“Ёлғизликдан бошқа бахтнинг бўлиши мумкин эмас”, дейди А.П. Чеховнинг “Олтинчи палата” ҳикояси қаҳрамони Михаил Аверьянин.
1860 йил 16 январда Россиянинг Таганрог шаҳарчасида туғилган Антон Павлович Чехов учун ёлғизлик инсонлик бахтини англашга ва мана шу бахт-ни куйлашига кўп имкониятлар яратди.
Антон Павлович жуда қисқа яшади. Дунёда бор-йўғи 44 йил меҳмон бўлган адиб ўзининг йигирма олти йиллик ижодий фаолияти давомида турли ҳажмдаги 900 га яқин асар яратди. Бу рақамни ўқиб киши ақли лол қолади. Асар бошқа, уни ёзиш бошқа. Ҳамманинг кўнглига етиб борадиган шаклда ёзиш ёзувчидан меҳнат ва жасоратдан ташқари, ботиний сабот, руҳий кенглик ва маънавий покизаликни талаб этади. Қисқа вақт давомида ҳам етук, ҳам сермаҳсул ижод қилиш учун камида Чеховдай даҳоликни Тангри юқтирган бўлиши керак.
У дастлабки таҳсилни Таганрогдаги мактабда олди, кейинчалик шу шаҳардаги гимназияда ўқишни давом эттирди. Фалсафа, маданият ва санъатга бўлган дастлабки иштиёқ Таганрог шаҳридаги театрда уйғонди. 13 ёшида Жан Оффенбахнинг “Ғаройиб Елена” операсини томоша қилган Антон Павлович ёзувчи ва драматург бўлишга аҳд қилди.
Чехов 1879 йилда гимназияни тамомлаб, Москва университетининг тиббиёт факультетига ўқишга кирди. 1884 йилда университетни тугаллагач, Чикинский уездига ишга жўнатилди. Чехов шифокорлик касбига ҳам, ёзувчиликка ҳам бирдай масъулият билан қарарди. У ҳаётини тарозининг икки палласига қўярди, унинг бир палласида шифокорлик турса, иккинчисида эса шубҳасиз адабиёт турарди. Адиб илк пьесасини 18 ёшида ёзган бўлса, 20 ёшида яратган дастлабки ҳикоялари “Осколки”, “Стрекоза”, “Будильник”, “Зритель” каби журналларда чоп этила бошланди. 1882 йилда тайёрланган илк ҳикоялар тўплами цензура тақиқига учраб, 1884 йилгача нашр этилмади. 1886 йилгача мавзуни юмористик образлар ёрдамида ёритаётган, асосан ҳажвий ҳикоялар устида ишлаётган ёзувчи машҳур адабиётшунос Дмитрий Григорович томонидан қаттиқ танқидга учради. Танқидчи ёзувчини ўз истеъдодини “майда” ишларга сарфлаётганликда, ҳаётга жиддийроқ қарамаётганликда айблади. Шу тариқа адибнинг адабий ишлари “юришиб” кетди.
Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида “Иванов”, “Алвасти”, “Тўй”, “Тамакининг зарари ҳақида”, “Айиқ” каби пьесалар яратилиши ёзувчи ижодида янги давр бошланганидан дарак берди. Чехов шифокор эди, аммо у аввало инсоннинг қалбини даволамасдан туриб, унинг жисмини даволаб бўлмаслигини ич-ичидан ҳис қиларди. Унга шифокорлар ва беморларнинг диққинафас ва зерикарли муҳити ёқмасди, аммо ўз касбидан буткул воз кеча ҳам олмасди. “Тиббиёт менинг қонуний хотиним, адабиёт эса маъшуқам, биридан зериксам, иккинчисига юкинаман”, дерди у дўстларига…
“Чехов – прозадаги Пушкин”, деган эди Лев Толстой. Тириклигидаёқ дунёнинг энг кучли ёзувчилари ўнлигига кириб улгурган буюк адиб адабиётсеварларга Чехов асарларини қайта-қайта ўқишни маслаҳат берарди.
“Дунёда инсон ақлининг юксак маънавий намояндаларидан бошқа ҳаммаси арзимас, қизиғи йўқ нарсалар. Ақл – инсон билан ҳайвоннинг орасига қатъий чегара қўяди ҳамда инсоннинг илоҳийлигига ишора қилади. Оламда инсонга ҳузур-ҳаловат берадиган ягона манба ақлдир, биз уни кўрмас эканмиз, ҳузур-ҳаловатдан маҳруммиз”, дея ўзининг ҳаётий эътиқод ва аъмолларини белгилаган шифокор адиб инсоннинг бахт-саодатини унинг тафаккурига қараб белгиларди.
Ижодини соддалик, холислик ва ҳаққонийлик тамойилларига содиқ ҳолда олиб борган ёзувчи орзусидаги инсон ёлғонга ёлғон, оғриққа бардош, золимга нафрат, ожизга шафқат, риёкорга ғазабу ўғрига каззоб кўзи билан қарашини хоҳларди. Ёлғон ва риёкорлик, сохталигу мунофиқлик охир-оқибат инсон шахсини емиради. Қайсики жамиятда сохта ғояларга кўр-кўрона эътиқод билан яшаш урфга айланса, ўша жамият Крилов масалидаги нажжорнинг ҳолига тушади. Чехов учун энг оғир фожиа – инсон тийнатидаги иккиюзламачилик, шахснинг манфаат илинжидаги тубанлашиши, қалбнинг булғаниши эди.
Адиб тўқсонинчи йилларнинг бошида Сахалинга саёҳатга бориб, у ерда каторга ва сургунга гирифтор қилинган кишиларнинг фожиали ҳаёти билан яқиндан танишади ҳамда бу сафар таассуротлари асосида “Олтинчи палата” ва “Сахалин ороли” асарларини яратади.
Инсон ўз шаъни учун курашмаса, бу жамият зулм салтанатига айланиб қолади. Бу салтанатда золимларнинг ҳукмронлиги авж олиб, маънавий инқироз келиб чиқишини, маънавий инқироз эса охир-оқибат миллатнинг чоҳга қулашига сабаб бўлишини ҳис қилган ёзувчи қаҳрамонларини ўз шахсий ғурури учун курашишга, ягона матлаби амалу зарга айланиб қолган зодагонларни маънавий тозаришга, руҳан покланишга чақиради. Чехов изтироб чекаётган одамни севарди. Чунки фикрлаётган одам изтироб чекади, фақат угина руҳий уйғониш, ўзи яшаётган муҳитда рўй бераётган ижтимоий адолатсизликка қарши курашиш ва ўз ҳаётини янгича ахлоқий низомлар асосида қайта қуриш салоҳиятига эга бўлади. “Азоб чекиш кишини камолга етказади. Инсоният ўзи чекаётган азобларини турли воситалар ёрдамида енгиллаштиришга уринса, дин ва фалсафадан воз кечади. Одамзод турли фалокатлардан у туфайли сақланибгина қолмай, балки ҳақиқий ҳаётни, бахт-саодатни чекаётган изтироблари орқали топади”, деган хулосага келади.
Экинни ширадан, темирни зангдан, кўнгилни эгриликдан асраш кераклиги ҳақидаги ақида адиб учун метин қонуният эди. А.П.Чехов “Чиновникнинг ўлими”, “Буқаламун”, “Ниқоб”, “Енгилтак”, “Ротшильднинг скрипкаси”, “Ғилоф бандаси”, “Қайлиқ” каби юзлаб ҳикоялари, “Иванов”, “Чайка”, “Ваня тоға”, “Уч опа-сингил”, “Олчазор” каби пьесалари, “Болохонали уй”, “Менинг ҳаётим” каби қиссаларида инсон руҳиятининг рангин манзаралари ва шу даврдаги рус жамиятининг маънавий қиёфасини шафқатсиз тарзда тасвирлаб, инсон ҳақидаги теран ва чеховона аччиқ фалсафани оригинал шаклда тарих саҳифаларига муҳрлаб кетдики, ҳикоячилик борасида унинг тафаккури даражасига кўтарила оладиган яна шундай адиб жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам учрайди.
1898 йил А.П. Чехов сил касали билан оғриб, даволаниш учун Ялтага кўчиб боради. Миллионлаб одамларнинг қалбида ҳаётсеварлик, инсонпарварлик ва борлиққа нисбатан чексиз муҳаббат уйғотишга улгурган, неча-неча беморларнинг ҳаётини сақлаб қолишга эришган адиб ўз умрини озроқ бўлса ҳам узайтириш бахтига эришолмади. “Мен ҳаётни севаман, эҳтирос билан севаман”, дерди ёзувчи ўз қаҳрамони тилидан. Аммо ёзувчи севган ҳаёт уни бағрида кўп олиб ўтирмади: унинг аччиқ тилига чидамади. Чехов 1904 йилда Германиянинг Баденвайлер шаҳрида вафот этди. Шамолнинг бир эпкини ёки майса юзидаги бир томчи шабнам ҳаётидек қисқа умр адиб номига абадийлик бахш этди.
Бугунги кунда Россия ва дунёнинг бошқа шаҳарларида унинг номи билан аталадиган 24 та музей ва театрлар, адиб даҳоси қудратини намоён қилиб турадиган 30 дан ортиқ ҳайкалу ёдгорликлар, унинг номи билан зарб этилган миллион-миллион танга пуллару, қўша-қўша таълим ва маънавий масканлар пештоқидаги А.П.Чехов номи бу ижодкор тафаккури ёғдуси ҳеч қачон сўнмаслигидан далолат бериб турибди.
Эл эллик йилда ўзгаради, дейди машойихлар. Чехов замонидан бугунги кунимизгача элни ўзгартирадиган эллик йилликларнинг салкам учтаси ўтди. Аммо ҳамон унинг ғояларига, даъватлари-ю, самимиятига эҳтиёж ортиб бормоқда.
Адиб ижоди давомида 42 та адабий тахаллус қўллади. Энг қизиғи, унинг “Улисс” номли тахаллуси кейинчалик ғарб адабиётининг улкан намояндаларидан бири Ж. Жойс яратган дунёдаги тушунилиши энг мураккаб асарга сарлавҳа бўлди… Бу тасодиф ёки таъсир туфайли рўй берганми бу ёғи ҳозирча номаълум.
Чехов тахаллусларидан яна бири “Кўзёшсиз одам” эди. Ҳаётда кўзи ёшга тўлмайдиган, йиғламайдиган одам бўлмайди. Йиғлолмайдиган одам бўлиши мумкиндир, аммо йиғламайдиган одам борлигини Чехов ҳеч қачон тасаввур қилолмас эди. Инсоннинг кўзи қуруқ бўлиши учун унинг қалби ҳам қуруқ, бўм-бўш бўлиши керак. Ёзувчи бундай қалбли инсонлардан нафратланар эди. Бу тахаллус аламзадалар дунёсига, индамаслар, бағритош ва манқуртлар дунёсига нисбатан бир киноя эди. Адиб эса кўп йиғларди. Ўшандайларнинг ҳамон борлиги учун ҳам йиғларди. Йиғлаш учун эса ёлғизликни соғинарди. Унинг учун “Ёлғизликдан бошқа бахтнинг бўлиши мумкин эмас” эди.
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 1-сон