Тарих зарварақларини кўздан кечирганда бир асрда кўпи билан беш-олти нафар буюк аллома ўтганига гувоҳ бўламиз. ХV — ХVI аср ўзбек адабиёти, маънавияти тарихида улуғ зотлар Алишер Навоий ва Заҳириддин Бобурни ана шундай алломалар қаторига киритиш мумкин. Зотан, Заҳириддин Бобур умр йўлининг ўзи авлодлар учун ибрат намунасидир. У 47 йиллик қисқа ҳаёти мобайнида юз йил яшаб ҳам улгурмайдиган ишларни адо этди.
Бобур ўз даврининг тарихчиси, этнографи, ўлкашуноси, биолог, географ, диншунос олим, шариат аҳкомларини мукаммал билган ва бу борада рисола ёзган, араб алифбоси мураккаб, ўрганилиши қийин бўлгани боис янги “Хатти Бобурий» алифбосини яратган, давлатчиликда вақт меъёрларини қайта ишлаб чиққан, алоқа тизимини қайта қурган ва яна қанчадан-қанча ислоҳотларни амалга оширган, борган ерида боғ-роғ барпо этган, Мовароуннаҳр тамаддунини Шарқда тарқатган буюк шахсдир. Бобоси Амир Темурнинг муносиб вориси сифатида унинг салтанатини қаламравида қайта тиклаш, юксак салтанат барпо этиш ва давлатчилик ишларини амалга оширишни мақсад этди. Моҳир саркарда сифатида энг оғир вазиятларда, бек ва сафдошлари чап бериб ундан тахтни олишга интилиб, иложсиз қолган ҳолида ҳам “чун салтанат дағдағаси ва мулкгирлик доияси бор, бир қатла, икки қатла иш юримаган била боқиб ўлтуруб бўлмас”, деган ғоя уни ҳамиша мақсадга эришишига етаклаган. Бобурнинг бу хислати, келажакка умид билан қараши барча замонларда ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Бу буюк аллома асарларини мутолаа этганда, хаёлан Бобур шуҳратининг сирини англагандек бўламан, унинг замондошларидан ҳамиша ҳам меҳр топмай, уларга меҳр тарқатган инсон эканлигини англаб етамиз. “Бобурнома”ни варақлаб, унинг охирги саҳифаларидан бу асарни кўчирган номаълум котиб (мусаввадаи авроқ)нинг асар муаллифига берган холисона, мухтасар таърифига кўзимиз тушади. Унда: «…ва маҳолдурким, ул подшоҳи қобилнинг яхшилиғларини айтган билан ва битиган билан туганмагай. Лекин, мужаммал буким, секкиз сифати асил анинг зотиға мутассил эди: бириси буким, нажҳати баланд эди; иккимчиси, ҳиммати аржуманд эди; учумчиси, вилоят олмоғ; тўртумчиси, вилоят сахламоғ; бешумчиси, маъмурлуғ; олтимчиси, рафоҳият нияти Тенгри таоло бандалариға; еттимчиси, черикни кўнгли(ни) қўлға олмоқ; секкизимчиси, адолат қилмоқ», деб зикр этилган.
Унинг шахсидаги юксак инсоний фазилатлар, чунончи, аёл зотига эҳтиром, атрофдагиларга меҳр ва шафқатда бўлиш, таъкидлаш жоизки, Бобур ҳаётининг мазмунига айланган эди. Айнан Бобурнинг юксак инсоний хислатларини намоён этувчи, уни беш-олти асрдан кейин ҳам баркамол инсон сифатида кўрсатувчи мисоллар талайгина. Масалан, Шарқ тарихида шоҳ ёки султон вафот этмасдан туриб мулкини ўз ворисига қолдирмаган. Бобур вафотидан маълум муддат олдин салтанатини тўнғич ўғли Ҳумоюн мирзога топширади. У Ҳиротда бўлганида Кобулда энг яқин кишилари фитна уюштиришади. Бу манзара Бобурнинг ўзига қилинган хиёнатга муносабатини ҳам, давлатчилик сиёсатини ҳам, оғир дамда кечиримли бўлишини ва ниҳоят ўта меҳр-шафқатли инсон эканлигини ҳам ёрқин кўрсатади. Бобурнинг Кобулдан узоқда — Ҳиротдалигидан фойдаланиб, унинг ўрнига Мирзохонни подшоҳ этиб тайинлаш учун Кобулни муҳосара этганларида у кўп машаққатлар билан Кобулга келади ва бу фитнани бартараф этади. У қўлга тушган, шармандаларча аёллар тўшакхонасига яширинган Муҳаммад Ҳусайн мирзони «чунон додамнинг волидаси Шоҳбегим хоҳарзодаси бўлур эди, буюрдумким, мундоқ беиззатона кездурманг, ўлум йўқтур», деб гуноҳини кечиради.
Бобурнинг давлатчилик сиёсати негизида том маънода Шахс туради. У имкон қадар ҳар бир аскар, зобит, амирлар, оддий косибдан тортиб нишонни аниқ мўлжалга олишга қодир тўплар яратган уста Алиқулига ҳам, қобилиятли тарихчи Мирзо Ҳайдар, вазири аъзам даражасидаги беки Қосимбекка ҳам юксак марҳаматларини кўрсатган. Ҳатто салтанати ривожини истамаган Шоҳбегимга ҳам, рақиблари Аҳмад Танбал, Хисравшоҳ, Боқи Чағониёнийга ҳам мақсадига қарши юрмасликларини таъкидлаган, низолар ўрнига сулҳни, ҳамкорлик даражасидаги давлат бошқарувини таклиф этиб кўрган, буларнинг иложи бўлмаганда эса, улар устидан ҳам маънавий ва ҳам ҳарбий жиҳатдан устун келган.
Бобур томонидан давлат бошқарувида кўпгина халқпарвар амру фармонлар эълон қилинди. Уларнинг энг намуналиси “икки азимуш-шаън” фармонидир. Бу фармон Бобурнинг адолатли давлатчилик маромини, подшоҳ сифатида етукликка эришганини, энг муҳими, қаламравидаги фуқароларнинг кимлиги, қайси миллат ва динга тааллуқлилигидан қатъи назар, тамға солиғидан озод этилганини асослайди. Иккинчи фармони вафотидан икки йил олдин бутун салтанатида шароб ичишни қатъиян ман этганига оиддир. Бобурнинг бу икки фармони унинг халқпарварлигидан, инсон манфаати, унинг соғлиғи ва ахлоқий баркамоллигини юксак қадрлаганидан далолатдир.
Заҳириддин Бобур фарзандлари Ҳумоюн ва Комронга ёзган мактуб ҳамда васиятномасида салтанатни адолатли тарзда, бамаслаҳат бошқариш, нокасларни асло давлат ишларига аралаштирмаслик, зинҳор бошқа элу элатларнинг дини, урф-одатлари ва анъаналарига дахл қилмаслик, аксинча, уларни ҳурмат этишни таъкидлагани бу қалбидарё шахснинг узоқни кўра билганлигига далилдир. Бобур назарида салтанат обрўси, биринчи навбатда, саводли, тез бир хулосага келадиган, сўз қудрати устун, одамларни ўзига эргаштира оладиган шахслар фаолиятига боғлиқ. Унинг қарашича, бек, вазир, шайхулислом ва бошқа лавозимларга эга шахсларнинг ҳаммаси ҳам салтанатни бошқаришга қодир эмас. Эл назарига тушиш, аскару фуқаролар кўнглига йўл топиш учун, аввало, юксак инсоний хислатларга эга бўлиш, илм ўрганиш, давр янгиликларинигина эмас, салтанатдаги ўзгаришларни тўғри баҳолай билиш, ҳарб санъатини тўла ўзлаштириш лозим; хулқида жасорат, мард кишига хос хусусиятлар доимо намоён бўлиши, муҳорабаларда мушкул пайтда қуролдошига ёрдам қўлини чўзиши, очиқ кўнгилли, сахий ва бечорапарварлик умр шиори бўлган шахсгина давлат бошқарувида ўзини кўрсата олади. Хисравшоҳ, Боқи Чағониёний, Али Дўст, Султон Маҳмуд ва бошқа бекларнинг характерида юқоридаги каби хислатлар кам кўринганлиги, яхшиликдан кўра ёмонлик, ғаразгўйлик ва мунофиқлик ғолиб эканлигини кўрган Бобур уларнинг шахсий ҳаётлари ҳам аянчли, мағлуб қиёфалари ночор, умрлари эса салтанат дағдағалари билан ўтиб, фожиа билан якунланганлигини бадиий тасвирларда берган. Бобурнинг давлат бошқарувида шахс мавқеини ана шундай тазод воситасида, яхши билан ёмоннинг қарама-қаршилиги орқали тасвирланганлигининг ўзи уни буюк давлат арбоби сифатида ҳам, моҳир руҳшунос даражасида ҳам кўз ўнгимизда гавдалантиради.
Бобурнинг давлатчилик ва юксак ҳарбий маҳорати Шарқ ва Ғарб олимлари, тарихчилари томонидан кўп эътироф этилган. Бу борада тарихчи Паве де Куртейлнинг таърифи фикримизга далилдир: “Ҳар қандай синовга бардош бера олувчи, ирода ва матонатни ўзида мужассамлаштирган бу зот ўзида ҳарбий ҳийла ва жасоратни уйғунлаштира олар, зарур бўлганда жазолашга ҳам ва афв этишга ҳам қодир эди: у истеъдодли ҳарбий арбоб ва ишнинг кўзини биладиган, қўшинларни маҳорат билан бошқара оладиган, уларнинг ишончини қозона олган саркарда эди”.
Заҳириддин Бобур давлат бошқарувида аёл шахсиятига юксак эътибор билан қараган. У аёллар қадр-қимматини жойига қўйган, иззатларини бажо келтирган, зарур бўлганда Қутлуғ Нигорхоним, Эсон Давлатбегим, Хонзодабегим ва бошқа аёллар билан давлат ишларига оид масалаларни бамаслаҳат адо этган, уларнинг фикрини инобатга олган. Гулбаданбегим “Ҳумоюннома” асарида ёзишича, Бобур Аграда давлат ишлари билан банд бўлган пайтда Хуросондан хотини — Хўб Нигорхоним ташриф буюргани ва у аллақачон саройга анча яқинлашганлиги ҳақидаги хабар етказилади. Шунда Бобур барча юмушларини қолдириб хотини томон отланади. У аёли келаётган карвонни кўриб, отидан тушиб, хотини томон ошиқади. Аёлини отидан тушириб, ўзининг отига миндиради ва от жиловини қўлига олиб саройгача яёв етаклаб келади. Подшоҳнинг бу ҳаракати айрим сарой аъёнларига ёқмайди ва уларнинг эътирозларига сабаб бўлади. Шу мисолнинг ўзи ҳам Бобурнинг ўз давридан анча илгарилаб кетганлигини, оиладаги муносабатида самимият устун бўлганини билдирадики, бу замондошларимиз учун яна бир ибрат сабоғидир.
“Бобурнома”да муаллиф давлат бошқарувига оид сирларни эътироф этиш билан бир қаторда, йўл қўйган хатоларини ҳам тан олиб очиқ баён этган. Айниқса, унинг Ҳиротга, Бадиуззамон мирзо ҳузурига ташриф буюрганида бехосдан Бадиуззамондан олдин у томонга қадам қўйгани, бу дипломатик хатони пайқаган Қосимбек Бобурнинг белбоғидан тортганини, ҳар иккала шаҳзодалар бир вақтда бир-бирлари томон қадам қўйишлари дипломатик муносабатлар тартибига мувофиқлигини билдирадики, бу ҳақда Бобур “менинг номусим Қосимбек номуси бўлганлиги боис менинг хатоимни тузатди”, дейди.
Бобур дипломатиясининг юксак намунаси сифатида “юкуниш” сиёсати алоҳида эътиборга молик. Умуман, темурийлар саройида сарой аҳли, бек ва зодагонларнинг бир-бирлари билан учрашувларида кимнинг неча марта, қай тарзда, қайси ҳолатда иккинчи томонга қараб юкуниши унинг мансаби, вазифа даражаси, ғолиб ёки мағлублиги, умри поёни яқинлиги ёки афв этилишига қараб белгиланган. “Бобурнома”да бу мавзу жуда жонли мисоллар, турли вазиятлар талқини орқали бор моҳияти билан келтирилганки, бу аввало, Бобурнинг юксак даражадаги дипломатлигини кўрсатади.
Ҳиротда Бадиуззамон мирзо билан учрашганида Бадиуззамон унинг юкунишини талаб этади, бу эса Бобур томонидан камситиш сифатида қабул қилинади. Бобур ўзининг бу эътирози ва кайфиятини Бадиуззамоннинг бекларига етказади ва анча музокарадан кейин ҳар иккала шаҳзода бир хил даражада эканлиги исботланади ва Бобурнинг юкуниши шарт эмас, деган қарорга келинади.
Бобур дипломатиясида рақиб томонни мағлуб этишдан кўра, у билан сулҳ тузиш, Афғонистон ва Ҳиндистондаги давлат бошқарувида бағрикенглик, ўзга халқлар дини, урф-одатини эҳтиром этиш, бечора-беваларга ёрдам қўлини чўзиш, юксак саховат орқали дипломатик муносабатларни яхшилаш, шу қатори, бунёдкорлик ишларини олиб бориш билан мувофиқ муҳитни яратишга ҳаракат қилганига гувоҳ бўламиз.
Заҳириддин Бобурнинг бу борадаги мероси ҳали янада чуқур ўрганилади, мамлакатимиз дипломатияси тарихини бой мисоллар билан тўлдиришда мазкур мероснинг асқотиши аниқ. У бир умр асл Ватани Мовароуннаҳрда салтанатни бошқаришни, уни обод ва кўркам кўришни орзу қилиб яшади, аммо бу ният унга аччиқ армон бўлиб қолди. “Бобурнома”да ўқиймиз: “Бизнинг эҳтимомиз ул сарилар (яъни Мовароуннаҳрга — Ҳ. Қ.) бормоққа беҳад ва беғояттур. Ҳиндустон ишлари ҳам бир навъ сомон топиб келадур. Тенгри таолодин умид андоқдурким, бу оранинг иши Тенгри таоло бот саранжом топқай. Бу иш забтидан сўнг бетаваққуф, Тенгри еткурса, мутаважжуҳ бўлғумдур. Ул вилоятларнинг латофатларини киши нечук унутқай”.
Бебақо умр Бобурга бу ниятларини амалга оширишига имкон бермади. Бироқ унинг қолдирган беқиёс адабий, илмий, тарихий асарлари, “Аруз рисоласи”, шеърий девонию назмий асарлари, Хожа Аҳрори валининг “Волидия” асарининг форсчадан ўзбек тилига ўгиргани, мусиқа ва ҳарб илмига оид асарлари (ҳали топилмаган) унга боқий шуҳрат келтирди ва келгуси авлод ҳам бундан баҳраманд бўлишига шубҳа йўқ.
Ҳасан Қудратуллаев,
филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 7-сонидан олинди.