Буюк ҳаким, олим ва файласуф ибн Сино Бухоро шаҳри яқинидаги Афшона қишлоғида туғилди. У 19 ёшга тўлганда она шаҳри Бухорони қорахонийлар босиб олдилар. Босқинчилар шаҳарни буткул вайрон қилиб, кўплаб маданий бойликларни йўқотиб юборишди. Бу вақтга келиб, ибн Сино истеъдодли ҳаким ва файласуф сифатида танилиб улгурганди. Кўп ўтмай Шарқда уни «Шайх ар-раис», яъни «Донишмандлар етакчиси» деб атай бошладилар.
Ибн Сино жуда кўп мутолаа қиларди. У илм чўққиларига мустақил ўқиб-ўрганиш йўли билан етиб борди. Бу ҳақда алломанинг ўзи шундай ёзади: «Ўн ёшимда Қуръонни ўргандим, бадиий адабиётларни ўқиб чиқдим. Кейин мантиқ илмига оид китобларни мутолаа қилиб, мустақил равишда бу илмнинг нозик қирраларини ўзлаштира билдим. Шундан сўнг тиббиёт илмига мурожаат қилиб, кўплаб китобларни ўқишга тутиндим. Қисқа вақт ичида менинг тиббиёт соҳасидаги билимларим ва даволаш санъатим шундай сарҳадларга етдики, ўша даврнинг энг ҳурматли ҳакимлари менинг ҳузуримга маслаҳат сўраб кела бошладилар. Мен ҳакимлик амалиёти билан ҳам тинмай шуғулландим ва ниҳоят менга инсонларни даволаш илмининг дарвозалари кенг очилди. Бу вақтда эндигина 16 ёшга тўлгандим. Ана шу ёшимда тунлари уйқу, кундузлари ҳаловат нелигини билмай фақат илм билан машғул бўлдим, инсон табиати ўз билимларини мустаҳкамлаш ва илм йўлида олға боришга қай даражада қодир бўлса, мен ҳам шу даражада ҳаракат қилиб, тер тўкдим».
* * *
Ибн Синонинг фалсафий жиҳатдан шаклланиши осон кечмади. У бир тасодиф туфайли фалсафа оламига кириб борди. Бу ҳақда ўзи шундай ёзади: «Арастунинг «Метафизика» асарини ўқиб чиқдим. Аммо муаллифнинг мақсади мен учун жумбоқлигича қолаверди. Асарни то ёд бўлгунча қайта-қайта ўқидим. Лекин барибир ҳеч нарсага тушунмадим. Шундан сўнг бу тушунарсиз асар экан деган хулосага келиб, уни ташлаб қўйдим. Бир куни муқовасозлар бозоридан ўтаётиб, бир савдогарнинг ўз китобларини мақтаётганини эшитиб қолдим. Дўконга яқин бордим. Савдогар менга китоблардан бирини кўрсатди. Бу Абу Наср Форобийнинг «Метафизиканинг асосий қоидалари» деб номланган асари эди. Мен жаҳл аралаш бу тушунарсиз илмдан ҳеч қандай фойда йўқлигини айтиб, китобни рад этдим. Сотувчи эса қўярда-қўймай китобни арзон баҳода сотиб олишга ундарди. Ахийри китобни бор-йўғи уч дирҳамга сотиб олдим. Уйга қайтиб, китобни мутолаа қилишга киришдим: у менга ўз сирларини очди ва мен фалсафага оид барча саволларимга жавоб топдим».
* * *
Донишмандлик бизга ҳаёт сўқмоқларида улуғ саодатни ҳозирлаб инъом этувчи воситадир.
* * *
Барча фанларнинг асосий қонун-қоидалари метафизикага асосланади (метафизика табиатдан ташқаридаги ҳодисалар ҳақидаги фан). Гарчи уни энг кейин ўргансалар-да, аслида у биринчи ўринда туради.
* * *
Руҳ — абадий. У жисм бўлгандан кейин ҳам мавжуд бўлиб қолаверади.
* * *
Руҳ — жисмга боғлиқ бўлмаган равишда мустақил фикрлайди.
* * *
Тириклик жисмнинг идрок ва ҳаракатга эга бўлмоғи демакдир.
* * *
Ақл тарозусида тортиб кўрилмаган ҳар қандай билим асоссиздир. Шу боис мантиқ илмини ўрганмоқ жуда муҳим.
* * *
Ҳакимнинг уч қуроли бор: сўз, гиёҳ ва тиғ.
* * *
Ёлғизлик ҳалокатга олиб келади. Зеро, инсон ўзига керакли нарсаларни фақат жамият ёрдамида қўлга киритиши мумкин.
* * *
Чала билим эгаси бўлишдан кўра, билимсизлик афзалроқдир.
* * *
Руҳ — шамчироққа, билим — ана шу шамчироқдан таралаётган ёғдуга, Аллоҳнинг закоси — мойга ўхшайди. Шамчироқ ёнишдан тўхтамас экан — сен тириксан. Агар у ўчса — сен ҳалок бўласан.