Турмуш — аслида сийқа тушунчадир, бу тушунчани жонлантириб туриш, унинг моҳиятини шахсий муносабатлар маданияти билан очиб бериш керак.
М. М. ПРИШВИН
Биз бир-биримизга эътибор билан муносабатда бўлишни ўрганишимиз керак, дунёда энг ажиб, энг олий хилқат — инсон эканлигини тушунмоғимиз керак.
М. ГОРКИЙ
Куррамиздаги энг дилбар, энг ажойиб хилқат деб ҳисобланган инсон билан фахрланишни ўрганмагунимизча, то ўша пайт келмагунча ҳаётимиздаги қа-биҳлик ва ёлғондан қутула олмаймиз.
М. ГОРКИЙ
Ҳар бир кишида яратувчининг доно қудрати яширингани, шунинг учун бу қудратнинг тараққий этиши, гуллаб-яшнашига имкон бериш лозимлигини унутмаган ҳолда бир-бирингизни иззат-икром қилинг.
М. ГОРКИЙ
Жаҳонда инсон учун одамлардан кўра ғаройиброғи йўқ.
В. ГУМБОЛДТ
Кўнглимда сақлаган дурри ниҳоним — бу яхшиларга нисбатан ўтли муносабатимдир.
М.М.ПРИШВИН
Демократик таълимотлардан энг биринчиси — барча одамлар маънавий гўзалдир, дея тан олишдан иборатдир.
Г. ЧЕСТЕРТОН
Ҳар бир киши — бутун бир китобдир, ҳамма гап уни ўқий олишда.
У. ЧЕННИНГ
Биз биринчи таассуротдан кейиноқ ёки икки-уч ташқи белги биланоқ бир-биримиз ҳақимизда ҳукм чиқара олишимиз учун ҳар биримизда кўп мурватлару ғилдираклару ва қопқоқчалар мавжуд.
А. ЧЕХОВ
Агар одамни бир қарашдаёқ бутун сирру асрорини билиб олсанг, унга қизиқмай қоласан. Инсон имкон қадар ўзида барча хислатларни жамлагани ҳолда, яна нимаси биландир сирли туюлмоғи керак.
М. ГОРКИЙ
Бир қарашдаёқ киши ҳақида ҳукм чиқариш ярамайди. Фазилатлар одатда камтарлик қобиғи билан ўралган, камчиликлар риёкорлик ниқобига яширинган бўлади.
Ж. ЛАБРУЕР
Кишилар ҳақидаги ҳукмимизда тасодифий қадамларга катта эътибор беришдан сақланмоқ керак. Тасодифий ишлар билан ожиз кишилар ўзларига иззат-икромларни қайтармоқчи, шуҳратпарастлар — жамият кўз олдида ўзларини азизу мукаррам қилиб кўрсатмоқчи бўладилар.
Г. ТЕЙЛОР
Одамлар ҳеч қачон мислсиз яхши ёки ҳаддан ташқари ёмон бўлмайдилар.
Ф. ЛАРОШФУКО
Киши олижаноблиги ҳақида унинг аҳёндаги ғайратига қараб эмас, балки кундалик ишларига қараб баҳо берилиши керак.
Б. ПАСКАЛ
Кўпинча шундай бўладики, агар диққат билан ўрганилса, «ёмон одамлар» яхши чиқиб, «яхшилар» эса ютқазиб қўядилар.
Г. ЛИХТЕНБЕРГ
Киши ҳақида ҳукм чиқазишдан олдин лоақал унинг фикр-асрори, унинг бахтсизлиги, унинг ҳаяжонига шерик бўлиш керак.
БАЛЗАК
Кишининг ташқи кўринишига қараб баҳо бериб бўлмайди — кўринишга қараб фақат тахмин қилиш мумкин.
Ж. ЛАБРУЕР
Инсонни билиш учун уни севиш керак.
Л.ФЕЙЕРБАХ
Одамлар билан эллашиш ва уларга ёқимли бўлиш учун ақлдан кўра қалб кўпроқ фойда беради.
Ж. ЛАБРУЕР
Кишиларни ўзгартирмоқ учун уларни севиш керак. Уларга таъсир ўтказиш билан уларни севиш пропортсионалдир.
И. ПЕСТ АЛОССИ
Кимнингдир фазилатини баҳоламоқчи бўлган одамнинг ўзи ҳам шу фазилатга ёт бўлмасин.
В. ШЕКСПИР
Яқинларимиз қанчалик бизга ўхшаган бўлсалар, улар шунчалик бизга хуш ёқадилар; кимнидир қадрлаш — бу афтидан, уни ўзига тенглаштиришнинг ўзгинасидир.
Ж. ЛАБРУЕР
Бошқанинг инсонлигини ҳис этган тақдирингдагина инсон бўла оласан.
А. Н. РАДИШЕВ
Ўзи ҳақида ҳукм чиқазишни ўрганмаган одам бошқалар ҳақида ҳукм чиқаролмайди.
И. ГЁТЕ
Кимки инсонликни ўзида синаб кўрмаган экан, у ҳеч қачон одамларни чуқур билмайди.
Н. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ
Ҳар бир киши бошқалардан ажралиб туради ва кундан-кунга ўзидан ҳам фарқланиб боради.
А. ПОП
Кишига туғилган жойига қараб эмас, унинг маънавий қиёфасига, қайси юртданлигига қараб эмас, қандай нуқтаи назар билан яшашга жазм қилганига қараб баҳо берилади.
АПУЛЕЙ
Киши қанчалик доно бўлса, у шунчалик янги-янги одамларни топади. Ўртамиёна шахслар кўпчилик орасида у қадар сезилмайди.
Б. ПАСКАЛ
Бировни тушунмоқ учун ўзингни унинг ўрнига қўйиб кўрмоғинг, унинг севинчи ва дардини ҳис этмоғинг лозим.
Д. И. ПИСАРЕВ
Ёнингдаги кишини ҳис қила бил, унинг қалбига кир, кўзларига боқиб, ички оламини — шодлиги, қайғуси, бахтсизлиги, ғам-аламини кўра бил.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ
Ўзга одамнинг дахлсизлиги, нозиклиги, ҳамиятини эҳтиёт қил, ая. Одамларга ёмонлик қилма, ранжитма, дилини оғритма, ташвиш ва нотинчликка қўйма.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ
Бутун ҳаёт давомида инсонга енгилтаклик ва лоқайдлик билан қараш мумкин ҳисобланган бирон сония ҳам бўлмаслиги керак.
Д. И. ПИСАРЕВ
Ўзингда ҳам, бошқаларда ҳам инсоний шахсиятни эъзозла.
Д. И. ПИСАРЕВ
Бошқаларни ҳурмат қилиш ўз-ўзини ҳурмат қилишга олиб келади.
Р. ДЕКАРТ
Одамларни ҳурмат қилиш — ўзини ҳурмат қилишдир.
Ж. ГОЛСУОРСИ
Ким ҳеч кимни севмаса, менимча, уни ҳам ҳеч ким севмайди.
ДЕМОКРИТ
Бошқаларни ҳурмат қилган одамгина ҳурматга лойиқ.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ
Кимки бошқаларга нисбатан ҳурмат ҳиссини йўқотишга мойил бўлса, у авваламбор ўзини ҳурмат қилмайди.
Ф. М. ДОСТОЕВСКИЙ
Ҳеч қачон кишига яхшилигидан кўра ёмонлиги кўп дея ёндашманг.
М. ГОРКИЙ
Ҳаммавақт бошқа одамлардан ёмон жиҳатларни эмас, яхши жиҳатларни қидир.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Чинакам яқинлик ўзаро мурувват кўрсатишдадир.
ПУБЛИЛИЙ СИР
Ҳеч кимни хуш кўрмайдиган киши ҳеч кимга ёқмайдиган кишидан кўра анча бахтсизроқдир.
Ф. ЛАРОШФУКО
Бизга ташвиш орттирадиганларга кўпинча мурувват билан қараймизу, аммо ташвишимизни еганларнинг эса қадрига етмаймиз.
Ф. ЛАРОШФУКО
Ҳеч кимга зиёнимиз тегмайди, деб юрадиган одамлар аксар ҳолларда кўпчиликка зиёндош бўладилар.
Ф. ЛАРОШФУКО
Тарбияли кишилар инсон шахсини ҳурмат қиладилар, шунинг учун ҳам улар марҳаматли, оқкўнгил, хушмуомалали ва кўнгилчандирлар.
А. П. ЧЕХОВ
Бошқалар қусрини афв эта олиш юксак камолот белгисидир.
Г. ВИНКЛЕР
Назокат ўринли бўлса, яъни шахснинг ғайрати ва ўз қадр-қимматини англаб етиши мутаносиб келса, у юксак инсоний фазилатлардан бирига айланади. Софлик, адолат ва ўз қурдошлари тақдирига фаол аралашиш унга омихта бўлиб келади.
Н. А. ДОБРОЛЮБОВ
Яқин кишиларимизга ўзларига муносиб муомала қилиб, биз уларни баттар бузамиз. Агар биз уларга ўзларидан кўра яхшироқ одамлар дея ёндашсак, уларни биз янада яхшироқ бўлишга мажбур этамиз.
И. ГЁТЕ
Буюк қалбларнинг истеъдоди бошқа одамлардаги улуғликни билишдир.
И. М. КАРАМЗИН
Кишини мақташ фойдалидир, бу унда ўзига ҳурмат ҳиссини оширади, ўз ижодий кучларига ишончни кучайтиришга ёрдамлашади.
М. ГОРКИЙ
Киши эркалаш — ҳеч қачон зиён келтирмайди.
М. ГОРКИЙ
Агар кишига ҳаммавақт “чўчқасан” дейилаверса, дарҳақиқат, охир-оқибатда у ҳуриллаб юборади.
М. ГОРКИЙ
Ўзингизга нисбатан ишонч ҳиссиётига путур етказмоқчи бўлганлардан қочинг. Бу майда одамларга хос хусусият. Буюк одам, аксинча, сизнинг ҳам буюк бўлишингиз мумкинлигига кўнглингизда ишонч туғдиради.
МАРК ТВЕН
Ўз кўнглингни кўтаришнинг энг яхши йўли — кимнингдир кўнглини кўтаришдир.
МАРК ТВЕН
Меҳнати кам кишилар бошқаларни кам мақтайди.
ПЛУТАРХ
Одамларга диққат билан разм солсангиз, ҳеч кимни мақтамайдиган, ҳаммани ёмонлаб, ҳеч кимдан кўнгли тўлмайдиган одамларнинг ўзи айни ҳеч ким ёқтирмайдиган одамлар эканини билиб оласиз.
Ж. ЛАБРУЕР
Агар сизни ҳеч ким ёқтирмаса, имонингиз комил бўлсинки — айб сизда.
Ф. ДОДРИЖ
Инсон қадр-қимматини оёқ ости қилиш, ўзини жуда баланд олиб, бошқаларни назарга илмаслик катта нуқсондир.
В. А. СУХОМЛИНСКИЙ
Бир хил тоифа кишилар ўз фуқароларини камситиб, буни шараф деб билишлари менга ҳамиша ақл бовар қилмайдиган ҳол бўлиб туюлади.
М. ГАНДИ
Бировни ерга урсанг, бу билан ўзинг ҳам ерга уриласан.
Б. ВАШИНГТОН
Атрофидагиларни камситган одам ҳеч қачон буюк бўлолмайди.
И.ЗЕЙМЕ
Одамлар биргина нурдан бунёд бўлган фаришталар эмас, лекин улар ҳайвон ҳам эмаски, оғилхонага ҳайдаб киритилса.
В. Г. КОРОЛЕНКО
Ҳеч қачон ўзинг қилишинг мумкин бўлган ишни бировга юклаб, уни ташвишга қўйма.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Ўзингни ўйлаб, бировнинг ҳаловатини ўғирлаш адолатдан эмас.
ТОМАС МОР
Бошқаларни ўзингга тенглаштиришга мажбур этишдан кўра, ўзингни бошқаларга тенглаштириш кўпинча осон ва фойдалидир.
Ж. ЛАБРУЕР
Одамлар билан муомалада бўлиб, ўз фойдангни эмас, ўша одамларнинг фойдасини ўйла, ўзинг ҳақингда ўзинг эмас, сен ҳақингда улар нима фикр юритишини ўйла.
Л. Н. ТОЛСТОЙ
Биз ёрдам кутган одамларимизнинг эмас, балки ёрдам бермоқчи бўлган одамларимизнинг хайрихоҳлигини излашимиз керак.
Ж. ЛАБРУЕР
Одамлар билан муносабатда эҳтиёт бўл, энг муҳими — кулгили хушомадгўйликка ўтма.
Э. ДЕЛАКРУА