«Фалсафанинг фойдаси шундаки, у ҳар қандай одам билан сўзлаша олиш имконини беради», — деган эди файласуф Аристипп. Юнонистоннинг Кирена шаҳрида туғилиб ўсган бу файласуфни невараси билан чалкаштириб юбормаслик учун Катта Аристипп, деб аташган. Аристипп аввал Протагор, кейинчалик Суқрот қўлида таҳсил олган. У роҳату ҳаловат инсон учун энг олий бахт, деб ҳисобловчи киреналиклар ёхуд гедонистлар мактабини яратган. Аристиппнинг энг садоқатли издошлари орасида унинг қизи Арета алоҳида ажралиб турарди. Арета отасининг ишини давом эттириб, муаллималик қилган ва ўғли Кичик Аристиппга ҳам фалсафа илмини ўргатган.
Аристипп Суқротнинг шогирдлари орасида биринчилардан бўлиб, тингловчилардан пул олиб устозига жўнатиб турган.
Ҳашамдорлик ва башанг кийинишни хуш кўрган нозиктаъб Аристипп олам кезиб, киборларча ҳаёт кечирган. Афсуски, унинг бирорта ҳам асари бизгача етиб келмаган.
* * *
Аристипп Коринф денгизида кемада сузиб юрган чоғида қаттиқ бўрон туради. Файласуфнинг қаттиқ қўрқувга тушганини кўрган йўловчилардан бири Аристиппга дейди:
— Биз — оддий одамлар унчалик қўрқмаяпмиз-ку, сиз файласуф бўла туриб, нега бунча даҳшатга тушаяпсиз?
Аристипп унга шундай жавоб қайтаради:
— Сиз ҳам, мен ҳам ҳеч шубҳасиз, айнан бир нарса хусусида — ширин жонимиз учун қайғураяпмиз-у, бироқ ҳар иккимизнинг жонимиз турлича қимматга эгада.
* * *
Бир куни Аристипп ҳукмдор Дионисий ҳузурида дўстини ҳимоя қилди. Бирор наф чиқмагач, ўзини ҳукмдорнинг пойига ташлади. Буни кўрган сарой аъёнларидан бири уни мазах қилиб кулди.
Шунда Аристипп деди: «Айб менда эмас, балки қулоқлари оёқларида жойлашган Дионисийда».
* * *
Файласуф Ксенофант Аристипп ҳақида шундай деганди: «Аристипп доимо ўзини бегона ҳис этиб яшашни севарди».
* * *
Аристиппдан сўрадилар:
— Файласуфлар ўзгалардан қай жиҳатлари билан устунлар?
Файласуф жавоб берди:
— Борди-ю, барча қонунлар бекор қилинса, фақат файласуфларгина аввалгидек яшайверадилар.
* * *
Бир куни ҳукмдор Дионисий қандайдир сабаб билан Аристиппнинг бетига тупуради. Аристипп бу таҳқирга чидаб, бир амаллаб ўзини босади. Амалдорлар Аристиппнинг устидан куладилар. Аристипп эса уларга қарата шундай дейди:
— Балиқчилар митти балиқчаларни овлаш учун ўзларини денгиз томчиларига рўпара қиладилар. Мен эса катта балиқ тутиш истагида сачраган тупукларга дош бераман.
* * *
Аристиппга бир масалани тақдим этиб:
— Ечиб бер-чи, — дедилар.
Файласуф уларга хитоб қилди:
— Эй нодон, боғланган ҳолида кишиларни шунчалик ташвишга қўювчи бу тугунни ечмоқ нечун?
* * *
Кимдир файласуфларни доимо бадавлат зотлар бўсағасида кўришини айтганда, Аристипп деди:
— Ҳакимлар ҳам беморларнинг хонадонларига кўпинча ўзлари борадилар. Зеро, ҳамма ҳам беморлар ўрнида эмас, балки ҳакимларнинг ўрнида бўлмоқни истайди.
* * *
Ўзининг ўта билимдонлиги билан мақтанувчи бир кимсага Аристипп деди:
— Таомларнинг зарурини меъёрида еган одам ҳаддан зиёд овқат тановвул қилувчилардан кўра соғломроқ бўлганидек, кўп ўқиган ҳар қандай одам олимга айланавермайди. Бунинг учун ҳар ким ўқиганларидан ўзига фойда ола билмоғи лозимдир.
* * *
Аристипп судда ўз ишини ҳимоя қилмоқ мақсадида нотиқ ёллади. Кўпчилик унинг бу ишини қоралади. Шунда Аристипп деди: «Ахир, зиёфат бераётган чоғимда ҳам ошпаз ёллайман-ку!»
* * *
Аристиппдан донишмандлар билан оддий одамларни фарқлаш йўлини сўрадилар. У шундай жавоб берди: «Уларни ажратиш учун яланғоч ҳолда нотаниш одамлар орасига қўйиб юборинг».
* * *
— Жоҳил бўлиб яшагандан қашшоқликда кун кечирган аълороқдир, — дейди Аристипп. — Чунки қашшоқлар пулдан, нодонлар эса одамгарчиликдан маҳрумдирлар.
* * *
Бир куни мева-чева арчиб ўтирган файласуф Диоҳен йўлдан ўтаётган Аристиппга:
— Агар сен ҳам мана шу сабзавотларни еб қаноат қилганингда, мустабид ҳукмдор саройида хизмат қилишга мажбур бўлмас эдинг, — деди кинояли кулиб.
— Ўзинг эса, — деди Аристипп, — одамлар билан муомала қилмоқни билганингда сабзавот арчиб ўтирмасдинг.