Юнонистонлик адиб, насиҳатгўй-файласуф Плутарх Беотиянинг Херонея шаҳрида туғилиб ўсди. Плутарх император билан яқин алоқада бўлган аслзода оиланинг фарзанди эди. У болалигиданоқ Афинада таҳсил олди. Вояга етгандан кейин эса шу ердаги Академияга доимий равишда қатнаб турди.
Плутархни кўпроқ қуйидаги мавзулар қизиқтиради:
— дўст билан хушомадгўйни ажратиш;
— ёш болаларга муҳаббат;
— никоҳга оид қўлланмалар;
— кексайганда давлат ишлари билан машғул бўлиш ёки бундан воз кечиш масаласи;
— ўсмирларни шеърият билан таништириш усуллари;
— Суқротнинг ички овози;
— аёлларнинг жасорати.
Плутархнинг ҳаммаси бўлиб 227 та асари маълум. Уларнинг деярли ярмиси ҳозиргача сақланиб қолган.
* * *
Қуёш, Ой, Осмон, Ер ва денгиз бутун инсониятга бирдек тегишли. Инсонлар хоҳ шимолда, хоҳ жанубда яшасинлар, хоҳ юнон, хоҳ ўзга юртлик бўлсинлар, ягона Худога сиғинадилар. Инсонлар Яратувчини турлича номлар билан атасалар-да, бутун оламга ёлғиз Худо ҳокимлик қилади. Ҳамма ерда айни бир куч ҳукмрондир. Фақат қалбни илоҳиёт сари йўлловчи номлар, тимсоллар ва маросимларгина турлича, холос.
* * *
Борлиқ — ҳаракатдир.
* * *
Эшитиш қобилияти инсон қалбини барча сезгилардан кўра осонроқ чалғитиб, тезроқ ҳаяжонга солади ва ақл-идрок билан мулоҳаза юритиш қобилиятидан маҳрум этади.
* * *
Инсоннинг табиати аслида ўзгармасдир. Аммо тақдир ҳар хил янги умидлар туғдириб, янги ташаббуслар сари бошлайди.
* * *
Уруш ёвузликдир. Адолатсизлик ва зўравонлик унга доимо ҳамроҳ. Аммо виждонли одам урушда ҳам муайян қоидаларга амал қилади. У пасткашлик ва жиноят йўли билан қўлга киритиладиган ғалаба кетидан қувмайди.
* * *
Буюк саркарда бошқалар томонидан содир этиладиган сотқинликка эмас, ўз кучига таяниб, жанг олиб боришни афзал деб ҳисоблайди.
* * *
Йўқотиб қўйишдан қўрқиб, зарур нарсани олишга иккиланган кимса қўрқоқ ва қатъиятсиздир.
* * *
Кичик нуқсонлар, айниқса, ҳокимият ишониб топширилган зотларда катта бўлиб кўринади.
* * *
Тинч-хотиржам бўлишни истовчилар муҳтожликда яшашни ўрганмоқлари лозим.
* * *
Энг зафарли ҳаракатларда ҳам эзгулик ёки ахлоқсизлик очиқ намоён бўлавермайди. Гоҳо қандайдир арзимас бир қилиқ, сўз ёки ҳазил инсон феъл-атворини ўн минглаб одамлар ҳалок бўладиган жангдагидан кўра аниқроқ ва рўй-рост намоён этади.
* * *
Ҳамдардлик — ўзгаларнинг бахтсизлигидан азият чекиш, ҳасад — бировларнинг бахтини кўриб ғамга ботиш.
* * *
Ичиқоралик — ўзгаларнинг мусибатидан лаззатланиш демак.
* * *
Ҳеч бир айтилган сўз айтилмай қолган сўзчалик фойда келтирмаган.
* * *
Ҳар қандай адашиш ҳалокатлидир. Эҳтирос ҳамроҳ бўлган адашиш эса икки карра ҳалокатлироқ.
* * *
Биз кўпинча жавобга муҳтожлигимиз туфайли эмас, балки ўзгаларнинг овозини эшитиб, уларни ўзимизга оғдириб, суҳбатга тортиш учун савол берамиз.
* * *
Кишининг ўзига ортиқча ишониб, кўҳна эътиқод ва урф-одатларни писанд этмаслиги оқибатида хатога йўл қўйганидан кўра, уларга эҳтиёткорона амал қилиш натижасида адашмоқлиги афзалдир.
* * *
Менимча дағалликнинг ҳам, журъатсизликнинг ҳам илдизи илмсизликка бориб тақалади.