Абдузуҳур Абдуазизов. Тиллардан тилларга

Ҳар бир халқнинг тили ўзига тегишли сўзлар билан бирга бошқа тиллардан ўзлашган сўзларга ҳам эгадир. Лекин биз “ўзлашма сўз” деб атайдиган сўзлар келиб чиқиши — этимологияси жиҳатидан ўз тилимиздаги сўз бўлиб, бошқа тилларга ўзлашган.

Мана, бир мисол. Машҳур тилшунос, герман ва туркий тиллар билимдони В.Д.Аракиннинг (1904 — 1983) ёзишича, рус тилига туркий тиллардан ўтган “достакан” сўзи “Игор жангномаси” асарида қўлланган ва “тостакан/тустуган” шаклида “сув ичиладиган ёғоч идиш”ни ифодалаган. Кейинча бу сўздаги биринчи бўғин -до тушиб қолиб, у “стакан” шаклини олган. Яна бир мисол: шиш — “пуфак” сўзи туркий тилларнинг аксариятида мавжуд. Лекин XIV асрдан бошлаб бу сўз рус тилида “ҳеч нима, ҳеч нарса” маъносида “шиш получишь” иборасида қўлланиб келинмоқда.

Рус тилидаги кўпгина сўзлар туркий тиллардан ўзлашган. Мисол: казна — туркий “ғазна”, арабча “хазина”дан олинган. М.Фасмер тузган рус тилининг этимологик луғатида бу сўз туркча xazna, қрим-татар тилида хазна, деб берилган. Казначей – казначы/казнацы – “ғазначи” ҳам шу сўз асосида яратилган. Ёки рус тилида баш (“бош”) сўзи “бошқа” шаклида ҳам қўлланади. Шу сўз асосида “бошма бош” – “баш на баш” сўз бирикмаси ясалган. Славян тилларида, хусусан, рус тилида сургуч (“сўрғич” сўзидан), очаг (“ўчоқ” сўзидан), таз (“тос” сўзидан), инжир (“анжир” сўзидан), изюм (“узум” сўзидан), чалма (“салла” сўзидан), каурдак (“қовурдоқ” сўзидан), куржун (“хуржун” сўзидан), шаровар (“шарвар” сўзидан), камыш (“қамиш”сўзидан), кирпич (“ғишт” сўзидан) каби юзлаб сўзлар қўлланиб келмоқда.

А.В.Миртов тузган “Донской словарь”да дон казаклари шеваларида қўлланадиган туркизмлардан каймак (“қаймоқ”), чиганок (“чиғаноқ”), малик (“хўжайин”), кавун (қовун), балик (“балиқ”; бу сўздан балычник – балиқчи сўзи ясалган), курган (“қалъа”) кабилар кўрсатилган.

Е.Н. Шипова тузган “Словарь тюркизмов в русском языке” китобига беш мингга яқин сўз киритилган. Бу луғатда чак-чак, кайф, кинжал, колбаса, курага каби сўзлар ўзбек тилидан ўзлашган, деб кўрсатилган. “Курага” сўзи ўзбек тилидан рус тилига ўзлашгани Н.М.Шанский ва бошқалар тузган “Этимологический словарь русского языка” китобида ҳам тасдиқланган.

Ярлик — “ярлыг” шаклида қадимий уйғур ёдгорликларида учрайди, деб кўрсатади С.Е.Малов. Бу сўз қадимги мўғул тилида “джарлик”, ҳозирги мўғул тилида “зарлык” шаклларида учрайди ва рус тилида кўп қўлланади. Баскак сўзининг ўзаги “бас” деб таъкидлайди машҳур немис тилшуноси Г.Дёрфер. “Бас” асосига -гак (как) аффикси қўшилган. “Баскак” сўзини М.Фасмер ўз луғатида чиғатойча муҳрдор (муҳр босувчи) маъносида қўлланишини ёзган. Машҳур туркийшунос олим Н.А.Баскаков ўзининг исм-шарифи туркий сўздан олинганини фахрланиб айтарди.

Орда, ўрда — “хон тўхтайдиган жой”, “сарой” маъносини ифодалайди. Бу сўз рус тилидан ташқари мўғул тилида “орд (он)” ва бурят тилида “ордон” шаклларида учрайди.

Алый – “ола”, каурый/коурый — “қўнғир” сўзлари асосида ҳосил бўлган ва улар рус ҳамда бошқа славян тилларида фаол қўлланиб келмоқда. Биҳи/беҳи аслида bigh ўзагидан ҳосил бўлиб, эрамиздан аввалги IV — VI асрларда скиф ва сарматлар томонидан қўлланган. Кейинча “б” товуши “p”га ўтган, pigy шаклида туркий тилларида қўлланган ва форс тилида pihi — беҳига айланган.

Атоқли ўзбек тилшуноси профессор Аюб Ғуломовнинг мероси қизиқарли ғоя ва маълумотларга жуда бойдир. Унинг “Ўзбек тилида —мон аффикси” номли мақоласида -мон ўзбек адабий тилида махсус сўз ясовчи аффикс экани кўрсатилган. Турк тилшуноси Б.Аталай шу аффикс ҳақидаги асарида унинг қадимда “одам” маъносидаги мустақил сўз бўлгани ва у “манжур (манджур)” сўзи таркибида борлиги, инглиз тилидаги man (men — кўплик шакли) — одам сўзининг бунга алоқаси борлигини ёзган.

Бу фикрдан хабардор бўлган профессор Аюб Ғуломов шундай саволни ўртага ташлаган: “Бу фикрнинг Н.Я.Маррнинг айрим асарларида учрайдиган фантастик характердаги этимологик ёритишларга жуда ҳам яқинлиги сезилиб туради: туркий -ман аффикси билан инглизча “man” сўзининг генетик алоқаси борлигига ишониб бўлармикин?”.

Таниқли ўзбек тилшуноси профессор Жамолиддин Бўронов “Қадимий инглиз тилида -man ярим суффикси” мавзусидаги номзодлик диссертациясида “man” сўзи бошқа сўзлар таркибида ўз мустақил маъносини бироз йўқотиб, одам ва одамларнинг жинсини, касбини кўрсатувчи ярим суффиксга айланган, деб ёзади: human (одам), woman/women (аёллар), salesman (эркак сотувчи), saleswoman (аёл сотувчи), fisherman (қассоб) ва ҳоказо. Жаҳон тилларида мустақил сўзлар аффиксларга айланишига оид мисоллар кўп.

Профессор Аюб Ғуломов юқоридаги саволида академик Н.Я.Маррнинг барча тиллардаги сўзлар тўрт элементдан юзага келган, деган фантастик фаразини назарда тутган. Албатта, бу нотўғри ва ноилмий фикр. Лекин ҳозирги даврда жаҳондаги барча тилларни олтита оилага бирлаштирувчи ва уларни бир-бирига алоқадор ҳисобловчи тилшунослик назарияси тахминича man/men мон шаклида ҳинд-европа тилларидан, хусусан, форс, тожик, дари, пушту тиллари орқали герман тилларидан туркий тилларга ўзлашган бўлиши мумкин.

Абдузуҳур Абдуазизов,

профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 26-сонидан олинди.