Инсон ҳаёти, унинг орзу-умидлари, мақсади йўлида интилишлари, бу йўлда дуч келган тўсиқлар, тортган машаққат, уқубатлари, руҳий изтироб-аламлари, қувонч, шодликлари, тақдир-қисмати тўғрисидаги ўй-кечинмалари, кишилараро муносабатлар мураккаблиги кабилар азал-азалдан адабиёт асарларининг асосий мавзуси бўлиб келади. Бу масалалар адабиёт асарлари учун абадий муаммо саналади. Бу муаммоларни ечиш, ҳал қилиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Чунки инсон ва унинг ҳаёти билан боғлиқ муаммолар бениҳоя чигал. Уларни осонгина тушуниб, жўнгина қилиб тушунтириб бўлмайди. Инсон ҳаёти муаммоларини англаганинг сари у чигаллашиб боради. Бу мураккабликнинг чек-чегараси йўқ. Унинг поёнига етиш ҳеч кимга насиб қилмаган. Оддий одамларни азоблаган ҳаётнинг машаққатли муаммолари пайғамбарлар, авлиё зотларни ҳам изтиробга солган. Барча одамлар азал-азалдан дунёда яшаш, тириклик ташвишларини тортиш заҳматига дуч келган. Одамларнинг онг, савияси ўсгани, яшаш тарзи яхшилангани сари уларнинг турмуш ташвишлари ортган. Бу ташвишлар аввало ҳар бир кишининг талаб, эҳтиёжи, истак-хоҳиши кучайиб боришидан келиб чиққан. Улар ўз-ўзидан одамлараро муносабатларнинг тобора мураккаблашиб боришига асос яратган. Кишилараро муносабатлар мураккаблиги ҳар бир одамнинг кайфияти, феъл-атвори, дунёқарашига бевосита таъсир кўрсатади. Чунки одамлар, истаса-истамаса, бир-бири билан боғланиб алоқа, муносабатда бўлиб яшайди. Бусиз яшаш, тирикчилик ўтказишнинг иложи йўқ. Жамоа бўлиб яшаш барча мавжудотларга, жумладан, одамларга ҳам хос хусусият, зарурият саналади. Аммо одам якка битта ўзи бир амаллаб тирикчилигини ўтказиб, бошқалардан узоқда, алоҳида яшаганда ҳам ҳаёт ташвишларидан, муаммоларидан халос бўлолмайди. Ҳеч нарсани ўйламасдан, беғам, беташвиш, хурсанд бўлиб юролмайди. Аксинча, у алоҳида — битта ўзи якка яшаганида ҳаддан ташқари кўп қийналади, азоб чекади. У — аввало — ўзининг энг зарур бирламчи табиий эҳтиёжларини қаноатлантиролмайди. Озиқ-овқат, кийим-кечак, иссиқ-совуқ муаммоси ҳар қандай иродали кишининг, агар у якка ўзи битта оролда яшайдиган бўлса, аҳволини танг қилиб қўяди. Аниқроғи, толиқтириб абгор, хароб қилади. Ёзувчи Даниэл Дефонинг қаҳрамони Робинзон Крузо тушган кема денгизда фалокатга учрайди. Тасодиф туфайли, кеманинг синган бир тахтасини ушлаб қолган Робинзон денгиздаги кичик бир орол қирғоғига чиқиб қолади. Ёзувчи Робинзоннинг тирик қолиш, яшаш учун тортган уқубатларини кўрсатади. Ёлғизлик инсонни очлик, касаллик, иссиқ-совуқдан кўра кўпроқ азоблашини Робинзоннинг оролдаги ҳар бир кечирган кунни тасвирлаш асосида гавдалантиради. Даниэл Дефонинг ушбу асари ғаройиб тақдирга эга қаҳрамони билан миллионлаб китобхонлар эътиборини қозонган. Ёзувчининг асари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, қайта-қайта нашр қилинган. Робинзон — китобхонлар учун қизиқарли қаҳрамон. Аммо ҳеч бир ўқувчи Робинзон каби яшашга интилмайди. Чунки амалда худди Робинзондай бўлиб яшашнинг имкони йўқ. Робинзон иложсизлигидан якка-ёлғиз, бир ўзи бир оролда кун кечиришга мажбур. Лекин у доим одамларга интилиб яшайди. Кеча-кундуз шу ҳақда ўйлайди. Ўз юртига — одамлар олдига бориш учун не машаққатлар билан дарахт кесиб, қайиқ ясайди… Даниэл Дефо яратган Робинзон образи — инсон ҳеч қачон якка-ёлғиз, жамиятдан буткул ажралган ҳолда яшолмаслигининг адабий-бадиий далолати, ўзига хос рамзи бўлиб кўринади.
Адабиёт асарлари инсон олами тўғрисидаги ана шундай ҳақиқатларни таъсирчан ифодалаб бериш билан эътибор қозонади. Ҳомернинг “Илиада” ва “Одессия”си, Фирдавсий “Шоҳнома”си инсон тақдири чигалликлари, одам ҳеч қачон якка-ёлғиз яшолмаслиги, ҳар бир кишининг ҳаёти, у истаса-истамаса, бошқалар билан чамбарчас боғлиқлиги, инсон ҳаёти бениҳоя мураккаблиги, у кутилмаган ҳодисаларга тўлалиги, бу воқеалар кишининг истак-ихтиёрига боғлиқ эмаслиги, турли-туман тўқнашувлар гирдобига тушиб, машаққат-уқубат тортиш, ўйлаб-изтироб чекиш асносида ҳар бир одам ҳар жиҳатдан ўсиб улғайиши, ҳаётнинг турфа ҳақиқатларини англашини кўрсатиш билан неча асрлардан буён эътибор қозониб келади. Бу асарлардаги Ҳеракл, Рустам, Суҳроб сингари образлар мардлиги, жасурлиги, ҳалоллиги билан дунё халқларининг севимли қаҳрамонига айланган. “Алпомиш”, “Манас”, “Рамаяна”, “Маҳобҳорат”, “Игор жангномаси” бош қаҳрамонлари ҳам ўзининг улуғвор инсоний фазилатлари билан турли миллат кишиларида меҳр уйғотади. Ушбу асарларнинг асрлар давомида адабиётнинг мумтоз намунаси сифатида ардоқланиб келиши, ҳар бир давр одамлари ирқи, миллати, дини, тилидан қатъи назар, Ҳеракл, Рустам, Суҳроб, Алпомиш, Манас, Рам кабиларга хайрихоҳлик билан қараши адабиёт аввало қаҳрамонлари билан жозибадор, мафтункор эканлигидан далолат беради.
Адабий қаҳрамонларнинг мавқеи — таъсирчанлиги уларда инсон руҳий дунёси қай даражада ҳаққоний, теран гавдалантирилгани билан белгиланади. Бу жиҳатдан, айниқса, рус адиби Фёдор Михайлович Достоевский асарлари алоҳида эътиборни жалб этади. Ёзувчининг асаларидаги қаҳрамонлар худди китобхон қаршисида турган одамлар каби кўринади. “Телба” романи қаҳрамони княз Мишкин, “Хўрланганлар ва ҳақоратганлар”даги Наташа, Нелли сингари қаҳрамонларнинг қайғу аламлари ҳар қандай кишини изтиробга солади, маҳзун қилиб, ўйга толдиради. Ўзининг ҳаёти, қилмиш-қидирмишлари, бировларни хафа қилиб ранжитгани, дилига озор етказгани, кимларгадир онгли равишда ёмонлик қилгани, бировнинг ишига тўсқинлик қилгани, ҳасадгўйлиги, манманлиги, худбинлиги тўғрисида муҳокама-мушоҳада юритишга ундайди. Одамнинг ичида ғайритабиий ҳолда Тафтишчи пайдо бўлади. Кўзга кўринмас бу Тафтишчининг савол-сўроқлари кишини азобга солади. Уларга жўяли жавоб қайтаришнинг мушкуллиги азоблайди. Одам ички изтироблари етказаётган алам-ситамдан қаерга қочиб қутулишини билмай қолади. Улуғ рус ёзувчиси қаҳрамонлари фъел-атворини, ички дунёсини теран тадқиқ этиш асносида инсон қалби бениҳоя мураккаб хилқат эканини намоён этади. Адиб қаҳрамонлари ҳаёт ҳақида фалсафий мушоҳада юритади.
Одам қалби билан ғайришуурий тарзда келгуси ҳаёти, тақдир-қисмати, иши бевосита боғлиқ бўладиган кишиларни сезади. Улар билан дуч келинганда кўнгилга аллақандай исмсиз бир ҳиссиёт пайдо бўлади. Бир лаҳза кечадиган бу ғалати сезимни киши албатта пайқайди. Аммо лаҳзанинг мингдан бир бўлаги намоён бўлиб ўтган қалбдаги бу қўзғалишга киши ўша пайтда кўп-да эътибор бериб улгуролмайди. Ана шу ўзгариш-қўзғалиш муҳим бир мужда, хабар бўлганини одам кейинчалик англайди. Чунки унинг ҳаётида содир бўлган жуда кўп жиддий воқеалар бевосита лаҳзанинг мингдан бир бўлагида намоён бўлган ўша ички ҳиссиётга келиб туташади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида киши қалбидаги ана шу жараён билан боғлиқ ҳодисалар қаламга олинган. Шу боисдаги Отабек, Кумуш образлари мафтункор қаҳрамонларга айланган. Бу қаҳрамонлар минг-минглаб ўқувчилар қалбида ҳайрат ва ҳавас уйғотган. Абдулла Қодирий ушбу романида қаҳрамонлар ички бир туйғу орқали келгуси тақдир-қисматлари бир-бирига боғланганини сезганини кўрсатган: “Зиёфат самимият билан чақирилганлидан дастурхон қадрли меҳмонга махсус турланган эди. Зиё шоҳичи билан ўғли Раҳматнинг ҳар замон меҳмонларни дастурхонга қисташлари бошқаларнинг иштаҳаларини очишга сабаб бўлса ҳам, аммо бизнинг Отабекка сира ҳам таъсир қилмас, хаёлланиб ўтирар эди. У нима тўғрисида хаёл суриб, қайси тўғрида ўйлар эди? Буни билиш қийин бўлса ҳам, бироқ унинг ҳозирги баъзи ҳаракатлари диққатни жалб этарлик эдилар: хаёл сурар экан, унинг кўзлари ихтиёрсиз каби қаршисидаги қутидорга қарайди, қутидорнинг кўзи ўзига тушди дегунча, кўзини ундан олиб, дастурхондаги кўнгли тиламаган нарсаларга урина бошлади… Отабекнинг бу ҳолини мажлисдагилар сезмасалар-да, аммо Ҳомид уни таъқиб этгандек эди.”1 Отабек, Мирзакарим қутидор, Ҳомид — “Ўткан кунлар” романининг асосий қаҳрамонлари. Асар сюжети тизимидаги воқеаларда улар бир-бири билан боғланган ҳолда фаол иштирок этишади. Отабек, Мирзакарим қутидор, Ҳомид бир-бирларига илк бор дуч келишганидаёқ кўнгилларида аллақандай ўзгариш пайдо бўлди. Улар бу ўзгаришга жиддий эътибор беришмаса-да, аммо сезишади.
Кишиларга меҳрибон, қўлидан келганча одамларга яхшилик қилишга интиладиган, табиатдан завқланадиган, дов-дарахтларни, гулларни яхши кўрадиган, жониворларни асраб-авайлайдиган, қурт-қумурсқага-да озор бермайдиган, кўнгли очиқ одамларга нисбатан бадфеъл, худбин, бахил кишилар сезгир, кузатувчан бўлишади. Чунки улар ҳамма нарсага гумон, шубҳа, хавотир билан қарашади. Ўзларининг манфаатига зид келадиган аллақандай ҳодиса рўй беришидан доим хавотир олиб туришади. Ичидаги жонсараклик боис улар бошқа одамларга нисбатан фаолроқ бўлишади. Кўнглидаги таҳлика уларни доим сергак қилиб туради. Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида Ҳомид ана шундай табиатли кишилар қиёфасини кўрсатади. Ёзувчи ундай кимсаларга нафратини яширмайди. Ўқувчиларда ҳам уларга нисбатан нафрат уйғонишга ҳаракат қилади. Ҳомид ташқи кўриниши жиҳатидан ҳам жирканч кимса эканини унинг портретини: “Узун бўйли, қора чўтир юзли, чоғир кўзли, чувоқ соқол, ўттиз беш ёшлардаги бўлган кўримсиз бир киши” деб тасвирлаш орқали билдириб қўяди. Ҳомид худбин, юраги қора, кир кимса бўлгани учун Отабек ўзига рақиб, душман бўлишини ички бир туйғу билан сезади. Отабек ҳам гарчи танимаса-да, Мирзакарим қутидорнинг қизи тўғрисида сўз кетганида қалбида ғайриихтиёрий тарзда бир ўзгариш сезади. Романда Отабек ва Ҳомид ўртасида содир бўлган илк қарама-қаршилик қуйидагича ифодаланади:
“Уччовлари ҳам бир нарсанинг хаёлини сургандек кўринар эдилар. Бир неча вақт шу ҳолда қолишиб, Раҳмат тоғасидан сўради:
— Мирзакарим ака қизини эрга бердими, эшитдингизми?
Бу саволдан нима учундир, Ҳомиднинг чеҳраси бузилди ва тилар-тиламас жавоб берди:
— Бундан хабарим бўлмади. Гумонимча, бермагандир.
Раҳмат сўздан четда қолдирмаслик учун Отабекни ҳам орага олди:
— Бизнинг Марғилонда бир қиз бор, — деди, — шундай кўҳликки, бу ўртада унинг ўхшаши бўлмас, деб ўйлайман!
Ҳомид, бир турли вазиятда, ер остидан жиянига қаради. Тоғасининг ҳолидан хабарсиз Раҳмат сўзида давом этди:
— Шаҳримизда Мирзакаримбой отлиқ бир савдогар киши бор, бу шунинг қизидир. Балки сиз Мирзакарим акани танирсиз. У бир неча вақт Тошкентда қутидорлик қилиб турган экан?
— Йўқ… Танимайман,
Ҳомиднинг юзидаги бояги ҳолат яна ҳам кучланиб, гўё тоқатсизлангандек кўринар эди. Раҳмат давом этди:
— Унинг ҳовлиси пойабзал растасининг бурчагидаги иморатлар. Ўзи давлатманд бир киши, Тошкент атрофларининг кўплари билан алоқадор бўлганликдан, балки отангиз билан таниш чиқар!
— Эҳтимол, — деди Отабек ва нима учундир ғайриихтиёрий бир тебранди. Унинг юзида бир ўзгариш ва вужудида бир чайқалиш бор эди. Ундаги бу ўзгаришдан Раҳмат хабарсиз бўлса ҳам, аммо Ҳомид уни ер остидан таъқиб этар эди. Бу таъқиб Отабекдаги ҳалиги ўзгаришни пайқабми ёки тасодифийми эди, бу тўғрида бир мулоҳаза айтиш, албатта мумкин эмас”.
Инсон қалбида дабдурустдан, кутилмаганда содир бўладиган ғайритабиий сезимларни ифодалаган асарлар, аниқроғи, улардаги қаҳрамонлар ўқувчилар қалбидан жой олади, уларга маънавий-руҳий қувват беради. Кино санъатида ҳам қаҳрамонлар руҳий оламдаги ўзгаришларни, улар қалбида кечган кескин жараёнларни акс эттиришга алоҳида аҳамият берилади. Бунинг учун турли техника воситаларидан фойдаланилади. Режиссёрларнинг изланишлари, топилмалари, актёрлар маҳорати, операторлар, чироқ усталари, бошқа техник ходимлар меҳнати айни шу нуқтаи назардан баҳоланади.
Инсон руҳияти, қалб кечинмалари ҳаққоний акс эттирилган асарлар барча миллат кишилари диққатини беихтиёр жалб этади. Ғарблик билан шарқликнинг, япон билан инглизнинг, рус билан французнинг, хитой билан немиснинг миллий турмуш тарзида, оила тартибларида, урф-одатларида, тўй-маросимларида, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт даражасида жиддий фарқ-тафовут мавжуд. Аммо уларнинг қалб кечинмаси, ҳис-туйғуларида, муҳаббат қувончи, изтиробларини, меҳр-оқибатини ҳис қилишида, ёвузликка муносабатда жуда яқин ўхшашлик, уйғунлик бор. Бу жиҳатдан Ер юзидаги барча миллат кишилари бирлашиб кетади. Ирқий, диний тафовутлар, тилларнинг турличалиги, давлатлар ўртасидаги сим тўсиқ-чегаралар кишиларнинг қалб кечинмалари ўртасидаги Хитой девори ўрнатолмайди. Шунинг учун японларнинг “Ошин” фильмини ўзбеклар ҳам кўзига ёш олиб кўради. Самарқандда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро фестивалида янграган ўзбек, ҳинд, эрон, турк куй-қўшиқларини америкаликлар, олмонлар, фаранглар, вьетнамликлар, лаосликлар — ҳамма-ҳамма юраги сел бўлиб эшитади.
Санъат ва адабиёт асарларида умуминсоний муштарак жиҳатлар акс этади ва улар турли миллат кишиларига бевосита таъсир ўтказади. Рус адибининг асаридан япон китобхони, бразилиялик ёзувчисининг романидан ўзбек ўқувчиси, форс шоирининг шеъридан олмон кишисининг таъсирланиши инсониятнинг илдизи бирлигидан далолат беради. Кишилар ирқи, диний эътиқоди, тилидан қатъи назар, бемалол бир-бирини тушуна олиши, ҳамкор бўла олишини билдиради.
Албатта, адабиёт асарлари муайян бир тилда яратилади. Уларда маълум бир урф-удумлар, тартибларга асосланган миллий турмуш ҳодисалари кўрсатилади. Аммо турли тилда ёзилган асарларнинг асосий қаҳрамони Одам саналади. Ер шарининг турли бурчагида истиқомат қиладиган одамлар бўй-басти, юз-кўриниши, сўзлашиши, кийим-либоси ва ҳоказо жиҳатдан фарқ қилади. Лекин шарқликлар қалбида ҳам, ғарбликлар кўнглида ҳам жуда-жуда ўхшаш, муштарак ҳиссиётлар, туйғулар туради. Осиёлик ҳам, америкалик ҳам севги-муҳаббат, соғинч, армон, орзу-умид, нафрат-адоват каби турфа хил ҳиссиётлар билан яшайди. Ғарб кишисининг ҳиссиётларини Шарқ кишиси дил-дилидан ҳис қилади. Олмон адиби яратган “Ёш Вертернинг изтироблари” асарини ўзбек ўқувчиси ўқиб, беихтиёр кўзига ёш олади. Рус шоири Александр Пушкиннинг “Евгений Онегин” романида берилган Татъянанинг мактуби қозоқ оқини Абай қалбини қанчалик мутаассир қилгани Мухтор Авезов ўз романида худди кино- фильмда намоён бўлаётгандай кўрсатган. Ёки қирғиз адиби Чингиз Айтматов яратган “Жамила” асари француз ёзувчиси Луи Арагон “жаҳондаги энг гўзал севги қиссаси” деб таърифлаган. Инглиз драматурги Вильям Шекспир асарлари, француз романнависи Оноре де Бальзак асарлари турил миллат томошабинлари, ўқувчиларини ҳаяжонга солади. Чунки уларда инсон дунёси, унинг қалбидаги муросасиз курашлар жараёни намоён қилинади. Инсон қалбидаги муросасиз курашлар жараёнини кўрсатиш жиҳатидан, айниқса, рус адиби Фёдор Достоевский асарлари алоҳида ажралиб туради. “Достоевский қаҳрамонлари ички кечинмаларида икки одамнинг муросасиз мунозарасини кўрсатади. Бу мунозара бениҳоя кескин кечганини таъсирчан ифодалаб беради”, дейди файласуф-адабиётшунос М.Бахтин. У Фёдор Достоевскийни ҳақиқий полифониянинг асосчиси сифатида эътироф этади. Полифония “кўп овозлилик” деган маънони англатади. “Полифония” термини кўпроқ мусиқий асарларга нисбатан қўлланилади. Оркестрдаги турли мусиқа асбоблари ёрдамида кўп овозли оҳанг яратилади. Турли мусиқа асбоблари оҳангини ўзаро уйғунлаштириш асосида куйлар, қўшиқлар ҳосил қилинади. Одам қалбида ҳам турли-туман ўй-фикрлар кечади, ҳар бир одам ўзи билан ўзи мунозара, баҳс қилиб яшайди. Ана шу ички баҳс-мунозара кескинлашган пайтда одам нима қилишини билмасдан, кайфияти бузилиб, асаблари “ўйнаб” кетади. Жаҳли чиққани, вужудида ички ғалаён кечаётгани унинг юз-кўзидан аён бўлиб туради. Улуғ рус адиби асарларида инсон қалбидаги “оркестр” ижро этадиган ана шу оҳангли шиддатли кўп жараённи тиниқ ифодалаб беради. Турли тақдир, қисматли қаҳрамонлари қалбидаги “оркестр”нинг турфа-туман садолари полифонияси турли миллат китобхонлари қалбини жунбушга келтиради. Ҳар бир қаҳрамонда иккита одамнинг ўзаро мунозарасини кўрсатиш Фёдор Достоевкий асарларининг асосий хусусияти сезилади. Шу боисдан бу адиб асарларидаги ака-ука Карамазовлар, княз Мишкин, Раскольников, Соня, Порфирий, Свидригайлов каби қаҳрамонлар худди тирик одамлардай туюлади.
Фотограф томонидан ишланган оқ-қора рангли суратларда инсоннинг юз-кўзи, қадди-қомати, кийим-либоси акс этади. Булар унинг ташқи олами ҳисобланади. Адабиёт асарларида инсоннинг ҳам ташқи, ҳам ички олами гавдалантирилади. Фотограф ишлаган олам ҳам қизиқарли. Аммо унга узоқ вақт қараб бўлмайди. Кўз толиқади. Мия ундаги “ифода”ни бир зумда “ҳазм қилиб” қўяди. Кўз ҳар қанча зўриқиб тикилгани билан суратдан мия эҳтиёжини қондирадиган “озуқа” ололмай қолади. “Хўрланганлар ва ҳақоратланганлар”, “Телба”, “Жиноят ва жазо” (Ф.Достоевский) ёки “Алхимик” (Пауло Коэльо) каби асарларда эса қаҳрамонлар ички оламидаги мунозаралар майдони кўрсатилгани боис, мия толиқиб қолгунича мушоҳада юритиш учун “озуқа” олади. Китобхонлар ёзувчи яратган қаҳрамондан, унинг ички ва ташқи оламидан таъсирланади. Уларнинг қалбида, онгида адабий асарлар қаҳрамонлари таъсирида турли ўй-мулоҳазалар пайдо бўлади.
Ҳар бир миллатнинг турмуш тарзи, ардоқланган қадриятлари албатта адабиётида акс этади. Чунки адабиёт асарларида кишилар ҳаётининг барча жиҳатлари ўз ифодасини топади. Бошқа ҳеч бир соҳа адабиёт асарларичалик кишилар турмушини кенг кўрсатиб беролмайди. Санъатнинг адабиётдан бўлак турлари ҳаётнинг муайян бир жиҳатлари, кўринишларинигина гавдалантиради. Бу ҳаммага аён ҳақиқат.
Адабиёт асарларининг ҳаётни кенг кўламда кўрсатиши аввало турмушни турли қарама-қаршиликларда акс эттиришида намоён бўлади. Ҳаётда турли-туман нарса-ҳодисалар муттасил ҳаракат қилади. Шу боис улар ўртасида қарама-қаршилик, ўзаро тўқнашув юзага келади. Бу тўқнашув турли тарзда, муросасиз кечади. Шиддатли курашлар натижасида ғолиблар ва мағлублар пайдо бўлади. Турли майда микроблар, бактериялардан тортиб йирик жонзотларгача яшаш учун курашади. Улар ўз теварак-атрофидаги муҳит билан, бир-бири билан тўқнашади. Шиддатли ҳаракат бутун мавжудотни ҳар жиҳатдан улғайтиради. Ҳаётнинг мана шу ҳақиқати оғзаки ва ёзма адабиёт асарларида ифодаланади. Эртак, афсона, қўшиқларда ҳам, достон, шеър, роман, қисса, ҳикояларда ҳам ҳаёт қарама-қаршиликлари тўғрисида сўз юритилади. Қарама-қаршиликлар кураши азал-азалдан адабиёт асарларининг асосий, бош мавзуси бўлиб келади. Табиийки, табиатдаги ҳар бир ҳодиса, ундаги ҳар бир ўзгариш бевосита кишиларга дахл қилади. Чунки одамлар уларни кўради, кузатади, ҳис қилади. Энг муҳими — улардан ўз манфаатини кўзлайди. Ана шу мақсад, ният кишиларни ҳар хил кўйга солади, турли ҳаракатларга ундайди. Инсон ҳаётда наф олиш истаги билан яшайди. Аммо манфаат илинжида яшайдиган инсон, барибир, яхшиликка, эзгуликка интилади. У табиатнинг нафосатидан, ўзининг, бир-бирининг нафис амалларидан, гўзал хулқидан завқ олади. Бу хусусият ҳар бир одам табиатига, вужудига илоҳий тарзда сингдирилган.
Одамлар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда, теварак-атрофдаги ҳодисалардан таъсирланади. Аммо уларни ҳамма ҳам бир тарзда қабул қилмайди. Кимдир кўпроқ, кимдир камроқ таъсирланади. Теваракдаги ҳодисалардан хулоса чиқаришда ҳам ҳамманинг хаёлига ҳар хил ўй-фикр келади. Бу ҳар кимнинг ёши, турмуш тажрибаси, билими даражаси, энг муҳими, унга худо берган ички қобилият, имкониятдан келиб чиқади. Худо ҳар кимни ўзига хос қиёфа-кўринишу тақдир-қисмат, ризқу насиба билан яратган. Шу боисдан кишиларнинг ҳаётни тушуниш, мавжуд билим, тажрибаларни ўзлаштириш, келгусини англаш даражаси ҳар хил бўлади. Бу борада салоҳияти баланд кишилар дарҳол бошқалар эътиборини ўзига қаратади. Минг-минглаб кишилар бир кишини — ақл-тафаккури жиҳатидан бошқалардан баланд турган шахснинг сўзини тинглайди, унга итоат қилади, эргашади, таассуб қилади. Албатта, бу жараён жўн, жуда осонлик билан кечмайди. Ҳар бир шахс ўзини танитгунча, ибратга айлангунча мураккаб тўсиқларга дуч келади, оғир азоб, машаққатлар тортади. Чунки ҳар бир одам ўзини ақлли, кучли деб билади, ҳар бир одамнинг кўнглида кибр-манманлик яшайди. Манманлик хуружи бошқаларни тан олишга монелик қилади. Ички бир васваса ҳар бир одамга: “Бошқалардан асло кам эмассан, аксинча, ҳаммадан сен зўрсан”, дея қутқу солиб туради. Шунинг учун одамлар пайғамбар, набийларни ҳам, шайх, авлиё зотларни ҳам, подшоҳ, султонларни ҳам, олим-уламо, шоир-ёзувчиларни ҳам осонгина тан олиб, эътироф этмайди. Кишилар кўнглидаги кибр туфайли пайғамбарлар, набийлар, расуллар беҳад машаққат, уқубатлар тортган. Сув юзига қадам қўйиб, дарёдан ўтган, одамларни фалокатлардан огоҳ қилган авлиё зотлар таҳқирланганлар. Фиръавнлар, шоҳлар, подшоҳлар, султонлар, хонлар, амирлар, беклар одамларга ўзларини тан олдириш, итоат қилдириш учун қон тўкишган, фитналар уюштиришган. Аммо одамлар феъл-атворидаги кибр — манманлик, шуҳратпарастлик қанчалик кучли бўлмасин, улар кимгадир ҳавас қилади, ҳасад қилади. Ўшандай бўлишга интилади, ҳар бир ҳаракатида кимгадир таассуб қилади. Бу ҳар бир одам, истаса-истамаса, кимдандир ибрат олишга интилишидан далолат беради. Аллоҳ одамлар қалбига ана шу туйғу, ҳиссиёт, истак, эҳтиёжни жо этгани туфайли улар орасидан ҳар жиҳатдан ибрат бўладиган зотларни ҳам яратиб туради. Пайғамбарларни, набийларни бошқаларга ибрат қилиб юборади. Уларни мўъжизалар кўрсатадиган қилиб қўяди. Авлиёларни кароматгўй қилади. Шайхларга беқиёс илм беради. Баъзи кишиларга жисмоний куч-қудрат ато этади. Одамлар эса ўзларидан устун бўлган бу зотлардан ибрат олади. Уларга эргашади. Инсон табиатидаги ана шу хусусият боис, санъат ва адабиётда азал-азалдан ибратли қаҳрамонлар сиймоси яратиб келинади. Ҳайкалтарошлар, рассомлар худо, фаришталар, пайғамбарлар, набийлар, авлиёларни ўз тасаввурлари асосида гўзал қиёфада яратишади. Инсоннинг хочга тортилган ҳолати акс этган шакл-расмни одамлар ардоқлаб бўйинларига тақиб юришади. Пайғамбарларнинг ҳайкалтарош, рассом яратган суратига қараб, тоат-ибодат қилишади. Ундан нажот сўраб, тилак тилашади. Айрим кишилар шайхлар, авлиёларнинг қабри, мақбарасига бориб, қурбонлик қилади. Мушкули ҳал бўлиши, дуолари мустажоб бўлишини сўрашади. Турли динларга эътиқод қилувчи кишиларнинг ҳар хил амал-ҳаракатлари уларнинг қудратлироқ кучга эътиқод қилиш, уни ўзларига ибрат деб билишидан келиб чиқади.
Дастлаб санъат ва адабиётда илоҳий кучлар — фаришталар ибрат тимсоли сифатида кўрсатилган. Улар пайғамбарлар — худо юборган хабарчи сифатида ибратга айланган. Пайғамбарлар ҳаёти ҳақида турли афсона, ривоятлар тўқилган, қиссалар, ҳикоялар яратилган, набийлар, расуллар ҳар жиҳатдан намуна олишга муносиб зот сифатида таъриф-тавсиф қилинган. Ҳазрати Одам алайҳиссалом, Нуҳ пайғамбар, Иброҳим алайҳиссалом, Довуд, Сулаймон, Мусо, Исо, алайҳиссалом ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар ибрат-намуна сифатида аждодлардан авлодларга ўтиб келган. “Қиссаси Рабғузий”даги пайғамбарлар ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар фавқулодда ўткир драматизмга бой сюжети билан бугунги ахборот асри кишисини ҳам ҳайратга солади. Пайғамбарлар ҳар бир замоннинг энг илғор кишилари учун ибрат сифатида таассурот қолдиради. Пайғамбарлар нафақат Рабғузий сингари ўтмиш давр ижодкорлари, балки Чингиз Айтматов, Михаил Булгаков, Пауло Коэльо каби замонавий адиблар асарларида ҳам ибратли қаҳрамон сифатида кўрсатилади. Улар метин иродаси, сабр-бардоши, ҳақ йўлда собитлиги, худо ато этган ақл-заковати, Аллоҳга эътиқоди, одамларга меҳрибонлиги билан ҳар қандай кишини лол қолдиради. Кўнглида чин бир ҳавас уйғотади.
Адабиётда пайғамбарлар, расуллардан кейин авлиё зотлар, шайхлар комил инсон сифатида кўрсатилган. Шарқда, мусулмон оламида Муҳаммад пайғамбарнинг чаҳорёрлари, саҳобалари ҳаётидаги ҳодисалар ибратли ҳикояларга айлантирилган. Бу ҳикоялар қадри замонлар ўтиши билан ошиб бораверган. Ҳақ йўлида машаққат тортган, ўз нафси ҳаловатини эмас, одамлар манфаатини ўйлаган бу зотлар комиллик намунаси бўлиб кўринаверган. Уларга ҳавас кишиларни эзгу амалларга чорлаган. Қабоҳат, разолат, ёвузлик билан курашган эзгу ниятли бундай кишилар дунёнинг тараққиётини таъминлаган.
“Авесто” сингари қадимий обидаларда ҳам оламда икки куч — Эзгулик ва Ёвузлик кураши мавжудлиги, бу муросасиз зиддиятда охир-оқибат Эзгулик ғалабага эришиши таъкидланган. Эзгуликнинг ёвуз кучлар билан курашда ғолиб келиши барча динларнинг илоҳий китобларида ҳам эътироф этилган. Ёвуз кучлар билан кураш осон кечмаслиги барча халқларнинг энг кўҳна адабий ёдгорликларида ҳам кўрсатилган. Ҳиндларнинг “Рамаяна”, “Маҳобҳорат”, славянларнинг “Игорь жангномаси”, олмонларнинг “Нибелунглар ҳақида қўшиқ”, туркийларнинг “Ўғузнома”сида ёвузлик ва эзгулик ўртасидаги аёвсиз кураш ва унда ёвузликнинг мағлуб бўлиши, эзгуликнинг зафар қозониши ҳикоя қилинган. Улардаги эзгулик тарафдори бўлган кучларга асрлар мобайнида барча кишилар ҳавас билан қараб келган. Рам, Игорь, Алпомиш, Манас ҳозирги замон кишилари кўнглида ҳам ҳавас ва хайрихоҳлик уйғотади.
Кишилар кўнглида эзгулик ҳисларини уйғотадиган қаҳрамонлар образини яратиш ҳамиша ижодкорларнинг бош муддаоси саналади. Фирдавсий “Шоҳнома” достонида Рустамни, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий ўз “Хамса”ларида Лайли ва Мажнунни, Хусрав, Фарҳод, Ширинни, Дилором, Искандарни кишиларни эзгуликка ундовчи қаҳрамон сифатида кўрсатади. “Хамса”нинг илк достонларида эса бевосита шоирларнинг ўзи бош қаҳрамон сифатида намоён бўлади. Бу достонларда турли ҳикоялар баён қилинса-да, албатта хотимада шоир образи майдонга чиқади. У эзгулик тарафдори сифатида ўқувчиларини яхшиликка даъват қилади. Жумладан, Навоий ҳақиқий одам ўз қўл кучи, ақли, билими, маблағи, маслаҳати, ширин сўзи билан эл-юртга фойда етказишини таъкидлар экан:
Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Балки бу нафъ ўзунгга кўпракдурур, —
дейди. Агар киши ўзгаларга ёмонлик қилса, бу билан у, биринчи навбатда, ўзига ёмонлик қилгани хусусида:
Улки зарар шевасини тавр этар,
Элга демаким, ўзига жавр этар, —
дейди. “Фарҳод ва Ширин” достонида эса Фарҳод образини яратиб, уни шуҳратпараст, тож-тахтни эгаллаш учун бир-бири билан қирпичоқ бўлиб ётган худбин шаҳзодаларга ибрат қилиб кўрсатади. Шу мақсадда Фарҳоднинг туғилишидан то ўлимигача бўлган ҳаётини нақл қилади. Фарҳод илм ўрганиш ва меҳнат қилиш иштиёқи туфайли ҳар жиҳатдан ҳавас қилса бўладиган комил инсон даражасига эришганини маҳорат билан шеърий мисраларда ифода қилади. “Хамса” муаллифлари ҳалоллик, меҳнатсеварлик, ўз нафсини енгиш, ўзгалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўйиш, камтарлик каби инсонни улуғлайдиган фазилатларни комилликка эришиши асоси деб билади. Навоий ўз достонида Фарҳод образини романтик пафос билан яратган бўлса-да, унинг фаолиятида, халқ-одобида оддий одамлар ҳам, шаҳзода, султонлар ҳам эришиши мумкин бўлган фазилат-хусусиятларни кўрсатади. Эл-юрт манфаати, мамлакат тинчлиги, осойишталигини ўйлаган шоир жамиятда Фарҳод ва унга ўхшаш кишилар кўп бўлишини, ҳамма улардан ибрат олишини орзу қилади. Ҳақиқий инсон худди Фарҳод каби бўлиши кераклигини таъкидлайди.
Навоий ушбу достонида комилликка ақли, иродаси, илм ва ҳунар ўрганиши, ҳалол меҳнат қилиш орқали эришишига алоҳида эътибор қаратади. Шоир илгари сурган бу ғоялар келгуси замонларда ҳам ўз қадр-қимматини сақлаб қолади. Фарҳод меҳнати, чин дилдан қилган хизмати туфайли бошқа юрт кишилари меҳрини қозонади. Дилидаги чин покиза муҳаббати туфайли ўзга элнинг маликаси севгисига сазовор бўлади. Навоий худбинлик хуружини енгиш инсонга шараф келтиришини Фарҳод тимсолида кўрсатади.
Шарқ ва ғарб адабиётида ёрқин қаҳрамонлардан бири бўлиб келган Искандар образида ҳам ижодкорлар ҳақиқий инсон, адолатли ҳукмдор ҳақидаги орзу, қарашларини ифода этишган. Фирдавсий “Шоҳнома”да Искандарни адолатли подшоҳ сифатида кўрсатади. Искандарни адолат посбони сифатида гавдалантириш “хамса”навислар учун ҳам анъанага айланди. Чунки турли салтанатлар ўртасида, катта-кичик ҳукмдорлар орасида муттасил қирғинбарот урушлар юз бериб турган замонларда адолатли, одил, доно подшоҳ бўлишини орзу қилиш табиий эди. Илоҳий китобларда ҳам, шоирлар яратган достонларда ҳам, Рабғузийнинг “Қиссасул анбиё”сига ўхшаш асарларда ҳам Искандар дунёни забт этган, ўз салтанатини ғоят адолат билан бошқарган, мазлумларнинг дардига малҳам бўлгани, инсониятни бало-офатлардан сақлаб қолгани, душманлари, рақибларига ҳам бениҳоя бағри кенглик билан муносабатда бўлгани, аммо бутун дунёни забт этган ана шундай зот ҳам оддий одамлар сингари касалликка чалиниб, оламдан ўтгани айтилади. Навоий достонида Искандар касал бўлиб қолганида онаси, аниқроғи, уни боқиб тарбиялаган аёл Бонуга фарзандлик вазифасини муносиб адо этолмаганидан ўкиниб, хат ёзгани ва вафот этганида бир қўлини тобутдан чиқариб қўйишни илтимос қилгани баён қилинади. Искандар ўз ўлими билан ҳам одамларга панд бериб, ибрат бўлгани барча достонлар хотимасида келтирилади.
Искандар, Ҳеракл, Алпомиш, Рам, Манас, сингари ўнлаб қаҳрамонлар ўзининг жасорати, шижоати, адолат йўлидаги кураш, ҳалоллиги билан ҳаваслан-тирган бўлса, нега дунёда урушлар, можаролар рўй берган? Нега тож-тахт талашларидан миллионлаб бегуноҳ кишилар қони дарё бўлиб оққан? Мол-дунё, ҳокимият учун ака ва укалар, ота ва болалар ўртасида мунтазам можаро кечган? Нима, одамлар Искандар қиссасини, Хисраву Фарҳод тўғрисидаги достонларга бефарқ бўлишганми? Афсуски, ўз-ўзидан туғиладиган бундай оғриқли саволларга “икки карра икки тўрт бўлади” деган аниқ жавоб бериб бўлмайди. Чунки қонли можаролар, вайронагарчилик келтирувчи урушлар бошида турган ҳукмдорлар, лашкарбошилар ҳам, ҳаёт-мамот жангларида иштирок этган, бир-бирига қилич кўтариб, тиғ санчган кишилар ҳам Рустам ҳақидаги достон-дан, бир қўлини тобутдан чиқариб қўйишни васият қилган Искандар қисмати ҳикоятидан хабардор бўлишган. Рустамдай қудратли, жасур бўлишни орзу қилишган. Искандар пандидан бениҳоя мутаассир бўлишган. Аммо… ҳукмдорлар, оддий одамлар ибрат бўлиб яшаб ўтган пайғамбарларга, шайх, авлиёларга, шоирлар хаёли ва илҳоми яратган Рустам, Фарҳод, Алпомиш, Манасга ҳавас қилишган-у, амалда эса бунга эриша олмаган. Улар ўз вужудларидаги шайтон қутқусини енголмаган. Кибрга берилиб, манманлик, шуҳратпарастлик қилишган. Табиийки, Фирдавсий, Низомий, Деҳлавий, Навоий яратган Искандар, Рустам, Фарҳод каби қаҳрамонлар китоб саҳифаларидан чиқиб, ҳеч бир султонга “Уруш қилма. Тинчликни, халқнинг осойишталигини ўйла. Бўлмаса, ўзинг ҳам, фарзандларинг ҳам ҳалок бўлади” деб турмаган. Пайғамбарлару адабий қаҳрамонлар шундай қилиши амалда мумкин ҳам эмас. Чунки ҳар бир одам — ўзига хос бир олам, ҳар бир киши теварак-атрофидаги ҳодисалардан ўзича таъсирланади, ибрат олади, ўз истагича ҳаракат қилади. Одам табиатининг мана шу мураккаблигидан турфа-туман чигалликлар, кутилмаган зиддиятлар, можаролар келиб чиқади. Шунинг учун мамлакатлар ўртасида урушлар, ота билан бола орасида келишмовчиликлар юзага келади. Севги-муҳаббат можаролари, оила низолари ҳам бир-бирига ён беришни истамасликдан, тушунмовчиликдан пайдо бўлади.
Асрлар ўтиши билан одамлар пайғамбарларга, Искандар, Рустам, Фарҳод сингари фавқулодда ақлли, қудратли илоҳий зотларга ҳар қанча ҳавас қилган билан етиб бўлмаслигини, улар орзу чўққиси эканини англашган. Онг, дунёқарашда юз берган ана шу ўзгариш таъсирида адабиётда шу замин, шу замон одамлари ҳаётини кўрсатиш бошланган. Ёзувчилар, шоирлар, одатда, ҳаёт воқеаларини қаламга олиш орқали, ҳалол, камсуқум, меҳнаткаш, кишиларнинг ибратомуз образини яратишга интилишган.
Албатта, инсоният тарихи бир текис кечмагани сингари миллий адабиётларда ибратли қаҳрамонлар образини яратиш жараёни ҳам узлуксиз занжир ҳосил қилмаган. Ўзбек адабиётида Навоий Фарҳодни ибратомуз қаҳрамон қилиб кўрсатган. Навоийдан кейин Бобур, Машраб, Турди, Увайсий, Нодира, Огаҳий, Муқимий, Фурқат сингари улкан истеъдодли ижодкорлар етишиб чиққан. Бироқ турли даврларда яшаган бу ижодкорлардан бирортаси ёрқин ибратли қаҳрамон яратолмаган. Аксинча, уларнинг асарларида даврдан нолиш, ҳукмдорлардан шикоят қилиш асосий ўрин олган. ХХ аср бошларигача ўткан салкам тўрт аср давомида ўзбек адабиётида бирорта ҳавас қилишга арзийдиган адабий қаҳрамон сиймоси яратилмаган. Бошқа туркий халқлар адабиётлар тарихида ва ҳаёт ўртасидаги мураккаб боғланишнинг эътибордан четда қолиб келаётган жиҳатларини англаш имконини беради. Адабиёт тарихини кузатиш шундан далолат берадики, адабиётда ибратомуз қаҳрамонлар жамият ҳаётида кескин бурилишлар рўй берганда юзага келади. Маънавий-ахлоқий баркамол, муайян ғояга сидқидилдан берилган, бу йўлда ҳар қандай қийинчилик, машаққатларни енгиб ўтиш учун ўзида куч, ирода топа оладиган, эл-юрт манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган адабий қаҳрамонлар сиймосини кўрсатиш орқали маълум бир мафкура тарғиб-ташвиқ қилинади. Бу даврда кишилар онгига муайян ғояни сингдириш асосий мақсад қилиниб қўйилади. Адабиётдан барча даврларда ҳам сиёсий мақсадларда фойдаланилади. Бу Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам кузатилади. Фирдавсий “Шоҳнома”сида ҳам, “Хамса”ларда ҳам, ҳиндларнинг “Маҳобҳорат”, “Рамаяна”сида ҳам ўз даврининг энг муҳим муаммоларига эътибор қаратилади ва муайян ғоялар илгари сурилади. Туркий халқларнинг “Алпомиш”, “Манас” каби достонларида ҳам уруғ-қабилаларини бирлашишига, ўзаро ҳамкорлик қилишга чақириш ғояси асосий ўрин тутади. Чунки бу достонлар яратилган ва ундан кейинги замонларда ҳам ушбу ғоя ғоят долзарб муаммо бўлган.
XVIII асрдан бошлаб, барча халқлар адабиётида ҳукмдорлар, амалдорлар, бой-мулкдорлар зулмига қарши курашувчи қаҳрамонлар образини кўрсатиш йўналиши юзага келган. Бу даврда катта ер эгалари, фабрика-завод хўжайинлари, корхона соҳиблари, судхўрлар, амалдорлар томонидан хўрланган, қашшоқ, камбағал кишилар образини яратиш жаҳон адабиёти манзарасининг муайян жиҳатини белгилаб берган. Француз адиблари Бальзак, Мопассан, рус ёзувчилари Иван Тургенев, Федор Достоевский, Лев Толстой ўз асарларида амалдорлар, катта мулк эгалари, бойлар, судхўрлар ҳаётини кўрсатиб, мамлакатда минг-минглаб кишилар уларнинг худбинлиги, манфаатпарастлиги туфайли хор-зор бўлаётганига эътибор қаратишган. Амалдорлар, бой, мулкдорларни жамиятдаги барча иллатлар айбдори сифатида гавдалантириш барча халқлар адабиётига хос умумий тамойилга айланган. Лекин бошқа ҳодисалар сингари адабиётдаги бу тамойил ҳам дабдурустдан, ўз-ўзидан эмас, муайян замин асосида юзага келган. Маълумки, жамиятда кишилар ўртасида кескин табақаланиш пайдо бўлганида, маълум бир гуруҳ кишилар беҳад бойиб, маишатда яшаб, аксарият аҳоли чор-ночор кун кечирганида аста-секинлик билан бой-амалдорларга адоват, нафрат кучайиб боради. Ҳаётдаги ана шу ҳодиса адабиётга ҳам кўчиб ўтади. Чунки, шоир, ёзувчилар, ижод аҳли кўриб, кузатган воқеаларига асосланади.
Ҳукмдорлар, амалдорлар, бой-бадавлат мулкдорларнинг жоҳиллиги, инсофсизлиги, маишатпарастлиги доимо жамиятда айниш, бузилишлар кучайишига олиб келади. Барча халқлар оғзаки мулкдорларга қарши кураш, бойларни йўқотиш, мулкни умумлаштириш ғояси юзага келиши ва уни маълум мамлакатларда амалга ошириш-социализм барпо этиш ҳаракати бошланишига аввало бой-бадавлат кишиларнинг ҳаддидан ошиши, инсофсизлиги, бошқаларни таҳқирлаб, зулм ўтказиши сабаб бўлган. Тожик адиби Садриддин Айнийнинг “Қуллар”, “Дохунда”, “Одина”, қозоқ ёзувчиси Мухтор Авезовнинг “Абай”, “Қараш-қараш”, ўзбек ёзувчиси Ойбекнинг “Қутлуғ қон” каби асарларида бой мулкдорлар томонидан бошқаларнинг хўрлангани гавдалантирилган. Бу асарларда ўша давр ҳаёти, давр ҳаёти ҳодисалари, турмушда рўй берган реал воқеалар қаламга олинган. Шўро сиёсати бойларга нафрат ғазабини сочиб турган бир пайтда ёзилган ушбу асарларда камбағал кишилар айб-гуноҳлардан холи, ҳатто, хаёлида ҳам ёмонликни ўйламайдиган, “мусичаи беозор” қилиб гавдалантирилганки, мана шу жиҳат ҳақиқатга мос келмайди. Шўро даврида яратилган асарларда “Бойларни — ёмон, камбағалларни — яхши” қаҳрамон сифатида кўрсатиш инсон табиати мураккаблигини ҳисобга олмасликдан келиб чиққан. Кишининг яхши-ёмон бўлиши фақат унинг бой ёки камбағаллигига боғлиқ эмас. “Одамнинг табиатини бир чеккага йиғиштириб, мантиқнинг ўзи билан иш кўриб бўлмайди! Мантиқ билан ҳодисанинг сиртқи томонини кўриш мумкин, инсон табиати эса миллионлаб кўринишларга эга” — дейди улуғ рус адаби Фёдор Достоевский. “Инсон табиатининг миллионлаб кўринишларга эга” эканлиги, яъни киши кайфият, кечинмалари, хатти-ҳаракатининг мунтазам ўзгариб туриши камбағал-қашшоқни ҳам, бой-бадавлат кишини ҳам айнан бир қолипдаги “яхши” ёки “ёмон” қилиб кўрсатиш асоссизлигидан далолат беради. Айнан “яхши” ёки унинг акси бўлган адабий қаҳрамон ҳақиқий ҳаёт кишиси сифатида таассурот қолдирмайди. Шўро даврида ёзувчилари “ижобий” ва “салбий” деган ясама қолипга солинган ўнлаб адабий қаҳрамонлар орбазини акс эттиришди. Шўро мафкураси ғояларига алданган минг-минглаб кишилар Николай Островский яратган Павел Корчагин образига ишондилар. Ўзбек ўқувчилари Ойбек романидаги Йўлчи, Гулнорни ибрат олгулик адабий қаҳрамон деб қарадилар. Аммо аксарият китобхонлар Корчагин, Йўлчи, Гулнор ҳаётдаги одамлар сингари фикр юритмаслиги, ўзининг хато, нуқсонларини ўйлаб кўрмаганини англамадилар. Аслида Корчагин, Йўлчи, Гулнор сингари оддий одамларгина эмас, мутафаккир, донишмандлар ҳам хато қилади, гуноҳ ишларга қўл уради, янглишади. Шўро адабиётида коммунистлар ҳеч қачон янглишмайдиган, ҳар қандай машаққат, уқубатни мардонавор енгиб ўтадиган қаҳрамон сифатида кўрсатилди.
Ҳар бир кишининг ҳаётида, ҳаракат-интилишларида албатта қандайдир камчиликлар бўлади. Чунки унинг ҳам нафси, вужудининг табиий эҳтиёж, истаклари бор. Қолаверса, кишининг иши, мақсад-муддаосига эришиш фақатгина унинг ўзига боғлиқ эмас. Одамларнинг кундалик ҳаёти, тақдир-қисмати кўринмас ришталар орқали бир-бирига боғлаб қўйилган. Кимнингдир сустроқ ҳаракати, боқибеғамлиги ёки бошқа бир сабаб бировнинг неча йиллик меҳнати, интилишларини йўққа чиқаради. Ёки одамнинг ўзи ҳам ҳиссиётларига алданиб, эҳтиросларига қул бўлиб, кутилмаганда оиласига, дўстларига, севгилисига хиёнат қилади. Рус адиби Гогол “Тарас Бульба” асарида душман томонидан бўлган қизни бир кўришда севиб қолиб, сафдошларига, юртига хиёнат қилиб, қочиб кетган сотқин йигитнинг ўз отаси томонидан отиб ташланганини тасвирлайди. “Алпомиш” достонида Товка ойим шоҳ отаси душман санаб, зиндонга ташлаган Алпомишга:
Сизни эшитиб меҳнат тортиб келаман.
Отим Товка, шоҳнинг қизи бўламан.
То ўлгунча сенга хизмат қиламан,
Зиндондан чиқарсам нимам бўласан?
Давлатим бор, шоли шалдам ўрайин,
Жамолим балх уриб сенга қарайин,
Сени лойиқ кўрса қодир худойим,
Мендай ойим сенга чўри бўлайин.
Зиндондан чиқарсам нимам бўласан?—
деб ёлворади. Кўнгилда кечган бир лаҳзалик ўзгариш таъсирида ўзи англамаган ҳолда ака укага, фарзанд отага, дўст ўз биродарига рақиб, душманга айланади. Бу — одамнинг дабдурустдан қилиб қўйган хатоси ва ички бир ўжарлик таъсирида ён беришни истамаслиги, муроса-мадора қилишга бўйин ёр бермаслиги туфайли келиб чиқади.
Шу боисдан фариштасифат қилиб кўрсатилган адабий қаҳрамонлар тезда унутилади. Улар сунъий гул сингари диққатни бир фурсатгина банд қилади ва хотирадан ўчиб кетади. Шарқу ғарбда узоқ асрлардан бери Шайх Санъоннинг эътиқоди йўлида интилишлари, адашишлари, азобланишлари, тортган машаққатлари, муридларию бошқаларнинг ихлосини қайтариши, тарсо қизнинг шартларини бажариб, чўчқаларнинг гўнгини кураб тозалаши билан боғлиқ воқеалар ҳозирги замон кишисини ҳам ҳайратга солади. Бу қиссани ўқиш давомида шу нарса аён бўладики, адабий қаҳрамоннинг жозибадорлиги, таъсирчанлиги унинг хатоларсиз, пок-покиза яшашидан эмас, балки драматик воқеаларга тўла тақдири, қисмат йўлларида тинимсиз интилиши, ўз мақсадига етгунча тўхтовсиз ҳаракат қилишидан келиб чиқади. Ҳаётда ҳам ҳаракатчан, тиниб-тинчимас кишилар кўпроқ эътиборни тортади. Улар ҳеч бир нарсага бепарво, лоқайд қарамайди. Ҳамма нарсага қизиқади, қўл уради, таваккалига ҳаракат қилади. Муваффақиятларга ҳам эришади, янглишиб хатоларга ҳам йўл қўйишади. Бир қарасанг — бой-бадавлат, дўпписи ерга тушиб кетса, пул бериб олдиради, бир қарасанг — камбағал-фақир, уст-боши бир аҳволда, ночор, бировдан пул сўраб туради. Яна сал вақт ўтмасдан ўзини ўнглаб олади. Адабий асар қаҳрамонлари ҳам ўзининг изланиши, хато-камчиликлари, янглишишлари, интилиши билан қизиқарли бўлади, ёдда сақланиб қолади. Шўро даври адабиётида Чингиз Айтматов яратган Танабой образи ўзида инсонга хос жамики сифат-хусусиятларни ўзида мужассамлаштиргани билан ажралиб туради. Танабой-коммунист, у шўро сиёсати ғояларига бениҳоя фидоий. Танабой ўз манфаатини эмас, мамлакат манфаатини ўйлаб меҳнат қилади. Дунёқараши, феъл-атвори ҳар хил одамларга дуч келади. Улар билан тўқнашиб, изтироб чекади, қийналади. Коммунист бўлиб юришни шараф деб билади. Бунинг учун ҳаётини бағишлайди. Аммо ўз келинидан ҳам: “Бутун умрингиз чўпонликда, йилқичиликда ўтар экан, партияга киришнинг нима ҳожати бор эди сизга? Барибир охирида ҳайдабдилар. Шу важдан ўғлингизга ҳам йўл йўқ энди. У энди юз йилгача бир лавозимда юраверади. Сизлар у ёқда, тоғда, ўз уйингиздасиз, сиз кексаларга бундан ортиқ нима керак! Бизлар бўлсак, мана, касофатларингизга қолаяпмиз” деб таъна, маломат эшитади.
Чингиз Айтматов асарлари қаҳрамонларининг ҳаётийлиги билан диққатни жалб этади. Адибнинг Жамила, Дуйшен, Танабой, Мўмин чол, Эдигей, Бўстон сингари қаҳрамонлари ҳаётдаги одамлар каби таассурот уйғотади. Уларнинг шахсий ҳаёти, даврнинг ижтимоий-маънавий муаммолари тўғрисидаги ўй-кечинмалари турли миллат китобхонларида қизиқиш уйғотади, қалбини тўлқинлантиради. Чунки Чингиз Айтматов қаҳрамонлари тимсолида юксак инсонпарварлик ғояларини илгари суради. Инсонни улуғлаш, уни тушуниш, англаш эса чегара, тўсиқ билмас ҳодиса саналади. Адабий қаҳрамонни инсонпарварлик нуқтаи назаридан кўрсатиш шу боисдан ҳам инсон қалбини ҳар жиҳатдан таҳлил этишни, унинг турфа кечинмалари ичидаги ҳолатини теран ифодалашни тақозо этади.
Дунё адабиётида кишиларга ибрат бўладиган адабий қаҳрамонлар яратиш борасида катта тажрибага эришилган. Ҳеракл, Рам, Рустам, Алпомиш, Манас каби кўҳна адабиёт қаҳрамонлари, Шарқ шоирлари кўрсатган Фарҳод, Хусрав, Ширин, Лайли, Мажнун, ғарб ижодкорлари яратган Татьяна (“Евгений Онегин”), князь Мишкин (“Телба”), Григорий Мелехов (“Тинч Дон”) сингари ўнлаб адабий қаҳрамонлар ҳамиша кишиларга маънавий-руҳий қувват бериб келади. Агар улар бўлмаганида, инсониятнинг ҳаёти кемтик, маънавий-ахлоқий дунёси ғариб кўринади. Улар ўзларининг кўринмас улуғвор таъсир кучи билан кишиларни жоҳилликдан тўсиб, ёвузликдан қайтариб турибди. Инсоният ўтган давр маънавий-ахлоқий жиҳатдан қай даражада улғайган бўлса, шубҳасиз, бунга ибратли қаҳрамонлар таъсирида эришган. Улар пайғамбар, шариат, тариқат, маърифат босқичидан ўтиб, ҳаққа эришган шайх, авлиё, жангу жадалда жасорат кўрсатган паҳлавон ёки камсуқум, оддий бир одам сифатида кишилар қалбида эзгуликка интилиш уйғотган. Одамларга оқибат кўрсатишга, ҳаётга муҳаббат билан қарашга рағбатлантирган. Инсоннинг ибрат олиш истаги эса ҳаётнинг бардавомлигини, тараққиётини таъминлаган.
Шу боисдан шундай хулосага келиш мумкин: адабий-бадиий асарлар ўз қаҳрамонлари орқали диққатни жалб этади; ички ва ташқи олами ҳар жиҳатдан таҳлилу тафтиш қилинган Достоевский асарларидаги каби қаҳрамонлар ўзининг муросасиз мушоҳадалари билан турли миллат кишилари қалбини ҳаяжонлантиради; ҳар бир миллий адабиётнинг мавқеи ундаги адабий қаҳрамонлар образи билан белгиланади; миллий адабиётнинг ҳар бир даврдаги бўй-басти, ундаги ўсиш-ўзгаришлар яратилган қаҳрамонлар қиёфасига қараб белгиланади; инсон дунёси ҳар жиҳатдан ёрқин ва таъсирчан ифодаланган қаҳрамонлар сиймоси турли миллат китобхонлари онгу савиясига таъсир кўрсатади, маънан, руҳан улғайтиради. Умуман, адабий қаҳрамонлар ҳар бир миллий адабиётнинг инсоншунослик даражасини, унинг оламни кўрсатиш кўламини белгилашнинг мангу мезони саналади. Ҳеракл қадим юнон адабиётининг, Рустам кўҳна Эрон адабиётининг, Али бобо, Маржина сингари “Минг бир кеча” қаҳрамонлари араб адабиётининг, Алпомиш, Манас туркий халқлар адабиётининг улуғворлигини намоён этиб туради.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 9-сон