Антисфен — м.а. V-IV асрларда яшаб ўтган юнон файласуфидир. У аввалига файласуф Хоргийнинг шогирди бўлган. Кейинчалик Суқротдан илм ўрганган. Антисфен чекка Пирея шаҳрида яшасада, ҳар куни 40 стадия (1 стадия — 184,75 газ) йўл босиб, Суқротнинг ҳузурига қатнаган. Кейинчалик Антисфен киниклар мактабига асос солган. Файласуф Диоҳен Антисфеннинг энг иқтидорли шогирдларидан эди. Антисфен ўлимга ҳукм этилган устози Суқрот билан қатл олдидан ҳамсуҳбат бўлган. Антисфен биринчилардан бўлиб қуллар ва озод қашшоқларга хос буюмлар ҳамда либосларни ўзига раво кўрди. Шу йўл билан ўзи асос солган киник мактабининг бошқалардан ажралиб туришини таъминлади. Киниклар эгниларига калта жомакор камзул кийиб, қўлларида гадойларнинг тўрваси ва дарбадарларнинг таёғини кўтариб юрганлар. Эҳтиёжларни ҳар томонлама чегараламоқ Антисфен ҳаётининг мазмуни саналган. У ўзини «зотсиз кўппак» деб атаган. 77 ёшида ўпка силига чалиниб, вафот этган.
Антисфеннинг қуйидаги асарлари маълум: «Ҳақиқат», «Фикр ва билим ҳақида», «Савол ва жавоб ҳақида», «Севги, никоҳ ва фарзандларнинг дунёга келиши ҳақида», «Геракл».
* * *
Антисфендан энг зарур илм қайси эканлиги хусусида сўраганларида: «Илмларнинг энг зарури нокерак нарсаларни унутиш илмидир», — деб жавоб берганди.
* * *
Фалсафа менга ўз-ўзим билан суҳбат қуришни ўргатди, — дейди Антисфен.
* * *
Яхши ва ёмон одамларни ажратиш лаёқатини бой берган ҳукумат ҳалокатга маҳкумдир.
* * *
Адолатли зотларни туғишганингиздан ҳам аъло кўринг, — деганди Антисфен.
* * *
Донишмандлик мақомига эришганлар кераксиз буюм ва фикрларга чалғимасликлари учун бошқа илмларга қизиқмасликлари жоиз.
* * *
Антисфеннинг ўз шогирдларига ўта қаттиққўллиги сабабини сўрашганда, у шундай жавоб беради: «Ҳакимлар ҳам беморларга қаттиққўлдирлар».
* * *
Бир одам Антисфенга деди:
— Сени кўпчилик мақтаяпти.
Антисфен ундан ажабланиб сўради;
— Нима, бирор номаъқул иш қилиб қўйдимми?
* * *
Ўзгалардан қўрқувчи кимса, гарчи ўзи буни сезмасада, қулдир.
* * *
Донишманд ҳеч нарсага ва ҳеч кимга муҳтож бўлмайди, чунки ўзгаларга тегишли барча нарсалар унга ҳам тегишлидир.