Нелсон Мандела — Жанубий Африка Республикасининг қора танли биринчи президенти (1994 йил 10 майдан 1999 йил 14 июнгача), апартеид (африкаансча «apartheid» — «алоҳида», яъни алоҳида яшаш, алоҳида ишлаш, алоҳида ўқиш ва ҳ.к., ЖАРда 1948 йилдан 1994 йилгача ҳукмрон Миллий партия юритган ирқий айирмачилик сиёсати) даврида инсон ҳуқуқлари учун курашган, бунинг учун 27 йил умрини қамоқда ўтказган. 1993 йили тинчлик учун кураш соҳасида Нобел мукофотига сазовор бўлган. Нелсон Мандела ушбу нутқини 1994 йил 10 май куни Преторияда, мамлакат президенти вазифасини бажаришга киришиш маросимида сўзлаган.
* * *
Муҳтарам меҳмонлар, биродарлар, дўстлар!
Бугун биз – шу ерда жам бўлганлар, шунингдек, мамлакатимиз ёки дунёнинг бошқа жойларида яшаётган барчамиз ғалаба нашидасини сурмоқдамиз ва эндигина туғилган озодликдан кўп нарса умидвормиз.
Бани башар зоти фахрланадиган жамиятни жуда узоқ давом этган инсоний дарду аламларимиз узра бино қиламиз.
Оддий жанубий африкаликларнинг ҳар кунги ишлари Жанубий Африка Республикасининг замонавий қиёфасини яратиши лозим, бу эса башариятнинг адолатга, инсон қалбининг олижаноблигига бўлган ишончини мустаҳкамлайди ва кўнглимизда ҳаммамиз гўзал ва соз умр кечирамиз, деган умид чечагини яшнатади.
Бу орзу-ниятларнинг барчасини биз ўзимиз учун ҳам, бугун шу ерда ҳозир бўлган дунё халқлари вакиллари учун ҳам рўёбга чиқаришимиз зарур бўлади.
Менинг ватандошларим! Сизнинг ҳар бирингиз жон томирингиз билан Преториядаги палисандрлар ва саванналардаги мимозалар каби мана шу гўзал юрт тупроғига чамбарчас боғланиб кетганингизга сира шубҳа қилмайман.
Ким бўлишимиздан қатъи назар, она замин тупроғига босган ҳар бир қадамимиз кўнглимизни тоғдай кўтараётганини ҳис қиламиз, гўёки, фасллар алмашиниши билан бирга одамларнинг кайфияти ҳам ўзгаргани каби.
Мамлакатимиз фалокатли зиддиятлар гирдобида жаҳолат комига тобора чўмиб, ҳалокатли мафкура ва ирқчилик, ирқий жабр-зулм пайдо бўлган замин сифатида жаҳон халқлари томонидан четга суриб, яккалаб қўйилган замонларда, ҳамма биздан юз бурганини кўрганимизда қалбимизда тубсиз оғриқ пайдо бўлган эди. У бизнинг Ватан билан ҳам қалбан, ҳам жисман бирлигимиз туфайли пайдо бўлган оғриқ эди.
Биз, Жанубий Африка Республикаси халқи, инсоният бизни яна ўз бағрига олганидан мамнунмиз, ҳолбуки, яқин-яқинларгача юртимизга ўгай кўз билан қарашар эди, бугун эса бизга жаҳон халқларини ўз заминимизда меҳмон қилишдек шоён имкониятлар эшиги очилди.
Дарду аламлар арийдиган вақт келди.
Бизни ажратиб турадиган жарликни бартараф этадиган вақт келди.
Бизнинг давримиз — йўқни бор қиладиган давр.
Биз, ниҳоят, сиёсий эркинликка эришдик. Биз халқимизни қашшоқлик, йўқсиллик, тенгсизлик ва камситишнинг бошқа турлари азобидан халос этамиз, деб ўзимизга ўзимиз сўз берамиз.
Биз, тинчлик омонат бўлиб турган бир шароитда, эркинлик сари охирги қадамларни қўя олдик. Биз тўлиқ, мустаҳкам, ҳақиқий тинчликни қарор топтиришни ўз бурчимиз деб биламиз.
Биз миллионлаб ҳамюртларимиз қалбида умид уйғотиш учун ғалаба қилдик. Энди эса турли миллат вакилларидан ташкил топган, ўзаро аҳил-иноқ бўлган, дунё халқлари билан баҳамжиҳат яшайдиган жамият қуриш ҳақида битим тузамиз. Бу жамиятда оқлар ҳам, қоралар ҳам — барча жанубий африкаликлар бехавотир, ҳеч бир ҳадиксиз, ўзининг инсоний қадр-қиммати, инсоний ҳуқуқи ҳурмат қилинишига қатъий ишонч билан яшай олади.
Зарурат юзасидан ҳамда мамлакатимизни янгилашнинг рамзи сифатида янги Миллий бирлик муваққат ҳукумати айни пайтда ҳибсда сақланаётган гражданларимизнинг турли тоифаларини авф этиш масаласини кўриб чиқади.
Биз ушбу кунни бизни озод кўриш учун ўз ҳаётини қурбон берган шу юрт, шу мамлакатнинг, бутун дунёнинг қаҳрамонларга бағишлаймиз.
Орзулар рўёбга чиқди. Уларнинг ажри-мукофоти эркинликдир.
Сиз – Жанубий Африка Республикаси халқи – яхлит, демократик, ирқчиликка қарши бўлган мамлакатнинг биринчи президенти сифатида Бизга кўрсатган ҳурмат ва эҳтиромингизни тавозе ва кўтаринки руҳ билан қабул қиламиз.
Биз эрк ва озодликка олиб борадиган осон йўл бўлмаслигини тушунамиз.
Орамизда ҳеч ким ёлғиз ўзи бу йўлда муваффақиятга эриша олмаслигини ҳам яхши биламиз.
Шу боис миллий тотувликка эришиш, миллатнинг қаддини тиклаш, янги дунё барпо этиш учун барчамиз бирлашмоғимиз керак.
Токи, адолат қуёшидан ҳамма бирдай баҳра олсин.
Токи, ҳамма тинч-тотув яшасин.
Токи, ҳамманинг ўз иши, нон-тузи, ер-суви бўлсин.
Токи, инсонлик шаънига муносиб бўлиши учун ҳар кимнинг тани, онг-шуури, қалби озод бўлсин.
Бундан буён ҳеч қачон, ҳеч замонда, ҳеч бир шароитда гўзал ва мафтункор юртимизда одам одамни хўрламайди, эзмайди, мамлакатимиз эса ҳеч қачон одам одамни таҳқирлаши туфайли дунё назаридан қолган беэътибор давлат бўлмайди.
Токи, эркинлигимиз абадий бўлсин.
Инсон эришган бундай улуғвор муваффақият ҳеч қачон завол топмаслиги керак!
Африкани худонинг ўзи паноҳида асрасин!
Ташаккур.
Ҳасан Карвонли таржимаси