Фаолият ҳақида

Инсоннинг вазифаси оқилона фаолиятдир.
АРАСТУ

Илгарилари табиати бой мамлакатлар энг бадавлат мамлакатлар ҳисобланарди, эндиликда одамлари ғайратли бўлган мамлакатлар — бадавлат ҳисобланади.
Г. БОКЛ

Инсон фаолият учун яратилган. Фаолиятсизлик эса йўқлик деган сўз.
Ф. ВОЛТЕР

Ҳаёт билан фаолият аланга ва ёруғлик сингари ўзаро чамбарчас боғлангандир.
Ф. Н. ГЛИНКА

Иш қилишдан тўхтасак — яшашдан тўхтаймиз.
Б. ШОУ

Ҳеч нарса қилмаслик яшамасликдир… Кимки дилига ҳаёт манбаи, яъни жонли фаолият манбаини жо этиб юрмас экан, кимки ўзига ишонмас экан,— у доимо ҳамма нарсани ташқаридан ва тасодифдан кутади.
В. Г. БЕЛИНСКИЙ

Чинакам ғайрат соҳиби йўлга чиқиши биланоқ рўпарасида дарҳол шу қадар кўп ишларни кўрадики, охир-оқибат у бошқаларнинг ишлатмаётганидан ҳам шикоят қилмайди, нимадир бир иш топиб, нимадир қилишга ҳам улгуради.
Ф. М. ДОСТОЕВСКИЙ

Борлиқнинг элементи — меҳнат ва борлиқнинг энг аниқ белгиси фаолиятдир.
Н. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ

Ҳеч қандай мавқе фаолиятсизликни оқлай олмайди; ҳар доим ҳам нимадир бир иш қилиш мумкин; иложи бор бўлган ишни ҳамиша бажариш керак.
Н. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ

Ишчанликнинг мукофоти ўзи билан. Ҳаракат қилиш, яратиш, вазият билан курашга киришиш, уни енгиш ёки ўзини енгилган ҳис қилиш, мана, қувонч қаерда; инсоннинг бутун сиҳат-саломатлиги ҳам мана шунда!
Э. ЗОЛЯ

Буюк ишлар тезда юзага чиқмайди.
СОФОКЛ

Борди-ю ҳаддан ташқари ўзбилармонликка берилиб, биринчи мартадаёқ жуда кўп қўшимча маълумотлар, фикр билдиришда ақл етуклиги ва ҳаёт тажрибаси талаб қилинадиган ишда ўз кучини синаб кўрмоқчи бўлган одам, энг ноёб истеъдод эгаси бўлса ҳам осонгина ўзини шарманда қилиб қўяди.
Н. И. ПИРОГОВ

Йирик муваффақият аввал назарда тутилган ва пухта ўйланган беҳисоб майда чуйдалардан ташкил топади.
В. О. КЛЮЧЕВСКИЙ

Инсон фаолияти юксак ғоя билан суғорилмаган бўлса, самарасиз ва ҳеч нарсага арзимайди.
Н. Г. ЧЕРНИШЕВСКИЙ

Ҳеч нарса ҳаётни ягона мақсадга қаратилган фаолиятдек завқли қилолмайди.
Ф. ШИЛЛЕР

Ҳар бир одамга муайян бир фаолият тури ҳамроҳ бўлади, бу фаолият уни жамият учун фойдали кишига айлантиради ва айни пайтда унга бахт келтиради.
М. БАРРЕС

Фақат ҳаракатгина эзгуликнинг ҳақиқий қадр-қимматини белгилайди.
ЦИЦЕРОН

Бизнинг асосий вазифамиз нигоҳимиз ва эътиборимизни олис уфқлардаги нарсаларга қаратишда эмас, балки бевосита ўзимизга яқин юмушларни бажаришдадир.
Т. КАРЛЕЙЛ

Ҳамма кобилиятларнинг сарвари соғлом фикрдир. Хайрли ишнинг ўзи кифоя эмас, бу ишни вақтида ва мавриди билан бажармоқ лозим. Истеъдод эгаси нима қилиш зарурлигини билади, ички меъёр қачон ва қандай иш қилиш лозимлигини айтиб туриши керак.
У. МЕТЮЗ

Мақсад аниқ бўлмаса, ҳеч бир ишни кўнгилдагидек бажариб бўлмайди.
А. С. МАКАРЕНКО

Асоссиз иш, нимага қаратилганидан қатъий назар, доимо инқироз билан тугайди.
И. ГЁТЕ

Энг ҳалокатли хатоларимиздан бири — яхши ишни ҳам ёмон бажариб, барбод бериши миздир.
У. ПЕНН

Кўзланган мақсадга эришиш учун билим қатори ўша даражада ишбилармонлик ҳам керак.
П. БОМАРШЕ

Ҳаракатчан кишилар одатда омадли бўладилар, аксинча, қиладиган ишларини ҳадеб ўйлайверадиган ва сусткашлик қиладиганларга омад камдан-кам насиб этади.
ГЕРОДОТ

Бирон-бир ишни бажаролмайман деб кўнгилга келтирдингизми, шу пайтдан бошлаб уни амалга ошириш сиз учун ғоят мушкул бўлиб қолади.
В. СПИНОЗА

Иккиланиш — кучни йўқотиш демакдир.
О.БАЛЗАК

Ишнинг қадрига етган одам унинг учун жон куйдириши керак, акс ҳолда, у ўзини бошқа ҳеч нарсада кўрсатолмайди.
И. ГЁТЕ

Ютуқ аксарият дадил ҳаракат қилгувчиларга насиб этади, журъациз, ҳадеб оқибатини ўйлайверадиган кишиларнинг эса иши чаппасидан кетади.
Ж. НЕРУ

Бизнинг асосий камчилигимиз шундаки, биз ишдан кўра кўпроқ муҳокама қилишга берилиб кетамиз.
Ж. НЕРУ

Истакнинг ўзи етарли эмас, ҳаракат қилиш керак.
И. ГЁТЕ

Инсоннинг инсонлиги, фикрлари қанчалик олижаноб бўлмасин, фикрларидан эмас, балки қилган ишларидан билинади.
Т. КАРЛЕЙЛ

Иш фикр учун эмас, фикр иш учун яралган.
Ф. ВОЛТЕР

Кишиларнинг фаолияти — фикрларининг энг яхши таржимонидир.
Ж.ЛОКК

Ишни сўзга айлантиришдан кўра сўзни ишга айлантириш анча қийин.
М. ГОРКИЙ

Сўз ҳамиша ишга нисбатан ботирроқ бўлади.
Ф. ШИЛЛЕР

Кўпинча шундай бўладики, керакли ишни қилишни истамаган одам дабдабали сўзлар билан ниқобланади.
Н. К. КРУПСКАЯ

Дангасалар доимо нимадир қилмоқчи бўладилар.
Л. ВОВЕНАРГ

Кимки ёши бир жойга борган бўлса ҳам иш ўрнига гап сотса, у инсон деб аталишга ҳақли эмас.
Я. КОМЕНСКИЙ

Суҳбат ва сўзлар ҳам керак, лекин улар муқаддима холос, ҳаётнинг том маъноси меҳнатдадир, сўздан ишга ўтишда, уларни бир-бири билан уйғунлаштира билишдадир.
Д. И. МЕНДЕЛЕЕВ

Фаолият билимларга олиб борадиган ягона йўлдир.
Б. ШОУ

Ҳаракат назария ва амалиётнинг жонли бирлигидир.
АРАСТУ

Маънавий бойлигингиз қанчалик мустаҳкам бўлса, фикрингиз, сўзингиз, ишингиз ҳам ўзаро шунчалик чамбарчас боғланиб кетган бўлади.
Н. И. ПИРОГОВ