Абдуғафур Расулов. Тилшунослар сардори эди

Айюб Ғуломов роппа-роса етмиш икки йил умр кўрди. Илмий фаолияти ўтган асрнинг 40-йиллардан умрининг охирига қадар изчил давом этди. У фонетика, грамматика, сўз ясалиши, услубшунослик, нутқ маданияти, этимология, лексикографияга доир илмий ишлар муаллифи.

Ўрта мактабда, педагогика билим юрти ва институтларида ўқитувчи, ЎзР ФА Тил ва адабиёт институтида катта илмий ходим, Ўрта Осиё (Тошкент) давлат университети тилшунослик кафедрасида кафедра ­мудири бўлган.

Домла истеъдодли муаллим — мударрис эди. 1938 йилда Садриддин Айний, Озод Шарафиддинов, Воҳид Абдулло сингари олим-ёзувчиларга дарс ўтган. Таниқли олимлар Мустақим Мирзаев, Абдуғани Алиев, Азим Ҳожиев, Аҳмад Сафоев, Инъомжон Расулов, Мақсуда Содиқова, Карим Назаров, Мамлакат Жўрабоева устоз яратган илм боғининг ниҳоллари эди, кейинчалик улар бақувват чинорларга айландилар.

Истеъдод — миллат интеллектуал бойлигининг тез, бетакрор шаклда акс этиши. У зинҳор ўзича алоҳида ҳолатда ривожланмайди. Турли соҳа кишилари истеъдод самарасидан фойдаланаверадилар. Геология-минерология фанлари доктори Иброҳим Ҳамробоев ўзбек тили назокатини теран англарди. Домла “соқов шоир” эди — туйғуларни рангтасвирда ифодаларди. Академик Тўрабек Долимовнинг даъвати билан профессор Шавкат Раҳматуллаев “Ўзбек тилининг этимологик луғати”ни тузди. Академик Ёлқин Тўрақулов сўз маъносига қаттиқ қизиқарди. Илк учрашувимизда саволга тутиб қолди:

— “Қопчиғай” дегани нима? Бу ҳақда қайси шоир достон ёзган?

— Рафиқ Мўминнинг “Қопчиғай” ­достонидан билиб олганман.

Жавобимни эшитиб домла хурсанд бўлиб кетди.

— Мен Наманганда етимхонада яшардим. Рафиқ Мўмин биз билан бот-бот ­учрашиб турарди. Ўша одам Абдулазиз ­исмимни Ёлқинга алмаштириб берган.

Академиклар М.Ўрозбоев, Ҳосил Фозилов, физика-математика фанлари доктори Турсун Азларов ҳам она тилимиз нозикликларини чуқур ҳис этардилар. Тилшуносликнинг бундай юксак эътиборга сазовор бўлишида Айюб Ғуломовнинг хизмати катта бўлган.

Домла илмий кенгашларда ва бошқа тадбирларда мунтазам иштирок этар, одатича, кўзларини юмиб, индамай ўтирарди. Жамоада устознинг обрўси жуда баланд эди. Дарсни ҳар томонлама мукаммал ўтар, таъбир жоиз бўлса, Айюб ака аудиторияда ўзини бир кишилик театр актёридай тутарди. Аксарият ҳолларда мисолларни бадиий асарлардан, шеъриятдан келтирарди. Тилшунос бўлмаганида, шубҳасиз, адабиётшунос бўларди. Дарсда очилиб-яйраб маъруза ўқир, тингловчиларни илм уммонига олиб тушарди.

Айюб Ғуломов ринд табиатли инсон эди: кийимнинг ярашганини кияр, оҳорли фикр айтар, ғаройиб мисоллар келтирар, тахтага қоғоз билан ўралган бўрда ёзарди. Оқ юзли, қийғоч қошли, юриш-туриши ўзига ярашган устозга каттаю кичик ҳавас билан қарарди. Талабалар, тадқиқотчилар орасида домланинг хатти-ҳаракати, сўзлаш йўсини, ҳатто бўйнини эгиброқ гапиришига тақлид қилувчилар бор эди. Устоз ўзидан ёшларга сенсираб мурожаат қиларди. Бундай самимий муомала ҳеч кимга малол келмасди.

1966 йил май ойининг ­ўрталарида Айюб аканинг ­Говкуш маҳалласидаги ҳовлисига авторефератимни олиб бордим. Чоғроққина ҳовлига қўйилган катда ёқаси очиқ, оқ кўйлак кийган Айюб ака ва кекса бир онахон ўтиришган экан. Мезбон ўтиришга таклиф қилди, қатиқ, райҳон қўшилган овқат олиб ­келишди. Домла мени саволга тутди… Домла билан иккинчи бор Карим Назаровнинг Қанғлидаги ­боғида учрашдик. Кўпчилик эдик, Айюб ака аскиялар айтиб, ҳаммамизга хуш ­кайфият улашганди ўшанда.

Айюб Ғуломов тирик бўлганида юз ёшга тўларди. Йигирма саккиз йилдирки, домла ўз илмий ишларида, шогирдлари фаолиятида, фарзандлари қалбида яшаяпти. Дарвоқе, таниқли тилшунос олимларимиз Шавкат Раҳматуллаев, Миразиз Миртожиев, Абдузуҳур Абдуазизов, Ёрмат Тожиев, Низомиддин Маҳмудов, Абдуҳамид Нурмонов, Иристой Қўчқортоев, Ирисали Тошалиев, Нодира Аловиддинова Айюб Ғуломовни ўзларининг маънавий устози деб биладилар. Улар қатори ўзим ҳам домланинг маърузаларини тинглаганимдан, ҳаётий панд-насиҳатларини эшитганимдан ҳамиша ­фахрланаман.

Абдуғафур Расулов,

профессор

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2014 йил 15-сон