“…Амир Темур бобомиз ҳақида инглиз драматурги Кристофер Марло 1588 йили тарихий пьеса, машҳур немис композитори Георг Гендель 1724 йили опера, америкалик адиб Эдгар По эса 1827 йили шеърий поэма яратган. Ва бундай асарлар бугунги кунда ҳам кўплаб пайдо бўлмоқда… Табиийки, бу асарларнинг барчаси улуғ бобомизнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ кўпгина масалаларга жавоб топишда, уларни тарих ва бугунги замон нуқтаи назаридан ёритишда муҳим ўрин тутади. Уларнинг ҳар бири Соҳибқирон сиймоси ҳақида ўзига хос тасаввур ва тушунча беради”[1].
Ислом Каримов
XVI–XX асрлар оралиғида Ғарб мамлакатларида шавкатли Соҳибқирон Амир Темур сиймоси тасвирланган 60 тадан зиёд турли жанрдаги саҳна асарлари яратилган. Бу асарларнинг номланиши деярли бир хил, сюжет йўналиши ҳам ўзаро ўхшашдир[2]. Ушбу асарлар орқали Ғарб томошабинига, бир томондан, турли қизиқ воқеаларга бой антиқа сюжетлар намойиш этилган бўлса, иккинчи томондан, география, сиёсат ва маданият соҳаларига оид янги ахборотларни тақдим этиш ҳисобига Ғарб кишисининг Шарққа нисбатан муносабати ва дунёқараши шакллантириб борилган.
Ғарб адиблари, драматург ва операнависларининг асарларида, айниқса, Амир Темур қиёфаси ўзига хос тарзда талқин қилинган. Айни чоғда, ғарблик қаламкашлар таянган манбаларда Соҳибқирон шахси турлича, яъни баъзан бир-бирига бутунлай қарама-қарши, баъзан эса ўта чалкаш ифода этилганини айтиб ўтиш керак. Бу, ўз навбатида, адабий-бадиий асарларда ҳам Амир Темур тимсолининг ҳар хил тасвирланишига сабаб бўлган. Бундай ранг-баранглик Соҳибқирон сиймосини ғарблик ижод ва санъат намояндалари турлича идрок этганидан далолат беради.
Ўзбекистонда ҳали яхши таниш бўлмаган мусиқий саҳна асари – Георг Фридрих Генделнинг (1685–1759) “Амир Темур”[3] операси ушбу фикримизнинг яққол тасдиғидир. Бу уч пардали опера Никола Франческо Хаймнинг[4] итальян тилида басталанган либреттоси асосида яратилган. Г.Гендель ўз асарини 1724 йилнинг июль ойида, 20 кун ичида ёзиб тугатган. Опера биринчи маротаба Лондоннинг Қироллик театрида 1724 йил 31 октябрда намойиш этилган.
Хўш, Генделнинг ўзи ким бўлган? Георг Фридрих Гендель (Georg Friedrich Händel) – барокко даврининг машҳур немис ва инглиз бастакори. У Германияда Иоганн Бах ва Доменико Скарлатти билан бир йилда – 1685 йил 23 февралда туғилиб, Италияда, шунингдек, Гамбург, Ганновер, Лондонда таҳсил олган ва фаолият кўрсатган, 1759 йил 14 апрелда Лондонда вафот этган. Гендель 1702 йилда Галле-Виттенберг университетининг юридик факультетига ўқишга кириб, илоҳиёт ва ҳуқуқ фанларини ўрганган. Ҳуқуқшунослик бўйича профессор Христиан Томазий[5] раҳбарлигида таҳсил олган бўлса ҳам, юриспруденцияга унчалик қизиқмаган.
Гендель ҳаёти давомида “Юлий Цезарь”, “Ринальдо” ва шу каби 40 тага яқин опера яратган. 1856 йили Лейпцигда Гендель жамияти тузилган. Гендель жамияти 45 йил давомида композиторнинг юз жилддан ортиқ асарларини нашрдан чиқарган. 1882–1939 йилларда Лондонда ҳам Гендель жамияти фаолият кўрсатган бўлиб, асосан Генделнинг унча машҳур бўлмаган асарлари ижроси билан шуғулланган. 1955 йилда ташкил топган Галл жамиятининг Гендел нашриёти эса Генделнинг тўла асарлар тўпламини чоп этган.
“Амир Темур” операси яратилган ва намойиш этилган саналар Г.Гендель ҳаёти ва фаолиятининг ғоят муҳим даврига тўғри келади. Чунки айни ўша даврда, яъни 1720–1728 йилларда Г.Гендель Англияда Қироллик мусиқа академиясининг директори лавозимида фаолият олиб борган. Бу лавозимга тайинланиши билан Г.Гендель Германияга йўл олган ва Ганновер, Галл, Дрезден, Дюссельдорфдан ўз труппасига санъаткорларни жалб этиш билан шуғулланган.
Шундан сўнг бастакор опера соҳасида жўшқин фаолият бошлаган. Жумладан, қиролга бағишланган “Радамист” номли янги операсини 1720 йил 27 апрелда Хеймаркетда илк бор тақдим этган. Аммо, ўша йилнинг охирида Лондонга италиялик композитор Жованни Бонончинининг келиши ва “Астарта” операсини намойиш этиши Г.Генделнинг ижодий ютуқларига соя солган[6].
Г.Гендель ўз операларини итальянча услубда ёзгани боис Бонончини билан ораларида кескин рақобат юзага келган. Қиролга нисбатан мухолифатда бўлган ва Г.Генделга душманлик кайфияти билан ёндашган аксарият асилзодалар италиялик бастакорни қўллаб-қувватлаган. Г.Генделнинг кейинги опералари, “Юлий Цезарь”ни истисно этганда, муваффақиятсизликка учраган.
Вазиятни ўнглаш учун Г.Гендель ҳатто 1721 йил 5 майда тақдим этилган “Алессандро” номли операсига ўзаро рақиб бўлган итальян қўшиқчилари Фаустино Бордони ва Франческо Куццонини жалб этган. Бизнингча, худди шу кескин ижодий беллашув жараёнлари Г.Генделни зафар ва ғалабалар тимсоли – Амир Темур сиймосига мурожаат этишга туртки берган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
“Амир Темур” операсининг асл манбаси – Агостине Пиовене[7] қаламига мансуб бўлиб, мазкур либретто матни Н.Хайм томонидан қайта ишлаб чиқилган. Опера мусиқаси эса Франческо Гаспарини[8]га тегишлидир. Маълумки, Ф.Гаспарини ижодининг етук палласида, 49 ёшида “Амир Темур” операсини яратган.
Антонио Вивальди[9] 1735 йили ўзининг “Амир Темур” мусиқасини яратишда итальян композитори А.Пиовене либреттосидан фойдаланган. А.Пиовене ҳам ўз асарини ёзишда Пьер Корнелнинг шогирди ва ҳамшаҳри, француз драматурги Жак (баъзан – Никола) Прадон (Jacques Pradon) (1644–1698) томонидан 1676 йилда ёзилган “Амир Темур ёхуд Боязиднинг ўлими”[10] трагедиясидан илҳомланган.
Баъзи манбаларда Г.Гендель инглиз драматурги ва шоири Николас Роунинг “Амир Темур” операсидан ҳам руҳланган бўлиши мумкинлиги қайд этилган[11]. Соҳибқиронга бағишланган саҳна асарлари орасида алоҳида ўрин тутадиган ушбу пьеса машҳурлиги ва аҳамияти нуқтаи назаридан В.Шекспирнинг мумтоз асарлари билан бемалол беллашган. Эътиборли жиҳати шундаки, пьесада Амир Темур образини талқин этишда қаҳрамонлик мавзуси билан бирга яна бир мавзу – бош қаҳрамон билан Астерия (Боязиднинг қизи) ўртасидаги муҳаббат кечинмалари юксак пардаларда тараннум этилган.
Бу мавзуни очиб беришда А.Пиовененинг “Амир Темур” либреттоси (1711) оммабоплиги билан ажралиб турган. Пиовене либреттоси асосига кейинчалик 15 нафар композитор ўз қўшимчаларини киритган ҳолда, жумладан, 1720 йилда – Фортунато Челлери, 1722 йилда – Леонардо Лео, 1728 йилда – Жовани Антонио Нини, 1730 йилда – Николо Порпора, 1735 йилда – Антонио Вивальди, 1754 йилда – Ж.Бернаскони, 1764 йилда – Ж.Сколари ва Петро Гуглиельми, 1773 йилда – Антонио Саккини, 1796 йилда – Фердинандо Пайер, 1818 йилда – Жовани Тадонини, 1824 йилда – Антонио Сапиенца ўзларининг саҳна асарларини намойиш этган.
А.Пиовене либреттосига биринчилардан бўлиб эътибор қаратган композиторлар – Марк Антонио Зиани (1689), Франческо Гаспарини (1717) ва Георг Фридрих Гендель (1724) ҳисобланади. Г.Гендель ўз операси устида иш бошлаш олдидан Антонио Салви[12]нинг итальян тилида басталанган либреттоси асосида яратилган Алессандро Скарлаттининг “Буюк Амир Темур” операси билан ҳам танишган бўлса ажаб эмас. Чунки ушбу либретто ҳам Ж.Прадон пьесасидан олинган бўлиб, Флоренцияда 1706 йили намойиш этилган. Г.Гендель эса ўша йиллари Флоренцияда бўлгани маълум.
Ушбу операнинг дастлабки ижрочилари Италия опера театридаги энг атоқли қўшиқчилар бўлган. Яккахон ижрочи айтадиган қисмларни тенор – Франческо Борозини (Боязид), альт – Антонио Берначчо (Амир Темур), сопрано – Мария Бенти Булгарелли (Астерия), сопрано – Фаульстина Бордони (Ирен) каби машҳур санъаткорлар ижро этган[13]. Табиийки, уларнинг ижро маҳорати ҳам операнинг муваффақият қозонишида муҳим аҳамият касб этган.
1724 йилда Қироллик консерваториясининг олтинчи мавсуми Г.Генделнинг “Амир Темур” операси билан очилган. Театр жамоасининг ижрочилар гуруҳига опера театри юлдузлари Андреа Пакини (Амир Темур), Франциска Куццони (Астерия), Анна Виценза Дотти (Ирен), аввалги таркибдан эса тенор – Франческо Борозини (Боязид) таклиф этилган.
Г.Гендель операсида тараннум этилган мураккаб сюжет чизиғидаги воқеалар музаффар Соҳибқирон Амир Темур ва унга асир тушган Усмонли турклар султони Боязид Йилдирим ўртасида бўлиб ўтади. Воқеалар санаси – 1402 йил, воқеалар кечадиган жой – Анатолиянинг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Бурса шаҳри. Опера французча увертюра[14] ва менуэт[15] билан бошланади.
Ғарбда қарийб 300 йил олдин яратилган ва ўтган даврда Ғарбнинг ўнлаб пойтахтлари театрларида мунтазам намойиш этиб келинаётган бу машҳур операда Амир Темур тимсоли куч-қудратли, имон-эътиқодли, меҳр-оқибатли ва юксак маданиятли буюк шахс сифатида ижобий талқин қилинган.
Акмал Саидов, профессор
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 4-сон
[1] Ислом Каримов. Миллий давлатчилигимиз тарихининг мумтоз намунаси // Темур тузуклари / Таҳрир ҳайъати: Б.Абдуҳалимов ва бошқ., форсча матндан А.Соғуний ва Ҳ.Кароматов тарж. – Т.: “Ўзбекистон”, 2011. 6-бет.
[2] Турсунова Р. Образ Амира Темура в сценических произведениях Запада // San’at, 2006, №2.
[3] George Frideric Handel. Tamerlano / Dramma per musica in tre atti / Libretto: Nicola Francesco Haym (http://music.genebee.msu.ru/Andrej/G.F.Hendel/Tamerlano.htm).
[4] Никола Франческо Хайм (Nicola Francesco Haym, 1678-1729) – Италияда туғилган (асл келиб чиқиши германиялик) машҳур скрипкачи, либреттонавис, опера бастакори, театр бошқарувчиси ва нумизмат (чақа-танга ва медаллар тарихини ўрганувчи). У санъат соҳасида Георг Фридрих Гендель ва Жованни Баттиста Бонончини билан яқин ҳамкорлик қилган, умрининг охирини Англияда ўтказган.
[5] Христиан Томазий (Christian Thomasius, 1655–1728) – германиялик ҳуқуқшунос ва файласуф олим, маърифатпарвар арбоб. У 1687 йили немис тилида ҳуқуқшунослик бўйича маъруза қилган биринчи файласуф ҳисобланади. Христиан Томазий немис фалсафий атамашунослигига асос солган. Шунингдек, у “Ойлик суҳбатлар” номли илк илмий журналнинг асосчиси. Галле-Виттенберг университетини ташкил этишда ҳам иштирок этган.
[6] Romain Rolland. Handel.– 1916.–204 c.
[7] Агостине Пиовене (Agostino Piovene, 1671–1721) – италиялик бастакор, драматург, либреттонавис.
[8] Франческо Гаспарини (Francesco Gasparini, 1668–1727) – италиялик, барокко даврининг машҳур бастакори.
[9] Антонио Лючио Вивальди (Antonio Lucio Vivaldi) – 1678 йил 4 мартда Венецияда туғилган ва 1741 йил 28 июлда, 63 ёшида Венада вафот этган. XVIII асрнинг энг забардаст итальян бастакори, машҳур “Йил фасллари” мусиқий асарининг муаллифи, мусиқашунос олим, скрипкачи, педагог, дирижёр, католик руҳоний. Ўн ёшидан скрипка чалишни ўрганган Вивальди бу йўналишда “ломбард” деб номланган янги ижро усулини кашф этган ва мусиқа тарихида итальян скрипка сози ижрочилигининг ўз давридаги йирик намояндаси сифатида ном қолдирган. Антонио Вивальди ғоят сермаҳсул композитор бўлиб, 90 та опера, 500 та концерт муаллифи ҳисобланади. Меркурий сайёрасидаги кратерлардан бирига ва Италиянинг Сиена институтига Антонио Вивальди номи берилган. Қаранг: Вирджилио Боккарди. Вивальди. – М.: Молодая гвардия, 2007. – С.272.
[10] Jacques Pradon. Tamerlan, ou la Mort de Bajazet, Lyon. 1676. 72 pages.
[11] Турсунова Р. Образ Амира Темура в сценических произведениях Запада // San’at, 2006, №2.
[12] Антонио Сальви (Antonio Salvi, 1664–1724) – Тоскания буюк герцоглигида даргоҳ врачи ва либреттонавис.
[13] Турсунова Р. Образ Амира Темура в сценических произведениях Запада // San’at, 2006, №2.
[14] Увертюра – саҳна асари, кинофильм кабиларнинг бошланиши олдидан ижро этиладиган мусиқали муқаддима; опера увертюраси, операнинг мусиқали муқаддимаси; оркестр учун ёзилган соната шаклидаги мустақил концерт асари.
[15] Менуэт – французча қадимий рақс ва унинг мусиқаси.