Абдуқаюм Йўлдошев. Адабий инновация эҳтиёжи

http://n.ziyouz.com/images/book.jpg

Инсоният тамаддунининг ибтидосидаёқ вужудга келган адабиёт замонлар ўтиши билан ўз моҳиятини йўқотмаган, билъакс, тобора қадри ортаётган, бани башарнинг мислсиз маънавий хазинасини янада ­бойитаётган буюк мўъжиза бўлиб қолмоқда. Ва бу жараён абадул-абад давом этажак.

Зеро, ўз вақтида илмий-техника инқилобининг айрим оммабоп ютуқлари боис сўз санъатининг интиҳосини башорат қилганлар ҳам бўлди. Аммо одам ақлини лол этишга қодир техника ажойиботлари жуда қисқа фурсат ичида маънан эскирди, ёш болани ҳам ҳайрон қолдиролмайдиган кундалик оддий жиҳозга айланди. Адабиёт эса инсоншуносликнинг юксак чўққиси сифатида янада юксалаверди.

Шубҳасиз, илм-фан янгиликлари қачонлардир фантастик ва утопик асарларда қаламга олинган тасаввурларини ­воқеликка айлантирмоқда, одам ҳаётини, яшаш тарзини енгиллаштирмоқда. Шу сабабли бугунги кунимизни янги техникаларсиз, янги технологияларсиз тасаввур ҳам этиб бўлмайди. Яшаб турганимиз XXI асрни бежиз интеллектуал қудрат, тафаккур асри деб аташмаяпти. Айни пайтда ­тараққиётнинг жадал суръати дунёқарашимизга, онг-шууримизга янгидан-янги ислоҳларни киритмоқда. Бугун дунёнинг ривожланган мамлакатлари инновацион иқтисодни ўзларининг асосий стратегик мақсадлари сифатида эълон қилдилар. Агар жўнроқ тилда ифодалайдиган бўлсак, бу доимий ­инновациялар оқими, узлуксиз мукаммаллашиб борадиган технологиялар ва шу асосда жаҳон бозорига рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришдир.

Мутахассислар ривожланишнинг инновацион йўли ягона ва унга муқобил тараққиётнинг ўзи бўлиши мумкин эмас, деб ҳисоблашмоқда. ­Бошқача айтадиган бўлсак, келажак – инновацион технологияларни эгаллаган, уни амалиётга татбиқ эта олган давлатники.

Юртимизда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Жумладан, инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасида қўшимча чора-тадбирлар белгиланган. Унга кўра ҳар йили пойтахтимизда инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси ўтказиб келинмоқда. Бундай тадбирларда кўплаб янги ишланмалар намойиш этилмоқда ва уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича шартномалар имзоланмоқда. Яқиндагина, май ойининг охирида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган юртимиздаги илмий тадқиқот институтлари ҳамда олий ўқув юртларида тайёрланган инновацион ишланмаларнинг ҳудудий кўргазмасида ҳам юз элликдан зиёд технологик лойиҳа ва ишланмалар намойиш этилди. Бундан ташқари республикамизнинг инқирозга қарши ва сармоялар киритиш дастурларида ҳам инновацион технологияларни жорий этишга, ишлаб чиқаришни техник янгилашга, модернизация ҳамда диверсификация қилишга ката эътибор қаратилган.

Хўш, бу йўналишнинг адабиётга нима дахли бор, дерсиз? Гап шундаки, мутахассислар бу жараёнда инновацион тараққиётнинг узвий қисми бўлган “ижод иқтисодиёти”га алоҳида эътибор қаратишмоқда. “Креатив иқтисодиёт” деб ҳам аталадиган бу тушунча айнан ижоднинг, истеъдоднинг илмий-технологик соҳадаги ўзига хос ва мос ўрнини билдиради.

Ҳа, ижод маҳсулотлари миллий ва жаҳон иқтисодиётининг муҳим ҳамда ажралмас таркибий қисмига айланиб бормоқда. Зеро ижод жараёнида ҳам маҳсулот (асар) ишлаб чиқарилади, тарқатилади. Бу соҳанинг ўзига хослиги шундаки, унда фойда олиш манбаи объекти сифатида салоҳият, иқтидор эътироф этилади. Мутахассислар айнан ушбу соҳада янги ғоялар, кашфиётлар кўпроқ учрашини ҳам алоҳида қайд этиб ўтишган (мозийга қайтиб, асарлардаги “учар гилам” шаклидаги самолёт, “ойнаи жаҳон” кўринишидаги телевизорларни ёинки Г. Уэлснинг фантастик асарларидаги фаразларнинг тўқсон фоизи бугун реалликка айлангани эсланг). Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Ижодий фаолият бозорга олиб чиқиладиган ва савдо объектига айланадиган янги маҳсулотлар ҳамда хизматлар манбаидир. Олимлар бу воқеликни “креатив маҳсулотлар ва хизматлар” (инглизча creative products and services) деб аташмоқда.

Албатта, креатив иқтисодиёт замирида билим кўринишидаги интеллектуал капитал билан бир қаторда иқтидор потенциали ётади. Шу сабабли ҳам мутахассислар замонавий иқтисодиётнинг тараққиёти асосини билим ва ижод ташкил этишини бот-бот таъкидлашади.

Яна бир эътиборга молик ҳолат. Ривожланишнинг кейинги ўн йиллик таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, айнан креатив соҳа жаҳон иқтисодиётининг энг жадал тараққий этаётган тармоғига айланмоқда. Жумладан, ривожланаётган давлатларда креатив маҳсулот ва хизматлар ҳажми бу давр ичида деярли 40 фоизга ўсган. Ривожланган мамлакатларда эса биргина китоб маҳсулотларининг экспорти бу соҳадаги жами экспорт ҳажмининг 80 фоизини ташкил этади.

Шубҳасиз, иқтисодиёт соҳаси учун ижод тушунчаси янгилик эмас. Ижодий фаолият маҳсулотларида ҳамма замонларда ҳам у ёки бу даражада иқтисодий муносабатлар воситаси сифатида фойдаланилган. Барча даврларда ҳам китоблар ёзилган, чоп этилган, мусиқа яратилган, суратлар чизилган, улар сотилган. Аммо ижод соҳасининг умумий иқтисодиётга бу қадар кенг кўламли таъсири ҳали кузатилган эмасди. Том маънода ижод ҳам ривожланган, ҳам ривожланаётган мамлакатлар савдо-иқтисодий муносабатларида муҳим ўрин эгаллаш билан бир қаторда давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, интеграция жараёнларига таъсир ўтказувчи муҳим омилга айланди.

Ўзингиз тасаввур этиб кўринг, АҚШда “ижодий қатлам” жами иш ўринларининг 30 фоизини банд қилиб турибди, бу эса ҳатто ишлаб чиқариш соҳасидан ҳам каттароқ миқдордир. Замонавий тадқиқотчилар эса айнан инновацион технологиялар шарофати билан кейинги ўн йил ичида иқтисодиётнинг “ижодий соҳаси” йилига ўрта ҳисобда 8,8 фоизга ўсаётганини қайд этишади, бу эса жаҳон ялпи ишлаб чиқариш маҳсулотлари ўсиши суръатидан деярли икки баробар кўпдир.

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан олиб борилган тадқиқотларга кўра, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган ижодий маҳсулотлар ҳиссаси кўплаб мамлакатлар ЯИМ миқдорининг сезиларли қисмини ташкил этмоқда. Масалан, Сингапурда ижодий соҳанинг мамлакат ЯИМда ҳиссаси деярли 6 фоизни ташкил этади, Венгрияда 7 фоизни, Канадада 5 фоизни ва ҳоказо.

Дарвоқе, ижод соҳасида инновацион технологияларни шакллантириш фақат маблағ ва иқтисодий ресурслар ҳисобига амалга ошади, деб ўйлаш хато. Мутахассислар бундай технологияларни амалиётга татбиқ этишнинг бош шартларидан бири сифатида инновацион маданиятни қайд этишади. Бундай маданиятга янгиликка интилишдаги ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларнинг ўзаро уйғунлигида эришилади. Буларнинг жамланмаси ўз навбатида инновацион потенциални юзага келтиради. Инчинун, янги асрнинг энг муҳим стратегик ресурси — инновацион маданиятдир. Айнан инновацион маданият ёрдамида ҳам иқтисод, ҳам ижод соҳасида янги технологиялар ва янги кашфиётларга эришиш, шахс-ижодкор имкониятларини юзага чиқариш мумкин бўлади. Зеро, рус философи П.И. Новгородцев таъкидлаганидек: «Шахс – чексиз имкониятлар ва сарҳадсиз истиқболлардир”. Шу сабабли ҳам инновацион маданият фуқароларнинг ижодий имкониятлари ҳамда креатив потенциалларини юзага чиқариш жараёни билан бевосита ҳамда билвосита боғланган.

Шу ўринда Сингапур инновацион сиёсатининг меъмори бўлган доктор Филипп Йонинг бир ўгитини эслаб ўтиш ўринли: “Агар сиз буюк давлат қурмоқчи экансиз, ўзингизнинг истеъдодларингиз лашкарини (армиясини) тузинг”. Инновацияни заруратгина эмас, балки жамият эҳтиёжи сифатида ҳам талқин этадиган доктор Йо ўзииннг ватани Сингапурда табиий ресурслар йўқлигини таъкидлаб ўтаркан, Буюк Британия мустамлакасидан озод бўлган мамлакат фақат инсон омили, инсон ижодкорлиги туфайли қисқа давр ичида мўъжизаларга эришганини эътироф этади. Жумладан, бугунги кунга келиб Сингапурдай кичик давлатнинг йиллик экспорт ҳажми 200 миллиард АҚШ долларига тенг. “Инновация фақат жиҳозлару технологик ишланмаларга, маблағга эмас, энг аввало одамларга боғлиқ, — дейди доктор Йо. — Биз олиб бораётган ишлар нимадир янгилик яратишга уринаётган, ижод қилаётган истеъдодларни қўллаб-қувватлашдан иборат, холос”.

Ўтган қисқа фурсат Сингапур истеъдодларга эътибор қаратиб, уларга ғамхўрлик қилиб тўғри йўл танлаганини кўрсатди. Дунёнинг йирик-йирик компаниялари ҳам айнан шу давлатдаги салоҳиятли мутахассисларга, ижодкорларга ўзгача ишонч билдираётгани ҳам шундан шоҳидлик бериб турибди.

Афтидан, тараққиётни инсон омили ва замонавий технологияларда кўрган Жавоҳарлаъл Неру ҳар томонлама ҳақ бўлган. Ўз вақтида ва изчил қўллаб-қувватланиладиган ижодкорлик, изланувчанликнинг ижобий самаралар келтиришидан яна бир далолат: Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг маълумотига кўра, йил давомида кашфиёт сифатида рўйхатга олиниб, патент бериладиган янгиликларнинг 95 фоизи АҚШ, Япония, Германия, Франция, Буюк Британия, Жанубий Корея, Голландия, Швейцария, Хитой фуқароларига тегишли бўларкан. Демак, айнан мазкур мамлакатларда ижод, ихтиро ва кашфиётлар яратиш учун рағбат, қизиқиш, муаллифларнинг ҳуқуқий ҳимояси ва, ўз-ўзидан аёнки, моддий манфаат тизими кўнгилдагидай йўлга қўйилган деган хулосага келиш мумкин. Айтайлик, машҳур адибларнинг ижодий мулкини дунё бўйича ҳимоя қилиб юрадиган адабий агентлар ҳақида ким эшитмаган? Бу борада ўзимизда ҳам ҳуқуқий тизим яратилган. Жумладан, ўтган йилги «Интеллектуал мулк агентлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарорда мазкур муассасани ташкил этишдан мақсад «иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш жараёнига инновациявий технологиялар ҳамда илмий-техникавий ишланмаларни кенг татбиқ этишни рағбатлантиришни кучайтириш, шунингдек интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни ишончли муҳофаза қилиш» экани алоҳида таъкидлаб ўтилган. Агентликнинг Низомида эса «инновация технологиялари ва ихтироларни, илмий-техника ва саноат ишланмаларини, селекция ютуқларини, бадиий-конструкторлик ва ижодиёт ишларининг бошқа турларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга ҳар томонлама кўмаклашиш» ҳамда «интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш» агентликнинг асосий вазифалари сифатида кўрсатилган. Инчинун, халқаро доирада ижодкорларимизнинг ҳуқуқларини интернет тармоғидаги ёмғирдан кейинги қўзиқориндай бодраб чиқаётган, истаган олди-қочди, гоҳида «танқиддан тубан», воқеликка туҳматдан иборат «асар»ларни пайдар-пай чоп этаётган шубҳали сайтлар эмас, тегишли ваколатга, ҳуқуқий мақомга эга муассаса ҳимоя қилишини унутиб қўймайлик. Ахир, амалдаги ҳуқуқий меъёрларимизга кўра айнан агентлик Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотида ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилувчи ваколатли орган ҳисобланади. Бу асло иддао бўлиб туюлмасин, аммо кейинги ярим йил ичида «Бизга барча ёзганларингизни ишониб топшираверинг, биз уларни интернетда чиқарамиз-да, кейин биргаликда роса пул ишлаймиз!» қабилидаги қуюқ ваъдаларни ёғдирганча кўкрак кериб келган уч-тўрт маҳаллий «агент» билан суҳбатлашиш, имкониятларини сўраб-суриштириш асносида уларнинг асосий мақсади асарлар ёрдамида ўзларининг сайтларини тарғиб-ташвиқ қилишдан ва шу йўл билан нари борса реклама берувчиларни жалб этишдан бошқа нарса эмаслигига иқрор бўлдик.

“Жаҳон адабиёти” журналининг апрель ойи сонида профессорлар Умарали Норматов ва Ҳамидулла Болтабоевнинг “Бугунги адабиётда эстетик идеал ва қаҳрамон муаммоси” мавзуидаги суҳбати эълон қилинди. Суҳбат давомида Умарали ака куюнчаклик билан айтган мулоҳазалардан бирини иқтибос сифатида келтириб ўтай: “Ниҳоят, ўзимизда “Алкимёгар” типидаги асарларга ҳамоҳанг, тасаввуфнинг сирли-сеҳрли руҳи билан йўғрилган “Исён ва итоат”, “Мусулмон”, “Хайём”, “Боқий дарбадар”, “Сувдаги коса”, “Озод”, “Мезон” сингари ҳикоя, қисса ва романлар яратилди. Бу асарлар устида қизғин баҳс-мунозаралар кетяпти… “Алкимёгар”дан асло қолишмайдиган бу асарларимиз ҳозирча нега жаҳон орбитасига чиқа олмаяпти? Шу савол кишини ўйга толдиради”.

Дарҳақиқат, яхши асарларимизга ҳам анъанавий қарашлар ва усулларнинг тортиш кучини енгиб, “жаҳон орбитасига” кўтарилиши қийин кечаяпти экан, мазкур воқеликнинг ўзиёқ бу борада янгича нуқтаи назарлар, янгича технологияларга, бошқачароқ айтганда, адабий инновацияларга эҳтиёж пайдо бўлганини кўрсатмайдими?

Олам тез ўзгармоқда. Бизнинг дунёмизда ўртача олганда ҳар 18 ойда ахборот миқдори икки баробарга ошаркан, уларнинг каттагина қисми эскириб ҳам улгураркан. Демак, фурсат келиб, бугун ўта замонавий бўлиб кўринган инновацион технологиялар ҳам оддий воқеликка айланар. Аммо ҳар қандай замонавий янгилик аслини олганда ижодкор учун ўз маҳсулотини истеъмолчига (ўқувчига) тез ва сифатли етказиш воситаси, холос. Биргина интернет тармоғи имкониятларини олинг. Фавқулодда яхши асарни фавқулодда тезлик билан дунёга танитишнинг бундай тенгсиз воситаси аслини олганда ижодкор учун дунёга олиб чиқадиган имкониятлар эшигининг кенг очилгани эмасми? Бугун ўз уйимизда хотиржам тарзда Пауло Коэлонинг “Алкимёгар”ини ёинки Милорад Павичнинг мутлақо янги технология асосида ёзилган “Хазар луғати”ни интернетдан олиб, ўқиб ўтирганимизнинг ўзи бизнинг адабиётдаги инновация жараёнига ҳам бевосита, ҳам билвосита қўшилганлигимизни, бу жараённинг оддий кузатувчиси эмас, иштирокчисига айланганимизни кўрсатиб турмаяптими?

Маълумот учун эслатиб ўтайлик. Электрон китоблар бугун қоғоздаги китоблар билан жиддий рақобатгга киришган. АҚШдаги Simon & Schuster нашриёти маълумотларига қараганда, 2011 йили электрон китобларнинг китоб бозоридаги ҳиссаси 20 фоиздан ошган. Ўтган йил мобайнида Европада электрон китоблар савдоси уч баробарга ортган. Дунёда энг кўп китоб ўқиладиган мамлакатлардан бири бўлган Германияда йил давомида икки миллион дона электрон китоб сотилган. Бестселлер китобларнинг ҳафталик рейтингини эълон қилиб борадиган The New York Times газетаси бу йил электрон китоблар учун алоҳида рейтинг ташкил этди. Инчинун, бундай имкониятлардан самарали фойдаланиш, жаҳон маънавият бозорига ўзимизнинг харидоргир маҳсулотимиз бўлган асарларимизни олиб чиқиш, алал-оқибат (қисқа фурсат ичида) дунё эътирофига сазовор бўлиш эса, назаримизда, эпласа бўладиган юмуш. Илло, ўзбек адабиётида кейинги йилларда яратилган, яратилаётган айрим асарлар, адабиётимизга кўрсатилаётган катта эътибор, хусусан, “Ижод” фондининг ташкил этилиши шундай қатъий ишонч пайдо бўлишига олиб келди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 23-сон