Эй, гулим,
Кўзларга ёшлар тўлганда
Соямиз қўшилган дамларни эсланг!
Шавкат РАҲМОН
… У юзини терс ўгирди.
— Нимага келдингиз?
Нафаси сиқилиб, бутун вужуди бўғриққан, юз томирларигача таранглашиб, тобора қорайиб бораётган дарё тошларидек захали, ўйдим-чуқур юзи энди бурунгидек қоятошни эслатмас; мусаввир юртдоши чизган полотнодан боқиб турган бургут нигоҳлардан асар ҳам қолмаган; аёвсиз дард билан олишмоқдан тинкаси батамом қурғаган; кетмончиникига ўхшаш бақувват қўлларига ботган игналарнинг сон-саноқсиз излари ўрнида кўкиш-қора доғ билакларига ёйилиб, ток зангига ўхшаёзган; сочларига туйқусдан ёғилган оқ қировлар энди қирқ тўққиз ёшни қоралаган забардаст шоирни етмиш яшар мункиллаган мўйсафидга айлантирган эди.
— Нимага келдингиз?
Мен руҳонияти чўққилардек ўктам ва қайсар, жисмининг ҳар заррасида ҳалоллик, тўғрилик, эътиқод ва гўзаллик яшаган шоир айни пайтдаги ҳолатига тоқат қилолмаётганини ҳис қилардим. Дард номардларча уни оёқдан олганига, бир қултум ҳаво учун бутун вужудини қон қақшатаётганига чидаёлмасди. Йўқ, ўлимдан қўрқадиганлардан эмасди. У бошқача ўлимни истарди ва ҳатто ўшандек бир ўлимни яширин орзу қиларди. Дейлик шеърларига ўхшаш гўзал, аёвсиз, аччиқ, фожиали ва кутилмаган ўлимни…
Мен ҳеч нарса демадим. Ҳаммаси кундек аён эди. Сўлғин кўзларининг тубида қотиб қолган «туркона» (бу унинг ибораси) битиклар ўзбек шеъриятининг Алп Тегини умрининг охирги лаҳзаларини яшаётганини тасдиқларди. Бу битикларда Олой тизмалари этакларида қолиб кетган беғубор болаликнинг учқур хаёллари, Ўш остонасида унинг йўлларига кўз тикавермоқдан қорачиғлари йўлларга тўкилган ва ниҳоят довон оша Тошкентга келиб, жон талашаётган боласининг ҳолсиз вужуди ёнида Худога нола қилаётган онаизор лабларининг пичир-пичирлари, самбит қоматли сулув қизларининг бўйига боқиб, уларга каҳкашондек бахт орзу қилган аёлининг маъюс хаёллари, ягона Шоҳрухнинг беғубор ва содда нигоҳлари… ва яна кўп нарсалар ифодаланаётгандек эди. Кўнгил кўтаришдек бемаънилик хаёлимга ҳам келмади. Жим унинг нигоҳларига боқдим ва хонани тарк этдим. Қайтиб бормадим. Энди бориб бўлмасди. Ростини айтганда, ўзим ҳам уни бу ҳолда кўришни истамасдим.
Тошкентнинг талабалар шаҳарчаси ёнбошидаги онкология маркази биноси жойлашган дарахтзор ҳовлида юрган одамларнинг қиёфасида ҳам алланечук мунг бор эди. Асосан, саратон касалига чалинганлар билан шуғулланувчи дўхтурларнинг аҳволини тасаввур қилишга ҳаракат қилдим. Улар беморларга қандай қилиб умид бағишлашар экан? Чорасиз бу дард қошида ожизлигини тан олмаган табибу табобат деярли қолмади? Наҳотки, саратон ўз чангалига олган ва олаётган кишиларнинг кўз ўнгида фақат саратонда қуриб-қақшаб қолган биёбондан бошқа ҳеч нарса бўлмаса?..
Бу нарсаларга ақлим етмаслигини билардим. Мен тобора дунёдаги ризқи тугаб бораётган «ўжар шоир»нинг қисматини ўйлай бошладим. Ажал одам танламаслигига ишонсам-да, аммо бундай одамга ақалли бироз шафқат қилиш лозим бўлган кучлар бордек туюларди. Ахир, шундай буюк қалбни яратиб, уни қандай қилиб қайтариб олиш мумкин? Унинг борлиққа ҳали қониб тўймаган нигоҳи, райҳон бўйларига бўлган гўзал соғинчи, ҳамма-ҳамма нарсага чексиз муҳаббати, қиличдек кескир орияти, Ватан ва эл-юртга бўлган буюк муҳаббати ҳаққи-ҳурмати уни асрагувчи кучлар бор деб ўйлардим… Аммо, ҳамма ва ҳамма нарса саратоннинг қаршисида ожиз эканлигини ошкор тан олдилар.
Шеърни том маънода ҳар нечук тутқунликдан озод қилган, ҳар қандай зоҳирий сарҳадларни бузиб ташлаган, сўзга жон бағишлаш санъатини яратган, қуруқ баёнчилик, арзон панд-насиҳат, маталнамо сўзамолликни адабиёт майдонидан ҳайдаб солмоқчи бўлган, жонли тилнинг бор имкониятларини амалда қўллай олган, яланғоч ҳақиқат туйғусига илоҳийлик либосини кийдирган сўз сеҳргарларидан бири омонсиз дард чангалида сурункасига уч юз олтмиш олти кеча-кундуз олишиб, ҳали тугалланмаган шеъридек жон таслим қилди. Балки Паганини шундай жон бергандир, балки Машраб ҳам шундай жон ҳолатда дор остига боргандир. Балки Лорка… Аммо улар ўз аҳволидан «хижолат чекмаган». Дор тўшак эмас. У буни яхши биларди ва қачонлардир, жангда қурбон бўлиш ҳақида сўйлаганди. Энди эса, бир қултум ҳаво ҳам йўқ, борлиқ олам гулдираб, айқириб нафас олиб ётибди, ҳатто унинг Аравонида, Новқат ва Сулаймон тоғларида тошлар ҳам нафас оляпти. Дарёлар шовиллаб, мирза тераклар Ўш кўчалари бўйлаб солланиб, ютоқиб нафас олмоқда, майса ва гиёҳлар, қурту қумурсқалар, илону чаёнлар ҳам нафас олаяптилар. Фақат у… бир қултум нафас олиш учун бутун вужуди билан тиришиб, зўриқиб азоб чекади.
Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
олис-олис воҳалардан
тоғларимни чақиринг —
осмон тўла ҳаволар
фақат менга етмайди.
Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
кўзимда бир томчи ёш,
сойлар ювса кетмайди.
Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
Пешонамнинг шўридан
Бино бўлгай бу дарё…
Осмон тўла ҳаволар
Фақат менга етмайди.
Нодиражон, Шоиражон,
Танам қимир этмайди,
Боринг, қорли тоғларга:
Бир шоир ётибди денг
Худонинг ҳовлисида…
Осмон тўла ҳаволар
Фақат менга етмайди…
Манзура опа, бирор нафаси ҳалол дуохон бўлсайди, деди овози титраб. У кейинги кунларда ўзи ҳам деярли турмуш ўртоғининг аҳволига тушиб қолганга ўхшаб кетарди. Ўшандек эти бориб суякка ёпишган, ўшандек юз-кўзлари куюк ва дардли, ўшандек синиқ. Хаёлимдан Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим ўтди. Шогирди. Даланинг одами. Нафас ололмаётган устозига Кўктош томонлардан, Рангон тоғларидан, азиз-авлиёларнинг марқаду мозорларидан, Иброҳимбекнинг тулпорлари кишнаган дала-даштлардан устози учун тоза ҳаво олиб келади, ўйладим мен. Аммо… Энди қирқ тўққиз ёшга тўлган забардаст чинорнинг улкан япроқлари бир-бир узилди ва қалқиб-қалқиб ерга тўшала бошлади.
Коридорда дуч келган Тоҳир ака «Шавкат ўтибди», деди. «Шоира кетди…»
Мен Ҳофизга қўнғироқ қилдим.
— Кўчага чиқиб туринг, — ҳамишалик асабий овоз титради.
Кўча. Одамлар ўша-ўша, шўх-шодон. Қаёққадир шошган, қаёқдандир шошиб келаётган. Кимдир редакцияларга шеър элтяпти ва энг буюк шеър жон таслим қилаётганини билмайди. Кимдир мақоласи қаҳрамони билан суҳбат қурмоқда. Мошиндан тушиб таҳририят биносига йўл олган машҳур танқидчи қатағон қилинган адиблар ҳақида мақолалар ёзади ва у ҳам қаердадир Сибир ёқда, қандайдир ГУЛАГларда эмас, бир чақирим наридаги касалхонада буюк ўзбек шоири жон топшираётганини билмайди. Қаёқдан ҳам билсин?
Есениннинг бир ҳолати эсимга тушди. 1922 йил. Берлин. Есенин Ойдинбоғда М.Горкий билан учрашади. Ойдинбоғ айқириб ётибди. Одамларнинг бахтиёр кулгилари атрофни тутган. Ким музқаймоқ шимади, ким алвон пуфагининг бандидан тутиб чопади. Ошиқ-маъшуқларнинг қайноқ бўсалари.
— Менга, — дейди М.Горкий мутлақо руҳсиз Есенинга, — анови ит ҳақидаги шеърингизни айтиб берсангиз. Болалари нобуд бўлган ит…
Есенин «Қуёш ўйнар жавдар хирмонда…» деб бошланувчи ва шафқатсиз соҳиби етти нафар боласидан жудо қилган она итга бағишлаган маъюс шеърини ўқийди. Россияни ларзага солган шоир мана бу сатрларни ўқиётиб беихтиёр Горкийга назар ташлайди. Буюк пролетар адиби йиғлаётган эди.
Ботқоқлардан кечиб ўтди лой,
Оёқлари толди, уринди.
Том устида қалқиб турган ой
Боласига ўхшаб кўринди…
Шўрлик яна боласин сўраб,
Кўкка боқиб увлади хаста.
Янги ой ҳам аста ғилдираб,
Тушиб кетди уфқдан пастга.
Бечорага эрмаклаб, кулиб
Нон ўрнига отишгандек тош,
Ит кўзидан юлдузлар бўлиб,
Қорга оқди томчи-точи ёш…
(Эркин Воҳидов таржимаси)
Есенин шеърни тугатиб, Горкийга юзланди:
— Нима дейсиз, шеърият, умуман, менинг шеърларим керакми? Ойдинбоғ Шиллерсиз ҳам маза қилиб яшаяпти?..
Буюк пролетар адиби Есенин нималарни назарда тутаётганини биларди. Ҳали шеър таъсиридан қутулмаган адиб ҳеч нарса демайди…
Машина йўл четида тўхтади. Орқа ўриндиқда чопон, ҳаракат маромини ўзгартирадиган дастак ёнида бир даста пул.
— Қутулибди, — деди Ҳофиз паришон. — Мен ҳаётимда бунақа тўғри одамни кўрганим йўқ. Тўғрилик фақат Худога хос экан, бандага эмас…
Шавкат Раҳмоннинг ўлими ҳақида Тоҳир Маликка етиб келган хабар бемаҳал хабар эди. Ўшанда Шоира (шоирнинг ўртанча қизи) «Робита» журналида ишлар, Тоҳир Малик журналнинг бош муҳаррири эди. Шоир оғирлашиб қолган кун кимдир Шоирани зудлик билан касалхонага чақирган. Эҳтимол бояги совуқ хабарнинг тарқалишига Шоиранинг таҳририятдан йиғлаб чиқиб кетаётгани сабаб бўлгандир?..
Биз касалхонага кириб борганимизда аллақачон дўстлар ўша ерда жам эдилар. Манзура опа бутун жисмига турли хил тиббий воситалар боғлаб ташланган умр йўлдошининг бошида нима қиларини билмай жонҳалак айланар, қизлар бир бурчакда мунғайиб туришар, дўхтурлар, дўст-ёрлар, қариндош-уруғлар… Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай дўхтурлар беморнинг аҳволи бироз ўнгланганлигини айтишди ва келганларга рухсат беришди. Соат кеч ўнлар эди. Биз қайтдик. Йўл-йўлакай Набижон Боқий аллақандай ноёб дори ҳақида гапира бошлади. Энди қулоқларимга на дори, на дармон кирмас, назаримда шоир энг сўнгги нафасларини олаётгандек туюларди.
Эрта тонг, соат бешларда телефон жиринглади. Набижон Боқий Шавкат Раҳмоннинг оламдан ўтганлигини айтди. Шоирнинг Қорасув даҳасидаги бешинчи қаватда жойлашган квартирасида одам гавжум эди. Хона тўрига ётқизилган шоир жасади ниҳоят Ҳофиз айтганидек, бу дунёнинг бор ғам-ғуссаларидан қутулиб осуда ва тинч ором оларди. Кимдир айтганидек, буюк тўфон тинганди. Энди ҳаммаси тугади. Ҳаммасига нуқта қўйилди. Бир чеккада Набижон Боқий ва Иқбол Мирзо қон бўлиб йиғлар, бир чеккада Мирза Кенжабек шоир жисмини Тошкентда дафн этиш ёки Ўшга олиб кетиш тўғрисида баҳслашар, дераза ёнида ётган шоир гўё мана бу сатрларини ўқиётгандек, аммо ҳеч ким бу сатрларни эшитмаётгандек эди:
Айт, эй хаста булбулим,
Ўшга қачон етамиз?
Яшил боғлар сарғарди,
Мағиз бўлди гужумлар.
Оҳ, вой мунча йўл оғир,
Булбулим…
Улкан соат ўртасида
Мадорим йўқ юрмоққа,
Қашқирлар даврасида
Судраламан турмоққа.
Шунда қолиб кетсам гар
Нетамиз?
Абадият оралаб
Ўшга қачон етамиз?
Қорли тоғлар бағрида
Бегим — Ўшим кўринди,
Султон — Ўшим кўринди…
Бу унинг энг сўнгги васият шеъри эди. Аммо ҳозир ҳеч ким бу шеър ҳақида ўйламас, «Худонинг ҳовлиси»ни тарк этган бетакрор ўзбек шоирининг бемаҳал ўлими барчани эс-ҳушидан жудо қилганди.
Шавкат Раҳмон оламдан ўтди, Яланғочота мозорига дафн этилди. «Ўғлимни Ўшга олиб кетаман», деб Қорасув мавзесини бошига кўтариб йиғлаган она охири қизларнинг раъйига қарши боролмади. Рози бўлди… Жигарбанди ўлимидан бир йил ўтганидан сўнг она ҳам охират диёрига сафар қилди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 47-сонидан олинди.