Абдунаби Ҳамро. Мусо раис (ҳикоя)

Кундузи чироқ ёқиб, бутун Олотни қидириб чиқсангиз ҳам Мусо раисга ўхшаган кишини тополмайсиз. Қиладиган қилиқлари атторнинг қутисидаям йўқ. Бўй-басти пачаққина, тил-забони аччиқ. Айрим ишларию гап-сўзларига қараб, уни кимга менгзашниям билмай қолади киши. Таги-зотидан гап очилса гоҳ ўзини ожизу нотавон қилиб кўрсатади, бордию элликта “уриб” олган бўлса, Амир Олимхонга жиянликни даъво қилиб қолиши ҳеч гапмас. Аслида унинг худораҳмати отаси бобом замонида Мошкўлда тузилган балиқчилик артелида раис бўлганми, йўқми, ишқилиб, бу акам ҳам тўй-ҳашамда бироз “тортиб” қолса, тамом! “Ман раисман!” деб кариллайди. Нима бўлгандаям, бу отамерос лақаб унга ярашиб туради. Ўзиям умр бўйи балиқ овлаб, қишлоққа опкелиб сотиб юрди. Меҳнат дафтарчасию иш стажи борасида Яратган эгамдан ўзга ҳеч ким ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Акамиз пенсияга чиққач, қишлоқ оқсоқоллари одам қуригандай шуни қишлоқ қабристонига қоровул қилиб қўйишди. Ана энди катталикни кўринг-да! Қабристон дарвозасига пешлавҳа осиб қўйибди: “Жонузоқ ота қабристони. Иш вақти соат 9 дан 18 гача. абед 12 дан 14 гача. Дам олиш куни — якшанба”. Марҳамат, куласизми, куясизми, ихтиёр ўзингизда.
— Тавба! — деди Чори полвон Барот қирриқнинг “қирқ” худойисида, — якшанба дам олиш куни эмиш! Хўш, ўша куни бирор мусулмон оёқни узатиб юборса-чи? Икки соат абед экан. Қабристонда абедга бало борми?!
— Ҳа, энди, марҳумлар ҳам бир-икки соат тирикларнинг ғурбатларидан дам олишсин деган-да, полвон бова, — дея гап қистирди қишлоқ ўртакаши Холтой Жума. Бу гапдан тўрда ўтирган мулла бованинг сийрак соқоли ликиллаб кетди:
— Ҳай-ҳай, куфр кетманг, Жуммиев, бу ер сизга тўй эмас!
Биз ҳам бу пасту баланд гурунгга индамай қулоқ солиб ўтирибмиз: ҳа-а, отағарнинг раиси, шунча одамнинг суҳбатига мавзу бўлиш ҳазил гапми!
Бир пайт Жўққи малим писанда қилиб қолди:
— Сизам бир нима денг, Ҳамроюп. Ҳарқалай, шоир одамсиз.
Бизнинг милтиқ эса, ҳамишагидай ўқланган эди:
— Эби, биз нимаям дердик, Жўрақул оға. Бир кун келиб ҳаммамиз ҳам ўлиб, раиснинг қўлига тушамиз. Ўша куни қабристонни қулфлаб, балиқ овига жўнаб қолса нима қиламиз?!
— Э-э, бўлди қилинглар-ей! — жаҳлланди полвон бобо хумдай бошини чайқаб, — бу ўзи худойими ё кансертми!?
Дарвоқе, концерт деганларига тағин Мусо раис эсга тушиб қолди. Аллақайси йили маданият бўлимида ишлаб юрган пайтларимизда машҳур дойрачи Ҳамроқул Одилов ёнига бир ашулачи болани олиб, Олотга кеп қолди. Олоту Қоракўл халқи Ҳамроқул бобони жуда хушлайди. Ўша сафар ҳам бобомиз ё шинавандаларнинг кўнглини олай деган ёки бўлмасам у-бу жойда концерт қўйиб, уч-тўрт танга ишламоқчи бўлган. Алқисса, Ҳамроқул бобо тўппа-тўғри маданият бўлимига кирибдилар. Ҳазилми, бир пайтлар “Елпесса”ни, “Қийма қалам қошларинг”ни машҳур ҳофиз билан жўровоз бўлиб айтишган, ўзи ҳам ўйнаб, дойраниям ўйнатиб чалганидан халқ орасида Ҳамро лақаша деб ном чиқарган санъаткор ўз оёғи билан келиб ўтирса! Табиийки, у кишимнинг илтимосларини эшитган бўлим мудири бизни чақирди.
— Шоир, Ҳамроқул оғани учта калхўзга обориб, кансерт уюштириш керак. Сан кулупчисан, бу ишлар сани бўйнингда. Давай, ҳаракатингни қил. Ўзинг ҳам бирга бор, бу кишим чарчаганларида халққа шеър-пер ўқиб берарсан.
 Мудир бобонинг “шеър-пер”дан бошқа барча гаплари маъқул тушди. Ишқилиб, уюштирдик. Бир хўжаликда концерт бўлаётибди. Биз парда ортида Ҳамроқул бобонинг “усилителчи”си билан қарта ташлаб ўтирибмиз. Бобонинг бир ғалати қилиқлари бор эди: ҳофиз чарчаганда ўзлари дойрани ликобдай ўйнатиб, хоразмчаю олотча термалардан жўшиб-жўшиб айтаверар эдилар:

Шишани заргарга бердим,
Кечалар тортдим фироқ.
Бир қўлимга шам олибман
Бир қўлимга шамчироқ…

Айниқса, таниш-билиш, дўст-ёрлар номларини қўшиқ орасига қўшиб айтганларида зал қийқириб юборарди! Ўша куни ҳам шундай бўлди. Бобомиз ашула орасида залнинг олд қаторида ўтирган бир кишига мурожаат қилиб қолдилар:
— Ҳув дойи, одингиз нама?
Парда ортидан секин мўралаб қарасак, Ҳамроқул бобо нақ Мусо раисдан сўраяптилар! Э-э тавбангдан кетай, олдинги қаторда бало борми сенга? Ана энди раиснинг ҳолатини кўринг: букчайган қомат тикланди, чала юмуқ кўзлар чақнади, отамерос телпак бошдан юлиниб, пашша қўнса оёғи тоядиган калла бир қур сийпаланди, томоқ қириб олиниб, овозга сиёсий тус берилди:
— Хидируп!
“Вой пачағ-ей, фамилиянгни эмас, отингни сўраяптилар!” — дейдиган валломат қани? Лекин Ҳамро бобога гап йўқ экан! Мусиқаниям, ашуланиям тўхтатмай, раиснинг “ноёб” фамилиясини лапарга қўшиб кетдилар:

Баланд-баланд тоғ устинда
Намли-намли қор кўринди,
Хидирупнинг шўх кўзина
Ола кўзли ёр кўринди…

Ана, бу Мусо раис деганимиз мана шунақа бир тип-да. Айтмоқчи, гап келганда айтиб кетаверайлик, ўша концертга ўғлимиз Шаҳриёрниям олиб боргандим. Ўғилча ўша пайтлар мусиқа мактабига қатнаб, дойрани ўрганаётганди.
— Юр, сени би-р-р мусобақа қилдирай Ҳамро бова билан, дойрачангниям олвол! — дедик уни эркалаб. — Боваси, шунинг бир оғзига туфлаб, фотиҳа беринг зора сиздай бўпкетса… — бу гапимиз бобомизгаям маъқул тушиб, “Лазги” бошланган чоқ парда ортида ўтирган ўғилчага имо қилди: кел, ёнимга бирга чал!
Ўшанда Шаҳриёрбойнинг бўйи нари борса эллик-олтмиш сантим чиқарди-да, Ҳамро бобо бўлса нақ икки метр! Тасаввур қилинг: ўғилчаники “бак” этса, бованики “бум-м!” этади! Бобо унга юқоридан эгилиб қарайди: “Чалиб ўтирибсанми, бачам?” “Бачам” ҳам пастдан юқорига қараб бош силкийди: “Чалиб ўтирибман, бова…”
Шу воқеадан сўнг Мусо раис билан яқинроқдан танишиб, унинг феълию аъмолини чуқурроқ ўрганиш фикри туғилди. Қаранг, девонанинг ишини худонинг ўзи ўнглар экан. Аксарият муваффақиятларимиз сингари, бунга ҳам хотин сабабчи бўлди. Бир газетада балиқнинг фойдаси ҳақида ёзишган экан, хотин бизга “Орбит”дай ёпишди:
— Балиқ топиб келинг!
— Э-э, биласанми, балиқнинг килоси неча пул!?
— Мусо раисга боринг, арзон қилиб беради!
— У ҳозир қабристон қоровули, унда балиқ нима қилади?!
— Э-э, бораверинг, ўғиллари балиқчи, топиб беради.
Ишқилиб қўймади. Раисни излаб кетдим. Гапини қаранг, балиқда темир моддаси кўп эмиш, еган одам бақувват бўлармиш, ҳар бир одам ойига камида бир марта балиқ еб туриши шарт экан!
— Агар шу гап рост бўлса, унда раис нимага бунақа пачақ? Сутдан қисилган қўзидай еркиндик, — дея ғудрандим йўл-йўлакай.
Нима бўлгандаям, ҳар икки-уч ой оралатиб, раисдан балиқ опкелиб турдим ҳам. Бу орада у киши билан анча қалин бўпқолдик. Ишонинг-ишонманг, бу раис деганлари тап-тайёр файласуф экан. Ҳар гапига бир мақол қўшмаса, кўнгли жойига тушмайди. Мисол учун, уйда оёғини узатиб ётганида бир нохушроқ хабар кепқолса, отаси қайтадан ўлгандай тўнғиллайди: “Ўтиргандим ғамсиз-қайғусиз, ҳамсоямнинг эшаги туғди, қулоқ-қуйруқсиз”.
Қайси куни балиқ баҳона борсак, хотини билан иккови катта ўғилларининг тўйини муҳокама қилиб ўтиришибди. Янгамиз бир қулочлик рўйхат тузиб, чақириладиган меҳмонларни ёзиб чиқибдилар.
— Бўлмайди, — деди раис уни ўқиб чиққач бош чайқаб, — қисқартир.
— Вой, нимага-а?
— Мен бу одамларнинг ярминиям танимайман.
— Вой, булар менинг қариндошларим-ку!
— И-ҳм… “Қулнинг қудаси кўп, тотнинг-тоғаси” дейдилар. Қисқартир.
Яна бир кун борсам, раиснинг кичик ўғли институтдан йиқилиб келиб, қош-қовоғини намозшомнинг булутидай осилтириб ўтирибди.
— Ҳа-а, раис бова, жиянча бундоқ… — деб кўнгил сўрадим.
— Э-э, мен бунга тўрт танга топиб бергунча оёғим олти, аламим етти бўлувди, шоир бова. Бўлмаса, қуш тилида ёлвордим-а, ўғлим, бу калла билан Олотдан нарига чиқолмайсан деб. Унамади, мана, эшондан қочган жиннидай бўлиб келди. Ўтирибди, кетига шаппотилаб. Отам худо раҳмати айтадиларки, қул ўқиб қози бўлмас, кўппак югуриб този бўлмас. Бизнинг ўзимиз киму бачаларимиз ким бўларди.
Рости, раиснинг кўнглига йўл топиш осон кечмади…
Бир гал Мулла Саттор, у кишини гапиришиб турганимизда, гап айтгучиларнинг оғзига шундай урганди:
— Мусо билан ишингиз бўлмасин. У бир каллали одам бўлиб кетар эди. Лекин… падарқусур бир-икки шумғиянинг ҳисобига йўли кесилди-да. Унга тегманглар.
 Биз эса, унинг тақдирида не гаплар бўлганидан бехабар эътибор ҳам қилмагандик. Хуллас, ижодкорларга хос қизиқувчанлик кўнгилга ўт ёқди. Бир неча кун ўтгач, битта яримтани қўлтиққа уриб, раисни излаб бордик. Раиснинг кўзлари чақнаб кетди.
— Эби-эби, шоир, келинг қани, келинг!
Олдинига балиқ шўрва, сўнг қовурилган балиқ келди. Майдалашиб ўтирибмиз. Шиша бўшагач, раис сандиқ устига тахланган кўрпалар қатини ковлаб, тағин бирини топди. У ҳам яримлагач, нафас ростладик. Раис чайқалиб ўрнидан туриб, токчадан чанг босган қалингина бир дафтар олди.
— Шоир, шуни бир кўринг, ҳарқалай, билимли одамсиз. Хот-е-н..! Балиқдан бошқа нарсанг йўқми?!
Дафтарни очдим ва… оғзи очилиб қолди! Ичи тўла аллақандай рақамлар, ҳисоб-китоблар, формулалар… Озми-кўпми мактаб кўрганмиз, у-бу нарсани тушунамиз. Мана булар логарифмлар, булар — дифиренциал тенгламалар, интеграллар. Тағин қанақадир чизмалар, самолётми, фазовий кемами…
— Ра… раис бова… бу нима? Булар…
— Ёпиқ системалар учун Лагранж формуласи. Униси — нисбийлик назариясининг танқидий таҳлили. Э-э, бир пайтлар биз ҳам… Ишқилиб, Эйнштейннинг айтишича, жисмнинг тезлиги ёруғлик тезлигидан ошгач, вақт секинлашаркан… лекин, шундаймикан аслида? Всеволод Иванович айтгандики…
— Стоп! — дедим манглайимга қалқиб чиққан терни артиб. — Ким у?
— А-а, уми? Ленинградда яшарди бир пайтлар, ким билсин, балки ўлиб кетгандир ҳозир…
Йўқ, ҳар қалай бу туш бўлса керак. Ҳойнаҳой, кўп ичвординг-ой! Ўзи шу Мусо раисми, ё…
— Сиз кўп қистанманг, шоир, кўраверинг. Керак бўлса, опкетиб, уйда қараб чиқарсиз.
Ўша куни Мусо раис ҳақидаги тасаввурларим ағдар-тўнтар бўлиб кетди. Унинг дард тўла ҳикоясидан аён бўлишича, у кўпчилик ўйлаганидан бутунлай бошқача одам экан. Бобоси Хидир оқсоқол “қулоқ” қилингач, отаси Сано калта қишлоқдан олисроққа, чўлга туташ Мошкўл томонларга қочиб кетади. Аммо оиласи қолиб кетгани сабаб ора-сира қишлоққа келиб туради. Мактабда тўлиқ ўқимаган бўлса ҳам, қони тоза эмасми, Мусобойнинг калласи бигиздай эди. Йигит ёшига етгач, Ленинград шаҳрида ҳарбий хизматни ўтаётиб, Виталий исмли ўрис бола билан танишиб қолади. Витянинг отаси, физика-математика соҳасида йирик олим бўлган Всеволод Иванович Скрябин ўзбек йигитидаги иқтидорни пайқаб, хизматдан сўнг уни Ленинградда қолишга кўндиради. Мусобой университетга ўқишга киради, тез орада устозлар назарига тушади. Бироқ, “халқ душманининг невараси” деган тавқи лаънат уни барибир излаб топади. Уни ўқишдан ҳайдашади. Скрябиннинг обрўйи, алоқалари ҳам иш бермайди.
— КГБ деган ташкилот жуда кучли эди у пайтлар… — дея уф тортди раис, — кейинроқ ўқишдан кўнгил ҳам совиди, отамизнинг олдига, балиқчилик хўжалигига ишга кетдик. Бобой бечора ҳам бир умр қўрқиб яшади… Лекин бир нарса аниқ: бу мен илғаган, Скрябин англаган математик кашфиёт бугун ҳам муҳим, ечими топилмаган. Буни ҳали кимдир аниқлайди. Ахир, бу илм дегани, олимлик дегани миллат танламаса, бариси одамзодга бирдай хизмат қилса… у вақтда бу гаплар чепуха эди укам…
— Раис бова, у ер-бу ерга бориб, ёзиб-чизиб кўрмабсиз-да…
— Ў-ҳў, биз ким эдигу Шўро ким эди, шоир?! “Ура билмас улли таёқ кўтарар” дейдилар, чираниб қаергача борардик…
— Иҳ-м… Майли эса, биз турайлик. Дафтарни уйда бир кўриб чиқармиз. Хўш, соғ бўлинг, раис бова.
— Яна келасизми? — раис айёрона кулимсиради туришга уринаркан.
— Ҳовва, келамиз.
— Орқайин, би-и-р келингда мундай, оёқни узат-и-и-б чақ-чақ қилайлиқ.
— Худо хоҳласа келамиз.
Кўнгилда эса ҳайратми, ҳасратми, унга нисбатан ачинишми, ишқилиб бир нималар исён қила бошлади. Қаршимда ҳангомаларимизнинг доимий хиргойиси Мусо раис эмас, балки катта бир зиёли, жабрдийда олим ўтирганини ҳис қилдим. Уйга қайтарканман, ўз-ўзимча шундай хаёл қилардим. Наҳотки, бир инсон шунчалар хўрланиши мумкин бўлса? Яратганнинг ато этган қисмати шунчалар чигалми? Наҳотки раиснинг орзуларини рўёбга чиқариб бўлмаса? Нега ўзи ҳаракат қилиб кўрмаган шу пайтга қадар?
— Нима қиласан отам замонидаги гапларни кавлаб?! — дедилар мудир жаҳл билан Мусо раис ҳақидаги ҳикоямни эшитиб, — қилишга ишинг йўқми? Ташкилотларга бор, шартнома туз, тадбирлар уюштир. Тавба! Чиқ, бошимни қотирма!
Кўнглим оғриди, кабинетни қулфлаб, уйга жўнадик.
— Ҳа-а, ҳолингиз пўттиқ, тинчликми? — деди хотиним қош-қовоғимни кўриб.
— У-буни тахлаб қўй, эртага ўз ҳисобимдан таътил олиб, Тошкентга жўнайман.
— Эби, Тошкентга… нимага?
— Фанлар академиясига, илмий-текшириш институтига.
Уйга кирдик. Телевизорда фарёд чекаётган ашулачи болани кўриб, охирги учрашувимизда Мусо раис кайф устида қилган хиргойи беихтиёр ёдимга тушди:

Шум рақиблар бизни ёмон бўлдирди,
Ўлмагимдан бошқа кор манга найлар.
Беклар, кечибдурман кулли боримдан,
Энди номус билан ор манга найлар.

Шоҳнинг олғир бози бордир кўлинда
Ҳуркиб-ҳуркиб қўнар соғу сўлинда,
Мансур каби “Аналҳақ”нинг йўлинда
Осилсам зулфидан дор манга найлар…

“Наҳотки шу шоҳ сатрларни оддий бир бахши айтиб кетган бўлса..? Мансур Ҳаллож, “Анал-Ҳақ”… Ўв-в боболарим-а, бобожонларим-а!” деган ўй кечди кўнгилдан. Сўнг Мусо раиснинг дард тўла нигоҳи хотирамда жонланиб, дил тубида қатъий бир аҳд юз очди.
— Ай-й, отасининг қапталига! — дея қўл силтадим Мусабой оғага ўхшаб, — эртага Тошкентга жўнаймиз! Майли, мудир бова, ахмоқ бўлсак-бўлибмиз, лекин бу ишни шундай қолдирмаймиз!

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 8-сон