Заҳириддин Муҳаммад Бобур воқеликни ниҳоятда нозик идрок этувчи, ҳис-ҳаяжон билан яшовчи, инсон руҳиятининг барча ҳолатларини илғаб олувчи, хотираси ўткир, мулоҳазалари чуқур, меҳри қайноқ, қаҳри қавий, таважжуҳ доираси бениҳоя кенг, виждонияти, орияти ғоят мустаҳкам сиймо бўлган. Бобурнинг Осиёдаги бошқа ҳукмдорлардан ижобий фарқ қилиши ҳақида бизда ҳам, хорижда ҳам кўп ёзганлар.
Бобурнинг ирфоний қарашлари унинг ижодиётида ҳам, «Бобурнома», «Аруз рисоласи», «Мубаййин», мактублари, ҳатто фармонларида ҳам акс этган. Бобурдаги орифлик илмга, ҳаётга, давлатга муносабатда рўйи рост кўринади. Маънавий баркамоллик, илм-маърифатга интилиш Бобур муножотларининг ҳам, Бобур пандларининг ҳам, Бобур фаолиятининг ҳам марказида турган.
«Ким бор анга илм — толиби илм керак…» деб бошланган рубоийдаги мақсад аён, изоҳ талаб қилмайди. Бобур шеъриятида инсон дилининг латифлиги, чеҳрасининг гўзаллиги, руҳий ҳолати таърифлари «ирфоннинг энг баланд мақоми маърифат ва энг хуштар(лазизроқ) ҳоли ирфондир» мезони билан чамаланса, ўлчанса дуруст бўлур эди.
Унинг ирфоний фикрлари кўпроқ рубоийларида берилади ва анъана талаблари ҳам, замона эҳтиёж ва тазйиқлари ҳам шахсий кечинмалари билан бирлашиб кетади. Бобур шеъриятида соғинч, руҳий исёнлар билан йўғрилган, ёддан чиқмас, юрак тубига чўкиб қоладиган ўкинч, армонлар, пандлар, насиҳатлар, ўтинчлар назм ипига тортилади, оҳорли тимсоллар яратилади; сержило бадиият унсурлари—санъатлар истифода этилади.
«Бобурнома»да Бобурнинг ҳар бир воқеа, ҳодиса, мулоқот, мусоҳабат моҳиятини юракдан ўтказишга мойиллигини уқса бўлади. Бу асарда аксар мисоллар, тафсиллар муаллифнинг эътиқоди, ирфоний таважжуҳини юзага чиқаради. Масалан: Ғазни кентларидан биридаги саловот айтгач тебранувчи мазор ҳақидаги, Исталиф шаҳридаги (Бобур ғоят хуш кўрган шаҳар) «Хожа се ёрон» чашмаси билан машҳур жойда чинор, балут ва арғувон дарахтининг (бошқа жойларда ўсмайдиган навъини) эктириши, халқ орасида мўътабар саналган уч азизнинг каромати деб эътимод этилгани учун бу ерни жуда обод қилгани бежиз эмас.1
Ҳиндолнинг туғилиши ва Моҳим бегим ҳамда Ҳазрати Волида (Қутлуғ Нигор хоним) тарбиясига берилишидаги тафсиллар—«Бу муносабат била Ҳиндол менга ҳам ини ва ҳам фарзанддир», деган эътирофими?!
926, муҳаррам ойи 22 чи куни (1519 йил 16 декабр) Кунар деган кентдаги норунжзор сайрида шаррос ёмғир қуйганда, Бобур ўзи билган тилсимни тўрт парча қоғозга ёздириб, тўрт томонга остириб қўяди. Ўша замоноқ ёмғир тўхтайди…
Шайбонийхонга қарши куч йиғиш учун Хуросонга бориб, қайтаётганида, бўласи Муҳаммад Мирзо Бобур изидан шиддат билан қувади. Бир чорбоғда беркинганида Бобурни танимай соқчилар сардори Дўст Сарипулий унга қилич солади. Бобурга ҳеч заҳмат етишмайди. Чунки, дейди у, «Мен бу дуони ўқуб эрдим, Тангри таоло бу мутаважжиҳ бўлган балони дафъ қилди», деб ёзади:
«Бисмиллаҳир-раҳмонир-раҳим. Оллоҳумма анта раббий, ла илаҳа илла анта таваккалту алайка ва анта раббул-аршил-азим. Машаоллоҳу кана ва ма лам яшаъ лам якун ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил-алийил-азим. Ва инналлаҳа ала кулли шайин қадир. Ва инналлаҳа қад аҳата бикулли шайин илман ва аҳсо куллу шайин ададан.
Оллоҳумма инни аузу бика мин шарри нафси ва мин шарри ғайри ва мин шарри кулли зи шаррин ва мин шарри кули даббатин, анта охаз бинасиятиҳа, иннака раббил-аршил-азим». (Таржимаси: «Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳнинг номи бирлан. Эй Парвардигор, Сен менинг Раббимсен, Сендин ўзга Илоҳ йўқтур, Сенгагина умид қилурмен. Зеро, Сен улуғ Арш Раббисисен, Сен хоҳлағон иш бўлур, хоҳламағонинг бўлмас. Барча куч-қудрат фақат Ўзингдадур. Сен олий, буюкдурсен. Барча нимарсани илминг ила қамраб олурсен ва ҳар нимарсанинг ҳисобини жуда яхши билурсен».)
Эй Парвардигор, мен Сендин нафасимнинг ёмонлигидин, ўзгаларнинг ёмонлигидин, ҳар бир ёвуз ниятли кишилар ёмонлигидин ва қўл остингда бўлғон ҳар бир жонзотнинг ёмонлигидин паноҳ сўраймен. Зеро, Сен буюк Арш Раббисиндурсен».
Бобурнинг Хожа Аҳрорга эътимоди ҳам, эътиқоди ҳам ғоят баланд эди. Бобурнинг отаси Умаршайх илтимосига кўра унинг исмини «Заҳируддин Муҳаммад» деб Хожа Аҳрор қўйган эди.
Ватан тақдири, ўз қисматига оид машаққатлар гирдобида эканида толиққан Бобур намоз ўқиётиб, муножот чоғида уйқуга толади. Тушида Хожа Яҳъё ўғли Хожа Яъқуб оқ-қора тусли отда елиб келиб, мени Хожа Аҳрор юбордилар, подшоҳлик маснади сизга, фатҳ ва нусрат сиз саридур, дейди. Шу аснода Бобурнинг холаси Давлат Султон бегимнинг кўкалдоши етиб келади ва, Хожа Убайдуллоҳ тушимда Бобурни ҳузуримга келтир, маснад анга тааллуқ бўлубдур, дейди.
1528 йили Гвалиярда Бобур оғир иситмалаб қолади. 1 ойу 40 кун бу хасталикдан қутулиш ниятида «Волидия» таржимасини бошлайди ва таржимани тугатмасданоқ хасталик чекинади.
Яна бир таъсирли мисол: Санбал ҳукмдори Ҳумоюн қаттиқ бетоб бўлади. Уни Деҳлига келтирадилар. Бобур ҳозиқ, табибларни йиғади. Улар «Ушмундоқ дардларга дармон будурким, яхши нимарсаларни тасаддуқ қилмоқ керак, тоинки Тангри таоло сиҳҳат бергай…» дейдилар. Бобур «Муҳаммад Ҳумоюннинг мендин ўзга яхшироқ нимарсаси йўқ. Мен ўзум тасаддуқ бўлайин… Уч қатла бошидин ўчрулуб, дедимким, ҳар не дардинг бор, мен кўтардим»
Гулбадан бегимда «Худоё, жон ўрнига жон бермоқ мумкин эрса, менким, Бобурмен, умри жонимни Ҳумоюнга бағишлайман… Шу куннинг ўзидаёқ жаннатмакон Ҳазратнинг тоблари қочиб қолди, Ҳумоюн подшоҳ эрса ўз бошларидан сув қўйиб, ташқарига чиқдилар», деб ёзади.
«Мубаййин»да Бобур эътиқоди диний йўналишда баён этилади. Ислом рукнлари ҳақида ёзар экан, Бобур ер-ерида фарзандлари Ҳумоюн ва Комрон мирзога панду насиҳатларини айтади. Булар ирфоний шеъриятнинг гўзал намуналаридир.
Бобурнинг ўғли Ҳумоюн ҳам ижодкор шахс бўлган. Мутрибийнинг «Нусхаи зебойи Жаҳонгир» тазкирасида келтирилишича, Ироқ подшоҳларидан бири «ғоят назокатли ва шарофатли бўлган, бир неча рисола мажмуъи»нинг нусхасини юборсангиз деган илтимос билан нома йўллаган эди. Бу Ҳумоюн подшоҳ қаламига мансуб тўрт рисола эди. «Фақир Абдуллохон китобхонасида кўрганман. Қўлёзмалар «муаллифнинг Шариф хатлари билан битилгандир», — деб ёзади Мутрибий. Булар:
1. Ислом ақидалари, имон шароитлари, мўминлик аҳком ва рукнлари ҳақида.
2. Илми нужум, юлдузлар сайри, ой ва қуёш манзиллари, тўрт фасл, ер куррасининг маърифати, иқлимлар ва расад боғлаш тариқлари ҳақида.
3. Мусиқа илми, 12 мақом, 21 шўъба, овоз ва усуллари ҳақида.
4. Шеър илми, аруз, қофия; бу фан мезонлари ва мушкилоти ҳақида.
Бу тўрт рисола хати гўзал котибга кўчиртирилиб, Ироққа жўнатилган эди.
Шу ўринда бобурий шаҳзодалардан Шоҳ Жаҳоннинг тўнғич ўғли Муҳаммад Доро Шукуҳ Бобур анъаналарини давом эттиргани, орифона асарлар ёзгани, Бобурнинг таржима соҳасидаги ишларини ҳам давом эттиргани ҳақида тўхталмоқ жоиздир. Шоҳ Жаҳон оғир хаста эканида давлат ишларини бошқариб турган Муҳаммад Доро Шукуҳ салтанат-тахт талашган биродарлари фитна-фужури, ўзаро низоларини боса олмаган. Унинг юрагида ижод шамчироғлари ёниқ бўлиб, ҳарбий ишлару ҳукмдорликка таважжуҳи бўлмаган.
1658 йили укаси Аврангзебнинг ҳийла ва хиёнатли хатти-ҳаракатлари натижасида Огра яқинидаги жангда Доро Шукуҳ мағлубиятга учрайди. Шоҳ Жаҳон ҳибсга олинади, укаси Муродбахш зиндонбанд этилади. Муҳаммад Доро Шукуҳ қочқин бўлиб, бир вақтлар ўзи ҳаётини сақлаб қолган Белужистон Султони Малик Жавондан паноҳ истаб боради. Лекин бу Султон хиёнат қилади. 1658 йил ўрталарида беморликдан заифлашган Шоҳ Жаҳонга Доро Шукуҳнинг кесилган бошини табақда киритадилар. Аврангзеб ўзининг қонхўрлиги, тошюраклигини намоён этиб, онаси Аржумандбону бегим(Мумтоз Маҳал)га оқ мармардан қурилган муҳташам Тожмаҳал мақбараси туфайли хазинани бўм-бўш қилиб қўйган отасидан ана шундай даҳшатли ўч олган эди.
Тарихга назар ташланса амин бўлинадики, шоҳлар келар экан, шоҳлар кетар экан. Қайси биридан яхши ном, бунёдкорлик обидалари, яхши асарлар қолар экан, қайсисидан эса қора кўланка, чўкик қабр қолар экан.
Муҳаммад Доро Шукуҳдан 10 номда ирфоний, тасаввуфий асарлар етиб келган.
1. «Сафинат ул-авлиё» — ирфоний адабиётнинг ёрқин намунаси. Қодирия, жунайдия, нақшбандия, кубравия, чиштия ва бошқа машойихи ва орифа, солиҳа аёллар ҳолатларига оид асар;
2. «Сакинат ул-авлиё» — Шайх Абдулқодир Гилоний, Минжу хулафолари маноқиблари;
3. «Ҳақнома» — ирфон ва тасаввуф масалаларига оид асар;
4. «Ҳасанот ул-орифийн» («Шатхиёт» ҳам дейилади) — Иброҳим Адҳам, Боязид Бистомий, Робия Адавия, Мансур Халлож шатхиётлари, уларнинг давомчилари ҳақида;
5. «Мажмаъ ул-баҳрайн» — исломий ва ҳинду мазҳабларидаги умумий ва ўзига хос жиҳатлар ҳақида(1185—1771-72 йили араб тилига таржима қилинган);
6. «Сирри Акбар» ё «Сирр ул-асрор» — 50 упанишоднинг санскритдан форсийга таржимаси;
7. Доро Шукуҳ девони. У қодирия тариқатига мансуб бўлгани учун «Қодирий» тахаллусини олган. Огра китобхонасида сақланаётган девонда 133 ғазал ва 28 рубоий жамланган. Доро Шукуҳ шеърлари сўфиёна ва орифона мазмунда ёзилган дейилади «Суҳуфи Иброҳим» тазкирасида. Девон Машҳадда 1944 йили нашр қилинган;
8. Ирфоний номалар. Ўз замондошларига тасаввуф масалалари бўйича (савол-жавоб хатлар) санскрит ва форс тилларидаги номалар мажмуаси;
9. «Тариқат ул-ҳақиқат» («Маориф» ҳам дейилади) — муқаддима ва 3 манзил, ҳар бири яна 30 манзилларга бўлинган бу рисолада тариқатнинг турли босқичлари ёритилади. Унда Саъдий, Амир Хусрав ва Жомий шеърлари келтирилади;
10. Саволу жавоб рисоласи. «Муҳокама» — суҳбатлашиш деб ҳам юритилади. Муҳаммад Доро Шукуҳнинг ҳинд фуқароларидан Бобо Лол Досга ҳинду мазҳаблар, ҳинд фалсафаси хусусидаги саволлари ва олган жавобларидан иборат. Рисолада Жалолиддин Румий, Низомий, Ҳофиз ва бошқа шоирларнинг шеърлари келтирилган.
Муҳаммад Доро Шукуҳ 60 минг байтдан иборат санскритда ёзилган «Жўг» таркибидаги баъзи ҳикоятларни ҳам таржима қилганлиги ҳақида маълумотлар бор.
Кўринадики, Муҳаммад Доро Шукуҳ улуғ аждоди Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг, бобоси Акбаршоҳнинг ирфоний қарашларини давом эттирган ва уларнинг ҳинд тили, маданияти ҳамда қадриятларига ҳурматда бўлиш анъаналарини ривожлантирган.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 6-сонидан олинди.