Акмал Саидов. Вильям Шекспир ва 57 номзод

http://n.ziyouz.com/images/shekspiir.jpg

Вильям Шекспир вафот этганидан бир қанча муддат ўтгандан сўнг бошланган, “у ҳақиқатан ҳам буюк ижод намуналарининг муаллифими?” деган баҳс-мунозара ҳозиргача давом этиб келяпти. Бу ҳақда қанчадан-қанча кутубхоналарга жой бўладиган адабиётлар нашр этилган. Мазкур жумбоқни ҳал этиш мақсадида ҳатто махсус жамиятлар ташкил этилган. Умуман, жаҳон адабиёти олтин хазинасидан ўрин олган нодир трагедия ва драмалар, бетакрор сонетлар, бошқа шоҳ асарлар муаллифлиги нима учун шубҳа остига олинган?

Шекспир ҳаёти ва ижоди хусусида мана тўрт юз йилдан ортиқ турли, кўп ҳолларда бир-бирига зид фикрлар билдирилиши унинг асарлари қанчалик маш-ҳур бўлса, ўзи ҳақидаги маълумотлар шунчалик кам сақланиб қолганлиги билан изоҳланади.

В. Шекспирнинг муаллифлиги муаммоси жаҳон адабиётининг энг буюк саргузашт қиссаси ҳисобланиши сабабли шекспиршуносларнинг ушбу муаммони ҳал этишга ҳуқуқшуносларни жалб этишга ҳаракат қилаётганликлари тушунарлидир. Чунки ҳуқуқшуносларгина бундай текширишларни амалга оширишда ўз фаолиятларида фойдаланадиган услублар – ҳодиса иштирокчиларининг гувоҳликлари, бу ишга тааллуқли турли ҳужжатлар, ашёвий далиллар, экспертлар хулосалари ва ҳоказоларни самарали қўллай оладилар.

Бироқ ҳуқуқшуносларга зарур бўлган В. Шекспир таржимаи ҳолига оид маълумотлар жуда кам, қўлёзмалар ва улардаги бармоқ излари сақланиб қолмаган. Шунинг учун бу жумбоқни ҳал этишда машҳур шекспиршунослар А. Аникст[1] ҳамда америкалик Самуэль Шенбаум[2] асарларига, шунингдек, эълон қилинган бошқа бир қатор маълумотларга таянишга тўғри келади. Гап шундаки, В. Шекспирнинг бирорта пьесаси қўлёзмаси, унинг ўзи томонидан ёзилган бирорта хат сақланиб қолмаган. Буюк инглиз драматурги ва шоирининг бир қатор юридик ҳужжатлар остига қўйган имзолари ҳам шуб-ҳа уйғотган. Бу айримлар учун В. Шекспир саводсиз бўлган, шунинг учун ҳужжатлар остига унинг ўрнига нотариуси имзо қўйган деб даъво қилишлари учун асос бўлган. Ҳатто В. Шекспир вафот этишидан бир неча кун аввал битилган васиятномадаги исми-шарифи аввалги ҳужжатлардагидан фарқлироқ (Willim ShackspeareWilliam Shakespeare) қайд этилганлиги ҳам кўплаб гумонлар туғдирган.

Яна бир “айб”: В. Шекспирнинг вафоти Стратфордда, айниқса бу шаҳар ташқарисида, деярли сезилмаган, “умуммиллий мотам”га айланиб кетмаган эмиш. Бунга унинг вафоти тўғрисида, ўша вақтда одат бўлганидек, бирорта элегия ёзилмаганини исбот сифатида келтиришган. Аммо Англияда биринчи босма газета 1621 йилда чиқа бошлагани, Лондонда артистлик фаолиятини тугатиб, Стратфордга қайтиб келиб вафот этган, оддий бир одам бўлган драматургнинг бутун мамлакат миқёсида шов-шувларга сабаб бўлиши мумкин эмаслиги эса негадир ҳисобга олинмайди.

Қироллик театри артисти бўлган В. Шекспир шу ном остида нашр этилган асарлар муаллифи эканлиги, айниқса кўплаб саволлар туғдирган. Хусусан, шахсий кундалик олиб борган артист Аллин Лондон театрларидаги ҳодисаларга доир кўплаб воқеаларни баён қилгани ҳолда бирор марта В. Шекспир номини тилга олмаган. В. Шекспирнинг куёви доктор Холл ҳам ўз кундаликларида қайнотаси машҳур асарлар муаллифлиги хусусида бирор сатр ёзиб қолдирмаган.

Кўпгина тадқиқотчилар В. Шекспир асарларини таҳлил этар эканлар, бу пьесаларнинг муаллифи антик адабиёт, Рим ва инглиз ҳуқуқи, жуғрофия, кўпгина чет тилларни жуда яхши билиши, фақат тажрибали сиёсий арбобларга хос бўлган давлат бошқарувининг энг мураккаб масалаларидан муфассал хабардор бўлиши кераклигини таъкидлаганлар, бундан театр артисти бу ва бош-қа кўпгина соҳаларда шу қадар билимдон бўлиши мумкин эмас деган хулоса чиқарганлар.

В. Шекспирни саводсизликда айблашгача бориб етганлар у нуфузли оила фарзанди эканлигини, шу сабабли Стратфорддаги грамматика мактабида ҳар тарафлама чуқур билим олганлигини назар-писанд қилмайдилар. У бу мактабда университетни тугаллаган ўқитувчилардан (В.Шекспирнинг асосий ўқитувчиси, санъат бўйича магистр Томас Женкиснинг номи сақланиб қолган) лотин, ҳатто кўҳна юнон тиллари, нотиқлик санъати, тарих ва адабиётдан сабоқ олган. Грамматика мактаби ўқувчилари антик давр муаллифларининг асарлари билан танишганлар, ҳатто уларнинг пьесаларини саҳналаштириб, ролларни ўзлари ижро этганлар (бу В.Шекспирнинг ижодида ўз аксини топган).

Бу шубҳаларга жавоб буюк драматург ҳаёти ва ижоди тадқиқотчиларидан Т.Болдуиннинг “Шекспир: бир оз лотинча, янада камроқ юнонча” асарида қайд этилган: “Вильям Шекспир ўз даврида грамматика мактаби берадиган сабоқни олган бўлса ҳам бадиий адабиёт мезонлари билан ўлчанганда замондошларидан биронтасидан қолишмайдиган билимга эга бўлган. Шекспирнинг мумтоз адабиётдан ва унинг бадиий усулларидан бениҳоя хабардорлигини қандайдир мўъжизаларга йўйишга ҳожат йўқ. Стратфорддаги грамматика мактаби фақат талаб қилинган билимларнигина берган. Мўъжизани ҳамма жойдан, лекин фақат бу мактабдан изламаслик керак. Бу худди курраи заминимиздек кўҳна ҳисобланадиган даҳолик мўъжизасидир”, деган фикрларини келтириш кифоя.

Мазкур масалада шуни ҳам эслатиш ўринлики, масалан, буюк рус шоири А.С.Пушкин расмий равишда фақат олти йил Царское селодаги лицейда таълим олган, шунда ҳам давоматда ўқувчиларнинг энг охирги сафида бўлган. Шунга қарамасдан у ҳам шоҳ асарлари билан маълуму машҳур. Аммо ҳеч ким “Евгений Онегин”ни А.С.Пушкин ёзганлигини шубҳа остига олмаган.

Шу билан бирга эмишки, В.Шекспирнинг Қирол саройининг ташқи нигоҳлардан яширин турмуш тарзини бу доирага мансуб бўлмасдан шу қадар аниқ, ҳаётий, бутун икир-чикирлари билан тасвирлашига ишониш қийин. Айни пайтда адибнинг кўпчилик асарларида тасвирланган воқеалар Италияда рўй бериши, аммо Шекспир бутун ҳаёти давомида бу заминга бирор марта қадам қўймаганлиги ҳам рўкач қилиниб, яна мазкур асарларнинг “ҳақиқий муаллиф” ким деган савол кўндаланг қўйилган.

Аммо “даъвогарлар” нега ўша даврда Англияда турли соҳаларга тааллуқли “кварто” лар (бир босма варақнинг саккиздан бир қисми катталигида, бир жилди атиги бир неча пенс турган китоблар) кўплаб нашр қилинганлигини эътиборга олишмайди? Вильям Шекспир ёшлик йилларидаёқ бу арзон китобларни , хусусан “Венера ва Адонис”, “рим тарихига доир “Лукреция”ни жуда қунт билан мутолаа қилган.

Пьесалардаги давлат арбобларининг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ масалаларга келганда В. Шекспирнинг бундан яхши хабардор бўлганлигига ажабланишга ҳожат йўқ. Чунки у Қирол театрининг аристи эди, саройда кўрсатилган тамошаларда қатнашиб, бу ердаги муҳитдан яхши хабардор бўлган. Жумладан, 1603 йилда адабий тўгарак соҳибаси бўлган графиня Мэри Сидни-Пэмбрук ўз ўғлига мактубида уни театр ихлосманди Қирол Яков I ни ўзининг Уилтон Хаусдаги оилавий қўрғонида кўрсатиладиган В.Шекспирнинг “Бу сизга қандай ёқади?” пьесаси тамошасига келишга кўндиришни сўраган. Мактуб охирида графиня “We have the man Shakespeare wits us” (“Биз билан эркак Шекспир бор”)[3] жумласини қўшимча қилгани аслида бундай шубҳаларга ўрин қолдирмаслиги керак эди.

Бундай тушунмовчиликларнинг изоҳи осон: В. Шекспирнинг “Шекспир эмаслиги” – ўша давр хусусиятларини ҳисобга олмасликдан келиб чиқадиган хатодир.

Бу ўринда шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, В. Шекспир ўзининг шоҳ асарларини оммабоп халқ театри учун ёзган. Театр номини олган биринчи бино (тахта ва фанерадан вақтинча фойдаланиш мақсадида олти, саккиз бурчакли шаклда енгил-елпи қурилган) 1578 йилда Англиянинг Бишопсгейт шаҳрида қурилган. В. Шекспир актёрлик қилган “Глобус” театри 1599 йили барпо этилган. Ўша даврда театр санъати иккинчи даражали ҳисобланган, бошқа енгилтак, кўнгилочар тамошалар қаторида кўрилган. Театр бинолари труппа артистлари томонидан ижарага олинар, улар саҳнасида пьесалар намойиш қилиш билан бирга, дорбозлар, масхарабозлар, айиқ, маймун ўйнатувчилар ҳам ўз тамошаларини кўрсатган. Зодагонлар театрларни ахлоқсизлик ўчоғи, ҳатто ўлатлар тарқалишига сабаб бўладиган жой деб ҳисоблаганлар.

Труппа артистлари Қирол саройларига тамоша кўрсатиш учун таклиф этилсалар ҳам драма юксак санъат сифатида кўрилмаган. Фақат кўҳна Рим драматурглари Сенека, Теренций ва Плавт ҳурматда бўлган. В. Шекспир даврида театрлар учун пьесалар ёзадиган драматурглар зодагонлар доирасида менсилмаган.

Шу сабабли В. Шекспир пьесаларининг биринчи нашрлари унинг сонетларидан сўнг чоп этилиб, бу китобларда муаллиф исми шарифи келтирилмаган. Бу, умуман, ўша давр учун одатий ҳисобланган. У замонларда муаллифлик ҳуқуқи деган тушунчанинг ўзи бўлмаган. Драматург пьесасини театрга сотганидан сўнг асар эгаси ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Пьеса театр мулкига айланиб, у саҳнада неча марта ижро этилмасин, муаллифга бир чақа ҳам тўланмаган. Масалан, 1619 йилда лондонлик икки ношир В. Шекспир баъзи пьесаларини чоп этишмоқчи бўлганларида, Қироллик театрлари бунга қатъий эътироз билдириб, труппа мулки ҳисобланган бу асарларни улар рухсатисиз нашр этишни тақиқлаш тўғрисида махсус қарор қабул қилинишига муваффақ бўлганлар.

Бироқ буюк инглиз драматургининг суратлари, ҳатто қабрига ўрнатилган ҳайкал ҳам савол остига олинган. Унинг ҳайкалидаги сиймо кўриниши у вафот этгандан сўнг етти йил ўтгач, 1623 йилда чоп этилган биринчи асарлар тўпламидаги суратга унчалик ўхшамаган. Бу каби ноаниқликлар ҳатто Байрон ва Диккенс каби машҳур адибларда ҳам шубҳа туғдирган, улар “Шекспир масаласининг “ сири” очилиши керак” деган фикр билдирганлар[4].

Биринчи бўлиб ўша давр театрлари саҳналарида қўйилган машҳур пьесаларнинг муаллифи ҳақиқатдан ҳам Вильям Шекспирми деган саволни Жеймс Уилмот қўйган. У ушбу асарларнинг ҳақиқий муаллифи Фрэнсис Бэкон деган тахминни илгари сурган[5]. Ж. Уилмотнинг бу шубҳалари чоп этилмаган. Аммо 1848 йилда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ҳуқуқшунос бўлиб ишлаган полковник Жозеф Харт “Яхтада сайр қилиш тўғрисида роман” китобида Дионисий Ларднернинг “Хона қомуси” асарида В. Шекспир ҳаёти ва ижодига тааллуқли бўҳтонларга таянган ҳолда гўё у бошқа муаллифларнинг пьесаларини хуфиёна сотиб олиб ёки бошқа йўл билан қўлга киритиб, сўнг уларга айрим қўпол ўзгартишлар киритгани ҳолда театрларда саҳналаштириш учун ўз номидан тақдим этган деб даъво қилган. 1856 йилда эса яна бир АҚШлик Делия Бэкон “Шекспир пъесалариниг очилган фалсафаси” китобида В. Шекспир асарларининг ҳақиқий муаллифи файласуф олим Фрэнсис Бэкон деб очиқдан-очиқ кўрсатган[6].

Бундай кўплаб даъволар билан чиққанлар ҳаракати “аксилстратфордчилар” (яъни, В. Шекспир стратфордлик машҳур адиб эканлиги тарафдорларига қаршилар) номини олган 1885 йилда Англияда Ф. Бэкон жамиятига асос солиниб, у томонидан ҳатто журнал нашр этишга киришилган. 1892 йилда эса худди шундай жамият АҚШда ҳам ташкил этилган. “Аксилстратфордчилар” сафида Марк Твен ва Зигмунд Фрейд каби ўз замонасининг машҳур кишилари ҳам бўлган.

“Аксилстратфордчилар” Ф. Бэконнинг комедия ва трагедиялар битганлигини аниқ исботлай олмаганларидан сўнг В. Шекспир томонидан ёзилган айрим асарларнинг муаллифи графлар Дерби, Эссекс, Оксфорд, Рэтленд, ҳатто қиролича Елизавета бўлганлигини даъво қилишган.

Умуман олганда, В. Шекспир ижодий меросининг ҳақиқий муаллифлари сифатида тилга олинган номзодларнинг сони 57 тага етган. Бундай далилларга келганда антиқа асослар келтирилган. Масалан, граф Оксфорднинг сурати Эшборн шаҳридан топилган В. Шекспир расмига ўхшаш. Шу сабабли машҳур шеър ва пьесалар унинг қаламига мансуб?!

В. Шекспир қатор асарларининг ҳақиқий муаллифи Кристофер Марло эканлиги, айниқса, ҳақиқатга яқинроқ деб ҳисобланган. Чунки у ўша даврда кўпчилик эътиборига тушган, “Тамерлан”, “Фауст” ва бошқа машҳур пьесаларнинг муаллифи бўлган. В.Шекспир пьесаларида К.Марло тақдирига ишоралар мавжудлиги ҳам бунга асос сифатида келтирилган. В.Шекспирнинг аслида Томас Уолсингемга бағишланган сонетида бағишлов “W.H.”га деб кўрсатилгани (Уолсингем фамилияси ҳақиқатан ҳам баъзан чизиқча орқали “Walsing-Ham деб ёзилган) ҳам шубҳа туғдирган. Аммо К. Марло 1593 йил 30 майда ҳалок бўлганлиги, В.Шекспир эса шу санадан кейин ҳам қанчадан-қанча асарлар ёзганлиги негадир эътиборга олинмаган.

Д.Э. Суит 1956 йилда нашр этилган “Шекспир (сир)” китобида “Ромео ва Жульетта” пьесасида тилга олинган воқеалар “зилзила рўй берганидан 11 йил ўтди” деб кўрсатилгани асосида мазкур асар В. Шекспирники эмас деган хулоса чиқарган. Муаллифнинг даъво қилишича, 1580 йилда Лондонда зилзила бўлган, шунинг учун “Ромео ва Жульетта” 1591 йилда ёзилган бўлиши керак. Ҳолбуки, мазкур асар 1594 йилда битилган. Аммо Д.Э. Суит нима учундир Италияда рўй берган ҳодисалар тўғрисида гап борган пьеса ёзилган вақт нимага Лондонда бўлиб ўтган зилзила санасига асосланиши керак деган саволга мантиқий жавоб беришни ортиқча ҳисоблаган.

В. Шекспирнинг машҳур асарларининг ҳақиқий муаллифи Қиролича Елизавета деган ғояни ҳам илгари сурган ҳам ана шу Д.Э. Суитдир. Унинг фикрлашича, машҳур пьесаларда баён этилган мураккаб сиёсий, ҳуқуқий, фалсафий масалаларни қаламга олишга фақат Қиролича Елизаветадек ҳар томонлама билимдон, дунёқараши кенг, ўта истеъдодли шахс қодир бўлиши мумкин экан. Бундан ташқари Д.Э. Суитнинг кўрсатишича, В. Шекспир асарларидаги воқеалар бевосита Қиролича Елизавета ҳаёти билан боғлиқ эмиш. Яъни у севган граф Лейстер Қироличани алдаб юрган, В. Шекспир асарларининг қаҳрамонлари “Ҳамлет”, “Отелло” ва бошқалар образлари ҳам Қиролича саройи аъёнлари ҳаёти асосида яратилган экан.

Д.Э. Суит ўз шубҳаларини асослаш учун В. Шекспирнинг Қиролича Елизавета вафоти муносабати билан элегия ёзмаганлигини ҳам келтирган. У, умуман, Қиролича вафот этган 1603 йилдан сўнг машҳур инглиз драматурги трагедиялар ўрнига кўпроқ романтик руҳдаги пьесалар битганини ҳам рўкач қилган. Энг қизиғи шундаки, бу номзодларнинг кўпчилиги умри даврида бирор сатр шеър битганлиги ёки театр санъатига бироз қизиқиш билдирганликлари маълум эмас.

Муаллифи В. Шекспир деб кўрсатилган асарларни ҳақиқатан ҳам стратфордлик В. Шекспир ёзганлигининг исботлари кўп. Масалан В. Шекспирнинг васиятномасида унинг 1623 йилда нашр этилган биринчи фолиоси (бир босма варақнинг тўртдан бир катталигида бўлган китоб) нашр этилишига бевосита алоқадор дўстлари Жон Хеминг ва Генри Кондел номлари қайд этилган. В. Шекс-пирнинг Стратфорддаги ҳайкалида лотин тилида битилган матнда у кўҳна даврнинг буюк арбобларига тенглаштирилган, инглиз тилида ёзилган матнда эса у бевосита ёзувчи эканлиги кўрсатилган.

В. Шекспир чаласавод артист бўлган деган даъволарга жавобан унинг таржимаи ҳолига доир қизиқ бир мисолни келтириш мумкин. 1592 йилда Лондонда вабо тарқалиши оқибатида театр ёпилганидан кейин ишсиз қолган В. Шекс-пир иш топган . У машҳур файласуф Ф. Бэконнинг котиби бўлиб ишлаган. Ф. Бэкон В. Шекспирга ўзининг эсселари(“тажрибалари”)ни таҳлил этиш ҳамда граф Эссекс учун нутқ матнларини ёзишни ишониб топширган. Шундай экан “В. Шекспир пьесларини ёзганми?” дейиш ўрнига эҳтимол “В. Шекспир Ф. Бэкон эсселарининг муаллифими?” дейиш ўринли бўлар?!

Шуни айтиш керакки В. Шекспирнинг тахминан тўрт йил (1592-1596) давомида ўз даври қонунларининг билимдони бўлган Ф. Бэкон билан ҳамкорлиги унинг юристпруденцияга доир билимларининг чуқурлиги сабабини ойдинлаштиради.

В. Шекспир ўз асарларининг муаллифлигини исботловчи асосий далил – у ҳаётлик пайтида қатор асарлари, биринчи навбатда 1593 ва 1594 йилларда иккита поэмаси, пьесалари, сонетлари чоп этилганидир. Бу “ашёвий далиллар” сақланиб қолган. Британия кутубхонаси (аввалги Британия музейи кутубхонаси) 2004 йилда Интернетда В. Шекспир асарларининг ҳаётлиги пайтида чоп этилган 21 та нашрнинг 93 та электрон нусхасини жойлаштирди. Улар “кварто” (бир босма варақнинг тўртдан бири катталигида) арзон турувчи нашрлар бўлиб, улар театр томошаси тугагандан сўнг сотилган. Бу асарлар орасида тарихий хроникалар, “Бекордан-бекор тўполон”, “Ёз кечасининг туши”, “Винзориялик ҳазилкашлар”, “Венеция савдогари” комедиялари, “Ромео ва Жульетта”, “Қирол Лир”, “Ҳамлет” ва “Отелло” трагедиялари бор эди.

В. Шекспир асарларининг қўлёзмалари сақланиб қолмаганлиги ҳам унинг ўз асарлари муаллифи эканлигига шубҳа туғдирмаслиги керак. Чунки унинг давридаги бошқа кўпгина драматурглар қўлёзмалари ҳам сақланиб қолмаган. Масалан, машҳур ёзувчи М. Булгаков ўзининг “Жаноб де Мольер ҳаёти” китобида ўкинч билан “унинг барча қўлёзма ва мактублари вақт ўтиши билан сеҳрли тарзда йўқолиб кетган” деб қайд қилган.

В.Шекспирнинг ҳаёти ва ижодини жиддий равишда ўрганишга киришилган XVIII аср бошларида Николас Роу оламшумул инглиз драматурги ижодини жаҳон адабиёти тарихида биринчи ўринга қўйган. У В. Шекспирнинг барча таржимаи ҳоллари негизини ташкил этган ҳаёт йўли ҳақида кейинчалик ҳикоя қилиб берган, шунингдек, асарлар тўпламини нашр этган.

Буюк ижодкор асарларини ҳар тарафлама чуқур тадқиқ этган Эдмунд Мэлон, Жеймс Холиуэл-Филипс, Эдмунд Чемберс ва бошқалар ҳам унинг муаллифлигига заррача шубҳа қилмаганлар.

В. Шекспирнинг сўз бойлиги, кишини ҳайратга солади. Тадқиқотчиларнинг ҳисоблаб чиқишларича, у асарларида 20-29 минг атрофида сўз ишлатган. Файласуф Ф. Бэкон ўз ғояларин баён этиши учун эса 8-10 минг сўз кифоя қилган. Бугунги кунда зиёли тўрт минг сўз ишлатса, оддий одам учун бир мингта сўз етарлидир. “Аксилстратфордчилар” В. Шекспир ўзининг ҳамма асарларининг муаллифи бўлса у ўта ўқимишли бўлиб чиқмайдими, деган саволни ўртага қўядилар.

Аммо бу даъво ўринсиз эканлигини қуйидагича исботлаш мумкин:

биринчидан, В. Шекспир ўз пъесаларига асос қилиб кўпгина муаллифлар асарларидан, беҳисоб манбалардан фойдаланган;

иккинчидан, унинг ҳам, муаллифлари бўлган шекспиршунослар В. Шекспир илк ижодига мансуб асарлари “Ричард II”, “Ричард III” ва бошқаларга Кристофер Марлонинг таъсири бўлган ёки бу пьесаларнинг ёзишда иштирок этган К. Марлонинг 1592 йилда саҳналаштирилган “Генрих VI” ва 1594 йилда ёзилган “Тит Андроник” пьесалари ҳаммуаллифи деб ҳам ҳисоблашади. Бу асарларни қайтадан ишлаш учун 1593 йилда ҳалок бўлган К. Марлонинг ижозати талаб этилмаганлиги тушунарлидир. В. Шекспирнинг бошқа ҳаммуаллифлари ҳам бўлганлиги эҳтимолдан холи эмас.

Бу ўринда ўта сермаҳсул бўлган А. Дюмани мисол қилиб келтириш мумкин. Унинг учун “адабий мардикорлар” тер тўкишган, моҳир адиб эса бу хом матнларни шундай таҳлил этганки, хира сатрлар “ярақлаб ва жилваланиб” кетган. Бироқ ҳеч ким А. Дюма бу асарларнинг муаллифлигига шубҳа қилмайди. Ўрни келганда шуни айтиш керакки А. Дюма ҳам мактабда кўп йил ўқимаган (эҳтимол, бошланғич 2-3 йиллик таълим олган).

В. Шекспир ўз асарларини ўзи ёзганлиги ҳатто компьютер техникаси ёрдамида таҳлил қилиб чиқилган. Компьютерли лингвистик таҳлил В. Шекспирнинг барча асарлари бир муаллиф томонидан битилганлигини исботлади. Бу ниҳоятда муҳимдир. Чунки бу В. Шекспирнинг барча пьесалари бир инсон томонидан таҳлил этилганлигини англатади. Бу В. Шекспирнинг ўзи эканлигига шубҳа қилмаса бўлади;

учинчидан, пьесалар матнларини ўзгартиришга “Фолио-1623”[7] нашрининг ҳомийлари катта ҳисса қўшганлар. Зодагонлар адабий тўгарагининг аъзолари графиня Мэри Сидни-Пембрук (эҳтимол унинг ўғиллари граф Уильям Пембрук ва граф Филипп Монтгомери), Бен Жонсон ва бошқалар мазкур нашрдаги матнларни таҳлил этиш, уларга қўшимчалар киритишда иштирок этганликлари тахмин этилади. Бу аввал нашр этилган пьесалар матнлари “Фолио-1623”га киритилган худди шу номдаги пьесалар матнлари билан таққосланганда, уларга жиддий ўзгартиришлар киритилганлиги яққол кўзга ташланади.

Айни пайтда “Фолио-1623” ёки “Буюк Фолио” деб аталган бу нашр тузувчилари камтарлик билан қуйидагиларни қайд этганлар: “Биз фақат пьесаларни тўплаб, марҳум муаллифга хизмат қилдик, холос. Шу тариқа биз унинг етимларига ҳомийликни зиммамизга олдик; биз манфаатга ҳам, шон шуҳратга ҳам интилаётганимиз йўқ, балки ҳаёт йўлида бизга муносиб дўст ва ўртоқ бўлган Шекспир хотирасини сақлаб қолиш истагидамиз”. Ана шу нашрда бу жумлалардан кейин оксфордлик олим Леонард Диггз, IM тахаллусли кимса (тахмин этилишича, драматург Жон Марстон) шоир ва машҳур драматург Бен Жонсон ва шоир Хью Холланднинг мақтов шеърлари чоп этилган. Х. Холланд ўз шеърини шундай якунлаган:

Майли унинг ҳаёти ўз муддатин тугатгандир,

Лек боқийлик – буюк сатрлар қисматидир.

Бу жумбоқлар қанчалик чигал бўлмасин, адабиёт ихлосмандлари учун Вильям Шекспир номи, бебаҳо ижодий мероси буюк қадрият ҳисоблайди. Унинг шоҳ асарлари асрлар оша неча авлод ўқувчилари қалбини сеҳрлаб, ларзага солиб келмоқда. Даҳо адиб қаламига мансуб шеърият, трагедия ва комедиялар, ҳикматлар келгуси авлодлар учун ҳам юксак санъат намунаси вазифасини ўтайвериши шубҳасиздир.

Акмал Саидов, юридик фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 4-сон.

——————–

[1] Аникст А. Шекспир. ЖЗЛ. –М., 1964.

[2] Шенбаум С. Шекспир. Краткая документальная биография. –М.: Прогресс, 1985.

[3] Фридман Г. Об авторстве Уильяма Шекспира / www.proza.ru

[4] Е.Б.Черняк. Пять столетий тайной войны.-М.: Изд-во «Международные отношения», 1985. С.90.

[5] www.lib.ru/SHAKESPEARE/shks_dictionary.txt

[6] The Philosophy of the Plays of Shakpeare Unfolded, 1857 / www.lib.ru/SHAKESPEARE/shks_dictionary.txt

[7] “Фолио” – бир босма варақнинг ярми катталигидаги китоб. В.Шекспирнинг 1623 йилда нашр этилган фолиоси биринчи, деб аталади, 1632, 1663, 1685 йилларда қайта нашр этилган фолиолар, ўз навбатида, иккинчи, учинчи ва тўртинчи фолиолар номларини олган. Аммо иккинчи, учинчи ва тўртинчи фолиолар мустақил нуфузли манбалар ҳисобланмайди. Қаранг:. С.Уэллс. Шекспировская энциклопедия. М.: Радуга, 2002. С.145.