Исо алайҳиссаломнинг туғилган йили аниқ эмас. Энг ишонарли манбаларга кўра, Исо алайҳиссалом тахминан милоднинг бошланишидан 4 йил аввал ҳукмронлик қилган шоҳ Август замонида, Вифлеем шаҳрида дунёга келган. Исо алайҳиссаломнинг туғилиши қатор самовий ҳодисалар билан бир вақтга тўғри келганлиги туфайли уни Масиҳ ва яҳудийлар мамлакатининг янги шоҳи деб ҳисоблашган. Қуръони каримда шундай оят келтирилади. «Эсланг (Эй Муҳаммад), Оллоҳ айтган эди: «Эй Исо бинни Марям, сенга ва волидангга берган неъматимни — сени Руҳул-Қудус (Жаброил) билан қувватлантирганимда одамларга бешикда (гўдаклигингда) ҳам балоғатга етган ҳолингдаги каби сўзлаганингни, сенга Китоб — хат ва ҳикмат — илмни, Таврот ва Инжилни билдирганимни ва Менинг изним-ихтиёрим билан лойдан қуш тимсолини ясаганингни, сўнгра унга пуфлаганингда, Менинг изним-ихтиёрим билан ростакам қушга айланганини, Менинг изним-ихтиёрим билан кўр ва песларни тузатганингни ва Менинг изним-ихтиёрим билан ўликларни (тирилтириб, қабрлардан) чиқарганингни эслагин!» (Моида сураси, 110-оят).
Исо алайҳиссалом ўз таълимотини кўпроқ масаллар орқали баён этган. Унинг чуқур, маънодор ва ўта мукаммал тарзда ифодаланган фикрлари, ҳар бир ибораси, сўзлари ҳаммани ҳайратга солиб, мафтун этган. Барча буюк зотлар каби Исо алайҳиссаломнинг ҳам ғанимлари бўлган. Ана шу ғанимлари орасидан ўрин олган яқин шогирдининг сотқинлиги туфайли Исо халқни ғалаёнга даъват қилганликда айбланган.
* * *
Амалсиз эътиқод — ўлим.
* * *
Одамларни айбламанг, шунда сиз ҳам айбланмайсиз, акс ҳолда уларни қандай айблаган бўлсангиз, сиз ҳам шундай айбланасиз. Ўзгаларнинг айбини қайси қаричда ўлчасангиз, сизники ҳам ўша мезонда ўлчанади.
* * *
Сиз сўранг — оларсиз, изланг — топарсиз, эшикни қоқинг ва у очилгусидир. Ҳар бир сўровчи олади, изловчи топади ва келувчига эшик очилади.
* * *
Ким ўзини осмон тутса, ер бўлажак, ўзни ер билганлар эса осмон бўлажак.
* * *
Қўлга шамшир тутганлар унинг тиғидан ҳалок бўлғайлар.
* * *
Ким сенга ғаним бўлса, кетингда тургай.
* * *
Сўқир сўқирни етаклаши мумкинми?
Ҳар иккиси чоҳга қуламайдими, ахир?
* * *
Қалбингизни сабр билан қутқаринг.
* * *
Сизга ҳақиқатни ва яна ҳақиқатни айтаман: агар тупроққа тушган буғдой уруғи униб чиқмаса, яккалигича қолаверади, агар тутиб кетса, катта хазинага айланади.
* * *
Ўзингизни билмасангиз, қашшоқликка дучор бўласиз.
* * *
Баланд тоғ устида қурилган мустаҳкам шаҳар қуламайди, аммо сирли бўлолмайди.
* * *
Эшак тегирмон атрофида айланиб, 1000 мил масофани босиб ўтибди. Уни бўшатганларида аввалги жойидан қимирламагани кўринди. Шундай одамлар борки, кўп юрадилар-у, аммо турган жойларидан силжимайдилар.
* * *
Ҳаворийлар (Исонинг шогирдлари) Исо алайҳиссаломдан сўрадилар:
— Бизнинг интиҳомиз қандай?
Исо алайҳиссалом шундай жавоб қайтардилар:
— Интиҳони излашдан аввал ибтидони топиб олдингизми? Зеро, ибтидо қаерда бўлса, интиҳо ҳам ўша ердадир. Ибтидони топган одам саодатманддир. Чунки у интиҳони англайди ва мангуликка дохил бўлади.