Юрагим тонгданоқ, негадир, Ҳувайдо мавзеси сари талпинаверди. Устозни эртага йўқлашга бориш ҳақида ўртоқлар билан келишиб қўйганимга қарамай, уларга сим қоқиб, бугун борақолайлик, деб тиқилинч қилдим. Бордик. Стационарда ётган чоғидагига нисбатан анча тетик кўринди устоз. Кўнглимиз ёришди. Олтиариқдан жўнатилган узум баргидан қиймали ўрама пиширтириб олгандим, иштаҳасиз беморни тамаддиланишга қизиқтириш умидида, ота юртингизнинг таомидан бир татиб кўринг, деб қистай кетдим.
Чарчатиб қўйишдан ҳадиксираб, орада бир-икки бор қўзғалишга чоғлансак-да, ҳозир аҳволим яхши, яна озгина ўтирайлик, деб шаштимиздан тушираверди. Ўтган-кетган воқеаларни эслашдик, эндигина нашрдан чиққан, устознинг ижоди ва ҳаёти тўғрисидаги мақолалар жамланган “То қуёш сочгайки нур” номли китобни варақлаб, жўша-жўша фикрлашган бўлдик.
Кетишдан олдин Мирзажон қуръон тиловат қиляпти-ю, кўзим ўз-ўзидан ёшланаверди. Илгари ҳеч бундай бўлмаганди. Йиғимни устоздан яшириб, четга ўгирилиб олдим. Хайрлашаётиб юзимни юзига босдим. Баттардан тўлиқдим. Бу охирги марта кўришишимиз эканини мен ғофил ҳали билмасдим.
Ўша кунлари ўзимни нотетик сезаётгандим, қишлоққа бориб, даволанишни бошладим. Бир куни Иқболбек телефон қилиб, устоздан айрилиб қолдик, деди овози титраганча. Осмон бошимга қулаётгандек туюлди…
Таъзияга улгурдим. Остонасидан не-не мўътабар кишилар ҳатлаб ўтгани ғурур бағишлаётгандек доим пурвиқорланиб кўрингучи меҳмоннавоз уй бу гал мунғайганча чўкиниб турганга ўхшарди. Қадрдондан қадрдон эгаси пойдевордан бошлаб уни ўзи тиклаганди, наҳот энди бир чиқиб кетганча, бошқа қайтмаса?
Бетоблик сурункали тус олганидан кейинги воқеаларнинг анча-мунчасидан хабардорман. Операция қилинган юракни шифокор назоратидан ўтказиш муддати яқинлашганида Исроилга бориб келиш зарурати туғилгани ҳисобга олинмаса, уйидагилар фалон юртдаги дўхтирларгаям бир кўрсатсакмикан, дейишса, жонажон гўшасидан сира нари силжигиси келмасди устознинг, ҳатто стационарга боришгаям оёғи тортавермасди. Ўз юртини, ўз қавмини ёниқиб севгандек севарди бу уйни.
Навоий шеър битган тилда сўйласанг,
Қодирий жон тиккан ўйни ўйласанг,
Ражабийга ҳамроз қўшиқ куйласанг,
Чархда ўз уйи бор элат бўласан.
Қавмингдан нарида – ўгайқон дунё,
Қувончинг омонат, бойлигинг рўё,
Ҳаётинг сўнггида бахт боқиб қиё –
Ўз уйингда ўлсанг, яйраб ўласан…
Устозни дафн қила бошлашади. Болалик пайтим тили чиқиб-чиқмаган укам вафот этиб, уни кўмишаётганда, шундай юпқа кафанда қишни қандай ўтказаркин, деб эзгинланганим эсимда. Ўшандан бери қабр устига боришдан сесканишим боис, берироқдаги ғўла устига ўтираман. Карахт эдим. Кўзимда нам йўқ эди.
Кўраётганларимнинг ҳаммаси ёлғон! Эркин Воҳидовдек улкан тоғ қандақасига бирдан йўқ бўпқолиши мумкин? Бунга ақл бовар қилмайди! Буларнинг бари шунчаки туш! Юрак буткул оқиб битмасидан, тезроқ уйғонсайдим!
Кўз ўнгим шувалашади. Теграмда гўё ҳеч ким қолмаган. Қабристон ўрнида – нимқоронғи саҳна. Саҳнада – биргина Эркин ака. Турли жойдаги турлича воқеалар лип-лип намоён бўла бошлайди.
Ёшлар нашриёти. Бош муҳаррир Эркин ака мийиғида кулимсираб сўзламоқда:
– Болаларга аталган китобингизни ўқиб, сизни Тошкентга ишга чақиргим кепқолди. Бешта фарзандингиз бор экан, чидаб туришга жасорат топсангиз, уй-жой масаласини ҳам бирор йилда ҳал қилармиз.
Бадавлатликдаги каби, машҳурликда ҳам одамнинг кўзини ёғ боса бошлайди, ўзидан бошқани кўрмайдиган бўлиб бораверади, дейишарди. Шундай довруқли шоир қайсидир қишлоқда ивирсиб юрган ҳаваскор қаламкашни қандай илғай олдийкин? Энг ҳайратланарлиси – ишлари тиқилиб ётган бу одамни шундай саховатпешаликка ундаган нарса нима? Шу бечоранинг ҳам шеъриятимизга бирон-бир нафи тегиб қолса ажабмас, деб ўйлаганми? Эртага бу умиди оқланмаса-чи?
Ўзи меҳр қўйган соҳа истиқболини ўз оройиши, ўз шуҳратидан-да юқори қўювчи чинакам элпарварлар масаланинг бу томонини хаёлига ҳам келтирмайди шекилли; муҳими шу – кимгадир ортиқча бошоғриқ, унга эса оддийгина бурч бўлиб туюлгучи юмушни бажаришга жазм этди, бажарди. Бундай гулкўнгил кишилар ўзгаларга саодат улашиш учун саралаб яратилган бахт фаришталаридир, балки.
Депутатликка сайловлар бошланган пайт. Туманлардан бирида Эркин акадан ташқари яна тўрт киши ўз номзодини қўйган. Улардан учтаси суюкли шоирига юксак эҳтиромини намойишлаб, номзодини қайтариб олди. Тўртинчиси эса, элчи юбориб, Эркин ака ҳозирда бўш турган фалон амалга мени жойлаб қўйса, номзодимни оламан, деб шартини қистирмалади. Мазкур тармоқнинг каттакони Эркин аканинг яқин кишиларидан эди, бир оғиз шипшитса бас, иш осонгина битади-қўяди, деб ўйлаётгандик.
– Йўқ, бундай қилолмайман, – деди Эркин ака кутилмаганда. – Агар ўша одам шу гапини депутатликка номзодим қўйилмасидан илгари айтганида, балки, ўртага тушган бўлардим. Фалончи шоир писмадончининг кўнглини овлаш эвазига депутат бўлди, деган маломатни кўтариб юришга қурбим етмайди.
Барчамиз донг қотиб қолдик. Мана сизга ўзбекона ориятнинг юксак намунаси! Бу ҳақда тарқаган шов-шув сайловчиларнинг мард шоирга нисбатан янада меҳрини оширдими, аксарияти унга овоз берди.
Устознинг яна бир ноёб фазилати – ниҳоятда кўзи тўқ инсон эди. Бир гал Олтиариқда учрашув ўтказиб ташқарига чиққанимизда, “чапаки тирикчилик”ка устамон бир кимса картон қутига хорижий фирма тамғаси босилган, ўша пайтда жуда танқис саналган нарсани машинамиз юкхонасига тиқаётиб, бу мендан сизга совға, акахоним, дея Эркин акага укахонланиб илжайди.
– Биз чой-пой ичиб турайлик, – деди менга устоз, йўл-йўлакай бизникига кирганимизда. – Сиз бояги одамнинг совғасини уйига ташлаб келинг. Эркин аканинг бошқа бир илтимоси бор экан, кейинроқ айтаркан, деб кўнглини тинчитинг.
– Тахминан, қанақа илтимоси бўлсайкин, деб қолса-чи?
– Эркин акамга битта паровоз олиб бераркансиз, денг. Боши қотиб юраверсин.
Қизил салтанат қутуриб бораётган давр эди; Эркин ака Гуржистондаги намойишчиларни ўққа тутишга буйруқ берганларнинг қаторида туролмайман, деб компартия сафидан чиқди. Баъзилар ўзи каттароқ иш кўрсатса, сенлар жим туришдан бошқага ярамайдиган сувараксанлар, дегандек ўзгаларга туяқараш қилади. Эркин ака тугалай бўлакча эди. Ўша кунлари устозга учрашиб, нашриётимиздаги айрим йигитлар ҳам фирқа аъзолигидан воз кечмоқчи бўляпти, десам, шоша-пиша эътироз билдирди:
– Йўқ, йўқ! Зинҳор ундай қилишмасин! Мени дарров пийпалаб ташлашолмаса керак. Сизлар эҳтиётланиб тура туринглар, бошқа ишларда жуда асқатасизлар ҳали.
Ўзгаларнинг кўнглини авайлашда, қўполроқ кесатиқни латифгина қилиб айта олишда ҳам устозга тенг келадиганини учратмаганман. Тўрғайчалар бургутга минг тақлид қилсин, барибир ҳеч кимнинг эътиборини тортолмайди, ўзларини беҳуда қийнагани қолади холос, деган дашномни шунчалар мулойимлаб баён этсаям бўларкан-а!
Эркин ака саккиз жилдлик асарининг тўртинчи жилди корректурасидаги айрим тузатишларга бир кўз ташлаб қўйиш учун “Шарқ” нашриётига келган экан, олдин Аҳрорбек, сўнг Носиржон кетма-кет сим қоқиб, мени хабардор этишди. Тезда етиб бордим. Чақчақлашиб-чақчақлашиб, ҳаммамиз бирга тушлик қилдик. Кайфияти ўта яшноқланиб кетганиданми, ўзини хасталикдан тугалай фориғ бўлгандек тутаётган устоз, ташқарига чиқаётганимизда енгимдан секингина четга тортиб, бу зиёфат кимнинг ҳисобидан уюштирилганини суриштирди. Бари нашриётнинг чўнтагидан, деганимдан кейин ҳам кўзимга бир зум синовчан тикилиб турди.
Биламан, ўзгаларга, айниқса, камхаржроқларга қиттай бўлса ҳам малоли тушишидан азали парҳезланиб юради устоз. Буни туғма ҳалоллик дейсизми, беозорлик дейсизми, палаги тозалик дейсизми, уёғи ўзингизга ҳавола.
Устознинг энг одмидек туюлгучи сўзида ҳам тагдор бир ҳикмат биқиниб ётган бўларди. Масалан, юртимиз мустақилликка эришган дастлабки кунларда у киши шундай деб қолди:
– Тутқунликда азобланиб-азобланиб, охири эркинликка чиққан юртнинг шоири яна нимадан куйиниши мумкинлигини ҳеч тасаввур қилолмаяпман. Агар куйинмаса, қандай шеър ёзади? Ё ўзимни қариганга солиб, шоирчиликни йиғиштириб қўяқолсаммикин?
Юрагим пала-партиш тепинди. Табаррук юртининг, жонажон халқининг озодлиги йўлида тинимсиз куйиниб, мунтазам курашиб яшашга кўникиб кетган олишувчан шоирнинг ғалатидан ғалати ҳолатига тирик гувоҳ бўлиб тургандим. Олдинига, шоирона қалбни буткул қамраб олган ловуллоқ қувончнинг ўткинчи иситмасимикан бу, деб ўйладим. Гапнинг мағизини кейинроқ чақдим: курашсиз яшаш – шоирнинг истеъфоси.
Арслонфеъл Эркин Воҳидов эса истеъфо берадиган шоирлардан эмас эди. Умр бўйи шундайлигича қолди.
Қариганингда берсин, деган нақл бор ўзбекда. Устознинг Худойимга ёққан томони кўпдирки, кексайгани сайин, тобора оилавий фароғатини топаверди. Биттаю битта ўғли Хуршидбек отанинг кўзи тириклигидаёқ хонадоннинг пишиқ устунига айланди. Қизлари Нозимахон, Моҳирахон, Фозилахонлар ҳақида гап қўзғалса, минг қатла шукрки, уларнинг уйимизга бирон мартаям киприги намланиб кириб келганини эслолмайман, дея кеннойимиз Гулчеҳра опанинг баҳри очилади. Эркин ака ҳар бир мулоқотда заргарона ўлчамга амал қила олиши туфайли бўлса керак, қудалар, куёвлар ўртасидаги иссиқ муносабатларга кўпчиликнинг ҳаваси келгани-келган. Уйида тинчи йўқ одамга на бойлик татийди, на шуҳрат. Шу томондан қаралса, устоз ўз оиласида беҳад ҳаловатли ҳаёт кечириб ўтди. Бу дунёнинг асл жаннати шу бўлса, ажаб эмас…
Қабрга тупроқ тортиб бўлингач, атрофга сукунат чўкади, қуръон тиловати Чиғатой қабристони бўйлаб ёйила бошлайди. Тепада аллақандай шарпани ҳис этгандек бўлиб, аста бошимни кўтараман, кўм-кўк осмонга тикиламан. Ёзнинг енгил эпкинига эргашганча имиллаб сузаётган сийрак оқ булутлар орасида таниш бир ногоҳ хиёл чақнаб кўрингандек туюлади. Вужудим жимирлайди.
Танамиз – тупроқдан, самовийдир жон,
Гар ўлсак, Ер ва Кўк келишиб олар.
Фанода сайлимиз якун топган он,
Иккови ўз мулкин бўлишиб олар.
Тириклар бош эгиб соқов гўр узра,
Тураркан нигоҳин тупроққа сайиб;
Зиёфат сочган пайт Илоҳий Сура,
Марҳум руҳи Кўкдан боқар жилмайиб.
Фасллар алмашаверади; баҳор кетидан ёз, куз кетидан қиш келаверади. Дарёлар бир саёзланса, бир тошқинланади. Булар гоҳо, одамзоднинг ҳаёт тарзини эслатади. Ким кўрибдики, у ёки бу инсоннинг умри бир текисда кечган бўлса? Эркин ака ҳам ижод карвонсаройида неча-неча ўпоқ-сўпоқ нусхаларга, не-не оғир-аччиқ ғалваларга йўлиқди. Аммо, устознинг баъзи бировимиздан фарқи шунда эдики, ичидаги дардни ўзгага сездирмасликка, изтиробини бировга юқтирмасликка уринарди доим. Шу боис бўлса керак, у зотни ўйлаганда, кўз ўнгимизда нуқул бир хил қиёфа – сирли жилмайиб турган парпироқ чеҳра намоён бўлаверади. Бу – жуда таскинбахш сурат. Бу – яхшиликнинг аломати… яхшиликдан дарак бу…
Э, чигалак дунё, саксон йиллик йўл намунча яқин бўлмаса?!
2016 йилнинг 27 ноябри
“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 12-сон