Конфуций (м.а. 551-479)

Конфуций Хитойнинг шарқидаги Лу князлигида туғилди. У аслзодалар хонадонига мансуб бўлиб, отаси Шулян Хэ Лу князлигидаги Цзоу музофотини бошқарган. Конфуций туғилгaндa отаси 70 ёшга тўлган эди. Уч ёшга тўлганда отасидан, 17 ёшида онасидан айрилди. Оилада Конфуцийдан ташқари 9 қиз ва бир ногирон ўғил бўлган.

Унинг асл исми Кун Цю бўлиб, мухлислари Кун Фу-цзи, деб аташган. Бу исм бора-бора Кун Фу-цзи, деган фахрли лақабга айланган. Бу исм «ҳурматли устоз Кун», деган маънони англатади. XVII асрда Хитойга келган иезуит-миссионерлар хитойлик донишманд таълимоти билан танишиб, уни Европа маданиятининг ҳам вакилига айлантириш мақсадида Конфуций деб атай бошлашган.

Конфуций Пифагор ва Суқрот каби фақат оғзаки таълим берган. Шунинг учун ундан бир сатр ҳам қўлёзма қолмаган. Бизга маълум асарларининг ҳаммаси шогирдлари томонидан ёзилган.

Конфуций даосизм асосчиси Лао-Цзи билан учрашган, ундан маслаҳатлар олган. Файласуфнинг 3000 нафар шогирди бўлган. Улардан 72 нафари эса ҳеч қачон устозларини тарк этишмаган. Конфуций 66 ёшига қадар мамлакатни кезиб, ўз таълимотидан caбoқ берган. У мазкур амални 30 ёшида бошлаганди.

* * *

Ягона ва энг мудҳиш хато аввалги хатоларни тузатмасликдир.

* * *

Кунлардан бир кун хитой донишманди Конфуцийнинг севимли шогирди Цзи-Гунга бир таниши: «Сен Конфуцийдан кўра билимлироқ ва ақллироқсан», — деганда Цзи-Гун унга шундай жавоб берди: «Донолик мисли бир девор бўлса, менинг деворим одам бўйидан ошмайди. Шунинг учун ҳар бир одам осонгина бу девор ортига мўралаб, нималар борлигини билиб олиши мумкин. Устоз эса мисли бир неча саржин (бир саржин — 2,13 метр) баландликдаги девордир.

Бу деворнинг дарвозасини тополмаган киши унинг ортидаги гўзал эҳром ва муҳташам қасрларни ҳеч қачон кўролмайди».

* * *

Конфуцийнинг ўзи билан деярли тенгдош Цзи-Лу исмли барваста, жиззаки ва ўтакетган шуҳратпараст шогирди бўлган. Бу йигит Цюйфуга чекка қишлоқдан омад излаб келиб, ўзининг қўпол қилиқлари билан пойтахт аҳлининг эътиборини тортган эди.

Бир куни у одоб ва назокатни унутиб, Конфуцийга луқма ташлади: «Муҳтарам зот, сиз шунчалар доно экансиз, ҳийла-найранг ишлатмай саволимга жавоб берсангиз: қандай қилиб кишиларни қўрқувга солмай бўйсундириш мумкин?» Конфуций шундай жавоб берди: «Бунинг учун сен меҳнатинг билан уларга ўрнак бўлмоғинг лозим». Цзи-Лу бу сўзларни эшитиб, хижолат тортди. Чунки жавоб айланиб келиб, ўзига тақалганди-да. Лекин бўш келмай яна савол берди: «Дейлик, мен бунга эришдим. Кейин-чи?» — «Бўшашмасдан, меҳнат қилишда давом эт», — деди Конфуций. Цзи-Лу жавобни эшитиб, паришон ҳолда жим қолди. Шунда Конфуций яна сўзида давом этди:

— Энди савол бериш учун менга ижозат эт. Айт-чи, мусиқани севасанми?

— Мен узун шамширимни севаман, — дағаллик би­лан жавоб берди Цзи-Лу.

— Мен сендан бошқа нарсани сўрадим. Ўзингдаги истеъдодни илм билан бойитиш пайти етмадимикан?

— Билим олишдан қандай фойда бор? — деди қайсарлик билан шогирд.

— Ўз фуқароларини ўқитмаган подшоҳ ҳақиқий ҳукмдор бўлолмайди. Дўстига насиҳат қилиб, тўғри йўлга солишга уринмаган мард эр олижаноблик хислатидан маҳрумдир. Тинмай илм олган виждонли инсон, албатта, буюк донишмандлик даражасига етмоғи тайин. Ва илмни севган инсон ҳеч қачон воқеликка зид иш қилмайди.

— Жанубдаги тоғларда ўсадиган эгилмас, тикка бамбукдан ясалган камон ўқи ҳатто каркидон терисидан ясалган совутни ҳам тешиб ўтар экан. Ваҳоланки, бу ўсимлик илмдан бехабардир, — деди Цзи-Лу ўзининг топқирлигидан яйраб.

— Бу камон ўқининг бир учига қуш патини улаб, иккинчи учига темир найза ўрнатсанг, у нишонни яна ҳам чуқурроқ ёриб киради, шундай эмасми? — деди Конфу­ций.

Бу сўзлардан лол қолган Цзи-Лу шундагина ўзига беқиёс устоз топганини англаб етиб, ўз устунлигини исботлашга қанчалар ғайрат билан киришган бўлса, шун­чалар шижоат билан Конфуцийга хизмат қилишга бел боғлаган экан.

* * *

Конфуцийдан сўрадилар:

— Жэн нимани англатади?

Донишманд жавоб берди:

— Ўзингга раво кўрмаган нарсаларга ўзгани ҳам нолойиқ, деб бил. Ана шунда салтанат ва оиладаги нафрат ҳамда адоват барҳам топади. Қадимий ҳинд ривоятларидан бирида ҳикоя қилинишича, ўта сабрсиз ва қизиқувчан ёш йигит олимлардан муқаддас китобларни қисқартириб, бир нафасда ўқиб чиқса бўладиган сатрларга жамлаб беришларини сўрайди. Йигит ниҳоят қонун илмининг билимдони Хилелга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Олим йигитнинг илтимосини эшитиб, мийиғида кулади-да:

— Нимани ўзингга номуносиб деб билсанг, ўшани ўзгага ҳам раво кўрма, — деб жавоб беради.

* * *

Олижаноб эр тўққиз нарса ҳақида ўйлашни канда қилмайди. Булар равшан кўрмоқлик, аниқ эшитмоқлик, одоб билан муомала қилмоқлик, самимий сўзлашмоқлик, эҳтиёткорлик ила ҳаракатда бўлмоқлик, қaҳpy ғазаб оқибатини ёдда тутмоқлик, одилликни унутмаслик ҳамда имконият туғилганда фойда олмоқлик.

* * *

Сима Ню Конфуцийдан инсонпарварлик ҳақида сўради.

Донишманд:

— Инсонпарварлик ҳақида сўзламоқлик мушкул, —деди.

— Демак, нимаики тўғрисида сўзламоқ мушкул бўлса, шу ин­сонпарварлик экан-да? — деб сўради Сима Ню.

— Уни амалга оширмоқ мушкул-у, y ҳақда сўзламоқ мушкул бўлмайдими?! — жавоб берди Конфуций.

* * *

Конфуций ҳукмдор ва халқ ўртасидаги ўзаро муносабатни шундай қиёслайди: подшоҳ мисли бир чавандоз бўлса, амалдорлар ва қонунлар юган ва жилов, фуқаролар эса отдир. Отни енгил бошқармоқ учун уни пухта юганламоқ ва жиловни тўғри бошқармоқ лозимдир.

Шунинг билан бирга отларнинг кучини бир-бирига мувофиқлаштириб, ортда қолганларини назорат қилмоқ жоиздир. Ана шу шартларга амал қилган чавандоз овоз чиқармаса, ниқталамаса ҳам отлар ўз-ўзидан чопиб кетаверади.

* * *

Инсонни севиш сув ва оловдан ҳам муҳимроқдир, — дейди Конфуций. — Чунки мен сув ва олов одамларни ҳалок этганига кўп гувоҳ бўлганман. Бироқ инсонни ардоқлаганларнинг ҳалокатга учраганини сира кўрмаганман.

* * *

Бир куни Конфуций Чжэ исмли қароқчини инсофга келтириш мақсадида унинг уйига борди. Чжэ Конфуцийни шундай сўзлар билан қувиб чиқарди:

— Энг узоқ умр — юз йил, ўртача умр — сакcoн, умрнинг энг паст чегараси эса 60 йилдир. Тинкани қуритувчи хасталик, жудолик азоблари ҳамда ғам-ташвишлар чиқариб ташланганда, инсон ҳаётининг бир ойида атиги 4-5 кунлик қувончли дамлар бўлади, холос.

* * *

Туғма билим соҳиблари барчадан баландда турадилар. Тинмай ўқиш йўли билан илм олганлар эса улардан кейин юрадилар. Қийинчиликлар сабаб бўлиб илм олишга чоғланганлар ундан ҳам пастроқ поғонани эгаллайдилар. Машаққатга учраганда ҳам билим олишни истамаганлар энг паст поғонадаги кишилардир.

* * *

Конфуций Цзи-Чун исмли шогирдининг «Давлатни қандай бошқармоқ даркор ?» деган саволига қисқагина жавоб берганди: «Давлатни тўғри бо­шқармоқ учун ҳукмдор — ҳукмдорлигича, амалдор — амалдорлигича, ота — оталигича, ўғил — ўғиллигича қолмоғи лозимдир».

* * *

Устозидаги барча илм сирларини билишга чанқоқ талабалардан бирининг наздида Конфуций энг асосий билимларини фақат танланган шогирдигагина ўргатаётгандек туюлади. Ва ўйлай-ўйлай, бу бахтли шогирд Устознинг ўз ўғли, деган хулосага келади. Бир куни шогирд Конфуцийнинг ўғлига дуч келиб, шундай савол беради: «Отанг сенга ҳеч кимга айтмаган сирларини ошкор қилганми?» Ўғил шундай жавоб қилади: «Йўқ. Лекин бир куни Устоз ёлғиз ўтирардилар. Мен эса ҳовлида ўйнаб юрардим. У зот мени ёнларига чорлаб: «Шеърларни ёд олдингми?» — деб сўрадилар. Мен: «Йўқ, ҳали», — дегандим, Устоз: «Агар сен шеърларни ёд олмасанг, бошқаларга айтадиган сўзинг бўлмайди», — дедилар. Мен ўтириб шеърларни ёд олдим. Бошқа сафар яна шу ҳол такрорланди. Мен ўйнаб юрганимда Устоз сўрадилар: «Қоидаларни ёд олдингми?» — «Йўқ», — дедим мен. «Агар қоидаларни ёд олмасанг, ҳеч қачон қатъий фикр айтиб, сўзингни исботлай олмайсан», — дедилар. Мен дарҳол қоидаларни ёд олдим. Отамдан эшитганларим ана шулар, холос».