Абдурасул Эшонбобоев. Навоий таржимаи ҳолига доир янгилик

Алишер Навоий таржимаи ҳолини илмий ўрганиш борасида академик Василий Влидимирович Бартольднинг “Мир Алишер ва сиёсий ҳаёт” номли рисоласи алоҳида аҳамиятга эгадир.

Бартольд ўз рисоласида Мирзо Бобурнинг “Билмон, не жарима била Султон Абу Саид Мирзо Ҳиротдин ихрож қилди” деган сўзларига асосланиб, Навоий Абу Саид томонидан Самарқандга сургун қилинган деб ёзган эди. Бошқа бир муаррих Мирхонд “Рафзатус-сафо”да: “Амир Алишер Абу Саид Мирзо Султоннинг замонасида Хуросон доруссалтанасиға бориб, бир неча кунини ул иқбол уйи останасининг мулозаматида ўткарди, аммо ўзининг холиға яраша риоят ва тарбият тополмади. Шул важҳ била Хуросондин беҳишт монанд Самарқандга борди” деб маълумот беради. Кўриниб турибдики, ҳар икки манбада ҳам воқеа содир бўлган йиллар аниқ кўрсатилмаган. Шунингдек, Мирхондда сургун ҳақида гап йўқ. Бартольд Абу Саид даврида Самарқандга ўқиш учун келмас эдилар ва минтақа маданий таназзулга юз тутган деган мулоҳазадан келиб чиқиб сургун талқинига мойил бўлган. Бироқ Навоийнинг ўзи “Мажолис ун-нафоис” асарида “Фақир таҳсил учун Самарқандга борғанда…”, “Фақир икки йил анинг қошида сабақ ўқуб эрдим” деб қайд этади. Яна олим Навоий Самарқандда Абулайс Самарқандий қўлида ўқиган деган иккинчи бир фикрни ҳам айтган эди. Шоирнинг Самарқанд сафарини мантиқий асослаш мақсадида турли хил талқинлар билдирилган. Олим Шарафутдинов “Алишер Навоий” китобида ёзган эди: “Алишердан гумонсираган Абу Саид Мирзо 1467 йили уни Самарқандга сургун қилди”[1]. Лекин шоирнинг Самарқандга келган йили аниқ эмас, Ҳиротга қайтган йили эса аниқ.

Ушбу масалани махсус ўрганган академик Воҳид Абдуллаев 1948 йили “Алишер Навоий” тўпламида чоп этилган “Алишер Самарқандда” номли рисоласида бир қатор эътиборга молик мулоҳазаларни баён этган: биринчиси, Бартольднинг Абу Саид даврида Самарқанд маданий таназзулда эди деган фикрига эътироз билдириб, Самарқанд Мирзо Улуғбек вафотидан кейин ҳам узоқ даврларга қадар ўз маданий мавқеини сақлаб қолганини (“Мажолис ун-нафоис”га таяниб) исботлайди; иккинчиси, шоирнинг Самарқандда яшаган даврини 1465-1469 йиллар деб янги фаразни илгари суради; учинчиси, Мирзо Бобур сўзларига асосланиб, Навоий Самарқандга сургун қилинган деган фикрга қўшилади ва унинг сабаблари хусусида ўз мулоҳазаларини баён этади.

Навоийшунос Абдуқодир Ҳайитметов “Навоийнинг Сайид Ҳасан Ардашерга шеърий мактуби” мақоласида асарни чуқур таҳлил этиб, ёзилиш сабаб­ларига тўхталиб ўтади. Унинг фикрича, мактуб Самарқандда ёзилган бўлиб, шоирнинг Ҳиротдан кетиш сабабларини ойдинлаштиради. Бироқ бизни унинг мавзуга алоқадор жиҳатлари кўпроқ қизиқтиради ва у бу ҳақда шундай ёзади: “Аслида эса Навоий расмий равишда сургун қилинмаган, балки ўз бошига тушиши муқаррар бўлган кулфатларнинг олдини олиб, зийраклик билан ўзига-ўзи подшоҳнинг кўзидан узоқда туришни маъқул кўрган”.[2] Олимнинг фикрича, шоир Самарқандга 24-25 ёшларида борган. Демак, Абдуқодир Ҳайитметов мулоҳазасига кўра, Навоий Самарқандга ўз ихтиёри билан борган.

Академик Иззат Султон “Навоийнинг қалб дафтари” китобида шоир асарларидан келиб чиқиб, қолаверса, тарихий манбаларга таяниб ушбу масалага оид фикрларни илгари сурган; биринчидан, у сургун версиясини маъқуллайди; иккинчидан, шоирнинг ўз қайдларидан келиб чиқиб Навоий Самарқандга билимини ошириш мақсадида келган деб ёзади. Шунингдек, “Муншаот”даги мактубларидан бирини таҳлил этиб хат Самарқанддан Султон Бойқарога йўллангани хусусида шундай ёзган эди: “Навоийнинг бу даврда ҳар доимгидек Ҳусайн Бойқаронинг ҳаёти ва ишларидан хабардор турганини, унинг муҳим ишларида бевосита иштирок этганини, унга маслаҳатлар бериб турганини ва ҳатто тахт олишга фаол рағбатлантириб борганини, ўз дўстининг ғалабага эришувига астойдил ишонганини ушбу хатдан фаҳмлаш қийин эмас”.[3] Навоий, албатта, Ҳусайн Бойқаронинг ҳокимиятни эгаллашидан манфаатдор эди. Бироқ юқоридаги талқин мактуб матнига асосланган тарихий манбаларда бу хусусида маълумот мавжуд эмас. Бундан ташқари, мактуб 1496 йили Бадиуззамонга йўллангани навоийшунос Суйима Ғаниева томонидан исботлаб кўрсатилган.[4] Олимнинг қуйидаги мулоҳазалари етарли даражада асосланмаган ва мунозаралидир: “Бу китобда бундан кейин келтирилган ҳужжатлардан Навоийнинг шу даврда Самарқандда бўлмасдан, келиб ва кетиб тургани аён бўлади”.[5]

Кейинги йилларда Алишер Навоий таржимаи ҳоли борасидаги тадқиқотлар ичида Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий” номли монографияси шоир биографиясини ўрганишда муҳим ўрин тутади. Олим Навоийнинг Самарқанд сафари ўз ихтиёри билан амалга ошган деган фикр­га қўшилади ва манбаларга асосланиб бир қатор мулоҳазаларни илгари суради. Монографияда, айрим мунозарали ўринлар ҳам йўқ эмас.

Юқоридаги мулоҳазаларни умумлаштириб ягона бир махражга келтирадиган бўлсак қуйидагича манзара ҳосил бўлади: “Навоий Абу Саид томонидан Самарқандга сургун қилинган”, “ўз ихтиёри билан йўл олган”, “Самарқандга таҳсил учун борган”. Бундай талқинларнинг юзага келишига, биринчидан, тарихий манбаларда (шоирнинг ўз асарларида ҳам) бу хусусидаги маълумотларнинг камлиги ва боз устига зиддиятлар мавжудлиги бўлса, иккинчидан, масалага ёндашган ҳар бир тадқиқотчи имконияти доирасида мантиқий ечимга интилганидадир. Биз буни муайян бир фан тарихидаги табиий ҳол деб биламиз.

Айни шу масалага Эргаш Рустамов 1963 йили рус тилида эълон қилинган “Страницы из биографии Алишера Навои” номли мақоласида тўхталган.[6]

Олим Навоийнинг ўз сўзларидан келиб чиқиб ҳамда Мирзо Бобурнинг Самарқандга кетиш сабабларини кўрсатмаганини эътиборга олиб сургун талқинини қатъий равишда рад этади ва янги мулоҳазаларни илгари суради. Унинг фикрича, Навоий Самарқандда икки марта бўлган. Дастлабки сафар 1458-1459 йилларда таҳсил мақсадида амалга оширилган. Бунда шарқшунос олим шоирнинг “Мажолис ун-нафоис” асаридаги иккинчи мажлисида келтирилган қуйидаги сўзларига асосланади: “Ул жамоати азизлар зикридаким, фақир алардин баъзининг мулозаматиға кичикликда етибмен ва баъзининг суҳбатиға йигитликда мушарраф бўлибмен”. Ушбу мажлисда шоир ёшлигида учрашган Шарофиддин Али Яздий, Абулайс Самарқандий, Шайх Садриддин Равосий, Камол Турбатий, Мавлоно Лутфий ва у Самарқандда танишган шоирлар зикр этилган. Бундан ташқари, Султон Ҳусайн Бойқаро 1458 йили Астрабодни эгаллаб, Абу Саид билан дўстона муносабатлар ўрнатган ва унинг номи билан тилла танга зарб қилган. Муаррих Абдураззоқ Самарқандий эса Абу Саид томонидан элчи бўлиб, Астрабодга Ҳусайн Бойқаро ҳузурига борган.[7] Бу даврда шоир 18 ёшлар атрофида бўлиб Абу Саид учун ҳеч қандай хавф туғдирган эмас. Ушбу далиллардан келиб чиқиб, олим Навоий Самарқандга дастлаб 1458-1459 йиллари таҳсил учун борган деган янги мулоҳазани билдирган эди.

Биз юқоридаги фикрларга қўшимча равишда айрим далилларни келтирмоқчимиз. Бартольд юқоридаги рисоласида 1457-1469 йиллар воқеалари хусусида сўз юритиб, Алишернинг отаси Ғиёсиддин кичкина тарихчи Мирхонднинг отаси ва бошқалар билан бирга 1458 йили темурийзода Мирзо Иброҳим томонидан Балх шаҳрига Абу Саид ҳузурига элчи сифатида борган деб ёзган эди.[8] Ҳолбуки, навоийшуносликда Ғиёсиддин кичкинанинг 1452-1453 йиллари вафот этгани кўп бора таъкидланган. Масалан, “Ўзбек адабиёти тарихи”да ўқиймиз: “Ғиёсиддин кичкина Навоий тахминан 12 ёшларда эканида ҳаётдан кўз юмади. Отасидан ёш етим қолган Алишер Абулқосим Бобур хизматига киради”.[9] Бартольд Ғиёсиддин кичкина билан боғлиқ маълумотни Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” тарихий асаридан олган. Ўша давр тарихчиси Абдураззоқ Самарқандий эса китобининг “Ислом машойихларининг сулҳ тузиш учун Балх томонга борганликлари зикри” қисмида воқеага батафсил тўхталади, бироқ нима учундир Алишернинг отаси исмини кўрсатмайди.

Юқоридаги мулоҳазаларни умумлаштириб айтиш керакки, Алишер ота­си ҳаётлик чоғида ва унинг кўмаги билан Самарқандга таҳсил учун йўл олган. Эргаш Рустамов фикрларига иккинчи қўшимча сифатида шуни айтиш мумкинки, Ғиёсиддин кичкина Абу Саиднинг мулозими бўлган. Бу ҳақда “Латойифнома” муаллифи Фахрий Ҳиротий шундай ёзади: “Мирнинг таржимаи ҳолидан хабардор мўйсафид тарихчилар ва тўғри сўзли дунё кўрганлар ўз асарларида шундай келтирадиларким, Мирга амирлик мансаби меросийдир. Унинг отаси Амир кичкина Султон Абу Саиднинг хизматида эди. Гарчи муҳру мансаби бўлмаса ҳам катта ҳурматга эга эди. Она томонидан бобоси Амир Шайх Абу Саъид Чанг Мирзо Бойқаро хонадонида амир ул-умаро эди”.[10] Айнан шундай маълумотни иккинчи бир манба, Сом Мирзонинг “Туҳфаи Соми” асарида ҳам учратамиз.

Шарқшунос Эргаш Рустамов сўзларига кўра, Навоийнинг Самарқандга иккинчи сафари 1467-1468 йилларда амалга ошган. Бу даврда Султон Абу Саид Бадахшонни эгаллаб, ҳукмдор Лаълий ва унинг ўғлини ўлдиради. Навоийнинг улар билан муносабати яхши бўлиб, Абу Саидда шубҳа уйғотмаслик мақсадида ҳамда ёшлик йиллари меҳр-мурувват кўрган шаҳарга паноҳ излаб боради. Олимнинг мулоҳазаларига қўшимча сифатида айрим далилларни келтирамиз. Биринчидан, 1460 йилдан сўнг Абу Саид билан Ҳусайн Бойқаро муносабатлари ғоят кескинлашган, Алишернинг тоғаси Мир Саид Ҳусайн Бойқаронинг ишончли кишиларидан бири эди. 1461 йили Абу Саиднинг буйруғи билан Сарахс вилоятида ўлдирилади. Ҳар икки томон ўртасида афв этиш бўйича шартнома бўлишига қарамай фақат Мир Саидгина қатл этилади. Тарихчи Абдураззоқ Самарқандий шундай ёзади: “Онҳазратнинг кўзи Сайид оқоға тушгач ҳумоюн хотирда илгари ундан ранжиш бўлганлиги туфайли дарҳол уни қатл этишга фармон берди. Бошқаларга нисбатан шафқат кўрсатди”.[11] Кейинчалик Мир Саидни ўлдирган Абу Саъид унинг укаси Муҳаммад Алини ҳам ўлдиради.

Иккинчидан эса, Мирзо Бобур Навоийнинг Самарқанддаги ҳаёти хусусида: “Мир Алишер Навоий Ҳирийдин Самарқандга келган фурсатлар Аҳмад Ҳожибек била бўлур эди… Аҳмад Ҳожибек мураббий ва муқаввийси эрди”, деб ёзган. Аҳмад Ҳожибек 1464 йили Самарқанд ҳокими этиб та­йинланади, бундан 10 йил муқаддам эса (1455-1464) у Ҳирот шаҳри ҳокими бўлган. Демак, шоир Аҳмад Ҳожибекни ҳомий билиб Самарқандга йўл олган. Бундан ташқари, Навоийнинг Сайид Ҳасан Ардашерга ёзган мактубидаги қуйидаги байтларни ёдга олсак, шоирнинг бу даврда тушкун аҳволда бўлганлиги ойдинлашади:

Ки бўлмоқ ватан ичра душвор эди,
Кўнгулга жало дафъи озор эди.
Сафар тушти олимға беихтиёр,
Қазо амрида элга не ихтиёр.

Билдирилган мулоҳазалардан кўриниб турибдики, Эргаш Рустамов илгари сурган фикрлар асослидир. Бироқ масалани узил-кесил ҳал қилиш учун эса изланишларни манбаларга таяниб давом эттириш лозим. Тарихий манбаларнинг бирортасида ҳам Навоий ҳақидаги маълумотлар тартиб билан изчил берилмаган.

Хулоса қилиб айтганда, Навоий ҳаёти, умуман ижоди хусусида сўз юритганда, мантиқ ила бирламчи манбаларга қайтиб иш кўриш ҳар тарафлама самаралидир.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2016 йил, 1-сон

__________________

Абдурасул Эшонбобоев 1963 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Республика матбуотида ўттизга яқин мақолалари эълон қилинган.

[1] Шарофутдинов А. Алишер Навоий, Т., 1948 й., 37 б.

[2] Ҳайитметов А. Навоий даҳоси. Т., 1970. 62-б.

[3] Султон И. Навоийнинг қалб дафтари. Т., 1969. 210-б.

[4] Қаранг: Ўзбек адабиёти тарихи. 2 т. Т., 1976. 407-б.

[5] Ўша китоб. 157-б.

[6] Рустамов Э. Страницы из биографии Алишера Навои//Краткие сообщения ИНА, выпуск 63, Москва, 1963, 80-86 с.

[7] Қаранг: Абдураззоқ Самарқандий. Матлаи саъдайин ва мажма ул-баҳрайн. Т., 2008 й.

[8] Бартольд В.В. Юқоридаги китоб. 223 с.

[9] Ўзбек адабиёти тарихи, 2 том, Т., 1978., 44-б.

[10] Иқтибос Ш. Сирожиддиновнинг юқоридаги китобидан олинди. 33-б.

[11] Юқоридаги китоб 519-б.