Қадимги юнон файласуфи Афлотун Афина шаҳрида туғилиб ўсди. Унинг асл исми Аристокл бўлган. «Платон» унинг лақаби бўлиб, юнонча «кенг елкали», «бўлали» деган маънони англатади. Бу лақабни унга Суқрот берган. Афлотуннинг оиласи бадавлат бўлмаса-да, аслзодалар насабидан эди. Отаси Аристон Афинанинг охирги шоҳи Кодр авлодига мансуб бўлган. Афлотун аслзода афиналикларга хос бўлган риёзиёт, мусиқа, грамматика ва гимнастикадан таълим олган. Гераклит, Парменид, Зенон фалсафаси билан танишган. м.а. 407 йилда Суқрот билан учрашган. Суқротнинг ўлимигача унинг энг яқин шогирдлари қаторида бўлган.
Кўп вақтини шеъриятга бағишлаган. Манбаларга кўра, у қатор достонлар, лирик асарлар, фожиа ва комедияларнинг муаллифи бўлган. Унинг 25 га яқин шеърий усулда битилган миниатюра-эпиграммалари бизгача етиб келган. Бундан ташқари, унинг 23 та асл нусхадаги ва 11 та унинг қаламига мансуб дея тахмин қилинадиган суҳбати, «Суқрот мадҳи» деб номланган нутқи, шунингдек, 13 та мактуби маълум. Афлотуннинг суҳбатлари қуйидагилардан иборат: «Протагор», «Федон», «Парменид», «Теэтет», «Тимей», «Критий», «Лахет», «Менон», «Давлат», «Сиёсатдон», «Қонунлар», «Федр», «Филеб» ва бошқалар.
Афлотуннинг Атлантида тўғрисидаги ҳикояси кейинги маданиятларнинг ҳаловатини бузиб, авлодларнинг ичига ғулғула солди. Унинг ёзишича, 12 минг йил олдин Гибралтар яқинида сирли қитъа мавжуд бўлиб, бир кеча-кундуз ичида денгиз қаърига чўкиб кетган. Афлотун ҳалокатнинг аниқ ўрнини кўрсатмаган, аммо файласуфнинг обрўйи шу қадар баланд эдики, дарҳол ғойиб бўлган атлантлар мамлакатини излашга киришилган. Уни ҳозир ҳам излашмоқда…
* * *
Ботинийликдан зоҳирийликка ўтишга олиб келувчи ҳамма нарса ижоддир.
* * *
Афлотун ўлимидан олдин тушида оққушга айланиб, дарахтдан-дарахтга учиб юрганини, қуш овловчилар эса уни тутолмай сарсон эканликларини кўради. Суқротнинг шогирди бўлмиш Симмий бу тушни таъбирлаб, қуш овловчилар ўтмишдаги даҳоларнинг фикрларини шарҳловчи кимсалар эканини, Афлотуннинг бир йўла ҳам табиий, ҳам ахлоқий, ҳам илоҳий сифатларини жам этган фикрларини изоҳлашга уларнинг қурби етмаслигини айтади.
* * *
Афлотун келгуси авлодларга ҳеч қачон эскирмайдиган мана бу ўгитни мерос қолдирган: «Ҳақиқий ва тўғри фикрлай олувчи файласуфлар давлат тепасига келмагунча ёхуд ҳукмдорлар илоҳий иқтидорлари ила том маънодаги файласуфлик мақомига кўтарилмагунларига қадар инсоният ёвузликдан қутулолмайди».
* * *
Бошига кулфат тушган мустабид ҳукмдор Дионисийдан Афлотуннинг донишмандлиги унга нима бергани ҳақида сўрашди. Сицилия ҳукмдори шундай жавоб берди:
— Наҳотки мен Афлотундан ҳеч нима олмаганга ўхшасам?! Ахир, тақдир зарбасини хотиржамлик билан қарши олдим-ку!
* * *
Афлотун Катта Дионисийнинг мустабид ҳокимиятини аслзодалар ҳукуматига айлантириш мақсадида унинг ҳузурига борди.
Унинг мақсадидан хабар топган Дионисий сўради:
— Айт-чи, Афлотун, энг бахтли одам ким?
— Суқрот, — деб жавоб берди Афлотун.
— Сенингча, ҳукмдорнинг энг асосий вазифаси нимадан иборат? — яна сўради Дионисий.
Афлотун деди:
— Қўл остидагиларни яхши хулқли қилиб тарбиялашдан иборат.
Дионисий учинчи саволини берди:
— Айт-чи, наҳот одил суд ҳеч нарсага арзимаса?
Ўша даврларда Дионисийнинг ҳукумат суди ўз одиллиги билан донг таратганди. Бироқ Афлотун сир бой бермай, бу саволга шундай жавоб қайтарди:
— Арзимайди. Чунки одил ҳакамлар йиртилган кўйлакни тикиб қўядиган ямоқчига ўхшайди.
— Сенингча, мустабид ҳукмдор бўлиш учун жасурлик сифати зарурми? — сўнгги саволини берди Дионисий.
— Асло, — деди Афлотун, — мустабид ҳукмдор аслини олганда энг қўрқоқ одамдир. У ҳатто сартарошнинг устарасидан ҳам чўчийди.
Бу жавобдан ғазабга келган Дионисий Афлотунга шу куниёқ Сицилияни тарк этишни буюрди.
* * *
Афлотун фалсафага таъриф бериб, қуйидаги мисраларни ёзиб қолдирганди:
— Оламда билимдан кучли нарса йўқдир. Билим ҳар қандай ҳузур-ҳаловатдан ҳам, бошқа нарсалардан ҳам зўрроқдир.
* * *
Фалсафа билан машғул бўлинг. Шунингдек, ёшларда ҳам фалсафага рағбат уйғотинг.
* * *
Ҳақиқатни англашга интилувчилар чин файласуфлардир.
* * *
Ҳайрат файласуфларга хос сифат. Ана шу сифат фалсафанинг ибтидоси саналади.
* * *
Донишмандлар ҳам, жоҳиллар ҳам фалсафа билан машғул бўла олмайдилар. Донишмандлар билан жоҳиллар оралиғидаги одамларгина ҳақиқий файласуф бўла оладилар.
* * *
Қанчалик ноёб қобилиятли ва ўткир зеҳнли бўлмасин, фалсафага мойиллик ҳиссини туймаган одам у билан яқинлашолмайди. Зеро, фалсафа бегона қалбларда илдиз отолмайди.
* * *
Фалсафа билан ёшликда, меъёрида машғул бўлмоқлик жоиз. Бу қоидага амал қилмаганларни ҳалокат кутади. Ҳар қанча заковатли бўлманг, ёшингиз бир жойга бориб қолганда умрингизни фалсафага бағишласангиз, ҳурмат-эътиборли инсон бўлиш тажрибасидан айрилиб қоласиз. Бундай ҳолатда одамлар билан бирор иш юзасидан суҳбатлашишга қийналасиз, уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлолмай, умуман, оддий инсоний муомала ва одобни ўзлаштиролмай азият чекасиз. Натижада қандай ишга киришманг ва қандай амални бажарманг — хоҳ шахсий, хоҳ давлат миқёсидаги фаолиятингизда худди фалсафий суҳбат ва мунозарага аралашган ҳукумат кишиси каби барчага кулги бўласиз.
* * *
Афлотун билим инсоннинг аввалги ҳаётида кўрганлари ва орттирган тажрибаларини эслаши эканини таърифлаб шундай деганди: «Коҳинлар инсон руҳи барҳаёт эканини таъкидлайдилар. Руҳ ердаги ҳаётни тарк этганидан сўнг, — буни одатда ўлим, деб атайдилар, — яна қайта туғилади ва ҳеч қачон ўлмайди. Шунинг учун инсон ҳаётини тақводорликда, эзгулик билан ўтказмоғи даркор. Башарти руҳ барҳаёт экан, у қайта-қайта туғилаверади. Ерда ва ўзга оламларда ҳамма илмлардан, воқеалардан бохабар бўлиб, комиллашиб бораверади. Натижада оламда у билмайдиган ҳеч қандай илм қолмайди. Бу илмлар инсоннинг эзгулиги, саховати ва бошқа шу каби яхши сифатлари эвазига ёдга тушади.
Модомики, табиатда ҳамма нарса бир-бирига алоқадор ва руҳ ҳамма илмлардан бохабар экан, инсон биргина нарсани эслай олса, қолганларини ҳам дадиллик ва ғайрат билан излаб топиб, билиб олади. Зеро, изламоқ ва билмоқ эсламоқнинг айнан ўзидир.
* * *
Афлотун муҳаббат ҳақида шундай деганди: «Менимча, одамлар муҳаббатнинг асл қудратини англаб етмаганлар. Агар улар буни тушунганларида эди, севгига атаб улуғвор ибодатхоналар ва меҳроблар қуриб, қурбонлик келтирган бўлардилар. Лекин биринчи галда бажарилиши лозим бўлган бу вазифаларни ҳозиргача ҳеч ким адо этмади. Ахир, Эрос — энг инсонпарвар маъбуда. У одамларга ёрдам беради, шунингдек, инсониятни дарду аламлардан фориғ этиб, буюк саодатга нойил этади».
* * *
Турфа одамларнинг турлича фикр юритиши натижасида ҳамфикрлик йўқолади ва натижада ҳар бир одам бошқа бир одамдан унинг фикрлаш тарзи учун нафратлана бошлайди.
* * *
Ҳеч ким аввалги амалларини қайтармайди. Чунки тез орада яхши кунлар келишига ишонади. Инсоннинг ўзлигидан тубан кетиши жоҳилликдир, ўзликдан юқори бўлмоқ эса доноликдир.
* * *
Кулгисиз жиддий нарсаларни англаб бўлмайди. Умуман, идрокли бўлишни истаган инсон қарама-қаршиликни фақат қарама-қаршилик ёрдамидагина англаб олиши лозим.
* * *
Шоир — агар у ҳақиқий шоир бўлишни истаса, шунчаки фикр эмас, афсоналар яратмоғи лозим.
* * *
Ҳар қандай саволга жавоб бериш мумкин, фақат у тўғри берилса бас.
* * *
Ўтакетган жоҳиллик у даражада даҳшатли айб эмас, катта ёвузлик ҳам эмас. Нотўғри йўналтирилган билимдонлик ва бойлик унга нисбатан хавфлироқ ва жазога лойиқдир.
* * *
Тафаккур ягона муносиб тангадир. Фақатгина ана шу тангага ҳамма нарсани алмашиш мумкин. Шунда мардлик, одиллик, мулоҳазакорлик — бир сўз билан айтганда, эзгулик — сохталикдан фориғ бўлади. Бу эзгуликка ҳузур-ҳаловат, қўрқув ва бошқа нарсалар хоҳ йўлдош бўлсин, хоҳ бўлмасин, у доимо тафаккур билан ҳамқадамдир.
* * *
Яхши инсон ҳаётлик чоғида ҳам, ўлимидан сўнг ҳам завол топмайди.
* * *
Ҳар бир руҳ эзгуликка интилади ва бу йўлда ҳар нарсага тайёр туради. Руҳ эзгуликнинг мавжудлигини ҳис этади, уни излайди, аммо унинг қаерда эканини англашга куч-қуввати етмай қийналади.