Абдурасул Жумақул. Шоирлик – Яратганнинг улкан ҳикмати

Ҳалқимизнинг таниқли шоири Азим Суюн ҳақида ҳали мактаб ўқувчиси бўлган пайтларимдаёқ эшитганман, шеърларини севиб ўқир эдим. Шоирнинг ҳеч кимга ўхшамайдиган ўз овози, ўз сўзи борлигига ҳамиша ҳавас қиламан.
Ҳа, Азим Суюн – ҳақиқий шоир. Она юртимизни, танти ва меҳнаткаш халқимизни, гўзал ва бетакрор табиат, мусаффо осмон, дарёлар, кўллар, шаршараю булоқларга бой ўлкамизнинг ранго-ранг ҳайвонот, ўсимлик дунёсини жондан ортиқ севадиган, наинки севадиган, буларнинг борини табиат академигидай биладиган, табиат жонкуяри, забардаст адибдир. Шуни айтиш жоизки, Азим аканинг бирорта шеърида сунъийлик, ясамалик йўқ. Ҳаммаси табиий, кучли, бари шеърларида дарёлардай жўшқинлик, тоғ кийикларидай гўзаллик, минг йиллик чинорлар янглиғ собитлик мужассам…
90-йилларда ёзилган бир шеърида “Менинг содиқ йўлбош­чим Бўри”, деб ёзади у. Дарҳақиқат, шоир юрагига Ватан табиати шу қадар сингиб кетганки, тоғу-тошлар, чўлу-даштларнинг сеҳри, таровати, дарду-ғамлари деярли ҳар бир асарида акс этади.
Гарчи камина бир адабиётшунос олим ёйинки шеърият ҳақида шарҳлар ёзадиган махсус мутахассис бўлмасам-да, шеърни севиб ўқийдиган оддий ўқувчи сифатида ишонч билан айтаманки, Азим Суюн чинакам халқ суйган шоир, шеърлари эса ёрқин ва ўлмас асарлардан иборат. Бинобарин, Азим Суюн дунё адабиётининг энг кўзга кўринган шоирлари билан ҳам бўйлаша оладиган, ўзбекнинг ўзлигини кўрсата биладиган жўмард ижодкордир!
Шоирнинг “Туронюрт” деб аталган шеъри шундай бошланади:

Менга айтинг чегара нима?
Мустабидлар топган ўйиндир.
Сузиб борар уфқда кема,
Бутундир Туронюрт, бутундир!

Ёки шоир 40 ёшларида битган қуйидаги сатрларини Ватан ҳақида ёзилган энг сара шеълардан десак хато бўлмайди:

Қадим, эрка сойлардан оқиб келар гул иси,
Олма гулининг иси, зардоли гулин иси.
Юлдузларми, ойлардан қалқиб келар гул иси,
Жийда гулининг иси, қароли гулин иси.
Гуллар атрин таратган тоғимсан, Ватан, ўзинг,
Кўнгиллар қулфин очган боғимсан, Ватан, ўзинг!

Тонглар эрта отади, мастона булбул куйи,
Осмон бирам ёйилган, тунлар бирам чарақлар…
Apғумоқларни кўмар буғдойзорларнинг бўйи,
Ўзбек далаларида тилло жавзо ярақлар.
Ризқ-рўзим бутун доим, қароғим, Ватан, ўзинг,
Кўкдаги бир қучоқ ой – чароғим, Ватан, ўзинг!

Ёз чилласи ёндирар, қуриб қолди сойлоқлар,
Дашту саҳролар узра ўралиб учар қуюн.
Қиру адирлар аро сокин мудрар қишлоқлар,
Жирналар, жарликларда қўй-қўзилар олар тин,
Тўрғайи чулдираган қишлоғим, Ватан, ўзинг,
Майли, йўллари тошлоқ, тошлоғим, Ватан, ўзинг!

Ипак мезонлар учар, юрсанг юзга илашар,
Соғинтирди кўп узоқ кузнинг намхуш ҳавоси.
Болалар бир-бирига қилишар янтоқ ҳашар,
Пахта пайкалларида бобоси-ю момоси.
Насибаси ҳалолим – тупроғим, Ватан, ўзинг,
Меҳнатлари жаннатли – оппоғим, Ватан, ўзинг!

Чўққиларни қор босди, кўрдим олис-олисдан,
Юрагим ҳапқиради, қиш эрур севган фаслим.
Қани, сиз, ҳей жўралар, олинг майиз, қанд-қурсдан,
Юксакликлардан кўринг бу Ватан бўйи-бастин!
Дилим, тилим, қўлимда яроғим, Ватан, ўзинг,
Она юрт, ота макон – байроғим, Ватан, ўзинг!

Шундай қайноқ меҳрга тўла сатрлар муаллифи Азим Суюндай шоир ижодига айтинг, меҳр қўймай бўладими?! Бу шеърларни ўқиганда бутун вужудинг яйрайди, завқланасан, ҳайратланасан…
Шоирлик – Яратганнинг улкан ҳикмати. Бу ҳикмат сирини, эҳтимол, шоирнинг ўзи ҳам тўла англамас. Аммо унинг истеъдоди куйлатади. Улуғлар айтганидек, шоирлар бор меҳнат, ҳаракат билан сатрлар битади. Шоирлар борки, улар ёзган битиклар селдай гувиллаб тўлиб-тўлиб келади. Азим Суюн шеърияти кейингиси – баланд чўққилардан, тоғлардан гўё сел бўлиб қуйиладиган қор сувларидай тоза, шаффоф туйғуларга ўхшайди.
Албатта, ўша пайтлар, яъни ўқувчилик пайтларимда, айтайлик, кимдир менга: “Бир кун келиб Азим ака билан бирга ишлаб, шу шоирдан сабоқ оласан” – деганда бу гапга ишонармидим, йўқмидим, билмайман. Аммо ҳеч ким менга бу “башорат”ни айтмаган бўлса-да, тақдирнинг иноя­ти ила Азим ака билан бир муддат бирга меҳнат қилиш бахтига эришганман. Табиийки, шоирнинг содда, ишонувчан, шу билан биргаликда мард, жасоратли муҳаррир бўлганига гувоҳ бўлдим. Шу боис, “Ўзбекистон овози”да ишлаган пайтларимдаги айрим иш фаолиятимга доир воқеаларни жуда кўп эслайман.
Ўшанда Термиз шаҳрида вилоят газетасида ишлардим. 1998 йили Сурхондарё вилояти бўйича мухбир бўлиб ишга ўтиш ниятида “Ўзбекис­тон овози” газетаси таҳририятига келдим. Ўта жиддий, қовоқлари солиқ, салобат ва виқор билан “Хуш, келинг”, дейиши керак бўлган Бош муҳаррир, йўқ, худди мени олдиндан биладиган, таниш одамдай, “Э, келинг Абдурасул, ишлар қалай?”, дея очиқ чеҳра билан қарши олган, сўнг бирдан Сурхон одамлари, тоғлари, дарёлари, таниқли полвонларию, овчиларигача, Сурхондарё тоғларидаги булоқлару, шаршаралар, кўп минг йиллик чинорлару арчазорлар ҳақида сўзлай кетди.
Очиғи, мен булар ҳақида деярли ҳеч нарса билмас эканман. Ҳолатимга қараб Азим ака “Ҳа, майли, сиз яхши-яхши нарсаларни ёзинг, ўткир танқидий-таҳлилий мақолалар ёзиш керак. Лекин, ёзганларингиз холис, адолатли бўлиши керак. Шуни унутманг!” деб қўшиб қўйди.
“Ўзбекистон овози”да вилоят мухбири сифатида ишлай бошладим. Биласизми, қайсики нашрнинг раҳбари жасоратли, мард ва ўткир сўзли инсон бўлса, ўша нашрнинг бахти аслида шу. “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарининг ўрни, обрўси Азим Суюн бош муҳаррир бўлган йиллар ҳеч қандай муболағасиз жуда баланд эди. Шунинг учун ҳам жуда кўп одамлар газета таҳририятига турли масалалар, муаммолар бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилишарди. Айтайлик, бир амалдорнинг ноҳақлик, адолатсизлиги устидан бўладими ёки ноҳақ, сабабсиз ишдан бўшатилганими, ё бўлмасам суд-ҳуқуқ соҳасидаги турли найранглар, қўйингки, буларнинг барига “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталарида ҳазилакам чиқишлар қилинмаган! Ўша йиллардаги газета тахламлари бунга тарихий исбот. Қайсидир донишманд айтган экан: “Газета – миллатни тирилтиради”, деб. Ҳақиқатдан Азим ака бош муҳаррир сифатида бошқа газеталар чоп қилолмаган ўткир фель­етонлар, танқидий-таҳлилий мақолаларни ҳеч иккиланмасдан бериб юборарди.
Бир мақоланинг чоп қилиниши худди кечагидек ёдимда. Биласиз, деҳқон, пахтакорларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш, улар етиштирган ҳосилга яраша пулини тўлаб бериш оғриқли муаммолардан бири бўлган. Хуллас, кўп деҳқонлар, ер эгалари билан суҳбат қуриб, қолаверса, ўзим ҳам бир деҳқоннинг боласи, қишлоқда ўсиб-улғайганлигим сабабли бу мавзу мен учун “Америка очиш”дек янгилик бўлмаса-да, ҳар қалай анча-мунча “нозикроқ” мавзуга қўл ургандим. Яъни, деҳқоннинг ўз пулига ўзи хўжайин эмаслиги тўғрисида “724 вагон” деб номланган мақола ёздим. Ўша кунлари барча вилоят мухбирлари йиғилиши сабаб Тошкентга – таҳририятга келгандик. Йиғилиш тугагач, Азим акага ёзган мақоламни топширдим. У киши шу заҳоти эринмай ўқиб чиқди. Сўнг, “Ў, бу зўр мавзу-ку. Иқтисодиётга тааллуқли экан-а. Банкларга ҳам тегишли жойлари бор экан. Шунинг учун Холмуродни ҳам чақирайлик. У ҳам ўқиб, ўз фикрини айтсин”, деб у кишини хонасига чақиртирди. Очиғи, “фик­рини олайлик”, деб айтаётган киши журналист ёки ўринбосарлар эмас, таҳририят бош ҳисобчиси Холмурод Қодиров эди. Бунга ҳайрон қолдим. Кўнглимдан кечган ўйни уққандек Азим ака тушунтирди: “Холмурод барибир буғолтир, молия соҳасини яхши тушунади. Манови счёт, транш-пранч деган гапларни у яхшироқ билади-да. Ўқитайлик, уям бир бало, ҳамма нарсага ақли етади”.
Орадан 4-5 дақиқа ўтиб Холмурод ака хонада пайдо бўлди. Азим ака мақолани Холмурод акага ўқитиб, айрим фикрларни олган бўлди. Кун кеч бўлаёзган, газетада саҳифалаш ишлари якунланаётган эди. Азим ака масъул котибни чақириб: “Манави мақолани бугунги номерга, 1 саҳифага қўйинглар”, деб топшириқ берди.
Ростини айтсам, шошиб қолдим. Мақола газетанинг биринчи саҳифасига жойлаштирилди. Термизга қайтишим керак эди. Йўлга тушишдан аввал Азим аканинг ҳузурига кириб: “Азим ака, мақолани биринчи бетда бермасангиз” дея илтимос қилдим. Ака менга қаради.
– Нега энди?, – деди баланд овозда.
Мақоланинг сал сиёсийроқ томони бор-да, шунга ички саҳифаларда “яшириброқ” берилса ҳам бўларди, – дедим минғирлаб.
Шунда Азим ака кўрсаткич бармоғини тик қилиб, сўз қотди:
– Йўқ, ҳамма гап биринчи саҳифада беришда! Эълон қилсак, фақат шундай кўрсатиб босишимиз керак!
Бош муҳаррирнинг бундай бағрикенглиги, жасоратли бўлишини тушунган тушунади, тушунмаган тушунмайди!
Орадан пича вақт ўтиб, телефонда гаплашганимда Азим ака: “Абдурасул, анови “Вагон” ҳақидаги мақолангизни ростдан ҳам ички саҳифада берсак бўлар экан, роса бошоғриқ бўляпти-да”, деди.

***

Юқорида айтганимдек, жасоратли ва мард, танти инсон бўлишига қарамай, бош муҳаррир Азим Суюн жуда содда, ишонувчан, кўнгилчан одам. Доим эслаб юрадиган воқеалардан бири “вертолёт воқеаси” бўлган.
Кунларнинг бирида Азим аканинг қабулхонасидан қўнғироқ бўлди.
Сизни бош муҳаррир сўраётганди, дейишди.
Азим аканинг овозида чинакам шоирларга хос кўтаринкилик ва ҳаяжон жўш уриб турарди. Менга:
– Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг энг баланд чўққиси қаерда жойлашган, биласизми? – деди.
Бу ҳақда аниқ маълумотга эга бўлмасам-да, Азим ака мендан бу ҳақда бежиз сўрамаётганини фаҳмлаб, “Сурхондарёда, албатта” дедим. “Тўппа-тўғри!” деди Азим ака хурсанд бўлиб, билар экансиз, яшанг, деди. Сўнгра яна давом этди:
– Ҳа, Ўзбекистоннинг энг баланд нуқтаси Сариосиё тоғларидаги – Хўжапириях чўққиси бўлади. Биз “Ўзбекистон овози”да Ватанимизнинг энг баланд чўққисидан репортаж тайёрлаймиз. Шахсан ўзим бормоқчиман. Шунга сиз келаси ҳафта бир вертолёт гаплашиб қўйсангиз, у тоғларга етиб бориш оддий транспортда қийин кечади!” Сўзлашув ниҳоятда кўтаринки руҳда эди. Мен ҳам: “Хўп бўлади, Азим ака”, деб гўшакни қўйдим. Аммо бироз вақт ўтгач, даъфатан ўйга толдим. “Азим ака, менга вертолёт топиб қўйинг дедими, ё янглиш эшитдимми? Ҳа-я, уловда уч-тўрт кунлик йўл, бориш қийин, вертолёт керак дедилар-ку”.
Тўғриси, ўйланиб қолдим. Энди вертолётни қандай топаман? Ахир бор-йўғи, бир вилоят мухбири бўлсам, машина бўлса-ку бу бошқа гап. Лекин бош муҳаррирга “Хўп дедим, демак бирор йўли бордир”. Эртаси куни вилоят ҳокимиятига бордим. Ўша пайтлари вилоят раҳбари Жўра Норалиев деган киши эди. Жўра аканинг асл касби ўқитувчи бўлиб, анча содда, оддий одам эди.
Хуллас, вилоят ҳокими қабулига кириб, Азим аканинг гапларини жиддий туриб етказдим. Жўра ака мени диққат билан эшитиб, бошини хўп дегандек чайқади. Лекин бир зум ўтгач, ҳоким ҳам ўйланиб қолди.
Вертолёт, вертолёт! Ҳозир!, – дея катта столи четидаги қаторлашиб қўйилган телефонлардан бирини кўтарди.
Менга чегара қўшинлари округ қўмондонини уланг.
Коммутатор шу топда қўмондонни улаб бера олмади. Боя айтганимдек, вилоят ҳокимимиз ҳам содда, дўлварроқ киши эди. Шу боис, масалага жиддий ёндашаётганди.
Сиз бораверинг, мен гаплашиб кўрай, сизга ёрдамчим телефон қилади, – деди.
Раҳмат айтиб раҳбар қабулидан чиқдим. Вертолёт масаласини деярли ҳал қилиб қўйдик. Энди Азим ака Сурхонга келаверса ҳам бўлади…
Эрталаб вилоят ҳокимининг ёрдамчиси мени излаётганини айтишди. Тушундим. Вертолётни қайси кунга “банд” қилиш кераклигини сўрашади. Лекин, минг афсуски, бу масала биз ўйлаганчалик осон иш эмас экан. Вертолёт ажратиш фақат махсус рухсатнома билан бўлар экан. “Азим акага узримни айтиб қўйинг, лекин нечта енгил машина керак бўлса, марҳамат, ҳал қилиб берамиз”, дебди Жўра Норалиев.
Шубҳасизки, бу гапларни бош муҳаррирга айтишим керак эди.
– Азим ака, ҳалиги вертолёт масаласи…
Телефон гўшагидан Азим аканинг гулдираган овози эшитилди.
– Ҳа, кейин ўзим ҳам ўйладим. Бу масалани вилоят миқёсида ҳал қилиш осон эмас деб. Ҳа, майли, балки ўзим бу ерда тегишли жойлар билан гаплашиб кўрарман…
Чиндан ҳафта – ўн кун ўтиб Азим ака Сурхондарёга бир нечта ижодкорлар билан келди. Ростдан ҳам Ўзбекистоннинг энг баланд чўққиси сари йўл олдик. Фақат вертолёт билан эмас, Сариосиё туманигача автоуловда, кейин тоғ йўллари оралаб, “УАЗик”да анча йўл босдик, сўнгра тоғлик одамларнинг от-эшаклари билан Осмонталаш тоғларига чиққанимиз, худди кечагидек кўз олдимда.
Очиғи, Сурхон диёрида вояга етиб, умуман Сурхондарёни билмаслигимни ана шу сафарга чиқиб билганман. Бир неча кунлик тоғ даралари бўйлаб сафаримиз бир-биридан ажойиб, унутилмас воқеаларга бой кечган. Она Ватанимизнинг бетимсол табиати, гўзаллиги мафтун этган. У тоғларда ўсувчи ўнлаб, юзлаб турфа хил ўсимлигу ўт-гиёҳлар, дарахтлар… Уларни мен ўша пайтгача ҳеч қаерда кўрмаган, хатто номларини ҳам эшитмаган, бирор манбада ўқимаган эдим. Масалан, ўзи бироз шўртак, аммо асло нордон эмас, лекин жуда кичкина, ёнғоқдан сал каттароқ келадиган, тишласангиз қарсиллаб кетадиган, ниҳоятда сувли, нафақат ташқи кўриниши, хатто ички тарафи ҳам қизил бўлган олма навини – “Хубони” деб аташаркан. Ғуж-ғуж ҳосилли табиий олмазорлар, неча юз ёшли ёнғоқзорлару пистазорлар, неча минг ёшли арчазорлар қўйнидан юқорига – энг баланд тоғлар сари уч-тўрт кунлаб от-эшакларда чиқиб бордик.
Азим ака бизга бу тоғлар ҳақида, бу ерда ўсадиган минг дардга даво гиёҳлар ҳақида худдики ўрмончилардай маълумот бериб борарди. Ушбу сафар таассуротлари “Ўзбекистон овози”нинг бир неча сонларида чоп қилинган эди.

***

Азим Суюн тоғ фарзанди бўлгани боис, тоғу-даштлар жону дили десак муболаға бўлмайди. У киши нафақат ёзган шеърларида, аслида ҳаётда ҳам чинакам табиат шайдоси. Улуғ шоирларимиздан бири бир пайтлар ҳазил билан катта минбардан туриб Азим ака ҳақида “Ўрмончи шоиримиз” деганида ҳам қандайдир ҳақ эдими деб ўйлайман. Сабаби ўрмонлар, тоғлар, дарахтлар ва умуман тирик табиат устоз шоирнинг ҳаёт мазмунидир. Шу ўринда яна бир воқеа ёдимга тушди.
Сурхон воҳасига қилган сафарларининг бирида Азим аканинг хизмат машинасида тоғли Бойсун туманининг паст-баланд ҳудудларидан ўтиб бораётган эдик. Ёз фасли эди, кун анча дим, бош муҳарриримизнинг ҳайдовчиси эса жуда эпчил йигит бўлиб, тоғ йўлларидан ҳам тахминан 80-90 км. тезликда машинани елдек учириб борарди. Бир пайт Азим ака тўсатдан:
– Э, тўхтат!, – деб ҳайдовчисига буйруқ берди.
Мен нима бўлди экан, деб деярли сапчиб тушдим. Машинага қаттиқ тормоз берилди. 10-15 метр ўтиб тўхтадик. Машинадан тушган Азим ака асфальт йўлнинг нариги тарафига ўтди, 10-15 метр орқага юриб, “Оҳ, буни қаранглар, эссиз, эссиз” дея ўлиб ётган катта бир қушга қараб ачинарди.
Бургут шекилли, машина ойнасига урилган бўлса керак, – деди ҳамроҳларимиздан бири.
Шу пайт Азим аканинг юзига қарадим. Унинг юзида улкан бир фожиага дуч келган одам қиёфаси мужассам эди.
Бу қуш бургут эмас, укки. Кўплар уккини – бойқуш деб ўйлайди. Бу нотўғри. Укки бошқа хил қуш, тўғри бойқушлар оиласига мансуб. Лекин бойқуш эмас. Қадимда, айниқса, Хоразм томонларда маликалар бош кийимларига шу қушнинг патларидан тож қилиб тикишган, раққосаларнинг дўппиларида ҳозир ҳам бўлади-ку…
Йўлда кетаётиб Азим аканинг анча синчков, эътиборли одам эканлигини ҳис қилиб борардим. Биз аҳамият бермаган тошни ёриб униб чиққан ёлғиз дарахтними, ё йўл четидаги бирор ҳайкалними ё бўлмасам, кичик бўлса-да, сизиб чиқаётган тоғ бағридаги булоқчани дейсизми, буларнинг барини биринчи бўлиб Азим ака пайқарди… Шундан ҳам аён эдики, биз содда деб билган Азим Суюн аслида ўта сезгир, эътиборли, нигоҳи ўткир одам. Биз парвойи фалак йўлда кетаётирмизу, шундоқ рўпарамиздаги мўъжизаларни нечундир кўрмасдик…

***

Бугунги кунда ўзбек адабиётини шак-шубҳасиз Азим Суюнсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шоирнинг ҳар йили янги-янги китоблари чоп қилинмоқда. “Сайланма”лари қўлма-қўл бўлиб кетяпти. Бу нимадан далолат? Менимча, халққа яқинликдан. Одамларни, она юртни, унинг бору-йўғини борлигича севишдан, Ватанга чексиз муҳаббатдан деб ўйлайман.
Яна эски бир гап: ҳамма яхши ижодкор ҳам яхши инсон бўлмаслиги мумкин. Бунга тарихдан ҳам, бугундан ҳам истаганча мисоллар келтириш қийин эмас. Лекин Азим Суюн инсон сифатида ҳам қалби кенг шахс. Унга берилган толенинг ёруғлиги, юксаклиги ҳам шунда бўлса, ажаб эмас.
Такрор бўлса-да, айтгим келади, устоз билан бу ҳаётда озми-кўпми бирга меҳнат қилиш бахтига муяссар бўлганимдан, замондош бўлганимдан оддий журналист сифатида ўзимни ўктам сезаман.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 2-сон