Ҳамза ҳаёти ва ижоди билан батафсил танишганимизда бу адиб ва санъаткорнинг мустабид тузум даврида, зулм авжига чиққан бир пайтда шунчалик кўп асарлар ёзиб, адабиёт ва санъатнинг барча тур ҳамда жанрларида муваффақият билан қалам тебратганидан ҳайратга тушамиз. У назмда шеърият намуналари, насрда роман ва қиссалар, драматургияда эса ҳар хил тур ва жанрларга мансуб асарлар яратди. Ҳамза адабиётимиз тарихида биринчи бўлиб композитор сифатида опера либреттосини ёзди. Унга куй басталаб опера ҳолига келтирди. Режиссёрлик фаолияти, актёрлик маҳорати, ўқитувчилик истеъдоди, дарсликлар муаллифи сифатидаги хизматларини назарга олсак, бу ижодкор бутун қиёфаси билан кўз олдимизда яққол намоён бўлади.
Ҳамза асарлари халқимиз қалбидан чуқур жой олган, десак муболаға бўлмайди. Унинг асарлари бадиий жиҳатлари, маънавий кўлами билан халқимизнинг руҳига, дидига яқин. Китобхонлар, томошабинлар адиб қаҳрамонлари билан танишиб, севги-муҳаббатнинг, вафо-садоқатнинг турфа, таъсирчан талқинларидан баҳраманд бўлдилар — онгларини бойитиб, фикр доираларини кенгайтирдилар.
Ҳамза фаолияти орқали биз, аввало, адабиётнинг жамиятдаги ўрнини, вазифасини кенгроқ ва чуқурроқ тушунамиз. Шу маънода унинг бой адабий, маданий мероси келгуси авлодлар учун ҳам маънавиятдан сабоқ бериши шубҳасиздир. Адибнинг ўз даврида халқ ўртасида машҳур бўлиб кетганининг боиси шундаки, у адабиёт ва санъат равнақи учун жон-дили билан курашди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Ҳамза ҳаёт гирдобида яшади, халқнинг дарди, орзулари билан умр кечирди. Шу сабабдан ҳам у мушкул замоннинг жўшқин куйчиси, давр жарчиси сифатида майдонга чиқди.
Ҳамза халқнинг қалбидан отилиб чиққан дардлар, жанговар овозлар, жамият олдинга сурган масалаларни ифодалаб, ижодини бойитди, унинг дил торларига жўровоз бўлди. Юртдошларини, ўқитиш, билим бериш орқали уларнинг онгини уйғотишни ўзининг бурчи деб билди:
Ул ҳақиқат ойнасига сайқал истарсан, ниҳон,
Илм иста, илм иста, истағил зинҳор илм! —
дея ҳайқирди. Илмсиз зулматдан, зулмдан қутилиш мумкин эмас, деб билди. Ҳамза ниятларини амалга ошириш — фуқаролар саводини чиқариш учун ўзини ўтга, чўққа урди. Мактаблар очди, болаларга таълим берди. Турли хил ўқиш китобларини ёзиб, нашр эттирди. Турмушда бахтсиз ҳодисаларга дучор бўлиш, иллатлар гирдобига тушиб қолишнинг сабаби жаҳолат, илмсизликдир, деган хулосага келди, саводсизликка қарши ўт очди.
Ҳамзанинг илмга катта аҳамият берганининг боиси — элни уйғотиш, тараққиётга чақириш эди. “Ухлама кўп, ўзбек эли, асри тараққий вақтида”, “Уйғон Туркистон, уйғониш вақтидир”, деб ёзади шоир.
Қуроллан меҳнатчилар,
Бўлсин дунё сенинг.
Бас энди қуллик кўриб,
Асрлар келганинг!
Ҳамза октябр инқилобидан кўп нарсани кутган эди, озодликка чиқдик, ҳаётимиз фаровон бўлади, деб ўйлаган эди. Шу сабабдан ҳам янги тузумни замон тақозоси билан олқишлади. Унинг аксарият асарларини диққат билан кузатсак, уларнинг замирида ишчилар, деҳқонларнинг ҳаёти, кураши, орзу-истаклари ифода этилганига амин бўламиз.
Санъаткорнинг драматургия соҳасидаги ижоди, маҳорати ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ, деб айта оламиз. У ўз асарлари билан, Ойбек таърифлаганидек, “мисли йўқ драматург”дир. Ҳамза драманинг барча жанрларида ўзига хос намуналар яратиш билан бирга трилогия, тетрологиялар ҳам ёзди. Унинг “Фарғона фожеалари” тўрт серияли драмаси фикримизнинг далилидир. Ўзбек миллий драматургияси тарихида бундай типдаги асарлар яратилмагани ҳам адиб ижодининг қимматини, аҳамиятини оширади. Унинг кўплаб драмалари саҳна юзини кўрди, театрларнинг репертуарларини бойитди.
Хусусан, “Майсаранинг иши” комедияси чет эллардаги театрлар саҳнасида муваффақиятли ўйналди. Бу асар мотивлари асосида композитор Сулаймон Юдаков опера яратиб, томошабинларнинг юксак баҳосига сазовор бўлди. “Майсаранинг иши” комедияси Москва, Санкт-Петербург ҳамда АҚШ, Полша театрларида саҳналаштирилганлиги, шубҳасиз, катта ижодий ютуқ ҳисобланади. Дарвоқе, бу комедия кино экранларини ҳам безагани бежиз эмас.
Ҳамзанинг “Заҳарли ҳаёт” пиесасида шундай лавҳа бор:
“Эшон. Қандоқ халос бўласан?
Марямхоним. Иншоолло, бўламан! Ҳозир бўлмаса ҳам ахийри бир кун бўламан!”.
Ишонч, ғурур, эзгу-умид барқ урган бу сўзлар севгилисидан ажратиб, кекса бир эшонга сотилган Марямхонимнинг мардлиги, жасоратини кўрсатади. Драматург қаҳрамони зулм, жаҳолатга қарши курашади. ХХ асрнинг бошларида ўзбек аёлларининг онги ёришиб, улар орасидан жасур инсонлар етишиб чиққани асарда алоҳида таъкидланади. “Заҳарли ҳаёт” Ҳамзанинг истеъдодли драматург экани, мураккаб адабий турнинг сир-асрорларини пухта эгаллаганидан далолатдир.
Адабиётимиз тарихига назар ташласак, назм минг йиллик тажрибага эгалигини, насрнинг пайдо бўлиши узоқ ўтмишга бориб тақалишини, профессионал драматургия эса ХХ аср тонгида миллий саҳнамизда кўрина бошлаганига гувоҳ бўламиз. Бу қийин жанрни ўзининг “Падаркуш” асари билан Маҳмудхўжа Беҳбудий бошлаб берган бўлса, Ҳамза, Фитрат, Чўлпон унинг мустаҳкам заминини яратдилар. Бу ўринда Ҳамзанинг ижодий, амалий хизматлари диққатга лойиқдир.
“Майсаранинг иши”да сюжетнинг ишланиши, конфликтнинг қурилиши пишиқ-пухта, характерлар тўла маънода кулги, масхара заминида юз беради. Майсаранинг қалби оптимистик кулги билан суғорилган бўлса, Мулладўст табиатан ҳазилкаш, шу билан бирга, заҳарханда масхарага ҳам мойил. Қози, Ҳидоятхонлар эса масхара ботқоғига ботган фирибгарлардир. Асардаги ҳар бир персонажда характерига хос ва мос маънавий юк бор. Шундан келиб чиқиб, улар турли ҳолатларга тушадилар. Драматург кулгидан моҳирлик билан фойдаланиб, ахлоқий бузуқ, ғаламис кимсаларнинг шармандасини чиқаради.
Ҳамза ўз қаҳрамонлари тили билан чуқур умумлашмалар қилади ва “Шармандалик минг ўлимдан ёмон”, деган ғояни характерлар мағзига сингдириб юборади. Шу сабабдан ҳам “Майсаранинг иши” тоомшабинларда жуда катта қизиқиш уйғотади.
Шундай драмалар қаторига “Туҳматчилар жазоси”, “Паранжи сирларидан бир лавҳа”, “Истибдод қурбонлари”, “Ким тўғри”, “Мухторият ва автономия” каби пухта асарларни киритиш мумкин. Бу асарларнинг ҳар бирида халқнинг дарди, орзу-умидлари акс этган.
Чунончи, “Истибдод қурбонлари”да тарихимизнинг энг мушкул, фожиали воқеалари акс эттирилган. 1916-йилги қўзғолон уйғонаётган омманинг кучини кўрсатиш билан бирга, унинг фожиали тақдирини ҳам намоён этган эди. Бу курашга бағишлаб шоирлар, ёзувчилар асарлар ёздилар. Мардикорлик мавзусида кўплаб шеърлар пайдо бўлди, уларда жафокаш элнинг ҳис-туйғулари, изтироблари, истаклари куйланган. Турли хил характерларнинг курашини эса, Ҳамзанинг “Истибдод қурбонлари”да кўрамиз. Ҳамза бу асарида фожиали характерларни яратишда ҳам моҳир санъаткор эканлигини намойиш қила олди.
Энг характерли томони шундаки, Ҳамзанинг драматург сифатидаги юксак маҳорати давр руҳини, замон нафасини, характерлар табиатини қаҳрамонларининг саъй-ҳаракатига, фаолиятларига синдириб юборгани билан изоҳланади. Ижтимоий тараққиётнинг муайян босқичлари, замон мушкулликлари, сир-синоатлари таъсирчан характерлар талқини орқали очиб берилган.
Ҳамза катта адабий мерос қолдирди. Унинг бадиий баркамол шеърлар тўпламлари, етук драмалари, жиддий насрий асарлари, қимматли назарий-эстетик қарашлари бугунги кунда ҳам халқимизга маънавий озиқ бераётир, ҳурриятни кўз қорачиғидек асрашга, илм ва тарбияга даъват этиб келаётир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2009 йил 14-сонидан олинди.