллома ўтган,
не жаҳонгир, нечалаб шоир.
Бироқ азиз тоғ-тошларига
ёздирмаган ҳеч бири номин.
Сулаймон тоғ юксалиб турар
бир элатнинг буюк ёдидай,
ҳайрон бўлиб пойига бугун
келгувчилар эътиқодидан.

Сулаймон тоғ – Ватан тимсоли. Сулаймон тоғ бағридан улоқиб кетган ё бир умр наздидан жилмаган фарзандлар учун бирдек азиз. Бу тоғлар бағрида шоҳ Бобурнинг хотироти тирик яшайди. Сулаймон тоққа қурдирган оппоқ ҳужра буюк жаҳонгирдан қолган зиёратгоҳ. Бу зиёратга саргашта мирзонинг авлодлари ҳам ва унинг бегоналашган набиралари ҳам, шунингдек, учраган тоғу тошга номини ёзиб қолдирадиган  «Васялар ва Сашкалар»  ҳам келиб кетган. Аммо мағрур тоғнинг улар билан иши йўқ. У аллақандай фаросатсиз сайёҳларнинг эмас, улуғ ва жаҳонгир халқининг ёди. Шоир ҳамиша ва ҳар қаерда  ўзининг тарихи, ажойиб халқ қаҳрамонлари билан ғурурланиб юрарди. Ана шу ишонч унга ҳамиша қанот бахш этар ва атроф-теварагидаги майдакашликлар, сотқинлик ва хиёнатлардан ўзини чандон баланд қўйишни истарди. Туронга, Туркистонга муҳаббат, энг аввало, тарихга ва халққа бўлган шоир муҳаббатининг ёрқин тимсоли эди.

Икки дарё оралиғида
ҳақ-адолат топмади қарор –
бари кетди
юртни соғиниб,
ғурбатларда йиғлагани зор.
Тангри бунёд этгандан буён
қанча олчоқ,
қанча ётларга
қучоқ очган юрт торлик қилди
қанча одил
фозил зотларга…

Икки дарё оралиғи – тарихий Ватаннинг қисмати аянчли эди. Унинг шукуҳига соя солган ўзаро ихтилофлар туфайли кўп фарзандлар Ватандан бош олиб кетдилар. Шоирнинг  алам ва ўкинчи шундан. У Ватан бўйаб кезишни севар, қаерга бормасин, албатта ўша ердан бир мужда билан қайтарди. Шавкат Раҳмоннинг «Аравон кўринишлари» шеъри Ватаннинг бетакрор суврати. Шеъриятимизда қарийб таомилга айланаёзган ватанпарварликнинг қайноқ бўсаларидан яралган шеърга кўника бошлаган ўзбек китобхони учун бу мутлақо янгилик эди. Шавкат Раҳмон бирор шеърида ватанга ёхуд халққа яланғоч муҳаббат изҳор этмайди. Унинг барча шеърлари аслида  Ватан ҳақида энг гўзал қўшиқлардир. Эҳтимол, шеъриятимиз тарихида илк бор Ватан манзаралари Шавкат Раҳмон шеърларида бор улуғворлиги, бор таровати ва гўзаллиги билан намоён бўлган эса, ажаб эмас.

Тоғлар
нортуялар абадий чўккан,
қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб.
Қани ясовуллар,туякашлари,
Тиллоли, жавҳарли сандиқлар қани?
Бариси таланган,
қароқчиларнинг
изларин яшириб юборган мозий,
яширган йилларнинг чангалзорлари
сарбонни ўлдирган қотил овозин.

Шоир манзара тили, тасвирнинг нозик чизгилари воситасида юртнинг портретини яратади. Аслида насрий асарларнинг вазифаси бўлган лавҳалар шоирнинг сеҳрли қалами билан жон олади ва кўз ўнгингизда «нортуядек абадий чўккан тоғлар» гавдаланади. Шавкат Раҳмоннинг бирор шеъри шунчаки баёндан иборат эмас, унда баъзан ўнлаб, баъзан ундан ҳам зиёд янги ташбиҳларга дуч келасиз. Сўзлар, сатрлар, бандлар ўз-ўзидан қуйилиб келаверади. Сиз тоғ дарёси соҳилида ўтиргандек бўласиз. Нигоҳингиз тиниқ, шаффоф сувда. Оқимнинг бирор бир нуқтасида кесик ёхуд парчаланишни сезмайсиз. Оқим яхлит ва уйғун, агар бордию кимдир унга тўғон ташламоқчи бўлган тақдирда ҳам сув тошқини уни тўнтариб, ғарқ қилиб кетаверади. Шавкат Раҳмоннинг қуйма сатрлари  ана шу мавжли дарёни эсга солади. Сиз бу шеърдан бирор ҳарфни, бирор сўзни олиб ташлаёлмайсиз. Шоир нафаси сўзларга айланган ва уни бўлиш ёхуд узиб қўйиш ҳалокатли. У шоирнинг юрагига туташиб кетган. Шоирнинг вафотидан кейин нашр этилган «Сайланма»сини мутолаа қилган кўплаб ўқувчилар унинг шеърлари бир нафасда ёзилганини эътироф этишади. Худди шу хусусият мавлоно Жалолиддин Румийга ҳам хос. Нортуялар шунчаки ҳордиқ олиш учун чўкканлари йўқ. Улар қуриб-қақшаб кетган йилларни саксовулни чайнагандек кавшаниб чўкканлар. Демак, туяга қиёсланаётган тоғлар моҳиятига кўра юқорида айтганимиз Сулаймон тоғдек эмас. Бу тоғлар аслида кечмиш манзараси. Тоғлар – асрий зулм ва ҳақсизликлардан қомати букилган, қақшаган, «қуриган йилларни чайнаб, кавшаниб» яшаётган халқ. Уни нурли ва фараҳбахш манзилларга элтгувчи «ясовуллар, туякашлар» йўқ. Қаёққа кетганини Худонинг ўзи билади.  Халқ ҳам шунақа бесоҳиб, қисмати Худойи таолога ҳавола қилинган бўладими? Наҳот, унинг давангир сардорлари, жисмини чуқур-чандирлардан олиб чиқувчи халоскорлари, ёв бостириб келганда кўксини қалқон қиладиган эранлари йўқ. Агар эранлари бўлганда, бу кўйга тушмасди. Халқнинг елкасига чиқиб, нуқул унинг ризқини туя қиладиган, унинг ҳисобига роҳат-фароғатда яшайдиган беклар ва бекваччалар, агар ёв келса, думини қисиб қочиб қоладилар. Қочганда яна ҳам унинг нонини оғзидан юлиб олиб қочадилар. Илгари тева ва тулпорларда қочган бўлсалар, энди учоқларда қочадилар. Бу ёғи Швейцария, Австралия, Маями, Янги Зеландия. Сиз ўйлайсизки, буларга «абадий чўккан нортуялар – тоғлар» керакми? Уларга Сурхон ва Қашқадарёда эшак миниб юрган ва ҳаётида Тошкентдаги аллақандай «Ленд»ларни тушида ҳам кўрмаган болалар керакми?  Қаёқдадир, Муборакда саксовулзор даштда эчки боқиб юрган манов қақшаган мўйсафид билан уларнинг неча пуллик иши бор! Ватанни ер ютмайдими! Ҳув, аэродромда қантарилган тайёра уларни бир зумда дунёнинг исталган минтақасига элтиб қўяди:

Музликдан
юҳодек келган шамоллар
туялар жисмини ялаб-ишлаган,
асрлар тоблаган темирчи Қуёш,
ёмғирлар чўқиган,
қорлар қишлаган.
Шу қадар метинки туялар жисми,
чарсиллаб қайтади отилган ўқлар.
Минг йиллаб тинимсиз бўкирса ҳамки,
метин туяларни йиқолмас тўплар.

Музлик – шимолдан  кўтарилган ва ҳамма нарсани жой-жойида йўқ қиладиган шамол «туялар жисмини ялаб-ишлайди». Бу қандай ибора? Шоир бу билан нима демоқчи? Музли юртлардан келганларга мазлум халқларнинг «жисми» керак, холос. Бўлак нимаси ҳам керак бўларди? Унинг ақли керакми, туйғулари керакми, тарихи керакми? Ҳеч нарсаси керак эмас, фақат ва фақат жисми – қўл-оёқлари, доим эгилган гавдаси, бақувват бели, куракдек-куракдек кафтлари керак! Шамол – келгинди бу жисмни ялайди, ишлайди, ишлатади. Дунёнинг тенг ярми унинг ҳисобига ишрат қилади. Олий қасрларда, баланд кўшкларда, сутли ҳовузларда, хушбўй қучоқларда, мазали, сархуш қилувчи ичимликлар, тиззалар, қучоқлар… Бу бечора эса нуқул меҳнат қилади. Эрда эрлик сиёғи қолмаган. Қулда сиёқ нима қилсин! Сув билан тирикчилик қилади, қора нон билан қорнини шиширади. Ўлмаса бўлди. Суяк, кўз, тўкилиб адо бўлган чаноқда илиниб турган сочга ўхшаш алланарса. Хотин ҳам хотинлик  суврату сийратини йўқотган. Дунёга ер тимдалаб меҳнат қилиш учун келгандек. Тупроқни шопиргани шопирган. Юзлар тортанак уйи, аслида сутлар чайиши лозим бўлган вужуд бўз ичига тиқилган ғўзапоя. Бу туясимон одамнинг жисми «метин»га айланган, унинг ичи ҳам, сирти ҳам бир хил, ҳатто ўқ «чарсиллаб» қайтади. Қаранг, шоирнинг ўхшатишини, куни кеча жисмини ялаб ишлаган зотлар охири минг йиллаб тўпларини «бўкиртириб» отсалар ҳам бу туяларни йиқа олишмайди. Ватан ҳақида ёзилган аксарият шеърларда шоирлар ўзининг яланғоч ишқини ватанларига изҳор қиларкан, унинг бетакрор водийлари, яланг дала-қирларини ё осмонга кўтариб мақтайдилар, ё ерга тўшаб ташлайдилар. Уларнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърларидан ҳам ялтоқилик ва тамагирликнинг ҳиди келиб туради. Ватан уларнинг назарида нуқул бойлик ва гўзаллик манбаи. Одамлари сахий, меҳнаткаш, қўли очиқ, дастурхонида егани туршаги ҳам бўлмаса-да, меҳмондўст, эчкилари чиройли, бузоқлари малаклардек. Айниқса, «оқ олтин»ини айтмайсизми. Менинг назаримда, «Аравон кўринишлари» шеъри Шавкат Раҳмон ижодидагина эмас, умуман, ўзбек адабиётида Ватан ҳақидаги шеърларнинг бетакрор намунасидир. Мактаб ўқувчиларига, умуман, китобхонларга ҳар нечук савиясиз, яланғоч, таъсирсиз ватанномаларнинг ўрнига юқоридаги каби теран мазмунли, кескин бадиий воситалар асосига қурилган ва мутлақо янги усулбда яратилган шеърларни ҳам уқмоқларига ёрдам бермоқ керак. «Ватанни сев!» деган билан ҳеч ким уни севиб қўя қолмайди. «Ватаним маним»лаб ҳам ватанни севиш жуда қийин. Ватанпарварлик  ҳамиша ва ҳамма замонларда теран инсоний дард билан йўғрилган туйғу эди. Одам боласининг Ватандан ўзга улуғроқ  бисоти бўлмайди, шунинг учун у ҳамиша юракнинг тўрида туради ва нафсиламрини айтганда, ғоят ҳассос туйғу. У тез оғриб, тез тузалавермайдиган жароҳат:

Сарбонни кўмдилар
сангзор соҳилга
қабридан юксалди сўнгги сўзлари:
«Элимдан ўзга бир дардим йўқ эди,
элим деб йиқилдим,              
эл деб бўзладим».
Хотинлар соч ёзиб «вой»лаб йиғлади,
мардлар ерга ётиб ойлаб йиғлади,
дўст, ёвни билмаган кўр кечаларда
«булутга яшриниб ойлар йиғлади».

Аммо сарбон биз ўйлаганчалик  беному нишон йитмаган экан. Сарбон «сангзор соҳилга» кўмилган. Унинг қабридан эса сўнгги сўзлари янграйди. Сарбон шунчаки тижорат карвонини етакловчи ва аҳён-аҳён ёбон бағрини жаранг-журунгга тўлдириб қўнғироқ чалувчи раҳнамо эмас. У эл-юрт саодати учун ҳамма нарсага тайёр фидоий. Халқ тақдирида, умуман, сарбонлик даъво қилувчиларнинг ўрни беқиёс даражада улуғ бўларкан. Сарбонлар имон ва инсоф, диёнат ва адолат соҳиблари бўлсалар, халқнинг бахти. Ривоят қилишларича, халифа Али бин Абу Толиб қуруқ нон ва сув билангина кифояланар экан. Сабаби, албатта, мамлакатнинг қаеридадир қорни нонга тўймайдиган ночор, камбағал, қўли калта одамлар бўлиши табиий. У  катта бир халифаликнинг «сарбон»и. Олий қасрлар, баланд кўшклар ва минг-минглаб чўрилар бағрида қорнини қашлаб яшаши ҳам мумкин. Йўқ. Нима учун у – халифа – тўқ, раият эса ғўзапоя чайнаши керак. Боласининг энг оддий истагини бажаролмаслиги, хотинига оддий кумуш узук ҳам олиб беролмаслиги, ўзи одам бўлиб тузукроқ энгил-бош кўрмаслиги керакми? Нега? Булар фақат халифалар учун чиқарилганми? Оддий тоғда қалашиб ётган тошдан тикланган қасрда яшашни ва ер қаъридан қазиб олинадиган мармар ҳовузларга калла отишни фақат халифаларга чиқарганми? Шоир шеърларининг замир-замирида яшириниб ётган маънолар юқоридаги фикрларга далолат қилади. Халқпарвар шоирнинг ҳаёти айни ана шу ҳолатнинг тасдиғи эди. Шавкат Раҳмон ўта камтарона, айтиш мумкинки, фақирона умр кечирди. Уни аксарият пайтлар боши эгилган ҳолатда учратиш мумкин эди. У суйган, ғурур билан «бизнинг йигитлар» дегувчи қаламкаш биродарлари тақдир тақозоси билан катта-катта мансаб соҳиблари бўлдилар. Одатда, бирмунча юқорироқ мансабга кўтарилган хоҳ қалам аҳли бўлсин, хоҳ жайдари амалдор бўлсин, атрофига ўзининг наслу насаби, эл-уруғи, ҳеч қурса, олдида таъзим бажо келтириб турадиган лаганбардорларини йиғиб олади ва «мухторият» ҳолатида фаолият юрита бошлайди. Атрофга қаранг, ҳеч бир мансабдорнинг яқинида бегоналарни кўрмайсиз. Бу халқимизга хос хусусият. Оддий мутафаккирлар «Ўз юртингда пайғамбар бўлолмайсан» деган ҳикматни ўзларига тасалли қилиб олганлар. Халқнинг қисмати шоир хаёлларини буровга солган эди. У теварак-атрофда юз бераётган ҳодисаларга болаларча соддалик билан нигоҳ ташлар, унинг ана шундай болаларча соддалигидан устамонлик билан фойдаланишарди. Зимдан ҳасад ва ғараз оловида ёнганлар Шавкат Раҳмоннинг ҳеч қачон бўлмаган амали ёхуд давлатига эмас, очиқдан-очиқ  баланд одамиятини кўришолмасди. Бир гал давлат раҳбари уни ўз ҳузурига чорлади. Аммо раҳбар айтган пайтда шоир негадир «топилмади!» Умрининг охирги йилларида моддий ва маънавий қийинчиликлар  қаттиқ исканжага олди. У ҳеч нарсадан, ҳеч қачон нолимас, мағрур ва тантилиги бунга йўл қўймасди. Ички маданиятининг баландлиги, ҳалоллиги, беғаразлиги, ўзининг қудратига қаттиқ ишонч, дўстларига холис муҳаббат, ватанпарастлик, миллатдўстлик унинг қон-қонига, жон-жонига сингиб кетганди. Ёзувчилар уюшмаси томонидан берилган Дўрмондаги бир шапалоқ ерида саратоннинг қайноқ қозонида қайнаб  иморат солмоқчи бўлди. Чилланинг жазирама иссиғида ер қазди, цемент қуйди, ҳансираб-ҳансираб, куйиб-ёниб ишлади, бозор шароитига ўтаётган жамиятда дастлабки йиллар бошланган бошбошдоқликнинг тагига етмаган ва маънавий жиҳатдан хийла толиққан шоир саратон касалига чалинди. Оёқдан йиқилгунга қадар бировга билдирмади. Нолимади. Курортга бораман деб турли ташкилотларга ариза кўтариб югурмади. Аксинча, ҳамма нарсани сир сақлагандек, дардини ҳам пинҳон тутмоқчи бўлди. Касалхонага тушишидан атиги бир ой чамаси бурун мен уни эски Билимлар уйи биноси олдида учратдим. Бироз суҳбатлашдик. Эти бориб суягига ёпишган шоир ҳеч нарса бўлмагандек бемалол у ёқдан-бу ёқдан гапириб ўтирди. Мен унинг рангини кўриб кўзларимга ишонмадим. Паҳлавон жусса Шавкат Раҳмондан бир қучоқ устухон қолганди. Нега бу қадар ориқлаб кетганини англай олмадим. Бари бир соғ эмаслиги, ичига бир бедаво дард  аста-секин ўрмалаб кириб бораётганлиги ҳақидаги фикр мени даҳшатга солди. Дардини яшира-яшира охири оёқдан ҳам қолгач, Манзура опанинг ялиниб-ёлворишлари ва ҳеч ким билмаслиги шарти билан касалхонага боришга розилик берган шоир қаердадир стационарда эмас, балки оддий касалхонада ётишга рози бўлди. Аммо дард духтирлар учун сир эмасди, улар юрак жарроҳлиги институтига йўлланма бердилар. Худди шу ердан буюк ўзбек шоирининг беморлиги ҳақидаги хабар бутун республикага тарқалиб кетди. Юрак жарроҳлиги институти шоирнинг дўстлари, мухлисларининг зиёратгоҳига айланди. Дард секин-аста, аммо ишонч билан зўрайиб бормоқда эди. Манзура опа, қизлари шоирнинг ёстиғига қўшилиб кетдилар. У билан бирга дард чекиб, тунларни тонгларга улашди. Аммо ниҳоят шоирга дунёдаги энг машъум ташхис қўйилди. Саратон. Уни Талабалар шаҳарчаси яқинидаги онкология марказига юборишди…

* * *

Ватанфидолик  Шавкат Раҳмон шеърияти ва ҳаётининг мазмуни эди. У фақат шеърларида «ватан»лаб  мукофот тақсимланадиган айёмларга етиб бориб, Ватанини кепакка сотиб бўлса-да унвон, ё нишон олиш учун куракда турмайдиган шармандаликларни бошлаб юборадиган ва хуржунини кўтариб, дийдиё қиладиган  кимсалардан нафратланарди. Унинг ватанфидолиги покиза, одамий эди. Ҳар бир нафасида  Ватан йўлида шаҳид кетиш ҳақида ўй суриб юргандек туюлаверарди. Шавкат Раҳмон Ватан ва миллат тақдирини энг кўп ва хўб қаламга олган, унга фарзандлик муносабатини бор ҳарорат ва муҳаббати, аччиқ-чучуклари билан тикка айта олган ягона шоир эди. Тўғри, Ватан ҳақида календар шеърлар адабиётимизнинг ҳамма бўғинига хос ҳодиса. Бугун бир спортчига, эртага бир тадбиркор ё фермерга, индин теннисчи қизларга, яна бошқа бир кун полвон йигитларга шеър бағишлаб тирикчилик қиладиган «шоир»лар адабиётимизда шу қадар мўлки, баъзан уларнинг мусобақаларини кузатиб туриб даҳшатга тушасиз. Шавкат Раҳмон миллат тараққиётида баъзан салбий роль ўйнаши мумкин бўлган ёхуд аллақачон салбий таъсирини ўтказган омиллар хусусида баралла айта олар, уларнинг сабаб ва оқибатлари хусусида назарий эмас, балки асл бадиий тилда хулосалар чиқара биларди. Шеърий санъатларни энг баланд мақомда қўллай оладиган, тилимиз хазинасидаги нодир сўзларни шеърий қолипларга усталик билан киритадиган, уни зўрлаб, қийратиб қўлловчилардан фарқли ўлароқ зийнатли, тароватли, хушбўй, баъзан жуда аччиқ ташбиҳларни қалаштириб юборадиган шоирнинг услуби чин маънода адабиётимизда янгилик эди. Яширишнинг ўрни эмас, барча шоирларимизда кимнингдир оҳангини, яна кимнингдир сўз қўллаш услубини, ҳатто бошқа бир устоз шоирнинг, жилла қурса, дашту далаларда кишнаб достонлар айтадиган бахши ва жирчиларнинг овозини эшитиш мумкин. Ҳурматли шоирларимиз ўз салафларини устоз деб эҳтиром қилганлари учун, устоздан шогирдга нималар ўтмайди, дейсиз-да қўяверасиз. Шавкат Раҳмоннинг ижодида бировдан «адашиб» кириб келган ибора, бировдан ўғринча олинган ташбиҳ ёхуд бировнинг «кишнаши»га ўхшаш нағмани мутлақо учратмайсиз. Худди шу боис адабиётшунослик йигирма йилдан буён адабиётимизда том маънода янгилик бўлган бу «зулфиқор шеър»лар хусусида маънодор сукутни ихтиёр этган. Зеро, тақлидий ва анъанавий шеъриятни «тадқиқ» этиш санъатини пухта ўзлаштирган адабиётшунослик бу том маънода бетакрор шеърият ҳақида сўз айтишга заифлик қиларди. Улар ҳамон 30-, 40-, 50-, 60- йиллар шеъриятининг таъсири остида яшашар ва зўр бериб бетакрор Ойбек домланинг «Наъматак» шеърини ва устоз Эркин Воҳидовнинг ўта миллий қасидаларини такрор-такрор инкишоф этардилар. Шавкат Раҳмон шеърлари хусусида эса  сукут афзал эди, чоғи. Баъзан қарийб йигирма йилга чўзилган бу сукут нега тасирлаб ёрилиб кетмаганига ҳайрон қоласан…

Қиличин ташлади беклар ниҳоят,
босилди тулпорлар,
тиғлар сурони,
урҳога ўрганган тилларда оят,
туркийлар таниди комил худони.

Шоирнинг «Туркийлар» шеъридаги ушбу тўрт сатр халқимиз тарихидаги фавқулодда  ижтимоий воқеликнинг бадиий чизмасидир. Маълумки, туркий халқлар қадимдан ўзининг жангарилиги, мард ва ботирлиги туфайли сурункали юришлар ва сўқишлар оқибатида дунёнинг кўп минтақаларини ишғол қилдилар ва бир неча асрлар давомида яшаб қолган салтанатларга асос солдилар. Башарият тарихида камдан-кам халқларга насиб қиладиган бундай шаън қисмат ҳақида тарихий манбалар теран маълумотларни ҳикоя қилади. Аммо қачонки қалблари иймон нури билан мунаввар бўлгач, қаҳру ғазаб, шафқатсизлик ва тааддиларга барҳам берилди, улар  имон-инсофли, диёнатли, сабр-таҳаммулли дарвешсифат зотларга айлана бордилар.

Қиличлар занглади…
фалокат ҳушёр,
туркийлар қувватин берди ерларга.
Ҳийлагар дўстлардай яқинлашди ёв
комиллик қидирган жасур эрларга.
Илвасин йигитлар,
бобур йигитлар,
саждага бош қўйди ёвга терс қараб,
ғулларни кемириб йиғлади итлар,
буюк бошни кесди қилич ярақлаб.

Манзарага эътибор беринг: қилични тасбиҳ ва кетмонга алмашган туркийлар жанг-жадалларнинг баҳридан ўтиб, осуда турмушни ихтиёр этдилар. Туркий халқларнинг тарихий фожиасини далиллар ва бурҳонлар тилида ҳам таҳлил қилиш, шоҳлар ва шаҳзодаларнинг ўзаро ихтилофлари туфайли тобора заифлаша борган  хонликлар, жаҳолат ва бидъатга айланган таълим-тарбия ва ҳоказо хусусида узоқ гапириш мумкин. Аммо бу муаммоларни шеърият бошқача талқин қилади. Шеър тилида тарихий ҳақиқатни баён қилаётган шоир биринчи галда ҳиссиётларга эрк беради. Токи буюк бўҳронларнинг фожиаси фожиа эгаларига бориб етсин, токи бу фожиани амалга оширганларнинг номи ва  ўлиб кетган санасинигина эсда сақламасдан, уларнинг кимлигини юрак-юракдан туйсин. Нега бу фожиа содир бўлганини фаҳм этсин, ўзини, бола-чақасини қайта найзага илмасликлари учун ҳушёр тортсин, нуқул қорни ва қўнжини эмас, юрак ва ақлини ҳам ишлатсин. Шеър ва шоирнинг биринчи вазифаси – ана шу! Ҳозир бировга шеър нима, шоир ким деб савол берсангиз, у сизга Арасту ва Ҳётедан бошлаб ҳикоягўйлик қила бошлайди. Бундан ҳам осон йўлини, сира тушуниш мумкин эмас,  бу – илоҳий, деб қўя қолади ва ғаройиб «камтарлик» билан ўзини илоҳийлик супасига чиқариб қўяди. Нафсиламрини айтганда, шеърда ҳеч қандай илоҳийлик йўқ, жигар-бағирнинг қони бор, лахталанган юрак бор. Кейинги йилларда қирқ ёшда юраги ёрилиб ўлаётган жувонмарг ўзбек шоирлари илоҳий бўлганларида ҳали дориломон яшаган бўлардилар. Бугун бу сафсаталар билан ҳеч кимнинг бошини қотириш мумкин эмас. Қалбаки «шеърият» Қуръони каримда ҳам ёлғон дейилган ва кўпчилик мутафаккирлар томонидан «нағмачилик» сифатида эътироф этилган. Енгил-елпи, хашаки, жонсиз ва таъсирсиз шеърлар одам боласи, жамият ҳаёти учун ўта хавфли ҳодиса ҳисобланади. Адашиб адабиёт майдонига кириб келган ва кирмоқчи бўлган одамларни ўз вақтида тўхтатиб қолиш, уларни қўлларидан келадиган юмушларга сафарбар қилиш,  яширмасдан рост гапни айтиш ҳам жасорат, ҳам савоб иш. Мен ҳаётимда шеър ёзишни ўз вақтида ташлаб кетган кишиларни кўп учратдим, аммо кечаги «шоир»лар бир думалаб ўғри  ёхуд қаллоб ҳам бўлиши мумкин эканлигини тасаввуримга сиғдира олмадим. Пора ўралган қоғозга «шеър» ёзиб юрган шоирлар ҳам борлигини эсдан чиқариб бўлмайди. Умуман, шеърият уйи пок бўлмоғи керак. Шундоқ ҳам нопок даргоҳлар жуда кўп. Дунёнинг қаеридадир муқаддас жойлар  қолиши керак. Ақалли, эртага дунёга ташриф буюрадиган покиза насллар учун бу жуда керак.

Шавкат Раҳмон шеърияти руҳият ва қалб шеърияти. У хоҳ тарихий, хоҳ ижтимоий, хоҳ ишқий-маиший мавзуда сўз айтишга чоғланмасин, жуда катта  масъулият билан ёндашади. Гап «Туркийлар» шеъри хусусида эди. Шундай қилиб, шоир таъкидлашича, туркий халқлар   ҳатто  салтанатнинг жуғрофиясини-да унутдилар, дунёпарастлик ўрнини қаноат, жангарилик ўрнини меҳр-мурувват, қиличбозлик ўрнини зикру сано ишғол қилди. Ҳар қадамда масжид ва мақбаралар қад ростлади. Хонақоҳларда дарвеш ва қаландарларнинг ҳаййо-ҳуви, азон садолари янграй бошлади. Тунов кун бўйнини эгиб, қисиниб-қимтиниб турган душманлар ёввош тортиб қолган туркийлар ҳузурига лабда мулойим кулгу, қўйинда чағир тош билан келдилар. Тарихий бўҳронлар шундан далолат берадики, кўп ҳолатларда туркийлар бошига тушган катта талафотлар айни уларнинг намоз адо этаётган пайтларига тўғри келган. Ёв ҳозир ҳам мусулмонларни саждага бош қўйган маҳалда чопади. Халифа Усмон ибн Аффондан ёвқур Анвар пошогача саждага бош қўйган маҳалларида шаҳодат топганлар. «Илвасин йигитлар, бобур йигитлар»нинг ёв билан иши йўқ, улар қўйнига пичоқ солиб келган ёвга қайрилиб ҳам қарамадилар. Дала-даштларни ларзага солиб юрган бўрибосарлар бўйниларига солинган ғўлларни чайнаб, кўкка боқиб бенажот увлай бошладилар.

Туркда бош қолмади…
қолмади довлар,
хотин-халаж қолди мотам кўтариб,
«бизга тик қарама» буюрди ёвлар,
ёвларга терс қараб яшади бари.
Таланди самовий тулпор уюри,
таланди зарлари,
зебу забари,
терс қараб ўлинг деб ёвлар буюрди,
ёвларга терс қараб жон берди бари.
Лаҳадга кирдилар ўзларин қарғаб,
қолмади арабий,
туркий хатлари,
туғингиз, деди ёв тескари қараб,
ёвларга терс қараб туғилди бари.

Туркий халқлар қисматида қоронғу кунлар бошланди. Комиллик ва мўминлик талабида шамширу қалқонни ташлаб, тасбиҳ ва сажжодага юкинган туркийлар босқичма-босқич салтанат ҳудудларини қўлдан бой бера бошладилар. Ниҳоят, унинг саҳролари ва шаҳарларига бош суқиб, сўнг оёқларини ҳам киритиб олган ёвлар бошига чиқиб қўр тикдилар. Ёв аёвсиз, аммо жуда маккор эди. У фақат лашкар ва тўплари билан эмас, узоқни кўра билгувчи сиёсатдонлари, жуғрофиюнлари, муаррих ва муаллимлари билан «ташриф буюрди». Бу «ташриф» ниҳоят юз йилларга чўзилди. «Меҳмон» бу ерлардан кетишни хаёлига ҳам келтирмасди. Шу ерларда болалади, шу ерларда «палак ташлаб» кўпайди. Сариқ-суруқ гўдаклар кейинча погон таққан зобитларга айланди, ерга қапишган кўйи зўрға яшаётган лой кулбалар устида қад ростлаган қасру равоқларда аста-секин шаробнигина эмас, ҳўриллатиб чой ичишни ўрганди, зерикиб қолганда астойдил керишиб, жаҳонгир наслидан ёдгор бўлиб қолган сеҳрли мақбара ва мадрасаларнинг расмини чизди, кошинлардаги арабий ҳарфларни ўқиб-ўрганмоқчи бўлди, аммо зобитлар ва негадир «қозоқ» деб аталгувчи одамхўрлар оддий халқни ахталанган қуллардан баттарроқ аҳволга солдилар. Шоирнинг тарихий лавҳалар тасвирига чоғланган ўткир ва бирмунча тиғдор тили фожиалар силсиласини акс эттирар экан, энг қизғин ва мардона сўзларни интихоб этади. Шоирнинг эҳтирослари оқимига тушган сўзлар аввал чўғланиб, сўнг ёғдулана боради ва ниҳоят, ё буткул ёрилиб кетади ёхуд кул бўлиб сочилади. Шавкат Раҳмон фақат бир маънода аёвсиз шоир. У, аввало, ўзига шафқат қилмайди, вужудидан отилиб чиқаётган сўзлар оқимини тўхтатиб қолиш асло мумкин эмас. Тоғ бошидан қуйилаётган шаршара, тўлқинлар сиртида жимирлаб турган мавжни кузатганмисиз? Жилла қурса, тоғдан қулаётган сангрезаларни-чи? Тошлар қалдироқ отади, гулдирайди, шиддат билан бир-бирига  кож тўлқинлардек тўқинади, чарс-чурс, қасар-қусур қилиб ёрилиб кетади. Бу манзара ҳалокатли, даҳшатли ва таъсирлидир. Агар бир четдан кузатиб турган бўлсангиз –  хўбу хўб, бордию шаршара деб гумон қилиб остига тушсангиз, майд-чуйдага айланасиз. Сўзни кўтариш қийин. Зотан, Пайғамбарга   (с.а.в.) ҳам сўз оғирлик қиларди. Ваҳий – хабар у зот туя устида эканларида нозил  бўлганда туя депсинар, қалқиб кетар, ҳансираб, оғзидан кўпик сочарди ва гурсиллаб ерга чўкарди. Сўз оғир нарса. Шунинг учун бугун уни хор қилганларни, эрта кечирмайди. Шавкат Раҳмоннинг сўзи ана шундай залворли, салмоқли, оғир ва таҳликали сўз эди. Бугунги хашаки сўзамоллар ёзаётган гапларини шеър деб гумон қиладилар. Ҳеч замонда Навоий сўзлари ва Мавлоно Жалолиддин Румий сўзлари сеҳрига чалинмаган, тили чучук ва туссиз, дидсиз ва дардсиз «шоир»лар сўз қадрини билганларми? Улар бугун тўрт атрофни қоғозга тўлдириб, қанчадан-қанча яшил ўрмонларга қирғин келтираётганлари етмагандек, не-не  ғўр ёшларни ўз дидларига мослаштиришга ҳам улгурдилар.

Шоир ўша оҳангда давом этади:

Туғилди,
туғилди,
туғилди қуллар,
қирқида қирқилган – имдодга муҳтож,
ёвларга терс қараб итлардай ҳурар,
бири-бирига душман, бир-биридан кож.
Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим.

Бундан бу ёғига туркий қавмлар ҳаётида ҳақиқий фожиалар даври бошланди. Дунёда бир неча қур  салтанат тиклаган туркийлар ёввош, қўймижоз (бу ҳақорат ҳозиргача яшаб келмоқда) халққа айланди. Насллар қумсоатдек алмашинди. Қуллар туғилди, қуллардан қуллар, қуллардан қуллар… Бу интиҳосиз қуллар карвонининг охири кўринмасди. Қулликнинг ўз психологияси бор, бу ўта мураккаб жоҳиллик психологиясидир. Қул – бу одам сиёғидаги ҳайвон. Тўғрироғи, ҳайвонга айлантирилган одам боласи. У ейиш, ичиш ва фармонбардорликдан бошқа ҳеч нарсани  тан олмайди. Қулнинг ҳақ-ҳуқуқи йўқ. Уни шу кўйга солганлар бу психологияни асрлар давомида шакллантира олганлар. Бугун ҳам оддий шиорларга алданиб, яхши кунлар келишини хаёл қилиб юрганлар қуллардир. Чунки одамзотнинг қандайдир мавҳум замонларда бахтли яшашга эмас, балки айни дақиқада  ҳам бахтли бўлишга батамом ҳаққи бор. Эрталаб ит сарқитини еб, далага чиқишгагина эмас, балки худди  қуёш энди тоғ оша бош кўтараётган паллада ҳам, чошгоҳ маҳали тутқаторда қаттиқ нон кавшаб эмас, ҳузур-ҳаловат қилиб, саодатли нафас олишга ҳам ҳаққи бор. Аммо уни ҳар гал, ҳамиша эртага, албатта, бахтли бўласан, деб алдашади. Қул ёлғонга ишонувчан, кўнгилсиз,  фаҳм-фаросати йўқ ва ҳеч қачон ўз фикрига эга бўлмайди. Уни бошқариш осон. Айниқса, бошқа бир ўзига ўхшаш оч қул билан уруштириш жуда қулай. Қулликнинг самарали таъсири туфайли ўзаро ёвлик, адоват, кўролмаслик, итлик психологияси вужудга келтирилди. Қуллар итларга дўнди ва бир-бирига ириллаб, тиш қайрай бошлади. Бу ириллашлар ва тиш қайрашлар охир-оқибат Туронзаминни тилка-пора қилиб ташлади. Энди:

Жўмардлар қирилган Туронзаминда
дўзахий тажриба палласин кўрдим:
эшшак суврати бор қай бир қавмда,
қай бирида тўнғиз калласин кўрдим,

дейди шоир.  

Юқорида қуллик, мутелик, ноодамлик, итоаткорлик психологияси махсус шакллантирилади, дедик. Бу ҳам ўзига хос аёвсиз, зулмкор тажриба. Тарих тажрибаларнинг анвойи хилини билади. Жумладан, бугун ҳам одамлар жисмида ўтказилаётган тажрибаларни (зомбилар, клонлар ва ҳоказо) эслаш кифоя. Тарихий далиллар шундан шаҳодат берадики, японлар жаҳон урушидан олдин ва империя буткул йўқ бўлгунга қадар одамлар жисмида тажриба ўтказадиган махсус қамоқхонага эга бўлганлар. Бу қамоқхоналарда одам ақлига сиғмас даражада ваҳшиёна тажрибалар ўтказилган. Балки японларнинг бугунги илмий тараққиёти замирида шундай ғайриинсоний тажрибалар ҳам йўқ эмасдир. Худди шундай тажрибалар, яъни оддий одамни қулга айлантириш тажрибалари туфайли «эшшак сувратли» ва «тўнғиз каллали» қавмлар дунёга келди. Кейинча қулга дўнган кимсалар ҳам дунёга Фиръавндек чинқираб келган, уни ҳеч ким қул қилиб яратмаган.

Бу ҳолдан буваклар бўғилиб ўлар,
қул Билол эзилиб йиғлар фалакда…
Ўзларин ёндирар борлиқдан тўйган
Бадахшон лаълидай асл малаклар.

Буюк миллий-ижтимоий фожиа манзараси тобора қуюқлаша боради. «Эшшак суврат», «тўнғиз каллали» итфеъл қавмларнинг наҳсли кирдикори наслларга уради ва этник мусибат ирсий фалажлик, ақлий-маънавий-руҳий инқирозни вужудга келтиради. Болаларга қирғин келади. Фарқи йўқ. Улар очликдан ўладими, пестицидлар таъсиридами, барибир. Далил шуки, улар қирила бошлайди. Ҳам маънан, ҳам жисман. «Бадахшон лаълидай малаклар» эса пахта эгатларидан чиқиб, ғўзапоядек ланғиллаб ёнадилар. Бу гўзал оловнинг дудлари еру осмонни қоплайди, булутларга қўшилиб, дунёни кезади, қаергадир ёмғир бўлиб қуйилади, қаердадир майса бўлиб кўкаради. Эҳтимол, Бадахшон тоғлари бағрига яширинган жавоҳир ва лаъллар ўша аёлларнинг жонидир?  Эҳтимол, Тяншон тоғи бошидаги оппоқ қорлар уларнинг жисмидир? Ким билсин.

Мўминлар беш бора  Аллоҳни эслар,
саждага бош қўйиб, жаллод тошига.
Ўгрилиб сал ортига қарайин деса,
бошига урарлар,
фақат бошига.

Мўминликнинг беш шартидан бири ҳар кун беш маҳал саждага бош қўйиш. Агар мўмин шундан бошқани ўйламаса, золимга бундан қулайи йўқ. Аллоҳини ўйласа ўйлайверсин! Аммо фақат ва фақат Аллоҳни! Бошқа нарсани эмас! Жумладан, нега мудом унинг бошига солишлари, кетига тепишлари, ювинди еб, талқон шопириши ҳақида эмас. Аммо зинҳор  энгил-боши, қизларининг битлаган сочи, боласининг ёш тўла кўзлари, отасининг ғижимланган юз-кўзи, онасининг етти букилган қомати, дала-тузда етиштирган неъматлари, маҳалласи, ватани, мазорати ҳақида эмас. Шунинг учун ёвга тикка қаролмайди. Агар бордию бирор «кож» тик боқишга журъат қилса, унда унинг фақат бошига, бошқа ерига эмас, миясига солиш керак! Шавкат Раҳмон шеъриятининг беназирлиги шундаки, у адабиётимиз тарихида илк бор одам психологиясининг ўта нозик нуқталарини шеърий  тил билан тадқиқ этди, бадиий-психологик кашфиётлар яратди. Шеър ниҳоясида шоир асл муддаога кўчади:

Борми эр йигитлар,
борми эр қизлар,
борми  гул бағрингда жўмард нолалар,
борми бул туфроқда ўзлигин излаб,
осмону фалакка етган болалар.
Бор бўлса,
аларга еткариб қўйинг,
бир бошга бир ўлим демаган эрмас,
шаҳидлар ўлмайди,
бир қараб тўйинг:
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!
Ёвга терс қараган мусулмон эмас!

Ўзбек адабиётида  чинакам воқеа бўлган ва ҳанузгача бирор тадқиқотчининг назарига тушмаган бу шеър туркий халқларнинг асрий фожиаси тугал инкишоф этилган бадиий асардир. Беш марта янграган сўнгги сатр марҳум шоирнинг «зулфиқор руҳи»дан сачраган имон шуълаларидир.

* * *

Шавкат Раҳмон топталган, ҳақоратланган, қон қақшаган Ўшдан қайтганидан сўнг, узоқ вақт ўзига келолмади. Қуюқ сочлари оқиб тушган манглайида ажинларнинг тиғиз сафи кенгая борди, юз-кўзларида ажабтовур ҳаловатсизлик ва хавотир пайдо бўлди. Шоирнинг одам боласи, унинг бу оламдаги ўрни ва қисмати ҳақидаги қарашларига дарз кетди. Кутилмаганда ҳарнечук ғайриодамий қилмишларни бажаришга қодир инсонлар ҳақида тасаввури том маънода ўзгарди. Ҳа, ҳаммаси шеърларда айтилиб, қўшиқларда куйлангандек эмас экан. Шавкат Раҳмоннинг 70-йилларда ёзган шеърлари билан 80-йилларда яратилган шеърлари ўртасидаги тафовут кишини ҳайратга солади. Адабиётимизда илк шеърини қандай усулда ёзган бўлса, қарийб сўнгги шеърларини ҳам ўша усулда ёзаётган шоирлар бирталай. Улар шеърий услубни ҳам догма сифатида қабул қилишга ўрганганлар. Шавкат Раҳмон бу ақидаларни синдириб ташлаб, шеърдан шеърга катта шиддат билан ўсиб борди. Унинг қайсар ва мардона қалами   асл мўъжизаларни яратди. Шоир шеърларига ўхшаши йўқ ташбиҳлар оқимини олиб кирди, сатрлари занжир ҳалқаларидек қаттиқ жаранглар, сўзлар сўзларга ана шу занжир орқали боғлана бошлади. У борлиқ оламга муносабатини дадил ва ошкора, бор бўйича, қандай бўлса, шундайлигича айтишга чоғланди. Шеърий назокат ва андишани йиғиштириб қўйган шоирнинг тили шу қадар чархландики, энди у билан гаплашиш ҳам, шеърларини мутолаа қилиш ҳам душвор эди. Кўнгилчан, содда, фасоҳатли Шавкат Раҳмон аёвсиз ташбиҳлар қиролига айланди. Мана бу ташбиҳлар оқимига эътибор беринг: «Илондай чиройли кечалари ҳам ўйнатиб бир пудлик босқонларини, тоблар шўх қизларнинг сандонларида минглаб Жалолиддин, Ҳожихонларни…» («Хоразм қишлоқлари»), «Шамолзор дарада чайқалади тун, оқаришиб борар ойнинг палласи. Қонимни қонимга танитиб қўйди қоронғи тунларнинг ўт мусалласи…» («Аравон кўринишлари»), «Туркона ҳовлилар кунга қараган, аччиқ мевасидан ширин боли кўп, кўримсиз эшиклар мангу ёпилмас, терагидан кўра мажнунтоли кўп… Сабр дарахтидай ўсган одамлар – саксовул сингари чидамли, чайир, ерга ботиб кетган баҳодирлардай кунларга қарайди синиқ илжайиб…» («Автобусдаги ўйлар»), «Улуғвор қоялар салтанатида офтобнинг йиғилган шуълаларидай сирқираб ётибсиз  тошлар оралаб, бокира сувларим, гўзал сувларим…» («Сувлар ила мулоқот»), «Не кўз билан кўрсин, қалайи нигоҳ ҳам темир човутли қаҳҳор сайёдлар тинсиз арқон талашлар, кўкка сапчийди бир олов оқимдай айланган отлар…» ( «Офтоб ва офтоб нурлари ҳақида афсона»), «Қанча жасад кўрдим, гўё бир куни ёруғ орзуларнинг баҳридан кечиб – шошилиб кетгандай олий кишилар азобдан буришган либосин ечиб…» («Гуманоидлар»), «Жуда нозик усул, тўғримасми-а, қотиллик қилганинг ҳеч ким сезмаса, сазойи қилмаса эшак миндириб, халойиқ оддида тилинг кесмаса. Ўтган асрларда шўрлик вақтни сўйиб қўйишарди қўзичоқлардай, қозиққа ўтқазиб ё осиб дорга, тириклай кўмишар эди чоҳларга…» («Вақт»), «Юлдузсиз осмондай бу чуқур кўзлар, сўнган юлдузлардай сон-саноғи йўқ. Топилмас, топилмас абадулабад бу очиқ кўзларни ёпадиган қўл». («Очиқ қолган кўзлар»), «Манови қора тош – вақт кафтларида триллион маротаба кичрайтирган тун – жонсиздай ётаркан, ўткир кўзимга тобора шубҳали кўринар ҳар кун…» («Гуллаётган тош»), «Қуршовда юртимнинг қабристонлари, қабрлар оғзида тўхтаган пахта, гўё шўрликларнинг арзон жонларин қутқариб қолгандай милёнлаб лаҳад. Шўрликлар бир умр ёмғир, қор кечиб, фақат қабрлардан ҳаловат топди. Уялдим тунов кун кўйлагим ечиб, пахта экилмаган баданим қопти…» («Қўшимча қўриқ»), «Гўё ким атайлаб сувга босган бир коптокдай балқиди рангин савлати, кўрди юксалганин бир фитна олғир ўзи бўғиб қўйган ўзбек давлатин» («Орзуга айб йўқ»), «Эски ўзанлардан келди гулдираб улкан тўзонларнинг жинни ҳаммоли. Ўйлаб юрган эдик сени ўлди деб, ҳалиям бормисан, Қўқон шамоли…» («Қўқон шамоли ҳақида ўтмишдан ривоят»).

Шавкат Раҳмон ХХ аср ўзбек адабиётида чин маънода инқилоб ясаган мардонавор, ҳақиқатпарвар, миллий шоиримиздир. Унинг бетакрор шеърий кашфиётлари асрлар оша миллатимизнинг бош ғояларига хизмат қилади, Туркистон адабиётининг зарварағига айланган бу дурдоналар абадият мулкига айланди. Адабиёт ҳам ибодат эканлигини чуқур англаган барҳаёт шоиримизнинг овози мангуга Сулаймон тоғ қадар юксалиб тураверади.