2001 йил 10 декабр, Осло шаҳри
Ҳурматли қирол жаноби олийлари, Нобел қўмитаси аъзолари, хонимлар ва жаноблар!
Бугун Афғонистонда оддий бир қизалоқ туғилиши мумкин. Уни онаси ҳар қандай мамлакатдаги ҳар қандай она каби бағрига босади, эмизади, эркалайди, овутади. Булар инсониятга хос бўлган оддий фазилатлардир. Аммо қизалоқ дунёга келган бугунги Афғонистон башариятнинг кичик бир қисми эришган тараққиётдан юз йиллаб орқада қолиб кетган. Қизча шундай шароитда яшашга маҳкумки, ушбу залда ўтирганларнинг кўпчилиги «бундай ғайриинсоний муҳитда яшаб бўлмайди» деб ҳисоблаган бўлур эди.
Мен Афғонистондаги қизалоқ ҳақида гапираяпман, бироқ хоҳ ўғил бола, хоҳ қиз бола бўлсин, Сьерра-Леонедаги гўдаклар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бугун дунёда бойлар ва қашшоқлар ўртасидаги тафовут ҳаддан зиёд ошиб кетганини билмайдиган одамнинг ўзи йўқ. Бугун ҳеч ким мазкур тафовут камбағал ва қашшоқларга қандай таъсир қилаётганини билмайман деб айтолмайди. Ахир улар ҳам сизу биз каби одам, одамдай овқатланишга, ҳур, бехатар яшашга, асосий эркинликларга эга бўлишга, таълим олишга ҳақли. Лекин бундай бўлинишнинг таъсири уларнинг ўзигагина сезилаётгани йўқ. Афсуски, бу таъсирни Шимол ва Жануб, бойлар ва қашшоқлар, барча ирқ ва динлардаги эркаклар ва аёллар — ҳаммамиз ҳис қилмоқдамиз.
Бугун давлатлар ўртасида эмас, балки кучлилар ва ожизлар, эркин ва кишанланган кишилар, имтиёзлилар ва камситилганлар ўртасида ҳақиқий чегаралар ястаниб ётибди. Бугунги кунда ҳеч бир девор дунёнинг бир четидаги гуманитар инқирозлар ёки инсон ҳуқуқлари соҳасидаги инқирозлар ҳамда дунёнинг бошқа бир чеккасидаги миллий хавфсизликка оид инқирозлар ўртасида тўсиқ вазифасини ўтай олмайди.
Олимларнинг айтишича, табиат олами шунчалик йиғноқ ва ундаги нарсалар бир-бири билан ўзаро боғлиқки, Амазонкадаги тропик ўрмонларда пириллаб учиб юрган капалак дунёнинг нариги чеккасида кучли бўрон қўзғатиши мумкин. Бу принципни «капалак эффекти» деб атайдилар. Биз бугун инсоннинг интилишларида ҳам — улар хоҳ яхши, хоҳ ёмон бўлсин — ўзига хос «капалак эффекти» мавжудлигини эҳтимол ҳар қачонгидан ҳам теранроқ англаётгандирмиз.
Хонимлар ва жаноблар!
Биз учинчи мингйилликка оловли дарвозадан кириб келдик. Агар бугун, 11 сентябр даҳшатларидан сўнг, кўзимизни каттароқ очиб узоқ-узоқларга назар солсак, инсоният эт билан тирноқ каби ажралмас эканини кўрамиз. Янги таҳдидлар ирқ, миллат ёки минтақа танламай, ҳаммага бирдай хавф солаяпти. Бой ё камбағаллигидан, мавқеидан қатъи назар ҳар бир киши кўнглини ҳаловат тарк этганини ҳис қилмоқда. Қайғуда ҳам, шодликда ҳам бизни бир хил ришталар боғлаб туришини ҳозир ёшу-қари чуқурроқ англаётир.
XXI аср тонгида, бутун дунёда тинчлик ҳукм суради, фаровонлик бўлади деган барча умидлар чиппакка чиқарилган бир пайтда ушбу янги воқеликни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Вазиятга тўғри баҳо бериш керак.
Йигирманчи аср инсоният тарихидаги энг қонли даврдир балки, чунки у жуда кўп зиддиятлар, беҳисоб азоб-уқубат ва тасаввур қилиб бўлмас жиноятлар билан кечди. Мунтазам равишда бир гуруҳ ёки миллат бошқа гуруҳ ёки миллатга чексиз зулм ўтказиб келди. Бунга баъзан асоссиз нафрат ва шубҳа, гоҳида ҳаддан зиёд такаббурлик, пулга ва ҳокимиятга интилиш сабаб бўлди. Бундан ларзага тушган бутун дунёдаги мамлакатларнинг раҳбарлари аср ўрталарида миллатларни ҳар қачонгидан ҳам жипсроқ бирлаштириш учун йиғилдилар.
Янги йиғин — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилди. Унда барча миллатлар ҳар бир шахснинг қадр-қимматини тан олиш, ҳамма халқлар учун тинчлик ва тараққиётни таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштириш имконига эга бўлди. Бу ерда давлатлар ҳуқуқ устуворлигини мустаҳкамлаш, камбағалларнинг эҳтиёжларини англаш ва қондириш, одамнинг раҳмсизлиги ва очкўзлигини чеклаш, табиат гўзаллиги ва ресурсларини асраш, эркак ва аёлларнинг тенгҳуқуқлилигини таъминлаш ҳамда келгуси авлодларнинг хавфсизлигини кафолатлаш учун бирлашиши мумкин.
Шу тариқа биз ХХ асрдан сиёсий ва илмий-техник механизмларни мерос қилиб олдик. Агар бизда уларни ишлатишга хоҳиш бўлса, ушбу механизмлар қашшоқликка, саводсизлик ва касалликларга барҳам бериш имконини беради.
Ишонаманки, XXI асрда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак вазифаси ирқи ё динидан қатъи назар ҳар бир инсоннинг азизлиги ва ҳаётининг муқаддаслигини янгича, янада теранроқ англашдан келиб чиқиб белгиланади. Бу бизни давлат доирасидан ташқарига, шунингдек давлатлардан қуйи даражага ёки ижтимоий гуруҳларга назар солишга мажбур этади. Биз барча саъй-ҳаракатларимизни давлат ё миллатнинг бойлиги ва ўзига хослигини белгилайдиган конкрет эркак ва аёлларнинг турмуш шароитини яхшилашга қаратишимиз шарт. Биз бир кишини қутқариш инсониятни қутқаришга тенглигини эътироф этган ҳолда ишни ўша афғон гўдагидан бошлашимиз керак.
Охирги беш йилда мен Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низоми «Биз, жаҳон халқлари» деган сўзлар билан бошланиши ҳақида кўп гапирдим. «Биз, жаҳон халқлари» — бу асосий ҳуқуқлари кўпинча давлат ёки миллат манфаатлари йўлида қурбон қилинган одамлар эканлиги ҳар доим ҳам тан олинавермайди.
Геноцид бир кишини нима қилгани учун эмас, аслида кимлиги учун ўлдиришдан бошланади. «Этник тозалаш» кампанияси бир қўшни бошқасига қарши чиқишидан бошланади. Қашшоқлик бир болани асосий ҳуқуқларидан бири бўлмиш таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилишдан бошланади. Бир инсон ҳаётини қадрлай олмасликдан бошланадиган муаммо кўпинча бутун бир миллатлар учун ҳаёт-мамот масаласига айланиб кетади.
Ушбу янги асрда биз аввало тинчлик фақат давлатлар ёки халқларга эмас, балки ўша халқларни ташкил этувчи ҳар бир инсонга ҳам кераклигини тушунишимиз зарур. Бундан буён давлат суверенитетидан инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишини яширадиган қалқон сифатида фойдаланилишига йўл қўйиб бўлмайди. Тинчлик ҳақиқий бўлиши, эҳтиёжманд ҳар бир киши уни ҳар куни ҳис қилиб яшаши лозим. Тинчликка энг аввало шунинг учун интилиш керакки, у ҳар бир инсон яхши ва хотиржам турмуш кечиришининг биринчи шарти ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари Афғонистондаги аёллар ёки Африкадаги болалар учун қандай аҳамиятга эга бўлса, Европа ва Америка қитъасидаги муҳожирлар ва кам сонли халқлар учун ҳам шундай аҳамиятга эга. Улар қашшоқлар учун ҳам, бойлар учун ҳам бирдай муҳим аҳамиятга эга; улар ривожланаётган мамлакатлар хавфсизлиги учун қанчалик зарур бўлса, ривожланган мамлакатлар хавфсизлиги учун ҳам шунчалик зарур.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг келгуси юз йилдаги ролини шундай тушунишдан келажакда ҳал қилиниши лозим бўлган учта муҳим вазифа келиб чиқади: қашшоқликка барҳам бериш, низоларнинг олдини олиш ва демократияни ривожлантириш. Фақат қашшоқликдан қутулган дунёдагина барча эркаклар ва аёллар ўз имкониятларини тўлиқ рўёбга чиқара олади. Фақат инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган жойдагина келишмовчиликлар сиёсий усуллар билан, осойишта ҳал қилинади. Фақат хилмахиллик ва мулоқот ҳурмат билан қўлланадиган демократик муҳитдагина ўз-ўзини бошқаришни, инсоннинг ўзлигини намоён қилишини таъминлаш, шунингдек бирлашиш эркинлигини кафолатлаш мумкин.
Бош котиб лавозимида ишлаётганимдан буён мен биз нима қилмайлик — низоларнинг олдини олишдан тортиб ривожланиш ва инсон ҳуқуқлари соҳасигача — ҳаммасида асосий эътибор инсонга қаратилишига эришишга интилдим. Конкрет эркак ва аёлларнинг турмушини ҳақиқатан ҳам, узоқ муддатга яхшилаш — биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотида қилаётган барча ишларнинг мезонидир.
Айнан шу боис мен янги асрнинг биринчи йилидаги Нобел тинчлик мукофотини тавозе билан қабул қиламан. Бундан қирқ йил олдин 10 декабрда 1961 йилги мукофот биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига топширилган эди. Даг Хаммершилд бу мукофот билан вафотидан сўнг тақдирланган, чунки бу вақтга келиб у Марказий Африкада тинчликни қарор топтириш йўлида жон фидо қилиб бўлган эди. 1960 йилнинг 10 декабрида эса бу мукофот биринчи бор африкалик кишига — Жанубий Африкадаги ирқий айирмачиликка қарши курашнинг илк раҳнамоларидан бўлган Алберт Лутулига топширилган. Камина — бундан бир неча ой бурун Бирлашган Миллатлар Ташкилотида иш бошлаган ёш африкалик учун бу икки киши намуна бўлган. Кейинчалик бутун фаолиятим давомида мен бу улуғларнинг изидан боришга ҳаракат қилдим.
Ушбу мукофот фақат менгагина тегишли эмас. Бу ерда мен ўз номимдан гапирмаяпман. Мени ушбу юксак мукофотга лойиқ деб топганлари учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча тузилмаларида, сайёрамизнинг барча ҳудудларида хизмат қилаётган, тинчликни таъминлашга умрини бағишлаган, кўп ҳолларда ҳаётини хатарга қўйган, ҳатто тинчлик учун жон фидо қилган ҳамма ҳамкасбларим номидан Нобел қўмитаси аъзоларига миннатдорчилик билдираман. Оиламдагилар, барча қитъалардаги дўстларим — уларнинг айримлари аллақачон вафот этиб кетишган — устозлик қилмаганда, фидойилик қилмаганда, далда бўлмаганда Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги хизматим мобайнида мен бугунги даражага эришмаган бўлардим. Улардан ниҳоятда миннатдорман.
Уруш қуролларига, бунинг устига уруш ҳақидаги гап-сўзларга тўлиб-тошган дунёда Нобел қўмитаси тинчлик учун курашувчи нуфузли қўмитага айланди. Афсуски, сайёрамизда тинчлик нодир неъмат бўлиб қолди. Кўпчилик миллатлар қаҳрамонона жангларни улуғловчи ёдгорлик ёки мемориаллар, биринж ҳайкаллар, зафар дарвозалари барпо этмоқда. Тинчликнинг эса ўз тантанаси йўқ, музаффарият уйи мавжуд эмас.
Бироқ бизнинг умид ва жасорат ифодаси бўлган, ноёб обрў ва эътиборга эга Нобел мукофотимиз бор. Фақат одамларнинг тинчликка, хавфсизликка ва ҳурмат-эътиборга бўлган эҳтиёжини англаб ва қондирибгина биз — Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари — бугун бизга кўрсатилган ҳурматни оқлашимиз ҳамда БМТга асос солган кишиларнинг орзуларини рўёбга чиқаришимиз мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ходимлари ҳар куни сайёрамизнинг ҳар бир бурчагида кенг кўламда амалга ошираётган тинчлик миссияси мана шу.
Ушбу фидойи эркагу аёлларнинг айримлари бугун шу залда ҳозир бўлишган. Улар орасида, масалан, Конго Демократик Республикасида элементар хавфсизликни таъминлашда иштирок этаётган сенегаллик ҳарбий кузатувчи; Косовода ҳуқуқ устуворлигини ўрнатишга кўмаклашаётган америкалик ноҳарбий полиция маслаҳатчиси; Колумбиянинг таҳқирланган фуқароларининг ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга ёрдамлашаётган ЮНИСЕФнинг бола ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи эквадорлик ходими ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Шимолий Корея аҳолисини овқатлантиришга кўмаклашаётган хитойлик ходими бор.
Муҳтарам меҳмонлар!
Битта ҳақиқий халқ бор, барча мусибатларнинг биргина ечими бор, инсоният эҳтиёжларини қондиришнинг биргина усули бор деган фикр ўтмишда, айниқса ўтган асрда ниҳоятда катта зарар келтирди. Аммо бугун, ҳатто бутун дунёда миллатлараро низолар давом этаётган бир пайтда, инсониятнинг турли-туман миллатлардан ташкил топганлиги мулоқотни шарт қилиб қўювчи ва шундай мулоқот учун асос бўлувчи воқелик эканини тушуниш кўлами кенгайиб бормоқда.
Биз барчамиз ҳамма одамлар учун ниҳоятда зарур бўлган ҳурмат-эътиборга лойиқ эканимизни ҳар қачонгидан ҳам яхшироқ англамоқдамиз. Биз ҳаммамиз кўплаб маданиятлар, урф-одатлар ва хотиралар эгаси эканимизни, бағрикенглик бизга бошқа маданиятларни тадқиқ қилиш, улардан ўрганиш имконини беришини, билганларимизга улардан ўрганганларимизни қўшсак янада қудратли бўлишимизни эътироф этамиз.
Ҳар бир буюк дин ва урф-одатда бағрикенглик ва ҳамфикрлик каби қадриятларни топиш мумкин. Масалан, Қуръонда: «Биз сизни эркак ва аёл қилиб яратдик, бир-бирингизни билишингиз учун сизларни халқ ва қабилаларга бўлиб қўйдик», — дейилган. Конфуций издошларига шундай насиҳат қилган: «Давлат омон-эсон бўлса дадил гапир ва дадил ҳаракат қил, давлат йўлдан озганда эса дадил ҳаракат қилу секин гапир». Яҳудий урф-одатларига кўра «яқин кишингни ўзингни яхши кўргандай яхши кўр» деган қоида Тавротнинг туб моҳиятини ташкил қилади.
Шу фикр Инжилда ҳам акс этган, унда шундай насиҳат қилинади: «Душманларингизни ҳам яхши кўринг, сизга озор берганларнинг ҳам, сизни ҳайдаганларнинг ҳам ҳақига дуо қилинг». Ҳиндлар «ҳақиқат битта, аммо донишмандлар унга ҳар хил ном беришади» деб ўргатади. Буддизм ҳам одамларни ҳамиша раҳм-шафқатли бўлишга даъват этади.
Ҳар биримиз ўз динимиз ёки ўз миллий меросимиз билан фахрланиш ҳуқуқига эгамиз. Бироқ «бизники» албатта «уларники»га зид деган тушунча хато ва айни пайтда хавфли тушунчадир. У чексиз адоват ва ҳад-ҳисобсиз ихтилофларни келтириб чиқарди, шунинг оқибатида одамлар (во имя высшей силы) жуда оғир жиноятларни содир этди.
Буни шундай бўлиши муқаррар деб ҳисоблаш ярамайди. Дунёдаги деярли барча мамлакатларда ҳар хил дин ва маданиятга мансуб одамлар ёнма-ён яшашади ва кўпчилигимизда бизни буткул бегона гуруҳларга яқинлаштирувчи умумий хусусиятлар мавжуд. Биз ўзимизни боримизча, бизда йўқ нарсалардан ва биздан фарқ қилувчи кишилардан нафратланмасдан яхши кўра оламиз. Биз ўз урф-одатларимизга риоя қилган ҳолда тараққий этишимиз ва айни пайтда бошқалардан ўрганишимиз ва уларнинг таълимотини ҳурмат қилишимиз мумкин.
Аммо эътиқод эркинлиги, ўзлигини намоён қилиш ва уюшиш эркинлиги, шунингдек қонуний тенгҳуқуқлилик бўлмаса, бу ҳақда гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Аслида ўтган аср бизга аччиқ сабоқ бериб кетди: қаерда инсон қадр-қиммати топталса ёки хавф остида қолса — фуқаролар асосий ҳуқуқларидан бўлмиш ўз ҳукуматини сайлаш ёки уни мунтазам алмаштириб туриш ҳуқуқидан маҳрум бўлса — тез-тез можаролар юз бериб турар экан, бундан эса тинч ҳаёти бирдан издан чиқиб кетган, атрофидаги ҳамма нарса вайронгарчилик гирдобида қолган мутлақо айбсиз аҳоли жабр кўрар экан.
Демократия йўлига қўйилаётган тўсиқларнинг маданият ёки динга алоқаси йўқ, аммо улар кўп жиҳатдан ҳокимиятни нима қилиб бўлса ҳам ўз қўлида сақлаб қолишга интилувчи маъмурларнинг истакларига мос келади. Бу сира ҳам янги пайдо бўлган фавқулодда ҳодиса эмас ва бундай ҳолат сайёрамизнинг кўп жойларида юз бериб турибди. Барча маданиятларга мансуб одамлар ўзларининг сайлаш эркинлигини қадрлашади ва ўз ҳаётига тааллуқли қарорлар қабул қилинишига таъсир этиш имкониятига эҳтиёж сезишади.
Жаҳондаги деярли барча мамлакатларни ўз ичига олган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамма одамларнинг тенглиги принципига асосланади. Бу барча давлатлар ва барча халқларнинг эҳтиёжларини қондириши мумкин бўлган вакиллик муассасасини ташкил этиш йўлидаги илк қадамдир. Ушбу универсал, инсоният тараққиёти учун ниҳоятда зарур восита ёрдамида давлатлар ўз фуқароларининг эҳтиёжларини қондириши мумкин, умумий эҳтиёжларни тан олган ва уларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ила қондиришга интилган ҳолда албатта. Айнан шунинг учун Нобел қўмитаси «янги асрнинг илк йилида музокаралар ёрдамида глобал тинчлик ва ҳамкорликка эришишнинг ягона йўли Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорлик қилиш» эканини таъкидлаётгани шубҳасиз.
Билишимча, қўмита глобал хавф-хатарларга тўла бизнинг давримизда глобал даражада ҳамкорлик қилишдан бошқа йўл йўқлигини ҳам эътироф этди. Агар давлатлар ҳуқуқ устуворлигига путур етказса ва ўз фуқароларининг ҳуқуқларини бузса, нафақат ўз халқи учун, балки ўз қўшнилари учун ҳам, устига-устак бутун дунё учун хавфли давлатга айланади. Бугун бизга маърифатлироқ бошқарув — ҳар бир инсонга бахт-саодатга, ҳар бир давлатга эса ҳамкорлик туфайли тараққиётга эришишга имкон берувчи қонуний, демократик бошқарув керак.
Ҳурматли қирол жаноби олийлари, хонимлар ва жаноблар!
Ёдингизда бўлса, мен ўз нутқимни бугун Афғонистонда туғилган қизалоқ ҳақидаги гаплар билан бошлаган эдим. Онаси уни ҳимоя қилиш, асраб қолиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилса ҳам бу боланинг беш ёшга ҳам етмай нобуд бўлиш хавфи ниҳоятда катта. У шу ёшга кирадими-йўқми — бу бизнинг инсонийлигимиз, ўзимизнинг ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз учун шахсан масъуллигимизга бўлган ишончимиз синовдан ўтадиган саволларнинг биттаси холос. Аммо у жуда катта аҳамиятга эга.
Бу қизалоқни ҳамиша ёдда тутинг, шунда бизнинг кенг кўламли мурод-мақсадларимиз — қашшоқликка қарши кураш, низоларнинг олдини олиш ёки касалликларга барҳам бериш — сизга пуч ёки эришиб бўлмас орзу-умидлардай туюлмайди. Аксинча, бу мақсадлар асосли ва бемалол эришса бўладиган орзу-умидлардай туюлади. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки эҳтиёжманд одамларнинг тақдири давлатлар ва миллатлар, ғоялар ва тилларнинг соясида қолиб кетган. Ушбу эҳтиёжларни қондириш олдимиздаги юз йилликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг шарафли вазифаси бўлиб қолади.
Катта раҳмат.
Ҳасан Карвонли таржимаси