Халқимизнинг улуғ фарзанди, шоир ва олим, атоқли давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) гўзал ғазал ва рубоийлар, “Бобурнома”, “Мубаййин” номли фиқҳга доир шеърий қўлланма ҳамда таржималардан ташқари, илмий асарлар ҳам яратган. Унинг ҳарб иши ва мусиқага оид асарлари ҳозирча топилмаган ёки бизгача етиб келмаган. Бобурнинг туркий арузга бағишлаб ёзган илмий асари ўзбек шеърияти назариясини ўрганишда муҳим ўрин тутади. Бу рисола Алишер Навоийнинг “Мезонул-авзон”идан кейин ўзбек арузи ҳақида битилган иккинчи йирик асар ҳисобланади.
Аруз илми VIII асрда шаклланган бўлиб, араб адиби Халил ибн Аҳмад унинг асосчисидир. Мутахассисларнинг фикрига қараганда, мазкур вазн туркий адабиётлар, жумладан, ўзбек шеъриятида тахминан IХ асрдан бери қўлланиб келади. Мовароуннаҳрда арузшунослар рўйхатининг бошида Абу Наср Форобий туради. Абу Райҳон Беруний ҳам аруз билан таниш бўлган. Бу ҳақда у ўзининг машҳур “Ҳиндистон” асарида ёзади: “Ҳиндлар китобларининг ражаз вазни каби вазнлар билан ўлчанганлигини айтиб ўтдик. Кўпроқ китоблари… шлўка деб аталадиган вазнда бўлади”.
Маълумки, мумтоз адабиётимизда фақат битта вазн – аруз вазни қўлланган. Халқ оғзаки ижодида эса асосан бармоқ (ҳижо) вазни ишлатилган бўлиб, аруздан кам фойдаланилган. Адабиётимизда арузнинг бу қадар узоқ давр мобайнида сақланиб қолиши ва ривожланиши сабабларини А.Рустамов қуйидагича изоҳлайди: “… Туркий тиллар, жумладан, ўзбек тили фонетик хусусиятлари ҳижо вазнидан ҳам, аруз вазнидан ҳам фойдаланиш учун мосдир. Ҳатто аруздан туркий тилларда унлиларнинг чўзиқ- қисқалиги маънога таъсир қилмаганлиги сабабли араб назмига нисбатан туркий назмда қулайроқ фойдаланилади. Шуни ҳам айтиш керакки, қадимги турк шеърларидаёқ вазнда бўғинларнинг очиқ-ёпиқлигига риоя қилиш ҳоллари учраб туради. Бу эса аруз вазни принципларидан биридир. Ўзбек мумтоз адабиётида аруз вазнининг ривожланиш сабаблари ҳам мана шулардир”. Э.Умаров ҳам арузнинг эски ўзбек тили учун мослигини ўзбек тилида унли товушларнинг узун-қисқалиги мавжудлиги билан тушунтиради.
Шеъриятимизда ХХ асрнинг 20-йилларидан эътиборан бармоқ вазни етакчилик қилаётган бўлса-да, бир қатор шоирлар (Масалан, Ҳабибий, Э.Воҳидов ва б.) арузда ҳам ёздилар. Шеърий меросимизни ўрганишда мазкур вазнни билишнинг аҳамияти катта. Шунинг учун ҳам адабиёт назариясига оид асарларда аруз вазнига тегишли ўрин ажратилмоқда, тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. (Масалан, Иззат Султоннинг “Адабиёт назарияси”, 1980; Т.Бобоевнинг “Адабиётшунослик асослари”, 2000; Д.Қуроновнинг “Адабиётшуносликка кириш”, 2004; У.Тўйчиев ва Э.Талабовнинг шу мавзудаги докторлик диссертациялари ва б.)
Юқорида айтганимиздек, Бобур арузга бағишлаб рисола яратган, бироқ у йўқолган деб ҳисобланар эди. Лекин 1923 йилда турк олими Муҳаммад Фуад Кўпрулузода Париж Миллий кутубхонасида арузга оид бир қўлёзма топади. Номи ва муаллифи номаълум бўлган 172 варақ (344 бет) дан иборат мазкур қўлёзмани ўрганиб чиққач, олим бир қатор далиллар асосида унинг Бобур қаламига мансуб эканлигини аниқлайди.
Рисолада вазнларни кўрсатиш учун мисол тариқасида келтирилган шеърларнинг муаллифи ҳақида бундай дейилади: “…андоқ илтизом қилиндиким, жамиъ мустаъамал вазнларға ҳам форсий ва ҳам туркий байт келтурулгай, ҳар вазнким, мустаъамал бўлмағай ё улким мухтараъ бўлғай, туркий байт била иктифо қилинғай, ҳар кимнинг байтини келтурулса, отини битилғай, магар улким қойили маълум бўлмағай, қойили мазкур бўлмаған туркий байт муаллифнинг бўлғусидир”.
Парчадан англашиладики, муаллифи кўрсатилмаган шеърлар Бобурнинг қаламига мансубдир. Шундай шеърларни Бобур “Девон”и билан солиштириб чиқилганда, рисола Бобурники эканлигига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмайди. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Битта мисол билан кифояланамиз: рисолада Бобур “Девон”идан ўрин олган ғазалнинг матлаи келтирилган:
Қаро зулфунг фироқида паришон рўзгорим бор,
Юзунгнинг иштиёқида не сабру не қарорим бор.
Асар Бобурнинг қаламига мансублигига яна битта далил – унда муаллиф ўзи иштирок этган айрим воқеалар ҳам мавжудлиги ва уларнинг “Бобурнома”даги баён билан деярли бир хил эканлигидир.
Таниқли бобуршунос И.В.Стеблеванинг фикрича, арузга бағишланган рисоланинг Бобур қаламига мансублигини тасдиқлайдиган яна битта муҳим далил мавжуд. У ҳам бўлса, Бобурнинг Рампур (Ҳиндистон) девонининг охирида насрда ёзилган қисми билан рисоланинг “Аруз итмомидин икки-уч йил сўнг Ҳиндустон фатҳининг сўнгғи йил(и) Санбал сариға борур фурсатта…” деб бошланувчи 16 сатрдан иборат бўлакнинг мос келишидир.
Рисоланинг номи мутахассислар орасида қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган. Адабиётларда асарнинг номи уч хил учрайди. Рисола қўлёзмасини Кўпрулузодадан кейин кўздан кечирган Ризо Нур асарнинг охирроғидаги мухтасар сўзини асарнинг номи деб ўйлаган: “Чун бу мухтасар сафарда баёзға борди, ул муносабат била мусофир масойилини битилди.” Бу ерда мухтасар сўзи асарнинг номи эмас. Ушбу ўринда унинг маъноси қисқа бўлиб, гап бу ерда Бобурнинг “Мубаййин” асаридаги 27 байт (54 мисра)дан иборат “Мусофирона намознинг баёни” номли боб ҳақида кетмоқда. Мазкур баён аруз ҳақидаги асарда қуйидагича бошланади:
Чун киши қасди мавзиъе қилса,
Мақсадининг масофатин билса.
Уч туну кунлук ўлса ушбу вали,
Дер сафар муддати шариъат эли.
Рисоладаги ва “Мубаййин”даги 54 мисрадан иборат парчани таққослаганда, уларнинг тўлиқ мос келиши маълум бўлади. Рисоладаги парчани транслитерация қилишда айрим имло хатоларга йўл қўйилганини таъкидлаб ўтиш керак. Масалан, юқорида келтирилган парчанинг 3-мисрасидаги вали сўзи аслида йўли бўлиши керак, кейинги сатрларда учрайдиган тийва сўзи тева, муқтадо эса муқтадий бўлиши лозим ва ҳ.к.
Э.Блошенинг 1933 йилда чоп этилган каталогида Бобурнинг арузга бағишланган рисоласи Ризо Нурнинг таъсирида Мухтасар фил аруз деб аталган бўлса эҳтимол.
С.Ҳасановнинг маълумот беришича, Бобурнинг рисоласи Ҳиндистонда форс тилига таржима қилинган. Бу ишни Бобурийлар хонадонига мансуб шоир, олим ва таржимон Азфарий (1760-1819) ҳам насрда, ҳам назмда ўгирган. Таржиманинг иккита қўлёзма нусхаси Ҳиндистондаги фондларда сақланмоқда. Ушбу маълумотда биз учун муҳим нуқта шуки, Азфарий асарни Арузи туркий деб атаган.
С.Ҳасанов Бобурнинг рисоласига бағишланган китобида асар номини Аруз рисоласи деб номланиши маъқулроқ бўлади, деган фикр билдирган.
Асарнинг яна бир номи Муфассал бўлиб, Н.Маллаевнинг “Ўзбек адабиёти тарихи” (1963), В.И.Аслановнинг мақоласи ва Ўзбекистон Миллий энциклопедияси (2001, 2-ж., 87)да шу ном ишлатилган.
Муфассал номи “Бобурнома”нинг котиб томонидан қўшилган қисмидаги қуйидаги жумладан олинган: “Ва ул подшоҳ аруз ва қофияға ҳам рисолалари бор ва ул жумладин, Муфассал деганким, ушбу фан шарҳи бўлғай, кўпдан-кўп яхши тасниф қилибтурлар”. (Бобурнома, 2002, 267.) Бизнинг фикримизча, бу ерда “Муфассал”ни кичик ҳарф билан ва қўштирноқсиз ёзилса, аруз ҳақида битилган асар ушбу фаннинг шарҳи бўла оладиган даражада батафсил битилган, деган маъно чиқади, яъни муфассал нинг маъноси батафсил ёзган деганидир.
Асарнинг учинчи номи Рисолайи аруздир. Собиқ иттифоқ даврида Бобур рисоласини биринчи бўлиб ўрганган ва атрофлича шарҳлаб берган таниқли туркшунос А.Шербак шу номни қўллаган. Лекин Стеблева уни танқид қилади ва асарнинг номини комил ишонч билан бундай деб бўлмаслигини таъкидлайди ҳамда Кўпрулузода асарнинг иккала номини ҳам қабул қилмаганлиги, кейинги мақолаларида уни Аруз рисоласи деб атаганлиги, ҳозирча мана шу ном маъқул эканлигини қайд этади.
“Аруз”нинг битилган вақти тўғрисида ҳам ҳар хил фикрлар мавжуд. А.Шербакнинг ёзишича, у ҳижрий 940 (1533-1534) ёки 945 (1538-1539) йилларда ёзилган. Стеблева қўлёзманинг охирги – 172б варақда ҳижрий 940 йил кўрсатилганига асосланиб, уни 1533 йилнинг июл ойида ёзилган, деб ҳисоблайди. Исҳоқов ва Ҳасанов эса 1524-1525 йилларда ёзилган, деган фикрни билдиришган.
Бобурнинг рисоласи Ўзбекистонга биринчи марта 1968 йилда келтирилган, деган фикр мавжуд. С.Ҳасанов ушбу асарни унинг траслитерацияси, изоҳ ва шарҳлар ҳамда кўрсаткичлар билан нашр эттирган. Рисоланинг чоп этилиши бобуршуносликда улкан воқеа бўлди. Мазкур нашр билан деярли бир вақтда И.В.Стеблева ҳам Москвада шу рисолани чоп эттирди. Унда сўзбоши, кўрсаткичлар ва асарнинг факсимилеси келтирилган.
Бобурнинг мазкур рисоласи юртимизда бундан олдин ҳам маълум бўлганми-йўқми, деган савол туғилиши мумкин. Тарихга бир назар ташлаб кўрайлик.
1949 йилда Иззат Султон Алишер Навоийнинг “Мезонул авзон” асарининг танқидий матнини яратган. Шу тадқиқотида у Бобурнинг ҳам аруз назариясига оид рисола битгани, лекин бизнинг замонамизгача етиб келмагани сабабли бу икки муаллифнинг аруз ҳақидаги асарларини таққослаб, тегишли хулоса чиқариш имкони йўқлигини ёзган. Кейинроқ Н.Маллаев ўзининг “Ўзбек адабиёти тарихи” китобида Бобурнинг аруз ҳақида Муфассал номли рисола ёзгани ва унинг қўлёзмаси сақланиб қолмагани ёки ҳозирча топилмагани тўғрисида маълумот беради. Шундан бироз вақт ўтгач, Мақсуд Шайхзода Москвада кутубхонада Кўпрулузоданинг асарини кўраётиб, Бобурнинг аруз ҳақидаги рисоласи тавсифини учратиб қолади ва бу тўғрида ўзининг “Қўшиқлар ҳақида” номли мақоласи (Ўзбекистон маданияти, 1964 й. 4 июль)да бундай деб ёзади: “Навоийдан кейин қўшиқ ва ашула навлари ҳақида энг мўътабар маъхаз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Рисолайи аруз” асаридир. Ҳозиргача номи маълум бўлиб, ўзи адабиётшунослик оламида истифода этилмаган бу асар йўқолган, деб ҳасобланар эди. Тасодифий бир воқеа билан бу асарнинг ҳозир Францияда – Париж Миллий кутубхонасида 940 ҳижрий йилда Ҳожи Муҳаммад Самарқандий томонидан кўчирилган нусхаси борлиги маълум бўлди”.
М.Шайхзоданинг мақоласидаги маълумотлар Кўпрулузоданинг китобидан келтирилгани кўриниб турибди, бироқ у Рисолайи аруз деган номни қаердан олгани маълум эмас. Шу ўринда бир тахминни ўртага ташлаш мумкин – эҳтимол, Шайхзода ҳам Фитрат каби Бобур рисоласининг бирон-бир қўлёзмаси билан таниш бўлгандир.
Абдурауф Фитратнинг “Аруз ҳақида” номли асарини ўрганган ва нашрга тайёрлаган Ҳ.Болтабоев унинг Навоий ва Бобурнинг арузга бағишланган асарларидан яхши хабардор бўлгани ҳамда унинг қўлида Бобур рисоласининг нусхаларидан бири бўлганини таъкидлайди. Фитратнинг бизга номаълум бир қўлёзмадан фойдалангани Париж Миллий кутубхонасидаги қўлёзманинг ягона нусха эмаслигини, бошқа нусхалар ҳам мавжуд эканлигини кўрсатади.
Рисоланинг бошқа нусхаси ҳам борлиги яқинда тасдиқланди. Теҳрондаги “Салтанат кутубхонаси”да “Куллиёт” сақланаётганидан хабардор эдик, лекин унинг тафсилоти маълум эмас эди. “Куллиёт”га кўз ташлаганимизда, унда бошқа асарлар қатори арузга доир рисоланинг ҳам борлигини кўрдик. “Куллиёт” ҳақидаги кутубхона маълумотларида унинг кўчирилган йили ҳижрий 935 (1528) йил, деб кўрсатилган. Бу деган гап қўлёзма Бобур ҳаётлик даврида кўчирилган, демак, Бобурнинг назаридан ўтган, яъни у автограф (асл нусха)га деярли тенг дегани эди, лекин қўлёзмани синчиклаб ўрганганда, ундай эмаслиги маълум бўлди. “Куллиёт”нинг охирида “Волидиййа” асари келтирилган, унинг сўнгги: “Бил, тугатганда бу сўз бекам-у, беш, Йил тўқуз юз эди ўттуз беш” байтидаги санани куллиётнинг ёзилган йили сифатида хато талқин қилинган.
Мазкур нусха Бобурнинг ягона куллиёти сифатида аҳамиятлидир. У анча кейинги даврда кўчирилган. Профессор С.Ҳасановнинг ёзишича, “Бобурнома” қўлёзмаларини Теҳрон нусхаси билан солиштириш натижасида унинг матни тўла эмаслиги ва айрим нуқсонлари ҳам борлиги маълум бўлди. Айниқса, “Бобурнома”да Афғонистонга оид воқеалар баён қилинган матннинг катта қисми бу нусхада йўқ экан.
“Куллиёт” бобуршуносларимиз олдига бир қатор масалаларни қўяди – ундаги асарлар қайси қўлёзмалардан кўчирилганини аниқлаш, “Бобурнома”нинг мавжуд нусхаси, хусусан, ҳозирги кунда энг ишончли деб ҳисобланадиган Ҳайдаробод (Ҳиндистон) нусхаси ва унинг асосида япон олими Э.Манў тайёрлаган танқидий матнни Куллиётдагиси билан солиштириш, “Бобурнома”нинг тадқиқидаги энг жумбоқли масала – ундаги кемтик жойларини аниқлаш, Бобурнинг арузга доир рисоласининг ҳозир илмий истеъмолда бўлган Париж Миллий кутубхонаси нусхаси билан қиёслаш, Париж нусхасининг нуқсонли эканлиги, котибнинг хатолари ва бошқа масалаларга аниқлик киритиш ва ҳ.к. шулар жумласидандир.
Рисоланинг Париж нусхасини Ҳожи Муҳаммад Самарқандий исмли котиб кўчирган, лекин мутахассисларнинг фикрига қараганда, у аруз илмидан мутлақо бехабар шахс бўлган. Қўлёзмадаги кўплаб хатолар, тушиб қолган ерлари, қайтариқлар, айниқса, атамалардаги хатолар шундай дейишга асос беради. Масалан: 4б варақда ақс зиҳофи ақл деб, мажзу музоҳифи етти жойда мажду деб хато ёзилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Шу ерда бир нарсани таъкидлаб ўтишни зарур деб ҳисоблаймиз: Бобурнинг ўзбек арузи ҳақидаги рисоласи яратилгандан кейин ХХ асрнинг иккинчи чорагигача ўтган тўрт асрдан ортиқроқ давр мобайнида (яъни Фитратнинг “Аруз ҳақида” асаригача) ўзбек арузи бўйича унга тенг келадиган рисола у ёқда турсин, бирон эътиборга лойиқ асар ҳам яратилмади.
Алишер Навоий “Мезонул-авзон” да “биринчи бўлиб ўзбек назми вазнини текшириб, ўзбек арузининг асосчиси бўлди ва бу унинг улуғ хизматидир. Бобур эса аруз ҳақидаги рисоласи билан умуман аруз илмининг ва хусусан, ўзбек арузининг ривожига улкан ҳисса қўшди”.
Бобурнинг асари бир қанча жиҳатлари билан ўзига хосдир. Навоийнинг “Мезон”и билан солиштирилганда шу нарса аниқ кўринадики, Бобурнинг асари аввало, аруз назарияси баёнининг мукаммаллиги билан, иккинчидан, вазнларни кўрсатиш учун келтирилган мисолларнинг ниҳоятда мўллиги билан ажралиб туради. Бобур асарида шеърий мисолларни ўзбек ва форс тилларида келтиради. Асарнинг фақат ўзбекча қисми (насрий ва шеърий) ва фақатгина Бобурнинг ўз қаламига мансуб шеърларда ишлатилган сўзлар, уларнинг қайтарилганини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, йигирма беш мингдан зиёд сўз қўллангандир. Рисоланинг бундай ҳажми унинг номи Мухтасар, яъни қисқа бўлолмаслигига тағин битта далилдир.
“Аруз” иккита йирик бобдан иборат. Биринчи боб рукн ясовчи ҳижолар ва уларнинг навлари, рукнлар ва зиҳофлар, баҳрлар ва доираларга бағишланган бўлиб, иккинчи боби вазн ва тақтиъ масаласига бағишланган.
“Адабиёт ва санъат дунёсида энг теран қараш эгаси бўлган машҳур Бобур Мирзо” (А.Фитрат ибораси) аруз илмидаги тадқиқотларида катта муваффақиятларга эришди, бир қанча янгиликлар яратди. Хусусан, С.Ҳасановнинг ёзишича, у арузнинг янги 248 вазнини аниқлади. А.Ҳожиаҳмедовнинг фикрича, Бобур шеъриятимизда қўлланилиши мумкин бўлган 537 ўлчовдан 400 га яқин мутлақо янги вазнларни кашф қилган.
Бобур жузвлар ҳақида ҳам янги фикрга келади, фосила жузвининг рукнлар ясашда ҳожати йўқлигини исботлаб беради. Жузвларни иккига ва уларнинг ҳар бирини уч навга ажратиш керак, деган хулосага келади.
Бобур арузда номаълум зиҳофларни излаб топади ва уларнинг сонини 44 тага етказади. У тақтиъ бобида ўзбек тили фонетик меъёрлари асосида “Мезонул авзон”да ишлаб чиқилган ўзбек арузининг қонун-қоидаларини бир тизимга солиб, арузни янада такомиллаштириш фикрига келади. Бобур қўллаган доиралар ҳам “Мезон”дагидан фарқ қилади. “Мезон”да 7 та доира бўлса, “Аруз”да уларнинг сони 9 тадир (Солиштиринг: аруз илмининг асосчиси Халил ибн Аҳмадда 4 та, Воҳид Табризийда эса 6 та доира келтирилган).
“Аруз” рисоласининг яна битта хусусияти унинг антология ҳам эканидир. Шу жиҳатдан ҳам асарнинг аҳамияти ниҳоятда каттадир. Бобур рисоласини яратишда қайси манбалардан фойдалангани ҳозирча маълум эмас. Лекин “Бобурнома”да “Аруз” асари учун Алишер Навоийнинг девонларидан ғазаллар танлагани қайд этилган: “Одина куни, ойнинг йигирма учида Алишербекнинг тўрт девонидан буҳур авзон тартиби била ғазаллар ва абётким, интихоб қилиладур эди, итмомиға етти”.
“Аруз” да мумтоз форс адабиётининг йирик вакиллари Рудакий, Низомий, Аттор, Хисрав Деҳлавий, Саъдий, Салмон Савожий, Ҳофиз, Жомий ва бошқаларнинг асарларидан парчалар берилган. Туркийдаги мисоллар Бобурнинг ўз қаламига мансуб шеърларидан ташқари, Навоий, Лутфий, Ҳайдар Хоразмий, Султон Ҳусайн Мирзо ва бошқаларнинг асарларидан ҳам иқтибослар олинган. Жами 70 га яқин шоирнинг қарийб 50 та асаридан мисоллар келтирилган.
Бобурнинг рисоладаги айрим шеърлари унинг “Девон”идан ҳам ўрин олган. Баъзи шеърларни Бобур фақат шеър вазнини кўрсатиш учунгина битган, шу сабабли улар “Девон”га киритилмаган. Шундай бўлса-да, рисолада “Девон”га киритилмаган айрим гўзал мисралар ҳам бор. Масалан, Бобур аруз ва зарб маҳзуф вазнини изоҳлаётганда қуйидаги байтни келтиради:
Юзунг уза қаро зулфунг недур бил, эй дилафрўз,
йилоне ганч узра ётиб ани сақлар шабу рўз.
Шеърларидан парча олинган шоирлар ичида исмлари “Бобурнома”да зикр этилган Суҳайлий, Биноий, Сайфий Бухорий, Ҳилолий каби қалам аҳли, Навоийнинг “Мажолисун-нафоис” асарида санаб ўтилган Абул-Барака, Биноий, Хаёлий, Риёзий Самарқандий, Султон Али Мирзо, Саноий, Орифий, Котибий, Вали Қаландар каби шоирлар мавжуд.
Рисоладаги шеърий парчалар хусусида А.Шербакнинг қуйидаги фикри эътиборга лойиқ, деб ҳисоблаймиз: “Асарларидан мисоллар келтирилган шоирлар таркиби, вазнларни қамраб олиши ва мисолларнинг хусусияти жиҳатидан на туркий тилдаги ва на форсий тилдаги адабиётда унга тенг келадиган асар йўқдир”.
“Аруз”нинг яна битта аҳамияти бор – айрим шоирларнинг ижодидан намуналар фақат шу асар орқали бизгача етиб келган. Рисолада Мавлоно Лутфийнинг ижодидан 30 та байт келтирилган. Улар орасида бошқа қўлёзма ва нашрларда учрамайдиганлари ҳам бор. Масалан, “Аруз”нинг 122б варағидаги:
Ой юзунг оллида ҳижл ҳусн эли Руму Чин аро,
Валвала солди кўзларинг кофиру аҳли дин аро –
матлаи билан бошланувчи ғазалидаги қуйидаги икки байт ҳозирча бошқа қўлёзма нусха ва нашрларда учрамаган:
Нуктае мушкдур бу ё хаёл энг жабин аро,
Куфр саводини не хуш сиздин баёзи дин аро.
Жону кўнгул неча деди асрали ўзни келгач ул,
Ваҳ яна қўзғалишлар кўргач ани чин аро.
Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.
Бобур ҳазрат Навоийнинг шахси ва ижодига катта ҳурмат билан қараган. Унинг Навоий ҳақидаги фикрини классик таъриф дейиш мумкин: “Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар, ҳеч ким онча кўб ва хўп айтқон эмас…”.
Бобур ўз рисоласини яратишда аруз вазнига бағишланган асарларни, хусусан Навоийнинг “Мезонул авзон”ини синчиклаб ўрганган. Бобурнинг рисоласига ижодидан намуналар киритилган шоирлар орасида Алишер Навоий биринчи ўринда туради. Унинг рубоийлари, “Садди Искандарий”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун,” “Сабъаи сайёр”, “Лисонут-тайр” достонларидан катта парчалар, ғазал ва туюқларидан олинган мисоллар Бобур Навоий истеъдоди ва ижодини юксак қадрлаганини кўрсатади.
Навоийнинг асарларига қайта-қайта мурожаат қилиш билан унинг ижодига катта ҳурмат ва ишонч билдирган Бобур айни вақтда айрим асарлари хусусида танқидий фикр ҳам айтиб ўтган, йигирма тўрт рубоий вазнидан тўрт вазнда янглишганини, баъзи баҳрларнинг вазнида ҳам хато қилганини қайд этган.
Бизнинг фикримизча, аруздай мураккаб илмда турли нуқтаи назарлар бўлиши мумкин. Бобур танқидини Навоий ижодига ижодий муносабат, деб баҳолаш тўғридир.
Бобур туюқ жанрини батафсил баён қилади: “… Мир Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр”и нечукким ажам шуъароси рубоъий вазниға ҳадди муъайян муқаррар қилибтурлар, турк фусаҳоси ҳам бу вазнға ҳадди муъайян муқаррар қилиб икки байт айтибтурлар “туюқ”қа мавсумдур, бу вазнлар мўғул хонлари била турк салотинининг мажолисида “туюқ”нинг кўп иштиҳори бор экандур”.
Бобур мазкур жанрнинг қуйидаги турларини таърифлайди: уч қофияда тажнис риоя қилинган, қитъага ўхшайдиган, тажнис риоя қилинмай икки қофияли, тажнис риоя қилинмай уч қофияли. Бундан ташқари, Бобур туюқнинг “ҳеч ерда кўрулмаган” янги учта турини ҳам келтиради:
1) ҳар тўрт қофияда тажнис риоя қилинган:
Васлдин сўз дерга йўқ ёро манга,
Ҳажр аро раҳм айла, кел, ёро манга.
Ўқунг этти қўб ямон ёро манга
Марҳами лутфунг била ёро манга.
2) уч ерда тажнис радиф ўрнида бўлиб, тажнисдан олдин келадиган сўз қофиялашади:
Меҳрким кўкка қилур оҳанг тонг,
Оллида бўлса эмас беранг тонг.
Холию икки лабидек бўлмағай,
Ҳинду ар келтурса, шаккар танг тонг.
3) тажнисдан илгари уч жойда ҳожиб риоя қилинган:
Не бало бийиктурур давлат боғи,
Кўҳи ғамни не билур давлат боғи.
Ҳиммате тут, дағи давлат истагил,
Ҳимматинг бўлса, бўлур давлат боғи.
Бу ерда шуни таъкидлаш лозимки, Навоий “Мезон”да туюқ жанрига бу қадар батафсил тўхтамаган ҳамда Бобур таърифлаган турк шеърий шаклларидан тархоний ҳақида ҳам маълумот бермаган.
Қўшиқнинг ўланг (ўлан) тури рисоланинг икки жойида зикр қилинади. Бобур асарининг охирида бундай деб ёзади: “Атрок аросида бир суруд борким, ўланг дерлар, аксар тўйларда айтурлар. Бу вазн анча махсусдур. Аввал сурудға тақсим қилурда ҳар мисраъдин сўнг ёр-ёр лафзин келтирурлар”.
“Аруз” рисоласида ўзбек шеър шаклларига бағишланган батафсил маълумотлар Бобурнинг ўзбек адабиёти назариясига қўшган катта ҳиссасидир.
Хулоса қилиб айтганда, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Аруз” рисоласи икки жиҳатдан муҳим: биринчидан, у ўзбек шеър назариясини бойитгани, такомиллаштиргани билан беқиёс аҳамиятга молик бўлса, иккинчидан, антология сифатида ҳам улкан эътиборга сазовордир.
Ансориддин Иброҳимов,
филология фанлари номзоди.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 2-сон