Акром Малик. Алишер Навоийнинг илоҳ, олам ва одам ҳақидаги фалсафаси

(“Хамса”даги ҳамд ва муножот боблар таҳлили)

I. Адабиёт ва адабиётшуносликнинг жамият ҳаётидаги ўрни

XXI асрга келиб, инсониятнинг вақт ва ҳаракати тезлашди. Информацион муҳитда, тиғиз ахборотлар, турли манфаатларни ўзида акс эттирган, саҳиҳ ва носаҳиҳ, тўқима ва ҳақиқий маълумотлар гирдобида қолган инсоният романтик ва эмоционал мувозанатини буткул йўқотиб бормоқда. Одамзодни собит позитивда тутиб турадиган эътиқоднинг хиралашгани, аниқ ва равшан порламаётгани турли фанларнинг функцияларида ҳам кутилмаган ўзгаришларни келтириб чиқарди. Яшаш маъноси, ҳаётнинг моҳияти ҳақидаги ақийдалар аралашиб кетиши натижасида бугун кишилик жамиятида улкан бетартиблик – хаос ҳукмронлик қилмоқда.  Мазкур ҳолатда адабиёт деб аталган соҳа, адабиётшунослик деб аталмиш фаннинг принципларини, функцияларини буткул янгитдан, мутлақо тиниқ ва асосли тартибда кўриб чиқиш, қайта шакллантириш шоир, ёзувчиларимиз ҳамда адабиётшуносларимиз олдидаги авангард масалага айланиб бўлди. Модомики, биз адабиёт ва адабиётшунослик юқорида қисқа таъкид этганимиз – хаос (бетартиблик) даврида йўқолиб кетмаслигини ёки бу тўлқинда хас-хашак каби қадрсиз бўлиб қолишини истамасак; адабиёт ва адабиётшунослик инсонлар учун чиндан аҳамиятли бўлишини истасак, ушбу авангард масалани ҳал этиш сари дадил қадам ташлашимиз зарур. Бунинг учун икки муаммога очиқ кўз билан қараш ва уни ечиш лозим.

Биринчи муаммо – адабиёт ва адабиётшуносликнинг фаол ҳаётдан мутлақо ажралиб, муайян манфаатлар хизматига шахсий хусуматлар, адоватлар майдонига айланиб қолганидан бўлак ўта тор форма ва қуруқ тадқиқотлар йиғиндиси, саёз қарашлар, ноаниқ баёнлардан иборат бўлиб қолганига ҳам холис қараш, буни тан олиш муаммосидир. Қисқа айтганда, адабиётимиз ва адабиётшунослигимиз бугунги кунда ҳеч қандай аниқ йўналишга эга эмас. Танлаб олинаётган ва кўрсатилаётган тамойилларнинг бирортаси аҳамиятли ёки керакли деб айта олмаймиз. Бу муаммони чуқур англаб, тушуниб олганимиздан кейин иккинчи муаммога йўлиқамиз.

Иккинчи муаммо – адабиёт ва адабиётшуносликка, тиғиз информацион атмосферага муваффақиятли адаптация қилиш муаммосидир.

Адабиёт инсонлар – шоир ва ёзувчиларнинг ижодий меҳнати ҳосили ўлароқ юзага келар экан, адибларимизнинг бадиий асар ёзиш масаласида собит позиция соҳиби бўлишларига эришмоғимиз шарт. Адабиёт абсурд ҳодиса эмас. Адабиёт абсурд тафаккурли инсонлар қўлида қолгач, хира фикрли адибларнинг асарлари билан тўлиб-тошгач, адабиёт ҳам абсурд кўринишга келди. Адабий асарларни соф ақийда тарк этди, тўқима ва сунъий, уйдирма ва сохта тушунчалар эгаллаб олди. Адабиёт сўзи сунъий ва асоссиз шаклда “одоб” билан бириктирилди.

Хўш, адабиёт қандай бўлиши лозим?

Савол аниқ, жавоб ҳам аниқ бўлиши керак. Баъзилар адабиётга шарт қўйиб бўлмайди деб ҳисоблайди. Аниқ шарт ва тамойилларга таянмаган адабиёт пойдеворсиз иморат сингаридир. Жавобимиз шуки, адабиёт фақат ахлоқни тузатувчи, завқ берувчи бўлиб қолса, бу унинг қийматини пастга туширади. Адабиёт ҳақиқатни акс эттирувчи адолат кўзгуси бўлиши лозим. Ҳақиқатнинг манбайи эса фақат ва фақат – Илоҳий Калом – Қуръони Карим ва ҳадиси шарифдир. Чин адиб кучли шоир ёки ёзувчи, аниқроқ айтсак, кейинчалик уялиб қоладиган гапларни айтмаслик учун, айтилган сўзлари қадрли ва эътиборли бўлиши учун ижодкор инсонлар Илоҳий Каломни англагач, қўлларига қалам олсалар, салобатли ва ҳақиқатгўй адабиётни юзага келтира оладилар. Айтилажак Сўз ҳақиқатнинг баёни бўлмаса, қандайдир шахснинг таъби ва кайфиятига мослаб “адабий асар” ёзилар экан, миллат буткул таназзулга, маънавий инқирозга учрайди. Бугун ўзбек адабиёти сўнгги бир асрда масъулиятсиз адиблар, позициясиз адабиётшунослар томонидан қалаштирилган маддоҳлик, примитивлик, сафсатабозликка йўлиқди. Аниқ ва қатъий позицияни  ишғол этиб, собит турган қалам аҳли йўқлиги учун адабиёт бир ҳовуч журъатсиз ва депрессив кайфиятдаги кишиларнинг бесамар юмуши бўлиб қолди. Адабиётшунослик адабиётга нисбатан аниқ муносабатга, оптик нуқтага эга бўлмагани учун қадимдан келаётган анъаналарга эътибор камлиги ҳамда буларга саёз ёндошилгани учун бу соҳада ҳам гоҳ рус формал мактабига, гоҳ Бахтин назариясига, гоҳ бошқа методларга кўр-кўрона тақлиддан бўлак ҳолат йўқ.

Ёзувчи-шоирлар мукаммал илм олмай туриб, тўқима воқеаларни келиштириб баён этишга муккасидан кетди. Натижада, биз бугун вакуумда, маънавий субутсизликда қолмоқдамиз. Агар шундай бўлмаганда; адабиёт ва адабиётшунослигимиз инсонларнинг реал ҳаётида аҳамиятли ўрин тутганида эди, одамлар адибларимизнинг сўзларига жиддий қарар эдилар, сиёсий-ижтимоий ҳаётда ноҳакликка қарши кураш ва адолат тантана қилишида адибларимизнинг потенциали кўриниб турар эди. Бугун ўзбек адабиёти Алишер Навоийнинг этагига осилиб, Алишер Навоий культини қайта кашф этиб, жон сақлаб турибди. Бироқ, ҳаммамизга равшанки, Алишер Навоий ижодий меросига адабиёт аҳлининг ҳамон тугал, аниқ, объектив, қатъий муносабати мавжуд эмас. Чунки биз ҳамон Алишер Навоийга етиб бўлмас чўққи; мукаммал ижод инъикоси; ҳар қандай даҳлдан холи ҳудуд; жамиийки ҳикматлар мажмуаси; кашф этиб тамомланмайдиган хазина ўлароқ қараб келмоқдамизки, бу ҳали айни масалада яна изланишимизга зарурат борлигини кўрсатади. Чунки Алишер Навоий ижодий меросига илмий аспектдаги муносабатимиз бирёқлама ва туманли эканлигича қоляпти. Шоир асарларидаги бадиий санъатлар, қофия ёки баҳрлар муаммоси; ташбиҳлар ва сюжетларнинг остидаги маъноларни ечиш ҳам, бизнингча, Алишер Навоий ижодий мероси масаласида тугал хулоса эмас. Демак, адабиётшунослигимизнинг навоийшунослик аталган жабҳасидаги янгиланиш бевосита бугун адабиётимиздаги ўзгаришларга кучли ё кучсиз даражада таъсир кўрсатади. Шу маънода, биз Алишер Навоий “Хамса”сидаги дастлабки бобларни тадқиқ қилиш асносида шоир ижодининг ўзак ғояси масаласида муайян хулосага кела оламиз. Чунки мусулмон шарқи адабий анъаналарга мувофиқ, маснавийларнинг дастлабки боблари шоирнинг ақийдаси, маслаги ва мақсадини акс эттиради.

II. Алишер Навоийга илмий жиҳатдан қандай ёндошилди?

ХХ асрнинг бошларида туркий дунё Алишер Навоийга туркий адабий тил асосчиси, туркий руҳни миллат шуурига қайтарган фигура сифатида қаради. Совет адабиётшунослиги эса Алишер Навоийга гуманистик ғоялар манбаи, туркий тил фидойиси, адабиётшунос ўлароқ муносабатда бўлди. Мустақиллик даври ўзбек адабиётшунослигида шоир асарларининг тасаввуфий қирраларини тадқиқ этиш асосий планга чиқди. Салкам бир аср давомида Алишер Навоий ижоди тадқиқотига бағишланган илмий ишлар билан танишиш натижасида қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

  • Алишер Навоий туркий адабиётнинг энг йирик намояндаси ва унинг ижоди туркий адабиёт чўққиси;
  • Алишер Навоий йирик сиёсий арбоб ва Хуросон давлатининг сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим ўрин тутган шахс;
  • Алишер Навоий асарлари юксак инсоний ғоялар, давлатчилик асослари, инсон ва коинот, ҳаёт ва идеализм борасидаги ўз даврининг маънавий тушунчаларини умумлаштирган манба;
  • Алишер Навоий адабий илмлар биримдони ва туғма истеъдод, кенг салоҳият соҳиби.

Мазкур хулосалар бир қарашда содда туюлса-да, илмий тадқиқотларда уларнинг қайсидир жиҳатлари ўрганилган “Алишер Навоий ижодига илмий прицип асосида ёндошиш” дейилганда адабиётшуносларимиз тадқиқотларида қолиплар-стандартлар бўртиб турибди:

  • Шоир асарининг бирор қиррасини танлаб олиб, мазмунини баён этиш;
  • Мазкур асарнинг формал жиҳатларига диққат қаратиш;
  • Шоир асари унинг салаф ёки халафлари билан қиёслаб, фарқларини, умумий томонларини аниқлаб баён қилиш
  • Шоир асаридаги образ, тимсолларни санаб, таснифлаб, улар келган ўринларга қараб, замиридаги маънони “ечиш”;
  • Шоир асарини илми адабнинг бирор йўналиши асосида ўрганиш;
  • шоир асарини шу пайтгача талқин қилиш масалаларига муносабат.

Биз келтирган ушбу шартли “қолип”лар шоир ижодини ўрганиш ва унга муносабат белгилашда стреотипларни келтириб чиқарганини инкор этиб бўлмайди. Таклиф этаётганимиз услубда қуйидаги принциплар устувор ўрин тутади:

  • Алишер Навоийнинг ақийдавий ёндашувини ислом ақийдасининг бош манбалари – Қуръон ва ҳадис, тан олинган ақидавий қонунларга қиёсан текшириш;
  • Алишер Навоий ҳудудига асир бўлмасдан, ундан ташқарига чиқиб, шоирнинг қарашларини аниқ тизим асосида юзага чиқариш;
  • Алишер Навоий қарашларининг ХХI аср муҳити одами онги, ҳаётида конкрет таъсири масаласини тадқиқ этиш;
  • Алишер Навоий ижодий меросининг миллий ўзлик ва миллий шур горизонтидаги ўрни хусусда аниқ хулосага келиш.

Таъкид этганимиздек, Алишер Навоий “Хамса”сининг муқаддима бобларидаги ҳамд ва муножат қисмлари муаллифнинг эътиқоди, олам яралиши ҳикмати ҳақидаги қарашларининг ўзагини, ядросини билиб олишда асос хисобланади.

III. “Хамса” муқаддима бобларининг тавсифи

Бу масалага, асосан, мустақилликдан сўнг эътибор қаратилди ва баъзи тадқиқотларда қисман ўрганилди, қисман  муносабат билдирилди. Бироқ “Хамса” муқаддима бобларини Алишер Навоий дунёқарашининг ядроси сифатида тадқиқ этилган илмий ишлар деярли учрамайди.

“Хамса”даги ҳар бир достон Яратган Зот – Худонинг сифатларини баён этиш ва Унга ҳамд айтиш билан бошланади. Шу жараёнда шоир асар ёзишдан кўзлаган мақсадини ҳам баён этади. Кейинги бобларда шоир ўзининг гуноҳкорлигини эътироф этиб, Худодан афв-у марҳамат тилайди; инсониятга юборилган сўнгги пайғамбар Расулуллоҳ Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламни васф этади, меърож воқеасини келтиради; ёзаётган асарини қайси сабаб билан, қайси ишора ёки амр билан ёзаётганини маълум қилади;  устози – пири Абдураҳмон Жомийни мақтайди; салафлари Низомий ҳамда Деҳлавийни таърифлаш асносида уларнинг хамсаларига танқидий ёки ижобий фикрини билдиради; давлат ҳукмдори  Ҳусайн Бойқарони кўкка кўтариб, олқишлаш баҳонасида ўзининг давлат бошқаруви,  сиёсат ва адолат билан боғлиқ аниқ тамойилларини матности қисмга жойлайди; бирор шахзодага ёки подшоҳ хонадони вакилига мадҳия бағишлайди, унга насиҳат қилади.

Бу – Алишер Навоий “Хамса”сидаги ҳар бир достоннинг муқаддимасидаги бобларнинг умумий мазмунидир. Эътиборли жиҳати, шоир муқаддима бобларда ёзаётган достоннинг мавзусини ҳам эътибордан қочирмайди. Балки умумий мазмун учун муқаддима бобларни пойдевор қилиб олади.

Биз ушбу мақоламизда “Хамса” достонлари  достонлари муқаддима бобларидаги дастлабки икки қисм: ҳамд ва муножотларни таҳлил қиламиз, уларда акс этган мазмун асосида шоир дунёқарашининг асосий нуқталарини аниқлашга диққат қаратамиз.

IV. “Ҳайрат ул-аброр”: “Бисмиллаҳ” таърифи, ҳамд ва муножотлар

“Бисмиллаҳ” боби

“Ҳайрат ул-аброр”даги дастлабки боб “Бисмиллаҳ”нинг таърифига, “Бисмиллаҳ”даги ҳар бир ҳарфнинг муайян маъно англатишига урғу берилган. Мазкур боб фақатгина “Ҳайратул Аброр” учун эмас, балки умумий “Хамса” учун ҳам тегишли экани кўпчилик тадқиқотчилар томонидан таъкидланган, бобнинг ўзи ҳам тахлилга тортилган.

Алишер Навоий “Бисмиллаҳ”ни таърифлашга киришар экан уни дастлаб ипга тортилган дур деб атайди ва яна қуйидаги ташбеҳларни келтиради:

  1. Давлат ва дин ўлжасини, жаннат ғазоли – кийигини банд этувчи каманд (Арқон).
  2. Ёқасида мевалари кўп, “Алиф”дан дарахт ўсадиган, ичида жон ва мангу тириклик суви (Ҳайвон суйи) оқадиган ариқ.
  3. Илоҳий ганжни қўриқлайдиган аждаҳо.
  4. Аҳад боғи (Яккалик боғи) булбули қўнган, Олий Арш ичидаги қандил.
  5. Ваҳдат махзани – яккалик ҳазинасига етказувчи енг яқин йўл.

Шоир мазкур ташбиҳларни баён этгач, “Бисмиллаҳ”ни ваҳдат махзанига элтувчи йўл деб таърифлар экан, шу ташбиҳ доирасида кейинги фикрларини билдиришда давом этади: “Бисмиллаҳ” ваҳдат махзанига элтгувчи йўл, аммо қаттиқ ва хафвли йўл: “Лекин эрур ҳам қатиғу, ҳам махуф”.

Алишер Навоий “Бу бодия” – бу водийни кесиб ўтишни истаганлар икки хайл бўлишини таъкидлайди: аҳли қабул ва аҳли рад. Яъни дунё ҳаётида яшаб ўтаётган инсонлар “вахдат махзани” томон йўл босар экан, улар “Бисмиллаҳ”ни қабул этувчи, ёки “Бисмиллаҳ”ни рад этувчи тоифага бўлинади, учинчи тоифа бўлмайди. “Бисмиллаҳ”ни рад этувчиларга “Раҳбари тафвиқ” – Аллоҳдан мадад берилмайди. “Бисмиллаҳ”нинг ҳар бир ҳарфи рад этувчиларга таҳдид, хафв-хатарга айланади:  “Бо” (ب) Роббисидан ибо қилишга чорлайди, “Ё” (ى) эса уларга келадиган балолардан огоҳ этади. “Син” (س)дан “мим” (م)га ўтишда эса куйдирувчи ел-шамол бор. “Мим” (م) йўл бошида оғзидан ўт сочиб ётган илон, уч “алиф” (ا), уч “Лом” (ل) олти томондан рад аҳлини – мардудларни қамраб олган, “Ҳе” (ه) лар эса қатл этувчи ханжар, “ре”лари (ر) рад аҳлига қирон келтиришни зоҳир этади, “Ҳе” (ه)си бўйинга илинадиган сиртмоқ, “нун” (ن), ё (ى) лар ҳам мардудларнинг кесилган бошларидир: “тошлар ўлмайки, кесук бошлар”. “Бисмиллаҳ”даги ташдид бу элга айни шиддатдир. Аҳли рад “Бисмиллаҳ”ни қабул қилмас экан, улар учун “Бисмиллаҳ” ана шундай таҳдиддир.

Аммо “Бисмиллаҳ”ни қабул этганлар, “ваҳдат махзани” томон дунё водийсини кесиб ўтар эканлар, “Бисмиллаҳ” саодат муждасига айланади. “Бо” (ب) си жаннат башорати, “син” (س)и саломатлик-омонлик йўлининг зинаси, саодат юзи акс этган ойна; “Мим” (م) мақсад манзилига йўл очади, балки мақсад манзилига йўл очади, балки мақсад манзилидаги сарчашма – булоқ; “алиф” (ا) лар жон аро жойлашган бўлиб, жон шабистони – қоронғулигини ёритувчи мамдир; “лом” (ل)лари зарар байроғи, бу зарар байроғини зафар ҳавоси – шамоли хилпиратади; “ҳо” (ه) си “ҳувият”да Аллоҳнинг зикрида жилва этади, “Лом” (ل) билан бутун олам Аллоҳнинг мулки эканига қойил; “Ро” (ر)лари жаннат эшиклари, “ҳо” (ه) лари ваҳдат ғунчасининг бешиги; шу тариқа, Алишер Навоий “Бисмиллаҳ”ни мўминлар ва кофирлар учун қандай маъно, мазмун-моҳият касб этишини баён этади: аҳли рад “доғ устига доғ”га қолади, аҳли қабул эса боғ ичра. Алишер Навоийнинг фикрича, бунинг ҳикмати шуки, аҳли рад устида Аллоҳнинг қаҳри, аҳли қабул узра Аллоҳнинг лутфи намоён бўлади.

“То агар ўт сочса, Жалолияти,
Лутф ила сув урғай Жаолияти”.

Шоир “Бисмиллаҳ” тавсирини якунлаш асносида ўз нафсига қарата “ваҳдат махзани”га сафар қилар экан, йўлнинг ёмон-яхшисидан ғам емасликка, “Бисмиллаҳ” деб йўлга қадам қўйишга чақиради:

“Йўл ёмону яхшисидан ема ғам,
“Бисмиллаҳ” дегилу, қўйгил қадам”

Алишер Навоийнинг “Бисмиллаҳ”га берган таърифи асосида унинг бу масаладаги қуйидаги ёндашувларини ойдинлаштириш мумкин:

  • Шоир “Бисмиллаҳ”ни таърифлашда аниқ илмий йўлдан бомайди, яъни Қуръон ёки ҳадис, ўтган ислом уламоларининг бу мавзудаги далилланган маълумотларига таянмайди, балки шоирона услубга суянган ҳолда “Бисмиллаҳ”ни ташбиҳлар асосида сифатлайди.
  • Алишер Навоий “Бисмиллаҳ”га бўлган муносабатини ислом дини асосида белгилайди. “Бисмиллаҳ” воситасида исломни қабул қилганлар ва рад қилганларнинг ҳолатини ёритади.
  • Алишер Навоий мазкур бобда ўзига хос маҳорат билан муайян замон ва маконни тасвирлайди. Аҳли қабул ва аҳли раднинг кечмишини “Бисмиллаҳ” ҳарфлари маъносини рамзлар орқали баён этаркан, ўқувчининг кўз ўнгида вақт ва ҳаракат жараёнларини гавдалантиради.
  • Шоир “Бисмиллаҳ” таърифи билан “ваҳдат” тушунчасини марказга қўяди. Маълумки, барча пайғамбарлар Ер юзига Аллоҳнинг яккалигини – тавҳидини етказиш, инсонларни якка Аллоҳга ибодат қилишга даъват этмоқ учун юборилганлар. Тавҳид – ваҳдат, Алишер Навоий наздида, махзан – хазинадир.

“Бисмиллаҳ” эса ана шу хазинага инсонни мушарраф этади. Зотан, “Бисмиллаҳ” – Аллоҳнинг исми билан, Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг исми билан инсон ҳаётга, борлиққа ёндашар экан, шубҳасиз, бутун мавжудиятни, ўзини ишларини, тақдирини якка Аллоҳга топширганини эълон қилади. Алишер Навоий “Бисмиллаҳ”нинг моҳиятини – унинг инсоният учун нақадар аҳамиятли эканини ёрқин, таъсирчан, реал тушунтириш учун ҳам айнан ташбиҳларга таянгани эҳтимолдан ҳоли эмас.

  • “Бисмиллаҳ”ни айтиш билан инсон бутун инон-и ихтиёрини, ишларини, тақдирини Роббисига топшириб қўйиши, шу боис ёмонлик ва яхшиликдан хавотирга тушмаслиги кераклиги шоирнинг ўзига қарата: “йўлнинг ёмону яхшилигидан ғам ема”, – тарзидаги таъкидида очиқ кўринади. Бу ўринда мўминнинг тақдирнинг яхши ва ёмонига рози бўлиши лозимлиги ҳақидаги ақийда баён этмоқда.

V. “Ҳайрат ул-аброр” Илоҳга ҳамд

“Ҳайрат ул-аброр”нинг иккинчи боби Илоҳга ҳамд-мақтов мавзусига бағишланган. Шоир сарлавҳада Илоҳнинг “Холиқ” сифатини бирламчи ўринда тилга олади ва тўртта масалани баён этади:

  • Холиқнинг Яратувчи қалами (қалами сунъи) махлуқот тасвирини чизувчидир (чеҳракушодир);
  • Холиқнинг ҳикмат қалами (хомаи ҳикмати) санъат этилган нарсаларни (маснуотни) гўзаллаштирувчидир (жамоли афзодур)
  • Холиқнинг шавқ занжиридан (силсилаи шавқидан) кўнгил кунчаси бир ҳусн гулига боғланади (вобасталик);
  • Холиқнинг шавқ занжиридан (силсилаи муҳаббати) билан.

Ҳар бир кўз юлдузи бир қош ҳилолига пайваста бўлади.

Кўриниб турибдики, Алишер Навоий Холиқ бўлмиш Илоҳнинг икки хил қалами (қалами сунъ ва хомаи қисмат) ҳамда шавқи ва муҳаббати болигини таъкидламоқда.

Илоҳга ҳамд бобида даставвал шоир Илоҳга ҳамд айтиш Илоҳнинг зоти билан вожиб эканки, ҳамд айтувчи (ҳомид) Илоҳнинг зотидаги зарралар эканини айтади:

Ҳамд ангаким, вожиби биззот эрур,
Ҳомид анинг зотика заррот эрур.

Шоирнинг ишонишича, Илоҳнинг яккалиги унинг зотида қуёш қандай аниқ ва бор бўлса, ана шундай маълумдир:

“Ваҳдати зотиға қуёшдек тонуқ”.

Шундан сўнг Алишер Навоий Илоҳнинг “Яратувчи қалами” (“қалами сунъ”)нинг санъатини баён этишга киришади: “Илоҳ жисм осмонини ёруғ этди; самони фируза гулшан ўлароқ баланд кўтарди, унда юлдузлар гул каби сочилган; ложувард фалак Илоҳнинг санъатидаги шундай нарсаки, У нарданинг икки тахтасига ўхшайди.”

Шоир бу тамсин билан Холиқнинг (Илоҳнинг) ишларини баён этиш давомида у инсон миясини яратиб, ичига ақлдан чироқ қўйганини айтади:

Чун ясабон ҳужраи тори димоғ,
Ақлдин ул ҳужрада ёқиб чироғ.

Ақл чироғининг пилиги иноят ипи, ундаги шуъла эса ҳидоят нури дер экан Навоий бу нурдан кўнгил маскани ҳам насиқа олганини таэкид қилади: “Андин олиб нур уўнгил маскани”. Аммо “Ишқ ели ақл чироғини ўчиради, зуҳд ва тақвони, сабр ва сокинликни барбод этади. Ақл ниҳолини хашакка айлантиради, бало денгизини тўлқинлантиради. Дарду бало оловини аданга олдиради. Бу ўтни эса висол булутининг ёмғир ўчириши мумкин холос”.

Шундай қилиб, Алишер Навоий бу ўринганча Илоҳнинг Яккалигининг (1), Илоҳ оламни (2), ақлни (3), ишқни (4) Яратганни баён этиб келди ва ҳусн қуёши (5), тўғрисида сўз бошлайди. “Ҳусн қуёши”ни батафсил таърифлар экан, уни оламдаги ҳодисаларнинг марказига қўяди: “Илоҳ ҳусн қуёшини уфқларни куйдирувчи қилди, унинг порлаши билан оламни ёритди.”

Алишер Навоий ҳусн қуёшини қуёш эмас, жаннат ҳовлиси (равзаи ризвон), равза ичидаги хандон гул деб атайди. Муболағани кучайтириб, ҳусн қуёши жилвасидан жон гулшани гўзаллашди, уни кўриб маҳзун кўнгил осойиш топади деб таъкидлайди.

Шоирнинг фикрича, “Илоҳ ҳуснгулининг зотиға лутфу сафо ва вафо исини бермаган, у ҳеч қачон вафо қилмайди. Ҳусн ишқни жон риштасиға боғлайди; ҳажр водийсидаги ҳар бир гиёҳни ништарга айлантиради”.

Алишер Навоий шу тариқа Илоҳ бутун оламни ўзаро боғлиқ яратганини айтади, Ерни (кураи хок) сокин, фалаклар ер атрофида айланиб юрувчидир дейди. Шоирнинг фикрича, фалаклар уммон (океан), ер эса унинг марказидир:

Токи муҳит ўрниға афлок эрур,
Маркази онинг кураи хок эрур.

Якунда шоир Илоҳнинг лутфи билан мавжудлик, қаҳри билан нобудлик содир бўлишини айтади:

Лутфи билан борчаға мавжудлиқ,
Қаҳридин ўқ бўлғуси ноқудлуқ.

Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достони 2-боби – Илоҳга ҳамд мавзуси билан танишув, қуйидагича хулосаларни чиқариш мумкин:

  • Аллишер Навоий Илоҳнинг Холиқ эканини эътироф этади. Унга ҳамд айтиш унинг зотида вожиб, ҳамда айтувчилар унинг зотидаги зарралар (ҳомид анинг зотиға заррот эрур) деб ишонар экан, шоир Илоҳ оламни қамраб олган ёки олам Илоҳнинг зуҳуридир (кўриниши) деган эътиқодда бўлгани ойдинлашади.
  • Алишер Навоий ақл, кўнгил, ҳусн, ишқ ҳақида гапириш асносида, уларни ўзаро боғлайди. Илоҳнинг шавқи ва маҳобати шу нарсаларда намоён бўлади деб ҳисоблайди.
  • Алишер Навоий Илоҳ оламни ўзаро боғлиқ, занжир каби вобаста яратган, ер оламнинг маркази деб таъкидлайди.
  • Шоир Илоҳнинг лутфи ва қаҳри билан олам мавжуд ёки нобуд бўлади дейиш орқали барча нарсани Илоҳнинг лутфи ва қаҳрига боғлайди.

VI. “Аввалғи муножот”: “Барчани миръоти жамол айлади”

Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр”да “Аввалғи муножот”га қўйган сарлавҳасида бобнинг уч асосий масалани ёритишни маълум қилган:

  • Ҳақнинг аввалияти – ақл Унга шерик тополмаслиги, аввал ва охир эли бир бўлиб ҳамд айтсалар ҳам, унга муносиб даражада мақтов айта олмасликлари ҳақида;
  • Мумкинот деб аталган гулшандаги гулларнинг қандай қилибйўқлик тунидан борлиқ гулистонига келгани ҳақила;
  • Коинот бир бозор; бу бозорда дурлар бор; ўша дурлармахфийлик булутидан зоҳир бўлиш дарёсига тушганининг маърифати ҳақида.

Сарлавҳадан кўриниб турибдики, шоир оламни ягона илоҳ яратгани ҳақида сўз очмоқчи. Бобнинг дастлабки уч байтида Алишер Навоий илоҳга мурожаат қилиб, Унинг абадий ва азалий эканини таъкидлайди. Унинг Холиқ эканини, барча яратиқларни айни – асоси Унинг ўзи эканини айтади: “Борчаға Холиқ, бориға айн ўзунг”. Шу билан муножотдаги дастлабки қисм якунланади ва шоир оламнинг пайдо бўлишидан аввалги ҳолат – йўқликни, яъни “одам шабистони”ни таърифлашга киришади. Бу таърифда Алишер Навоий ер юзидаги барги суман, кўкда юлдузлар, заминда инсонлар, инсонларда эса ситам бўлмаганини айтади. Шу ўринда шоир “ҳусн ўти” ҳақида сўз бошлайди. “Ҳусн ўти” сабабли ишқ пайдо бўлмаганига урғу беради: ҳали шам кошонининг ёритмаган – шам ишқида парвона ҳам куймаган; гул юзини кўрсатмаган – булбул гул ишқида замзама қилмаган; наргис гулининг маст кўзи йўқлик гулшанида маст уйқуда; муғ дайрида – будпарастлар бутхонасида май сақланадиган хум очилмаган, май қуйиб берувчи муғбача (бола) ишваси билан зуҳд элини дурднўш – май қуйқасини ичувчи қилиб қўймаган.

Алишер Навоий бу ҳолатларни баён этаркан, оламнинг яратилиши сабаби – ишқ деган қарашни таъкидлаш учун ўзига хос тайёргарлик кўраётгани маълум бўлади.

Шоир йўқлик ичра “баҳри зот” – “зот денгизи” ором ва сокинликда бўлиб, “мумкинот” мавж этмаганини айтади:

Кўргузиб орому сукун баҳри зот,
Мавж аён айламайин мумкинот.

Шу ўринда, Алишер Навоий “Баҳри зот” – “зот денгизи” деганда айнан нимани назарда тутгани қизиқ. Қолеверса, сарлавҳада келган “мумкинот” калимаси ҳам борки, бу ҳам ўзига хос изоҳ талаб қилади.

“Баҳри зот” ва “мумкинот” айнан нима экани мазкур бобнинг ўзида маълум бўлади: шоира ҳали олам яратилмаган паллада “баҳри зот”нинг мавжуд бўлгани, у ором ва сокинликда эканини таъкидлайди, холбуки, ундан бўлак ҳеч нарса йўқ. Демак, Алишер Навоий назарда тутган “зот денгизи” – Яратувчи Илоҳдир. Мумкинот эса – яратилажак нарсалардир. Бу кейинги байтлардан ҳам ойдинлашади. Шоир азалдан мавжуд бўлган Илоҳга мурожаат қиларкан, Унинг оламни нима учун яратгани ҳақида сўз бошлайди. Бу мазкур муножотдаги учинчи қисмнинг бошланиши ҳамдир.

Алишер Навоий таъкидлайдики, азалдан мавжуд бўлган Илоҳ бор эди, холос. Унинг ҳусни ўзигагина жилва қилади; унинг ҳуснини ғайб кўзгуси акс эттиради; Илоҳнинг ўзи назар солувчи бўлиб ўзига назар солади, ўзига бўлган ўз ишқидан хуш бўлиб, ҳуснидан мағрурланади:

Нозир ўзунг эрдингу манзур ўзунг,
Ишқ кунга хуш, ҳуснунга манзур ўзунг.

Фақат бирлик бор эди, саноқ, адад йўқ эди; Илоҳнинг илмини ижмол этадиган зот йўқ эди. Лекин ошиқларни куйдирувчи чеҳра, уфқларни куйдирувчи ламъа – нур зоҳир бўлиб, ҳуснининг камолини ошкор этишни баён қилди:

Қилди мазоҳирда хаёли зуҳур,
Топқали ул ҳусн камоли зуҳур.

Савол туғилади: “ўшул чеҳраи ушшоқкўз” (ошиқларни куйдирувчи чеҳра) кимга тегиўли? Жавоб матндан англашилади – ҳали олам яралмаган паллада азалдан мавжуд бўлган Илоҳ (Баҳризот) “Чеҳраи ушшоқсўз”нинг эгасидир. Яъни Худо ўз ҳуснини ошкор этишни хоҳлади демоқда Алишер Навоий. Навбатдаги байтларда бу яққол кўринади. Шоир Илоҳга қарата ҳуснинг жилвасига чегара (ҳад) йўқ эди, шунинг учун ададсиз кўзгу керак бўлди дейди:

Жилваи ҳуснунгға чу йўқ эрди ҳад,
Кўзгу керак бўлди анга беадад.

Шоир ана шу сабаб туфайли Илоҳ коинотни яратди деб ҳисобла      йди. Коинот – рангин бир гулшан, ундаги ҳар бир гул чин кўзгусидир, у кўзгуларда Худонинг ҳусни жилва қилади дея таъкидлайди Навоий:

Очти бу гулшанки, рангин эрур,
Ҳар гул анга ойнаи Чин эрур.

Жилваи ҳусн ўлғали зоҳир анга,
Бўлди бу муръот мазоҳир анга.

Алишер Навоий фикрида давом этаркан, тўққиз қават осмонни “лавҳаи ойинафом” – “ойна каби лавҳа (ойна солинган рамка)” деб атайди. Бу ойинадаги ҳар бир юлдуз Худонинг ҳусни учун кўзгудир: “Кўзгу киби ҳуснунг учун мазҳаре”.

Шоир шундан сўнг коинотдаги, ер юзидаги ҳар бир нарсани ойна – кўзгу билан боғлаб таърифлайди: қуёшнинг юзи ойнаранг; кўк ойна каби саҳифа; шамол чанг билан чирмашиб ойнага айланади…

Хулосада Алишер Навоий конкрет равишда ўз қарашини ойдинлаштиради – ҳамма яратиқлар Илоҳнинг жамолига кўзгудир: “Борчани миръоти жамол айладинг”.

Шундай қилиб, Алишер Навоий мазкур муножотдаги тўртинчи қисм – инсон мавзусига тўхталади. У барча яратиқлардан мақсад – инсон эди таъкидлайди: “…боридин ғараз инсон эди”.

Чунки шоирнинг фикрича, инсон Илоҳнинг каломини англагувчи, Унинг яширин сирларини кўтарувчи (хомил); Худо инсоннинг кўнглини ўз ганжининг бир қисми; инсон жисмини эса ўша ганжга тилсим қилди.

Алишер Навоий мазкур муножотнинг якуний қисмида Худога илтижо қилиб, ўзини илоҳий ганж маҳрами қилишини сўрайди, сирларингни (розингни) менга бер, яна нима қилишни ўзинг биласан деб итоаткорлик изҳор этади:

Онча розингға амин қил ани,
Ҳар не қилурсен – яна Сен билгани.

Демак, Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” достонидаги “Аввалғи мкножот” боби билан танишиш асносида ушбу хулосаларни умумлаштириши мумкин:

  • Алишер Навоий оламни яратган Илоҳнинг абадийлик ва азалийлик, Холиқлик (Яратувчилик) сифатларини эътироф этади ва у ҳали ҳеч нарса бўлмаган бир пайтда ҳеч нарсага муҳтож бўлмаган ҳолда ўз-ўзидан мавжуд эди деб эътиқод қилади.
  • Алишер Навоий олам яралишининг сабаби Илоҳнинг ҳуснига кўзгу (миръот) лозим бўлганидир деб ҳисоблайди. Тлоҳ коинотдаги ҳар бир заррани ўз жамоли учун ойна қилди деб ишонади.
  • Алишер Навоий Илоҳнинг сирини ганж (хазина) деб ҳисоблайди, ўша сирга маҳрам бўлишни хоҳлайди ва ўзини, барча ишларини бутунича Роббисига топширади.

VII. Иккинчи муножот: “Ким ангадир мулк мусаллам анга”

Алишер Навоий “Ҳайрат ул-аброр”нинг “Иккинчи муножот” бобида сарлавҳа орқали икки масалани илгари суради:

  • “Махлуқот зеболарининг жилваи зуҳури” – яратиқларнинг гўзаллиги жилваланиб зоҳир бўлиши билан Илоҳнинг даргоҳига бирор фойда етмайди;
  • “Мавжудот раъноларининг ходисаи футури” – мавжуд нарсаларнинг йўқ бўлиб кетиши билан Воҳиди доно жабарут Илоҳнинг хазинасига заррача зиён етмайди.

Яъни шоир сарлавҳада оламнинг мавжудлиги Илоҳнинг азаматиға мутлақо наф келтирмаслигини, оламнинг йўқ бўлишидан Худога умуман зарар етмаслигини қатъий таъкидламоқда. Демак, мазкур бобда Алишер Навоий оламнинг яратилиши ва йўқ бўлиши ҳақида сўз юритмоқчи экани маълум бўлади.

Алишер Навоий дастлабки уч байтда Худога мурожаат қилиб, якка Илоҳгина ибодатга сазоворлигини айтади. Шоир Худога қарата “Жамики мавжудот вужуди сендан, йўқликдан нимаки мавжудликка келган бўлса, барча сажда қилувчи (сожид) сенга сажда қилади”, – дейди.

Алишер Навоий баланд фалаклар, тоғлар ила тўлган ер; само осмони, юлдузлару қуёш – буларнинг ҳаммасини кўрган ақл муҳандислари ожиз қолиб, Худонинг қудратига лол қолишларини айтаркан, Илоҳнинг қаҳри билан буларнинг ҳаммаси остин-устун бўлишига эътиқод қилади: “Тоғлар булут каби кўкка учади; само бир этак кулга, юлдузлар бир ҳовуч гулга айланади; Зуҳал, Муштарий, Баҳром, Қуёш, Зуҳра, Тийр, Ой каби сайёралар завол топади; уммон-денгизлар изтиробдан қайнайди; ер ўрнидан қўзғалади; ер ва само ўрни алмашиб кетади; олов денгизда ғаввозлик қилади, тоқ фалакда рақс тушади; токларнинг осмонда тарқалиши “ал-фироқ” деб эшитилади; бир зумда олам йўқликка юз тутади – Тангридан бўлак ҳеч нарса қолмайди: “Тенгри қолиб боқию, дайёр йўқ”.

Алишер Навоий бутун оламнинг бор ёки йўқлигидан Илоҳнинг азамати ва жабарутига ҳеч қандай наф ҳам, ҳеч қандай зиён ҳам бўлмаслигини қатъий таъкидлайди.

Муножот якунида шоир олам йўқ бўлиб кетадиган кун – қиёмат кунига етса ёки етмай ҳаётни тарк этса, Роббисидан иймонни ҳамроҳ этиши ва кўнглида Аллоҳдан бўлак ҳеч нарса қолдирмаслтгини илтижо этади ва Худонинг Раҳмати, лутфидан сўрайди:

Ул нафас иймон манга ҳамроҳ қил,
Кўнглим аро махви сиваллоҳ қил.

Раҳмати омингни нисор эт манга,
Лутфи амийминг манга ёр эт, манга.

Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр” маснавийсидаги “иккинчи муножот” билан танишиб, шоир эътиқоди ва дунёқараши билан боғлиқ қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

  • Ушбу муножот, мазмунидан англашилмоқдаки, оламнинг заволга юз тутиши – қиёмат қойим бўлиши мавзусига бағишланган бўлиб, шоир қиёматнинг даҳшатларини Қуръон оятлари асосида тасвирлайди.
  • Алишер Навоий мазкур муножотда олам Илоҳнинг қаҳри ила бир зумда йўқ бўлиб кетиши, мукаммал барпо қилинган, ақл эгаларини лол этган коинотнинг остун-устун бўлиб, ғойиб бўлиши Илоҳ учун ҳеч қандай аҳамият касб этмаслтгини таъкидлаш билан Худонинг дахлсиз қудрати, ақл тасаввур қилолмайдиган …. ва мангу азаматини баён этади. Итоат изҳор қилиб, нажот ўтинади.

VIII. Учинчи муножот: “Зоҳир этарсен чу адамдин вужуд”

Мазкур бобда шоир сарлавҳа орқали муножотнинг қайси “маъни”да эканини баён қилади:

  • Олам ва одамни борлиқдан йўқликка солиш вужуди мутлақдан бўлакнинг ихтиёрида эмас;
  • Буни тушунган “вужуд аҳли” бу ишни “вужуди мутлақ”дан ўзгага ҳеч қачон нисбат бермайди;
  • Исён зулматида оёқдан тушган (йиқилган)ларни “шафоати олам” (Сўнгги пайғамбар Муҳаммад с.а.в)нинг шафоати тутиб қолади;
  • Ул зот (с.а.в)шафоат қилганларга оламнинг холиқи ва одамзод ҳам шафоат назари ила боқади.

Мазкур сарлавҳада Алишер Навоий “вужуди мутлақ”, “вужуд аҳли”, “Холиқи олам” деган таърифларни келтирмоқда. Мазмундан англашиладики, шоир “вужуди мутлақ” деб Илоҳни, “вужуд аҳли”деб Илоҳга итоат қилувчиларни, “Холиқи олам” деганда ҳам айнан Худони назарда тутади.

Муножотнинг бошланиши Илоҳга қарата мурожаат ила Уни мақташга бағишланиб, шоир барча яратиқлар Илоҳнинг лутфи эканини айтиб, уларнинг ичида инсонни шариф атайди: “Борчадан инсонни шариф айладинг”.  Алишер Навоий оламдаги барча нарса кўзга вобаста, боғлиқ яратилганини, бу буюк иш эканини таъкидлаш асосида бу оламни йўқ қилиш Илоҳга ўта осонлигини айтади. Шундай қилиб, шоир қиёмат қойим бўлиб, қабрлар ёрилиб, инсонлар маҳшаргоҳда йиғилишларини баён этишга киришади: “Не кун ўшул оҳу надомат куни\\ Оҳу надомат не, қиёмат куни.”

Алишер Навоий ҳашр куни аввал ва охир элу зору асир ҳолда ўз аҳволидан нафрат этишини тасвирлаб давом этади: ҳар ким ўз дардига “вой-вой” деб, ўз ишига “хой-хой” деб йиғлайди; номаи аъмоли  келтирилганда инсонлар юраги қон бўлади; она қизига, ота ўғлига боқмайди, барчнинг оғзида ягона сўз “Во ҳасрато, осийлар гуруҳ-гуруҳ келтириладилар, елкаларига исёнлари тоғ-тоғ қилиб юкланган; жаҳаннам олови ловуллайди – буни кўриб элнинг суяклари эриб кетар даражага келади; шу билан биргаликда жаннат гули жилваланиб, дўзоҳ ўтидан кўпроқ даҳшатга солади; қуёшнинг ҳароратидан мия қайнайди; қиёмат аҳлининг фарёди кўкка ўрлайди; қил кўприк хаёл ипи каби ингичка; Ҳокими одил” – Худо ягона ҳукмрон бўлиб, Жабборлик ва қаҳҳорлик сифатлари авжу мавжини кўрсатади; валийлар мутафаккир, набийлар мутахаййир – ҳайратланувчи – бўлиб қолади; лекин арабий пайғамбар ундай эмас, у шариъ – шафоатчи ўлароқ гоҳ сирот устига боради, гоҳ тарози томон қадам босади; буюк ҳиммат ила “умматим, умматим”, – деб қайғуради – у – пайғамбар охири замон саллаллоҳу алайҳи ва саллам кимни шафоат этса, Тенгри қабул қилади, аслида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани қасд қилса, бу Ҳақдандир:

Бўлса не мақсудға майли анинг,
Ҳақдин ўлуб барча туфайли анинг.

Шундай қилиб, Алишер Навоий машҳур таърифини Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатлари ҳақидаги воқеани баён қилиши билан якунлайди ва Роббисига илтижо бошлайди: “Ё Роббим, Сен набийнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақига насиб қилган неъматларинг сабабли у сенга ҳабиб бўлди; бу ғам анжумани, мотам мажмаъси аро шафоатга етказдинг, бу сенинг лутфингдир… Набийнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) журм эгаларини излаб, карамингни сўраб, вайл ва чоҳ ила жазоланганларга – умрида бир амал қилмаган, динига халал берган хатодан ўзга иши бўлмаган умматига, жони андуҳ ўтида ғамда, юзи исён тутунидан қора бечораларга юзланиб, уларни халос этишни истаса, мен осийни ҳам унинг кўзига учрат!”

Алишер Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр”идаги учинчи муножотини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

  • Уларнинг эътиқодича, бутун оламни мукаммал санъат ўлароқ яратган Илоҳга уни йўқ қилиш заррача оғирлик туғдирмайди; лутфи ила яратган нарсаларни қаҳри ила яна йўқликка равона қилиши осон.
  • Алишер Навоий Илоҳнинг иродаси ила олам йўқликка юз тутгач, инсонлар маҳшарда жам бўлишлари; дунё ҳаётидаги амаллари ёзилган номаларни олишлари; дўзаҳ олови даҳшати, жаннатнинг роҳати; савоб ва гуноҳ тортиладигантарози; инсонлар ўтишлари лозим бўлган Сирот кўприги, қиёмат даҳшатидан инсонларнинг пароканда бўлиб, ўзлари билан ўзлари овора бўлиб қолишлари ҳақида қатъий ишонч билан таъкидлайди.
  • Алишер Навоий сўнгги пайғамбар Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шафоатини таъкидлаб, шафоат ҳам Аллоҳнинг лутфи ўлароқ содир бўлишини баён қилади. Гуноҳлари афв этилиб, шафоатга сазовор бўлишини Илоҳдан илтижо қилади.

IX. Тўртинчи муножот: “Сен анга бўлгилки, анга ушбу бас!”

Тўртинчи муножотни Алишер Навоий “карам дарёси” васфига бағишлайди. Шоирнинг ёзишича, бу дарё иноят насимидан мавжга кириб, осийларнинг исёнларини хасу хашак каби қирғоқларга отади; гуноҳ тоғидан лангар солганларнинг кемаларини пар каби енгил ҳаракатлантириб, мақсуд соҳилига етказади; бу мазмун учинчи муножотдаги шафоат мавзусига бевосита алоқадор ҳисобланади.

Шоир дастлаб Илоҳнинг карамини васф этади: “Сенинг караминг олдида гуноҳ тоғи худди пар кабидир”. Шу тариқа Алишер Навоий Илоҳнинг бутун жаҳон аҳлининг гуноҳини, журмини афв этишга қодир эканини қатъий таъкидлайди:

Жумла жаҳон аҳли хато қилсалар,
Журм билан нома қаро қилсалар,

Номани оқ айламак осон Санга,
Ким йўқ ўшал амрда нуқсон Санга.

Алишер Навоий Илоҳнинг раҳматига, мағрифатигагуноҳкорлар ҳақлироқ деб ҳисоблайди:

Ҳар киши осию гуноҳкорроқ,
Афв ила раҳматқа сазоворроқ.

Чунки шоирнинг фикрича, гуноҳсиз одамни афв қилиш мумкинми? Булут уммон устида ёмғир тўкишдан нима наф?

Алишер Навоий давом этади: “Тун ўйин-у гуноҳлар ила зулматда, лутф қуёши эса уни ёритади. Исён туни гуноҳ ила қораймаса, афв чироғи қачон нур сочади?”

Шоирнинг фикрича, бу дунёда кимки зуҳду тақво ила яшаб ўтса, унга жаннат ато этилса, гуноҳкорларнинг аҳволи не кечади? Дарёда сув ҳайқириб турса, бир неча ташна оғзи қуриб, азобда қолса шу инсофданми?

Алишер Навоий Илоҳга қарата, агар шундай бўлса  ва хатоларни афв айласанг, карам денгизи ва саховатинг қайда қолади дейди:

Айламагинг афв хато, бас, қани?
Баҳри карам бирла ато, бас, қани?

Шоир сўзида давом этиб, бундай бўлиши ва – савоб эгаларининг, жаннат таъмасида ибодат этган; жаннатдаги қасрлар орзусида харобада яшаган; ҳар ишини Илоҳдан мукофот эвазига адо қилган инсонларнинг жаннатга кириб кетиб, жаннатни тамаъ қилмай фақат Илоҳнинг жамолини хоҳлаб яшаганлар гуноҳкор ўлароқ жаҳаннамга маҳкум бўлишларини ақлига сиғдирмайди, шу сабабли Илоҳга Сен ҳар ишни қилсанг ҳам, бундай қилмайсан деб ишонч билан таъкидлайди: “Айлагасен Сен ҳар иш, илло, бу иш!”

Алишер Навоий фикрини қуйидаги мантиқ билан қувватлайди:

Лутфу карам ганжини кеткунгдурур?!
Кимга атою карам эткунгдурур?!

Яъни “Гуноҳкорларни афв этмасанг, лутф ва карам хазинасини нима қиласан? Кимга саховат кўрсатиб, карам қиласан?”

Шоирнинг гуноҳларнинг афв этилишига умиди қуйидаги байт билан ҳадди аълосига кўтарилади:

Гарчи гуноҳнинг ҳаду поёни йўқ,
Айламасанг раҳм ҳам имкони йўқ.

Яъни “Гарчи гуноҳлар чек-чегарасиз бўлса ҳам, афв қилмасанг, имкони йўқ”.

Шу тариқа шоир гуноҳлар кечирилиши масаласини маромига етказиб таърифлагач, ўзининг афв этилишига умид қилади, Илоҳга қарата ўзи жаннатни ҳам, жаннатдаги ҳурни ҳам орзу қилмаслигини иддао қилиб, фақат Илоҳнинг ўзи етарли эканини маълум қилади:

Эрмас анга ҳур ила жаннат ҳавас,
Сен анга бўлғилки, анга ушбу бас.

“Ҳайрат ул-аброр”даги тўртинчи муножот билан танишиш асосида қуйидаги ҳолатлар яққол кўзга ташланади:

  1. Шоир масалага сўфийлар дунёқараши билан ёндашади, муножот Илоҳга қарата мурожаат бўлиши билан бир қаторда унда ўз давридаги мухолиф диндорларга раддия ҳам билдирган. Алишер Навоий сўфийлик фалсафасига кўра қалбни Илоҳнинг ишқи билан тўлдириб, фақат Унинг жамолини мақсад қилиш керак деб ҳисоблайди. Ибодатлар Жаннат учун эмас, Илоҳнинг Ўзи учун бўлиши лозим дер экан, бу ёндошувда бир қадар чуқур кетиши сезилади ва одатий диндорларнинг эътирозига сабаб бўлади. Шу сабабли, шоир диндорлар – жаннат тамаълари – риндлар дўзахийми деган масалани муножот мазмунига сингдирган ва бундай бўлиши мумкин эмас деб хулоса қилиб, Илоҳнинг раҳмати ва лутфига ишонади.
  2. Мазкур тўртинчи муножот олдинги уч муножотнинг мантиқий якунидир. Диққат қилинса, шоир “Ҳайрат ул-аброр”нинг уч муножотида олам ва одам ҳақидаги мушоҳадасини мухтасар ва тўлиқ баён этган. Биринчи муножотда – оламнинг, одамнинг яратилиши баёни акс этган, коинот Илоҳнинг жамолига кўзгу ўлароқ сифатланган, шоир оламнинг бор ва йўқ бўлиши Илоҳнинг лутфи ва қаҳрига боғлиқлигини таъқиқлаган. Иккинчи муножотда Алишер Навоий оламнинг йўқ бўлиши – қиёмат ҳақида сўз юритган. Учинчи муножотда маҳшаргоҳни тасвирлаб, Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоатига кўз тутади. Ва ниҳоят тўртинчи муножотда ишнинг якуни – инсоннинг афв этилиши масаласини кўтарган.

Алишер Навоий дунёга сўфий нигоҳи ила боқиб, Илоҳга муҳаббатни тарғиб этади; муҳаббат, ишқ – ягона нажот, Илоҳни таниш маърифати деб билади; эътиборли жиҳати шоир “Ҳайрат ул-аброр”нинг “Басмала”, ҳамд ва муножот бобларида оламни яратган Илоҳни “Аллоҳ” деб атамайди – балки Илоҳнинг Холиқ, Ҳақ исмларини тилга олади, Тенгри, Роб деб атайди, бу эса шоирнинг муаммога фалсафа ва сўфизм тушунчалари билан қараётганини аниқроқ тасдиқлайди.

X. “ФАРҲОД ВА ШИРИН”

“Биҳамдик фатҳу абвабул маоний”

Алишер Навоий қаламига мансуб “Фарҳод ва Ширин”достони дастлабки боби сарлавҳасиз бўлиб, Илоҳга мурожаат тариқасида бошланади. Биринчи мисра арабий бўлиб, бутун боб унинг мазмунини ёритишга бағишланган.

Биҳамдика фатҳу абвобул маоний,
Насиб эт кўнглума фатҳ ўлмак они.

Арабий мисра таржаимаси: “Маънолар эшигининг очилиши – Сенинг ҳамдинг биландир”. Шоир иккинчи мисрада маъно эшикларининг очилишини кўнглига насиб бўлишини сўрамоқда.

Алишер Навоий “маъно эшиклари” (абвобул маоний) масаласини ривожлантириб, шундай дейди: “Ул эшиклар қулфини кўзимга кўрсат, калитини эса қўлимга бер. Бу калит билан у ганж қулфини очиб, неки умидим бўлса, ҳаммасини насиб қил. Қанча жавоҳир истасам, қайта боқсам, уларни кўзимга кўрсат. Ҳар нафасимда бу жавоҳирларни ткришим учун кўпроқ ҳавас бер. Ҳавас берганингдан сўнг олиш учун имкон ва қувват бер. Агар у жавоҳирлардан қўлим йироқ бўлса, қўлимга солиб қўйки, шу яхшироқ. Қанча кўп олсам. Бунда монеъ этма, қанча кўп олсам ҳам, олганларимга мени қаноатлантирма”.

Шу нуқтагача Алишер Навоий маъно эшиклари очилгач, ичкаридаги жавоҳирлардан беришни Илоҳдан ўтинади. Бу ўтинчни энг юксак чўққида тасвирлагач, маъно жавоҳирларини улашиш масаласига ўтади:

Бу дурларким, кўзумни андин очтинг,
Менинг илгим била оламға сочтинг.

Шоир сўзида давом этиб, ўзи сочадиган дурларни тупроққа қоришмаслигини, балки азиз ва мўътабар бўлишини орзу қилади: “Агар менга маъно жавоҳирларини сочишни буюрсанг, юзлаб бенаволарнинг қўлларини ҳавога кўтартиргин! Бу дур-жавоҳирлардан гадоларга ҳадя эт! Бойларга ҳам насиб қил. Бу дурлардан шоҳ олса, тожига безак қилсин, қул олса, унга бу муборак бўлсин. Бу дурларга ишқ аҳлини орзуманд айла! Ва бу маъно дурларини ишқ аҳлига етказ. Маъно жавоҳирларни ишқ аҳли олгач, ҳар лаҳза дурларини кўзларига ёш, лаълу ёқутини қонли ёш қил! Мен сочган маъно дурларини такаллум аҳлига сармоя қил, назм ижод қилсалар, назмлариға асос қил. Кимки, бу маъно дурларини синдирса, уни шикаста қил, паст кўрганларни паст қил!

Шундай қилиб, Алишер Навоий “маънолар ганжи”нинг аҳамиятини баён қилишда, эътибор қаратилса, икки босқичли жараённи тасвирлайди:

  1. Маънолар жавоҳирини Илоҳдан чексиз ададда сўраш.
  2. Илоҳ насиб этган бу жавоҳирларни инсонларга улашиш.

Шоир гадою бой, шоҳу қул, ишқ ва такаллум аҳлига ўзига насиб этган дурларни ҳадя этишни истар экан, қадрига етмаганларнинг зиддига дуо ҳам ўқийди.

Хулоса қилиш мумкинки, Алишер Навоий марказга қўйган ва қийматини ўта юқори баҳолаган “маънолар” – “маоний” неъмати ҳар бир инсонга қониқиш ва хотиржамлик ҳиссини берадиган, дарду-ғамга даво бўладиган, қайғудан халос этадиган, одамзоднинг икки дунёсини обод қиладиган, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтарадиган манба, куч-қувватдир. “Фарҳод ва Ширин” достони кириш бобида “маънолар” муаммоси муҳокама қилиниши айнан достон моҳияти мазкур қасам асосига қурилишини билдиради. Достон мазмунига суяниб, Илоҳ жамолига етказувчи ишқ Алишер Навоий назарда тутган “ганжи маоний”дир деб айта оламиз.

XI. “Булар борини пайдо айлаган ишқ…”

Алишер Навоий “Фарҳод ва Ширин” достонининг иккинчи боби сарлавҳасида бу достонни шавқ достони деб атаб, достоннинг фиҳристида – мундарижасида Ҳақ отидан туғро борлигини, дебочаси – муқаддимаси Қайюми Мутлақнинг сифатлари билан покланганини айтади. Яъни ушбу маснавий бошидан то охир Илоҳга муҳаббат ва Унинг улуғлигидан иборат эканига ишора этади.

Шоир ўз услубига содиқ равишда бобни аниқ тарҳ – режа асосида ёзган. Ўз фикрини ифодалашда бирламчи ташбиҳ келтиради, бирламчи ташбиҳ таркибида ички ташбиҳлар воситасида фикрини ёрқинроқ баён қилади.

Илк байтда мазкур ёзаётган достонни “рангин саҳфа”, сўнг “дард боғи” деб атаб, уни таърифлашга киришади. Шоирнинг айтишича, бу дард боғининг ҳар лоласида ишқ доғи аён:

Бу рангин саҳфа, балким дард боғи,
Аён ҳар лоласида ишқ доғи.

Демак, масала ойдин – “Фарҳод ва Ширин” маснавийси дард ва ишқ мавзусига бағишланган. Давомда Алишер Навоий боғдаги ҳар бир япроғу ниҳолни ишқ билан алоқадор тушунчаларга боғлаб тасвирлайди. Бунда “дард боғи” – бирламчи ташбиҳ, шу “боғга” алоқадор ташбиҳлар “ички ташбиҳ” ҳисобланади. Шоир ишқ таҳайюр (ҳайрат), таҳассур (ҳасрат), ҳижрон, кўз ёш, ҳажр, оҳ балият (балолар) кабиларни ташбиҳлар билан гавдалантиради: “Дард боғидагиҳар бир гул – таҳайюр олови; ҳар бир сунбул – таҳассур тутуни; қушлар нағмаси – ҳижрон қўшиғи; оқар суви – кўз ёш; шамолига ҳажр самуми ҳамроҳ, бу ҳажр самуми эмас, оҳ шуъласи; гул буталарида дард ғунчаси битади; бу ғунчалар ичидан оташ аланга чиқади; кимки бу балоларга мансуб бўлса, мазкур достон уларга бениҳоя марғубдир.”

Шу ўринда Алишер Навоий бу “саҳва” яратувчи Илоҳ – Холиқни мақташ ва унга тазарруъ қилиш билан бошланганини қайд этади:

Ки бўлди сафҳасининг ибтидоси –
Тазарруъ бирла ул Холиқ саноси.

Сўнг шоир асосий масала – Ишқ мавзусига ўтади, Ишқнинг аҳамиятини ёритади, ишқни дунё ҳаётининг асоси ўлароқ тасвир этади: “Ишқ инсон кўнглини гулшан қилди; бу гулшан ҳарамининг хазинаси – ишқ; махзан эмас, дур ҳам эмас, зулматни ёритган дур каби чироқ!”

Алишер Навоий ишқ ҳусн ўти билан жаҳонни куйдирди деб ҳисоблайди: “Ва лекин ҳусн ўтин айлаб жаҳонсўз…” Ҳусн таърифига киришган шоир ҳуснни “порлоқ чақмоқ, ёрқин қуёш” деб кафолатлайди; ҳусн нури порлаганда барча барча зарралар намоён бўлдт, қуёш – маъшуқ, бошқа ҳамма зарра – ошиқ бўлиб, жағон бозорига ғавғо тушди дейди:

Анинг нури чу партав қилди зоҳир,
Бори заррот бўлдилар мазоҳир.

Қуёш маъшуқу ҳар зот ўлди ошиқ,
Дема ҳар зот, заррот ўлди ошиқ.

Чу пайдо бўлди бу аҳбобу маҳбуб,
Жаҳон бозори ичра тушти ошуб.

Шу тариқа шоир оламни пайдо қилган, зарраларни ўзаро тортишиб, интилишлари сабаби ишқ деб тушунтиради; нима учун маъшуқанинг нози ошиқни куйдиради деб савол берган шоир ошиқнинг ўзи ҳам айни ишқдир, буни фаҳмла, –  деб уқтирган Алишер Навоий оламнинг мояси – асоси, борлиқнинг бошланиши илк нуқта ишқ деган фикрни илгари суради, яна Аллоҳ билгувчидир дейди:

Недин ошиқни ўртар шайни маъшуқ,
Чу ошиқ мунда келди айни маъшуқ.

Икиси балки айни ишқ, фарҳам,
Тугонди борча сўз, Валлоҳу аълам!

Шоир Илоҳни “Наққош моҳир” деб атайди. Унинг фикрича “Наққоши моҳир” – бир, аммо юз хил сурат бирла зоҳир:

Ажаб суратки, бир наққош зоҳир,
Бўлур юз навъ сурат бирла зоҳир.

Яъни Алишер Навоий Илоҳни наққош деб аташ орқали оламни нақш сифатида Наққошни акс эттиради дея ҳисобламоқда. Кейинги байтда бу “сир”ни мен каби ҳеч ким фош этмади деб фахр этади, бу сирдан девона бўлиб, ҳушдан айрилганини баён қилади:

Ўзи нақшу, ўзи манқушу наққош,
Киши бу сирни мендек қилмади фош.

Нетай, асроридин девона бўлдум,
Дедим, чун ҳушдин бегона бўлдум.

Шу ўрингача шоир дард боғи, ишқ, ҳусн, Наққош каби мавзуларга тўхталиб ўтгач, қарашларини аниқлаштириб, Илоҳ оламни ишқ боис яратганини таъкидлаб, Илоҳнинг сифатларини баён қилади, лутфи ва қаҳри ҳақида сўз юритади. Сўз давомида “Фарҳод ва Ширин” достони образларини ташбиҳ ўлароқ келтириб, талмеъ санъатини қўллайди, фикрларини очиқ ифодалайди: “Улуғ Аллоҳ – Ҳайй ва Қодир, барча ақл уни била олмаганига, мудом тан олади. Унинг сифатлари ақлни лол этади, унинг зотини фикр этган ақл ўзини ҳеч нарса эканини тушунади; У зотининг чақмоғини – порлашини ўзининг мазҳари (акси) қилди, бундан ақл жаҳони хашак каби ёниб кул бўлди:

Қилиб чун барқ зотин мазхари қулл,
Жаҳони ақл хошоки бўлуб кул.”

Шундай қилиб, Алишер Навоий Илоҳнинг “шуҳуди”, “вужуди”, “нишони”, “макони”, “қаҳр ўти”, “илм дарёси”, “қазо ҳукми” ҳақида сўз юритиб, суфизм фалсафаси позициясидан туриб фикр қилади: “Илоҳнинг шуҳуди – Илоҳни кўриш ақл идрокидан юқори; вужуди идрокка сиғмайди; нишони бенишонликдан йироқ, макони бемаконликдан чегарасиз; иқтидоси азалдан беҳад ошган, интиҳоси абаддан тошган; қаҳр ўти ором тутмаган пайтда осмон қўрғошин каби эрийди; гоҳо илм дарёси мавжга келса, етти қат ер туби ва тўққиз қават самонинг бирор сири қолмайди; қазо фарҳоди унинг амрига раҳнамо бўлганда фалак беҳистини забун бўлади.”

Шоирнинг Илоҳ сифатлари масаласидаги байтларидан инсон бадани, ақли, кўнгли, ҳикмат тўғрисида сўз юритиб, маҳваш ҳусни, маҳваш ғамзасини ҳам таърифлайди; буларнинг барчаси Илоҳнинг лутфи билан юзага келишини таъкидлаб, қаҳри билан нобуд бўлишини айтади; Яратиш ва йўқ қилиш Илоҳга хослигини баён қилади.

Алишер Навоий қаламига мансуб “Фарҳод ва Ширин” достони иккинчи бобидан шоирнинг олам яратилишида ишқнинг асос деб тушунгани, оламни Илоҳнинг акс деб билганини хулоса қилиш мумкин. Илоҳ борлиқни қамрагани, макони бемаконликдан ҳам чексиз-чегарасиз дер экан, шоир айни шу фикрни илгари сургани ойдинлашади. Алишер Навоий оламнинг яралишига асос зотнинг сирини ўзи очганини даъво қиларкан, масалага мутлақо сўфизм фалсафаси билан ёндашади ва шоир эътиқод масаласида ўта чуқурлашган (ғулувв кетгани) юзага чиқади. Бу достоннинг 3 бобида янада очиқроқ намоён бўлади.

XII. “Гар ортуқ сўз дедим: Астағфируллоҳ”

Алишер Навоий каломига мансуб “Фарҳод ва Ширин” достонидаги учинчи боб муножот мавзусига бағишланган бўлса-да, шоир бошқа асарлардан фарқли ўлароқ қадар масаласида исёнкорона мулоҳаза юритган. Сарлавҳада тўрт масалани ўртага қўйган.

  • Инсон йўқликдан борлиққа келишида унинг ихтиёрига қаралмаслиги, яъни бу ишда одам мутлақо ихтиёрсиз экани;
  • Инсон болиқдан йўқликка кетар экан изтироб ва азобда бўлиб, бу масалада ҳам иложсиз экани;
  • Инсоннинг гуноҳ қилишида ўз иложсизлигини иддао қилиб, гуноҳсизликни даъво қилиши ва айни девоналик экани;
  • Бу девоналикни шариат занжири билан даф этиш лозимлиги.

Бобнинг илк байтида шоир Илоҳга мурожаат қилиб, ўзининг йўқликда бўлган пайтидан сўз очади:

Илоҳий андаким йўқ эрди будум,
Адам уйқусида эрди вужудим.

Шу тариқа шоир ўзининг руҳида дард, жисмини тупроғида гард бўлмагани, вужудида тўрт унсур – ҳаво, олов, тупроқ, сув бирлашмагани, суяклар пайвандланмагани; тани, танидаги бош, бошидан кўз, юз, лаб, сўз, кўнгил пайдо бўлмагани тўғрисида тўхталиб, ўша пайтларда ғаму қайғулардан озод бўлганини айтади. Аммо Илоҳ буларни уйқудан уйғотиб, бир-бирига улаб, ҳаракатга келтирганини маълум қилади:

Борин ул уйқудин уйғотиш оғир,
Йиғибон бир-бирига қоттиғи оғир.

Шоир ўз вужуди танаси йўқ бўлган онда уларни бирор расм – қоида, мақсад-муддао бўлмаганини иддао этиб, уларни Илоҳнинг Ўзи яратиб, яхши-ёмон, бахтли-бахтсизлигини ёзганини баён қилади:

Ўзунг сурдунг рақам, топқач бу нома,
Шақий ёҳуд саид эрконга хома.

Тана тирилгач, яъни унга жон киргач, “туман мин ажз” – ададсиз ожизлик, нотавонлик унга насиб этади. Алишер Навоий сўзда давом этиб, инсоннинг она бачадонидан бошлаб, туғилиб, улғайиб, яшаб, ўлиб, қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб-китобдан ўтиб, жаннат ёки жаҳаннамга ҳукм этилишига қодир бўлган жараёнга назар солади: “Илоҳо, Сени инсонни бачадонда минг ҳикмат ила таомлантириб ва зиндондан машаққату ранжда, зоирликда уни чиқардинг. Сўнг йиғлатиб бешик зиндонига махбус қилдинг. Беш-олти томчи сутга муҳтож қилиб қўйдинг, шу сут бўлса тўқ, йўқ бўлса оч. Оч бўлса очлигини айтишга тили йўқ,ўз ҳолига йиғлашдан бўлак ишга қодир эмас. Қорни тўйгач, бу қувватни қайга сарфлашни билмай ётади. Девона каби еганини ташқарига чиқариб, нопок ётади, дояси ювмаса шундай қолаверади. Унинг нолаю ғавғосига тўсиқ йўқ, авратига сатр – беркитиш ҳам йўқ. Туғилган гўдак неча йил шу аҳволда бўлади, бу машаққатлар қанча таърифласам, шундан ҳам ортиқроқ. Мана шундай ғаройиб ишлар қилиб, гўдакни инсонлар сафига қўшади. Бу ерда ҳам у ихтиёрсиз бўлса-да, бир қанча амрлар бериб, бажаришга буюради. Эгри ёки рост иш экан, инсон Сендан тақдирлаш бўлмаса, қила олармиди?! Ахир, унинг эгрию рост ишлари азалдан тақдир қалами билан ёзилган-ку. Аммо қалам хато ёки тўғри ёзса, бунда унинг айби йўқ, чунки котиб нима тўғри, нима хато – яхши билади. Аммо шундай бўлса-да, қаламнинг боши кесик, юзи қаро. Шундан сўнг инсон ўлгач, унинг гуноҳлари ёзилган номани ҳужжат қиласан ва унинг жисмини дўзах ўтида ёқасан”.

Шу нуқтагача Алишер Навоий гуноҳ ишлар тақдирга битиб қўйилганини айтаркан яна Роббисига мурожаат қилиб, бу сўзимни ҳисобга олмасанг, олам пайдо бўлиш пайтидаги (азал субҳи) лаҳзаларини келтир, “Лавҳи маҳфуз” (олам ишлар ёзилган китоб)ни кўрсат, агар мен қилган гуноҳлар у ерда ёзилмаган бўлса, адлинг – адолатинг билан ҳисоб қил; агар мен қилган гуноҳ “лавҳул маҳфуз”да ёзилган бўлса, демак, у муқаррар содир бўлган, шундай экан, бу бенаволар, гуноҳ қилмай балога қолганларга нима нима дейсан деб исён қилади:

Бу сўзни тутмасанг, ё Раб, мусаллам,
Яна бор турфароқ мундин сўзум ҳам. 

Азал субҳида малҳузунгни келтур,
Ароға “Лавҳи маҳфуз”унгни култур.     

Не қилғон иш гар эрмас анда мактуб,
Неким қилсанг эрур адлингға маҳсуб.

Ва гар ул лавҳ уза бўлса муқаррар,
Азал тақсимидин бўлди муқаррар.

Не дерсен бас бу жамъи бенавоға,
Гуноҳе қилмайин қолғон балоға!

Шундан сўнг шоир тавба қилади.Илоҳга ожизлик изҳор этади, бу ишни жунун – телбалик деб баҳолайди, агар жиннилик бўлмаса, мастлик деб атайди. Ўзига қарата, агар девоналарга ҳисоб-китоб бўлмаса ҳам, бу каби афсоналарни ёзма деб уқтиради:

Қалам сурма бу навъ афсоналарға,
Агарчи йўқ қалам девоналарға.

Шундай қилиб, Алишер Навоий бу фикрлари – исёни учун истиғфор айтиб, Илоҳга қарата мажнунлигимга боқма, мажнунлигимга қараминг ила чора қил, юзимни ишларимнинг қораси сарғайтирди, иноят кўзи билан менга боқ, юзимни қизил қил, номамни оқартир; юзимни лутфинг суви билан покла, сўзим ноғорасининг овозини баланд қил; қўлимга тавфиқ жомини келтир, кўнглимга ҳақиқат йўлини етказ деб илтижо қилади.

Мазкур бобни ўрганиб, хулоса қилиш мумкинки, Алишер Навоий инсон Илоҳга муҳтожлигини, унинг ихтиёрида эканини, Илоҳга итоат билан нажот топишини, ожизлик инсонга хос, ҳукм Илоҳга хослигини таъкидлаб, исёндан наф йўқлигини, фақат тавба ва истиғфор ила Илоҳ лутфига кўз тутилса, айни шундан бўлак ҳақиқат йўли йўқлигини қатъиян ишонч ила исботлаган. Бу Алишер Навоийга хос бир фалсафадир.

XIII. “ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН”

“Султонлиғ эрур санга мусаллам”

Алишер Навоий қаламига мансуб “Лайли ва Мажнун” достонидаги дастлабки боб анъанага содиқ равишда илоҳга мақтов, Илоҳга мурожаат руҳида бўлиб, шоир унда Худонинг қудрати, чексиз адолати, лутфи ва марҳаматини васф этади.

Бобнинг ички тарҳи бир қанча қисмларга бўлинади. Аввалги қисмда “эй” ундови орқали Алишер Навоий Илоҳга қарата Унинг ишларини таъкид этади. Унга кўра Илоҳнинг яхшилиги, санъати олдида одамзод ақли  ожиз, инсоният учун йўқликни боқийликка айлантирган; Илоҳнинг илмига барча ғайб сирри маълум, Илоҳ мавжуд, ундан бўлак ҳар нарса йўқ ҳисобида; Илоҳ ҳуснни дилга ёқадиган қилиб, кўнгилларни асир қилган; Илоҳ ишқ олови билан жаҳонни куйдириб, ишқ ўтининг учқуни билан хонумону, жисму жонларни ўртаган; Илоҳ ҳар сари тажалли қилган, Лайли жаҳонда Илоҳнинг жамолини акс эттирган мазҳардир: Эй ҳар сариким қилиб тажалли//Ул мазҳар ўлуб жаҳонда Лайли; Лайлига бировларни Мажнун қилишни сифат қилиб берган; Илоҳнинг мажнуни ақлдан озод экан, унинг оҳи ақлни барбод қилган экан; ақл Илоҳнинг йўлида ғофил, телба эса бу йўлда оқил.

Айни шу нуқтагача Илоҳни ҳусн ва ишққа, Унинг сиррини англаганлар телба бўлиши ҳақида сўзлаган шоир давомда Худонинг яратувчилик сифатини таърифлашга киришади: “Кўк ер каби Илоҳ олдида паст, чунки Илоҳ еру кўкни ихтиро қилган; Илоҳнинг санъати билан ўзаро зид бўлган тўрт унсур – сув, ҳаво (шамол), олов, тупроқ – мувофиқлашиб кетган; етти қават осмон Илоҳнинг ҳукми билан табақаланган; оламдаги ҳамма нарса – тун ва кун, қуёшдан тортиб барчаси Илоҳнинг талабида, аммо Илоҳни топиш жуда мушкул”:

Бордир талабингға борча мойил,
Лекин Сени топмоқ асру мушкул.

Шоир давом этиб айтадики, Илоҳни ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди, чунки у ҳеч нарсага ўхшамайди; аслидаги ҳар нарса Илоҳдан келган, аммо ўша нарса Илоҳ эмас:

Ҳар нечаки деса, ўхшама сен,
Сендидурур ул, сен ул эмассен.

Алишер Навоий оламдаги ҳар нарса Илоҳдан, аммо Илоҳ уларнинг ўртасида кўринмайди деб билади:

Ҳар не сени деса ройи сойиб,
Ул сендину, Сен орада ғойиб.

Аммо Илоҳнинг ўртада кўринмаслиги унинг ҳар ишида ҳозир бўлишига ҳалал бермайди, Илоҳни кўраман деган нозир (назар солувчи) уни тополмаса-да, унинг ҳар ишида Илоҳ ҳозир деб ҳисоблайди Алишер Навоий:

Ғойибсен ангаки – бўлса нозир,
Нозирға доғи бор ишда ҳозир.

Чунки Илоҳ фалакларни ҳаркатлантириб қўйган, юлдузларга нур ва тафт берган; қишнинг қуёшини ўткир қилган; ёз ёмғири билан ерни енгил қилган; лола қадаҳини тошга уриб, ёмғир гавҳарини бошга сочган; хуллас табиатдаги ҳар бир ходиса Илоҳнинг иродаси ила содир бўлади, аммо еру кўкнинг борлиги ёки йўқлиги Илоҳда ўзгаришни юзага келтирмайди:

Гар бўлса сипеҳру арз бир-бир,
Че Сен эрур. Сенга не тағйир?!

Алишер Навоий инсонлар тақдири фақат Илоҳнинг иродаси билан боғлиқлигини айтар экан, шоҳни гадо, гадони шоҳга айлантириш Илоҳга осонлигини, умри ибодатда, элга дин даъвоси билан ўтган зоҳидни дўзаҳга солиб, ишларидан фосиқ кўринган инсон ёрлақаш Илоҳнинг ҳикмати бўлишини баён қилади. Аммо Илоҳий ҳикматни одамзод била олмайди:

Бу ишта не билсун эл, камоҳий,
Не эркани ҳикмати Илоҳий.

Шундан сўнг шоир икки тоифа инсон: Илоҳнинг берганига рози бўладиган ва рози бўлмайдиганлар ҳақида гапиради. Илоҳнинг иродаси ила “навосоз” – кўнгил орқали, нопок бўлган инсога ризқининг кўпу-кам экани фарқсиз:

Кимни недин айладинг навосоз,
Топқон анга не кўп эрди, не оз.

Топганига қаноат қилмайдиган эса ўз фикрини, ишини Илоҳнинг иродасида эканини билмайди:

Топганга қаноат улки қилмас,
Ўз маслаҳатини Сенга билмас.

Алишер Навоий бандалардан бўладиган ишларини бари “бежиҳат” – хом, калта ўйланган, хато эканини айтиб, Илоҳнинг ишлари эса хайрли, ҳикматли ва энг гўзал ишлигини собит ишонч билан таъкидлайди:

Биздин неки бўлса, бежиҳатдур,
Сендин неки бўлса, маслаҳатдур.

Илоҳнинг “хони карами” – карам, саҳоват хонтахтасидан барча яратиқлар доимо ризқ-насиба ўтинади:

Дойим қилибон савол варзиш,
Хони карамингдин офариниш.

Алишер Навоий бутун оламдаги ҳамма нарса Илоҳга муҳтожлигини эслатади: “Қуёшдан эгнига кадус илган кундуз гадо; қоплон терисини ёпинган тун тиланчи; дарё кафтида кемадан пиёла тутиб талабгор; тоғлар этагини очиб тиланади, чунки ҳамласининг паноҳи ягона Илоҳдир, аммо уларнинг ҳаммаси Илоҳ учун йзлдаги гард кабидир:

Яъни бори узрадур паноҳинг,
Бор  улчаки бор гарди роҳинг.

Шоир бу дунёни ва охиратни – икки оламини Илоҳ мулкидаги икки боғ деб тасбит этади, бу билан Илоҳ мулкининг ақлга сиғмайдиган даражада улканлигига ишора қилади; султонлик эса фақат Илоҳга хослигини айтади:

Мулкунг ики боғи – ики олам,
Султонлиғ санга эрур мусаллам.

Илоҳнинг шонини билмаган ақл доим ғамда: “шонинг билмай хирадға андуҳ”.

Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достонидаги илк бобни ўрганиш асносида шоирнинг Илоҳнинг сифатлари қудрати ҳақидаги эътиқоди ҳақида ёрқинроқ хулоса олиш мумкин. Муаллиф оламни ишқ сабабли яратилган деган фалсафасини қатъий таъкидлаб, Илоҳнинг қудрати ва азаматини, ишларининг ҳикматини инсон ақли англаб етолмаслигига кўпроқ урғу берган; ақлнинг  ожизлиги телбалик – мажнунлик бўлиб, айни Мажнун ишқ билан Илоҳга боғланиш ўзни Унинг йўлига боғлаш мумкин деб ҳисоблайди шоир. Бу эса олам ишқнинг инъикоси ўлароқ яратилган фикрни тасдиқлайди. Мазкур мазмун “Лайли ва Мажнун” достонининг ўзаги ҳамдир.

XIV. “Раҳм айла бу ҳолатимға, ё Раб!”

Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонидаги иккинчи боб сарлавҳасида “пастлик юзасидан” – пастлиги сабабидан даражаси улуғ Илоҳга муножотини эълон қилади. Шоир Илоҳ мақтови қаршисида “ақлли кулл” – тўла ақлнинг тили лол қолди, балки сўзига шикаст етиб, узр айтолмай, узр дейишдан ҳам маъзур бўлди, бу масалада муродсизлик кўчасига қочиб, гадога айланди деб бобнинг мазмунига ишора этади.

Илк байтдаёқ Илоҳга мурожаат қилиб: “Сенинг пок сифатинг ҳақида идрок аҳли “Сен ҳақингда ҳеч нарса била олмадик”дан бўлак сўз айтилмади”, – дейди:

Поко сифатингда аҳли идрок,
Сўз сурмади ғайри «моарафнок».

Давомида шоир Илоҳнинг ҳамди масаласида ожизлигини изоҳлайди: “Сенинг мақтовингни қанчалик айтмай, Сен ундан юз баробардан кўпроқ буюксан. Мен фасиҳ сўзлиман”, – деган зот (Расулуллоҳ Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам) шундай нутқ эгаси эдики, бу мўъжиза олдида олам аҳлининг фасиҳлари ожиз қолди. Аммо ул зот (алайҳисалом) ҳамдини айтиш асносида: “Етарлича айтолмайман, ожизман деб тургач, назмда мен каби уста санъатчи, нима мен?! – мен каби бир миллиони ҳам бу ҳамс биз ҳам ожизмиз деса ярашармиди? Бу билан ўзимизни кимга тенглаштирмоқси бўламиз? Бу беҳаёлик-ку! Шу сабаб ҳамду санойингни айтишда ақлга узр. Бу масалада гунг бўлиш, узр айтмай ҳам лол бўлиш яратади”:

Ҳам гунги мақол бўлмоқ авло,
Бу узрда лол бўлмоқ авло.

Мазкур байт билан Илоҳнинг мақтовидан ожизлигини айтган шоир Илоҳга гадолик, бечораҳоллик баён қилиб, раҳмат ва маърифат сўрашни бошлайди. Ўз жунуни, исёнлари, иймондаги сустлиги, яхшиликдан мосувл бўлиб, ёмонга айлангани, бу ишларда иложсизлигини айтиб, шикоят қилади. Илоҳдан ёрдам сўрайди: “Ё Роббим, эшигингда бошидан то оёғигача гуноҳкор, хатокор бўлган гадоман. Исён ўти билан дунёйим куйди; тутуни билан хонумонимқорайди; расволик оловини жаҳонга солдим, учқунлари осмондан ошди; жунуним ўзини фош этди ва  бошимга тошлар ёдиртирди; мажнунлигимни кўриб, дев ҳам қочди; девоналигим айни мажнунлик, саргашта кезишим эса худди гардун – фалак кабидир; нафсим белимга куфр зуннорини боғлади; мен нотавондан яхшиликлар қочди, ҳолимни ёмон десам, ундан ҳам ёмонроқ. Ахир бу дардимнинг давосини билсам, унга мубтало ҳам бўлмас эдим; менга машаққат, Сенга эса жуда осон; дарду маломатимга боқиб, ҳолига раҳм қил, Роббим!”

Ҳар неча эмас манга бу осон,
Лекин санга бордур асру осон.

Боқ дарду малолатимг-а, Ё раб,
Раҳм айла бу ҳолатимға, Ё раб.

Шу нуқтагача ўз ҳолини баён қилган шоир энди Илоҳдан лутф тилайди, бу ботқоқдан ҳалокат ҳарқобидан қутқаришини, тўғри йўлга киритишини, тили доим шукурда, боши саждада бўлишини, ҳидоятдан айирмаслигини ва иноятини камайтирмаслигини илтижо қилади:

Шукрунгға тилимни қойил айла,
Саждангға бошимпи мойил айла,

Ўксутма ҳидоятингни мендин,
Кам қилма иноятингни мендин.

Алишер Навоий фақат Илоҳнинг ризоси бўлган ишларни сўрайди, Илоҳни хушсиз қилувчи ишларни ўзи учун муроду мақсади деб белгилайди:

Ул иш манга қил муроду мақсуд
Ким, бўлсанг ўзунг ул ишта хушнуд

Бир ишки эмас ризоси сендин,
Эрмас бу қул илтимоси сендин,

Муножотнинг охирги байтларида шоир ужб – ўз-ўзидан ажабланиш туйғусини уйғотадиган ибодатдан, зуҳду тақводан кўра тавба ва истиғфорни етаклаб келадиган гуноҳ ва исённи афзал кўришини айнан шуни Илоҳдан сўрашини маълум қилади:

Ҳар зуҳдки ужб эрур анга зам
Кўнглум ҳарамиға қилма маҳрам.

Ҳар журмки узр эрур анга ёр,
Ул журмни айлагил манга ёр.

Бобнинг кулмитацион нуқтасида охират, дўзах ва жаннат масаласини кўтарган шоир бу икки масканни фарқлолмайди, қаерда бўлмасин, Илоҳдан ўзига йўлдош бўлишини ялинади, рад ишларини Расули акрамнинг (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) шафоатларини тиланади:

Гар учмоғу гар томуғ дурур йўл,
Сен лутф ила анда йўлдошим бўл.

Раддимға қабулни мутиъ эт,
Журмумға расулни шафиъ эт.

Алишер Навоий қаламига мансуб “Лайли ва Мажнун” достонидаги иккинчи бобни ўрганиб, шоир дунёқарашини акс эттирувчи бир қанча муҳим нуқталарни хулоса қилиш мумкин:

  1. Шоир Илоҳни ирода ва қудрат соҳиби деб эътиқод қилади ва унинг сифатларини тўлиқ билишдан барча инсонлар ожизлигини эътироф қилади.
  2. Алишер Навоий Илоҳнинг сифатлари ҳақида сўз юритиб, ақл ишлатишдан қайтаради; балки Илоҳнинг азамати олдида бош эгиб, унга тавба қилишга даъват қилади.
  3. Алишер Навоий қадар Илоҳдан бўлиб, унга розилик келтиришини уқтиради; аммо бу масалада осийлик қилмай, итоат ила Илоҳнинг лутфидан умид қилади.
  4. Алишер Навоий ибодат Илоҳга самимий ва холис бўлиши шартларини қатъиян таъкидлаб, инсонлар кўрсин деб ёки ўзи ўзидан ҳайратлантирадиган, нафсни семиртирадиган “тақво”дан кўра афсусу надомат, тавба ва истиғфор айттирадиган гуноҳни сўраш орқали чинакам иймонна сифатлайди.
  5. Алишер Навоий дунёдаги ҳар қандай имтихон азоби қийноқлардан, роҳату фароғат, кайфу сафодан Илоҳнинг ризолиги, Илоҳнинг лутфи, Илоҳнинг яхши кўриш муҳимлигини таъкидлайди. Буни Илоҳ йўлдош бўлса, дўзах ҳам унга азоб бермаслигини, Илоҳнинг жамоли бўлмаса, жаннат ҳам ҳузурли бўлмаслигини ифодалаган (Бор учмоғу, гар томуғдурур йўл//Сен лутф ила анда йўлдошим бўл) байтда мужассам.

XV. “САБЪАИ САЙЁР”

“Сен – Сену, Сендин ўзга ҳеч нима йўқ”

Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр”достонидаги илк боб Илоҳ қудратининг васфига бағишланган ва етти рақамига кўпроқ урғу қаратилган бўлиб, вужуднинг ягоналиги ҳақидаги фалсафа илгари сурилган. Шоир Илоҳга қарата Сенинг мақтовингда одамзод тили лол, ахир, одамга тилни, тилга сўзни ўзинг бергансан деган байт билан сўз бошлайди:

Эй сипосинг демакда эл тили лол,
Элга тил сендин ўлди тилга мақол.

Давомда Алишер Навоий Илоҳ инсонга жасадни, жасад ичидаги кўнгилни, кўнгилдаги ақлни ато этганки, инсон миясини пинҳон “коргоҳ” – ишхона қилганини таъкидлайди: “Кўкнинг сайр этиши, ернинг сокинлиги; Баҳромнинг (уруш тимсоли бўлган сайёра – Марс) тундлиги, Зуҳранинг (мусиқа тимсоли бўлган сайёра – Венера) чанг чалиб дилга ором бериши – ҳаммаси Илоҳдан; Илоҳ дунёни яратди, юлдузлар билан самони безатди; етти қават осмонда етти сайёра Илоҳнинг ҳикматидан афсунли сўзлар – афсона айтади; етти фалак фалак эмас, нур сочувчи юлдузлар дур билан тўла етти лаган; буларнинг ҳар бири ўзига хос; Илоҳ ерни ҳам етти иқлимга бўлиб тақсимлаган; хуллас – бутун олам бетўхтов ҳаракатда, ҳаммасининг манбаси – Якка Илоҳдир”.

Шу қисмгача оламдаги табиий ҳодисаларни Илоҳ қудратининг намоён бўлиши деб  тасвирлаган шоир Одамнинг яратилиши ҳақида сўз очиб, уни бор қилган Илоҳ йўқ қилишини ҳам айтади:

Йўқ эди одамики бор эттинг,
Кишилик бирла эътибор эттинг.

Йўқ ҳам этсанг ани-ўқ этгунгдур,
Бор қилғунгдуру йўқ этгунгдур.

Мазкур байтдан сўнг Илоҳнинг йўқ нарсани бор қилиб, бор қилгач, яна йўқликка маҳкум этиши ҳайратланарли туюлиб, ақлга сиғмайди; ақли бор тушунадики, бу масалада ақл ишлатишга ҳад берилмади деб таъкидлайди шоир:

Адам эрканда айламак мавжуд,
Бўлса мавжуд қилмоғинг нобуд.

Не учун эрконнн киши билмас,
Киши ҳар неки ҳақ иши билмас. 

Ақлға гарчи бесабаб кўрунуб,
Ясабон бўзмоғи ажаб кўрунуб. 

Лек чун ақл росткеш эрмас,
Иш анга бир далил беш эрмас. 

Бу иш ўлмоқ қабул ё рад анга,
Ақли бўлғон билурки йўқ ҳад анга.

Алишер Навоий ақлнинг бу ишда ожиз экани Илоҳнинг  қазоси – ҳукм қилинган ва амалга ошиши шубҳасиз бўлган амрдир деб ҳисоблайди:

Чун кўруб ақл ройи мухталифи,
Кўзини кўр этиб қазо алифи.

(Ақлнинг кўзини қазо “алиф”и кўр қилгани учун ақл раъйига бу ихтилофли кўринади.)

Шундай қилиб, шоир Илоҳнинг нури зоҳир бўлиши билан оламдаги жамиийки нарса йўқлик зулматидан қутулди – либос вужудини кийди деб давом этади: “Бориси кетдилар либоси вужуд…

Илоҳнинг нури зуҳур бўлгач, йўқлик туни юз минглаб сарвлар бўстонини зоҳир қилди; лолалар, гуллар вужудига ранг кирди; шу нурда наргис гули кўз очди; рухсор боғи ҳам яралди.

Алишер Навоий шундан кейин “Боғи рухсор” – рухсор, чеҳра боғининг яралишини тасвирлайди. “Боғи рухсор” шоир аввалги достонларда тасвирлаган ҳусн, жамолнинг айнан ўзидир. Ишқ маъшуқанинг жамолини, ҳуснини кўргач, ошиқ юрагида уйғонадиган бир туйғу. Шоир ана шунга таяниб, “ҳусн” масаласини концепция даражасига кўтарган, ҳуснни Илоҳий жамолнинг акси деб билган Алишер Навоий уни маҳорат ва айрича меҳр билан тасвир этади: “Илоҳ нуридан рухсор боғи сабзаи ҳатт топди, у ҳаттга дона билан нуқта тушти”:

Боғи рухсори топти сабзаи ҳатт,
Донаи бирла ул ҳатт ичра нуқат.

Бу ўринда шоир ёш қиз лаблари устидаги майин тукни (сабзаи ҳатт) ва ундаги холни (дона//нуқат) назарда тутмоқда.

Сабзанинг атрофида баҳор насими эсиб, суман ва сунбул тун ва тонгни очди:

Сабза атрофида насими баҳор,
Суману сунбул очти лайлу наҳор.

Шоир юзни тонгга қиёслаб, сочни (сунбул) тунга (лайл) ўхшатиб, баҳор насими эсиб, юздаги сочни кўтариб тун бағридаги тонгни очди демоқда.

Шу тариқа ҳуснни таърифлаган шоир гул ҳуснига булбулнинг ошиқ бўлиб, фиғон тортгани ва жаҳонда ишқ пайдо бўлганини айтади:

Ул қилиб жилва бу бўлуб шайдо,
Ишқ бўлди жаҳон аро пайдо.

Алишер Навоийнинг фикрича, гулга жилва қилиб, булбулни куйдирмоқни гулга буюрган ҳам, ошиқнинг жонига олов солган ҳам ишқ:

Ҳам анга ўртамак буюрғон ишқ,
Ҳам мунунг жониға ўт урғон ишқ.

Шоир “Вужуднинг ягоналиги” – “Ваҳдати вужуд” фалсафаси асосида фикрлар экан, аснода булбул ва гул шунчаки баҳона, асл мақсад сенсан, ишқ ҳам, ошиқ ҳам, маъшуқ ҳам Сенсан деб Илоҳга мурожаат қилади:

Ишқ сенсен, доғию ошиқсен,
Яна маъшуқликка лойиқсен.  

Шоир: “Зот жилваси ўзини кўргании кўзгу тилади, унинг ҳусни ҳар дам ҳар хил суратларда кўринди, кўзгунинг такрорига ҳам зарурат туғилади; Илоҳнинг ҳусни ҳар замон коинотда жилва қилди; у мазҳар либосига яширди; ўз жамолининг  зуҳурига овуниб, ўзини дарднок этиб, ўз ҳуснига ўзини ҳалок қилди; оламдаги нарсалар ҳусн чақмоғи чаққанда ёниб кул бўлди, бу кул фано шамолига соврилиб ғойиб бўлди; фақат Сен қолдинг, Сендан бўлак ҳеч нарса йўқ, агар нимадир кўринса, ўша Сенсан, у нарса аслида йўқ нарсадир”, – деб ваҳдати вужуд фалсафасининг назариясини баён қилган. Байтлардан кўриниб турганидек, олам, одам, ҳусн, ишқ – ҳаммаси Вужуднинг яккалигига далолат қилади: олам Илоҳнинг кўзгуси; ошиқ ва маъшуқни ўзаро маҳбуб қилган, бутун оламдаги нарсаларнинг, зарраларнинг ўзаро тортишиб, бирлашмоғи сабаби – ишқ; олам Илоҳнинг Якка Вужудининг исботи; олам аслида йўқ нарса, биргина Илоҳнинг вужуди бор деб эътиқод қилган Алишер Навоий.

Хулоса қилиб айтганда, “Сабъаи сайёр”нинг илк боби Алишер Навоийнинг “ваҳдати вужуд” фалсафасига эътиқод қилгани, айни шу асосда фикрлагани, дунёқарашининг фундаменти ушбу таълимот экани ҳақида маълимот беради. Бу достоннинг ўзак ғояси бўлиб, муножот руҳидаги иккинчи бобда янада равшанроқ ифода топган.

XVI. “Мен демоқлик не беҳаёлиқдур”

“Сабъаи Сайёр” достонидаги 2-бобнинг мавзуси муножот бўлиб, Алишер Навоий мазкур ўринда ҳам Илоҳнинг ягона вужуд, ундан бўлак вужуд йўқлиги ҳақидаги фалсафасини илгари сурган. Сарлавҳада Илоҳнинг Борлиқни йўқдан бор қилиш сифатини келтирган; асосан икки масалага урғу қаратган:

  • Илоҳнинг ўзи айни вужуд, ундан бўлак ҳамма нарса нобуд, ҳатто мавжуд ҳам эмас;
  • Нобудлар гуноҳига Илоҳнинг раҳмат денгизи олдида қандай қилиб вужуд бўлади?! Бевужудларнинг хатоси Илоҳнинг вужуд дарёси олдида мавжуд бўла оладими?

Дастлабки байтдан бошлаб шоир: “Илоҳнинг худоларнинг худоси; худолик масаласида унинг монанди йўқ, ҳарқанча гумону тахмин билан унинг азаматини билиб бўлмайди; нимани улуғ десанг, Илоҳ ундан улуғроқдир; Илоҳнинг жабарути – улканлиги олдида қуёш зарра каби кўзга кўринмай қолади; оламга ўз байроғини тикканда байроқнинг матоси лавҳул маҳфуз, устуни эса қалам бўлди; лавҳингга ҳеч кимга маълум бўлмаган сирлар битилган; Сен даҳр халқининг халлоқи – Яратувчи Илоҳисан”, – деб Илоҳнинг қудрати, оламни яратгани, лавҳул маҳфузга олам тақдирини ёзгани ҳақидаги масалаларни тилга олган. Хусусан, Алишер Навоий ёзади:

Неки махлуқ ичига қотилғон,
Сен яратғон, алар яротилғон.

Буларни баён этгач, шоир Илоҳга қарата жамики маҳлуқ, бутун инсоният фақат Сенга ибодат қилади дея бу фикрини қуйидагича исботлашга киришади:

Кимниким, бут қошида паст айлаб,
Сажда қилмоққа   бутпараст   айлаб. 

Бериб ўз ҳуснунга бут ичра зуҳур,
Айлаб ул ҳусн ила ани мағрур.

Яъни: “Бут ичра ҳуснунгни зоҳир қилдинг, бу ҳусндан Бут мағрур бўлди; кимни бутга сажда қилдириб, бутпараст қилган бўлсанг, сабаби шудир”.

Ҳар кишиким қуёшқа обид ўлуб,
Анга ҳар субҳу шом сожид ўлуб. 

Ҳам сенинг талъатинг зиёсинда,
Заррадек чарх уруб ҳавосинда.

Яъни: “Қуёшга ибодат қилиб, тонгу шомда сажда қилаётган ҳар киши Сенинг юзунг  порлаши зиёсида заррадек чарх урмоқда, аслида”.

Шуълаларға солиб юзунг чу укус,
Куйдуруб ўзни ўт қошинда маъжус.

Яъни: “Шуълаларга юзунг тафт (ёруғлик) бергани учун маъжусий (оташпараст) ўзини ўтда куйдиради”.

Мазҳари ҳусн чун қилиб гулни,
Ўртабон шуъласиға булбулни.

Яъни: “Гулни ҳуснингга мазҳар (кўзгу) қилганинг учун булбуллар унинг шуъласида ўртанади”.

Шамъ ўтиға куярда парвона,
Ҳам сенинг ишқинг ичра девона.

Яъни: “Парвона шам ўтида куяр экан, аслида сенинг ишқингда девонадир”.

Шундай қилиб, Алишер Навоий бутпараст ҳам бутга сиғинар экан, бут ичра Сенинг ҳуснингни кўради; оташпараст қуёшга, оловга сиғиниб, сенинг нурингни кўради; булбулнинг гулга, парвонанинг ўтга талпинишига ҳам Сенинг ишқинг сабабдир – Сен ибодат қилинувчи  маъбуд, ошиқларга эса мақсудсан деб хулоса ясайди:

Ҳам ибодат элиға сен маъбуд,
Ҳам таашшуқ элиға сен мақсуд

Шоир оламдаги ҳар бир нарсанинг сувратида Илоҳнинг жилва қилиб турганига ишонади, хатто, суврат ҳам Илоҳнинг бир кўриниши деб билади:

Ҳар сувар ичра жилвагар ҳам сен,
Жилвагар демайин сувар ҳам сен.

Алишер Навоийнинг фикрича, бу ҳолатларнинг ҳаммаси ягона Илоҳга далолат қилади ва одамзод буни тушунганда “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейди:

То не етгай ангаки ўзга илоҳ,
Эл дегай; Ло илоҳа иллаллоҳ.

Шу қисмгача Илоҳнинг яккалигини, Унинг вужуди ягоналигини, ҳамма нарса шу ҳақиқатни тасдиқлашини сўзлаб келган шоир Илоҳга муножот бошлаб, гуноҳларига иқрор бўлиб, нажот сўрашга ўтади; ўзининг Илоҳ тақдири олдида ожиз ва нотавон эканини баён қилади:

Қодиро, ул заифи осиймен
Ки, бошимдин-аёқ маосиймен. 

Улки, сендек бошимда холиқдур,
Мен демоклик, не беҳаёлиқдур.

“Эй қодир зот! Шундай заиф исёнкорманки, бошимдан оёғимгача исёнга ботганман. Бошимда Сендек Холиқ Зот бор-ку, мен ўзимни кўрсатишим қандай ҳам беҳаёликдир!”

Шундан сўнг Алишер Навоий ўзининг паст тупроқ бўлса ҳам гуноҳга киришганда осмонга айланишини; тоат қилиш лозим бўлганда чумолидай ожизу, исён маҳали шерга айланишини; кўнгли нимжон пашшаю, нафси фил эканини; фил эзиб ташлайман деса, чумоли чорасиз қолишини айтиб, бу ожизлиги Илоҳнинг иродасига боғлиқ бўлиб, бу масалада гуноҳим борми деб, савол қўяди; нафси амморага асир бўлишини Илоҳдан келган тақдир-ку, деб иддао қилади:

Мени гар ожиз этти феъли табаҳ,
Хостинг бу эди манга не гунаҳ. 

Нафси аммораға гар ўлдум асир,
Мен нетай гар будур санга тақдир.

Шу тариқа Алишер Навоий ўзининг эгрилигини; Илоҳнинг хоҳишига юклайди; ўзини тўғирлай олмаслигини; яхшилик ва ёмонликда ўзининг мутлақо ихтиёрсизлигини; Илоҳ уни ёмон қилгач бу амрни рад этолмаслигини айтади:

Менинг эгрилигим эса санга хост,
Мен   не   янглиғ ўзумни  айлай   рост. 

Не гузар яхшилиққа бор манга,
Не ёмонлиқда ихтиёр манга. 

Сен ёмон айласанг мени не ҳад,
Айламак сендин ўлғон амрни рад.

Бу билан шоир Илоҳнинг тақдирига тўла таслим бўлганини эълон қилади, Илоҳдан яхшилик ўтинади:

Яхшилиқ қилки, нотавонинг мен,
Ёмон ўлсам, сенинг ёмонинг мен. 

Бу ёмонингға кўргузуб эҳсон,
Яхши қилмоқ эрур санга осон.

Алишер Навоий Илоҳга мурожаат қилиб: “Сенга уни қил, буни қил дейиш менинг ҳаддим эмас, Сен нимадан рози бўлсанг, шуни қил”, – деб итоаткорлик изҳор этади:

Манга не ҳад демак сангаки, не қил,
Неки бўлғай санга ризо ани қил.

Шундан сўнг шоир астойдил илтижо қилиб, Илоҳнинг раҳматининг кенглигини васф этиб, ўзининг гуноҳи Унинг раҳмати олдида ҳеч нарса эмаслигини, шу сабаб гуноҳларнинг кечиришини ёзган ушбу достони – “Сабъаи сайёр” оламга машғур бўлиб, инсонлар маъқул кўришларини; жони жисмини тарк этганда лутф кўрсатишни ва қиёмат куни пайғамбар Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам)нинг шафоати насиб этишини сўрайди.

“Сабъаи сайёр” достонининг иккинчи боби асосида хулоса қилиб айтиш мумкинки, Алишер Навоий ваҳдати вужуд масаласига чуқур ёндашиб (ғулувв кетиб), зоҳирий мазмунда барча динлар ягона Илоҳга етаклайди, ҳар сувратда Илоҳнинг жилваси, бир қирраси  мавжуд деган ғояни илгари сурган. Шоир тақдир масаласида жамики ишларни Илоҳ иродасига, хоҳишига боғлайди, ҳеч бир иш Илоҳ хоҳишидан ташқарида содир бўлмайди деб эътиқод қилган. Шунингдек, Илоҳ розилигини улуғ билиб, Ундан ризолик ўтинади, ёзажак асарларини машҳур ва мақбул бўлишини ҳам сўрайди.