Роман бадиий адабиётнинг навқирон, изланишдаги жанри. Жаҳон адабиётида у драма, достон сингари таянч жанрлардан анча кейин пайдо бўлди. Ўзбек романчилиги яна-да янги, салкам бир асрлик тарихи бор, холос. Абдулла Қодирий етук намуналарини яратиб берган ўзбек романчилиги тез ривожланди, ўсди, изланди – адабиётимизнинг асосий жанрларидан бирига айланди.
Ўзбек романининг руҳи поэзияга, драматургияга таъсир этди: шеърий романлар, романга монанд драмалар яратилди. Ўзбек адабиётида тарихий, таҳлилий, биографик, мистик, саргузашт, фантастик, детектив, сатирик, маиший романлар пайдо бўлди. Ўзбек ёзувчилари романчилик машқини мукаммал эгалламоқдалар: роман-диалогия, роман-трилогия, роман-тетрология, ҳатто туркум-романлар яратиляпти. Роман изланишга имкон берувчи жанр: сўнгги 10-15 йил ичида “Лолазор”, “Бобурийнома”, “Отамдан қолган далалар”, “Минг бир қиёфа”, “Бозор”, “Фано даштидаги қуш”, “Капалаклар ўйини” сингари жанр имкониятларини юзага чиқаришга йўналтирилган асарлар яртилди. Айни бу вақтда бу асарлар роман тарихи, тадрижи ҳақида мушоҳада юритишга ундайди. Жаҳон адабиётида, масалан, романнинг тараққиёт йўли равон бўлмаган: “Уруш ва тинчлик”дай романни И.Тургенев дастлаб тушуниб етмаган. Ж.Жойснинг “Улисс”и ҳануз хослар романи, моҳияти ўта сирли, мураккаб асар ҳисобланади. Жозеф Прустнинг “Йўқотилган вақт изидан…”, Уильям Фолкнернинг “Кошона”, “Ривоят” фалсафий романларига ҳар кимнинг ҳам тиши ўтавермайди. Бу асарлар онг оқими тарзида яратилган Хуршид Дўстмуҳаммад, Асад Дилмурод, Тўхтамурод Рустамларнинг юқорида номларини келтирганимиз – романлари ҳам онгда кечаётган ўйларнинг мураккаб, табиий оқими тарзида ёзилган. Лекин нега бу асарларнинг ўз китобхонини топиши қийин кечяпти? Аввало, ҳар бир миллий адабиёт романчиликдаги изланишларни босқичма-босқич ўтаб бормоғи жоиз. Бизда миллат қадриятига айланган романлар ҳали кўп эмас. Мазкур жумлани тугатар-тугатмас китобхоннинг эътирози қулоғимга киради:
– Кечирасиз, ҳозирги глобаллашув замонида, ҳар бир миллат адабиётини алоҳида, соф ҳолда талқин қилиш қандай бўларкин? Қолаверса, қирғиз адабиёти романчиликда қайси чўққиларни эгаллаган эдики, Чингиз Айтматов уларни давом эттирган бўлсин?
Тўғри, улкан истеъдодлар шаклланиб қолган қарашларни ҳамиша бузиб юборадилар. Гарсиа Маркес, Чингиз Айтматов, Пауло Коэльо сингари санъаткорлар жаҳон китобхонлари қарашларида ўзгариш яратдилар. Гап фақат асарнинг кенг тарқалиши, оммавий равишда ўқилишидагина эмас. Агар шундай ўлчов билан ёндошсак, “Гарри Поттер” асарининг муаллифи Роулинг хоним дунёдаги энг машҳур ёзувчи бўлиб қолади. Унинг Гарри Поттери аллақачон китобдан “чиқиб” экранга (кинога, телевидениега) ўтиб олган. Гарри – сеҳргарлар сеҳргари, жодугарлар жодугари. У бир ёшлигида Волан де Марта (ўлим деви)ни енга олган. Бир гал сахий сеҳргар Мистер Уизли Гаррини ёнига ўтқазиб олади-да, унга оддий одамлар (лапашанглар) ҳақида саволлар бера бошлайди. Гарри унга телефон, электрон почта ҳақида гапирар экан, Мистер Уизли: “Вой бечоралар-ей, вой ландовурлар-ей, сеҳрсиз, жодусиз шунча нарсаларни ўйлаб топганларми?” – дея ёқа ушлайди. “Гарри Поттер” асарида сеҳргар бўлмаганларни магли (миде-леss) банги, ландовур, лапашанглар дейдилар. Роулинг хоним асарида сеҳргарлик улуғланади. “Гарри Поттер” китобини ўқиган, фильмини кўрган одам борки, сеҳргарлик туфайли вайрон бўлган уйларни, эс-ҳушини йўқотган одамларни кузатиб ваҳимага тушади, эртанги кунга мутлақо ишонмай қўяди.
Роулинг хонимнинг “Гарри Поттер”и аслида антиэртакдир. Халқ эртаклари заминида инсонийлик улуғланади, эзгу, савоб ишлар мадҳ этилади. “Гарри Поттер” сингари асарларда одамовилик, ҳийла-найранг, лақиллатиш асосий хислат ҳисобланади. Демак, китобнинг кўп ўқилишига кўра уни баҳолаш мумкин эмас экан.
Энди жаҳонда кўп ўқилаётган, 118 тилга таржима қилинган “Алхимик”, “Бешинчи тоғ” романлари ҳақида қисқагина тўхталамиз. Бразилиялик ёзувчи Пауло Коэльонинг романлари ҳажман ўта сиқиқ, тасвир оддий, жўн: уларни сира қийналмасдан ўқиш, моҳиятини англаб етиш мумкин. Ҳар иккала асарда битта муҳим ғоя илгари сурилган: оламни, одамни худо яратган. Оламу одам шундай мураккаб, мукаммалки, унинг асрорини Яратганга ширк келтирмайдиган, бандалик фарз, бурчларини сидқидилдан амалга оширадиган кишиларгина англаб етадилар. Яратувчи инсонга умр-имконият, ақл-муаммолар калитини, шижоатни – бунёдкорлик кафолатини, орзуни – Оллоҳга ёндашиш йўлини берган. Худо ҳар бир инсонни ўз тақдири билан яратади, одамнинг олам билан алоқасини – имо-ишоралар “тили”ни мукаммал ҳолда тавсия этади. “Алхимик” романида Сантяго исмли ўспирин – бўз боланинг тақдир йўлидаги интилишлари тасвирланади. Бошқача айтганда, Сантяго воситасида Китобхон Олам ва Одам сирларидан огоҳ бўлади. Аниқроғи, Оламнинг мўъжизалари, ундаги азалий тартиботлар бирма-бир намоён бўла бошлайди.
“Бешинчи тоғ” романининг қаҳрамони Сантягодан 8-10 ёшгина катта, 23 ёшли Илёс пайғамбар: у рўй берувчи офату қувончлардан одамларни огоҳ этади. Худонинг расули ҳамиша хавф-хатарда яшайди, кофирлар тазйиқидан паноҳ излайди. Илёс алайҳиссалом худонинг амри билан урушда вайрон бўлган шаҳарни тиклайди. Бошқача айтганда, вайроналарни қайта обод қилар экан, инсонлар қалбида эзгулик уруғлари қайтадан униб чиқа бошлайди, ҳаётга муҳаббат янгитдан қулф уради. “Бешинчи тоғ” “Шундай яшар одатда одам” деган нақлнинг бадиий исботидир.
Пауло Коэльо романлари ихчам, содда, қаҳрамонлари самимий, эзгу ниятли. Лекин мана шу соддалик, самимийликка эришиш учун ёзувчи қанча заҳмат чекканини, излаганлигини тасаввур этиш қийин эмас. Айниқса, Пауло Коэльо романларидаги глобал муаммолар, умуминсоний ҳолатлар жамулжами кишини ром этади.
Романнинг ҳозирги жаҳон адабиётида кенг ривожланаётганлиги бундан 40-45 йил муқаддам рўй берган баҳсларни, романнинг жанр сифатида ўла бошлаганлигини “исботловчи” ўнлаб мақолаларни ёдга солади. Хўш, романнинг истиқболсизлигини башорат, тарғиб қилиб битилган мақолаю тушкун, асл моҳиятидан йироқ баҳслар боиси не эди? Маълумки, 50-йилларнинг охири, 60-йилларнинг бошларида социалистик реализм методининг сохта, асоссиз эканлигини исботловчи кўплаб мақолалар нафақат социалистик тизимдаги, балки кўплаб капиталистик мамлакатлар матбуотида узлуксиз чоп этила бошланди. Соцреализм методида ёзилган романларнинг йилдан-йилга саёзлашиб, бадиийликдан йироқлашиб, ҳаёт ҳақиқатига зид бориб яратила бошланганлиги мисоллар, далиллар билан кўрсатила бошланди. Чиндан ҳам, рус романчилиги Ф.Достоевский, Л.Толстой, И.Гончаров, И.Тургенев сингариларнинг машҳур асарларидан кейин сезиларли даражада камбағаллаша бошлади. Совет даврида, соцреализм методи ҳукмронлиги йилларида аввалги, довруқли рус романларига тенг келадиган асарлар яратилмади, ҳисоби. Натижада, тушкунлик кайфияти, романнинг инқирози ҳақидаги қарашлар кучая борди. Ажабки, роман, тирик вужуд мисоли, ўзини-ўзи даволади, касалликлардан нафақат қутулди, балки ривожланишнинг янги тамойилларини вужудга келтира бошлади. А.Солженицин, В.Астафьев, Б.Васильев, В.Аксёнов, Вл.Войнович сингари санъаткорлар рус романи шуҳратини тикладилар. Ҳозирги пайтда рус романчилигида янгидан-янги изланишлар диққатни жалб этмоқда. Болтиқ бўйи, Лотин Америкаси, япон адабиётида янги руҳ, янги шаклдаги романлар пайдо бўлмоқда.
Ўзбек романчилиги жаҳон адабиётида рўй бераётган ҳолат, изланишларни ўзида акс эттирмоқда. Глобаллашув санъат, адабиётда ҳам кўзга ташланаётганини инкор этмаган ҳолда романнинг ўзлигини, бетакрорлигини миллийлик, бетакрор қаҳрамонлар белгилашини зинҳор унутиш мумкин эмас. Ўзбекона моҳияти аниқ кўриниб турган “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Сароб”, “Уфқ”, “Жаннат қидирганлар”, “Меъмор”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар”, “Икки эшик ораси”, “Лолазор”, “Отамдан қолган далалар”, “Бобурийнома” сингари романлар хорижий юртларга “кириб бормоқдалар”. Юсуфбек ҳожи, Мирёқуб эпақа, Солиҳ махдум, Мирзакаримбой, Муродхўжа домла, Икромжон, Саидакбар ҳожи, Нажмиддин Бухорий, Нормурод Шомуродов, Ҳусан дума, Назар Яхшибоев, Деҳқонқул сингари ёрқин характерларни ҳеч иккиланмасдан “Жаҳон адабиётининг машҳур қаҳрамонлари” қомусига киритиш мумкин.
- Тарих ва роман
Тарихни тунги осмон, ундаги юлдузларни нурли сиймоларга менгзаш мумкин. Юлдузлар тун осмонининг кўрки, файз-таровати. Юлдузли тун ҳамма ерда бор. Аммо ёрқин сиймоларга бой тарих ҳамма халқда ҳам топилавермайди. Чиндан ҳам, тарихимиз қадимий, бой. Тарих китобларимиз ҳам жуда кўп. Машҳур сиймолар – подшолар, набийлар, валийлар, олимлар, санъаткорлар, адиблар ҳақида кўплаб тарих китоблари битилган. Профессор Бегали Қосимов “Улуғ салтанат сирлари” мақоласида: “Соҳибқирон ҳазратларининг 660 йиллик тўйлари кунларида матбуотда бир маълумотга кўзим тушган эди. У киши ҳақида Ғарбда 400, Шарқда 900 дан ортиқ асар ёзилган экан”, – дея қизиқарли маълумотга диққатимизни жалб этади (“Халқ сўзи” газетаси, 2003 йил, 18 март). Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Бобур, Ҳусайн Бойқаро сингари подшолар, Форобий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари олимлар, Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор валий, машҳур Термизий, Насафий, Шошийлар ҳақида қанчадан-қанча асарлар яратилмаган дейсиз?!
Роман – тарихнинг тиниқ ойнаси. Тарихий сиймолар эртами-кечми бадиий романга қаҳрамон бўлиб ўтадилар. Романчилигимизнинг қисқагина тарихига разм солсак, йигирмага яқин тарихий шахслар роман қаҳрамони бўлганлигини кузатиш мумкин. Ойбекнинг “Навоий”си – ўзбек тарихий романчилигининг Одамотаси. Улуғбек, Ибн Сино ҳақида Одил Ғқубов, Бобур ва Бобур авлодлари ҳақида Пиримқул Қодиров, Хайриддин Султоновлар романлари пайдо бўлди. Машраб, Маҳмуд Таробий, Нодира, Охунбобоев, Акмал Икромов, Сўфизода, Ҳамза ҳақидаги романлар ёзилди. Тарихий асарларнинг аксарияти сўнгги ўттиз йил ичида яратилди. Авваллари ўзбек халқи тарихи, тарихий сиймолар ҳақида роман ёзиш, беозор қилиб айтганда, маъқул келмас, асар ёзишга жазм қилганларнинг косаси оқармас эди. Лекин Темур ҳақида С.Бородиннинг “Самарқанд осмонида юлдузлар”, Анна Алматинскаянинг “Зулм”, Михаил Шевердиннинг “Бўри изидан”, “Санжар ботир”, С.Калмиковнинг “Қуръон ва маузер”, Н.Никитиннинг “Воқеа Қўқонда бўлган эди”, Комил Икромовнинг “Маҳмуд дорбоз” сингари асарлари яратилди, тарғиб-ташвиқ қилинди. Бу асарларда воқеа-ҳодисалар коммунистик мафкурага мослаб ёзилган ёхуд тарих ва ўтмиш сиймолар характери сохта, бузиб тасвирланган эди. Хоразм Маъмун академиясининг катта илмий ходими Матназар Абдулҳаким “Тазарру ёхуд Комил Икромовнинг “Маҳмуд дорбоз” қиссаси ҳақида айрим мулоҳазалар” (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2003 йил, 16 май) мақоласида қуйидагиларни ёзади: “Маҳмуд дорбоз” асари маълум даврда ёзувчиларимиз йўл қўйган хатолардан гувоҳлик берувчи тарихий бир ҳужжат сифатида ҳам аҳамиятлидир. Чунки “Маҳмуд дорбоз” қиссасининг ҳақиқий Паҳлавон Маҳмуд ҳазратлари шахсига дахли йўқ эканлигини бугун ҳамма билади. Шу маънода ҳам бу ва бу қабилдаги асарларнинг ҳозир тишлари тушган, тирноқлари тўкилган, бинобарин, энди улар ҳам хавфли эмас”.
Коммунистик мафкура, шўро сиёсати ўтмишнинг ишонарли ҳужжатларини зинҳор ошкор қилмади. Натижада, чин тарих асарлари ўрнини ҳақиқатга хилоф, сохталикларга сероб бадиий асарлар эгаллади. Халқ ўтмиши, ҳақиқий тарихни билувчилар таъқиб остига олинди. Масалан, Ойбек истеъдод билан яратган “Навоий”си, Миркарим Осим аждодларимиз ҳақида ёзган ҳаққоний қиссалари учун ур калтак-сур калтак қилинди.
Яна бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоиздир. Шўро даврида яратилган тарихий асарларда нафақат маъно-моҳият, балки бадиийлик анча ғариб бўлиб қолди. Шўро мафкурасига мослаб асар ёзганлар тарихий қадриятларимиз шаклига, таркиб-мағзига етарли эътибор бермаганлар. Ваҳоланки, ўтмишда яратилган насрий асарлар – хоҳ улар илмга, тарихга, элшуносликка оид бўлсин, хоҳ мемуар, сафарнома, ҳасби ҳол, тазкира йўсинда бўлсин, ҳеч қачон бадиийликка бегона бўлмаганлар. Мақсуд Шайхзода “Устознинг санъатхонасида” тадқиқотининг биринчи мақоласида қизиқ далилни келтиради: “…Наср қоидалари ҳақида ягона назарий асарни, яъни насрнинг илми бадеъ қоидаларини XIII-XIV асрларнинг буюк шоири ҳиндистонлик Амир Хусрав Деҳлавий (1253-1325) ёзган. “Эъжози Хусравий” деб аталган бу асар 3 жилддан иборат бўлиб, насрий ижодга доир бир неча минг санъатларни (усулларни) ўз ичига олади”. Бу “бир неча минг санъатлар” тарихий, мемуар, этнографик, сафарнома, ҳасби ҳол сингари асарларга ҳам тааллуқли бўлган. Муҳими, мумтоз фанимизда насрий асарлар умумлашма хусусиятга эга бўлган. Яъни битта асар ҳам тарих, ҳам сафарнома, ҳам ҳасби ҳол, ҳам тазкира, ҳам элшунослик мақомини ўзида акс эттирган. Фикримизнинг ёрқин мисоли “Бобурнома”дир. Лекин Шарафиддин Али Яздий, Ибн Арабшоҳ, Мирхонд, Хондамир, Абдураззоқ Кирмоний каби муаррихлар асарлари ҳам бадиий санъатлар билан гўзаллаштирилган, эстетик қадрият даражасига кўтарилган эди. Шарафиддин Али Яздий Темур аскарларининг ҳинд жангчиларига қарши мардонавор хатти-ҳаракатини тиниқ ўхшатиш орқали кўрсатган эди: “Ҳиндустон диловарлари туриб мардоналик кўрсатур эрдилар. Аммо чибиннинг на тоқати бўлғайким, пил қошинда турғай ё кийик шерга муқобала бўлғай” (207-бет).
Ибн Арабшоҳ “Амир Темур тарихи” асарида Султон Боязид хазинасидан олинган ситора – қимматбаҳо ашёлар устига ташланадиган ёпинчиқни бундай тасвирлайди: “Ситора хилма-хил нақшлар билан нақшланган бўлиб, … сувратлар алвонли бўёқлар билан безалганки, улар бекаму кўстлик ва етукликда ўта камолга молик эди. (Улар шундай маҳорат билан ишланганки) гўёки сувратлари ҳаракатга тушиб, сен билан суҳбат қураётгандек ва қуйи эгилиб турган мевалар эса ўзини теришга сени чорлаётгандек туюлади. У ситора дунё ажойиботларидан бири бўлиб, у ҳақда (бошқалардан) эшитиш кўз билан кўргандек эмасдир” (307-308-бетлар).
Тарих китобларидаги нозик кузатишлар, бадиийликка ёт бўлмаган тасвирлар, тарихий сиймолар тасвир-тафсифи, фитратларидаги ҳолатлар ифодаси ёзувчи масъулиятини оширди, айни вақтда тарих мавзуига бўлган қизиқишини кучайтирди.
Сўнгги 10-13 йил ичида “Қуръони Карим”, тўрт жилдли “Хадис”, Оллоҳнинг расули Муҳаммад с.а.в. ҳақида турли замон, турли маконларда яратилган ҳасби ҳоллар Рабғузий, Алишер Навоий, Бобурларнинг диний асарлари, тазкиралари чоп этилдики, маънавий ҳаётимиздаги бўшлиқ тўлдирилди. Аҳмад Яссавий, Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор валий сингари Ислом дини сиймолари асарлари, улар ижоди ҳақидаги тадқиқотлар чоп этилдики, бу ҳам халқ руҳиятини бойитди. Бадиий адабиётда тарихий шахслар характери кўп, муҳими, хўб яратиладиган бўлиб қолди. 2002 йилнинг ўзида бешта тарихий асар яратилди. Ўзбек китобхони Саъдулла Сиёевнинг “Яссавийнинг сўнгги сафари”, Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат”, Ражаббой Рауповнинг “Устун”, Олимжон Холдорнинг “Миркомилбой”, Қўзи Давлатнинг “Хусумат” романларини ўқиди. Ғзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг ҳозирги кун ҳақидаги “Мувозанат” романи ҳам зўр қизиқиш билан қарши олинди. Тарихий мавзудаги янги асарларнинг орасида теша тегмагани ёхуд авваллари қаламга олинмаганлари йўқ, ҳисоби. Аҳмад Яссавий ва Амир Темур – оламшумул сиймолар. Бирлари ҳақида тўққиз, иккинчилари тўғрисида етти асрдан буён илмий, бадиий асарлар яратилмоқда. Саъдулла Сиёев ва Муҳаммад Али била-кўра туриб зиммаларига жиддий масъулиятни олдилар: яссавийшунослик, темуршуносликнинг ҳай ва қаййумлик жўш уриб турган майдонига дадил қадам қўйдилар. Иккинчидан, ҳар икки ёзувчи томирларида оқаётган қонда Яссавийу Темурдан ўтган яқинлик, қариндошлик бор эдики, ўша руҳни, табиий ҳолатни акс эттиришлари жоиз эди. “Устун”, “Миркомилбой”, “Хусумат” романларининг қаҳрамонлари янги тарихимизнинг ўзига хос сиймолари. Академик Ҳабиб Абдуллаев ХХ аср илм-фанининг бақувват устунларидан эди. У ер ости бойликларининг пайдо бўлиши, таркиблашуви ҳақида шундай кашфиёт яратдики, у инсониятнинг сўнмас интеллектуал мулкига айланди. Ҳ.Абдуллаев назарияси бора-бора ижтимоий ҳаётга кириб келиши, фалсафий йўналиш сифатида эътибор қозонишига шубҳа йўқ. Миркомилбой савдо, тижорат соҳасининг билимдони, XIX ва ХХ аср оралиғида довруқ таратган шахс. Бу инсон ҳақида кўп ёзилган, қанчадан-қанча гап-сўзлар тарқалган. Халқ орасидаги гапларга синчковлик билан қулоқ тутган, билган-эшитганларини матбуотга олиб чиққан. Абдулла Қодирий Миркомилбой ҳақида бевосита қуйидагиларни ёзган эди. “Калвак махсумдан хат. Тошпўлат тажанг номлиғ ҳарамзоданинг куфри баёнида”: “Аммо у гўдагиким тўққиз ёшда шеър ижод айлаб ағниёни ҳақорат қилибдур, албатта, тавба қилса аз жиҳати сағрлиги мақбул бўлғай”. “Чичора” тахаллуси билан “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1925 йил 7 июнида босилган мақолага таҳририят қуйидаги изоҳни берган: “Шоир Чўлпон тўққиз ёшида уламоларни ва андижонлик Миркомилбойни зиқна ва золимлигини танқид қилиб газетага шеър ёзган экан. Муаллиф шунга шама қиляпти”.
Миркомилбой ҳақида халқ орасида қўшиқ пайдо бўлганлиги, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад 1996 йилда Миркомилбой ҳақида “Қазо бўлган намоз” тарихий ҳикоя ёзганлиги ҳам маълум.
Ниҳоят, ўтган асрда Қўқон, Бухоро, Хоразм хонлигининг сўнгги ҳукмронлари Худоёрхон, Амир Олимхон, Исфандиёр, Саид Абдулло ва уларнинг авлод-аждодлари ҳақида кўп ёзилди. Сўнгги хонлар, хонзодалар тақдирига қизиқиш ҳамон кучли. Ғзувчи Қўзи Давлат “Хусумат” романида Муҳаммад Раҳимхон Феруз фарзандлари Исфандиёр, айниқса, тахтда озгина муддат омонатгина ўтирган Саид Абдулло ва унинг фарзандлари, яқин хешларининг фожиавий тақдирлари ҳақида ёзган. Хуллас, 2002 йилда яратилган бешта йирик асар тарихий роман, романий тафаккур, ёзувчи ва асосий қаҳрамон фалсафаси хусусида мушоҳада юритиш имконини берди – ушбу мақоланинг ёзилишига туртки бўлди.
- Романий тафаккур ёхуд ҳамма роман ёзиши шартми?
Роман миллий адабиёт кўрки, ёзувчи ижодидаги алоҳида воқеа. Лекин ҳеч ким, ҳеч қачон истеъдодли ёзувчи, албатта, роман ёзиши шарт деган талабни қўймаган. Роман ёзмаган, лекин номи жаҳон адабиётидан ўчмас ўрин олган ёзувчилар кўп. Белоруссиялик машҳур адиб, 2003 йил 22 июнда саксон ёшида вафот этган Васил Владимирович Биков (1924) ижоди давомида асосан Иккинчи жаҳон уруши мавзусида йигирмадан ортиқ қисса ёзди. Адабий ҳаётда байрам бўлган кичик-кичик қиссаларда улкан-улкан инсоний фожиалар одам боласи чидаши амри маҳол бўлган драматик воқеалар акс эттирилган. Мўъжаз қиссалар ёзувчи обрўсини осмон қадар кўтарди. В.Биковнинг деярли тенгдоши Чингиз Айтматов ижодини айтмайсизми?! Бу буюк ёзувчи ҳали романга қўл урмай туриб, қиссалари билан машҳур бўлди. Унинг “Асрга татигувчи кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” романлари 80-йиллардан бошлаб чоп этила бошланди. Романлари билан Ч.Айтматов ХХ асрнинг буюк мутафаккир ёзувчилари қаторидан ўрин олди.
Ҳозир ўзбек адабиётида асарлари энг кўп ўқиладиган адиб ким? Тоҳир Малик. Бу адиб ҳозиргача 20 дан ортиқ қисса ёзди. Қиссалари таркиби, тузилиши, йўналиши нуқтаи назаридан ҳар хил. Ғзувчи ўз ижоди билан қисса жанри имкониятларини узлуксиз кенгайтириб, кашф этиб бормоқда. “Шайтанат”нинг иккинчи, учинчи китоблари чоп этилгач, биз, танқидчилар шошиб қолдик: уч, тўрт китобли қиссаларга ўрганмаганмиз-да, ўйламай-нетмай “Шайтанат”ни романга чиқариб қўйдик. Хайриятки, ёзувчининг ўзи “Шайтанат” тўрт китобдан иборат қисса эканлигини айтди. Кўринадики, қисса ёзиб ҳам элда азизу машҳур бўлиш мумкин экан.
Бир қанча ҳикоя, ўнга яқин қисса ёзган Нормурод Норқобилов билан гурунглашиб қолдим.
– Қачон роман ёзасиз?
– Роман ёзишга шошилмаяпман. Руҳимда роман шаклланаётгандай, юки сезилаётгандай бўляпти… Кўрармиз…
Ғзувчи гапларига ишондим, ундан хурсанд бўлдим. Чала-чулпа, сонсиз романлар ёзиб ташлаётганлар озми? Мутахассислар яхши билишади: бир эмас, икки эмас, ўнга яқин романи бўла туриб унутилиб кетаётганлар талайгина. Тоғай Мурод-чи? У адабиётга бирдан кириб келди. Ғниб ижод қилди.
Аксинча, “Қайтар дунё” романи билан қалбларга нурдай кириб борган Ғқубжон Яквалхўжаевни, “Туташ оламлар” фантастик-мистик роман-трилогиясини тугатиши билан бу дунёни тарк этган Ҳожиакбар Шайховни ёддан чиқариб бўладими?
Роман тафаккури ҳаётий тажриба, эътиқод, оламу одам ҳақидаги теран ўйларнинг самараси ўлароқ пайдо бўлади, шаклланади. Мавзу, адабий қаҳрамонлар роман тафаккурини аниқ ўзанига йўналтиради. Роман тафаккурида ёзувчи услуби, табиати акс этади. Табиийки, роман тафаккурининг етилишида истеъдод ҳамда теран мушоҳадакорлик асос. Русча мақолда айтилганидек, тоғнинг сичқон туғиши қанчалик кулгили бўлса, қарқуноқдан булбул чиқиши шунчалик ғалатидир. Бу фикрлар, табиийки, роман тафаккурига тааллуқли. Шўро даврида яратилган ўнлаб, юзлаб романларнинг унутилиб кетишига юзаки буюртмалару мафкуравий чақириққа “лаббай” дея жавоб бериш сабабчи бўлди. Бақувват романий тафаккур олам ва одамаро узвий бирликни инсон табиатидаги мангу туйғуларни теран англашдан пайдо бўлади. Ниҳоят, роман тафаккурининг тез шаклланишида кучли муҳаббат ёхуд ғазабнинг ҳиссаси катта.
“Яссавийнинг сўнгги дафтари” романида “ваҳий пайғамбарларга, илҳом авлиёларга, фаросат сўфий-дарвишларга берилиши” айтилади. Саъдулла Сиёев романиннинг тафаккури “илҳом авлиёларга берилади” деган асосдан униб-ўсгандай. Аҳмад Яссавий фаолияти ва ижоди, мисоли эт билан тирноқ. Улуғ авлиё фаолиятига шунчалик берилганки, уни илҳом дея, шундай жўшиб ижод қилганки, буни фаолият самараси дея билиш жоиз. Аҳмад Яссавий ҳеч бир юмушга (ҳатто қошиқ йўнишга) шунчаки ёндошмайди. У рақиблари билан шундай баҳсга киришадики, ўз-ўзидан мустаҳкам мантиқ, ишонч билан айтилган сўзлар уни жўштиради.
Муҳаммад Али Амир Темур образига анча илгари мурожаат қилган ёхуд Темур ҳақидаги роман тафаккури ёзувчи руҳида илгаридан туғилган, ривожлана бошлаган эди. Табиатан Муҳаммад Али синчков, тартибни ёқтирадиган, етти ўлчаб бир кесадиганлар тоифасидан. “Улуғ салтанат” романида ёзувчи Темур ҳаётининг қисқагина, лекин зиддиятлар бисёр даврини танлаб олди. Улуғ Темур салтанатининг асосий устунларини аниқ, лўнда кўрсатиб беришни мақсад қилиб қўйди. Яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, Темурнинг катта ўғли Жаҳонгирнинг юлдуздай бир чақнашини, яшиндай нур таратишини кўрсатмоқчи бўлган. Роман тафаккурининг жорий этилиши, асарнинг ёзилишида Жаҳонгир Мирзога тааллуқли гаплар бироз чўзилиб, ҳароратини йўқотиб қўйгандай сезилади. “Улуғ салтанат”да хос одамларнинг хос муносабатлари, хатти-ҳаракатлари Сароймулкхоним, Хонзода бегим, Оққиз сингари образларда намоён бўлади. Муҳаммад Али роман ёзишга чоғланар экан, Амир Темур пойтахтининг жаннатмонанд боғ-роғларга, муҳташам биноларга, равон йўлларга, пишиқ кўприкларга эга бўла борганлигини тасвирлашни ният қилиб қўйган. Бир сўз билан айтганда, “Улуғ салтанат”да Темур давлатининг асосларини ёритиб бериш мақсад қилиб қўйилган.
“Миркомилбой”, “Устун”, “Хусумат” романларида асосли романий тафаккур кўзга ташланмайди. Санъаткор ўз руҳидаги кўтаринки ҳолатлар маъно-моҳиятини англаб етганидагина роман предмети ёхуд аниқ ғоя, тафаккур намоён бўлади. Ўтмишда улуғ боболаримиз, момоларимиз яратган интеллектуал, руҳоний-маънавий қадриятлар ўз қимматини йўқотгани йўқ. Аммо бадиий асарда, хусусан, романда масалани умумий тарзда, руҳий ҳолат сифатида қўйиб бўлмайди. Афсуски, аждодлар ҳақида яратилаётган кўпчилик асарларда умумий гаплар, ғурур, мақтаниш каби ҳолатлар етакчилик қилиб қолмоқда. Ҳозир замон тадбиркорники, ишбилармонники. Ўтмишда Миркомилбойга ўхшаган бой-бадавлат, тижоратда донг таратган миллатдошларимиз кўп бўлган. Шўро давлати сиёсати бойлар, тадбиркорлар ҳақида ёзишни маъқулламас эди. Лекин шўро замонидаёқ “Қутлуғ қон” (Ойбек), “Жаннат қидирганлар” (Шуҳрат) романларида тижорат кишиларининг моҳияти ишонарли ёритилган эди. Саидакбар ҳожи савдо-тижорат ишининг шавқ-завқи ҳақида оғзидан бол томиб гапиради: “… савдо ҳаётнинг жон озиғи. Бу ўзи зўр санъат. Ундан кейин гашти ҳам бор! Савдо юришиб тургандаги кайфиятга нима етсин!.. Пул бўлса-ю, жиндай идрок билан иш тутилса, бу ёғи мойланган гумбур аравадек силлиқ кетаверади. Кўрибсизки, пичоқ ҳам мой, чўмич ҳам!” Мирзакаримбой, Саидакбар ҳожи характери моҳияти, ўйлаб кўрилса, роман тафаккури шаклланаётган пайтдаёқ намоён бўла бошлаган. Демоқчимизки, ёзувчи руҳида шаклланаётган роман тафаккури нур мисоли ҳам ҳодисаларни, ҳам характерларни, ҳам зиддиятларни, ҳам ёзилажак асар таркиби тартибини ёрита бошлайди, умумий оҳангни белгилайди. Олимжон Холдорнинг “Миркомилбой” асарида ҳамма нарса бор, аммо роман тафаккури йўқ. Шу нарса моҳияти, асосини йўққа чиқарган. “Миркомилбой”даги асосий қаҳрамон пулни ўнгу терсига қарамай сочувчи Ҳотами Тойга айланиб қолган. Мантиқсизликнинг энг баланд чўққиси шундаки, Миркомилбой ўз хизматкори уйланганини билиб, Московдай жойдан– сургун манзилидан минг азобларни енгиб, келин саломга етиб келади. Келинга катта кўрмана бериб, ёшларга бахт тилагач, қиёфасини ўзгартириб зудлик билан яна сургун жойи – Москва атрофидаги қишлоққа жўнаб кетади. Олимжон Холдор Миркомилбойнинг ижтимоий-сиёсий муносабатлари мантиғини ҳам бузиб юборган. Тўғри, Миркомилбой пандавақи, собиқ ўғрибача Бидилинни бир пулга олмаслиги тайин. Лекин ўша бачкана, чилласи чироқ кўрмаган Бидилин даҳшатли мустамлака бошқарувининг вакили. Шундай экан, Миркомилбойдай ақли расо одам эгасининг ҳурмати туфайли лайчасига суяк ташлаши – Бидилин билан ўйнашмаслиги лозим эди.
Романда Миркомилбойнинг Бидилин билан олишиши, уни масхара қилиши бачканаликдан ўзга нарса эмас.
Ражаббой Рауповнинг “Устун” романи, гарчи Ҳабиб Абдуллаевни бош қаҳрамон қилиб танлаган бўлса-да, озгинагина ададда чоп этилди: унинг ёзилганини биров билиб, биров билмай қолди. Қолаверса, “Устун” Ҳабиб Абдуллаевни яқиндан билган кишилар – геологлар, шогирдлар, ҳамюртлар хотираларига ўраб-чирмаб чоп этилди. Сўнгги йилларда ижтимоий буюртма билангинамас, ҳамкасб, ҳамжамоа, ўғил-қиз, қариндош-уруғ буюртмаси билан асар ёзиш урфга кирмоқда. Ўйлаб кўрилса, бундай йўриқнинг ёмон томони йўқ. Дейлик, Ҳабиб Абдуллаев ҳамкасблари, шогирдлари улуғ олим ҳақида роман ёзилишини истаганлари, бу юмушга бош-қош бўлганликлари таҳсинга сазовор. Лекин ҳамма гап шундаки, асар ёзадиган одамда романий тафаккур, қаҳрамон руҳи, онгига яқин келадиган қарашлар пайдо бўлдими ёки йўқми? Ҳабиб Абдуллаев ҳақида роман ёзишга чоғланган одам камида Т.Долимов, Т.Шоёқубов, М.Аҳмедов даражасида ўша инсон руҳини, фанга олиб кирган кашфиёти моҳиятини англаб етиши лозим эди. Инсоният, масалан, Исаак Ньютон, Альберт Эйнштейн, Илья Пригожин сингариларнинг тортилиш, нисбийлик, термодинамика соҳасида кашфиёт яратганларини, фандаги бу янгиликлар фалсафий янгилик сифатида ижтимоий ҳаётга татбиқ этилаётганлигини англайди. “Устун” романида Ҳабиб Абдуллаев асарлари номи гоҳо тилга олинади, лекин уларнинг маъно-моҳиятига кириш ёзувчининг хаёлига келмайди. Ваҳоланки, Ҳабиб Абдуллаев характерини, унинг ўзагини илмий асарлари маъно-моҳиятисиз англаш мумкин эмас. Геолог-файласуф Ҳабиб Абдуллаев, оддий одамлардан фарқ қилиб, замон, макон хусусида кенг миқёсида фикр юритганини, табиат ва инсон аро боғлиқликни жуда теран англаганини ҳис этиш мумкин. Яна Ҳабиб Абдуллаев кашфиёти Н.Вавилов, И.Пригожин, Н.Вингер сингари олимлар кашфиётлари билан яқин фурсатда амалга ошди. Ўша пайтларда ҳақиқий фандаги тараққиёт билан сохта, сиёсий-маъмурий қарашлараро кураш давом этаётган эди… Танқидчиликда ёзилмаган бир қонун бор: асарда ёзилмаган нарсалар ҳақида фикр юритиш тўғри эмас. Лекин Р.Раупов вақти соати билан шу мавзуга яна қайтиб қолиши мумкин деган умидда баъзи мулоҳазаларни айтишни лозим топдик. “Устун” романида миллатпарварлик, одамохунлик, онага, оилага, дўстларга садоқат Абдуллаев образида кўрсатилган. Бош қаҳрамон партиянинг чизган чизиғидан чиқмайдиган, амал-обрў учун муқаддас туйғуларни арзимас пулга сотиб юборадиган майда каслар билан кўп тўқнашади. Лекин бу воқеалар, афсуски, характер моҳиятини ёритишга ожизлик қилади. Таъбир жоиз бўлса, устун бор-у, аммо у нимани суяб тургани сезилмайди…
Қўзи Давлатнинг “Хусумат” (Нукус. “Қарақалпоғистон” – 2001) асари – моҳиятига кўра фожеий-саргузашт роман. Асар журналист текшируви, чигал ҳаётий материал моҳиятини ёритиб бериш асосига қурилган. Хоразмнинг сўнгги, биров билиб, биров билмаган хони Саид Абдулло, унинг фарзандлари, яқин қариндошларининг шўро ҳукуматининг ғайриинсоний, зўравонликка асосланган сиёсати қурбонига айланганликлари кўрсатилади. “Хусумат” романи муаллифининг тайин, концепцияси сезилмайди. Бир қарасангиз, муаллиф сўнгги хон фарзанди – мўнкиллаб қолган Абдурасул тўранинг Хоразмга келиши, киндик қони тўкилган ерни тавоф қилишини тасвирлагандай туюлади. Иккинчидан, воқеалар мароми шундайки, шўро ҳукумати ўзига душман бўлган кишиларни (синфни, авлодларни) аёвсиз эзган, хорлаган, хўрлаган деган фикр келиб чиқади. Учинчидан, кишида хоразмлик хону хонзодаларга нисбатан ҳам ачиниш, ҳам алам туйғуси пайдо бўлади. ХХ асрга қадам қўйган хонзодалар шахс сифатида шаклланмаганликлари, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини зинҳор ҳимоя қила олмаганликлари кишини ўйга толдиради. Хон ва хонзодалар подадай ҳайдаб Москвага, ундан Украинага келтириладилар. Қамоқхона азоблари, жисмоний, маънавий азоблар хон авлодларини ғурурдан, ўзликдан мосуво қилади: улар ўлиб қолмаслик учун ҳаракат қиладилар, таҳқиру хўрликларга чидайдилар. Роман муаллифи характерларни таҳлил қилиш, сюжетни изчил ривожлантириш йўлидан бормайди. Асарда 1920 йилдан 1990 йилларгача бўлган воқеалар қаҳрамонлар биографиясига боғлиқ ҳолда ривожлантирилади. “Хусумат” романи китобхон қалбида аянч, алам, зўравонликка нафрат туйғусини кучайтиради. Хуллас, Қўзи Давлат ўз романи билан жиддий жанрга хос теранликни, характерлар таҳлилини, инсонга хос жиддий масалаларни ёритиб беролмаган.
3.Роман фалсафаси
Услуб – ёзувчининг адабиётдаги бетакрор қиёфаси, ўзлиги. Услуб – ижодкорнинг фикрлаш тарзи, оламу одам ҳақидаги қарашлари, иймону эътиқоди. Услуб – ёзувчи фалсафаси инъикоси. Санъаткор фалсафаси бус-бутун, теран намоён бўладиган жанр – роман. Бошқача айтганда, роман – ёзувчининг олам ва одам, замон ва макон ҳақидаги фалсафаси, ижодкор борлиғида роса етилган тафаккур, дунёни англаш концепцияси кўрсаткичи. Роман – ёзувчининг руҳий-маънавий-интеллектуал даражаси ифодаси.
Тарихий романларда ёзувчи фалсафаси, роман тафаккурининг акс этиши мураккаброқ кечади. Аниқроғи, бош қаҳрамон – асосий характерлар фалсафаси ёзувчи концепцияси, тафаккури билан узвий бирлик, боғлиқликда ўз ифодасини топади. “Яссавийнинг сўнгги сафари” романининг қаҳрамони Аҳмад Яссавий мутасаввуф аллома – ўз фалсафаси, тариқатига асос солган. Айни вақтда, ижодкор сиймо. Романни ўқиган китобхон зинҳор: “Яссавий қарашлари қандай эди?”, “Бош қаҳрамон характери юзаки тасвирланибди”, “Романда асосий қаҳрамон фалсафаси ва ижодий-амалий фаолияти аро сохталик, номутаносиблик пайдо бўлибди”, – демайди. Аксинча, унда ҳам эстетик, ҳам фикрий-мантиқий қониқиш пайдо бўлади. Саъдулла Сиёев нафақат бош характер, балки Ҳаким ота, Бобо Мочин, Абдуҳолиқ Ғиждувоний сингари характерларни тўла намоён эта олган. Романдаги энг муҳим, драматик характерлардан бири муриди содиқ, айни вақтда шаҳзода Қутбиддиндир. Бу характер Аҳмад Яссавий тариқати қудратини тўлалигича намоён этган. Қутбиддин Султон Маҳмуднинг ёлғиз ўғли, эртами-индинми тахтни эгаллайдиган одам. Бу қаҳрамон икки йўл орасида турибди: қалбан, руҳан у пири муршидга яқин: зикр тушганда бутун борлиқни унутади, шавқ-завқ, жўшқинлик билан тариқат моҳиятини туяди, бемисл ҳузур-ҳаловат олади. Подшо якка ўғлини саройга қайтариш, дунё лаззатларига ошно қилиш чора-тадбирларини кўради. Қутбиддин нозик-ниҳол ёрини никоҳ тўшагида бокиралигича қолдириб, пири изидан кетади. Мана шу ўринда ёзувчи фалсафаси уч кўрсатади. Китобхон Қутбиддиннинг саройга қайтишини, адолатли подшо бўлиб, эл-юрт ҳурматини қозонишини истайди. Лекин мантиқ Қутбиддиннинг Яссавий изидан кетишини тақозо қилади. Ғзувчи шу мантиққа зид боролмайди. Аммо Қутбиддин тирикчилик ўтказиш учун йўниқчилик қилаётганини, уззу-кун 5-6 та қошиқ йўнганини кузатган китобхон хаёлидан яна бир гап ўтади: “Саройга қайтсанг, отанг бошлаган ишни ҳалоллик билан давом эттирсанг бўлмасмиди?” Шу фикрда ёзувчи позицияси ҳам сезилади. Аммо у ўз қарашини зўрлаб ўтказмайди: китобхонга вазиятни баҳолаш имконини беради. Аҳмад Яссавийнинг фалсафий қарашлари, мустимаҳкам эътиқоди очиқ баҳсларда, мантиқий жангу жадалларда намоён бўлади. Шаҳобиддин Хожа, Ашрафхон қози, Мавлуд қори, Аъмоқ Марвазий сингарилари Аҳмад Яссавий пайини қирқишга, уни эл аро шарманда қилишга ҳамиша шай турадилар. Аҳмад Яссавий кучли илми, мустаҳкам иродаси, букилмас эътиқоди билан ҳамиша рақибларидан устун келади. У ўз қарашларини тасдиқлаш йўлида тинимсиз ҳаракат қилади:тасаввуфий фалсафасини тасдиқлаб боради. Хўш, романда ёзувчи концепцияси, фалсафаси қандай акс этган? Аҳмад Яссавий ҳар қанча мутасаввуф бўлмасин, табиат фарзанди, онадан туғилган инсон. Ғзувчи ўз фалсафасини мана шу йўналишда давом эттиради. Аҳмад Яссавий боқий дунёни фоний дунёдан аъло кўради. Аммо у ўжар, ўйловсиз, кўр-кўрона иш тутадиганлардан эмас. Шайх аввалига ўғли Иброҳимни ўзи билан муқаддас Ҳаж сафарига олиб кетмоқчи бўлади. Аммо “завжалик хизматини беминнат адо этган” аёлининг мантиқли мулоҳазаларидан кейин нафақат ўз ўғлини, балки муриди Абдурауфни ҳам Ҳаж сафаридан қолдиради. Аҳмад Яссавий бу дунё деб у дунёни арзимас ҳавасларга алмаштирадиганлардан эмас. Лекин романда Аҳмад Яссавийнинг Туркистон, Исфижоб, Ийқонга фарзандлик меҳри тасвирланган ўринларда ёзувчи қараши кўзга ярқ этиб ташланади. Романда зардуштийлик динига эътиқод қилувчи Каффор қарлуқ, Кашмирий девона образлари берилган. Қанчадан-қанча кишилар бу инсонларнинг эътиқодлари учун хўрлайдилар, хорлайдилар. Аммо ислом устунларидан бўлган Яссавий ўзга диндаги бу инсонларга шафқат қилади.
Бу ўринда ҳам ёзувчи фалсафаси, инсонпарварлик тушунчаси аниқ намоён бўлади. Асар хотимасида ёзувчи фалсафаси зўр маҳорат билан ўз ифодасини топган. Шайх ўз муридлари билан Маврни тарк этиш арафасидалигида вабо офати пайдо бўлади. Қалтис вазиятда Шайх худодан мадад кутиш, дуою зикрга зўр бериш йўлини танламайди. У ақлли, тадбирли инсон сифатида ҳоким Султон Санжар билан бир тан, бир жон бўлиб ногаҳоний офатга қарши курашга киришади. Эътибор беринг, Шайх жамоа бўлиб, масжидларда намоз ўқишни тақиқлайди, бозорларни вақтинчалик бекитиш таклифини киритади. Қилдай нозик вазиятда Шайхул-машойих дунёвий инсон сифатида фаолият кўрсатади. Муҳими шундаки, мана шу фидойилиги, одампарварлиги туфайли у ажр – буюк савобга доҳил бўлди: “Икки кундан кейин Шайхул-машойих субҳи содиқда сергак тортиб уйғонди. Тепасида Хизр бобоси турарди.
– Аё Аҳмад! Биродарим Жаброил мужда келтирди. Мискинларни балодин қутқариб, ҳаж савобини олдинг. Байъатинг қабул бўлди. Энди Туркистонга қайт. Туркистонда сени Оллоҳнинг савоби кутади…”
Шундай нурли хотимада ёзувчи фалсафаси, роман тафаккури кўзга ярқ этиб ташланади, борлиғингизни қамраб олади.
“Улуғ салтанат” романи ҳақида гап борар экан, мавзу масъулияти, бош қаҳрамони миқёси, салобати масаласи кишини ўйлатади.
Хуллас, роман-фикр-мулоҳазалар, фалсафий-сиёсий, ижтимоий-маънавий баҳс, мушоҳадаларнинг жонли характерларда ифода этувчи жанр. Бу жанр китобхонни ўйлашга, мушоҳада юритишга ундайди, руҳий-маънавий жиҳатдан бойитади.
- Замонавий роман имкониятлари
Кузатганмисиз, сувратга тушган одам расмига бот-бот қарайверади, ўзини ўзи энди кўраётгандай, нималарнидир англаётгандай бўлаверади. Муҳрланган – ортда қолган вақтга боқишнинг синоати, ички бир маъноси бор. Ҳозирги кун, ён-веримиздаги одамлар ҳақида ёзилган жонли асарни ўқиш, уқиш, у ҳақда фикрлашиш, баҳслашиш – ўта мароқли юмуш. Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романининг “Жаҳон адабиёти”да чоп этилганига унча кўп бўлгани йўқ. Лекин роман қўлдан-қўлга ўта бошлади, тилдан-тилга кўчди, диллардан жой олиб, акс-садо бера бошлади. Асар ҳақида ҳозиргача билдирилган фикрларни (мақола, тақриз, муносабат, қутлов, мулоҳаза, баҳс, таҳлил, талқинларни) алоҳида китоб қилса бўлади. “Мувозанат” ёшларнинг диққатини тортганлиги, қизғин баҳсларга сабаб бўлаётганлиги диққатга сазовор. “Шайтанат”дан кейин бундай ўқишли асар яратилмаган экан-да…
“Мувозанат” нимаси билан тилга тушди, баҳсларга сабаб бўлди? Уни бадиий баркамоллиги улуғлади десак, матбуотда асардаги жўн жумлалар, сюжет, композициядаги баланд-пастликлар қайд этилди. Асарни замонамиз фалсафаси, руҳий-маънавий қарашлар жамулжами десак ҳам тўғри бўлмайди. Эҳтимол, “Мувозанат” қайси йўлдан боришимиз зарурлигини бадиий жиҳатдан исботлаб бергандир?!
Улуғбек Ҳамдам романи ҳозирги ўзбекнинг ўйлари, изланишлари, руҳий-маънавий изтироблари ҳақидаги асардир. “Мувозанат”нинг энг катта ютуғи шундаки, унда жонли, тирик, изланувчи, хом сут эмган бандалар тимсоли тиниқ тасвирланган. “Мувозанат”да яхлитлик, бирбутунлик руҳи бор. Ғдингиздами, уч ўртоқ – Юсуф, Саид, Миразим тўқликка шўхлик қилишади. Кўчага чиқиб олиб қизларга гап отишади, ўтган-кетганга тегажоқлик қилишади, муштлашишади, тўдага тушиб қолиб, роса калтак ейишади. Ўйиндан ўқ чиқишига бир баҳя қолганида, уч ўртоқнинг тақдири хавфли чизиққа ўтиб қолаётганида ўртага Юсуф билан муштлашган рус йигити тушади: ҳеч ким айбдор эмаслигини жон-жаҳди билан исботлайди, ҳозиргина ўзи билан муштлашган ўзбекни балодан қутқариб қолади. Яна бир мисол. Миразим, Саид ўз йўлини топиб олган, улар қийинчилик нималигини билмайдилар. Уларнинг хотинлари бугунги бойвуччалар: улар билан унча-бунча одам гаплаша олмайди. Лекин бойвучча Зуҳра камбағал Юсуф билан талабалик йилларини, донишманд Талъат ака маърузаларини нурли тушдай эслайдилар. Юсуф билан Амирнинг ҳаётга қараши, муносабати бошқа-бошқа. Лекин улар ака-ука: бирининг дарди иккинчисининг армонига айланади. Хуллас, роман қаҳрамонлари бир замон, бир муҳитнинг одамлари. Улар учун бойлик, камбағаллик ҳаёт-мамот масаласи эмас. Асар қаҳрамонлари ҳозирги ҳаёт, пасту баландликлар, нотекисликлар, ҳалолу ҳаромликлар, инсофу ноинсофликлар ҳақида дилдан мулоҳаза юритадилар. “Мувозанат” ўзининг руҳи билан барчани бирлаштирди, бошини қовуштирди. Тўғри, айрим эрудит интеллектуаллар мувозанат фалсафаси ҳақидаги қарашни инкор этдилар, романнинг таъсир доираси тор эканлигини билдирдилар. Лекин “Мувозанат” бугунги кишилар ўйлари, қарашлари сифатида эътибор топти. Романдаги Юсуф, Амир, Одил ака, Саид, Зуҳра, Манзураларнинг ўз қарашлари, ҳаётий муносабатлари мавжуд. Тўғри, улар ишонган қарашларни эртанги кун инкор этиши мумкин. Лекин, муҳими шундаки, улар бугун ўйлаяптилар, изланяптилар. “Мувозанат” романида қаҳрамонлар ўйлари, тушунчалари, ҳаётга қарашлари билан тезоқар вақт аро баҳс бўлаётганлиги очиқ-ойдин сезилади. Заҳро бугун ҳаётдан лаззат олишни, Манзура эри устидан ҳукмронлик қилишни мақсад деб билдилар ва хато қилаётганликларини сезиб қолдилар. Юсуфнинг хотини ҳам енгилтаклик қилганлиги ва бу қилмиши учун дарҳол жазоланганлиги маълум бўлади. Асарда қаҳрамонлар аро азалий муаммолар бўйича баҳс бўлади. Ўйлаб кўрилса, Амир кўп масалада ҳақ. Лекин у зинҳор замон билан келишишни хаёлига келтирмайди. Одил ака ақлли, ҳушёр одам. Аммо ҳаёт уни келишувчан, замонга боқиб иш қилувчи қилиб қўйган. Амирни таваккалчилиги, эътиқоди йўлида тоймаслиги зарбаларга дуч кела бошлайди. Шундай хулоса пайдо бўладики, амирлар аввал ҳам бўлган, жамиятдан ажратиб, четга суриб ташланган. Жиннихонадаги аҳвол, соппа-соғ “жинни”лар тақдири кўп нарса ҳақида ўйлашга ундайди. Амир тутган йўл: “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ”, деган мақол бекорга пайдо бўлмаганини уқтиради. “Мувозанат” романи миллий ўзлигимизда ўзгартирилиши лозим бўлган кўп нарсалар борлигини кўрсатади. Юсуф, масалан, кўпинча тўғри йўлни топиб олади. Лекин ўша йўлни изчил давом эттиришга иродасизлик, келишувчиликдан кўра теранроқ алланима борлиги сезилиб қолади. Юсуфни Амир ёзган шеърлар ҳамиша сергаклантиради, ўғлининг ўлимига сабаб бўлган воқеа-ҳодисалар қалбини ўртайди. Лекин сергаклик, қалбнинг ўртаниши шахснинг қайта шаклланиши, янги йўлни узил-кесил танлагани эмас. Юсуф характеридаги камчиликлар, афсуски, кўпчилик миллатдошларимизда кўринади.
“Мувозанат” романи анъанавий йўсинда ёзилган асар. Лекин ўйлаб кўрилса, унда модерн романнинг кўп хусусиятлари кўзга ташланади. Биринчидан, Юсуф – бош қаҳрамон қарашлари зинҳор ёзувчи концепциясини акс эттирмайди. Романда ўта нозик ҳаракат қиладиган ровий образи кўзга элас-элас ташланади. У воқеа-ҳодисаларни зимдан бошқаради, қаҳрамонларнинг эмин-эркин ҳаракат қилишларини, ўзларини намоён этишларини таъминлайди. Модерн романларда ёзувчи концепцияси – воқеа-ҳодиса, қаҳрамонлар фаолиятининг энг остки қисмида англашилади. “Мувозанат”да ёзувчи фалсафаси ва бош қаҳрамон функцияси бир нуқтага туташганки, роман ҳақидаги баҳслар, танқидий қарашлар шу ўринга келиб тақалмоқда. Юсуф мувозанат фалсафаси ҳақида шундай мулоҳаза юритадики, гўё ёзувчи шундай қарашни қувватлаётгандай туюлади. Ваҳоланки, ёзувчи концепцияси Юсуф, Амир, Саид, қишлоқдаги ишсиз йигитлар қарашларида акс этади. Янада аниқроғи, ёзувчи концепцияси ўсишда, ўзгаришда, ҳаракатда эканлиги билан тансиқ ва қимматли.
Бош қаҳрамон характери, унга юкланган ғоявий вазифа – романнинг ўқилдизи. “Мувозанат”да бош қаҳрамон шаҳардаги ижара-уйидан, оиласидан, иш жойидан ажралади, руҳий танҳолик азобини ҳис эта бошлайди. У саёқ, бетайин одам билан ҳамхона бўлади; моғорлаб, сувараклар инига айланиб қолган буханка-нонни ютоқиб чайнайди; мардикор бозорига чиқади. Романдаги бундай тасвирлар китобхонга қаттиқ таъсир этади, у ўзини Юсуфдай ҳис эта бошлайди. Яна савол туғилади: Юсуф қаршисида биронта нажот йўли қолмаган эдимики, у шунчалар тубанлашса..? Ақлли одамлар энг чигал вазиятларда ҳам йўл излайдилар, иродаларини бир нуқтага жамлайдилар. Қолаверса, муроса-мадора деган гаплар бор. Юсуфнинг мана шундай ҳолати ёзувчи концепцияси нуқтаи назаридан қандай баҳоланяпти? Тўғри, бадиий асар ҳолат, вазиятни тасвирлайди, ечимни бериши шарт эмас. Аммо ёзувчи қаҳрамон тақдирига муносабат билдириши керак-ку… Юсуф, кутилмаганда, муроса-мадора йўлига бурилди, аниқроғи, яшаш тарзи, ҳалоллик тамойилига зид иш қила бошлади. Мана шу нуқтада муҳим бир ҳақиқат юз кўрсатади: Юсуф тоифасидаги одамлар сохта муносабатлар гирдобида яшай олмайдилар.
Романда китобхонни тўлқинлантириб юборадиган, юксак маҳорат билан яратилган ҳолат, вазиятлар бор. Масалан, кичкинагина болакай – Абдулланинг ўлими одамни ларзага солади: Юсуф, Ойгул, ота-оналар, мунофиқ врачлар борлиғи “ярқ” этиб кўринади. Амирнинг дард-ҳасратлари унинг шеърларида шундай акс этганки, ҳали танқидчилик қаҳрамон қалби ва шеърдаги ҳасрат ифодалари қирраларини ёритгани йўқ.
“Мувозанат”да жуда теран умуминсоний масалалар ҳам юксак мақомда тасвирланган. Дунёда гуноҳ, савоб деган тушунча бор. Гуноҳ ҳам, савоб ҳам инсонга қайтади. Амирга жисмоний азоб берган бетавфиқ чўпон, унинг ўғиллари жазоларини оладилар. Улар ҳамма нарсани билиб, кўриб турувчи Оллоҳнинг ғазабига учрайдилар.
Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романи ҳозирги куннинг энг ўқишли, қизиқарли асаридир. Лекин бу роман гарчи тирик, жонли, ички зиддиятларга бой бўлса-да, ёзувчи ижодининг бош китоби эмас деган ишонч бор. Бадиий асар, хусусан, роман, назаримизда, замонавий, миллий, умуминсоний бўлади. “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз”, “Қутлуғ қон”лар миллий роман сифатида яшаяпти, яшайди. “Шоҳ Эдип”, “Кассандра тамғаси”, “Кичик шаҳзода”, “Дон Кихот”, “Жиноят ва жазо”лар умуминсоний асарлар сифатида яшаяпти, бундан кейин ҳам яшайверади.
Улуғбек Ҳамдам, шубҳасиз, умуминсоний қадриятлар қаторида турадиган асар яратишига ишонамиз.
* * *
Ўзбек романи XXI асрга дадил қадам билан кириб келди. У жаҳон романчилигида ўз ўрни, қиёфаси, ёрқин санъаткорлари билан бўй кўрсатишини умид қиламиз. Роман халқнинг руҳий-маънавий изланиш, изтиробларини бетакрор усул, услуб, йўсинларда кўрсатиб берувчи имконияти кенг, ҳамиша тирик жанрдир.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 9-сон