Абдулла Қодирий ижоди ўзбек адабиёти тарихида алоҳида ўрин тутади. Бу улуғ адиб асарларисиз ўзбек адабиётини тасаввур қилиб бўлмайди. Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” асари билан ўзбек адабиётида роман жанрига асос солган бўлса, унинг “Меҳробдан чаён” асари миллий адабиётдаги иккинчи романдир. Абдулла Қодирийнинг бошқа асарлари ҳам ўзига хос бўлиб, улар кўп жиҳатдан ўзбек адабиётидаги янгиликдир. Хусусан, “Калвак махзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейди?” каби ҳажвий-юмористик асарлари, “Улоқда”, “Жинлар базми” сингари ҳикоялари, кўплаб публицистик мақолалари шундай дейишга асос беради. Биз таҳлилга тортмоқчи бўлган “Ўткан кунлар” романида тарихий ҳақиқат жонли ҳаётий воқеалар асосида гавдалантирилган. Воқеалар кечаётган замон ва макон манзараси худди уста мусаввир чизган картинадаги каби аниқ чизиб кўрсатилган. Абдулла Қодирий романларидан замон ва макон тасвири чиқариб ташланса, улар худди шарбати сиқиб олинган анорга ўхшаб қолади. Анорнинг эса савлати эмас, шарбати фойдали. Афсуски, айрим ўқувчилар “Ўткан кунлар”даги макон ва замон тасвирига унчалик эътибор беришмайди. Аслида, адибнинг санъаткорона маҳорати, асарнинг ўзига хос жозибаси худди шу ўринларда кўринади.
Маълумки, ”замон” деганда йил, ой, кун, тун кабилар, “макон” деганда эса уй-жой, кўча, қаср, сарой сингари жойлар назарда тутилади. Абдулла Қодирийнинг ушбу романларида тарихий воқеликни гавдалантирувчи карвонсарой, ҳужра, ўрда, сарой, ҳовли, тураржойлар тасвири муайян ўрин тутади.
Абдулла Қодирийнинг ўзи романдаги даврни “тарихимизнинг энг кир, қора кунлари”, деб атайди ва романларида “хон замонлари” манзарасини чизиб кўрсатади. Шу мақсадда “1264 ҳижрия, далв ойининг ўн еттинчиси, қишки кунларнинг бири, қуёш ботган, теваракдан шом азони эшитиладир… Дарвозаси шарқ-жанубга қаратиб қурилган бу донгдор саройни Тошкент, Самарқанд ва Бухоро савдогарлари эгаллаганлар, саройдаги бир-икки ҳужрани истисно қилиш билан бошқалари мусофирлар ила тўла”, деб замон ва маконни аниқ маълум қилиш билан бошлайди. “Ўткан кунлар” романида турли тоифадаги кишилар: хон, бек, қози, қўрбоши, ҳунарманд косиб, қоровул, миршаб, мактабдор муаллим, хон саройи мирзалари, зўравонликни касб қилиб олган бетайинлар (Содиқ, Мутал), давлатманд кишилар, аёллар, болаларнинг ўзига хос образлари гавдалантирилиб, карвонсарой, ўрда, сарой, ҳовли, мактаб, қабристон, кўча каби жой-манзилларнинг кўриниши берилади. Китобхон романни мутолаа қилаётганида қаҳрамонлар қандай пайтда қанақа жойда турганини гўё кўриб тургандай бўлади. Адабиётшунос Баҳодир Каримов “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида ўрда ва қўрғон кўриниши батафсил тасвирлаб берилганини таъкидлайди. (Карим Б. Қодирий қўрғонлари. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2006 йил 7 апрель.) Романда дастлаб карвонсарой ва ундага ҳужралар умумий тарзда тавсифланади. Кумуш истиқомат қиладиган хонадон эса “…унча мақтанарли бўлмаса ҳам, замонасининг олдинги биноларидан ҳисобланган бир айвон билан бир уйга кўз тушади. Саҳн ва бино киши зотидан бўш, шунинг учун бу ҳовли оиланинг ташқариги қисми – меҳмонхона эканлиги англашилур. Саҳннинг тун ва кун ботар жиҳатлари кичкина ҳужралар билан ўралган ва бу ҳужраларнинг барчаси эшиклари ёпиқ ва қулфланган ҳолда бўлиб, моллар билан бандлиги ва уй эгасининг давлатли киши эканлиги билинур”, деб тасвирланади. (Қодирий А. Ўткан кунлар. –Т.: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1974, 28-бет.) Адиб Мирзакарим қутидорнинг бой-бадавлат киши эканини унинг уй-жойини кўрсатиш орқали билдиради.
“Ўткан кунлар” романи асосий қаҳрамонлари Отабек ва Кумуш бир-бирларига илк бор ариқ бўйида дуч келишади. Пойафзал бозори бурчагидаги дарвозадан ичкаридаги бу жой романда “сирли ариқ бўйи”, деб таърифланади. Отабек ва Кумушнинг сирли ариқ бўйидаги бу тасодифий учрашуви роман сюжетидаги воқеалар “занжир”ида зарур ҳалқага айланади. Романдаги мураккаб воқеалар тизимини ана шу ҳалқасиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кумушнинг ариқ бўйидаги ҳолатлари, кечинмалари : “Кумушбиби ариқ бўйидаги бир ўринни кўзлади-да, сакраб нариги юзига ўтди ва чўнқайди. Унинг кўзлари мулойимгина сув устига оғдилар, ариқнинг мусаффо тиниқ суви ёввошгина оқиб келар, Кумушбибининг қаршисига етганда, гўёки унга таъзим учун секингина бир чарх уриб қўяр, ўз устида ўтирган соҳиранинг сеҳрига мусаҳҳар бўлган каби тағин бир каттароқ доирада айлангач, оҳистагина кўприк остига оқиб кетар эди” тарзида шеъриятга хос таъсирчан ташбеҳлар воситасида тасвирланади. (Ўша манба, 32-бет.) Романда бу каби ўринлар талайгина бўлиб, улар кишида кўтаринки кайфият, ажиб ҳиссиётлар уйғотади. Асарнинг ўзига хос тили, адибнинг сўз санъаткори сифатидаги маҳорати ушбу ўринларда, айниқса, ёрқин намоён бўлади.
Романда никоҳ тўйи жараёнидаги Отабек билан Кумушнинг учрашуви ҳам романтик услубда тасвирланади. Асарнинг айни саҳифалари ўзбек тўйлари, халқимизнинг урф-удумлари тўғрисида муайян тасаввур беради. Асарда тарихий давр руҳи аниқ акс эттирилади. Жумладан, “Куёв келар эди: икки томонни сириб олган хотин-қизлар ўртасидан Отабек келар эди. Унинг кетидан Офтобойимнинг эгачиси исириқ тутатар эди. Хотинлар қўлларида шам билан бунга қарар ва кузатиб қолар эдилар, куёв уйнинг ёнига етти. Унинг юзи уятдан жуда қизарган, қочгали жой тополмас эди. Шу кезда уйнинг эшиги очилди-да, янга томонидан қаршиланди”, дейилади. (Ўша манба, 61-бет.) Бу – ўша пайтларда худди ҳозиргидай тўйларда эркак ва аёллар бир жойда ўтиришмагани, электр чироғи бўлмаганини билдиради.
Маълумки, авваллари юртимизда ҳовлилар ичкари ва ташқари қисмга ажратиб қурилган. Ҳовли ичкарисидаги уйлар оила аъзоларига, ташқари қисмидагилар эса хонадонга келадиган чет кишиларга мўлжалланган. “Ўткан кунлар” романида воқеалар кечадиган жойларни кўрсатишда шунга эътибор қилинган. Жумладан, тўй саҳналари қаламга олинганда, албатта, ҳовлининг ичкариси ва ташқариси алоҳида таъкидланган. Романнинг “Тўй, қизлар мажлиси” боби: “Қутидорнинг ташқарисига эр меҳмонлар, ичкарисига хотин меҳмонлар тўлганлар”, деб бошланган ва ташқарида қандай ҳаракатлар кечаётгани, ичкарида нималар бўлаётгани: “Ташқарида бир қўша созандалар дутор, танбур, ғижжак, рубоб, най ва амсоли созлар билан дунёга жон суви сепиб, шаҳарнинг машҳур ҳофизлари ашула айтадилар. Тўй жуда руҳли… Ичкарида хотинлар мажлиси: оналарча айтганда, улар қум-тупроқдек кўп, бироқ мажлиснинг боришида тартиб йўқ, ҳовли юзи ва уйлар хотинлар билан тўлган, қайси ҳовли юзида бир товоқ ошни еб ўтиради, ким йиғлаган боласини овутиш билан овора, биров ёр-ёр ўқиб, тағин биттасининг қувончи ичига сиғмай хахолаб дунёни бузади, хуллас, бағ-буғ етти қат кўкдан ошади…” тарзида баён этилган. (Ўша манба, 52-бет.) Бу – асарда воқелик аниқ акс эттирилгани, миллий турмуш манзаралари тарихий ҳақиқатга уйғун тарзда гавлалантирилганидан далолат беради. Асарда дастлаб ўрданинг дарвоза қисми, кейин ичкари томони худди фотокамерада суратга олингандек чизиб берилади. Адиб улардаги ҳар бир унсурга алоҳида эътибор қаратиб, яхлит таъсирчан манзара яратади. Масалан, ўрданинг ичкарисини: “Ўрданинг кўпроқ қисми дарвоза томонидан қолдириб, жанубга тортилган хатти мустақим бир девор билан бўлинган эди. Нариги томон ўрданинг ичкари қисмини ташкил этиб, унда бек-ҳоким оила аъзоси турар эди. Ўрданинг ташқари қисмининг уч тарафи биносиз, фақат қўрғон деворларининг зиналари эди”, деб кўрсатади. ( Ўша манба, 69-бет.)
Абдулла Қодирий ўрда, қўрғон каби манзил-маконларни худди суратини чизгандек кўрсатиш баробарида, воқеалар кечаётган замонни ҳам аниқ таърифлайди. Бунинг учун у кўпроқ халқона таърифлардан фойдаланади. Масалан: “Қиш кунлари бир тутам, “ҳа дегунча” кеч бўлади. Бугун ҳам “ҳа дегунча”га қолмай кеч бўлган”, дейди. (Ўша манба, 32-бет.) Ёки Тошкент қамали тасвирланган жойларини олайлик. “Ўткан кунлар” романининг бу каби ўринлари Қўқон лашкари томонидан Тошкентнинг қамал қилиниши билан боғлиқ тарихий воқелик тўғрисида, Қорасарой, Тахтапул, Лабзак, Қашқар мавзеларининг ўша пайтдаги ҳолати ҳақида аниқ тасаввур уйғотади.
Тарихий манба, солномаларнинг ҳеч бирида ўрда, саройлар “Ўткан кунлар” романидаги сингари тасвирланмаган. Абдулла Қодирий уларнинг кўринишини ўқувчи аниқ тасаввур қиладиган даражада чизиб кўрсатган. Айни ўринлар муаллифнинг асарни ёзиш жараёнида ўқувчиларини бир зум ҳам унутмагани, у доимо китобхонларини ўйлаганини билдиради. Ижодкорнинг кўз ўнгида ҳамиша китобхони турса, у ёзаётган ҳар бир жумласи, қаламга олаётган воқеалари бошқаларга ҳам осонгина тушунарли бўлиши учун интилади. “Ўткан кунлар” муаллифи жойларнинг оралиғини аниқ ўлчов билан маълум қилиш билан кифояланмасдан, Марғилон ва Қўқондаги ўрдаларнинг ўхшаш ва фарқли жиҳатларини ҳам батафсил таърифлайди.
Бадиий замон ва макон асарнинг барча унсурларини қамраб олади. Жумладан, қаҳрамонларнинг кайфият-кечинмаларини бадиий замон ва макон тасвирисиз кўрсатиб бўлмайди. “Ўткан кунлар” романида ҳам қаҳрамонлар ҳолати бевосита замон ва макон тасвири асосида гавдалантирилади. Кумуш Ҳомиднинг Отабек номидан ёзган сохта талоқ хатини ўқиб, ҳушидан кетиб йиқилади. Мирзакарим қутидор бу воқеадан қандай таъсирлангани: “Вақт хуфтонга яқинлашган эди. Қизининг ҳалиги жавоби билан сабрсизликка тушган қутидор қўлига шам олиб, ташқарига чиқди ва ердан хатни олди. Қизини бунчалик фалокатга солган хатни олган еридан қўзғалмаёқ ўқиб чиқди. Хат ҳақиқатан жонсиз эди. Қутидорнинг ҳам оз қолдики, ҳуши бошидан учсин…”, деб тасвирланади. (Ўша манба, 174-бет.) Хуфтон – кундузги ёруғлик батамом барҳам топиб, борлиққа тун қоронғилиги ўз ҳумини ўтказаётган палла. Бундай пайтда атрофни аллақандай сирли мавҳумлик чулғаб олади. Одам ўзини оғир, нохуш сезади. Салгина нарса ҳам унга қаттиқ таъсир қилади. Абдулла Қодирий Мирзакарим қутидорнинг аҳволини кўрсатишда табиат билан инсон кайфияти, ҳолатидаги ана шу боғланишдан келиб чиқади. Мирзакарим қутидор ушбу хатни тун қоронғилиги бостириб келаётган пайтда эмас, тонгда ёки қуёш чарақлаб турган туш пайтида ўқиб кўрганида хатда ёзилганлар тўғрисида, эҳтимол, бошқача мулоҳаза юритарди… Адиб сюжетдаги драматизмни кучайтириш мақсадида атайлаб хуфтон вақтини танлайди.
Адиб Отабекнинг қувланиши воқеасини ҳам вақт билан боғлаб кўрсатади. Отабек Мирзакарим қутидорнинг уйига эрталаб ёки туш пайтида эмас, шом азони эшитилаётган кечки пайтда келади. Бу пайтда борлиқ қоронғуликка чўмганидан атрофдаги нарсалар ғира-шира кўринади. Мирзакарим қутидор Отабекнинг соғинч тўла кулиб турган чеҳрасини аниқ кўролмагани туфайли дағал муомала қилиб, уни ҳайдаб юборади. Агар кундузи бўлганида, Мирзакарим қутидор “отини кўчанинг ўртасида қолдириб юрган куёвининг кўришмак учун узатилган қўлини бўш ҳавода қолдирмас, титроқ ва ҳаяжонли бир товуш билан: “Уятсизга менинг уйимда ўрин йўқ, уятсиз билан сўзлашишга ҳам тоқатим йўқ… Борингиз, эшигим ёнида тўхтамангиз!” – деёлмас эди. (Ўша манба, 187-бет.) Чунки одамнинг юзи ҳамиша иссиқ. Мирзакарим қутидор сингари турмушнинг паст-баландини кўп кўрган кишилар, айниқса, биров билан юзма-юз бўлганида буни жуда яхши ҳис қилишади.
“Ўткан кунлар” романининг “Ҳасаналининг ҳийласи” бобида Отабек ва Кумушнинг икки йиллик айрилиқдан кейинги учрашуви қаламга олинади. Бу учрашув Ҳасаналининг уйида кечади. Асарда бу уй тўғрисида: “Тозагина йиғиштирилиб, ўрта ҳоллик кишиларнинг уйидек асбоб-жиҳозлар билан зийнатланган эди. Деворлар ганчланган, шиплар сирланган, оёқ ости алвон гуллик кийиз билан тўшалган ва тахмонга кирпўш кўрпалар осилган эди”, дейилади. (Ўша манба, 329-бет.) Кейин “тахмонга осилган кирпўш ўз-ўзидан қимирлагандек бўлгани” таъкидланади ва унинг орқасида Кумушнинг тургани маълум қилинади. “Ўткан кунлар”нинг бу каби ўринлари адибнинг воқеаларга сирли тус бериш маҳоратини намойиш этиш баробарида, қаҳрамонларнинг характерини ҳам очиб беради. Ҳасаналининг уйи тасвири ҳам шундай дейиш учун асос бўла олади. Биринчидан, у Ҳасаналининг озода-покиза табиатини, у Юсуфбек хожи хонадонидагилар учун қул эмас, қадрдон кишига айланганини билдиради. Иккинчидан, Юсуфбек хожи хонадонидагиларнинг диёнатли кишилар эканлиги, улар Ҳасаналига қул эмас, шу оиланинг бир аъзоси деб қараб, унинг ўртаҳол кишилардек уй-рўзғор қилиб турмуш кечиришига имконият бергани тўғрисида тасаввур уйғотади.
Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг кайфият, кечинмаларини қаламга олаётганида бамисоли руҳшуносга айланади. Жумладан, манзил-маконнинг қаҳрамонларига қандай таъсир кўрсатишига эътибор қаратади. Отабек ноҳақ қувланганидан кейин қайнотаси ҳовлиси олдидан ўтаётгандаги ҳолатини: ”Узоқ тўхтаб турмай, собит ва кучли одимлар билан пойафзал растасига юрди. Гарчи бу кўча унинг юзига қизариб-оқариш ва бўзариб-сарғайиш туслари берар эди, ўша воқеадан сўнг, оналар таъбирича “илон чиққан” бу кўчага биринчи кириши, биринчи жасорати эди. Кўчанинг бурилишида яна бироз унинг одимлари секинлашса ҳам, лекин одимлашини қўймай бораверди. Узоқдан қутидорнинг тилсимли дарвозаси кўриниб турар эди… Дарбоза ёнидаги машъум тол дарахти ҳам номуборак бир ишга гувоҳлик берган каби бўлар эди”, деб тасвирлайди. (Ўша манба, 222-бет) Ҳақиқатан, инсоннинг тасаввури хотирасида ўрнашиб қолган замон ва макон таъсирида ҳаракатга келади. Чунки ҳар қандай воқеа инсон хотирасига муайян замон ва макон орқали “муҳрланиб” қолади. Киши ўша жойни кўрганида унинг онгостига тушиб кетган кечмиш воқеалари дафъатан хотира кўзгусига қалқиб чиқиб, кишининг кўз ўнгида намоён бўла бошлайди. Ўша пайтда одам ўтмишини айни ҳолати билан таққослаб, ўзига-ўзи савол бериб, ҳаётини тафтиш қилади. “Ўткан кунлар” қаҳрамони Отабек ҳам Мирзакарим қутидор ҳовлиси олдига борганида шундай ҳолатга тушади.
Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романини ёзаётганида замонавий ўзбек насри энди тетапоя бўлаётган эди. У пайтларда хорижий адабиётдан саноқли асарлар таржима қилинган эди. Ўтган аср 20-йилларигача Европа адабиётидан бирор бир роман ўзбек тилига таржима қилинмаган эди. Лев Толстойнинг айрим кичик ҳикояларини мустасно қилганда, рус адибларининг ҳикоя, қисса, романлари ҳам ўзбекчалаштирилмаган эди. Ана шундай бир пайтда Абдулла Қодирий ҳаёт манзараси ҳаққоний акс эттирилган роман яратди. У “Ўткан кунлар” асарида ўзбек адабиётида биринчи бўлиб қаҳрамонлар турган замон ва макон манзарасини маҳорат билан тасвирлаб берди. Ушбу романдаги замон ва макон тасвирида воқеликдаги ҳар бир унсур ўз ўрнида кўринади. Ёрқин рангларда чизилган бу унсурлар тасаввурда аниқ жонланади. У кўплаб тарихий романлар муаллифи, араб ёзувчиси Жўржи Зайдон (1861-1914) асарларидан таъсирланганини таъкидлайди. “Мени рўмон ёзишға ҳавасландирган Миср фузалосидан устоз Жўржи Зайдон”, дейди. Танқидчи Сотти Ҳусайн “Ўткан кунлар” нинг анча жойи Жўржи Зайдоннинг “Армануса”, “Ўн еттинчи рамазон” рўмонлариға ўхшаб кетади”, деган. Лекин араб адибининг асарлари билан “Ўткан кунлар” романидаги замон ва макон тасвири таққосланса, Абдулла Қодирий қаҳрамонларининг ҳолат, кечинмаларини акс эттиришда юксак маҳоратини намойиш қилгани аён бўлади. “Ўткан кунлар”нинг: “Куз кунларининг охири ва қиш кунларининг боши эди. Дарахтлардаги сариқ барглар тўкилиб тугалган, ер юзи ўзининг қишки сариқ кийимини кийган эди. Тўрт томонининг ўралганлиги соясида япроқларини тўкилишдан сақлаб қолган бу гилос ёғочлари ҳам бу тунги қора совуққа чидолмай, елнинг озгина ҳаракати билан-да баргларини шитир-шитир узиб ташламоқда эдилар. Ҳаво очиқ бўлиб, қуёш тузуккина кўтарилган, аммо унинг ҳам бу кун унча таъсири йўқ, бу кунги қора совуқ қуёш кучини-да кесган эди…” каби ўринлар шундан далолат беради. (Ўша манба, 213-бет.) Романда бундай таъсирчан саҳифалар талайгина бўлиб, уларда қаҳрамонлар ҳолати замон ва маконга уйғун тарзда тиниқ ташбеҳлар, нозик кузатишлар асосида ифодаланади.
”Ўткан кунлар”да муаллиф замон ва маконни тасвирлаш орқали тарихий воқеликни аслига монанд кўрсатиш, турмушни бадиий гавдалантиришга эришган. Ҳар қандай асарнинг қиммати эса унинг ҳаётни ҳаққоний кўрсатиши, одамларнинг таъсирчан образларини гавдалантириши билан белгиланади. Шунинг учун Ойбек “Абдулла Қодирийнинг ижод йўли” асарида: “Ўткан кунлар” романи тарихий сюжетга эга. Ҳақиқатан, асарда жуда кўп тарихий воқеалар, фактлар тасвир этилади. Ёзувчи тарихий фактларни кўпроқ киритиб, асарда тарихий турмушни эслаттиришга, тарихий манзарани таъмин қилишга ҳам муваффақ бўлади. Воқеаларни чиндан хам тарихий бир шароитда, тарихий картиналар доирасида инкишоф қилади. Воқеаларнинг давомида ёзувчи обстановкани шундай тасвирлайдики, чиндан ҳам бўёқлар турмушнинг тарихий хусусиятга эга эканини гавдалантиради”, деб таъкидлаган.
Маълумки, ҳар қандай асарнинг барча ўринлари эмас, балки воқеалар энг кескинлашган, тўқнашувлар шиддатли тус олган саҳифалари кишини ўзига оҳанрабодай тортади. Оқ қоғоз бағрига бу оҳанрабони жойлаштиришдан машаққатлироқ иш бўлмаса керак. Бунинг учун, аввало, воқеалар кечаётган замон ва макон манзарасини маҳорат билан чизиб кўрсатиш, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракати, турли кечинмаларини ўқувчи аниқ ҳис қиладиган даражада сўзлаб бериш лозим. Ўқувчи “Ўткан кунлар” романи қаҳрамони Отабекнинг рақиблари билан дуч келишини бутун вужуди билан ҳис қилади. Ёки Кумушнинг тушкун кайфияти, изтироб чеккан ҳолати кишини беихтиёр маҳзун қилиб қўяди. Чунки адиб асарнинг айни ўринларида ҳаётий ҳодисаларни ажойиб тарзда таъсирчан ифода этади. Қаламга олинаётган воқеалар худди шу пайтда бўлаётгандай туюлади. Ўқувчининг қалбида аллақандай безовталик юз беради. Унда илгари сезилмаган кечинмалар, ҳиссиётлар пайдо бўлади. Чунки саҳифаларда битилган сўзларда кишиларнинг мураккаб тақдири кўринади. “Ўткан кунлар”даги қаҳрамонлар руҳий ҳолати тасвирланган ўринлар ҳар кимда сирли ҳиссиётлар уйғотади. Сўзлар поэтик мазмун касб этганида шундай таъсир ўтказади. “Қаловини топса, қор ёнади” деганларидек, санъаткор қалбидан қувватланиб чиққан сўзлар ҳам ўзидан нур таратади. Одамлар эса сўзлар таратадиган турфа хил ёғдуларни, ундаги маънолар жилосини бутун вужуди билан ҳис қилишади. Уларнинг онги, қалби бошқа нарсалардан кўра сўзлардан кўпроқ таъсирланади. Чунки одамлар оламни сўзлар воситасида идрок этишади. Сўзларнинг оҳанг товланишларидан хилма-хил маъноларни англашади. Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида чексиз ва абадий ҳаёт уммонидаги муайян замон ва маконни, ундаги одамларнинг тақдир-қисматини, қувонч ва изтиробларини кўрсатиш орқали сўз – илоҳий неъмат эканлигини, унинг мислсиз қудратини намоён этади. Шунинг учун улуғ адибнинг бу асарлари қанча замонлар ўтса-да, кишиларни мафтун этиб келади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 2-сон
Абдулла Улуғов 1960 йилда туғилган. 1983 йилда Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.“Қиссачилигимиз қирралари”, “Инсон ибратга интилади”,“Асл асарлар сеҳри”, “Ватан – ва тан”, “Қалб қандили” каби китоблари, “Адабиётшуносликка кириш”, “Туркий халқлар адабиёти” сингари ўқув қўлланмалари нашр этилган. Айни пайтда, Ўзбекистон Миллий университети доценти.