Фаросат ва фаросатсизлик ҳақида мақоллар

Аввал — нон, кейин инъом.

Аввал ўз айбингни бил,
Сўнгра бошқадан кул.

Аввал ўзингга боқ,
Сўнгра ноғора қоқ.

Аввал ўйла, кейин сўйла.
Азадорни тўйга зўрлама.

Ана-мана дегунча,
Яхши-ёмонни билгин.

Англамай гапирган оғримай ўлар.

Аравани от олдига чиқариб бўлмас.

Арзимаса арзонга ҳам олма.

Арпани хом ўрма,
Келинни сепсиз кўрма.

Аҳмоқ билан гап талашгунча,
Мохов билан улоқ талаш.

Аҳмоқ оғасини танимас,
Тўқмоқ тоғасини танимас.

Аҳмоқ қизнинг сабоғи узун.

Бетамизга беш кун ҳайит.

Бетамизда бет бўлмас,
Безорида — уят.

Бетимнинг қалини — жонимнинг ҳузури.

Бефаҳмнинг дарди ўзига юк.

Билиб ўтир ўрнингни,

Ҳар ерга суқма бурнингни.

Бир гапнинг қирқ фаҳми бор.

Бир қарининг гапига кир,
Бир — паннинг.

Бировнинг бўйи калта,
Бировнинг ўйи калта.

Бол еган оғизга балиқ ярашмас.

Боши оғриганнинг олдида
Бошим оғриди дема.

Бўзчи кетидан югургунча,
Игна кетидан югур.

Бўйдоқнинг кўзи — кўр.

Гап билмаган маърака бузар.

Гап тагида гап бор.

Гап эгасини топар.

Гапиргани — сўккани,
Ош ичгани — тўккани.

Гапни гапир жойи билан,
Нонни егин мойи билан.

Гапнинг тагини гап очар.

Дала-тузни сув олса,
Қўнғир ғознинг тўшидан.

Қулоқсизга сўз айтсанг,
Қулоғининг ташидан.

Дардингни дард билганга сўйла.

Дардсизга дард айтма,
Аҳмоққа — панд.

Дардсизнинг олдида «бошим» дема.

Душманни фарқ этмаган,
Дўстлик қадрини билмас.

Етилмаган хамир тандирда турмас.

Ёриқ кўза билан сувга борма.

Жарлининг ўз молини ўзига бериб қувонтир.

Итни сийласанг, тўрга ўтар.

Карга эшиттириб қоч,
Кўрга — тутқазиб.

Кураш билмаган отасини йиқитар.

Кўп билан кенгаш,
Маъқулига ёндаш.

Кўпга кенгаш, ўз билганингни қил.

Мен нима дейман-у Хўжам нима дейди.

Оз ошга ясовул бўлма.

Олдингдаги овни кўрмасанг ҳам,
Узоқдаги ёвни кўра бил.

Ош деган ерга қуруқ калла югурар.

Оғзимга келди деб, дема,
Олдимга келди деб, ема.

Парвонанинг ўлгиси келса,
Шам билан ўйнашар.

Пода боқишига қарагунча,
Ҳақ олишига қара.

Пул топадиган бўлгунча,
Пулни тутишни ўрган.

Пул топгунча, ақл топ.

Пулни пул топар,
Кетмонни аҳмоқ чопар.

Пуч ёнғоққа қўйин тўлғазма.

Пучак писта оғиз очса,
Ўз айбини ошкор этар.

Саҳройини урма-сўкма, сўзлат.

Семиз қўйнинг думбаси катта,
Семиз одамнинг — суҳбати.

Сен балога тегмасанг,
Балонинг сенда не иши бор.

Сен гапир-у биров кулсин.

Сигир сийпаганни билмас,
Ёмон — сийлаганни.

Сийлаганни сигир билмас,
«Ҳўк» деганни — ҳўкиз.

Сипоҳ сирин бермас,
Аҳмоқ — тўрин.

Сичқоннинг ўлгиси келса,
Мушук билан ўйнашар.

Сони бор, салмоғи йўқ,
Боғи бор, парвойи йўқ.

Соянгга қараб тўн бичма.

Соянгга қараб бўй ўлчама.

Соянгни саратонда сол.

Сув ичадиган қудуғингга тупурма.

Сув ичганда, ариқ қазиганни унутма.

Сувни ич, чашмани булғама.

Сувни сеп сингар ерга,
Сўзни қу сиғар ерга.

Сузишни билмасанг, сувга тушма.

Суймаганга суйканма, баҳонг кетар,
Минг тиллолик бошингни бир пул этар.

Суймаганга суйканма, суйганингдан айрилма
Сутини ич-у, сигирини суриштирма.

Сўз айтганда ўйлаб айт,
Оқибатин бўйлаб айт.

Сўз билмасанг, сўзлама.

Сўзга қулоқ ос,
Ўйлаб қадам бос.

Сўзи сўзга ўхшамас,
Оғзи сўздан бўшамас.

Сўзинг кумуш бўлса,
Тингловчи тилла бўлсин.

Сўзлаганга қарама,
Сўзлатганга қара.

Сўзлагани — сўккандай,
Елпигани — тўккандай.

Сўзламай сўзингга боқ,
Аввал ўйла, ўзингга боқ.

Сўқир товуққа ҳаммаси тариқ.

Танлаганим тоз,
Тоз қилади ноз.

Таом — ўша таом, иллати мошга,
Эшак — ўша эшак, тўқими бошқа.

Тарёкингга ишониб заҳар ичма.

Тарозига қараб тош қўй.

Телба тенги билан,
Этаги енги билан.

Телба тўнингни тескари кийма.

Телбага тилмоч керакмас.

Телбанинг териси қалин.

Тентак чинини айтаман деб, сирини айтар.

Тентак ҳориганини билмас,
Кўса — қариганини.

Тентакдан сўрамасанг ҳам, ўзи айтар.

Тентакка йўл бер,
Икки қўлига бел бер.

Тентакка тунда ҳам тўй,
Кунда ҳам тўй.

Тентаклик — бошда,
Азоби — оёқда.

Тентакни тентак десанг,
Арпа бўйи ўсар.

Тентакнинг ақли тушдан кейин кирар.

Тентакнинг ўти тепасида ёнар.

Теракдай бўй бергунча,
Нинадай ақл берсин.

Тил — ақлнинг қиличи, фаросат — ғилофи.

Тил билган навкар — бол билан шакар,
Тил билмас навкар — обрўни тўкар.

Тилни тийишни ҳам бил, дейишни ҳам бил.

Тилнинг суяги йўқ.

Тилнинг узуни даллолга керак.

Товоқ келганда, сабоқни қўй.

Товоққа қараб ошини ол.

Толедан карам тилама,
Гадодан дирам тилама.

Топган топиб гапирар,
Топмаган қопиб гапирар.

Тошга қоқилсанг, тошни тепма,
Бошни теп.

Тулки инига қараб улиса, қўтир бўлади.

Тулки инидан нолиса, ўзига номус.

Тулки қуйруғин мақтар,
Аҳмоқ — уруғин.

Туя қўтир бўлса, бўтасини булғар.

Туяга ўйна десанг, ҳамма еми пайҳон қилар.

Туянинг ҳазили ботмон ғўзани бузар.

Туққанида сўрамасанг, ўлганида сўрама.

Тўйдан кейин ноғора.

Тўрдаги билан сўзлашгунча,
Эшик олдидаги билан чиқиш.

Тўрғай қутурса, бургутга чопар.

Тўқол сигир — сузонғич,
Оқсоқ бия — тепонғич.

Узоқдаги овни кўриб,
Яқиндаги ёвни кўрмас бўлма.

Узумини е, боғини сўрама.

Уйга келганга уй бўйи гап айтма.

Уйинг минор тагида бўлгунча,
Қулоғинг сўз англасин.

Уйингга ўт қўймоқчи бўлган,
Сендан гугурт сўрамас.

Улуғнинг гапини олмаган увлар.

Уришганга бир ўлим,
Орачига — икки.

Уста, ҳақини бериб қиста.

Фаросатни бефарасотдан ўрган.

Фаросатсиз одамдан тил билмас ҳайвон яхши.

Фаросатсиз фалокатга йўлиқар.

Филбонга ошна бўлсанг,
Дарвозангни катта қил.

Хом тарвузни қўлитиғингга олма.

Хом ўрик қорирми дам қилар,
Ғўр масала — бошни калава.

Хотин айниса, эр алжийди.

Чала тентак отини мақтар,
Тоза тентак — хотинини.

Чақирилган ер узоқ бўлса ҳам бор, эринма,
Чақирмаган ерга борма, кўринма.

Чақмоқ,
Чақмоқни ўтга алмашган аҳмоқ.

Чақмачоқ олов ёқар,
Томга чиқиб битин боқар.

Чилласи чироқ кўрмаганнинг
Сочи тароқ кўрмас.

Чироқ соясини кўрмас,
Қозон — қорасини.

Чувринди гадойга кулар.

«Чўк» деса, туя ҳам чўкар.

Шамол куни чақирма,
Товушинг зое кетар.

Шамолга қарши тупурма,
Юзингга тушар.

Шап-шап дегунча, шафтоҳ дегин.

Эл келди келин кўрмакка,
Келин кетди тезак термакка.

Элакка борган аёлнинг
Эллик оғиз гапи бор.

Эпи билан сўзлаганнинг қурбони бўл.

Эсарнинг эртаси кўп.

Эси паст уятни билмас.

Эси пастнинг иши паст.

Эсинг борида этагингни ёп.

Этик оёғингни қисганда,
Бош кийимингдан гапирма.

Эшак булоқни булғаб сув ичар.

Эшак йиғилиб от бўлмас,
Ўз уруғига ёт бўлмас.

Эшак тўшакни билмас.

Эшак тўқим танламас.

Эшак эгасини танимас,
Мушук — бекасини.

Эшак эшакдан қолса, қулоғини кесар,
Хотин хотиндан қолса, оёғини кесар.

Эшак ҳанграмаса, ҳанги демаслар.

Эшакка атлас тўқим урсанг ҳам, бари бир эшак.

Эшакка гилам тўқим ҳам бир, жулдур тўқим ҳам.

Эшакни сийласанг, охурни булғар.

Эшакнинг ёмони қозиқ булғар,
Отнинг ёмони — охур.

Эшакнинг танлагани шўра.

Эшакнинг ҳанграши тўйда авжга чиқар.

Эшитмас қулоқ элни бузар.

Яхши кишига бир сўз кифоя,
Ёмон кишига минг сўз бефойда.

Яхши отга — бир қамчи,
Ёмон отга — минг қамчи.

Яхши отга — сийлов,
Ёмон отга — қамчи.

Яхши пайқаб гапирар,
Ёмон чайқаб гапирар.

Яхши топиб сўзлар,
Ёмон — қопиб.

Яхши ҳазил гўшт келтирар,
Ёмон ҳазил мушт келтирар.

Яхши ҳазил хуш бўлар,
Ёмон ҳазил мушт бўлар.

Яхшига айтсанг, билар,
Ёмонга айтсанг, кулар.

Яхшига — ишорат,
Ёмонга — калтак.

Яхшига ҳазил қилсанг, ипакдай бўлар,
Ёмонга ҳазил қилсанг, эшакдай бўлар.

Ўгит бер, ўгит олганга,
Насиҳат қил, қулоқ солганга.

Ўз кумочингга кул тортма.

Ўз ўрнини билмаган ўринсиз қолар.

Ўз қадрини билмаган
Ўзга одамга кулар.

Ўзи бозорга сиғмаган туя
Қўшани билан кирар.

Ўзинг сув ичадиган қудуққа тупурма.

Ўзини билмасанг ҳам, отини бил.

Ўзининг йиртиғини кўрмаган
Ўзганинг тиртиғидан кулар.

Ўйидагини тиҳдан бил.

Ўйлаган ўйини айтар,
Ухлаган — тушини.

Ўйламай гапирган, оғримай ўлар.

Ўйламай сўзлаган, ўқчимай ўлар.

Ўйламай қилинган турмуш
Тўйдан кейин бузилар.

Ўйловсиз бошдан тош яхши.

Ўйнаб айтсанг ҳам, ўйингдагини айт.

Ўн қатим ўйла,
Бир қатим сўйла.

Ўрик ўрикни кўриб оқарар.

Ўт билан ўйнашма,
Шамол билан муштлашма.

Ўтга борганнинг ўттиз оғиз гапи бор.

Ўқ етмас ерга қилич чопма.

Ўқиган билмас, уққан билар.

Ўқиган — яхши,

Уққан — ундан ҳам яхши.

Ўғридан ботир чиқса,
Чодирига қараб от қўяр.

Қадамни қараб бос,
Сўзни қараб айт.

Қари ўйнаса, қиёмат.

Қарғага совун,
Аҳмоққа насиҳат кор қилмас.

Қирқ йил қирғин келса,
Беўйловга барибир.

Қишлоқнинг қозиси бўлгунча,
Шаҳарнинг тозиси бўл.

Қовоқ экиб, қовун кутма.

Қовуни йўқ куз бўлганини билмас,
Совуни йўқ ёз бўлганини билмас.

Қуён билан ўйнашсанг, толасан,
Ўт билан ўйнашсанг, ёнасан.

Қул отасини билмас.

Қул юрса, энсасидан белгили.

Қул қутурса, қудуққа туфлар.

Қулнинг ақли чошкадан кейин кирар.

Қулочингга қараб кетмон чоп.

Қўл етмаса, бўй чўзма.

Қўлингни ювиб юр,
Нима ейишингни биласан.

Оғзингни тийиб юр,
Нима дейишингни биласан.

Қўлингни қармовда тий,
Тилингни — йиғинда.

Қўполдан тўнгак айлансин.

Қўтир така қўра булғар.

Ғаламис еганини гапирар,
Аҳмоқ — кийганини.

Ғалчани иззат қилсанг,
Чориғи билан тўрга чиқар.

Ҳазил — ҳазил,
Ҳазилни тушунмаган кал Фозил.

Ҳазилни кўтарганга чиқарган.

Ҳайвонлар ичида айёри — тулки,
Маънисиз ғийбатнинг охири — кулки.

Ҳайитдан кейин арафа.

Ҳайронман Шониёзнинг ишига,
Этик сотиб, пайтава олиб юришига.

Ҳамма ҳамма билан,
Кал қиз ойна билан.

Ҳар бир сўзни билиб айт,
Кўпга маъқул қилиб айт.

Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билар.

Ҳар кимнинг бўйига қараб тўн бич.

Ҳар кишининг диди бошқа,
Ҳар гулнинг — ҳиди.

Ҳеч ким ўз айронини аччиқ демас.

Ҳисобингни тўғри қил,
Хотинингни ўғри қилма.

Ҳолини билган ҳалок бўлмас.

Ҳолини билган ҳоримас,
Ҳориса ҳам оримас.

Ҳолини билмаган ҳалок бўлар.