Акутагава Рюноске япон адабиётини жаҳонга танитган ижодкор. Бу адиб ижоди ХХ аср жаҳон адабиётининг энг мураккаб, ёрқин ва кабир ҳодисаларидан биридир.
У ўз ижодида япон ва Европа маданиятини уйғунлаштирган. Авлод-аждоди зиёлилардан бўлган (унинг ота-боболари Эдо даврида, 1663 — 1867-йилларда машҳур ёзувчи ва олим бўлишган) оилада дунёга келган Акутагава хитой классик адабиёти, қадимги япон поэзияси ва тасвирий санъати таъсирида ўсди. Шунингдек, у инглиз адабиёти бўйича ҳам йирик мутахассис эди. Акутагава 1916 йили Токио университетининг инглиз адабиёти бўлимини битириб, Камакурада 3 йил инглиз тилидан дарс беради. 1918 йили эса Токиога қайтиб келади ва ўз ҳаётини бутунлай бадиий адабиётга бағишлайди.
Акутагава талабалик йилларидаёқ матбуотда илк ҳикоялари билан қатнашган. Ўша пайтларда у машҳур ёзувчи Нацумэ Сосэки эътиборига тушади ва у билан яқин алоқада бўлади. Нацумэга, айниқса, унинг “Бурун” ҳикояси (1916) жуда маъқул бўлади. “Бу ҳикоя — деб ёзганди Н.Сосэки, — ўта нозик дид ва ҳақиқий юмор билан суғорилган. Унда ортиқча ҳазилларсиз чиндан кулгили воқеа тасвирланган. Шу билан бирга, мавзунинг янгилиги ҳам ҳайратга солади кишини. Ҳикоя композицияси ўта таъсирли ва ажойиб қурилган. Мен ҳайратдаман! Муаллиф яна шундай ҳикоялардан 5-10тасини ёзса, бас, шунда сизлар унга тенг келадиган бошқа моҳир сўз устасини тополмайсиз”. Нацумэнинг бу башорати кейинчалик ўз тасдиғини топди.
Ҳажман ихчам “Ўргимчак тўри” номли ҳикоясида ўта ёвуз, одамларни шафқатсизларча ўлдирган қароқчи Кандатанинг вафотидан сўнг дўзахга тушгани тасвирланади. Дўзах қозонида қайнаб азобланаётган Кандатага юқоридан бир ўргимчак (у тириклигида шу ўргимчакнинг ҳаётини сақлаб қолган эди) ипини ташлайди. У ипга ёпишиб юқорига кўтарила бошлайди, дўзах қозонидан узоқлашиб пастга қараса, дўзахдагилар ўргимчак ипига ёпишиб, унинг орқасидан чиқиб келишаяпти. Ўргимчак ипи ҳаммани кўтаролмайди-ку, дея у ўзидан пастда келаётган одамнинг бошидан тепа бошлайди. Бироқ ип у ушлаб турган жойидан узилиб, уларнинг бари яна дўзах қаърига тушиб кетишади…
Дафъатан бу ҳикояни изоҳлаш қийин. Шу ўринда бобокалонимиз Имом ал-Бухорий ҳадисларидан бири ёдга келади. Унда пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Бир банда жаннат аҳлига мансуб ишларни қилиб юриб, пировардида дўзах аҳлига мансуб ишни қилиб қўйгай ва бир банда дўзах аҳлига мансуб ишни қилиб юриб, пировардида жаннат аҳлига мансуб ишни қилиб қўйгай. Дарҳақиқат, амаллар хотимасига кўра баҳолангайдур!”, деган гаплари келтирилган. Шу мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, ёзувчи бу ҳикоясида инсон характерини, унинг тийнатини синаб кўрувчи фавқулодда бир вазиятини танлаган. Дарҳақиқат, “Мен мавзу танлайман ва уни ҳикоямда ёритишга ҳаракат қиламан, — деган эди Акутагава. — Мавзуни бадиий жиҳатдан таъсирли чиқариш учун менга фавқулодда ҳолатлар зарур. Аммо мен фавқулодда ҳолат ҳақида унинг айни фавқулоддалиги учун ҳикоя қилолмайман. Ушбу қийинчиликдан қутулишнинг бирдан-бир йўли воқеаларни ўтган замонга, қадим-қадим дунёга кўчириш. Тарихий воқеа ҳақида ёзишимга қарамасдан, менда бу воқеага нисбатан тарихчи сифатида қизиқиш йўқ”.
Ҳақиқатан ҳам, Акутагава қайси даврга оид воқеани тасвирлашидан қатъи назар, доимо инсон қалбининг жумбоқли сирларига эътиборни қаратади. У ҳикояларида муамоларни ҳал этиб бермайди. Ўзувчининг асосий мақсади воқеа-ҳодисаларни айнан кўрсатиш. Умуман, воқеа-ҳодисалар Акутагава асарларида бир қолипдаги тайёр нуқтаи назардан туриб тасвирланмаган. У ҳаётнинг нақадар мураккаблигини, инсоннинг битмас-туганмас ички дунёсини, қалб кенглигининг чексиз-чегарасизлигини теран англаган. Адиб ҳаётий саволларга бир маънода ёки бир қолипда жавоб қайтариш доим ҳам ҳақиқатга тўғри келавермаслигини исботлашга ҳаракат қилади. “Тўқайда” номли ҳикоясида у ҳар қандай воқеага бир хил тарзда жавоб қайтариш нотўғрилигини кўрсатиб берган. Ҳикоянинг қисқача мазмуни шундай: судда қароқчи бир эр-хотинни тўқайзорга алдаб олиб бориб, эрини жангда ўлдириб, хотинини тортиб олдим, дейди. Аёл эса қароқчи эримни дарахтга боғлаб қўйиб, номусимга тегди, бунинг гувоҳи бўлгани учун эримни ўзим ўлдирдим, дейди. Арвоҳнинг ўзи келиб бундай шармандаликни кўрганимдан сўнг ор-номусимга чидолмасдан ўзимни-ўзим ўлдирдим, дейди… Хуллас, ҳикояда бир қотилликнинг уч хил талқини берилган ва уларнинг ҳар қайсиси ҳам ҳақиқатга тўғри келади. Ҳар уч талқинда ҳам ўша вазиятдаги ҳолат, характер, ҳаракат мантиқан исботланган. Бу ерда ўқувчи қайси бирига ишонишни билмайди. Ушбу ҳикоя асосида суратга олинган машҳур режиссёр Акиро Курасава филмида ҳам бунга аниқ жавоб топа олмайсиз.
Акутагава инсоннинг ботиний оламини англашга интилади. Агар аксарият япон ёзувчилари ижодининг асосий қисмини инсон ва унинг жамият билан ўзаро муносабатлари ташкил этса, Акутагавани фақат инсон, унинг табиати, айнияти ва ички олами қизиқтирган. Инсон — ким у? Унинг қалб ҳаракатини қандай тушуниш мумкин? Инсон қалбида нималар мангу ва ўзгармас, нималар ўткинчи ёки вақт тақозоси, яшаш тарзи туфайли юзага келган? Инсон характерининг ёруғ ва қоронғи томонлари, эзгулик ва ёвузлик хислатлари асли қаердан пайдо бўлади? Ўзувчи ўз нигоҳини бутунлай инсон руҳияти, психологиясининг ҳали кашф этилмаган томонларига қаратади. Яъни инсон қалбининг кенглигини ўрганади. Акутагава инсоннинг ўзига хос кичик дунё эканини бошқалардан кўра теранроқ англаган. Зеро, инсонни чуқур билгандан сўнггина дунёни, унинг сирларини англаш мумкин. Вақт, замон, яшаш мажбуриятлари инсон характерида у ёки бу тарзда из қолдиради, албатта. Лекин инсонда булардан ташқари яна бир нарса — Тангри томонидан инъом этилган ўзгармас илоҳий бир ҳилқат ҳам мавжуд. Акутагава айнан шу ҳилқатни кашф этиш учун умрини бағишлади. У эски ҳақиқат изидан — ғоятда мураккаб ва машаққатли бўлган ўз-ўзини англаш йўлидан борди.
Акутагавагача бўлган япон адабиётидаги қаҳрамонлар аксарияти одатда жамиятдан четлашган, хилватга чекинган кишилар эди. Лекин шундай бўлишига қарамасдан, уларнинг кўпчилиги жамият ҳаётининг ажралмас қисми сифатида иштирок этарди. Акутагавани эса жамият ва инсон муносабатлари унчалик қизиқтирмаган, у инсонни қандай бўлса шундайлигича ўрганган. Унинг эътиборини замон ва маконнинг ўзаро алоқалари ҳам торта олмайди. Унинг асарларидаги воқеалар силсиласи хоҳ фантастик дунёга, хоҳ ер тагига, хоҳ дўзахга, хоҳ жаннатга боғланишидан қатъи назар, адиб инсон ботинидаги замонга, даврга боғлиқ бўлмаган хусусиятларни излар эди. Шу сабабли, у инсон қалбини синаб кўриш учун кескин сюжетли вазиятларни топади.
Акутагава ижоди аниқ бир изчилликдан холи. Унинг ҳикояларида инсоннинг онги остидаги нарсанинг бир лаҳзада юзага отилиб чиқиши чиройли тасвирланади. Шу ўринда “Дўзах азоби” ҳикоясини таҳлил этишга ҳаракат қилиб кўрайлик. Ҳикоя қаҳрамони рассом Ўсихидэга хўжайини Хорикава дўзах картинасини чизишни буюради. Кўриниши ўта хунук бўлган рассом Ўсихидэнинг ғалати одатлари бор эди. Масалан, у дўзах картинасининг ҳар бир эпизодини шогирдлари устида синаб кўради. Чунончи, бир шогирдини илонга чақтириб, унинг изтиробли ўлимини картинага кўчиради. Хўжайини чизишни буюрган картинанинг марказида ёнаётган аёл танаси тасвирланиши керак эди. Табиий, рассом буни ўз кўзи билан кўрмагунича тасвирлай олмайди. Бу ҳақда у хўжайинига мурожаат қилади. Айёр ва шафқатсиз Хорикава рассомнинг кўзи олдида унинг яккаю ягона қизини ёқишни буюради. Бу билан хўжайин ўжар Ўсихидэнинг ақлини жойига солиб қўйиш ва бир вақтлар унга рад жавобини берган қизидан ҳам ўч олмоқчи эди. Оловда ўз қизининг ёнаётганини кўрган Ўсихидэни ёзувчи шундай тасвирлайди:
“У ўзини билмаган ҳолда каретага ташланмоқчи бўлди, лекин шу пайт, айни тана ёна бошлаганда тик қотиб қолди, қўлларини олдинга чўзганча кўзини узмасдан, ютиб юборгувчи нигоҳла ўша томонга қараб қолди… Ғайритабиий ҳолат юзага келган эди: шу вақтгача гўё дўзах азобини тортиб келган Ёсихидэ, кўкрагига қўлларини чалиштирганча, ҳатто хўжайинининг борлигини ҳам унутган, ажин босган юзида тасвирлаб бўлмас бир ҳаяжон, эсдан оздиргувчи бир ҳайрат муҳрланиб қолган эди. Гўё унинг кўзлари олов гирдобида ёнаётган қизини ҳам кўрмаётгандек эди. Қизил аланганинг гўзаллиги ва унда чирпирак бўлиб ёнаётган аёл танаси унинг қалбини чексиз ҳайратга солган ва бутунлай мафтун этиб қўйган эди”. Ушбу тасвирдан ҳам кўринадики, демак, инсондан ҳам кучлироқ яна нимадир бор экан. Тўғри ҳикоя сўнггида Ёсихидэ “Дўзах азоби” картинасини тугатиб, ўзини осади. Ёзувчи бу ҳикоясида инсон қалбининг энг юқори нуқтага кўтарилган ҳолатини тасвирлайди. Унинг фикрича, инсон инсонийлигини йўқотгандан сўнг қолган барчаси арзимаган нарсага айланади. Лекин бу ерда Акутагава рассомни айбламоқчи эмас. Ёсихидэ нимаики қилган бўлса, ўз ихтиёри билан бажармади. Баъзи бир ҳолатлар борки, у инсон иродасига бўйсунмайди, бу ҳолатни даҳонинг илоҳий илҳоми келган лаҳзага ўхшатиш мумкин. Илҳом гирдобига тушиб қолган, деярли ҳушсиз, номаълум, англаб ва енгиб бўлмайдиган бир куч унинг ўзини, ҳатто бутун борлиқни унутишга мажбур этади. Олий ижодий хилқат — бу кўкнинг иродаси. Ўша хилқат унинг қўлларини ҳаракатлантира бошлайди, бунга қаршилик кўрсатишга эса унинг қурби етмайди. Ушбу хилқатга маҳкум этилган инсон айбдор эмас, уни бу ҳолатда айблаб бўлмайди. “Дўзах азоби” — бу олий хилқат учун тўловдир.
“Бизнинг ўзимизда нимаики бўлса, уни охиригача такомиллаштирмоғимиз керак. Мукаммалликка етишиш ва будда бўлишимиз учун берилган яккаю ягона йўл шундан иборат”, дейди Акутагаванинг ўзи. Дарҳақиқат, инсон ўзидаги барча имкониятларни тўласича намоён этгандан сўнггина ўзининг кичкина “мен”и чегарасидан чиқа олади.
Акбар Нурматов,
Жаҳон тиллари университети докторанти
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 8-сонидан олинди.